Саналар
21.11.2017
Баннер
Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий (IХ-Х аср)
PDF Босма E-mail

Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий ва унинг ўғли Абу-л-Ҳасан Али фарғоналик фалакиётчи олимлардан бўлиб, бизнинг адабиётларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси деярли ўрганилмаган.

Ўрта асрларнинг машҳур, энг ишончли деб тан олинган библиографларидан Ибн ан-Надим ва Ибн ал-Қифтийлар ўзларининг «ал-Фихрист» ва «Ҳакимлар тарихи» («Тарих ал-ҳукама») китобларида бу олим ҳақида шундай деб ёзадилар:
«Абу ал-Қосим Абдуллоҳ ибн Амажур ал-Ҳаравий Фарғона халқининг фарзандларидан. У замонасининг фозил ва ўз мавқеига эга бўлган уламоларидан бўлган. Олим қуйидаги фойдали асарларнинг муаллифидир: «[Хатолардан] холис зиж китоби» («Китоб аз-зиж ал-маъруф би-л-халис»), «Боғлаб турувчи зиж китоби» («Китоб аз-зиж ал-маъ¬руф би-л-музаннир»), «Ғаройиб зиж» («аз-Зиж ал-бадиъий»), «Ўтмишлар зижи» («Зиж ал-мамаррат»), «Синдҳинд зижи» («Зиж ас-Синд-ҳинд»), «Қулнинг зижи» («Зиж ал-қини»), «Мусофирга фойдали китоб» («Китаб зад ал-мусафир»), «Форс эраси бўйича Миррих [Марс] сайёраси учун зиж» («Китаб зиж ал-Миррих ала ат-тарих ал-фари-си»)».
Манбалардан маълумки, бу олимнинг Абу ал-Ҳасан Али ибн Абу ал-Қосим исмли ўғли бўлиб, у ҳам астрономияга қизиққан. Бундан ташқари Ибн ал-Қифтий Амажур оиласига тегишли учинчи шахс, яъни Али ибн Амажурнинг ҳам астрономик кузатиш ишлари билан шуғулланганини эътироф этади.
Ўрта асрларнинг йирик астрономларидан Ибн Юнус ас-Садафий (950—1009) олимга нисбатан унинг туркий насабдан бўлганлигини англатувчи «ат-Туркий» сўзини ҳам ишлатади ва ўз рисолаларининг бирида Амажурлар томонидан амалга оширилган қуёш ва Ойнинг тутилиши ҳамда баъзи сайёраларни кузатиш тажрибаларини баён этади. У келтирган маълумотларга қараганда, олимлар баландлиқда жойлашган тўрт томонни кузатиш мумкин бўлган махсус масканда иш олиб борганлар. Унда кузатиш ишларида мўлжалланган маълум белгиланган йўналишни кўрсатувчи махсус узун туйнук ҳам мавжуд бўлиб, бу бино расадхона вазифасини бажарувчи зарурий қулайликларга эга бўлган. Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий, унинг ўғли ва ёрдамчиси Муфлиҳ ибн Юсуфлар қуёш тутилишини кузатиш жараёнида ўн икки даража ва бир даражанинг тўққиздан бирини кўрсатиб берган жиҳоздан фойдаланганлар. Жиҳоздан бир даражанинг тўққиздан бир қисмини аниқлаш имконияти борлиги унинг мукаммал мослама эканлигидан далолат беради. Амажурлар қуёш, Ой, турғун юлдузлар ва сайёраларни кузатиш билан боғлиқ бўлган тажрибаларини асосак Бағдод ва қисман Шероз шаҳарларида олиб борганлар (Олимнинг исмига қўшиб айтиладиган «ал-Щаравий», яъни «ҳиротлик» сўзи у Ҳирот шаҳрида ҳам фаолият кўрсатган, деган тахминни билдиради). Юқоридаги тажрибаларни бажариш ўз моҳиятига кўра узоқ вақтни талаб этганлиги учун ҳам баъзи адабиётларда мазкур алломалар ўз тажрибалари устида эллик йилга яқин ишлаганлар, деб кўрсатилади. Улар ўз тажрибаларининг натижаси сифатвда юқорида номлари зикр этилган қатор астрономик рисолалар ва жадвалларни таълиф этганлар. Бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаганига қарамасдан, Амажурларнинг икки қўлёзма асари хорижий мамлакатлар кутубхоналарида сақланади ва улар қуйидагилардан иборат:
1.  «Сайёраларнинг тутилиши ва боғланиши ҳақида (астрологик) олдиндан айтиб беришлар мажмуаси» («Жавамиъ аҳкам ад-кусуфат ва-л-қиран ал-кавакиб»). Рисола Париж ва Лейденда сақланади.
2. «Тайласан зижи» («Зиж ат-Тайласан»). Бу қўлёзма фақат Парижда сақланиб қолган. Юқоридаги «тайласан» сўзи араб тилида —бўйинни қуёш нуридан ҳимоя қилиш мақсадида салла устидан елкагача ташлаб юриладиган рўмолни англатади. Шу сабабдан баъзи адабиётларда муаллифнинг бу рисоласи «Рўмол зижи» деб таржима этилган. Бу зиж ҳозирга қадар ўрганилмаганлиги сабабли унга нима мақсадда бундай ном берилганлиги аниқланмаган.
Манбаларда Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркийнинг таваллуд топган ва вафот этган йили ҳақида маълумотлар сақланмаган. Шунинг учун ҳам унинг яшаган даврини IX—X асрлар деб тахмин қилиш мумкин.

Б. Абдуҳалимов.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин