Саналар
23.09.2017
Баннер
ПЕТР I ВА МОВАРОУННАҲР ОЛТИНИ
PDF Босма E-mail

1716    йил февралда одатдаги элчилик сафари билан Бухоро элчиси Хонқулибек Россия императорига Бухоро хони Абулфайзхоннинг ёрлиғини олиб келади. Ёрлиқда Абулфайзхон шимолдаги улкан мамлакатга тинчлик-хотиржамлик тилаб, ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш истагини изҳор этган эди. Бундан ташқари, элчи Пётр Биринчини ўз ҳукмдори номидан Шветсия устидан қозонилган ғалаба билан табриклаши лозим эди.
Бу вақтда Пётр чет элда бўлиб, унга Хонқулибекнинг Россияга ташрифи ҳақидаги хабарни элчиларни йўлда кутиб олган кеназ А. Бекович-Черкасский етказади (Бекович-Черкасскийнинг келиб чиқиши қабординлардан, чўқинишидан олдин исм-шарифи Давлат Гирей мирзо бўлган, - Абу Муслим). Пётр бу хабарни эшитиши билан дарҳол сенатга фармон йўллаб, Бухоро элчисини имкон қадар яхши кутиб олишни, унга Оврупо давлатларининг элчиларига кўрсатиладиган иззат-икром кўргазишни ҳамда то ўзи Россияга қайтмагунча уларни тўхтатиб туришни топширади. Пётр Хонқулибекни шахсан қабул қилмоқчи эди.
Элчи, унинг волидаси, хотин ва бола-чақалари, ходимлари (жаъми олтмиш икки киши) тушган бир юз йигирмата от-арава шошилмай-нетмай Астархон шаҳридан Саратовга, ундан Москва томон йўлда давом этиб ниҳоят 1717 йил июл ойида Петербургга етиб келади ва зўр тантана билан кутиб олинади. 20 сентябр куни Пётр I Хонқулибекни «хон ёрлиғн узра қўлини кўтариб», тантанавор маросимларни адо этиб қабул қилади. Элчи унга Абулфайзхон юборган туҳфалар — ипак, парча, зотли отлар, икки маймун ва икки барснинг терисини (булар йўлда нобуд бўлгач, териси шилиб олинган эди) топширади. Аммо Россия ҳукмдори учун энг яхши совға озод қилинган ўттиз олти нафар рус асири эди. Ўз навбатида элчи хоннинг Бухородаги ўз саройида жавоб ташрифи билан борадиган рус элчисини кўриш истагини баён этади. Мана бу гап Пётрга жуда ёқиб тушади. Чунки энди Мовароуннаҳрдаги вазиятни аниқлаштириш, Бухоро билан иттифоқ тузиш, Бухоро орқали бошқа шарқ мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва Россиянинг таъсир доирасини у ерларга ёйиш ишларини «расмий», дипломатик йўллар билан амалга ошириш учун қулай имконият вужудга келаётган эди. Ўрни келганда айтиб ўтайлик, бу каби ишларни қурол кучи билан бажариб бўлмади, сабаби куни кеча Пётрга кеназ А. Бекович-Черкаасскийнинг ҳалок этилгани тўғрисида қайғули хабарни етказишди Ҳа. Россчига Бухоро элчилари келаётганлигини хабар қилган ўша кеназ Хивада қўлга олиниб ўлдирилган эди. Бу воқеа эса куйидагича кечган эди...

Россия хонликлар ўртасидаги ўзаро курашлардан фойдаланиб-колмоқ ниятида талай тадбирларни кўра бошлагани тарихдан яхши маълум. У Бухоро ва Хива хонлари розилигини олиб, уларга ўз душманларига қарши курашда ёрдам тариқасида «хон гвардияси» ниқоби остида рус ҳарбий бўлинмаларини ўрнаштириш мақсадида жанубга турли экспедитсиялар йўллайди.

Шулардан бири номи юқорида зикр этилган кеназ Бекович-Черкасский бошлиқ экспедитсия эди. Унга 1714 йил май ойидаёқ Амударё мансабини қидириб топиб, дарёнинг Каспий денгизига олиб борадиган эски йўлини тўсиб қўйган ғов-тўғоннинг қаердалигини аниқлаш вазифаси топширилган эди. Шу мақсадда унга бир ярим минг кишилик ҳарбий қўшин берилади, турли харажатларга беш минг сўм пул ажратилади. Кеназ яна беш юз нафар Ейиқ казагини сафарбар этиб, 1715 йил апрел-октябр ойлари давомида Каспий денгизининг шарқий қирғоғини бошидан охиригача кезиб чиқади ва 4 август куни Пётр I га: «Мен илгари Амударё Каспий денгизига қуйиладиган Оқтам деган жойга келдим, Амударё Хивадан тўрт вёрст нарида «алоҳида тўғон орқали» Орол денгизига йўналтирилган; бу ерда маҳаллий олтиндан харид қилдим», деган мазмунда хабар юборади. Сўнг Каспий денгизи харитасини тузиб, Астархонга қайтиб келади.
Амударёнииг Каспий денгизига қадимда қуйиладиган жойи — мансаби бўлган экан—бу ғоят муҳим хабар эди! Амударёнинг Каспий денгизи томон эски оқимига тўсқинлик қилиб турган тўғон (у бегоналарнинг денгиз орқали Каспийдан тўппа-тўғри Хивага келишига йўл қўймаслик мақсадида қурилган эди) яксон қилинса, бас, Астархондан Хивага сув йўли билан бемалол бориш мумкин! Пётр 1716 йил февралида Бекович-Черкасскийни қабул қилади, шу ойнинг ўзидаёқ унга капитан унвонини бериб, Астархонга жўнатади. У фармонга биноан Хивага бориб, хонни Россия табаалигига ўтишга кўндириши, «хон бизнинг манфаатларимиз йўлида жонбозлик қилиши»-учун унинг ихтиёрига икки минг казакдан иборат рус гвардиясини бериш, Амударё ўзанини тўсиб турган тўғонни «вайрон қилиш», шу жойда қалъа қуриш каби ишларга бош бўлиши зарур эди. Мана шу мақсадда кеназга олти минг саллот ва казак қўшини берилади.

Шу ўринда А. С. Пушкиннинг «Пётр тарихи. Тайёргарлик матнлари»га мурожаат этамиз. (Маълумки, шоир йигирма етти ёшида Пётр I тарихини яратишга аҳд қилади ва орадан йиллар ўтиб, подшонинг ижозати билан Россия Ташқи ишлар коллегияси ҳужжатхонасида ўнлаб-юзлаб архив материаллари билан танишади; Пётр даврига оид барча адабиётларни ўқиб-ўрганиб, шуларнинг қисқача баёнини махсус дафтарларга қайд қилиб боради. Аммо умри қисқа экан, Пётр тарихини ёзиб улгура олмайди, тайёргарлик матн (конспект)ларини нашр этишга эса Николай I нинг ўзи «қўлёзма»ни ўқиб, «Буюк Пётр шаънига кўпгина беандиша гаплар битилганлиги сабабли босиб чиқарилиши мумкин эмас», деб рухсат бермайди. Ҳозирги даврга келиб, шоирнинг ўн жилдлнк тўла асарлар тўпламида мазкур қўлёзма деярли бутун бир тўққизинчи жилдни ташкил қиладики, қуйидаги иқтибос ана шу китобдан олинди). Пушкин Бекович-Черкасскийнинг Хивага юриши тўғрисида ёзади: «Пётр уни Амударёнинг илгари Каспий томон оқиб борганлиги, лекин бухоролнклар томонидан Оролга буриб юборилганлиги аниқ эканлигнга ишонч ҳосил қилиш учун йўллаган эди. Шунингдек, олтин қум ҳақидаги миш-мишлар хам ҳукмдорни қизиқтириб қолган эди. Бизнинг тижорат ишларимиз учун Ҳиндистонга олиб борадиган йўлни топиш фикри унинг даҳосига яна ҳам муносиб фикр эди. Бахтга қарши, Бекович ҳар нарсага ишонаверадиган, ўжар-кажбаҳс ва билимсиз одам эди ва буюк бир иш унинг ўзи билан бирга сувга уриб кетди...

Бекович Тўқ-Қараған қалъаси (Тўқ-Қараған бурнида) пойдеворини қурдириб, унда Пенза полкини қолдирди. Ўндан 120 вёрст нарида, кўрфаз бўйида бошқа бир — Александр-Бай қалъасини тиклаб, унда 3 та ротани колдирди. Сўнгра Амударёнинг аввалги ўзанн гўё қуриган жойида, Красноводск кўрфазида асосий қалъа заминини қурдириб, унда Крутояр ва Риддлер полкларини қолдирди (Александр-Байдан 300 вёрст нарида ва Астрахандан худди шунча масофада). Бекович ана шу ердан Амударёнинг ўзи хаёл қилган ўзани бўйлаб юрди, у келаси ёз фаслида тўғонни қидириб топиш умидида Орол денгизи ёқалаб боришни мўлжаллаб қўяди.

У Астархонга қайтиб, Красноводскда полковник фон дер Вейденни қолдирди. Хива хонига уч элчини йўллаб, ўзининг у ерга боражагини билдириб, ёрдам талаб қилди, аммо элчилар қайтиб келмади.

1717    йил июлида Бекович бир драгунлар эскадрони, икки рота саллот (тўп ва заҳиралари билан), 1500 нафар Ёйиқ казаги, 500 тотор, 500 Гребня казаги, 200 ўрис ва тотор савдогари билан юриш бошлади... Бекович Хивага етиб келади. Унинг атрофини Хива хонининг ўзи — Шерғози бошчилигидаги 24 минг қўшин қуршаб олади. Уларнинг муваффақиятсиз хуружлари уч кун давом этади. Бекович олға қараб юраверади. Аҳоли Хивадан ташқари чиқиб кета бошлаганди. Бекович айни шу пайтда хотини (қизлик вақтидаги фамилияси — княжна Голицина, Борис Алексеевичнинг қизи) ўзининг икки фарзанди билан Волгага чўкиб кетгани тўғрисидаги хабарни эшитади. Унинг руҳи буткул тушиб, ақлдан озаёзади. Шу аснода Шерғози ҳийла ишлатади. Гўё музокара олиб бориш мақсадида Бековични алдаб, ўз ҳузурига олиб келишга муваффақ бўлади... Барча россиялнклар қўлга олинади, Фраикенберг (майор) ҳам асир тушган Бековичнинг уч карра берган буйруғини бажариб, алданади. Барча россияликлар қўлга олиниб, ўлдирилади, Бекович билан Франкенберг ҳалок бўладилар. Хива хони Бухоро хонига шўрпешона Бековичнинг калласини юбориб, ўзини ва қўшнисини хавфли бир душмандан халос этгани билан мақтанади. Унинг айёрлигидаи фойдаланган Бухоро хони Шерғозини одамхўр деб атайди ва бу билан Пётрнинг кўнглини олади. Пётр Бухоро хони оркали ўз ишларини қайта бошлашни дилига тугиб қўяди ҳамда шу мақсадда Ташқи ишлар коллегиясининг котиби Флорио Беневенини Бухоро хони ҳузурига йўллайди».

Нақл қилишларича, Пётр ўлим тўшагида икки нарсага: Прутдаги омадсизлиги учун Туркиядан ва Бековичнинг ўлдирилганлиги учун Хивадан қасос ололмаганлигига афсусланган.

У Бухоро элчисини қабул қилиб, Хонқулибекнинг хон номидан Бухорога «оқил бир кишини» элчи қилиб юбориш борасидаги таклифига бажонидил кўнгани боиси ҳам шундан эди. Шундай қилиб, Хонқулибек Пётрнинг хон номига битган ёрлиғи ва бир кўп совға-саломларини олиб, йўлга тушади. Уч ой деганда бухороликлар Астархонга етиб келишади. Кўп ўтмай Астархои губернатори пойтахтдан Россиянинг Бухородаги элчиси бормагунига қадар Бухоро сафирини нима қилиб бўлса ҳам ушлаб турш борасида кўрсатма олади. Икки элчи Астархонда учрашиб, сўнг биргаликда Бухорога йўл олишлари керак эди. Аввалига Пётр-Бухорога «улуғ элчилик» юборишни мўлжаллаган эдики, у Бухоро хомлиги билан «яқин алоқа» ўрнатишга қанчалик зўр аҳамият берганлигини шундан ҳам билнш мумкин. Бироқ кейинчалик: бу фикридан воз кечади, негаки у вақтдан ютмоқчи эди: расмана элчилик юбориш учун узоқ вақт ҳозирлик кўриш лозим бўларди, элчининг ўзини жўнатиш анча тез ва енгил кўчарди. Ниҳоят, узоқ йиллар Пётрнинг энг ишончли одамлари — тажрибали дипломат-лар Шафиров ва Толстойлар қўлида ишлаган Флорио Беневенини 1718 йил 1 июл купи элчи қилиб Бухорога жўнатиш тўғрисидаги фармонга имзо чекилади, сентябр ойида эса унга Москвада хон номига ёзилган олий ёрлиқ ҳамда совға-саломлар — хон, унинг онаси, вазирлари, яқин кишиларига аталган олмахон, тулки, сувсар мўйналар, кўн-тернлар, мовут, чинни идишлар, занг урадиган, Англияда ишланган соатлар ва ҳоказо топширилади. Ва, албатта — махфий йўл-йўриқ, яъни, иш дастури... Ўша йили (13 ноябрда Астархонга етиб келиб, уни беш ойдан бери кутиб, ётган Хонқулибек билан учрашади. Бухорога эса, улар роппа-роса икки йилу беш ойу бир ҳафтадан сўнггина етиб келишди.

Аниқроғи, Беневени 1722 йил 6 апрел купи Бухорога етиб келади ва «Шарқ экспедитсияси котиби Флорио Беневеиига йўл-йўриқлар» деб аталмиш махфий кўрсатма асосида иш бошлайди. Россиянииг олимақом маъмурлари — канслер граф Головкин ва кичик канслер барон Шафиров 1718 йил 13 июлда имзо чеккан ушбу ҳужжатда жумладан «қайси катта-кичик дарёлар қаерда Каспий денгизига қўшилишини, уларда қандай кемалар борлигини, қандай шаҳарлар мавжудлигини, улар мустаҳкамланганми, қалъалари борми-йўқлигини аниқлаш, булар барини бухороликларга сездирмай, синчковлик билан кузатиш ҳамда усталик билан билиб олиш... хоннинг вилоятида қанча ва қандай қўрғонлар бор, қайси жойларда қанча суворий ва пиёда қўшини, тўплари ҳамда бошқа қуроллари борлигини, буларнинг қаий аҳволда эканлигини, ўша қалъалар қандай назорат қилиниши, қўшинлар, тўплар ва ҳоказолар қай тартибда сақланишини имкони борича қулай йўллар билан кузатиб бориш ва разведка қилиш, Бухоро хонининг форслар ва хиваликлар билан ҳамда бошқа қўшни ҳукмдорлар билан, шунингдек, турклар билан муомаласини, хон қайси бирлари ҳужум қилиб қолишидан қўрқишини, ўз фуқаролари устидан ҳукми зўрми ё йўқми, булар исёнга мойилми ёки йўқми эканлигини, хонликда идора усули қандай... унга келажакда подшо ҳазратларининг ёрдами зарур эмасмикан — шуларни яхшилаб аниқлаб билиш» вазифаси топширилган эди. Махфий йўл-йўриқнинг охирги, еттинчи моддасида қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «У, элчи, бухороликлардан ва Бухорода яшовчи хиваликлардан Хивага қарашли ерларда, дарё (яъни, Амударё) ва бошқа дарёларда... чиндан ҳам олтин бор-йўқлигини билиб олишга интилсин... Агар у ерда қалъа ва одамларга эга бўлсак, ўша олтиндан кўплаб қазиб олиш мумкинми? Агар чиндан ҳам ўша дарёларда олтин борлигини ҳамда уни кўплаб олиш мумкинлигини билиб олса, ўша ерга етиб бориш ва одамларни ўша жойга олиб бориш, уларни таъминлаш ва хиваликлардан муҳофаза этиш имкони бор-йўқлигини, бу иш бухороликларга зид иш бўлнб чиқмайдими-йўқми — шуни билишга ҳаракат қилсин. Бу тўғрида, ҳамма нарса тўғрисида хабардор бўлиб, атайин юборилган чопар орқали дарҳол подшоҳ ҳазратларига ёзиб юборсин, ўзи эса юборган маълумотларига оид буйруқ олмагунича, ўша ерда муқим турсин, шу аснода юқорида таърифланганидек, ҳамма нарсадан, яъни, улар давлатининг ҳол-аҳволидан чуқурроқ хабардор бўлиб турсин ва кундаликка ёзиб борсин, токи қайтиб келганидан сўнг жаъмики нарсалар ҳақида подшоҳ ҳазратларига батафсил ва ҳаққоний ахборот берсин. Мабодо Бухоро хони гвардиясига қўриқлаш учун бир неча юз ва ундан ҳам кўпроқ россиялик одам керак бўлиб қолса, бундан хабардор бўлиб, қулай пайт келганида хуфиёна таклиф этсинки, подшоҳ ҳазратлари бу ишдан хонни мамнун қилиши мумкин...»

Биз юқорида келтирган ҳамда илова тарзида ёритган расмий ҳужжатларнинг мазмунини зийрак ўқувчиларимизнинг ўзлари албатта чақиб, тегишли хулоса чиқаришларига аминмиз ва шу боис уларни бирма-бир изоҳлаб-тушунтириб ўтирмаймиз.

Бухородаги Россия элчисининг кейинги тақднири қандай кечди? У ўзига топширилган ғоят нозик ишларни бажариб бўлиб, Пётр пойтахтига, узоқ Россияга чопарлари — юнон Иван Дементйе бошқирд Мақсуд Юнусов, италян Николо Минер каби чўлу саҳро йўллари азобига бардош бериб, эсон-омон етиб бордими? Ҳа, етиб борди, аммо бунинг учун яна кўп кутишга тўғри келди. 1723 йил март ойида Беневени Ташқи ишлар коллегиясига мурожаат қилиб, Бухородан кетишга ижозат сўрайди, чунки у: «ўзимга юклатилган вазифамни адо этдим», деб ҳисобларди. Лекин яна, икки йил Бухорода қолиб кетишини асло хотирига хам келтирмасди. Хати етти ой деганда Петербург дипломатияси раҳбарлари қўлига тушиб: «Сенга Бухородан саройимизга дарҳол, ўзингга қулайроқ ва енгилроқ бўлган йўл билан жўнашингни буюрамиз. Маълумотинг учун хабар қиламизки, ҳозир Форс ўлкаларида бизнинг қўшинларимиз турибди, сен шунга имкон топсанг, бизнинг қўшинларимиз турган жойлар орқали ўтиб боргайсен», деган мазмунда жавоб мактубини олади.

Бухоро хони, унинг олимақом маъмурлари ҳам анойи эмасдилар, албатта. Улар кеназ Бекович-Черкасский элчи ниқоби остида Хивада қилган ишларидан тегишли хулоса чиқарган, шу сабабли ҳам Беневенига шубҳа билан қарар, унинг ҳар бир қадамини кузатар, сўзларига ишонмас эдилар. Бухоро хони билан хайрлашув маросимини бажо этганидан сўнг ҳам амалда элчининг жўнаш муддатини аниқ белгиламайдилар, уни кузатиб бориши лозим бўлган қўриқчиларни тайин қилмайдилар. Боиси— Бухоро аъёнлари Россия билан яқинлашувни истамас, хон ҳам уларнинг айтганини қилар ва рус элчисини қўйиб юборишни лозим кўрмасди. 1725 йил 16 феврал куни Беневени Бухородан чиқиб, Эрон томон йўлга отланади ҳам, аммо кетидан бир даста қўшин юборилгач, ортига қайтишга мажбур бўлади.

Бу вақтга келиб Шерғозихонга «Бекович-Черкасскийнинг ўлими учун Россия мендан қасос олиши мумкин» деган хаёл тинчлик бермас, айниқса, рус қўшинининг Эронда бўлиши кўнглини хижил қилар эди. Шу боис у Россиянинг Бухородаги элчиси мушкул аҳволда қолганлигидан бохабар бўлгач, унга нома йўллаб, Хива орқали Россияга ўтиб кетиши мумкинлигидан огоҳ этади. Мазкур таклиф элчини узоқ ўйлантириб қўяди. Бир томондан, у Хива йўлини танласа, худди Бекович каби асфалисофилинга жўнатилиши эҳтимолдан холи эмасди, бироқ Бухорода қолиш ҳам ўлим билан юзма-юз туриб яшаш, демак эди. Ниҳоят у таваккал қилади: 8 апрелда тун ярмидан оққанда Хивага қараб йўлга тушади. Бухоро аъёнлари, табиийки, элчидан буни сира кутмаган унинг йўлига бирон-бир ғов қўйишни ўйламаган ҳам эдилар.

Ўн кун деганда Хивага етиб борган Беневени Ёйиқ ва Гурйев шаҳарлари орқали ниҳоят Астархон тупроғнга қадам қўяди...

Петербургдан туриб, узоқ Бухоро ва Хива олтин-кумушига қўл чўзган Пётр эса ботқоқлик ўрнида ўн минглаб кишиларнинг бевақт қурбонлиги эвазига қурдирган иойтахт шаҳрида саккиз ойдирки, ҳашаматли тобут ичида ётар эди.

Илҳом Султонов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин