Саналар
03.07.2025
Баннер
Қўқон хонлигининг тугатилиши
PDF Босма E-mail


ХУДОЁРХОН ВА РОССИЯ ТАЖОВУЗИГА ҚАРШИ ХАЛҚ ҲАРАКАТЛАРИ

Рус давлати Бухоро ва Хива хонликларига қарши уруш олиб бораетган йиллари Қўқон хонлигида чуқур сиёсий ва ижтимоий иқтисодий инқироз ҳукм сурмоқда эди. Бу вақтларда хонлик ерларининг ярми Рус давлати томонидан босиб олинган бўлиб, унинг чегараси асосан Фарғона водийсидан иборат эди.

Аввалги саҳифаларда кўрсатилганидек, Худоёрхон сиёсий жиҳатдан ўта кўрлиги, қўрқоқлиги ва шахсиятпарастлиги орқасида русларнинг ҳам, халқнинг ҳам куз ўнгида ўз обрўсини тўккан эди. У қандай бўлмасин, тахтни сақлаб қолиш учун Рус давлатига таянишга, унга ўзини яхши кўрсатишга қаттиқ тиришди. У рус ҳукумати вакилларига содиқлиги ва ҳар қандай хизматга тайёрлиги ҳақида бирин кетин хатлар ёзиб турди. Ҳатто Россия билан хонликни бир давлат дейишгача борди. Масалан, у бу хусусда 1869 йил 18 апрелда Туркистон генералгубернаторлиги маъмуриятига шундай хат ёзган: «Сизлар томонга қочиб ўтган сарбоз Турсунқулов билан юборган самимий хатингизни олдим. Сизга нисбатан бўлган дўстлик туфайли мазкур сарбозни кечириб, сарпо кийгиздик ва хурсанд қилдик. Чунки у бегона давлатга эмас, балки Қўқон билан бир давлат — Россияга, яъни бир мамлакатга қочган».(ЦГВИА, ф. ВУА, д. 6814, л. 9.)
Демак, Худоёрхон ўз вақтида хоинлик қилиб, душман тарафига ўтган кишини афв этиб, бу билан Россияга содиқлигини изҳор этган. Айниқса, унинг «бир давлат» хақидаги гаплари Рус давлатининг итоаткор хизматкорига айланганидан далолат беради.
Туркистон генералгубернаторлиги маъмуриятининг Худоёрхонга юборган жавоб хатида унинг сўзларидан мамнун бўлганликлари уқдирилган (Ўша жойда, 10 бет.).
Худоёрхон Россия паноҳида тахтда утиришни ва айшу ишрат қилишни афзал кўрди. «У, — деб езган эди Ибрат, — Русиядан хотиржам бўлиб, вақтини ўйинкулгу билан ўтказуб, қуш солмоқ ва кўпкари чопмоқ йўлларинда бўлуб, уламо ва фузало насиҳатларига амал қилмай, жабру зулм тарафига ўтиб турганида, раияту халқ (ундан) юз ўгирди» (Исхоқхон Жунайдуллохожа уғли (Ибрат), Фарғона тарихи. Мерос, Т., 1991, 310 бет.)
Худоёрхон давлат манфаатлари ва тақдирини ўйламай, Россияга орқа қилиб, кўнглига нима келса, шуни қилаверган. Шу боисдан маҳаллий ва рус манбаларида хонни қораловчи маълумотлар серобдир. Уларда Худоёрхон тенги йўқ очкўз, молпараст, ута шафқатсиз ва золим сифатида тасвирланади. «Худоёрхон, — деб кўрсатилади манбада, — кўп бадавлат булиб, хотинларни кўпайтиришга ҳирс қўйган. Кайфу сафони, роҳатни ва тинчликни яхши кўрган. Халқнинг фойдасига иш юритмаган... Мамлакатнинг турли томонларида бир нечта боғларида гуллар орасида кайфу сафо қилиб етган, бедана, каклик ва хўрозларни уриштириш билан шуғулланган. Масхарабозлар ва ҳофизлар ҳамда маъносиз ўйинлар билан умрини ўтказган.
Молу дунёга ҳаддан зиеда ҳирс қўйган ва ўзининг хазинасини бойитиш учун кўп солиқлар солган» (Аҳмад Заки Валидий. «Худоёрхоннинг сунгги кунлари». УзФА Шарқшунослик институти, инвентар рақами 15743, 7—8бетлар.)
Худоёрхон давлат харажатларини камайтириб, шахсий бойлигини орттиришда ҳеч нарсадан тоймаган. Оқибатда маъмурият вакилларининг таъминоти ночор ҳолга тушиб қолган. Хон хоҳлаган ер, қишлоқ ва овулни тортиб олиб, ўз мулкига айлантирган. Унинг виждонсизлиги шу даражага борганки, ўз пири ва эшони Миён Соҳиб ҳазратнинг Шоҳойим исмли хотинини зўрлик билан хотинликка олган (Ўша жойда, 9 бет.)
Унинг ўзи «кўп ёмон табиатли киши бўлиб» ёқтирмаган кишиларини қаттиқ жазолаган ва халқнинг муҳаббатини қозонишни хаёлига ҳам келтирмаган. (Ўша жойда, Ўша бет)
«Худоёрхоннинг мана шундай ишлари ва разил ахлоқи халқ, беклар, сипоҳийлар, бойлар ва уламоларнинг норозилигини чақирган».
Худобрхон солиқ турларини кашф этишда ва уларни ундиришда тенги йўқ устаси фаранг бўлган. Масалан, бир боғ хашақдан, бир пиёла сутдан, ўнта тухумдан, масхарабозлардан, айиқ ўйнатувчилардан, дўкон қоровулларидан олинадиган ва бошқа хилмахил солиқларни кашф этган.
Худоёрхон барча нарсалардан солиқ тўплаб, катта бойлик орттирган. Бу ҳақда рус манбалари ҳам далолат беради: «Солиқлар олинадиган буюмларнинг турлари жуда кўп бўлиб, улар имкони борича барча нарсалардан олиниб, халқ том маънода шилинган. Ҳатто камбағаллар келтириб сотадиган қамиш, шохшабба, янтоқ ва шунга ўхшаш нарсалардан солиқлар ундирилган. Кейинги вақтларда тоғлардан ариқлар орқали оқиб келадиган сувларга ҳам солиқ солинган. Фақат нафас олинаётган ҳаводан солиқ олинмаган, холос. Бу ҳол хонга қарши норозиликнинг асосий омилларидан бири бўлган эди».

Худоёрхоннинг қаттиқ зулми ва адолатсизлиги, оғир иқтисодий ҳает ҳамда унинг Россиянинг хизматкорига айланиши халқ ғазабини қўзғатди. Шунинг учун хонга қарши халқ билан биргалиқда сарой ҳарбийлари ва амаддорлари, руҳоний ва савдо вакиллари ҳам бош кўтарди. Бунда ўзбеклар, қирғизлар ва тожиклар фаол қатнашиб, ватан хоини Худоёрхонга ва Рус давлатининг тажовузига қарши курашдилар. Бу ҳаракатнинг юзага келишида қирғиз Мулла Исҳоқ мулла Ҳасан ўғли ҳам муҳим ўрин эгаллаб, Пўлатхон номи билан шуҳрат қозонган эди. Мулла Исҳоқ тахминан 1844 йили туғилган. Унинг отаси Мулла Ҳасан ўқимишли киши бўлиб, Марғилондаги Оқмадрасада мударрислик қилган. Мулла Исҳоқ даставвал Қўқондаги Тунқаторда, сунгра отаси ҳузурида таълим олган. Бир неча йил ўтгач, яъни 1867 йили Фарғонадаги Сўхга келиб, ўз қабиладошларининг яйловида 2 йил яшаган, сўнгра Уҳндаги масжидда имомлик қилган. Кўп ўтмай у Андижон шаҳрига бориб, масжидларнинг бирида имомлик қилган. Айни бир пайтда тамаки савдоси билан шуғулланиб, Тошкентга қатнаб турган. Бу ерда Мулла Исҳоқ хонликнинг нуфузли кишиларидан бири қурамалик Абдумўмин оталиқ билан дўстлашиб, Тошкентга келади. Хонликнинг сиесий курашларида фаол қатнашган ва кўпни кўрган Абдумумин кўп воқеаларни гапириб бериб, Мулла Исҳоқнинг сиёсий онгини уйғотади. Бу вақтда, яъни 1872 йили Шердодхоҳ бошчилигидаги бир неча қирғизлар Самарқандга боришиб, Қўқон хони Олимхоннинг невараси Пўлатбекни тахтга ўтқазиш ҳақидаги мақсадларини баён этадилар. Бу ишни амалга оширишда қирғиз қабилалари бевосита ёрдам беришлари маълум қилинади. Аммо тахт учун курашларда буваси Олимхон ва отаси Иброҳимбек ўлдирилганлигини эсдан чиқармаган Пўлатбек таклифни қабул этмайди. Шундан кейин Шердодхоҳ Тошкентга келиб, Абдумўмин оталиқ хонадонида меҳмон бўлиб, Пўлатбекнинг рози бўлмаганлигини сўзлаганда Мулла Исҳоқ унинг номи билан тахт учун курашишни зиммасига олган. Шу равишда Мулла Исҳоқ Пўлатбек, яъни собиқ ҳукмдор Олимхоннинг невараси сифатида сиёсий курашга киришади. У халқнинг Худоёрхон зулми ва Рус давлатига қаршилигини яхши англаган ҳодда ҳаракат қилиб, Наманган уездининг шимолий қисмидаги, яъни Косон ва Нанай оралиғидаги Қутлуқ Саъид қабиласининг ёрдами билан атрофига 500 кишини туплайди. Шу равишда Пулатбек бошчилигидаги қўзғолон бошланган эди. Айтиб ўтиш лозимки, бу вақтгача Маъмир Мерганов бошчилигида Андижон уездида қирғизлар ва Маъмун Шоумурзоқов раҳбарлигида Чотқолда қўзғолонлар кўтарилган эди. Улар хон аскарлари томонидан бостирилган. Пўлатбек бошчилигидаги халқ ҳаракати ўша қўзғолонларнинг давоми эди.

Наманган шаҳрига Абдураҳмон офтобачи бошчилигидаги ҳукумат қўшини келганида Пўлатбек туқнашувдан қўрқиб, чекинишни лозим топди. Аммо Косонда хон аскарлари билан тўқнашувда мағлубиятга учради. Абдураҳмон офтобачи унинг кўп сафдошлари ва қўзғолон қатнашчиларини ўлдирди ҳамда асир олди. Пўлатбек бир гуруҳ кишилари билан Чотқол тоғларига қочишга улгурди. У 1875 йилнинг бошларида Чотқолдан чиқиб, Қўқон атрофидаги Лайлакка келиб, 200 кишини тўплади. Ўша йили июлнинг биринчи ярмида Пўлатбск Узганда кўтарилган қўзғолонга бошчилик қилиб, хонликка катта хавф туғдирди. Уларга қарши хон Иса Авлиё, Абдураҳмон офтобачи ва Саримсоқ эшик оғаси бошчилигида 4000 кишилик аскар юборган. Бироқ 1875 йил 28 июлда бу йирик амалдорлар қўшин билан қўзғолончилар томонига ўтиб, бирлашганлар. Худоёрхоннинг ўғли Андижон ҳокими Насриддинбек 5 минг кишилик қўшин билан уларга қўшилган. Хонликнинг асосий ҳарбий қисмлари ва лашкарбошиларнинг қўзғолоғғчилар томонига ўтиб кетиши Худоёрхон тақдирини ҳал этган омил бўлди. Ўша кезлари хон билан суҳбатлашган Г. Вайенбергнинг сўзича, Худоёрхон «қўзғолончилар русларга қарши курашишни» мақсад қилиб қўйганлигини айтған. Қирғизларнинг ғазот байроғи остида бош кўтарганликлари ҳам шундан далолат беради. Бу хусусда Кауфман ҳам 1875 йил 15 сентябрда ҳарбий вазирга ёзган хатида гапириб: «Бутун Қўқон аҳолиси бизга қарши очиқданочиқ бош кўтарди», — деган. Эндиликда Худойрхоннинг Россия кучларига таянишдан бошқа иложи қолмай, ердам сўраб Кауфманга мурожаат этди. «Шу кунлардаги оғир ва бахтсиз пайтларда, — дейилади унда, — менинг Мулла Иса Авлиё, Абдураҳмон парвоначи ва Холназар парвоначи сингари энг ишончли кишиларим қўшин билан душманларим — қиргиз қузғолончиларига қўшилдилар ҳамда менга қарши урушмоқчилар.
Мен ҳамма вақт сиз, олий ҳазратларидан дўстлик ва ёрдам кутиб турганлигим боисидан бу гал ҳам мени эътибордан четда қолдирмагайсиз. Шахсан ўзимни ва Қўқон хонлигини улуғ император жанобларининг ихтиёрига топшираман ҳамда қўшинни тўплар билан биргалиқда имкони борича тезроқ Қўқон шаҳрига юборишингизни сўрайман» ( Память о Фергане. 1901, стр. 17—18.).
Худоёрхон узилкесил ўзини ҳам, бутун хонликни ҳам бутунлай босқинчилар оёғи остига ташлади. У шу даражада ишончни йўқотган эдики, фурсатни ғанимат билиб, қочишга қарор қилади. «Охир уламр саксон ароба кўч хазина ва ойимлар, бекалар, етти ароба танга» билан 1875 йил 22 июлда йўлга чиқади. Унинг ёнида 4000 пиёда ва 2000 отлиқ аскар, 68 тўп борган. Бироқ Қуқондан 10 чақирим юрганларидан кейин мазкур қўшин хонни ташлаб кетган. Хон 500 аскар билан йўлни давом эттирган. Қўқондан ҳарбий қисмлар Худоёрхонни тутиш учун кетидан қувган ва тўқнашувлар оқибатида хон аскарларидан 8 киши ўлдирилган, 9 киши ярадор қилинган. 1875 йилнинг 7 августида Худоёрхон Хўжандга келгач, Тошкентдаги рус ҳарбий маъмурияти ишончини қозонган кишилар, хусусан, Саъидазимбой воситачилигида генералгубернатор билан қандай муомалада бўлиш ҳақида маслаҳат сўраб, бир кишини унинг ҳузурига 6 минг танга ва хат билан жўнатган.
Бу киши Саъидазимбой ҳузурида бўлиб, хатни берганда у бир нуфузли рус амалдорининг уйига пул билан борган. Бу амалдор Худоёрхон Кауфманга «Ман юртимга боруб, мамлакатни тинчитиб, ўрнумға ноиб қўйуб, сўнгра борурман», деса фойдали бўлади, деган. Аммо хон Тошкентда Кауфман билан учрашганида бунинг ўрнига, «Мени императорни кўриш учун юборишингизни сўрайман», — деганини ўзи билмай қолган. Губернатор бунга розилик билдириб, йўлга отланишни айтган ҳамда қиличининг учини секин ойнага уриб қўйган. Нима учун бундай қилганлигининг сабаби номаълумлигича қолган. Шунда нуфузли кишилардан бири хонга: «Эвой, қани ул қанча ҳаракатлар илан (Тошкентдан) топган сўзларимиз, нимага демадингиз», — деганида у: «Ўша сўзлар дилимда такрор эрди, аммоки, мани тилим мухолифат этди, тилим хўб дегандин кейин билдим», — деган. Яна, хон «Иш қулдан кетатурган бўлганда кишини ўз аъзойи жавораси ҳам мухолиф булур экан, узим ҳам ҳайрон бўлдум», — деган.
«Шундан кейин, — дейди воқеа гувоҳларидан бири, — ҳаммамиз бирдан хафа бўлдук. Йиғисиғи, кўз ёши булди. Ўшал кун генералгубернатор дарҳол қоғоз буйруқ чиқарди: «Эртага хон Ўринбурғга жўнасун», деб. Хон тақдирга тан қўймай, эмди, маслаҳати ҳаракат бўлди. Хонни раъйи бекзодлар ва ойимларни Тошкентда қўйуб, кетмоқ маъқул бўлмади, на учунки, анда ишончлик одам булмади. Туркистонда ўзларига қараган эътимодлик кишилар бўлгани учун аҳли аёлларни Туркистонда қўйуб кетмоқ муқаррар булди.
Эртаси қибмда жўнадук. Хон илан етмиш киши эди. Мундан Атобек нойиб қўлида юз эллик адад сипоҳлар ҳам бор эрди. Тошканддан жўнаб, бир қўнуб Чимкандга бордук. Анда бу хафаликларимиз устига хон Атобек нойибга бир нима, деди. Нойиб хонга бир нима, деди. Гина ва афсус тўғрисида бирбирлари ароз бўлуб, жамиъ юз эллик сипоҳни олиб, Атобек нойиб Чимканддан Хўқандга қайтди. Хон қолган кишилар билан жўнади. Туркистон борилди. Хон Мусо Али мингбоши ҳавлисига тушти. Бекзодалар ва аёлға алоҳида ҳавли тайёрлаб бердилар. Анда хон беш кун туруб, аҳли аёллар билан видолашиб, Туркистондан жўнадук. Маҳрамлар билан бирга эдук. Туркистондан чиқуб, бир Қулунсурон деган ерга борилди. Анда етиб, эртаси хон маҳрамларга жавоб бериб, айтдики: «Ҳар қайсиларингни аҳли аёлларинг бор, бизни бошимиздаги тақдирга ўзимиз мубтало, сизлар овора бўлманглар, деб ҳар қайсиларимизга бирмунчадан танга берди, фотиҳа берди. Бизлар қайтдук».
Кўриниб турибдики, Худоёрхоннинг тақдири золимлиги, калтафаҳмлиги ва она юртга хоинлик қилганлиги туфайли жуда фожеали бўлди.
1873 йили полковник Скобелев ҳарбий вакил сифатида бир неча солдат билан Қўқонга юборилган эди. У билан бирга ҳарбий топограф Реднев ва ташқи ишлар вазирлигининг вакили Вейнер ҳам борган. Улар Худоёрхон билан бирга Хўжандга қайтишга мажбур бўлган эдилар.
Руслар фойдаси тегмайдиган бўлганидан сўнг Худоёрхонни тақдирлаш у ёқда турсин, халқ ҳисобига тўплаган хазинасини ҳам тортиб олди ва ўзини Оренбургга сургун қилди. Хонни бу ерга Мулла Маъруф додхоҳ, Қосим тўқсоба, Жамил хазиначи, Муҳаммад шарбатдор, Хурсанд ва Муллача (ҳар иккаласи қул), Мирзабой сағир ва Тожи маҳрам деган кишилар кузатиб борганлар.
Худоёрхон Қўқондан чиқиб кетишидан олдиноқ юқори табақа вакиллари тахтга унинг ўғли Насриддинни ва бошқа номзодларни ўтқазишга киришган эдилар. Абдураҳмон офтобачи бошчилигидаги гуруҳлар Насриддинни тахтга ўтқазишга муваффақ бўлдилар. Бу хон Туркистон генералгубернаторлиги билан гуё яхши алоқаларни ўрнатиш мақсадида Кауфманга хат юборган. Бунда у ўзининг тахтга ўтирганлигини маълум қилиш билан баробар, дўстона алоқада бўлиш ҳақида сўз юритган. Аслида эса, у Рус давлатининг тажовузига қарши кучларни тўплашга уринди. Хусусан, у Бухоро амирига қуйидаги мазмунда хат жўнатган: «Отам ўрнига тахтга ўтирган мен сизга маълум қиламанки, ҳозирда дин ҳимояси учун курашга отланган шаҳар ва дашт аҳолиси катта кучғайрат билан бош кўтарди.
ОнаВатанга муҳаббат ва содиқлик ҳамда дин учун кураш шунча кўп одамларни бир жойга жамладики, сонсаноғи Худодан бошқа ҳеч кимга маълум эмас. Мени Андижондан келтиришиб, кофирларга қарши курашишни зиммамга юкладилар. Биз тахтга эга бўлдик, шаҳар ва дашт аҳолиси бизни хонлик либоси билан зийнатлади. Ҳозирда кофирлар ўтадиган ҳар бир йўлга ҳарбий қисмлар юбордик. Шахсан мени ўзим ҳам кофирларга қарши курашиш мақсадида беҳисоб қўшин билан йўлга чиқдим.
Олий ҳазрат! Сизни отам ўрнида ва исломнинг йирик ҳукмдорларидан бири сифатида кўриб, ўзимизни ишларимиз ва эзгу мақсадларимизни изҳор этмоқдаман!»
Сайидали хўжа Абдусаттор Маъзум ўғли томонидан амирга топширилган мазкур хатдан айнки, Насриддинхон Бухоро хонлигини ошкора бўлмасада, унинг ҳаракатларига хайрихоҳлик билан қарашга чақирган. Абдураҳмон офтобачи ва Иса авлие ҳам Бухоро амирига ўша мазмундаги хатларни юборган. Насриддинхон ва унинг атрофидаги Абдураҳмон офтобачи бошлиқ ҳокимият вакилларининг юргизган сиесатини белгилашда Тошкент аҳолиси ва нуфузли кишиларга, жумладан, Саъидазимбойга юборилган мурожаат ҳам диққатни жалб этади: «Мана 12 йил ўтдики, — дейилган унда, — лаънати руслар Хўжанд, Тошкент, Ўратепа ва Самарқандни босиб олишиб, дин шўъласини ўчирдилар ва исломга зиен келтирдилар. Шунинг учун барча мусулмон аҳли урушни муқаддас бурч, деб ҳисоблайди. Худоерхон бўлса, руслар билан дўстона муносабатда бўлиб ва кўп совғалар юбориб, хатога йўл қўйган эди. У бизнинг динни қаттиқ ушлаш ҳақидаги насиҳатимизга кирмай, оқ подшоҳга берилди, ислом динидан қайтди ва қалбаки оқ подшоҳга епишиб олди ҳамда бизни орамиздан чиқди. У буларни ҳаммасини шахсий манфаатларини ўйлаб қилган эди. Шундан кейин барча руҳонийлар ва хизматчиларнинг вакиллари, ҳамма каттакичик одамлар бир ёқадан бош чиқариб, келишмовчиликларни бартараф этган ҳолда, хоннинг катта ўғли Саъид Муҳаммад Насриддинни тахтга ўтқаздилар. Бизни давлатимиздан 3 лак, яъни 300.000 киши чиқади ва бу билан биз катта кучга эгамиз. Биз, каттакичик ҳаммамиз ҳамда ҳар бир киши алоҳида курашишни муқаддас бурч деб билиб, бир киши қолгунга қадар жанг қиламиз ва Худонинг марҳамати ила ғалабага ишонамиз.
Агарда ҳозир сизлар бу хатни олганингиздан кейин мусулмон динини ҳимояси учун муқаддас урушни хоҳласангизлар, у вақтда бир жойга тўпланиб, урушга тайер туринглар».
Абдураҳмон офтобачи ва Мулла Иса Авлиё имзоси билан битилган хат шуни кўрсатадики, хонлиқдаги халқ ҳаракати Рус давлати ва унинг тарафдори Худоёрхонга қарши қаратилган озодлик кураши ҳисобланган. Аммо шуниси таажжубланарлики, ўша хатларнинг муаллифлари амир ва Саъидазимбойнинг Россиянинг содиқ тарафдорлари эканини била туриб, уларни ердам беришга даъват этганлар. Амир ва Саъидазимбой эса хатларни Туркистон генералгубернаторига топшириб, Россияга содиқликларини яна бир бор намойиш қилганлар.
Шу тарзда, хонлиқдаги ватан ҳимоячилари сардорларининг четдан ердам олишга қаратилган умидлари пучга чиққан эди.
1873 йил 31 июлда Кауфман Насриддинхон хатига езган жавобида Худоёрхон билан тузилган 1868 йилги шартномани ва дўстлик алоқаларини бузмаслик шарти билан унинг хонлик мақомини тан олишини билдирган. У Насриддинхоннинг Рус давлатига қарши қаратилган ҳаракатларини яхши билсада, лекин вақтинчалик хон билан муросага боришни лозим топган.

РУС ҚЎШИНЛАРИНИНГ БОСҚИНЧИЛИКЛАРИ ВА ХОНЛИКНИНГ ТУГАТИЛИШИ

Кўқон хонлигидаги халқ ҳаракатлари ва Худоёрхоннинг қочиши орқасида юзага келган оғир вазият рус ҳукуматига қўл келди. Бу вақтда Еттисувда турган Кауфман дарҳол Тошкентга қайтиб, хонликни босиб олиш чораларини кўрди. Бу орада, яъни 1875 йил 6 августда ватан ҳимоячилари Тошкент тарафга юриш қилиб, Оҳангарон дарбсидаги Облиқ қишлоғини эгалладилар. Улар 8 августда Тошкент билан Хўжанд ва Уратепа оралиғидаги почта бекатларини эгаллаб, 16 русни асирликка олдилар. Савдогар Исаевнинг ойна заводига ўт қўйилди. Бундан хабар топган Кауфман Сирдарё вилоятининг губернатори Головачевга ҳарбий юриш бошлашни буюрди. Головачев ҳарбий қисм билан Тошкентдан 60 чақирим узоқлиқдаги Тилов қалъасига борди. Бу вақтда 5000 кишилик ватан ҳимоячилари Облиқ қишлоғидан Тиловга ҳужум қилишга тайёрланмоқда эдилар. Ҳар икки томон ўртасида қисқа отишмалардан сўнг ватан ҳимоячилари тоғ томонга чекинганлар.
Тошкентда Кауфман Биринчи Туркистон ўқчи батальони, Оренбург қўшинининг тўртта отлиқ тўпчиларини, 100 казак аскар ва бошқа ҳарбий қисмларни Қўқонга жўнатган. Бу вақтда ватан ҳимоячиларининг айрим гуруҳлари Хўжанд атрофларида почта бекатларини ёндирганликлари ҳамда қўқонликлар Нов қишлоғини эгаллаганликлари ҳақидаги маълумотлар Тошкентга келиб турган. 5000 кишилик қирғизлар Сирдарё орқали ўтиб, Қурама уездига қарашли Самгар қишлоғини эгаллаганликлари тўғрисида ҳам хабарлар олинган. Шу боис Головачев Гарновский бошчилигидаги ҳарбий қисмларга Хўжанд томонга юришни буюрган. Қўқонликлар Тошкент атрофидаги Паркентга ҳужум қилармиш, деган овозаларга жавобан у жойга 1875 йил 21 август кечаси полковник Скобелев раҳбарлигидаги аскарлар юборилган.

Ҳақиқатан ҳам Қўқон хонлигидаги ватан ҳимоячилари руслар босиб олган Тошкент ва Хўжанд чегараларига бостириб кириб, душманга зарба беришга уринганлар. Головачев аскарлари Оҳангарон минтақасидаги ОблиқТилов атрофларида қўқонлик ҳимоячилар устидан ғалабага эришганлар.
1875 йил 13 августда Кауфман йўлга чиқиб, Пискентга келганида подполковник Нолдедан 9 август куни Хўжандга ҳужум қилган ватан ҳимоячилари тормор этилганлиги ҳақидаги хабарни олган. Шу воқеа маълум бўлдики, Абдураҳмон офтобачи Маҳрамда кўп куч тўплаб, ўша куни Хўжандга уч томондан ҳужум уюштирган экан. Хусусан, Қўқон йўлидан 1015 минг кишилик ва Самгар томонидан 610 минг кишидан иборат ватан ҳимоячилари ҳужум қилганлар. Қўқонликлар Хўжанднинг Нов дарвозаси тарафидан бостириб кирган эдилар. Аммо барчаси душман томонидан орқага суриб ташланган. Шунга қарамай, Хўжанд хавфдан холи бўлмаганлиги учун уезд бошлиғи подполковник Нолде шаҳар мудофаасини мустаҳкамлаш чораларини кўрди. Бу орада ватан ҳимоячилари шаҳарга яқинлашиб келдилар. 12 августда уларга қарши полковник Саримович 4 рота, 100 казак, артиллерия дивизиони билан юриш қилиб, чекинишга мажбур этган. Шундан кейин у Қистакўз деган жойга жойлашган. Сўнгра у Абдураҳмон офтобачининг 16 минг кишилик қўшинига ҳужум қилиб, уларни Қўқон йўли буйлаб қувлади. Кўп ўтмай Тошкентдан Хужандга қўшимча ҳарбий