Саналар
23.09.2017
Баннер
Васият
PDF Босма E-mail

"Адабиётнинг виждони", "сўз заргари" деган номлар олган улуғ адиб Абдулла Қаҳҳор совет даврида яшаб, совет мактаби, университети таълимини олиб ижодкор бўлиб етишди.

Сир эмас, у ўз сафдошлари каби ҳукмрон мафкура, коммунистик сиёсат таъсири ва тазйиқи остида ижод қилишга мажбур бўлган. Ҳатто айрим асарларини даҳриёна руҳда ёзган. Биз адибнинг охирги ҳолатларини ҳисобга олиб, Яратгандан унинг ҳаққига мағфират сўраймиз.
Шахсан ўзим бу аломат зот назарига тушиб, саккиз йил давомида унинг шаҳардаги уйи, Дўрмондаги боғ ҳовлисида дўстлар даврасида суҳбатларини олиш шарафига муяссар бўлганман, кўпдан-кўп фазилатлари қатори, илк устози Муҳаммаджон қори ибораси билан айтганда, "бир мусулмоннинг фарзанди" сифатида бу улуғ зот қалбининг туб-тубида исломий эътиқод яширин яшаганига иқрор бўлганман.

Адибнинг совет ҳукуматининг атеистик сиёсати хусусида истеҳзо билан айтган гапларини кўп эшитганман. Бир галги учрашувимиз ҳайит кунига тўғри келиб қолди.
— Тонг чоғи машинада Дўрмон атрофи қишлоқларни айланиб чиқдим, — дея сўз бошлади у. — Ҳар йилгидек, барча мачитлар эшиги олдида район активлари, милиционерлар саф тортиб туришибди. Қўлтиғига жойнамоз қистирган одамлар кўчаларда тўда-тўда бўлиб, ини бузилган чумолилардек сарсон-саргардон кезиб юришибди. Биламан, улар барибир дала шийпонигами ёки деворларига атеистик шиорлар ёпиштириб ташланган клубгами кириб албатта ҳайит намозини ўқишади. Ҳукуматнинг ишига ҳайрон қоласан киши, бу қилмиши билан неча минглаб одамлар кўнглида ўзига нафрат уйғотади. Одамлар ярим соат мачитда тўпланиб тинчгина намозини ўқиб олса, осмон узилиб ерга тушмайди-ку, ахир!

У ёғини суриштирсангиз, Абдулла Қаҳҳор совет даврида Абдулла Қодирийнинг "Обид кетмон"идан кейин диндорларнинг бетакрор, ёқимтой образини яратган. Лутф, ҳазил-мутойиба, енгил киноялар билан йўғрилган "Синчалак"даги тақводор, бир оз мутаассиб, аммо ниҳоятда ҳалол, ишбилармон, тадбиркор Ҳамидулланинг юмористик тимсоли ўша давр адабиётида муҳим ҳодиса бўлган эди.

Ёзувчи ижодининг якуни ва чўққиси саналмиш "Ўтмишдан эртаклар"нинг энг нурли саҳифалари устозига бағишланган "Муҳаммаджон қори" бобидир. Бўлғуси адиб болалигида бу очиқ фикрли одам қўлида янгича — жадид усулида савод чиқаради, Қуръони каримнинг охирги икки порасини ёд олади, жадид маърифатчилари дарсликларидан сабоқ чиқаради. Бир умрга бу илк устозига эҳтиромини сақлаб қолади. Умрининг сўнгги дақиқаларида мана шу табаррук зот билан хаёлан мулоқотда бўлади.
Абдулла Қаҳҳорнинг сўнгги кунлари, Москва касалхонасидаги видолашув дақиқилари адибнинг умр йўлдоши Кибриё опанинг "Чорак аср ҳамнафас" китобида, Шуҳратнинг "Устознинг сўнгги кунлари" хотира-мақоласида анча батафсил ҳикоя қилинган. Жумладан, Шуҳрат ўша мақоласида касалхонада устоз билан мулоқотлари тафсилотларини қаламга олар экан, улардан мана бундай хулосага келади:

"У ҳаётда қандай мардонавор яшаган, ижод этган бўлса, ана шундай матонат билан сўнгги нафасигача ҳаёт кечирди. Унинг ўлимини эсласам: "Ҳаёт билан видолашишнинг ўзи бир санъат экан. Бунга ҳам матонат ва ирода керак экан", деган хаёлга бораман".
Шуҳрат ака Абдулла ака билан ўша учрашувдаги ҳамма гапни ёзади-ю, лекин энг асосий нуқга — фақат унинг қулоғигагина айтган васияти ҳақида ҳеч нарса демайди. Бу ҳақда кейинроқ.

Энди Кибриё опадан эшитайлик. Ажал яқинлашаётганини сезган адиб Кибриё опадан Тошкентдан шоир Шуҳратни чақиртириб келишни илтимос қилади. "Ҳар ҳолда сочига оқ тушган, удумларимизни, мусулмончиликни яхши билади, ота-онасини кўмган бу одамга айтадиган зарур гапларим бор", деб туриб олади. Кибриё опа негадир, ўзи айтмоқчи, умрида биринчи маротаба Абдулла Қаҳҳорнинг бу хоҳишини бажо келтирмайди. Сўнг адиб Ўзбекистоннинг Москвадаги вакили Қосим Раҳимовни ҳузурига чақириб, "Зудлик билан менга Тошкентдан шоир Шуҳратни чақиртириб беринг. Мен айтадиган гапларимни айтиб, хотиржам бўлишим керак", дея илтижо қилади. Вакил бу илтимосни бажо келтиради. Давоми опанинг ёзувларида:
"24 май куни эрталаб касалхонага қадрдон дўстлари Константин Симонов келди--- Константин Симонов кетганидан кейин кўп фурсат ўтмай, шоир Шухрат етиб келди. Абдулла Қаҳҳор ўша куниёқ айтадиган гапларини айтиб, васиятларини қилдилар ва худди елкаларидан тоғ ағдарилгандек, бирдан хотиржам бўлиб қолдилар".
Хўш, бу васият нимадан иборат эди? Кибриё опа ҳам бу хусусда лом-лим демайди. Кибриё опанинг шу сўзлари битилган китоби ҳам, Шуҳратнинг хотира мақоласи ҳам кирган "Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида" тўплами совет даврида — 1987 йили чиққан. У кезлари Абдулла Қаҳҳор васиятини ошкор қилиш имкони йўқ эди. Ҳатто адиб васиятини Кибриё опадан ҳам қизғаниб, у хонадан ташқарига чиққанида айтган. Мен уни Шуҳрат аканинг ўз оғзидан такрор-такрор эштганман. Мана, Абдулла Қаҳҳорнинг қулоғимда қолган ўша сўзлари:
"Пайғамбар ёшини яшадим... Тақдирга тан бераман-да... Сиздан ўтиниб сўрайман, жоним чиққанидан то қабрга киргунимча бошимда турсангиз. Тобутимни Тошкенга олиб боргач, албатта яшикка солиб, «томошага» қўясизлар. Улардан олдин ювиб-тараб, кафанликка ўранглар. Хунугим чиқиб ётмасин... Тезликда Қўқон яқинида Оққўрғонда турадиган устозим Муҳаммаджон қорини чақиртириб келинг. Жанозада имомликка ўша киши ўтсин. Қабристонга борганда яшикдан олиб, кийимларимни ечиб, кафан билан лаҳадга қўйинглар. Елкам, танам Тошкентимиз тупроғига тегиб ётсин..."

Мен бу васиятни хотирам қуввати даражасида эслаб қоғозга туширдим. Янглишлар бўлса, Аллоҳдан кечирим сўрайман. Қани эди, бу васиятни Шуҳрат аканинг ўзлари ёзиб қолдирганларида, бор ҳақиқат янада равшанроқ бўларди. Афсус, 1987 йиллар шароитида бу ишни қилиш асло мумкин эмас эди.
Шуҳрат ака устоз васиятини тўла-тўкис адо этишга эришди.
Марҳумнинг тобути Тошкентга, ўз хонадонига келтирилгач, ҳукумат вакиллари видолашувга келади. Бош раҳбар Кибриё опага ҳукумат номидан таъзия изҳор қилиб, ундан: "Абдулла ака бизга қандоқ топшириқ бердилар?" деб сўрайди. Кибриё опа ўз дардини айтади, сўнг Шуҳрат ака адибнинг васиятини баён қилади. Бош раҳбар унинг сўзларини эътибор билан тинглайди-ю, вазият тақозоси бўлса керак, ҳеч нарса демайди. Шуҳрат ака бу сукутни розилик аломати деб тушуниб, енг шимариб ишга киришади.

Қабристондаги дафн маросимига кутилмаганда ҳукумат раҳбарлари ҳам етиб келади. Одатдагидек, митинг бўлади, видолашув нутқлари айтилади, энг ҳаяжонли дил сўзларини Шуҳрат ака айтади. Раҳбарият қабр бошида турганига қарамай, кафанланган майит яшик тобутдан олиниб лаҳадга қўйилади, қабрга тупроқ тортилиши билан Муҳаммаджон қори тиловат қилади. Қуръон оятлари қабристон узра таралади.
Шу воқеаларга, мана, бир кам қирқ йил бўляпти. Ўша дақиқаларда адибнинг устози овозида янграган Қуръони карим оятлари садоси ҳамон қулоғим остида жаранглаб тургандек. Мана шу оятлар устоз руҳига қиёматга қадар ҳамроҳ бўлиб боришини Яратгандан сўраб қоламан.

Умарали НОРМАТОВ,
филология фанлари доктори, профессор

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин