Саналар
25.07.2017
Баннер
Ажойиб келинлар
PDF Босма E-mail

Алоуддин Самарқандий (вафоти м. 1144 йил) замонасининг етук олимларидан эди. Унинг фиқҳ, тафсир, ҳадис, усул, ақоид, калом илмларига оид кўплаб асарлари бор. Лекин улар орасида «Туҳфатул фуқаҳо» асари ниҳоятда машҳур бўлган. Олимнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний унга шарҳ ёзиб, устозига тақдим этди. Алоуддин Самарқандий шарҳдан шунчалик мамнун бўлдики, фиқҳда ўзига тенглаша оладиган соҳибжамол қизи Фотимани шогирдига никоҳлаб берди. Мазкур шарҳ маҳр учун кифоя қилди. Шундай қилиб, одамлар орасида «Туҳфа»сини шарҳ этиб, қизини олди», деган гап машҳур бўлиб кетди.
(Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафий, «Самарқандия», Тошкент, 2001 йил).

* * *

Умавийлар султони Ҳишом ибн Абдураҳмон тахтга чиққанида (ҳ.172/м.788 йил) ҳали ёш, уйланмаган эди. Турмуш қуриш истаги туғилиб, ўзига муносиб келинликка номзодларга Қуръони каримни ёд олганликни шарт қилиб қўйди. Шунда биргина Галин деган жойдан етти юз йигирма нафар Қуръон ҳофизи бўлган қиз чиқди. Кейин султон иккинчи шарт қўйишга мажбур бўлди: бўлажак завжаси Имом Моликнинг «Муватто» ҳадис китобини ҳам ёд билиши керак эди. Шунда ҳам келинликка номзодлар камаймади: Қуртубанинг ўзидан беш юз нафар қиз ҳам Қуръонни, ҳам «Муватто»ни ёд билиши аниқланди. («Мусулмонларнинг тақвим китоби», 2000 йил, 2-чорак)
Узукка кўз мос тушганидай келинлар ҳам куёвларга муносиб бўлган экан.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин