Саналар
24.11.2017
Баннер
Амирнинг гуноҳи азими
PDF Босма E-mail

XIX аср иккинчи ярмида Туронзаминнинг чор Россияси томонидан нисбатан осонгина босиб олиниши сабаблари хусусида гап борганида, кўп ҳолларда ўлкадаги Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларининг ҳукмфармолари ўзаро аҳил бўлмаганлиги масаласига урғу берилади. Бу фикр тўғри деб ўйлаймиз. Негаки чор Россияси босқинидан олдинги даврларда ҳам бу уч мамлакат хонлари орасида турли низолар чиққан, улар бир-бирларининг ерларига ҳужум қилиб, аҳолини талон-тарож этиш ҳоллари рўй бериб турган. Бироқ Россия императорлиги Марказий Осиёни босиб олиш фикрини қатъийлаштирганидан кейин хонликларни бир-бирига гиж-гижлаш, улар орасида ўтиб бўлмас чоҳ пайдо этиш мақсадини муттасил равишда амалга оширганлигини архив материаллари тасдиқлайди. Гапни олис даврлардан бошламай, XIX асрнинг биринчи ва иккинчи чорагидаги воқеаларга назар ташлай қолайлик. Чор Россияси ҳукмрон доиралари бу хонликларга савдогар, сайёҳ ниқобида кетма-кет жосуслар йўллаб, хонликлардаги ҳақиқий аҳволдан пухта хабардор бўлгач, уларнинг босқинчилик режаларида алдам-қалдам дипломатияси тобора кўпроқ ўрин эгаллай бошлайди. Бунда улар, бир томондан, Қўқон, Бухоро ва Хивадан Россияга юборилган элчилардан ўз ёвуз мақсадларини яшириб, хонликларга яқин ҳудудларда ҳарбий истеҳкомлар қуриш, дарё портларини келажакдаги ҳужумлари учун мувофиқлаштириш каби номатлуб ишларини гўё хонликлар манфаати йўлида қилинаётган ишлар сифатида кўрсатмоқчи бўладилар. Иккинчи томондан, Туронзаминга босқин онлари яқинлашгани сари бу ердаги хонлар орасидаги низони атайлаб кучайтиришга қаратилган манфур дипломатияни император ва унинг энг яқин аъёнлари иштирокида амалга оширишга эришадилар.
Бу алдам-қалдам дипломатиянинг намуналаридан бири 1842 йил баҳорида Қўқон хонлиги амир Насрулло томонидан босиб олингач, тез орада Россия императори Николай биринчининг амирга йўллаган мактуби эди. Икки хонлик ўртасидаги бу адолатсиз урушнинг бош сабабчиси амир Насрулло эканлигини яхши билган император амирнинг Қўқондаги ғалабасидан мамнун эканини билдиради. Унга гўё илтифот кўрсатаётгандек бундай деб ёзган эди: «Қўқондаги тахт учун курашларни бартараф қилиш зарур. Шундай кейин Туркистон ва Тошкент билан Сирдарё бўйигача бўлган ерлар, Жиззахдан бошлаб Ўратепа, Хўжанд, Қўқон, Марғилон ва Қашғар чегарасигача бўлган ерлар Сиз Ҳазрати олийларининг қўлларида бўлиб, ҳукмронлик қилишингизни истаймиз».
Ваҳоланки, бу мактубдан атиги уч ой чамаси аввал, 1842 йил 25 февралда хонлик элчиси Муҳаммад Ҳалил Соҳибзода орқали Муҳаммад Алихонга йўлланган мактубида Николай биринчининг худди ўзи: «Сизнинг қудратли Россия давлати билан мунтазам равишда дўстона алоқаларда бўлиш истагингизни билиш Биз учун ғоят ёқимли бўлди. Сизнинг бу яхши ниятларингизни Биз ўз томонимиздан камоли эҳтиром ила қабул айлаймиз. Биз ишонамизки, Сизнинг ўзаро дўстона қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш ҳақидаги самимий ғамхўрлигингиз келгусида муваффақиятли натижаларга олиб келади. Сизга барча эзгуликларни тилаб қоламиз» (Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви, 715- жамғарма 1-қайд, 4-иш, 16-саҳифа), деб ёзганди.
Россиядек оламга танилган, қудратли давлатнинг императори уч ойгина аввал дунёнинг барча яхшиликларини тилаб қолган Қўқон хонлигига энди ёмонликларни раво кўради. Лекин орадан бирмунча вақт ўтиб худди шу амирлик ва Хива хонлиги императорликнинг вассалига айлантирилишидан ташқари Қўқон хонлигининг номи жаҳон харитасидан бутунлай ўчирилди.
Юқорида амир Насрулло томонидан 1842 йилда Қўқон хонлигида амалга оширилган ишлар соф маънодаги адолатсиз уруш бўлганлиги борасида сўз юритган эдик. Нега? Шунинг учунки, ўша вақтдаги Қўқон ҳукмдори ўз юртининг амирлик томонидан шафқатсизларча босиб олиниши, ўзи, укаси, волидаси, хотини, фарзандлари ва бошқа яқинлари билан тумонат олдида очиқчасига қатл этилишига арзийдиган бирор иш қилмаган эди.
Ўша даврнинг ҳалол муаррихлари бу хусусда бизга аниқ маълумотлар қолдиришган. Улар барчаси бу мудҳиш босқинни катта ва тузатиб бўлмайдиган тарихий хато сифатида баҳолашган. Тарихий манбалардан маълумки, амир Насрулло ўз босқинчилик юришини оқлаш учун гўё Муҳаммад Алихон отаси уйланмоқчи бўлган канизакни никоҳга олиб, шариатга хилоф иш тутди, деган даъво билан чиққан. Исҳоқхон тўра Ибрат «Тарихи Фарғона» номли асарида амир Насруллонинг бу ишига аслида нималар сабаб бўлгани хусусида қуйидагича ёзади: «Муҳаммад Алихон аносини олди, деган сўз рост бўлмай, бухорийлар қатлларини айбини сатри учун қилған қабиҳаларини тавжиға чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, Умар- хон: «оламан», деган Подшоҳхон ойимни ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамол бўлуб, муни анга сабаб қилиб келган экан... Муҳаммад Алихонни халқни кўзига осию гуноҳкор кўрсатиб, шариатни поймол қилди, танбеҳ даркор, деб келиб, қанча хонзодау мазлума ойимларни қатли бағайри ҳақ қилиб, охирул амр мурод ўшал ойим экан, олуб, муддаосиға етиб, Бухороға олиб кетди».
Мирзоолим Мушрифнинг «Ансобу-с-салотин ва та- вориху-л-хавоқин»ида эса амир Насрулло босқинининг бошқа бир сабабига урғу берилади. «1252-санада (милодий 1936—37 йиллар) Фарғона хони Муҳаммад Алихон бирла амир Насрулло ораларида Башоғир ном қалъа таъмири хусусида мунозаат (низо — Ш. Ю.) бўлди... Башоғир қалъаси мунозеъи ва ҳам бошқа сабаблар ила амир Насрулло Баҳодирхон қўшин жамлаб, Фарғона ўлкасига юруш қилиб, низомий аскарлари бирла осонлик билан Башоғирға истило қилиб, андин Ўратепа ва Хўжанд шаҳарлариға дохил бўлуб, андин дорулмулки Фарғона бўлуб турган Ҳўқанд устига келиб, қатл айлаб Бухорога жўнади».
Ўша даврдаги бошқа муаррихларнинг асарларида ҳам амир Насрулло Қўқонга қилган бу босқин сабаблари хусусида ҳамфикрлик кўзга ташланади. Улар бар¬часи босқин сабабини, аввало, Муҳаммад Алихон Қўқон хонлиги сарҳадларини мустаҳкамлаш учун амир ликка чегарадош Башоғир қалъасини янгилаганида, қолаверса, Муҳаммад Алихон никоҳига олган канизак Подшоҳхоннинг ҳусн-жамоли таърифини эшитган амир унга ғойибона «ошиқ» бўлиб қолганида кўрадилар.
Амир Насруллонинг бу ваҳшиёна босқини ва бошқа кўпдан-кўп номатлуб ишлари борасида гап борганида ўша даврнинг тарихчилари халқ ундан қаттиқ норози бўлиб, амирни ўз исми билан эмас, балки «Ботир қассоб» лақаби билан атай бошлаганини қайд этадилар. Муаррихларнинг аксар қисми асарларида амир Насруллонинг аъёнлари ичида унга маслаҳат кўрсатишга, ҳақиқий аҳволни юзига айтишга журъат эта оладиган бирор киши йўқ эди, деган фикр устунлик қилади. Бироқ ўша даврда ёзилган баъзи тарихий асарларда бу фикрнинг тескарисини исботловчи жиҳатлар ҳам учрайди. Манбалар шуни кўрсатадики, амир Насрулло қанчалар ўжар, шафқатсиз ва жаллодтабиат бўлмасин, унинг атрофида амирни даҳшатли ишлардан қайтаришга даъват этган, ҳатто бу ишлар қандай мудҳиш оқибатларга олиб келишини унинг юзига тик боқиб айтган мислсиз жасорат эгалари ҳам бўлган. Масалан, Исҳоқхон Ибрат «Тарихи Фарғона»да, Мирзо Олим Махдум «Тарихи Туркистон»да бундай улкан жасорат, инсоф ва ақл эгаларидан иккитаси хусусида алоҳида тўхталадилар. Уларнинг биринчиси моҳир саркарда. Абдусамад ноиб, иккинчиси эса ул¬кан шоир Жунайдулло Ҳозикдир. Амир Насрулло босқинига тоб беролмай, укаси Маҳмудхон билан бирга қочган Муҳаммад Алихонни унинг ҳузурига тутиб келтирганларида рўй берган воқеани Ибрат қуйидагича тасвирлайди: «Амир дарҳол қатлға ҳукм қилғанда ўз вазирларидан Абдусамад ноиб деган ҳушманд киши амирга «Жаноби олийларига малоли хотир бўлмаса, бир калима сўз айтсам», деганда амир «Нима сўздур?» деган экан. Айтибдурки, «Ҳоло Хўқанд забт ўлди, Фарғона катта мамлакатдур, қанча аскару сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди, алҳолда русияни келмаги маҳали хавфдур. Агарда хонни онти акид бериб,тавба қилдуруб, Хўқандға қўюб, Бухороға тобеъ қилиб, бир мулк бўлуб бизларга келган душманларга бир қалқон бўлур эрди», деганда сўзи амирга маъқул бўлмай, оғзига кафш билан урдурғон экан».
Абдусамад ноибнинг ҳам мислсиз жасорат, ҳам тенгсиз донолик намунаси бўлган бу сўзларида икки жиҳатга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади. Аввало шуки, чор Россияси Оқмасжидни босиб олишдан ўн бир йил илгари Абдусамад бу «маҳали хавф»ни яққол идрок этиб, худди ана шу дафъ этиш мушкул бўлган хавфдан амирни огоҳлантиришга журъат этган. Иккинчидан эса, бу гапни оддий ноиб эмас, балки ҳарбий соҳада катта мутахассис бўлган, ўзи инглизча таълим бериб, инглизча қуроллар билан таъминлаган 200 аскарий кучи билан хонликни енгишда алоҳида иш кўрсатган шахе айтмоқда. Аммо жоҳил ва нодон амир ақл-идрокда, билимдонликда, инсоф-адолатда кўпчиликка намуна бўладиган Абдусамад ноибни ўйламай-нетмай халойиқ олдида қаттиқ беобрў қилади. Кекчи амирнинг бу жазоси ҳали хамир учидан патир эди, холос.
Амир билан Абдусамад ноиб ўртасидаги муносабатлар ана игу жазолаш воқеасидан сўнг қандай тус олганлиги ва ноибнинг кейинги фожиали такдири борасида Мулло Олим Махдум ўз китобида кенг маълумот беради:
«1250 (милодий 1834 йил) санада Эронистон тарафидин Абдусамад Табризий ном зот Бухороға келди. Ул одам доно ва фозил ва ғоятда ҳунарманд ва закий ва соҳиброй эди.
Онинг саъйи ва далолатли ила Бухоро мамлакатида бўлган Эрон асирларини сотиб олиб ва бошқа важҳлар илан олиб, икки юзга яқин жамлаб, инглис тартибида низомлик аскар тартиб қилиб ва бошқа уруш асбобларини ҳозирлаб, отларға таълим бериб, адади оз бўлса ҳам, яхши мунтазам аскар аҳдос қилди... Абдусамадға ноиблик рутбаси берилиб, амир Насрул¬ло наздида мақбул, ғоятда эътиборлик бўлди. Бир неча замонлардан кейин ҳассод ва душманлари кўпайиб, ҳар хил макруҳ тадбирлик сўзлар илан амир Насруллони онинг хусусидаги ихлос ва муҳаббатни қайтариб (ноибнинг асосий айби Қўқонда амирга маслаҳат кўрсатишга журъат этгани эканлигидан муаллифнинг хабари йўқ чамаси — Ш. Ю.), охир тўпхона раёсатини бир нодон, жоҳил саркардаға топшуруб, Абдусамадни онинг фармониға қўйди. Абдусамад бу ишдин ғоятда ору номус қилиб, ниҳоятда кўнгли ранжиб, ораларида кудурат пайдо бўлуб, амирнинг ямон ниятидин хавфу талошға тушуб, Бухородан қочмоқ фикри илан Шаҳрисабз ҳокими илан ахду паймон қилиб, амир Нас¬руллонинг Шаҳрисабз урушида Абдусамад ўз табааси ва тўплари ила амирдан кўб илгари кетганликдин амир ваҳима қилиб, тўхтамоққа амр бериб, киши юборса ҳам қулоқ солмай кетиб турғонда, амир кетидин аскар юборуб, Шаҳрисабзға яқин келганда муҳораба қилиб, олиб қайтиб, они зиндонға солиб, охири муни ҳам қатл қилди».
Бўлар-бўлмасга ҳадиксирайверадиган амирнинг Қўқон юришидаги қилмишлари тарих олдида унинг юзини қаро қилажагини башорат айлаган ва бу ҳақдаги фикрини амир юзига бир қақшатғич байт билан айтган жасорат соҳиби Ҳозиқнинг ҳаёти ҳам фожиали тугамаслиги асло мумкин эмасди. Бу хусусда «Ансобу- с-салотин ва тавориху-л-хавоқин»да Мирзо Олим Мушриф қуйидагича маълумот беради: «(Хўқандаин) неча манзилу мароҳил тай айлаб Бухороға яқин борғанда... амир Баҳодирхон хурсандлик қилиб, Мирзо Жунайдулло Махдум Ҳозиқ маалақабким, шайхулислом Ҳиротийнинг ўғуллари эрди, амири Бухороға кеча кундуз ҳамнишин эрдилар, зиёда густоҳ эканлар, амир фармойиш қилдиким: «бизни бу сафардин бозафар келганимизға бир фард байт машқ қилиб, бир нимарса айтинг», дедилар. Дарҳол бу байтни ўқудиларким, назми Ҳозиқ:
Буриди бар қади худ аз маломат,
Либосе то ба домони қиёмат.
(Таржимаси: Ўз қаддингга ёмонликлардан шундай бир либос бичтириб кийдингки, у устингда қиёматгача қолади.)
Амирнинг жаҳли келиб, рангида қатра қон қолмади, то ўрдасиға дохил бўлғунча сўзламади.
Махдум Ҳозиқ таваҳҳумға қолдилар ва ўшал кеча отланиб, Шаҳрисабзға ўтиб кетдилар... Амири Бухоро дарғазаб бўлуб, неча муддатдин бери Душабой деган бир ўғрини зиндон қилиб қўюб эрди, ани чиқариб бир фармойиш қилдиким: «Сен агар Махдум Жунайдни ва эшон Шофеъни бошларини олиб келсанг, банд- дин озод қиламан», деди. У ҳам қабул қилиб, Шаҳрисабзга келди...
Чор Россияси Туронзаминни босиб олишга қатъий қарор қилганидан воқиф бўлган Англия ҳукумати ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Россиянинг бу ҳудудлардаги ҳукмронлигига йўл қўймаслик режаларини тузган эди. Бу режага кўра, Қўқонда амир амалга оширган қонли воқеалардан илгарироқ Ўрта Осиёдаги уч хонликка ўзининг икки зобитини — полковник Стоддарт билан капитан Коноллини ҳам юборганди. Стоддартга Бухоро амирлигида, Коноллига эса Хива ҳамда Қўқон хонликларида юрт ҳукмдорлари билан учрашиб, уларни чоризм босқинига қарши биргаликда курашишга тайёрлаш, бу ишда уларга инглиз ҳукуматининг амалий ёрдами қандай бўлишини тушунтириш вазифаси юкланган эди.
Машҳур Исмоилбек Ғаспрали ўзи нашр эттирган «Таржумон» газетасининг 1906 йилги сонларида эълон қилинган «Тарихи жадидаи Туркистон» номли, Мулла Олим Махдум эса кейинроқ «Туркистон вилоятининг газети»да чоп этилган «Тарихи Туркистон» номли асарларида бу миссиянинг бош мақсади нималардан иборат бўлганлиги хусусида фикр билдирадилар.
«Стоддартнинг маслаги — деб ёзади И. Ғаспрали, — инглизлар томонидан Бухорога бирор қасд ёки зарар келтирмаслигига жаноби амирни ишонтириб, бошқа бир давлатнинг қасд ва тажовузидан мудофаа этиш истаклари баёнидан иборат эди. Шунингдек, агар амир муносиб курса, Бухоро аскарини янги ва тезотар тўплар ила аслаҳалантирмоқ ва аскарий муаллимлар бермоқ ва Русиянинг яширин ҳаракат ҳамда мақсадидан Бухоро ҳукуматини хабардор қилмоқ эди».
Миссиянинг асосий мақсади борасида Мулла Олим Махдум китобида шунга ўхшаш фикрлар баён этилади.
Муаррихларнинг шоҳидлик беришича, худди шу мақсадда Хива ҳамда Қўқонга борган капитан Конолли юрт ҳукмдорлари Аллоқулихон ва Муҳаммад Али¬хон билан музокаралар ўтказиб, Англия қироллик ҳукумати таклифларига уларни кўндиради. Аммо Бухорога навбат келганда амирнинг нотўғри йўл тутиши туфайли чор Россияси босқинидан омон қолишнинг тарих берган бирдан-бир имконияти бутунлай барбод берилади, ҳар икки элчи ҳар қандай инсоф ва адолатга зид равишда қатл этилади. Воқеа бундай бўлган эди:
Чор Россиясининг Туронзаминни босиб олиш режасини амалга ошириш муддати тобора яқинлашиб келаётганидан разведка материаллари орқали хабар¬дор бўлган Англия ҳукумати ўз манфаатларига зид келадиган бу босқиннинг олдини олиш пайига тушади. У шу ниятини амалга ошириш учун 1838 йилда дастлаб Бухорога полковник Миралай Стоддарт деган кишини махсус топшириқ билан юборади. Стоддартни икки марта қабул қилиб, у орқали инглиз ҳукумати ниятидан воқиф бўлган амир элчи таклифига ҳеч қан¬дай жавоб бермайди. Орадан бир оз вақт ўтгач, элчи от устида Регистондан ўтганини эшитган амир На¬срулло ўйламай-нетмай Стоддартни зиндонга ташлатади. Элчидан дом-дарак йўқлигидан ташвишга тушган инглиз ҳукумати турли каналлар орқали Стоддартнинг аҳволидан хабар топиб, Россия ҳукуматидан воситачилик кўрсатишини, элчини Бухородан чиқариб, ўша вақтларда Англия ҳукмронлик қилаётган Афғонистон ҳудудига ўтказиб юборилишига эришувини сўрайди. Россия ҳукумати эса худди ўша даврда бошқа бир юмуш билан Бухорога юборилган ўз элчиси Бутаковга икки йил чамаси зиндонда азоб берилиб, сўнг бўшатилган, аммо Бухородан кетишига йўл бермай ушлаб турилган Стодадрт хусусида амир билан сўзлашиб, Анг¬лия ҳукумати илтимосини адо этишга кўмаклашиш ху¬сусида кўрсатма беради. Бироқ кибру ҳавоси оламга сиғмаган амир бу вақтда Қўқон хонлигини босиб олиш учун жўнаётган бўлиб, Россия элчиси Бутаковни ҳам Регистонда от устида кеккайиб ўтирган ҳолида «қабул» қилади. Шундай бир вазиятда Бутаковнинг Стодддрт борасидаги илтимоси амалга ошмаганлиги ўз-ўзидан маълум.
Хулласи, Стоддарт масаласини ҳал этишни хоҳламаган амир Қўқон юришига йўл олади. Амир Нас¬рулло Қўқонда, тўғрироғи Маҳрамдаги ўз қароргоҳида турган чоғида унинг ҳузурига Англия томонидан Хива қамда Қўқон хонликларига худди Стодддртники сингари миссия билан юборилган капитан Конолли илгарироқ Хивага бориб, Аллоқулихонни инглиз ҳукумати таклифларига кўндирган, кейин айланма йўллар билан Қўқонга келиб, Қўқонда Муҳаммад Алихонни бу таклифларга асосан унатган эди. Бироқ Конолли ҳали Қўқондаги ишларини саранжомлаб улгурмай амир Нас¬рулло мўри-малахдай қўшини билан хонлик ҳудудларини эгаллаб олган ва ўзи Маҳрамда қарор топиб, Коноллини ҳузурига чақиртирган эди. Энди Конолли олдида икки йўл турар, биринчи йўл — Қўқондан яширинча қочиб кетиш, иккинчиси эса, ўлим хавфидан қўрқмай амир Насрулло қароргоҳига бориб, унга ўз мақсадини тушунтиришдан иборат эди. Коноллига хайрихоҳ бўлган Қўқон аъёнлари унга хонлик ҳудудидан яширинча жўнаб кетишни маслаҳат берадилар. Бироқ Конолли нима бўлса ҳам амир Насрулло ҳузу¬рига бориб, у билан гаплашишга қарор қилади. Амир билан биринчи учрашувдаёқ унинг иши чаппасидан кетади. Элчининг ниятидан воқиф бўлган амир Нас¬рулло дарҳол уни сарбозлар қўриқчилигида Бухорога, ҳамюрти ва ҳамкасби Стоддарт ташланган зиндонга жўнатади.
Қўқонда ўн кунча туриб шаҳарни қонга ботирган, юзлаб бегуноҳ эркагу аёлу қарию ёшни қатл этган, хазинани ҳам, хусусий кишилар бойликларини ҳам эгаллаб олган, уч юзга яқин гўзал аёлларни чўри сифатида ўз юртига жўнатган амир Насруллога худди ўша кунларда император Николай биринчининг махсус табрик хатини Россия вакили олиб келиб топширган эди. Россия императори томонидан пишаги кўтарилиб, аслида лақиллатилган амир Насрулло Қўқон хонлигини Шералихон эгаллаб олгунча ўтган вақт ичида яна ҳам пишқириб, босар-тусарини билмай қолган, зулм истибдоди ҳар қачонгидан ошиб кетган эди. Худди шундай бир шароитда ҳақ-ноҳақни, яхши-ёмонни, гуноҳ-савобни ажратишга қодир бўлмай қолган амир Насрулло Англия томонидан дипломатик мақсадларда келган икки элчи-зобитни ўз ҳузурига чақиртиради. Бу чақиртириш воқеаси қандай фожиа билан тугагани хусусида Мулла Олим Махдум хабар беради: «Насруллохон Хўқандни тор-мор қилиб, эзиб, Бухорога қайтганда инглис элчиларига дини исломни қабул қилмоққа таклиф қилди. Инглислар жавобида: «Ҳукуматимиз тарафидан Мовароуннаҳрга маъмурият ила келдук, дин тарк қилмоқға ёки динни қабул қилмоқға келмадук, умид қиламиз, шунга қараб муомала қилинсун», дебдурлар. Бу рижолариға қарши жаллодға буюруб, элчиларни бош кесмоқ ила муомала қилинди. Инглиснинг хайрихоҳона муомаласиға бу тариқа жавоб берилди».
Исмоилбек Ғаспрали ҳам бу хусусида изтироб би¬лан айнан шу фикрларни қайд этган.
Бу ўринда шуни ҳам айтиш лозимки, бизга маълум биргина манбада Стоддарт ва Конолли гўё инглизлар фойдасига жосуслик қилганликлари учун қатл этилгани айтилади. Аммо инглизлар фойдасига жосуслик қилган бу икки офицерни амир зиндонидан бўшатиб, бошқа мамлакатга ўтказиб юбориш учун Россия ҳукумти дипломат Бутаковга топшириқ бериши ҳам, Орен¬бург губернатори Обручев Бухорода улар қатл этилганлиги борасида Россия ҳарбий вазирига берган телеграммасида руслар учун ниҳоят муҳим бўлган жо¬суслик масаласида лом-мим демаслиги ҳам бу даъвонинг асоси мустаҳкам эмаслигини кўрсатади.
Чиндан ҳам уч хонликни чор Россияси босқинига бўш келмайдиган қилишнинг, уларнинг мустақиллигини сақлаб қолишнинг тарих берган қулай имконияти биргина ҳукмдорнинг жоҳиллиги ва бемаъни сиёсати туфайли барбод этилган эди.
Амир Насрулло шахси масаласида кишини ниҳоятда ҳайратлантирадиган яна бир жиҳат бор. Бу ўринда гап чор Россиясининг ўша даврдаги энг йирик амалдорлари амирнинг чидаб бўлмас феъл-атворидан, у юргизган такаббурона ва нодонларча сиёсатдан мамнун бўлганликлари, унинг шахсига ўта баланд баҳо берганликлари ҳақида бормокда. Оренбург корпуси қўмондони генерал-адъютант Безак 1861 йил 10 январда Россия ҳарбий вазири Чернишевга йўллаган маълумотномасида амир Насрулло ҳақидаги қуйидаги баландпарвоз сўзларни ёзади:
«Ажойиб ақл эгаси, энг уддабурон ва моҳир сиёсатчилардан бўлмиш Насрулло Бухорода ҳукмронлик қилган 34 йил давомида Туркистондаги барча халқлар устидан алоҳида бир жозибали қудратга эга бўлди» (Республика Марказий Давлат архиви, 715-жамғарма, 1-қайд, 23-иш, 175-саҳифа).
Чор амалдорлари амир Насруллога бундай юксак баҳо беришлари оқни қорадан, яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан ажрата олмаган бу нодон ҳукмдор юргизган сиёсат чор Россияси ҳукуматининг мустамлакачилик мақсадларига мувофиқ келганлигида эди, деб ҳисоблаш мумкин. Амирнинг бу сиёсати қандай даҳшатларга олиб келиши муқаррарлигини тез орада юз берган воқеалар яққол кўрсатди.
1842 йил баҳорида Қўқон хонлигини қонга ботириб енггач, ўша давр муаррихлари атаганидек, «Иброҳим хаёл деган тарёкий»ни хонликка ноиб сифатида қолдирган амир Насрулло тез орада қаттиқ зарбага учрайди, Қўқонда тахтни Қўқон хонлари авлодидан бўлган Шералихон эгаллаб олади. Бундан дарғазаб бўлган амир Насрулло ўзининг сон-саноқсиз қўшини билан яна Қўқон сари йўл олади. Лекин бу сафар хонликни қайта бўйсундириш иложи бўлмайди. Амир Қўқон қалъаси деворлари ёнида икки ой чамаси шаҳарни қамал қилса ҳам ўз мақсадига эриша олмай турган бир вазиятда Аллоқулихоннинг ўғли Раҳимқулихон бошчилигидаги қўшинлар Бухоро амирлиги ҳудудларига бостириб кириб, қалъа ва истеҳкомларни бирин-кетин эгаллаб олаётганлари ҳақида хабар етади ва амир Насрулло ўз қўшини билан орқага қайтиб хиваликларга қарши урушишга мажбур бўлади. Шу муносабат билан тадқиқотчи Поён Равшанов ёзади:
«Амир хиваликларга қарши тирик жоннинг ҳаммасини, қарийб, юз минг қора черикни жамъ қилган бўлса- да мағлубият, минглаб одамларнинг асир қилиб олиб кетилиши уни ақлан мажруҳ этиб қўяди. Бухоро қора черигининг Хивага қарши жавоб юриши қилиб, Ҳазорасп ёнида буткул тор-мор қилиниши, амирнинг ўзи қочиб зўрға жон сақлаши унинг кейинги ҳаётида машъум асоратлар қолдирди... Амирнинг муттасил қаҳру ғазабда бўлиши, айтадиларки, Хива хони талонидан сўнг қарийб тўрт йил давом этади. Шу йиллар ичида Амир Насруллонинг бирор марта кулганини, аъёнлари билан очилиб гаплашганини ҳеч ким кўрмаган ва билмаган» («Малика Кенагас ойим ёхуд Амир Насрул¬лонинг ўлими қиссаси». Т., «Шарқ», 2000, 149—150-бет- лар).
Амир Насруллонинг бошига тушган бало-офатлар шулардангина иборат эмас. Ҳатто унинг ўлимига ҳам ана шу ярамас феъл-атвор ва қилмишлари сабаб бўлади. Амирнинг чексиз зулмларидан тўйиб кетган хотини Кенагас бегим ўз мақсади амалга ошувига эришди. «Насрулло Баҳодирхон 5 октабр (1860)да Самарқанддан қайтиши биланоқ вафот этди, — деб ёзади Оренбург корпуси қўмондони Безак 1861 йил 10 январида Рос¬сия ҳарбий вазирига йўллаган маълумотномасида. — Унинг хотини ўз акаси маслаҳатига кўра Насрулло¬нинг дорисига заҳар аралаштирганини чиндан ҳам бўйнига олган. Бунинг учун амир ўша заҳоти ҳар икки жиноятчини ҳамда ўз табибини ўлимга ҳукм этган».
Маҳаллий муаррихлар асарларида эса амир Нас¬руллонинг маст ҳолда ухлаб ётган чоғида Кенагасбегим исмли хотини унинг қулоғига симоб қуйиб ўлдирганлиги айтилади. П. Равшанов амир қулоғига симоб қуйилганидан кейинги воқеаларни ўз китобида қуйидагича баён этади: «Чалажон Кенагас ойимни икки боласи жасади билан қўшиб, Арк елкасидаги қадимий Чилдухтарон гўрқудуғига ташлаб юбордилар. Айтади¬ларки, бу қудуқ ичи пишиқ ғиштдан ишлаб чиқилган бўлиб, борҳо-борига тиғ қадаб чиқилган экан. Чуқурлиги йигирма қулоч бўлган қудуққа ташланган инсон танаси то пастга етгунча нимта-нимта бўлиб кесилиб тушаркан».
Амир Насруллонинг барча қилмишлари унинг ўзи билан қаро ерга кўмилиб кетса кошки эди. Лекин ундай бўлмади. Бухорога Стоддарт ва Коноллини йўллаган, лекин ўз элчилари амир томонидан ҳеч бир асоссиз қатл этилганидан ғазабга келган Англия ҳукумати тез орада Бухоро хонлигига муносабатини кескин ўзгартиради. Бу ҳакда илгарироқ номи айтилган Безакнинг 1861 йил 29 ноябрдаги қайдларида қуйидагича ёзилган: «Англия ҳукумати Бухоро хонлигини бутунлай кучсизлантиришни мўлжалламокда. Англия Афғонистонни Ўрта Осиёнинг қудратли давлатига айлантиришни кўзда тутиб, унга Бухоро, Хива ҳамда Қўқондан баъзи вилоятларни қўшиб олмоқчи.
Агар биз Тошкентда қарор топиб, Қўқон орқали Хитой Туркистони билан алоқани таъминлагунимизгача инглизлар бунга улгуришса, улар Ўрта Осиёда тўла ҳукмрон бўлиб оладилар, Ўрта Осиёнинг савдоси ҳам Хитой Туркистони савдоси билан абадий улар қўлига ўтади» (715-жамғарма, 1-қайд, 25-иш, 447-саҳифа).
Амир Насруллонинг қилмишлари касофати шулар билангина тугамади. Амир вафотидан олти ойча кейинроқ ўша Безак Россия ҳарбий вазирига бундай деб ёзади:
«Музаффар баҳорда яна Қўқонга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлашга тайёрланмоқдаки, шундай қилса биз учун ғоят фойдали бўлурди албатта» (ўша иш, 213-саҳифа).
Бу мустамлакачиларнинг Ўрта Осиёдаги хонликлар орасига низо солишдан иборат ёвуз мақсадларини яна бир бора кўрсатади.
«Амир Насруллонинг бу хато сиёсатининг натижа- си йигирма беш йилдан кейин ўғли амир Музаффариддинхоннинг асрида ҳам давом этиб, Тошканд ва Самарқанд Русия тарафига ўтгандан кейин жадал тамом бўлди», деб ёзади Мулло Олим Махдум «Тарихи Туркистон»да.
Самарқанддан ва Тошкентдан ташқари Хўжанд, Ўратепа, Жиззах каби йирик вилоятлар чор Россияси томонидан босиб олинганидан чексиз хавотирга тушган амир Музаффар бу кучли душманга қарши курашишда ўз қўшнилари — Қўқон ва Хива хонларидан мадад сўрашга мажбур бўлди. Бироқ амир Насруллонинг замон-замонларга етгулик ёвузликларини унута олмаган бу хонлар амир илтимосини рад этадилар.
Энди элчилари амир Насрулло томонидан хиёнаткорона қатл этилган Англия ҳукуматидан Музаффархоннинг ёрдам сўрашдан бўлак чораси қолмаганди. Ниҳоят, амир Музаффар Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги олий комиссари лорд Лауренс ҳузурига ўзининг Аббосхожа исмли элчисини махсус мактуб билан жўнатади.
Амир томонидан форс тилида йўлланган бу илтижо-мактубда жумладан қуйидаги сўзлар битилган эди: «...Бир гуруҳ одамлар бу ерни (Бухоро амирлиги ҳудудларини демоқчи — Ш. Ю.) ўз тасарруфига олишга киришдилар ва икки томон ўртасида жанг бошланди. Ислом аҳди уруш маҳоратининг етишмаслиги туфайли босқинчиларга қарши чиқа олмади ва натижада айрим ерларни руслар босиб олдилар. Такдир тақозоси би¬лан у ерлар руслар қўли остига ўтиб қолди... Ҳозирги вақтда ислом аҳди руслардан қутулиш ва халқ манфаати йўлида ёрдам сўраб Сизга мурожаат этадилар. Ҳозирда ҳар бир ҳаракат қулай вазиятга боғлиқ. Сиз бизнинг истакларимизни қабул этиш билан халқимизнинг манфаатларини инобатга олган бўласиз».
Аммо лорд Лауренс томонидан Англия ҳукуматига етказилган бу мактубга Лондон чурқ этиб жавоб бермади. Натижада вазият тобора кескинлашиб, орадан уч йил чамаси вақт ўтгач чор Россияси Бухоро амирлигини босиб олиб, уни ўз вассалига айлантиради.

Юсупов Шариф
“Тарих уммони сирлари” китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин