Саналар
24.11.2017
Баннер
Хонликлар даврида солиқ тизими
PDF Босма E-mail

Ўзбек хонликлари солиқ сиёсатида шариат талабларига тўла риоя этилган деб бўлмайди. Закот, ушр, фитр садақаси каби тўловлар, баъзи мутахассислар таъкидлаганидек, солиқ бўлмай, балки банданинг молий ибодатлари саналади. Конлардан, хазинадан, ҳарбий ўлжалардан давлат хазинасига хумс (бешдан бири) берилган.
Хирож эса ўрта асрлардан буён ер солиғи сифатида олиб келинган. Бу солиқни ундиришда ягона қатъий тартиб бўлмаган. Хирож солиғининг миқдорини давлат бошлиғи белгилаб берган. У тайёр маҳсулот ёки унинг қийматига тенг пул шаклида ундирилган.
Жизя солиғи мусулмон бўлмаган фуқаролар, яъни, зиммийлардан ундирилган. Жизя солиғини вояга етган эркак зиммийлар тўлашган.
Бухоро хонлигида шайбонийлардан кейин давлат тепасига келган аштархонийлар даврида ҳам мамлакатни, давлат хазинасини бойитиш учун солиқларнинг тури ва миқдори оширилган. Жумладан, хирож, ихрожот, бож каби солиқлар қаторида ҳар хил кичик ва катта солиқлар ҳам бўлган. Айниқса, Субҳониқулихон тахтга келганида солиқларнинг тури кўпайди. Унинг даврида етти йиллик солиқларни олдиндан, бир йилда йиғиш бўйича махсус фармон эълон қилинди. Хоннинг бундай қарори аҳолини қийин аҳволга солиб қўйди, янада қашшоқлашувига сабаб бўлди. Чунки мамлакатда асосий солиқ тўловчилар деҳқонлар, ҳунарманддар, савдогару чорвадорлар бўлишган. Аҳоли солиқ тўлашдан ташқари мамлакатда уюштириладиган турли тадбирларга, мажбурий ишларга жалб қилинган, қўшимча жарималар ҳам солинган.
Бухоро хонлигида ҳам, бошқа жойларда бўлгани каби, хон марҳамат кўрсатганлар ва етакчи дин пешволари ҳамда хон имтиёз берган шахслар барча солиқлардан озод қилинган.
Холиқулов А. “Чироқчи беклигининг Бухоро амирлиги сиёсий-иқтисодий ҳаётида тутган ўрни” (ХIII-ХХ аср бошлари). Тарих, мустақиллик, миллий ғоя. (Республика илмий-назарий анжумани материаллари), Т., 2001, 198-бет.
Хива хонлигида эса бож, жизя каби солиқлар қаторида салғут, ағут, милтиқ пули, тарози пули, дарвозабон пули, мушрифона каби йигирмадан ортиқ солиқ ва йиғимлар ҳам тўланган. Бундан ташқари аҳоли турли мажбуриятларни бажариши лозим бўлган. Масалан, мулкдорлар маъмуриятини боқиш, ҳарбийларнинг вақтинча тўхташида уларнинг озиқ-овқати ва бошқа ҳаражатлари учун йиғиладиган йиғимлар, сув таъминоти билан боғлиқ мажбуриятлар шулар жумласидандир.

XIX аср бошларида давлатни бошқарган Эл-тузар солиқ бўйича ислоҳотлар ўтказди. Мамлакатда аҳолидан ер солиғи ундирилди. Бу солиқ хусусий ер эгаларидан ер майдонига қараб олинган. Ери бўлмаган деҳқонлар ҳовлиси ҳисобидан тўлашган. Хонликда солиқ бўйича имтиёзга эга
бўлганлар табақасига катта амалдорлар, хонга яқин кишилар, дин арбоблари, сарой хизматчилари, навкарлар киришган.

Қўқон хонлигида ҳам давлат хазинаси учун, мамлакатнинг эҳтиёжи учун солиқ ундириш тизими шакллантирилган эди. Бухоро ва Хива хонликларига нисбатан Қўқон хонлигида солиқларнинг тури кўпроқ бўлган. Моллар ва ҳайвонлардан олинадиган, тўйлардан олинадиган солиқ, меросларни бўлишда тушадиган солиқ, дўконлар, карвонсаройлар, омборхоналардан олинадиган солиқ, дарё кечувларидан ўтиш солиғи, туз солиғи, хонга қарашли бўлган ижарага берилган ерлардан олинадиган солиқлар ва ҳоказо... Хонликда солиқгарнинг миқдори хоннинг ихтиёри билан тез ўзгариб турган. Айниқса, ҳарбий ҳаракатлар пайтида солиқларнинг тури ва миқдори янада кўпайган.
Ўзбек хонликларида солиқ йиғишда бекликларнинг хизмати катта бўлган. Жумладан, Бухоро амирларига қарашли бўлган Чироқчи беклигида аворизот (фавқулодда ҳолатларда йиғиладиган ҳарбий солиқ), қорачерик (Бухоро амирлиги қўшинларини боқиш учун бериладиган солиқ), яксара (қўш пули; қўш ҳўкизи борлардан йиғилган), чўп пули, харбуз пули (лалмикор ерларга экиладиган тарвузлардан олинган), муҳрона (қози, муфти, раис ва бошқа ҳукмдорларнинг муҳри учун солиқ), хизматона (қозиларга, бекларга берилган тўлов) васиқа пули ва бошқа солиқ турлари ҳам бўлган.

XVI-XIX асрлар оралищда хонлик ва амирлик-ларнинг солиқ сиёсатида ҳукумат белгилаган тартибларга риоя қилишда шариат қоидаларидан узоқлашиш кўзга ташланади. Солиқтарнинг белгиланиши, ундирилиши, сарфланиши жиҳатидан ҳам шариат талабларидан чекинилган. Жумладан, йўл, кўприк, мадади лашкар, қўналға, бож ва бошқа солиқлар ҳамда йиғимлар шариатда кўрсатилмаган солиқлардан ҳисобланади.

Хонликлардаги низолар-келишмовчиликлар ҳам аҳолининг моддий жиҳатдан янада қийналишига олиб келар эди. Бунинг устига, янги солиқ турлари кўпаяверган. Масалан, ҳатто боғлар, бедазорлар, сув тизимига қаровчи мироблар учун (миробона), полиз экинлари учун ҳам алоҳида (танобона) солиқлар белгиланган.

Ўзбек хонликларида йиғилган солиқлар шариатнинг асосий манбаи Қурьони каримда кўрсатилганларга эмас, хон томонидан белгиланган жойларга унинг фармони билан юборилган. Хонликларда солиқ ундириш, унинг турлари ва миқдорини белгилаш, уларни тақсимлашда шариат талабларига риоя қилиш ўрнига, ҳар бир хонлиқда турлича тартиблар жорий қилинган. Чунки қўшин таьминоти, сарой харажатлари, амалдорларга бериладиган маошлар ва бошқа харажатлар асосан мамлакат ҳудудларидан йиғиладиган солиқлар ҳисобидан бўлган.

Нормурод АВАЗОВ,
Тошкент Давлат юридик институты докторанти

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин