Саналар
25.06.2017
Баннер
Ғазнавийлар
PDF Босма E-mail

Ғазнавийларнинг сиёсий куч сифатида юзага келганини ва юксалиши масаласида ҳам биз совет тарихшунослигидаги мавжуд баъзи бир қарашларни қабул қила олмаймиз. Чунки илгари ғазнавийларни (демак, уларнинг чамонини ҳам), асосан, салбий томондан кўрсатишга интилиб келинган, десак муболаға бўлмайди. Чунончи, бу сулола асос топтан Ғазна вилояти «исёнкор турк лашкарбошилари»га бойлик орттириш учун кулай жой сифатида шарҳланиб, ўз-ўзидан шу ерда кучга кирган ва мазкур шаҳар (вилоят) номила танилган ғазнавийлар сулоласи тарихи ҳам гўё худди шундай мақсад йўлида юзага келган ва фаолият кўрсатгандай баён этилган. Аслида эса тарихий воқелик сабаблари бир нечта.
Биринчидан, Исмоил Сомонийдан кейин сомонийлар орасидан ҳар жиҳатдан етук, юқори даражада сиёсат юргиза оладиган арбоб етишиб чиққани йўқ. Бунинг оқибатида сомонийлар ўз ички, яъни сулолавий имкониятларидан кўра кўпроқ мавжуд сиёсий муҳит қонун-қоидаларига боғлиқ бўлиб қолганлар. Сиёсий муҳитни эса бу вақтда нуфузли лашкарбошиларсиз тасаввур қилиб бўлмасди. Ғазна вилоятидаги кучлар сиёсий фаоллигининг ошиши ва бориб-бориб алоҳида бир сулола даражасига кўтарилиши ҳам худди шундай йирик лашкарбошилар номи билан боғлиқ бўлганини биз қуйида яққол кўрамиз.
Иккинчидан, Туркистон минтақасида сиёсий тараққиётнинг ўзига хос томонларидан бири — бу даврда худди маданий ҳаётдаги каби бир қатор ўзига яраша кучли давлат арбобларининг, сиёсий сулолаларнинг юзага чиқишидир. Гап шундай ҳолнинг яхши-ёмонлигида эмас, оқибатларидан қатьи назар, шундай вазият содир бўлган ва бу билиб қўйилса ҳар жиҳатдан фойдалидир.
Ғазнавийлар сулоласи қандайдир «ўлжапарастлик» кетидан эмас, балки минтақада кечган ижтимоий-сиёсий муносабатлар муҳитида юзага келганлигига доир гувоҳликлар манбаларда етарли даражада топилади. Юқорида биз сомонийлар саройида йирик лашкарбошилар тутган мавқе ҳақида айтиб ўтгандик. 961 йили сомоний ҳукмдор Абдумалик ўлимидан сўнг вазирлар тахтга марҳумнинг ўғлини ўтқазадилар. Бунга, манба тили билан айтганда, «Сомонийлар хонадони учун мақтовга лойиқ хизматлар қилиб келган ҳамда ноиблик ва лашкарбошилик йўлини тутган» Алптегин қаршилик қилади. Шу тариқа давлат арконлари ва Алптегин ўртасидаги мухолифлик кучайиб авжига чиқади. Лашкарбоши Бухорони тарк этади. Ҳатто шундан кейин ҳам зиддиятлар тугамай, охирида Алптегин ва Бухоро кўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлиб, бухоролик лашкар мағлубиятга учрайди. Сомонийлар хонадони ва Мовароуннаҳр билан алоқани узган Алптегин Ғазна вилоятида ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Унинг вафотидан (963) сўнг Ғазнада навбати билан Амир Исҳоқ ибн Алптегин, Амир Билгатегин, Амир Пирий, Амир Сабуктегинлар ҳукмронлик қиладилар. Ғазнавийлар сиёсий сулоласига асос солган ҳам аслида ана шу Сабуктегин бўлади. Шу билан бирга Ғазнанинг минтақа сиёсий марказларидан бирига айланишида биринчи салмоқли қадамни Алптегин қўйганини ҳам эсдан чиқармаслик керак.
Зикр қилинганидек, Алптегин сомонийлар билан алоқани узган бўлишига қарамай, сомонийлар Ғазнада мужассамлашган ва қулоч ёйиб бораётган сиёсий-ҳарбий кучга доимо эҳтиёж сезиб келганлар. Бунинг яққол исботини Сабуктегин ва сомоний Нух III (976—997) ўртасида Кеш атрофида бўлиб ўтган учрашув (бунда Сабуктегин Нухни қўллаб-қувватлаши ҳақида ваъда берган), ё бўлмаса 994 йили сомонийларнинг энг ашаддий душманларидан Абу Али Симжурийнинг тор-мор этилишида Сабуктегин тутган асосий ўрин орқали кўриш мумкин. Сабуктегиннинг обрў-эътибори сўнгта йилларда шу даражада юқори бўлганки, у «дину давлат ҳимоячиси (Носир ад-дин ва ад-давла)» фахрий унвони билан машҳур эди.
Ғазнавийларнинг ҳам расман, ҳам амалан сиёсий куч сифатида тан олиниши 996 йилга тўғри келади. Юқорида кўриб чиқилганидек, қорахонийлар бир неча марта Бухорога таҳдид соладилар. Тилга олинган йили эса Сабуктегин сомонийларни қорахонийлар «чангали»дан сақлаб қолади. Сомоний Нух III рақиб олдидаги заифлигини сезган ҳолда унга мурожаат қилади. Сабуктегин эса Бухорони қўлга олиб, қорахонийлар билан келишувга имзо чекади. Бунга кўра Амударёдан жанубда жойлашган барча вилоятлар Сабуктегиннинг номига муҳрланади. Унинг вафотидан (997) кейин аввалига тахтга бир оз муддат унинг ўғли Исмоил ва 998 йилдан эса бошқа фарзанди Маҳмуд чиқади. Ғазнавийлар қудрати ва шуҳратини оширган ҳукмдор ҳам аслида ана шу Маҳмуд хисобланади. Чунончи, унинг ҳукмронлиги даврида (998—1030) Хоразм, Хуросон, Сейистон, Кобул, Ғазна, Шимолий Ҳиндистон каби вилоятлар ва маконлар ғазнавийлар измида бўлган. Маҳмуднинг ўлимидан сўнг тахтга унинг ўғли Муҳаммад ўтиради, ваҳоланки, ундан катта ўғли (Масъуд) ҳам бор эди. Ўша замонда ёзилган манбалар шарҳига кўра, Маҳмуд тахтни кичик ўғли Муҳаммадга васият қилиш билан бирга, унга «Аканг Масъуд билан қарама-қаршиликка борма, агар у сенга карши чиқса, урушиб юрма, (бекор) нобуд бўласан», деган. Ҳақиқатан ҳам тез орада Масъуд ва Муҳаммад ўртасида мухолифат юзага келади. Масъуднинг Муҳаммаддан устун бўлганлигини замондош тарихчилар ҳам тан оладилар. Хуллас, шу йилнинг ўзидаёқ Масъуд тахтни эгаллайди.

Илгарилари ҳам кўп марта кўрганимиздек, одатда, бирон-бир сулола тарихида муаиян маънода бекаму кўст, доимо «ошиғи олчи» сиёсатчи тарих саҳнасига бир марта чиқади. Ғазнавийлар ҳам бундан мустасно эмасдилар. Шунинг учун ҳам Масъуд даври (1030—1041) асосан Маҳмуд саъй-ҳаракатлари билан қўлга киритилган натижаларни саклаб қолиш йўлидаги уринишлар йиллари бўлди, десак тўғри бўлади. Биринчидан, 1034 йили Хоразм ғазнавийлар таъсир доирасидан чиқади. Иккинчидан эса Хуросонда бошқа бир сиёсий сулола — салжуқийларнинг кучайиб бориши ҳам худди мана шу Масъуд даврига тўғри келган. 1035 йилги келишувга биноан Масъуд салжуқийларга (Йабғу, Тўғрил, Довуд бошлиқ қабилаларга) Нисо, Фарова, Деҳистон вилоятларини маскан ва яйлов сифатида беришга мажбур бўлади. Вақт ўтиши билан куч-қудрат орттирган салжуқийлар 1038 йили Нишопурни эгаллайдилар. Шу йилги Сарахс атрофидаги Масъуд билан жангда мағлуб бўлишларига қарамай, кўп ўтмай — 1040 йили Марв ва Сарахс оралиғидаги Дандониқонда салжуқийлар ғазнавийларга чунонам зарба берадиларки, шундан сўнг Сабуктегин авлодлари ўзларини ўнглай ололмайдилар. Хуросон қўлдан кетади. Гарчи Масъуд ўғли Мавдуд (1041—1049) ўз хонадонининг илгариги мавқеини тиклашга уринган бўлса-да, бунинг уддасидан чиқолмаган. Чунки фурсат қўлдан кетганди. Ғазнавийлар бундан буён фақат Ғазна вилояти ва Шимолий Ҳиндистондагина ҳукм юргизишга қодир бир ҳудудий сулолага айланиб қолганлар. Бироқ нима бўлганда ҳам 1187 йилга қадар улар ўз фаолиятларини тўхтатганлари йўқ. Мавдуддан сўнг сулолага навбати билан Али, Абдурашид, Иброҳим, Масъуд II, Арслоншоҳ, Баҳромшоҳ, Хисравшоҳ, Хисрав Маликлар етакчилик қилганлар.
Ғазнавийлар даври бошқарув тизими ўзининг мураккаблиги билан диққатни жалб этади. У кўп жиҳатдан сомонийлар, қорахонийлар замонидаги давлат бошқаруви тизимларига яқин ва ўхшаш. Бу табиий ҳол. Чунки илгари ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, ҳар қандай бошқарув тизими (шакли) мавжуд ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маданий шароитга боғлиқ бўлади. Бошқа томондан эса ғазнавийлар ҳукмронлиги остида бўлган Хуросон, Сейистон, Кобул, Ғазна каби вилоятлар минтақанинг ажралмас таркибий қисмлари бўлиб келганликларини назарда тутсак, бошқарувчилик тараққиётидаги ўхшашликлар, яқииликлар сабаби маълум бўлади.
Демак, бошқарув тизимининг марказида даргоҳ ва девонлар (вазирликлар) турган. Авваллари ҳам кўрилганидек, даргоҳга олий ҳукмдор (ғазнавий ҳукмдорлар «Амир» унвонига эга бўлганлар) ҳаёти ва фаолияти билан алоқадор хизматлар, амаллар кирган. Улар орасида «ҳожиблик» хизмати алоҳида эътиборга лойиқ. Ғазнавийлар даври бўйича манбаларда биз ҳожибликнинг қуйидаги шаклларига дуч келдик: улуғ ҳожиб, сарой ҳожиби, навбатчи ҳожиб, ҳожиб-жомадор. Улуғ ҳожиб нафақат бошқа ҳожиблар орасида, балки умуман мамлакат ва давлат ҳаётида алоҳида мавқега эга бўлган. Бунга ишора берувчи бир неча мисоллар келтирамиз. Маҳмуднинг ўлимидан кейин Муҳаммаднинг тахтга ўтиришига бош-қош бўлган ва, қисқа муддатга бўлса-да, бошқарув ишларини ўз ихтиёрида мужассамлаш-тирган ҳам улуғ ҳожиб Али  бўлади. Расмий маросимларда улуғ ҳожиб олий ҳукмдорга энг яқин жойни эгаллаган. Унга гоят муҳим вазифалар юклатилган. Катта аҳамият касб этувчи жангларда улуғ ҳожибга қўшиннинг энг салмоқли ва масъулиятли қисмига бошчилик қилиш вазифаси юклатилган. Масалан, олий ҳукмдор марказни бошқарса, сипоҳсалор ўнг қанотга, улуғ ҳожиб эса чап қанотга қўмондонлик қилган. Улуғ ҳожиб ўта жиддий ҳарбий юришлар, махсус сараланган қисмларни текшириш, таъминотини жойига қўйиш тадбирларида ҳам фаол бўлгани маълум. Олий ҳукмдор иа улуғ ҳожиблараро муносабатлар нечоғлик бўлганлигини шундан ҳам кўриш мумкинки, Масъуд улуғ ҳожиб Али Қарибга йўллаган бир мактубида унга «фозил (улуғ) ҳожиб, биродар» деб мурожаат қилади. Сарой ҳожибининг вазифаси тушунарли — у сарой эшикоғаси бўлган.
Ҳожибга келсак, фикримизча, ҳожиблик, умуман олганда, қандайдир бир ижтимоий-сиёсий табақа сифатида кўпроқ намоён бўлади. Фараз қилиш мумкинки, ўз даври учун ҳожиблик рицарлик тушунчасига яқин бўлса ажаб эмас. Масалан, манбаларда шундай маълумотларга ҳам дуч келамизки, улар кенгроқ мулоҳаза қилинса, мазкур фараз беасос эмаслиги равшан бўлади. «Тарихи Масъудий»да ўқиймиз: «Амир Абдураззоқ... вилоят амирлиги халъатини кийди... Унинг икки ғуломига эса қора (чакмон) бердилар, ҳожиблик учун». «Ҳожиб Бадр ва ҳожиб Эртегинларга иккита қимматбаҳо халъат бердилар. Бадрга улуғ ҳожиблик (халъати), Эртегинга эса ғуломлар бошлиғи (халъати) берилди». Ҳожиблар бир вақтнинг ўзида шиҳна ё сипоҳсалор мансабига эга бўлганларини ҳам эслатиб ўтиш жоиздир. (Ҳожиблар одатда қора чакмон ва икки учли кулоҳ кийиб юрганлар.)
Даргоҳ фаолиятида сипоҳдор (сарой хизматчиси), давотдор (олий ҳукмдор шахсий ҳужжатлари, ёзув-чизуви билан боғлиқ ишларга бош-қош хизматчи), пардадор (маҳрам, сир сақловчи, пинҳона вазифаларни бажарув-чи), мартабадор (саройдаги ўрта даражадаги амалдор), фаррош (саройдаги кичик хизматчилардан), хазиначи, жомахона (кийим-кечак сақланувчи хона) бошлиғи каби мансаб ва хизматларнинг ҳам ўз ўрни бўлган.
Девонлар (вазирликлар) ижроия идоралари бўл-ганлиги ўз-ўзидан тушунарли. Манбаларда бундай девонлардан бештасининг номи тилга олинади: Вазир девони, яъни бош вазир девони; ҳарбий ишлар девони; дипломатик ва бошқа расмий тадбирлар, ҳужжатларни расмийлаштириш, тузиш девони; хисоб-китоб, яъни молия девони; почта-хабар девони. Мазкур девонларнинг вазифалари ҳақида илгари ҳам сўз юритганимиз учун бу борада яна тўхталиб ўтирмаймиз. Гарчи манбаларда мушрифлик (давлат назорати), мухтасиблик девонлари тилга олинмаса-да, аммо жойларда шундай хизматлар мавжудлигидан уларнинг марказий девонлари ҳам бўлган, деган хулоса чиқади (масалан, шаҳар мушрифи, вилоят мушрифи мансаблари бўлганлиги аниқ).
Вилоят бошлиғини волий деганлар ва уни олий ҳукмдор тайинлаган. Вилоят ижроия бошқарув ишларини амид олиб борган. Шаҳар бошлиғини раис деб атаганлар. Шаҳар миқёсида шиҳна, кутвол (қалъа ко-менданти), соҳиби девон (маъмурий бошқарувчи) каби амалдорлар ҳам фаолият кўрсатганлар.
Биламизки, ғазнавийлар, айниқса, Маҳмуд даврида қудратли қўшинга эга бўлганлар. Олий қўмондонлик ҳукмдорнинг ўз ихтиёрида бўлганлиги табиий. Бош қўмондонликка (сипоҳсалор) эса сулоланинг энг ишончли, асосан, шу хонадон намояндаси тайинланган. Масалан, Маҳмуд бундай мансабга укаси Муҳаммад Юсуфни лойиқ топган. Юқори даражадаги ҳарбий лашкарбошилар салор, ўрта даражадагилари сарҳанг дейилиб, охиргилари ҳайлларга (бир неча ўн отлиқларга) бошчилик қилганлар. Ҳарбийлар ўз почта, қозилик хизматларига эга эдилар. Ғазнавийларнинг ҳам сара-ланган жанговор қисмлари (гвардия) бор эди, аммо улар тўғридан-тўғри даргоҳ ихтиёрида бўлган.
Ғазнавийларнинг ташқи алоқалари масаласида икки нарсага эътибор бериш лозим: уларнинг минтақа ҳудудидаги муносабатлари ва минтақадан ташқаридаги ало-қалари. Ғазнавийларни минтақанинг Мовароуннаҳр, Фарғона, Еттисув, Шарқий Туркистон қисмларида ҳукмрон бўлган қорахонийлар билан муносабатлари ҳақида юқорида бир қадар тўхталиб ўтгандик. 1001 йилги Маҳмуд Ғазнавий ва Наср Қорахоний ўртасидаги келишувга биноан Амударё икки томон манфаатларини ажратиб турувчи чегара ҳисобланган.
Гарчи бу аҳднома кейинчалик бир неча марта (асосан қорахонийлар томонидан) бузилиб турган бўлса-да, умуман олганда, дарё икки томон учун чегара бўлиб қолаверган. Бунинг сабабини қуйидагича тушунтириш мумкин. Ғазнавийлар учун худди ўзлари каби кучга тўлиб турган қорахонийлар билан муносабатларни кескинлаштиришдан кўра Хоразм ва Шимолий Ҳиндистонни бўйсундириш ҳам реал, ҳам моддий жиҳатдан анча нафли эди. Буни шундан ҳам билиб олса бўладики, Маҳмуднинг ўзи Шимолий Ҳиндистонга бир неча марта ҳарбий юриш уюштирган, Хоразмни бўйсундирган (1017 йили). Шу маънода Маҳмуд узоқни ўйлайдиган, минтақадаги умумий сиёсий вазиятни яхши биладиган сиёсатчи сифатида гавдаланади. Ҳам ҳудудий, ҳам сиёсий-ҳарбий, иқтисодий жиҳатлардан ўзига яраша қудратта эга бўлган қорахонийлар билан бирданига кескин сиёсат юргизиш калтабинлик бўларди. Шимолий Ҳиндистонда, кейинчалик Хоразмда эришилган сиёсий-ҳарбий ютуқлардан сўнг эса ғазнавийлар қорахонийлар билан нафақат тенгма-тенг рақобатлаша оладиган, балки улардан устунроқ мавқега ҳам етишадилар.


Салжуқийлар билан муносабатда ҳам Маҳмуд узоқни кўзлаб иш тутади. Гарчи бу вақтда салжуқийлар етуклик даражасидан йироқ бўлсалар-да, лекин умуман жиддий ҳарбий куч сифатида Хуросонга хавф туғдиришлари мумкин эди. Айниқса, Маҳмуднинг Шимолий Ҳиндистонга уюштирган юришлари чоғида бундай хавф воқеликка айланиши эҳтимолга яқин бўлган. Шунинг учун ҳам у 1025 йили турк-ўғиз уруғларидан бир қисмига (тўрт минг чодир) Хуросондан манзил беради. Кейинчалик Масъуд даврида улар кучайиб, ғазнавийларга қақшатқич зарба берадилар.
Шимолий Ҳиндистон билан алоқаларга келсак, совет тарихшунослигида бу ўлкага нисбатан ғазнавийлар тутган сиёсат босқинчилик, ўлжапарастлик, талон-торожлик хатти-ҳаракатлари орқали тушунтириб келинган. Фикримизча, бундай ёндашув кўп ҳам тўғри эмас. Чунки Шимолий Ҳиндистон, биринчидан, ўз даврида минтақанинг тарихий таркибий қисми бўлган. Иккин-чидан, марказлари Ғазна бўлган ғазнавийлар учун Шимолий Ҳиндистон қўшни ўлка бўлгани табиий. Хуросон ё Сейистонга нисбатан уларнинг интилишлари ва умуман сиёсатлари қанчалик табиий бўлса, Шимолий Ҳиндистонга нисбатан ҳам шундай эди. Учинчидан, ғазнавийлар таъсир доирасида бўлган Шимолий Ҳиндистондаги маҳаллий сулолалар, сиёсий кучларнинг мустақилликка интилишлари, уларга қарши курашиш, қаршилик кўрсатишлари ҳам оддий ҳол бўлган. Шуларни назарда тутган ҳолда ғазнавийларнинг Хоразм ё Шимолий Ҳиндистонга ҳарбий юришларини ўша давр сиёсий, иқтисодий, халқаро муносабатлари орқали ба-ҳолаш мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, биз ҳар до-имдагидек тўкилган қон ва кўрилган талафотларни оқлай олмаймиз.
Ғазнавийларнинг минтақадан ташқаридаги алоқалари ҳақида сўз кетса, Араб халифалиги билан муносабатлар тўғрисида тўхталишга тўғри келади. Ғазнавийлар шу замонга келиб илгариги қудратини йўқотган халифалик ҳурматини ўрнига қўйишга ҳаракат қилганлар. Зеро, бу уларнинг манфаатларига мос келар эди. Яъни, биринчидан, Араб халифалиги шунчалар заиф эдики, минтақадаги бирон-бир сиёсий сулола (масалан, қорахонийлар, хоразмшоҳпар ва ғазнавийларнииг ўзлари ҳам) уни реал қудрат сифатида тан олмасди. Демак, халифалик томонидан ғазнавийларга қарши ҳарбий хавф-хатар йўқ эди. Аксинча, Масъуднинг тили билан айтганда, «Агарда халифалик даргоҳига ҳурматимиз бўлмаганда эди, иочор Бағдодга отланиб ҳаж йўлини холи қилиб қўярдик... Агар отамиз қазо қилмай, Хуросонга қайтишга мажбур бўлмаганимизда, албатта, бугун Миср ва Шомда (ҳам ҳукмрон) бўлардик». Иккинчидан, минтақанинг ўзида ҳам ғазнавийларнинг рақиблари етарли эди. Яна бир, ҳатто заиф, аммо очиқдан-очиқ душман орттириш ортиқчалиги тушунарли. Учинчидан, Араб халифалигининг минтақага қўли етмаса ҳам, «тили» етарди. Яъни минтақадаги сиёсий кучларни бир-бирига гиж-гижлаш, фисқу-фасод уруғларини со-чиш унинг сиёсатига айланиб қолганини биз сомонийлар даврида ҳам кўргандик. Ғазнавийлар эса халифаликка «ҳурмат» билан қараб, ўзларига нисбатан ҳар қандай бузғунчилик ҳаракатларини бартараф этдилар ва ҳатто ундан рақибларига қарши фойдаланиш имко-нини ҳам четта суриб кўймадилар.
Ташқи алоқалар ҳақида сўзни хорижий меҳмонлар-ни қабул қилиш маросимига оид қуйидаги лавҳа билан тугалласак. Баён 1032 йилда Масъуднинг Араб халифалигининг олиймақом элчисини қабул қилиши ҳақида. «Тонг ёриша бошлаган замон тўрт минг сарой ғуломи (яъни гвардия) амирлик саройининг икки тарафидан бир неча қатор бўлиб саф тортдилар. (Шундан) икки минг нафари икки учли кулоҳ (кийиб) ва ўнта попуги (осилиб турган) камар (тақиб) олгандилар. Ҳар бир ғулом кумуш гурзи (тутиб турарди). Қолган икки минг (ғулом) тўртта пар қадалган кулоҳда эдилар. Белларидаги камарга ўқдон, қилич, камонни тутиб турувчи қайиш маҳкамланган, ҳар бир ғуломнинг қўлида камон ва учтадан ўқ. Барча (тўрт минг ғулом) қимматбаҳо нафис ипакликдан (тикилган) чакмонда эди. Хос ғуломлардан уч юзтаси амир (яъни олий ҳукмдор) ўтирган супа яқинида ҳар томондан саф тортиб гурардилар. Уларнинг кийимлари янада кўркам (бўлиб) (бошларида) икки учли кулоҳ, камарлари зардан, гур-зилари ҳам заррин. (Ораларидан) бир неча кишининг камарлари жавоҳирлар билан безатилганди. Яна эллик-олтмиш нафар (ғулом) нарироқда Дилмон саройи ўртасида қалқон бўлиб турардилар. Даргоҳ улуғлари, вилоятлар волийлари, ҳожиблар — барчаси икки учли кулоҳда, зар камарлар тақиб олганлар. Сарой ташқарисида мартабадорлар турардилар. Филларнинг сони ҳам кўп эди. Лашкар эса шай бўлиб, қимматбаҳо нафис ипаклик кийимда, соябонлар (остида), (ҳар бир қисм) ўз қурол-яроғи, белгилари билан бир-бирларига қара-ма-қарши томонларга сафлангандилар, (худди) шулар орасидан элчи ўтиши керак эди. Элчини бошловчи безатилган отларни олиб кўпчилик ҳамроҳлигида (ташқарига қараб) юради. (У ерда) элчини отга миндирадилар. (Сўнг) уни бошлаб келдилар. (Шунда) бурғу, катта-кичик ноғоралар овози янграб кетдики, гўё қиёмат куни келгандай (дейсан киши). Элчини ана шундай улуғвор такаллуф билан кузатиб бордилар. Бундай (қабул маросимини) у умрида кўрмаганди. Ғоятда ҳайратга тушган ҳолда у кўшкка қадам қўйди. Амир (яъни олий ҳукмдор — А. 3.), Оллоҳ ундан рози бўлсин, супа олдида тахтда ўлтирарди. Халифа элчиси салом берди. У қора (кийимда) эди. Жавобни улуғ хожа Аҳмад Ҳасан берди. Амир ёнида ундан бўлак ҳеч кимса ўлтирмаганди. Қолган барча тик турарди. Ҳожиб Абу Наср элчининг тирсагидан тутиб ўлтиришга ундади...».
Ғазнавийларнинг минтақа маданий ҳаётида тутган роли ҳақида гапирарканмиз, XI аср фан ва маданияти тараққиёти ва оламшумул ютуқларида улар ҳукмфармо бўлган макон ва замоннинг ўрни катта бўлган. Албатта, бунинг сабабини энг аввало минтақанинг анъанавий фан ва маданият ўчоғи бўлиб келганлиги билан боғлаш мумкин. Шу билан бирга фикримизча, бунда ғазнавийлар сулбласи намояндаларининг мазкур соҳага бўлган муносабатлари, шахсий имкониятлари омиди ҳам камўрин тутмаган. Чунончи, Маҳмуд Ғазнавий она тилиси туркийдан ташқари форс, араб, ҳатто паҳлавий тилларини ҳам мукаммал билган, шеър битган. Шунинг учун ҳам бўлса керак Маҳмуд ва умуман ғазнавийлар ҳукмронлик қилган марказлар ўз даврининг маданий муҳитида энг олдинги ўринларда турганлар. Фаррухий, Унсурий, Манучеҳрий, Утбий, Гардизий, Байҳакий, Носир Хисрав каби машҳур шоирлар, тарихчилар, олимлар ғазнавийлар ҳомийлигида фаолият кўрсатганлар. Буюк аждодимиз Абу Райҳон Беруний ҳам ғазнавийлар саройида илм билан шуғулланиб ўзининг кўплаб машҳур асарларини, жумладан, «Ҳиндистон», «Геодезия», «Хоразмнинг машҳур кишилари», «Масъуд қонуни», «Минералогия», «Сайдана»ни Ғазнада ёзган.

Ғазнавийлар билан яна бир машҳур маданият арбобининг номи боғлиқ. Сўз Абулқосим Фардавсий ҳақида. Форс адабиётининг даҳо шоирларидан ҳисобланмиш Фирдавсий ҳаммага маълум «Шоҳнома» асарини ўттиз йилдан ортиқ вақт ичида ёзиб тугатиб, ўша замон тартиб-қоидаларига кўра давр султони Маҳмудга тақдим этади. Маҳмуд бу улкан шеърий асар (60 мингдан зиёд байтдан иборат) учун таомилга кўра шоирни тақдирлаши ва ҳурматини ўрнига қўйиши керак эди. Аммо у бундай қилмайди. Баъзи бир адабиётларда бунинг учун Маҳмудни қоралаш қонун тусига кириб қолганлигини назарда тутиб, бу масалага равшанлик киритишга ҳаракат қилайлик. Фирдавсий ўз халқи фарзанди ва куйчиси сифатида табиий равишда Эронзамин ва эрон халқини мадҳ этади. Ва бунда эронликларнинг тарихи ва фазилатлари (донолиги, шижоати ва ҳоказо) масаласини ёритишда уларга туронликларни қарши қўяди. Бугунги кун тили билан айтганда асарда туронликлар салбий «қаҳрамонлар» сифатида гавдаланадилар. Туркийнасаб ҳукмдор сифатида Маҳмуд буни қабул қилолмаслиги табиий эди. Қайси ҳукмдор ўз халқига қарши руҳда битилган асарни тақдирлаган? Бундайи йўқ. Шунинг учун бу борада Маҳмудни айблаш тарихий ҳақиқатга ва умуман мантиққа зиддир.
Ғазнавийлар даврида қурилиш, маърифий ишларга ҳам катта эътибор берилгани маълум. Ғазна, Балх, Нишопур, Шимолий Ҳиндистон шаҳарларида мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар, саройлар кўплаб қурилгани манбаларда ўз аксини топган. Мадрасаларда турли соҳадаги фанлардан дарс берилган, илми толиблар учун ўз замонасида бой ҳисобланган кутубхоналар эшиги доимо очиқ бўлган.

Азамат Зиё

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин