Саналар
21.04.2018
Баннер
Қорахонийлар
PDF Босма E-mail

Сомонийларнинг куч-қудрат ва шон-шуҳратга тўлган даврлари IX аср охирларида бошланиб, у қандай кечганини биз юқорида кўриб ўтдик. Улар, айтиб ўтилганидек, минтақалик бошқа бир сиёсий куч — қорахонийлар билан курашга дош беролмай инқирозга юз тутганлар. Совет даври тарихшунослигида сомонийлар ва қорахонийлар ўртасида кечган табиий рақобатни «Мовароуннаҳр ва турклараро зиддият», «туркларнинг Мовароуннаҳрга бостириб кириши» тарзида кўрсатиш ҳоллри ҳам бўлган. Бунинг сабаби тўғридан-тўғри Россия империясини коммунистлар бошқарган даврдаги салтанатпарастлик мақсадлари билан боғлиқ бўлиб, большевиклар ҳукмронлиги даврида минтақада ўтказилган «маъмурий бўлиниш»ни (аслида парчалашни) ҳамда ўзбекларни икки дарё оралиғига келгинди қилиб кўрсатишни тарихан исботлашга уриниш ва омма онгига  сингдириш эди, холос.
Аслида эса илгарилари ҳам кўп марта бўлганидек, X асрнинг иккинчи ярмига келиб минтақанинг Еттисув қисмида ўзи шаклланган макондан кўра ҳам кенгроқ миқёсда сиёсий фаолият кўрсатиш имкони ва қудратига эга бўлган янги сиёсий куч майдонга чиқади. Биз уларни қорахонийлар номи остида биламиз.
Шу ўринда қорахонийлар сулоласининг келиб чиқиши масаласига доир савол туғилади. Илмий доираларда мазкур масалага ҳалигача узил-кесил нуқта қўйилганича йўқ. Қорахонийлар фаолияти минтақамизнинг Еттисув, Марказий Тантритоғ ҳудудида қадимдан яшаб келаётган туркий тилли кавмларнинг сиёсий, иктисодий, маданий, маънавий муносабатлари муҳитида шаклланганлиги аниқ бўлгани ҳолда, мазкур сулола тўғридан-тўғри қайси бир қабилага тегишли экани масаласи ҳамон баҳсталаб бўлиб келмоқда. Бу фан учун табиий ҳол, албатта. Биз учун эса асосий вазифа ўзбек давлатчилиги тарихида қорахонийлар сулоласи тутган ўринни кўрсатиб беришдан иборатдир.
Икки оғиз сўз «қорахон» атамаси тўғрисида. Бу ерда «хон» маълум тушунча, яъни «ҳукмдор». «Қора»нинг (аслида эса «Қаро») бир неча маънода қўлланилишини таъкидлаган ҳолда, биз кўраётган мисолда «буюк», «улуғ» тушунчасини беради, десак хато бўлмайди, яъни «Буюк хон», «Улуғ хон».
Шундай қилиб, X аср иккинчи ярми давомидаги саъй-ҳаракатлар натижасида қорахонийлар шарқий йўналишда Балхаш кўли — Черчен дарёсигача (Шарқий Туркистон) бўлган ерларни бўйсундиришга муваффақ бўлиб, ғарбий йўналишда эса Исфижоб, Ўзганд, Мурғоб дарёси қуйи оқимларигача бўлган ҳудудларни ўз таъсир доираларига киритиб оладилар. Ҳарбий-сиёсий мавқеларини мустаҳкамлаб ва кенгайтириб бораётган қорахонийлар учун энди янада ғарбга силжиб Самарқанд, Бухоро вилоятларини ҳам бўйсундиришга ҳаракат қилиш табиий эди. Зеро, уларнинг минтақадаги шу вақтдаги асосий сиёсий рақиблари бўлмиш сомонийлар сиёсий маркази худди шу маконда жойлашганди. Мазкур мақсад йўлидаги биринчи уриниш 992 йили рўй беради. Шу йили қорахоний Буғрохон сомоний Нух ибн Мансур (976—997) билан жангда ғолиб келиб Бухорони ишғол қилишга муваффақ бўлади. Аммо бу ютуқ вақтинчалик бўлиб тез орада Буғрохон орқага қайтиб кетишга мажбур бўлади. Фақат 999 йилга келибгина қорахонийлар яна бир бор Бухорони забт этишга муваффақ бўладилар. Манбаларда ёзилишича, бу галги уринишда деярли қийинчилик бўлмаган. Оддий халқ томонидан эса қорахонийларнинг Бухорони эгаллашлари бир сулола ўрнига иккинчи бир сулола келиши қабилида қабул этилган. Гарчи ўрта аср тарихчилари бунинг сабабини ҳар икки сулоланинг бир динга мансублиги орқали тушунтирсаларда, буни инкор этмаган ҳолда минтақанинг Бухоро, Самарқанд каби шаҳар ва вилоятлари учун Еттисув, Шарқий Туркистон ҳудудлари ҳам тарихий-маданий бирлик жиҳатидан бегона эмаслиги бош сабаблардан бўлган, деб ҳисоблаш тўғрироқ бўларди. Хуллас, 1005 йили сомонийлар сиёсий саҳнадан бутунлай тушиб кетдилар ва шу вақтдан бошлаб қорахонийлар энди Бухоро, Самарқанд ва умуман Амударёгача бўлган ҳудудларни ҳам бошқара бошлаганлар. Бошқача қилиб айтганда, XI аср бошларида Туркистон бир қанча сиёсий кучлар томонидан идора этилган. Шарқий Туркистон, Тошкент, Исфижоб, Фарғона, Самарканд, Бухоро, Чагониён, Хутталон вилоятлари қорахониилар, Амударёнинг чап соҳилидаги ерлар то Ғазнагача, Хуросон, Сейистон вилоятлари ғазнавийлар, Хоразм эса хоразмшоҳлар, Орол денгизидан шарқ ва шимолдаги ерлар ўғизлар иттифоқи юмонидан бошқарилар эди. Албатта, биз бу ҳолни ижобий бир ҳол деб баҳолай олмаймиз. Зеро, ягона мамлакат ва улкан минтақанинг бир қанча сиёсий маконларга бўлиниши, унинг ички ва ташқи хавфсизлигига путур етказиши, сиёсий қучлараро зиддиятлар келиб чиқишига олиб келиши турган гап эди. Худди шундай бўлди ҳам. Масалан, 1008 йили қорахонийлар ва ғазнавийлар ўртасида ҳарбий тўқнашув юз беради (Балх атрофида). Шуниси қизиқки, ўз вақтида, яъни сомонийлар сулоласи хукмронлиги йилларида қорахонийлар ва ғазнавийлар ўзаро яқинлашув сиёсатини тутган эдилар. Буни сиёсий манфаатлар орқали тушунтириш мумкин.
XI асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб эса қорахонийлар шу юз йилликнинг 40-йилларидан буён кучга кира бошлаган бошқа бир туркий тилли сулола—салжуқийлар билан кескин муносабатда бўла бошлайдилар. Маълумки, салжуқийлар XI асрнинг 40 йили ғазнавийларни мағлубиятга учратиб, 50-йиллардан эса Хуросондан Бағдодгача бўлган ҳудудни ўзларига бўйсундиришга эришган эдилар. Минтақада ҳукмронликка интилиш борасидаги бу икки сулола ўртасидаги курашнинг амалий кўриниши сифатида 1089 йил воқеаларини келтириш мумкин. Чунончи, ўша йили салжуқий ҳукмдор Маликшоҳ (1072—1092) Бухоро, Самарқанд, Ўзганд каби шаҳарларда ўз сиёсий ҳукмини ўрнатиб, қорахонийларга қаттиқ зарба беришга муваффақ бўлади. Гарчи тез орада қорахонийлар ўз мавқеларини қайта тиклашга муваффақ бўлсалар-да, аммо 1130 йили бошқа бир салжуқий ҳукмдор султон Санжар (1118—1157) томонидан Самарқанднинг ишғол қилиниши қорахонийларнинг жиддий ҳарбий-сиёсий куч сифатида бундан буёнги тақдирларини ҳал этди, деса бўлади. Чунки энди салжуқийлар Самарқанд тахтига қорахонийлардан кимни ўтқазиш ё ўтқазмасликни тўғридан-тўғри ўзлари ҳал қилардилар. Яъни қорахонийлар сиёсий куч сифатида бутунлай йўққа чиқмасдан, салжуқийларнинг иродаси доирасида фаолият кўрсатар эдилар. Кўп ҳам ўтмасдан — 1137 йили қорахонийлар шарқдан келган бошқа янги сиёсий куч — қорахитойлар (киданлар) томонидан Хўжанд атрофида юз берган урушда мағлубиятга учрайдилар. Қорахитойлар қудрати нечоғлик бўлганини шундан ҳам билиб олса бўладики, 1141 йили улар энди қорахонийлар ва салжуқийларнинг бирлашган лашкарларига ҳам зарба беришга муваффақ бўладилар. Қизиғи шу ердаки, қорахитойлар ҳам қорахонийларни сиёсий сулола сифатида бутунлай йўқ қилиб ташламай, аксинча, уларни ўз қарамликларида тутиб қоладилар. Қорахонийлар фаолиятига чек қўйиш эса 1213 йилга келиб юз беради. Буни хоразмшоҳ Султон Муҳаммад (1200—1220) амалга оширади.
Қорахонийлар даври бошқарув тизими масаласига тўхталиб ўтсак. Совет тарихшунослиги мазкур сулоланинг минтақадаги сиёсий ҳокимияти ва бошқарув усули ҳақида сўз борганда, қорахонийлар сомонийларнинг ўрнини олишлари билан марказлашган давлат тизимига зарба берилди, бошқарувда мулкчилик (яъни қўл остида вилоятларни сулола намояндаларига бўлиб бериш) шакли жорий қилинди, қабилидаги ақидани илгари сурган. Ваҳоланки, бошқарув шакли жамият ижтимоий-сиёсии, иқгисодий ҳаёти, талаблари, вазифалари мазмуни билан боғлиқлиги назардан четда қолдирилган. Чунончи, асли Еттисув вилоятида юксалишни бошлаган қорахонийлар, юқорида таъкидланганидек, жануб, ғарб йўналишларида ўз ҳукмронлик доираларини кенгайтириб боргаанлар ва бунинг натижасида Черчен дарёсидан Хоразмгача бўлган ҳудудни бошқара бошлаганлар. Сиёсий марказ сифатида эса юксалишлари бошланган ўз тарихий маконларидаги катта шаҳарлардан бўлмиш Болосоғун ва писбатан ундан узоқда бўлмаган Кошғарни танлаганлар. Демак, асосий сиёсий марказ шу ҳудудда мужассамлашган. Бухоро, Самарқанд, Чағониён, Фарғона ва бошқалар табиий равишда янги сиёсий марказга нисбатан вилоят (мулк) ўрнида бўлган. Гарчи кўп жиҳатлардан Самарқанд ва Бухоро тараққиётда Болосоғун ва Кошғардан анча юқори бўлса-да, аммо худди шу даврдаги сиёсий вазиятга кўра, бошқарув маркази минтақанинг Еттисув, Шарқий Туркистон қисмига кўчиб қолганди. Ана шу «табиий» сабабларга кўра, анъанавий равишда қадимдан марказ ролини ўтаб келган Бухоро ва Самарқанд эндиги сиёсий мавқеига кўра вилоят (мулк) даражасига тушиб қолишларига тўғри келган. Шу билан бирга уларнинг иқтисодий, маданий ва, айниқса, сиёсий имконлари шу қадар юқори бўлганки, кўриб чиқилганидек, Самарқанд, Бухородаги сиёсий ўзгаришлар қорахонийлар сулоласи мавқеида катта аҳамият касб этган. Иккинчи томондан, сомонийлар даврида ҳам бир қанча вилоятлар (масалан, Хоразм, Сейистон, Ғазна, Чағониён ва бошқалар) марказдан фарқли ўлароқ мустақил сиёсат юритишга ҳаракат қилганлари ҳам маълум. Демак, сомонийлар давридан кейинги сиёсий-географик ўзгаришларга сабаб бўлган қорахонийлар ҳукмронлик ва бошқарув тизимида шу ўзгаришларга яраша баъзи янгиликлар бўлиши табиий эди. Аммо юқорида таъкидланганидек, бошқарув тизимининг шакли сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий омиллар билан боғлиқ бўлгани учун ҳам қорахонийлар даврида сомонийлар вақтида мавжуд бўлган бошқарув тизимининг асосий мазмуни сақланиб қолган. Аслида бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки аввалдан шаклланиб келган ва объектив тараққиёт натижаси ўлароқ юзага келган бошқарув анъаналаридан қорахонийлар юз ўгира олмасдилар.


Марказдаги бошқарув тизими икки идора: даргоҳ ва кноплардан иборат бўлган. Олий ҳукмдор ўзига тобе бўлган вилоят ва шаҳарларга ҳукмдор сулола намояндаларини тайинлаб, бу билан, табиий равишда, бутун мамлакат узра ўз сиёсатини юргизишни мақсад қилиб қўйган. Вилоят (мулк) ҳукмдорлари илиг унвонига эга бўлганлар. Бироқ, илгарилари ҳам кўрганимиздек, вилоятлар марказдан фарқли мустақил сиёсат юритишга ҳам интилганлар. Бу ўз ўрнида ички низоларга сабаб бўлиб, XI асрнинг учинчи чорагида қорахонийлар сиёсий бирлиги иккига: ғарбий ва шарқий хоқонликларга бўлиниб кетади. Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган қорахонийлар намояндалари бундан буён марказга бўйсунишдан бош тортиб, мустақил сиёсат юргиза бошлаганлар. Шарқий вилоятларда (Еттисув, Шарқий Туркистон) жойлашган сиёсий марказ эса уларни бўйсундиришга ожиз бўлган. Аммо ҳам ғарб, ҳам шарқ бир сиёсий хонадоннинг турли намояндалари орқали бошқариб борилаверган.
Ғарбий хоқонликда (Самарқанд, Бухоро, Хутталон, Чағониён) сомонийлар даврида мавжуд бўлган бошқарув тизими (бош вазир, молия ишлари, давлат расмий ҳужжатларини ишлаб чиқиш, соқчилар бошлиғи, хат-хабарлар, сарой иш бошқарувчиси, мухтасиб, вақфлар, қозилик ишлари девонлари) сақланиб қолгани маълум. Шунингдек вилоят бошлиқларини ҳоким, шаҳар бошлиғини раис деб аташ расми ҳам ўзгармаган.
Ҳар қандай давлатчиликда бўлгани каби қорахо-нийлар даврида ҳам марказдаги (даргоҳдаги) бошқарув тизимига катта эътибор берилган. Бунда даргоҳ, яъни олий ҳукмдор билан вилоятлар, фуқаролар ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштириб турувчи ҳожиблар фаолияти алоҳида ўрин тутган. Сомонийлардан фарқли ўлароқ қорахонийлар даврида ҳожиблар, асосан, олий ҳукмдор, вилоят ҳокимларининг давлат ва раиййат ишлари бўйича энг яқин маслаҳатчилари ҳисобланганлар. Бунинг исботини шундан ҳам билиб олиш мумкинки, машҳур мутафаккир ва шоир Юсуф Хос Ҳожиб (тахминан 1020 йилларда туғилган) қорахоний Тамғоч Қора Буғрохон (1074—1102/1103) эътиборини қозониб, хос ҳожиб унвонини олган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ёзган: «Хос ҳожиб унвони лойиқ билди у (яъни Буғрохон), Ўзига энг яқин одам қилди у». Ҳудди шундай унвонга Маҳмуд Кошғарий (XI) ҳам муносиб кўрилгани маълум.
Даргоҳ фаолиятини тегишли даражада тутиб туришда сарой ишлари бошқарувчиси, ҳозирда биз протокол юмушлари деб билувчи, меҳмонларни қабул қилиш хизмати (унинг бошлиғи «Бирук» деб аталиб, бу атаманинг «Буйруқ» билан боғлиқлигини эҳтимол қилиш мумкин), хазиначи (ағичи), ошхона мутасаддиси (ошчи), шарбатдор, ётоқ, кийим-кечак билан таъминловчи хизмат, ов уюштириш хизмати (қушчи) ва бошқаларнинг ҳар бирининг ўз ўрни бўлган.
Олий ҳукмдорнинг хавфсизлигини таъминлаш, унинг сиёсати йўлида содиқона хизмат қилиш вазифаси бўлган махсус сараланган ҳарбий қисм (гвардия) ҳам даргоҳ бошқарув тизимига кирган. Албатта, гвардиядан ташқари ҳарбий қўшин ҳам мавжуд эди. Ундаги энг муҳим лашкарбошилик ва бошқарув мансабларига қорахонийлар сулоласи намояндалари ҳамда содиқлигига шубҳа булмаган лашкарбошилар тайинланган. Агар қўшиндаги бошқарув тизимига назар ташланса, шу нарса аёнлашадики, йирик лашкарбошилардан гашқари кичик офицерлар (човуш), отлиқлар сардори (ҳайлбоши), юзбоши, мингбоши каби ҳарбий мансаблар ҳам мавжуд бўлган. .
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, бир вақтнинг ўзида минтақада бир неча ўзига яраша қудратли сиёсий кучларнинг фаолият кўрсатиши ва бундан ташқари қорахонийлар сулоласидаги ички келишмовчиликлар даргоҳнинг ташқи ишлар (дипломатия) масаласига жиддийлик билан қарашига сабаб бўлган. Буни Юсуф Хос Ҳожибнинг «Кутадғу билиг» асарида келтирилган маълумотлар орқали ҳам билишимиз мумкин. Ташқи сиёсат билан шуғулланувчи мансабдорларга, хусусан, элчилар олдига жуда катта талаблар қўйилган, яъни улар «билимли, ўқувли, етук, шерюрак, кўзи тўқ, уят-андишали» бўлишлари керак бўлган. Талаблар ичида шундайлари ҳам бор: астрономия, математика, геодезия илмларини мукаммал билиш, шахмат ва нардни рақибларидан устун даражада ўйнаш, ҳарбий санъатда беназир бўлиш ва ҳеч қачон май ичмаслик, сўз, ибораларнинг тўғри ва кўчма маъноларини пухта билиш.
Иқтисодий муносабатлар тўғрисида сўз кетаркан, шуни айтиш керакки, қорахонийлар даврида ҳам деҳқончилик ишлари ўз маромида кечган. Бунга, албатта, сунъий суғориш тизимларининг талаб даражасида ишлаб туриши, лозим бўлганда уларни таъмирлаш ишларинииг амалга оширилиши, ер ости, ер усти қувурларининг ўтказилиши, каналлар, сув омборлари, тўсиқларнинг бунёд этилиши ҳамда ўлкада, айниқса, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларида деҳқончилик анъанавий юқори даражада бўлганлиги орқали эришилган. Илгаригидек деҳқончиликнинг барча асосий турлари етиштириб борилгани ҳам маълум.
Тадқиқ этилаётган даврда кончиликдаги саъй-ҳаракатлар ҳам сусаймаган. Чунончи, Оҳангарон атрофида (Қорамозор) мис, кумуш, қўрғошин конлари, Фарғонада олтин, симоб, кумуш, темир, мис, феруза, навша-дил, нефть, купорос, қатрон, Нурота тоғларида олтин, мис, қўрғошин, симоб, мармар, Бухоро, Усрушонада олтин, нефть, феруза, темир конлари ишлаб турган.
Деҳқончилик ва тоғ-кон ишлаб чиқаришида фаоллик бошқа бир муҳим соҳа — ҳунармандчиликни ҳам жонлантириб тургани табиий, албатта. Шунинг учун темирчилик, кулолчилик, шишасозлик (ойнасозлик), заргарлик, тўқимачилик, кўнчилик каби ўттиздан ортиқ соҳалар ривожланиб борган. Масалан, шишасозликда шишадан ишланган буюмларга (ошхона буюмлари, жиҳозлари, безак-такинчоқлар, сиёҳдон, тувак ва бошқалар) турли рангда жило бериш расм бўлганини биламиз. Бу, албатта, ўз даври учун катта ютуқ. Бундан ташқари иморатларни безаш, жиҳозлашда шишасозликнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга ҳаракат қилинган. Чунончи, уларга ўрнатилган ойналар ҳам рангсиз, ҳам рангли бўлиши мумкин эди. Панжаралар оралиғига турли рангдаги шишалардан ўрнатиб, иморат кўркини очишга ҳаракат қилинганини ҳам эслатиб ўтиш жоиздир.
Тўқимачилик тўғрисида сўз юритилганда, аввало шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу борада Бухоро, Самарқанд вилоятлари пешқадамликни қўлдан бермаганлар. Пахтадан тўқилган турли хиддаги газламалар ҳам минтақада, ҳам хорижий ўлкаларда машҳур бўлган. Кўнчилик маҳсулотларидан эса манбаларда олмахон, собол ва бошқа ҳайвонлар терисидан пўстин (ичуқ), чармдан ишланган оёқ кийимлари (излик), туя ё қўй юнгидан тўқилган иссиқ кийим (қарс), гулдор наматлар ва бошқалар тилга олинади. Кўнчилиқда энг нозик ишлардан ҳисобланмиш мўйни тўктиришда арзутал номли аралашмадан фойдаланилганини Маҳмуд Кошғарий асаридан ҳам билиб олиш мумкин.

Бундан аввал ҳам кўрилганидек, деҳқончилик, ҳунармандчиликдаги бир текис равнақ савдо-сотиқ ишларини жадаллаштириб боришда муҳим аҳамият касб этган. Қорахонийлар даврига келиб Шарқий Туркистондан Хоразмгача бўлган катта худуднинг сиёсий жиҳатдан бирлашиши савдо-сотиқ ишларида минтақанинг шарқий вилоятлари имкониятларини юзага чиқариш шароитини яратиб берди. Чунончи, биз бугун «ипак йўли» деб биладиган савдо йўли тўғридан-тўғри Шарқий Туркистонни араб ўлкалари билан туташтириб турган. Ўз даврида шимолий ва жанубий йўналишларга эга бўлган бу йўлнинг бир учи Хитойдан бошланиб Шарқий Туркистон, Фарғона, Тошкент, Зарафшон во-дийси, Бухоро орқали шимолда Волга бўйлари воситасида Шарқий Европага, жанубда эса Ўрта Шарқ орқали Ўрта денгизгача борган. Йўл узра жойлашган шаҳар ва қишлоқларда бозорлар, карвонсаройлар таъмирлига ва орасталиги, умуман, савдогарларга хизмат кўрсатиб, шу орқали фойда кўриладиган турли хизматларни муҳайё этишга катта эътибор берилган. Мунтазам равишда турли ерларда савдо кўргазмалари уюштирилиб турилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Қорахонийлар давридаги қурилиш ишларига назар ташланса шу нарса аён бўладики, Бухорода Минораи калон, қатор масжидлар, Жарқўтон (Сурхондарё), Вобкентда миноралар, Ўзгандда мақбаралар, минора, масжидлар, Самарқандда мадрасалар бунёд этилган. Қорахоний ҳукмдорлар савоб ишлардан ҳам қочмаганликлари ҳақида маълумотлар бор. Чунончи, қорахоний Иброҳим ибн Наср 1066 йили Самарқанддаги бир шифохона ихтиёрига бутун иморатлари, расталари билан икки карвонсаройни тақдим (вақф) этган. Ҳужжатдан англашилишича, ана шу икки карвонсаройдан келадиган даромаддан касалларнинг озиқ-овқати, дори-дармони, табиблар, барча турдаги хизмат кўрсатувчиларни тегишли ) маош билан таъминлаш йўлида фойдаланилган. Бошқа ( бир ҳужжатда Самарқандда бунёд этилган мадраса мажмуини таъминлаш учун Иброҳим ибн Наср уч меҳмонхона, бир карвонсарой, бир эркаклар ҳаммоми, сув айиргич, узумзор, бир канча экин ерлари ва бошқалар-дан келадиган даромадни вақф қилиб бергани ҳақида гувоҳликлар мавжуд.
Қорахонийлар даврида ҳам кўплаб истеъдод эгалари юзага чиққан. Шулардан юқорида номлари тилга олинган Юсуф Хос Ҳожиб ва Маҳмуд Кошғарий ҳақида тухталиб ўтсак. Чуқур билим ва тафаккур эгаси Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» («Саодатнома») асари билан машҳурдир. Зеро, бу асарда давлатни бошқариш усули, қонун-қоидалари, сиёсати, мафкураси, ижтимоий гуруҳлараро муносабатлар, одоб-ахлоқ масалаларига оид ўз даври учун зарур ва фойдали, тарихан ўз аҳамиятини йўқотмовчи фикрлар илгари сурилган. Чунончи, у жамиятнинг тўрт устунини қуйидагича белгилаб бер-ган: АДОЛАТ, ДАВЛАТ, АҚЛУ ЗАКОВАТ, ҚАНОАТ. Диққатга сазовор томони шундаки, мана шу тўрт устун асосидаги жамият бахт-саодатини таъминлашда илм биринчи ўринга қўйилади: «Ўқув қайда бўлса, улуғлик бўлар, Билим қайда бўлса, буюклик бўлар». Ё бўлмаса, асарда келтирилган давлат-идора кишилари ҳақидаги фикрларни олайлик. Вазирлар оқил, довюрак, имонли, номусли бўлишлари керак. Беклар, яъни ҳокимлар эса билимли, етук, кўзи, кўнгли тўқ бўлмоғи даркор. Агар улар бузуқ феъл бўлсалар, замона ўқидан қочиб қути-лолмайдилар, улардан одамлар ҳам юз ўгиради, ғамга гирифтор бўладилар. Юсуф Хос Ҳожиб лашкарбошилар хусусида шундай дейди: «Олисдаги ёвнинг ваҳима-сидан кўрқма, аксинча, ундан яқиндан воқиф бўлиб тур, шунда унинг бор имконидан хабар топасан. Душман дағдаға қилиб дўқ қилса, бардошли бўл, чекинма (чунки у бу билан сени синамоғи мумкин)». «Қутадғу билиг»да олимлар, шоирлар, деҳқонлар, чорвадорлар, савдогарлар ҳақида, оила, фарзанд тарбиясига оид ҳик-матли фикрлар ҳам бир талай.
Маҳмуд Кошғарий ҳам ўзидан ажойиб ва бебаҳо мерос қолдирган. Бу унинг туркий тиллар ва маълум маънода туркий тилли халқлар ҳақидаги қомусий асари «Девону луғот ат-турк»дир. Асар Туркистон халқларининг тиллари тарихини ўрганишда, чунончи, ўша давр тили морфологияси, фонетикаси, лексикаси, этимоло-гиясини ўрганишда беназир манба ҳисобланади. Бундан ташқари, унда минтақа халқларининг этник тарихига оид ғоятда қимматли маълумотлар жамланган. Маълумки, туркий тилли халқлар ҳам сон жиҳатдан кўп, ҳам серқавм бўлиб келганлар. Улар ўртасидаги муносабатлар тарихини ёритишда «Девону луғот ат-турк»нинг аҳамияти катта. Бундан ташқари асарда давлатчилик, иқтисодий-ижтимоий муносабатлар, ҳунармандчилик, расм-русумлар, маданий ҳаётга тегишли маълумотлар ҳам кўп учрайди. Маҳмуд Кошғарий асарининг қимматли томонларидан яна бири унда муаллиф чизган дунё харитасининг мавжудлигидир. Харита доира шаклида ва унинг ҳар тарафдан сув билан ўралганидан далолат берувчи белгилар мавжуд. Харитада марказда Еттисув, Шарқий Туркистон ҳудуди жойлаштирилиб, унинг тўрт атроф йўналишида турли шаҳарлар, мамлакатлар, денгизлар, кўллар, дарёлар, тоғлар жойлашуви берилган. Умуман олганда, бу асар башарият маданий равнақи йўлини ўрганишда нодир манба хисобланади.
Демак, қорахонийлар сулоласи ўз фаолияти давоми-да ўлкамизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган сиёсий кучлардандир. Қорахонийлар қудратга тўлиб турган XI асрнинг биринчи ярмида минтақанинг Шарқий Туркистон ва Ғарбий Туркистон (Хоразмдан ташқари) қисмларини бир марказдан бошқариш имкони туғилган. Ва, аксинча, ички сулолавий қарама-қаршиликлар авж олганда ҳукмрон сиёсий куч заифлашиб ўлкада парчаланиш юз берган.

Азамат Зиё

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин