Саналар
17.01.2017
Баннер
Шаробни ким ўйлаб топган?
PDF Босма E-mail

Қадимий Эрон ҳукмдори Жамшид Жамнинг номи биринчи бўлиб шаробни ўйлаб топган киши сифатида тарихда қолган. Жамшиднинг шаробни ўйлаб топиши бундай содир бўлган:
У бир куни ов қилиш учун аъёнлари билан тоққа йўл олди. Кетаётиб тасодифан ғарқ пишиб ётган узумзорга дуч келди. Узумдан тердириб, ачитқисини ўлимга маҳкум қилинган қотилларни кўпроқ қийнаб ўлдириш учун уларга беришни буюрди. Унинг фармонига биноан ачитқидан сиқиб олинган шарбатни ўлимга маҳкумларга зўрлаб ичиришди. Шунда маҳкумларнинг бири қаттиқ уйқуга кетди. Бир қанча вақт ўтганидан кейин уйғониб, ўзига келди ва яна озгина ичиришларини сўради. Иккинчи марта шаробга тўйиб олгач,  хурсандчиликдан кўзлари завқ-шавқ билан порлай бошлади. Бу ҳолатни ҳайрат билан кузатиб турган Жамшид шарбатдан татиб кўришга жазм этади. Ундан кейин аъёнлар ҳам ичиб кўришади. Ҳаммалари ичкиликнинг кайфи билан эс-ҳушларини йўқотишади.
Шундай қилиб, ҳукмдорнинг барча маросимларида узумдан тайёрланадиган ичимликлар ичиш одат тусига кирди. Ҳар гал дастурхон тузалиб, Жамшид ёронлари билан давра қурар экан, албатта маст бўлиб, вақтичоғлик қилишар эди. Унга «Жам анъанаси, Жам маросими» номини беришди.
Жамшид Эронда зардуштийлардан ҳам олдин шароб ичиш маросимини ўтказган, йиғинларда турли хил ичкиликлар билан фуқароларини «сийлаган». Аста-секин шароб ичиш урфга кириб, инсонлар шаробхўрлик ва мастлик балосига йўлиқишган, ахлоқсизлика юз тутишган. Ўлкада бора-бора жирканч ва қабиҳ бир ҳаёт тарзи вужудга келган.
Кейинчалик асма дарахтининг узумлари ажратиб олиниб, ачитқисидан тайёрланган шароб қўшни халқларга ҳам тарқатилган. Қадимги мисрликлар, ибронийлар, юнонлар шу тариқа ичкиликка мубтало бўлишган эди. Бора-бора Ҳиндистон, Рум, Хитой, Арабистон, Шом (Сурия), Мисрда турли кўринишларда ичкиликлар пайдо бўлди, инсоният мастлик ва хорлик сари шиддат билан кета бошлади.
Асрлар ўтиб, Жамшид базмлари тилларда достон бўлган («Базми Жамшид» ибораси ҳатто бизда ҳозиргача ҳам ишлатиб келинади). Инсонлар бир-бирларини шароб билан сийлаб, ўша базмларни ёдга олишган, ичкилик мажлислари, зиёфатлари уюштириб, гуноҳларга ботишган. Шу тариқа шаробни ўйлаб топган Жамшид Жамнинг номи одамлар орасида машҳур бўлиб кетган. Майхўрлар доим Жамнинг шарафига ичишган, уни хотирлаб, май қадаҳини «Жоми Жам» деб номлашган. Майпараст шоирлар уни шарафлаб, ашъор ёзишган, инсонлар орасига ёмонлик уруғларини сочишган, қанча авлодларни разолатга бошлашган (Муҳаммад Камол. «Барча ёмонликларнинг боши» китоби, 21-23-бетлар).

 

Савол беринг


Ҳимоя коди
Янгилаш

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин