Саналар
29.03.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Шўролар ҳукумати ва саное нафиса (1920)
PDF Босма E-mail

Саное нафиса деган сўзни онглағувчилар бизнинг орамизда ҳам кўпайиб қолди. Илгари оддий бир томоша (театр)ни ҳам тушунмаган, драм билан кулгуни ажрата олмағон халқ ҳозир саное нафисанинг худди ўзига ҳам тушуниб келадир. Ишнинг ўзи ҳам шундоғ бўлмоғи керак эди; чунки меҳнаткаш, қўли қабарғонлар ҳокимияти бўлғон шўролар тартибининг юзага чиқишига бугун 3 йил бўладир.

3 йилдирки, эзилганлар эзганлар устида, маҳкумлар ҳокимлар тепасида ҳукумат сўралар.

3 йилдирки, ишчи ва деҳқонлар ер юзининг хийла зўр бир бўлимида ўз эгаликларини қуруб, ўзини бўғмоқ учун келган ёвлар билан дам олмасдан ёқалашалар.

Қонлар тўкула, жонлар кета, ўлимлар қайнайдир.

Бу ҳолда гўё ҳеч бир оғиз ёйиб кулишлик мумкин эмас кабидир.

Гўё ҳар нарса ёлғиз мотам, ёлғиз қон, ёлғиз аччиғ ва ғазабдан иборатдир.

Бу ҳолларни биз тарихда ўқуғон бўлсак, ўйлар эдикким, ул даврда қаҳру ғазабдан бошқа нарса бўлмагандир. Ўюн-кулги деган нарсани кишилар унутқонлардир, деб...

Локин бу ўзгариш, бу 3 йилдан бери бўлиб келаётқон талаш, кураш бир тарафда бўлиб ётадир. Қонлар тўкилиб, жонлар бериладир.

Бироқ иккинчи тарафда кулалар, ўйнайлар, шодланалар. Кўнгил очалар, ҳам шундай бир ўйин-кулгиким, тарих мунинг сингарисини сира кўргани йўқ.

Неча минг йиллардан бери бўлуб келган эски дунёни оғдармоқ, янги дунё тузиб, они тамом бошқа бир рангга бўямоқ иши тобширилғон ўзгаришчилар турмушнинг ҳар бир жузъида, ҳар бир бўлагида ҳаракат қилалар. Турмушнинг ҳар ёғин, ҳар тарафини ўзгарталар.

Шул ўзгаришлар ичига ўйин-кулги ҳам кируб қоладир.

Илгари ҳам ўйнаб кулганлар. Бироқ бу кундагидан бошқачароқ бир йўлда. Саное нафиса эски замонда бойлар, подшоҳлар салтанати замонида ҳам бор эди. Бор эдигина эмас, жуда юксалган, авжига чиққон эди.

Яқин замонлардағина туғилғон саное нафисани буржуазия хаёлчилари жуда нозиклашдирганлар, хаёлийлашдирганлар эди.

Бутун умрини ишламай бекор ўтказатурғон бойлар, бойбаччалар, тўра болалари, хон, хонзодалар бекорчиликдан зерикмас учун саное нафисага берилалар; чолғу чалалар, ўйинға тушалар, севги шеърлари тўқийлар, ўқийлар эди. Буларнинг устига, катта шаҳарларда бир эмас, 5—6 бизнинг «Колезей»дай театрлари бўлар, шуларда пул билан, олтун билан санъатни сотуб олуб (яхшироқ тушунингиз: санъатни сотиб олуб!) завқланурлар эди.

Қисқаси саное нафиса эски дунёда бир қисм халқнинг завқи, айш ва ишрати учун ишлайтурғон бир нарса эди.

Унга юрагида, кўнглида бир севги, бир интилув сезиб, берилган қанча паст синф, тубан қисм, эл болалари ўша бой ва бойбаччаларни завқландириш йўлида вақтсиз жон бердилар. Қурбон бўлдилар, жинни бўлғон чолғичилар, варам (сил касали)нинг аччиғ панжасига тушган мумассил артист ва мумассила артисткалар саноғсиздир.

Энди бу ёқға, янги дунёға, меҳнаткаш ва эзилганлар оламига кўз солсак, ўша саное нафиса, ингичка ҳунарни тағин кўрамиз. Бироқ мунда кўбгина бошқалиқ бор.

Театр-томошалар бор, локин улар илгаригидай биргина бой болалари, бойлар ва тўразодаларнинг кайфи, лаззати учун эмас, бутун эл, бутун халқ, ҳамма ишдан бўшағоч кўнгил очмоқчи бўлғонлар учундир.

Саҳна бу дунёда юқори синфларнинг тумтароқли турмушларини кўрсатмайди эмас, кўрсатади, бироқ шул турмушнинг аччиғ ва жирқантиратурғон ҳидини томошачиларға ҳидлатмак учун кўрсатади. Чолғининг қиллари яна боёғидай чертилиб турур, бироқ бойлар кайфи учун ўйнағониға йиғлаб эмас, чарчағон халқнинг кўнглини очқони учун севиниб, эзилган халққа эзилув даврларини эслатмак учун йиғлаб чертилур. Шеър ҳам, ашула, қўшиқлар ҳам ёзилурлар. Бироқ бойларни, уларнинг хаёлий саройларини мақтаб эмас, очиқ, тортинувсиз равишда кўнглидагини айтмак, элнинг ўз турмушини ўзига ингичка қилиб кўрсатмоқ учун ёзилур.

Меҳнаткашлар саное нафисаси кенгдир, мунда буржуазия тақлидчилиги йўқдир; унда ўзидан чиқарув, ўзидан сочув бордир. Унинг йўли кенгдир.

Саное нафиса бу дунё ва шаҳар учунгина эмас, мана шу ер, шўролар идорасининг энг улуғ хосиятидир. Саное нафиса ўзини туғдирувда кўб рўл ўйнайтурғон қишлоқ ва қишлоқ меҳнатчилари учун кўб ишлагусидир. Бироқ бу кунгача тегишинча бўла олмағон экан, бунга 3 йиллиқ турмушнинг талашув, курашув ва ғавғолар ичида ўтуви сабабчидир.

Ҳозир бир Туркистонда, Туркистоннинг Тошканд шаҳридаги ишларни кўз олдига келтирганда ҳам, Шўроларнинг саное нафисага қандай зўр аҳамият билан карағонлиқларини кўрмак мумкиндир. Тузуккина бир труппаси бўлмағон эски Тошканд букун яхши бир яхшиғина икки труппага моликдир. Расмий бир тотор труппа украинали, ёҳудий, озарбайжонлилар ҳам бирар юварак, бирар тўн бўлиндиралар. Мундан сўнг тағинда яхшилантирмоқ учун ҳозиргача баъзи жойларда театр ишларининг бошиға чиқиб кўб ишларга қаршилиқ ва зарар қилиб турғон эски дунё «йўғонлари» билан кураш борадир; шуларнинг натижаси Туркистонда саное нафисани ҳам энг юқори даражага кўтаргусидир. Шўролар ҳукумати, ишчилар эгалиги — саное нафисанинг энг суюкли, муҳтарам бобосидир. Ул бобонинг тарбияси саное нафисани осмонларға чиқарғусидир, бироқ жабр йўли билан эмас, ишқ берилув ва севги йўли биландир.

Шўролар саное нафиса ила Шарқни қул эмас, ҳур қплғусидир.

Шарқ саное нафисаси келгусида Ғарбники билан бир бўлғон ҳолда ўзининг ишчи болаларининг кўнгилларини очуб, руҳларини юксалтирғусидир.


________________

Шўролар ҳукумати ва санои нафиса. — Мақола «Иштирокиюн» газетасининг 1920 йил 7 ноябрь сонида эълон қилинган.

Санои нафиса — нафис санъатлар, санъат.

«Қолизей» — Тошкентда инқилобдан илгари қурилгаи рус театри биноси, кейинроқ Свердлов номли концерт зали.

 

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин