Саналар
21.11.2017
Баннер
Қатағонлик сиёсати
PDF Босма E-mail

20-йиллар охирида собиқ иттифоқ ва республикада тартиб топиб келаётган талаблар жамиятига хос хусусиятлар тобора ошкора намоён бўла бошлади. Бу жамиятнинг негизи бўлиб қолган маъмурий-буйруқбозлик тизими, НЭП иқтисодиётининг зиддиятларини ўзига сингдириб, «ҳарбий коммунизм» анъаналарини давом эттириб борди. Асосий қисми паст малакали ва қашшоқ кишилардан иборат бўлган ишчилар бозор стихиясини якка тартибда зўр бериб қилинадиган ижодиётини эмас, балки тайинли маълум ижтимоий кафолатларни афзал кўра бошлади. Айнан мана шу ҳолатлар маъмурий  ислоҳот тизимига  мойиллик туғдирар эди. Бу эса оммани ғоявий жиҳатдан бўйсиндириш имкониятини енгиллаштирар эди.
Иқтисодиёт, сиёсат, маданият партия ва давлат номенклатураси исканжасига тушиб колди. Ҳукмрон партиянинг тор доирада қабул қилган қарорлари мамлакат учун мажбурий эди. Расман эълон қилинган демократик жараёнлар ижодий бахс, мунозаралар, келишув йўлларини қидиришлар амалда тўхтатилган эди. Советлар ва жамоат ташкилотлари юқоридан берилган директив кўрсатмаларнинг пассив ижрочиларига айланиб қолдилар. Ҳукмрон партия органларисиз биронта қарор ҳам, қабул  қилиш мумкин бўлмай қолди. Ўша давр конституциясида эълон қилинган ҳақ-ҳуқуқлар оммавий равишда бузила бошланди.
Марказ ва жойларда партия-бюрократлар аппарати тобора кўчайиб борди. Унинг бутун механизми ҳукмрон партиянинг «зўраки янги жамият»  қуришига доир йўл йўриқларини амалга оширишга қаратилган эди.
Бутун мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаёти партия тазйиқи билан амалга оширила бошлади. Жумладан: 30-йилларда республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳам совет тарғиботининг мустаҳкамланиши ва шахсга сиғинишнинг кўчайиб бориши шароитларида ўтди. Хукмрон партиянинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистон компартияси ҳам республика ҳаётининг бутун ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий ва маданий соҳаларига раҳбарлик қилди. Барча жабҳалар унинг назорати остига ўтди. 1929 йилда ўтказилган партиядаги тозалаш натижасида ҳукмрон партия аъзоларининг 15,6 % унинг сафларидан чиқарилди. Уларнинг кўпи айбсиз бўлса ҳам жазоландилар. Оммага партия таъсирини кўчайтириш  мақсадида корхоналарда партия комитетлари ва цех ячейкалари, бригадаларда партия  гуруҳлари, колхозларда бошланғич партия ташкилотлари тузилди. Қишлоқ советлари колхоз, совхозлар қурилишида, Қишлоқнинг сиёсий ва хўжалик ҳаётида партия бўлими амалга ошириб борадиган ижрочи органларга айланиб борди. 30-йилларда жамият ижтимоий сиёсий ҳаётининг барча соҳалари устидан ҳукмрон партия назорати янада кўчайди. Инсонларнинг бутун ҳаёти, уларнинг ўй-фикрлари аста-секин ҳамма нарсани унутишга мажбур қиладиган янги жамият қуриш ғоясини амалга оширишга каратилди, хаддан ташқари тиғиз ва уддалаб бўлмайдиган беш йилликлар топшириқларини бажаришга бўйсундирилди.
Янги иқтисодий сиёсат (НЭП) ўзил кесил барҳам топди. Қишлоқ хўжалигини зудлик билан коллективлаштириш йўлига қатиян киришилди. Шаҳар билан Қишлоқ қисқа муддат ичида қаттиқ марказлаштириш ва маъмуриятлаштириш ихтиёрига тушиб қолди. Саноат ва савдода давлат сектори тобора  қаттиқ монополист, яъни якка хоким бўлиб борди. Ўзбекистонда ҳам саноатда умумийлаштириш жараёни бошланди. Майда саноатдаги хусусий секторнинг улуши тўхтовсиз қисқараверди ва 20 йилларнинг охирларига келиб деярли барҳам топиб кетди. Индустриаллаштириш ва ҳунармандларни кооперациялаш натижасида республика саноатида хусусий сектор деярли бутунлай тугатилди.
Бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимини таъминлашда иқтисодиётни ривожлантиришнинг режалар асосидаги усуллари мухум рол ўйнади. Улар иқтисодиётга раҳбарлик қилишни давлат тамонидан ишлаб чиқиладиган халқ хўжалиги режалари асосида мумкин қадар кўпроқ марказлаштиришни мустаҳкамлаб берди.
Совет тузимида азалдан мавжуд бўлган зиддиятлар 30-йилларда кўчая бошлади. Ҳаётнинг барча тамонлари устидан давлат тўла назорат олиб борадиган, партия аппарата ҳар қандай хукум чиқаришга қодир бўлган вазиятда меҳнаткашлар ҳаётининг ижтимоий иқтисодий, маиший  соҳаларни ислоҳ қилиш ёки лоақал юмшатиш тўғрисида сўз ҳам бўлиши мумкин бўлмай қолди.
Ўша давр хукмрон мафкураси томонидан социализмнинг капитализмдан афзаллиги тўғрисида, меҳнаткашлар фаравонлигини тубдан юксалтиришга, ҳаётнинг асл моҳиятини ўзгартиришга қодир бўлган янги ижтимоий тизим тўғрисида эълон қилинган фикрлари марксизм-ленинизм назариясига, шак-шубҳасиз, жозибадор тус берар эди. Бироқ маъмурий-ислоҳот, тоталитар тарғибот шароитларида бу назариянинг амалиёт билан тўқнашувига бардош бера олмагани 30-йилларнинг ўзидаёқ маълум  бўлиб қолди. Чунки  ҳаёт тажрибаси моддий бойликларни бир текис тақсимлаш, ишлаб чиқариш воситаларини умумлаштириш, хусусий мулкни тугатиш, бозорга қараб хўжалик юритиш механизмларидан воз кечиш сиёсатининг беъманилигини исботлаб берди.
Ижтимоий ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайиб бориши муқаррар суръатда меҳнатга тўланадиган ҳақ миқдорининг камайишига, меҳнат ва турмуш шароитларининг ёмонлашиб қолишига олиб келди. Меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг қаттиқлашуви ишчиларнинг ишлаб чиқаришга ва Қишлоқ аҳолисини колхозларга зўрлаб бириктириб қўйиш, ишга кечикганлик учун жиноий жазо беришни жорий этиш ва бошқа чоралар тотолитар тузимнинг самаралари бўлиб, улар оғир оқибатларни келтириб чикарди.

Мамлакатда маъмурий ислоҳот, бюрократик тузимнинг шаклланишида сунъий обрўлар билан, қаттиқ қуллик ва жаҳолат орқали «халқлар отаси» номини олган И.В.Жугашвели (Сталин) нинг хизмати каттадир. У 1922 йилда мамлакат ҳукмрон партияси марказий қўмитаси бош котиби лавозимини эгаллаб, 20- йиллар охирларида «доҳий» даражасига эришган эди. У ўта усталик билан ўзидан ҳар тамонлама кучли бўлганларни  йўқ қила олди. Ўзи сингари бюрократ, тотолитарларни эса ўз атрофига тўплади. У ўзигача халқ ишончини қозона олган большевиклар раҳбари номини ўзига қалқон қилиб олди. Сталин оппозициячилар билан курашни «Социализм учун кураш» дек тарзда олиб борди. У Лениннинг давомчиси ролини  ўйнади. Ким ўзига қарши чиқса, уни «Ленинга қарши», «социализмга қарши», деб эълон қилди.
Ўша даврдаги ташқи аҳволнининг оғирлиги, мамлакатнинг  ҳолсизлиги ҳам марказлаштирилган бошқарув учун имконият яратиб берди. Айниқса мамлакат  аҳолисининг катта қисминининг саводсизлиги  ҳам бундай бошқарувга имкон яратди.
Бу ҳолатлар эса Сталин шахсига сиғинишдек узоқ давом этган касалликни келтириб чиқарди.
Мамлакатда бундан кейинги амалга оширилган барча ишлар, муваффақиятлар, ютуқлар Сталин номи билан боғланди. Унинг номини янада улуғлашда «сохта шиорлар», «сохта ташаббусколиклар», «сохта  қаҳрамонликлар» ҳам муҳим рол  ўйнади.  Айниқса фашизмга  қарши матонат билан курашган  халқнинг ғалабаси ҳам «Сталин бошчилигидаги ғалаба»га айланди.
Буюк орзу-ниятлар билан «янги жамият» қурмоқчи бўлган оддий  халқ эса мамлакатда бўлаётган сиёсий жараёнлар моҳиятини англаб ета олмас эди. Чунки Сталин ясаган сиёсий аппарат, унинг  ғоявий йўналиши барча қилинаётган ишлар оддий халқ,  меҳнаткашлар манфаати учун  қилинаётгандек тасаввур ҳосил қилар эди. Хатто одамлар Сталинсиз ўз  ҳаётларини тасаввур қилолмаслик даражасига ҳам тушиб қолган эдилар. Шу сабабдан ҳам улар Сталин вафот этганда (1953 йил 5 март) «энди нима қиламиз?», «энди қандай яшаймиз?» деб васвасага ҳам тушган эдилар.
Ана шу тариқа бошқаришнинг маъмурий–буйруқбозлик усули, Сталин шахсига сиғиниш мамлакатда ўзбошимчалик ва ғайри қонунийликни бошлашга ва бундай ҳолатларни кенг миқёсда ёйилишига шароит яратиб берган эди.

Биз ўрганаётган 20-30 йилларда Республикамиз ҳаёти Марказнинг қаттик назароти остида ўтар эди. Партиянинг  йўл-йўриқларидан бир оз бўлса-да четга чиқиш сиёсий, аксил инқилобий  ҳаракат деб  баҳоланар эди.
«Социализм  мустаҳкамланиб борган сари синфий душман  қаршилиги ҳам шунчалик кўчайиб боради» деган сталинча сохта ғоя бутун мамлакатда қатағонлик сиёсатини бошланишига сабаб бўлди. ВКП(б) марказий қўмитаси томонидан ўйлаб чиқарилган «партиядаги ўнг хатар» нинг эълон қилиниши билан мамлакатда «Троицкийчилар» ниқоби остида, хибсга олинишлар бошланди.
Мамлакатда бошланган катағонлик сиёсатининг бош  мақсади зўраки ўрнатилган тузумга  қарши бўлганлардан ўч олиш, Сталин сиёсатидан норози  бўлганлар ва ундан ақл, билим жиҳатдан устун турганларнинг  йўқ қилиш ҳамда янгича кўринишда давом этаётган мустамлакачилик сиёсатини  мустаҳкамлашдан иборат эди.

Ўзбекистон компартиясининг IV съезди (1929 й) ҳам Республикамизда партия ташкилотларидаги  гуруҳбозликка  қарши кураш ниқоби остида тазйиқ механизмини ишга туширди.
Дастлаб жойларда миллий маданиятни қайта тиклаш, халқ турмишини яхшилаш муаммоларига диққатни жалб этишга уринган раҳбар ходимлар ва ижодий зиёлийлар йўқ қилинган эди. Айнан шу муносабат билан республикамизнинг Турор Рисқулов, Абдулла Раҳимбоев, Назир Тўрақулов, Иноғомжон Хидиралиев, Қайғисиз Атабоев, Султонбек Хўжанов сингари машҳур арбоблар миллатчиликда айбландилар. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муқобил йўлларини амалга оширишга уринган кишиларга  гуруҳбозликка  қарши кураш шиори остида айблар қўйилди. Кейинчалик «иноғомовчилик», «18лар гуруҳи»,  «қосимовчилар» деб ном олган ишлар худди  ўша пайтларида тўқилган эди.
1929 йил охирларида атоқли маърифатчи Мунаввар Кори Абдурашшидхонов бошчилигидаги «миллий истиқлол» ташкилотининг аъзолари қамоққа олинди. Камалган 85 нафар аъзолардан 15 таси отиб ташланди, қолганлари эса тузатиш-меҳнат лагерларига жўнатилди. Йирик жамоат арбобларидан Маннон Абдуллаев (Рамз), Носир Саидов, Маҳмуд Ходиев (Боту), Хосил Василов, Собир Қодировлар ўлим жазосига хукм этилдилар, кейинчалик бу хукум узоқ муддатли қамоқ жазоси билан алмаштирилди.
1930 йили Давлат банки аппаратида тозалаш ўтказилиб, бир қанча  раҳбар ходимлар қамоққа олинди. Республика Олий судининг собиқ раиси Саъдулла Қосимовнинг иши билан боғлиқ «қосимовчилик» деган, ишлар тўқиб чиқарилди. Суд ишларининг ҳаммаси асосан илғор сиёсий арбобларни йўқ қилишга қаратилган эди. Буларнинг ҳаммасида Сталиннинг хўжалик муоммаларини маъмурий чоралар билан ечишга мойиллиги ва чексизхокимлик қилишга интилиш мудхиш ролни ўйнади. 20-йиллар охирларида  бошқа республикаларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам хусусий капитални ва нэпманлар, бойлар хўжаликларининг қолдиқларини жуда қисқа муддат ичида тугатиш йўли қўллаб қувватланди. Мана шу нэпманлар, бойларнинг ҳаммаси социалистик қурилишнинг энг ашаддий душманлари деб эълон  қилинди.
1930 йил февралидан бошлаб Ўзбекистонда қулоқ хўжаликларни тугатиш компанияси бошланди. Бу компания, худди бошқа республикалардагидек, қонунлар ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ҳоллари билан биргаликда давом этиб борди. Биргина Мирзачултумани (Тошкент округи) да 75 та хўжалик қулоқ қишлоқ сифатида тугатилди. Кўпгина районларда қулоқ хўжаликларигина эмас, балки ўрта ҳол ва ҳатто камбағал хўжаликлар ҳам мусодара  қилинди. Натижада Ўзбекистонда биргина 1930 йили 2648 та қулоқ ва бойлар хўжаликлари деб аталган хўжаликлар тугатилди. 1930-1933 йиллари тугатилган хўжаликлар сони 5,5 мингтага етди, уларнинг кўпчилиги иттифоқнинг бошқа районларига, асосан Украина ва Сибирга кўчирилиб юборилди. Кўчирилганларнинг кўпчилиги нобуд бўлиб кетди.
Собиқ иттифоқда қатағонликнинг кенг миқёсида бошланиши ВКП(б) XVII сеъзди (1934 йил) ва унда кўрилган ташкилий масалалар билан боғлиқдир. Съезд якунида партия марказий қўмитасига котиблар сайлови ўтказилди. Номзодлар орасидан С.М.Киров кўп овозни эгаллади. Сталин усталик билан бош котиб (саркотиб) сайловини ўтказдирмади. Чунки С.М.Киров саркотиблик лавозимини эгаллаши мумкин эди. Шу сабабли Сталин то умрининг охиригача ҳукумат раиси ва партия марказий қўмитаси котиби (саркотиб деб аталмаса ҳам у партиянинг бош раҳбари сифатида фаолиятини давом эттирди) лавозимларида турди.
Партия XVII съездидан кейин кўп ўтмасдан С.М.Киров ўлдирилди. Бу воқеа партия ва мамлакатда кенг қамровли қатағонликни бошлаб берди. Бу ҳаракатлар номига Киров душманларига  қарши кураш ниқобида бўлсада, аслида съездда Кировга кўп овоз бериб, Сталинга унча ишонмаган коммунистлардан ўч олишдан иборат эди.
Партия XVII съездида қатнашган 1956 делегатдан 1108 таси, съезд сайлаган 139 та марказкум аъзолари ва аъзоликга номзодлардан 98 таси, яъни 70 фоизи қатағон қилинди.
Сталин съезддаги сайловлардан сабоқ чиқариб, ўзидан ҳар томонлама кучли, онгли фаолларни йўқ қилишга киришди. Собиқ иттифоқдаги қатоғонлик 1937-1938-йилларда ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилди. Партия  ва давлат раҳбарларидан Зиновьев, Каменев, Бухорин, Риков, Пятаков, Томский кабилар устидан сунъий  айблар тўқилди. Мамлакатда «Зиновьевчи», «Каменевчи», «Буҳаринчи», «Пятаковчи», «Томскийчи»лар қидирилди. Бир неча минглаб кишилар ана шу ёрлиқлар билан қатл эттирилди ва лагерларга жўнаттирилди.
Ўзбекистонда янги қатағонлик партия ва Давлат олдида катта -катта хизматлар қилган атоқли арбобларни қамоққа олишдан бошланди. Сиёсий бошқарма органлари (ОГПУ) Ф.Хўжаев1, А.Икромов, Д.Манжара, С. Сегизбоев, А.Каримова ва бошқалар хусусида советларга қарши қўпорувчилик ишларини тўқиб чиқардилар. Булар назарий бахс ва мунозараларда ўз позицияларини маҳкам туриб ҳимоя  қиладиган ҳурматли ва эътиборли халқ етакчилари эди. Улар шахсга сиғинишнинг якка партия зўравонлиги илдиз отиб кетишининг хавфли эканлигини очиқ равшан тушинар эдилар. Улар жойларда катта хукм ўтказа оладиган бўлишларига қарамай қатағонларнинг зўрайиб боришини тўхтатиб қолмадилар. Ўзбекистонда кенг кўламли агентура кузатувлари ва оммавий равишда қамоққа олиш ишлари ташкил этилди. 1937 йилнинг август сентябр ойларида бир неча минг кишилар республика ички ишлар  халқ комиссарлиги (НКВД)нинг ички қамоқхоналарига тушиб колди. Уларнинг орасида ЎЗ компартия марказий комитаси котиблари С.Болтаев, И.Худайқулов, А.Цехев, марказкўм бўлим  бошлиқлари М.Шермуҳаммедов, М.Усманов, К.Берчин, ЎЗЛКСМ марказкуми котиблари И.Ортиков, Т.Рискулов, Ф.Тарасов, Республика халқ комиссарлари А.Исламов, М.Турсунхўжаев,  вилоят партия қўмитаси котиблари Д.Ризаев, К.Болтаев, Н.Исроилов, Ю.Ирисметов ва  бошқалар бор эди. 1938 йил  баҳорига келиб вилоятлар, шахарлар, партия қўмиталари котибларининг 60% дан кўпроғи, шу йилнинг иккинчи ярмида эса вилоятлар, шаҳарлар, районлар партия қўмиталарининг 114 нафар котиблар қатағон  қилинди.
1934 йилдан 1938 йилгача бошқа республикалар каби Ўзбекистонда 40 мингдан зиёд киши жазоға тортилган эди. Шулардан 730 таси халқ душмани деган тухмат билан отиб ташланди.1
Ўзбекистон жамияти ҳамма  табақаларга кенг ёйилган хибсга олиш тўлқини остида қолди.
Ўзбекистон НКВДсининг ички турмаси ва бошқа жойлардаги қамоқхоналарда махбуслар шафқатсиз жисмоний жазоларга махкум этилар эди. Энг кучли ва мардонавор кишилар ҳам ахволи иложсизлиги кўриб ва  ўз  яқинларининг  тақдирларидан хавотир олиб қилмаган жиноятларини тан олишга мажбур бўлар эдилар.
Махбусларнинг кўплари ўз-ўзини ўлдиришни бирдан бир чора деб билардилар. 30-йилларнинг охирида Ўзбекистон ҳамманинг кўнглига тушган дахшат, хоинлик, зўрлик ва бедодлик шароитига тушиб қолди.
(Халқимизнинг гули бўлган зиёлиларимизнинг, етакчиларимизнинг қатағон  қилинишида ўз юртдошларимизнинг айрим вакилларини қўрқувдан хоинлик, сотқинлик қилганликларидан, амал курсиларига ўтириш мақсадида бир бирларини сотганларидан,  ўша давр  қатағонлик мафкураси таъсирида кўзлари кўр бўлиб қолган айрим миллатдошларимизнинг қабиҳ ишларидан ҳам кўз юммаслигимиз керак).
Шу тариқа инсонийлик ва демократия принципларини топтаб, оёқ ости қиладиган, ҳар қандай ўзгача фикр юритишни куч билан бўғадиган, оммавий ўзбошимчалик ва зўрлик ўтказиб, Ватанга содиқ неча ўн минглаб кишиларни қириб ташлаган тотолитар тарғибот  қарор топиб борди.
"Социализм қурилиши" деб аталган йилларда янги жамият кишисининг тўла қонли образини яратиш бобида хормай толмай кураш олиб борган ўзбек зиёлиларининг катта бир гуруҳи ҳеч қандай асоссиз сабаблар, уйдирма тухматлар ва бўхтонлар орқасида шубҳа остига олиниб, умумий таъқиб ва қувғинга гирифтор бўлдилар. Ажойиб фан захматкашлари, қобилиятли ижод сохиблари, маданият жонкўярлари сталинча қатағонликнинг айбсиз айбдорлари, бегуноҳ қурбонлари бўлдиларки, буни хеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бундай мислсиз аянчли қисматга, жисмоний йўқ қилинишга махкум этилган сиймолар орасида А. Қодирий, А.Фитрат, А.Чўлпон, К. Алиев, Ш.Сулаймон, У.Носир,2 О.Хошим, М.Суфизода, А.Ёкубов, Миён Бўзрик, Солиҳов сингари ўзбек  халқининг маънавий мулкига бебаҳо ҳисса қўшган ўнлаб унинг ажойиб ўғлонлари борлиги бизни  чуқур қайғу ва изтиробга солади.
Ўз халқининг куйлагани, унинг даври, ташвиши, хасрати ва муаммоларини ўйлагани учун бу ўта исътедод сохибларининг йўқ қилинганлиги, уларнинг ёрқин ижоди сўндирилгани-тоталитар тузум хунрезлиги ва бебошлигининг қонуний натижасидир.

Тоталитар тузум, шахсга сиғиниш ва сталинча қатағонлик сиёсати  Ўзбекистон халқ таълими ривожига ҳам салбий таъсир этди. Таълим тарбия ўта сиёсатлаштирилди. Миллий маданий меъросни ўрганиш, миллий тарбия усулларидан фойдаланиш тақиқланди. Мактабда "большевикча тарбияларни" ўрнатиш учун олиб борилган кураш ёш авлод тарбиясига путур етказди, натижада болаларга катталарнинг  ҳоҳиш иродасини ва талабларини итоатгўйлик билан бажарувчилар деб қараладиган бўлди. Бўлаётган ишлардан халқни чалғитиш, халқда "доҳий" га  муҳаббатни янада ошириш учун ғалаба рапортлари,  ўлкан ютуқклар, буюк натижалар керак эди. Бу ғалабалар "доҳий" образининг янада  яқинроқ бўлиши учун нима  қилиб бўлса ҳам қўлга киритилиши лозим эди. Бирон натижага эришилмаса, бунинг учун жавоб бериш керак эди. Шу сабабли Сталин мамлакатнинг исталган жойида  ҳоҳлаган кишини қатағон  қилиш учун назарий асос бўла оладиган фикрларни башорат қила олар эди. "Правда востока" газетасининг 1940 йил 30 июн сонида эълон  қилинган "халқ маъорифининг юксак марралари сари" номли  мақолада: "Партия ва шахсан ўртоқ Сталин кун сайин болаларга, мактабга  бўлган  ҳақиқий  муҳаббат ва ғамхўрлик намуналарини  кўрсатмоқдалар. Сталиннинг қўлида пионер қизча билан тушган тасвири бизда партиянинг совет болаларига бўлган меҳр    муҳаббати тимсоли бўлиб қолди"-деб ёзилган эди. Ва ҳоланки 1939-1940 йилларда "доҳий севган" болаларнинг 4.7% мактабларга жалб этилмаган, 6.1% мактаблардан кетиб қолган, жами 100 мингдан зиёд болалар мактабларга қатнамай қўйган эдилар.1
30-йилларда кўпгина ҳалол ўқитувчилар ҳам "халқ душмани" деб эълон  қилинди. Уларнинг фарзандлари эса, бундай "ёрлиқни" олган  бошқа кишилар фарзандлари сингари комсомол аъзолигидан ўчирилиб, мактаблардан хайдалдилар.
Қатағон йилларида фавқулодда қонунлар қабул қилинди. 12 ёшдан бошлаб ўлим жазосини қўллаш мумкин бўлиб қолди. Ўсмирларнинг катталар билан биргаликда қатл этилган ҳоллари ҳам содир бўлди.
Қатағонликлар оқибатида ўқитувчи кадрлар сони камайиб кетди. Халқ таълими тузими раҳбарлари, педагог олимлар ҳибсга олиниб, "халқ душмани" сифатида йўқ қилинди: (халқ таълимида қатоғонликни  кенгроқ, тушунтиришни истаган ўқитувчилар учун профессор И.Турсуновнинг "Истиқлолга интилган қалблар нидоси" (Т., 1993 и) китобини тавсия этамиз.)

Меҳнаткашларни чалғитиш учун матбуотда "халқ душманлари" ни "фош этадиган" мақолалар мунтазам эълон қилиниб борилди. Шу  мақолалардан айримларини матнда келтириб ўтишни лозим топдик:
"Душманлар  Ўзбекистон Маориф  халқ комиссарлигини бехудага қўлдан бермай келган эмаслар. Турли даврларда Маориф халқ комиссарлигига бошчилик қилган Усмонов, Каримов, Ризаев, Рамзий каби собиқ халқ комиссарларининг ҳаммаси халқнинг ашаддий душмани бўлиб чиқдилар. Кўпгина шаҳар ва район Маориф булимларининг аппаратлари ҳамда мактаблар мана шундай тўдалар билан ифлосланган экан халқ душманлари жуда катта зарар келтирдилар. Уларнинг зарар кўрандачилик хатти ҳаракатлари оқибатида мактаб ёшига етган болаларни умумий мажбурий  ўқишга жалб этиш иши хануз  тўла амалга оширилаяпти. Халқ душманлари ўзбек болаларининг тўлиқсиз Ўрта ва Ўрта мактабларни туғаллашларига тўсқинлик қилдилар. Мана шунинг учун 8 -10-синфларда ўқиётганларнинг 11% гина маҳаллий миллат вакилларидир Ўзбекистон мактабларига ўқитувчи кадрлар тайерлаш ишига зарар кўрандаларча муносабат  оқибатида 2176   ўқитувчи етишмаётир... "Правда востока" газетаси, 1938 и 6 январ )
"Халқ комиссари Сорокин каноти остидаги миллатчилар ўзбек ўқувчиларини ўзбек тилини дарсликлардан ўрганиш имкониятидан маҳрум қилдилар. Халқ комиссари эса котибалардан ташкил топган ўтиб  бўлмас тўсиқ орқасига, кабинетига ўтириб олиб, ташқарида нима бўлаётганидан бехабар". Бу даврда матбуотда бундай айбларнинг ёзилишининг ўзи инсонни суд ва терговсиз отиб ташлаш учун кифоя эди.
Юқорида номи зикр этилган К.Сорокин 1936 йил июл ойида республика халқ маъорифи комиссари қилиб тайинланган эди. У 15 ойгина халқ комиссари бўлиб ишлади. 1937 йилнинг 29 сентябрида уни хибсга олишди. Сўнгра унинг рафиқасига ҳам хибсга олиш тўғрисидаги ордерни  кўрсатишди. Бироқ уни (Гулсум Абдурахманова) ўша вақтда ҳомиладор эканлиги қутқариб қолди. Уни қамоқдан чиқариб, яшаб турган уйини тезда бўшатиб қўйишни талаб қилишди. У икки ёш гўдаги билан қайнонасининг кичик бир уйига кўчиб ўтди.
У Сталинга, Ворошиловга, Берияга мактублар ёзди. Лекин "Эрингиз хат ёзишиш  ҳуқуқларидан  маҳрум этилган  ҳолда 10 йилга хукум  қилинган деган мазмундаги жавоблар Берия имзоси билан келарди. Кейинчалик қамоқ муддати хатлар бўйича икки баравар кўпайтирилди. Эри хибсга олингандан уч ой кейин отиб ташланганлигидан бехабар Гулсим опа ҳар ойда эрининг турмада кун кечириши учун НКВД кассасига олтмиш сумдан пул тўлаб турди. У бу йиллар ҳатто, "доҳий" тезда адолатни тиклайди, деб кутди. Хатто, ўзининг 1938 йил январда туғилган қизига Сталиннинг қизи шарафига Светлана деб ном ҳам қўйган эди.
("Правда Востока" газетаси, 1937 йил, 15 сентябрь.)

Сталинча мустабид ҳокимияти дастидан миллий жумҳуриятлар мустақиллиги, суверенлиги барбод этилибгина колмай, шу билан биргаликда уларнинг фуқаролари ички эътикоди, асрлар оша давом этиб келган миллий қадриятлари, урф-одатлари , расм-русмлари, диний эътикодлари ҳам топталди.
Динни, руҳонийлар ва диндорларни таъқиб қилиш халқнинг маънавий маданиятига ниҳоят даражада зарар етказди. Маъмурий ислоҳот тартиботи ўрнатилиши билан динга илмий, миллий  нуқтаи назардан ёндошиш инкор этила бошлади. "Социализмда динга ўрин йўқ, унга дин бегона" деган қоида устун бўлиб колди. На масжидлар, на черковлар, на диндорлар шу  қадар микёсдаги таъқибларни ҳеч качон бошидан кечирмаган эдилар.
Республика  руҳонийларининг асосий  қисми 30-йилларда концентрацион лагерларга жунатилди. Масжидлар бекитиб қўйилди. Уларнинг аксарияти отхоналар, омборхоналарга айлантирилди.
Бу қилинган ишлар, шубҳасиз, миллионлаб кишиларнинг шахсиятига, миллий ғурури, ҳис-туйғуларига таъсир кўрсатмай колмади. Хатто шундай ҳолатларга ҳам дуч келиндики, жумҳуриятимиздаги кўплаб хонадонларда вақти- вақти билан ўтказиб туриладиган тинтув пайтида араб ёзувида босилган бирор китоб топилгудай бўлса, унинг номи, мазмунини суриштириб ҳам ўтирмасдан, ўша хонадон сохибига жамиятга ёт унсур шахс деган лаънат тамғаси босилиб, уни қамоқ ёки сургун жазосига махкум этиларди.
Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги Бегувул қишлоғида илмли, яхши фазилатлари билан элда ҳурмат козонган, аёлларни ўқитиб, саводли қилган муътабар онахон Бибижон Исмоиловани 80 ёшида диний китоб  ўқишда айблаб, камоққа олишган ва момо қамоқда  оғир аҳволда вафот этган. Холбуки, уйига ўша қузғунлар бостириб кирган кечада Бибижон момо ўзининг ҳамиша ўкиб юрадиган севимли "аҳлоқул-мухсинин" (яхши  ҳулқлар) китобини ўқиб ўтирар ва бу асар гўзал инсоний фазилатлар таърифидан ҳикоя қилар экан. У даврларда ноҳақ айбланиб муштипар момо сингари фожеали  қисматга дучор  бўлганлар кўплаб учрарди. Бундай ҳоллардан саросимага тушган одамлар аввалгидек китобхонлик нари турсин, ҳатто эски китобларни қўлга олишдан уни уйда асрашдан ҳам хадиксирайдиган бўлиб қолгандилар. (Каралсин: М.Содиков. Эрксевар, ҳурриятпарвар эл ворисларимиз, т., "Камалак", 1992, 38-бет).

Бу хилдаги бедодликлар, баттолликлар орқасида халқимизнинг Қадим Қадимдан, авлодлар оша авайлаб, сақланиб, асралиб келинган кўплаб нодир маънавий қадриятлари, миллий удумлари, урф одатлари завол топди, емирилди, одамларнинг эса мутелиги, маънавий, руҳий мажрухлиги кўчайиб борди.
Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Сталинча мудхиш йилларда ҳам ўз иймон эътикодини сотмаган, ўз фикридан кайтмаган, ўз ғоясига содиқ бўлган юртдошларимиз кўп эди. Уларнинг тирик қолганлари мустақиллигимизга эришишимизга ўз ҳиссаларини  қўшдилар ва қўшмоқдалар.

Фашизмга қарши уруш тамом  бўлгандан кейин орадан кўп ўтмай барча републикалар сингари Ўзбекистон бўйлаб яна бир ялпи террор тўлқини бўлиб ўтди. 30-йиллардаги Қатағонлар асосан партия, совет, хўжалик ва  ҳарбий кадрларга бўлган бўлсада 40-50-йиллардаги Қатағонлар эса асосан маданият ва илм фан арбобларига тааллуқли бўлди.
Собиқ иттифоқдаги ҳукмрон партия марказқуми уруш йилларида фашизм асоратини, немислар босиб олган ерларда одамлар онгига фашизим мафкурасининг таъсири бўлганлигини ва бунинг оқибатида матбуот, санъат ва адабиётда-ғоясизлик сиёсатдан йироқ туриш, ҳаётий ҳақиқатни бузиб  кўрсатиш, реалистик традициядан четлашиш, умидсизлик, келажакка ишончсизлик пайдо  бўлганлигини рўкач қилиб, 1946 йилнинг августида "Звезда" ва "Ленинград" журналлари ҳақидаги, 1948 йилда "улуғ дўстлик" операси ҳақидаги ноҳақ қарорлар қабул қилди. Уларда совет адабиёти ва санъатининг бир  қанча талантли ходимларининг ижодига ноҳақ ва асоссиз айблар  қўйилди. Партиянинг адабиёт ва санъат масалаларига оид  қарорларини амалга ошириш вақтида матбуотда ва ижодий ташкилотларда баъзан хатоларга ва бузиш ҳолларига йўл қўйилди бадиий проблемаларни ижодий муҳокама  қилиш баъзан маъмуриятчилик билан алмаштирилди, адабиёт, мусиқа ва кино асарларига баҳо беришда айрим ҳолларда баъзи асарлар асоссиз танкид қилинса, баъзилари асоссиз мақталди.
Бу қарорлар (булар ўша даврдаги бош идеолок А.А.Ждановнинг ташаббуси ва кўрсатмаси билан қабул  қилинган эди)нинг бажарилиши бутун мафкурани, шу жумладан ижодиётни, адабиёт ва санъатдаги демократик  тараққиётни кўп йиллар давомида бўғиб қўйди. Карорларнинг салбий таъсиридан  Ўзбекистон ва унинг партия ташкилоти ҳам четда колмади. 40-йилларнинг охири, 50-йилларнинг бошларидаги ЎзКомпартия Марказқўмининг барча бюро йиғилишларида, 1952 йилда бўлиб ўтган Марказкум X Пленумида миллатчиликка қарши ниқоб остида ўзбек халқининг маданий меросига, бадиий ва илмий зиёлийларга қарши кураш бошланди. Республиканинг кўпгина ёзувчилари, олимлари, партия ва давлат арбоблари миллатчиликда айбландилар. "Айрим ўзбек ёзувчиларининг ижодида, -деб кўрсатилган эди. ЎЗКП б МҚнинг 1949 йил 25 июндаги буйруқ қарорида-миллатчилик, миллий чегараланиш, феодал ўтмишни кўкларга кўтариш ва эски феодал маданият олдида қулларча таъзим  қилиш  ҳоллари сезилиб туради". Қарорларда А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, А.Каюмов, М.Шайхзода, Ойбек, Миртемир, Уйғун, М.Бобоев, У.Рашидов, Шукурулло, С.Аҳмадларнинг ижоди қаттиқ танқид остига олинди. Айниқса ўз саҳифаларида ўқувчиларни тартибсизликка ундовчи мақола ва бадий асарлар бериб борганлигида, космополитизмда (сиёсатдан йироқлашишда) айбланган Ойбек раҳбарлигида чиқиб турган "Шарқ юлдузи" журнали кескин танқид остига олинган эди.
1951 йилнинг 8 апрелидаги ЎЗКП б МҚ бюросида "Ўзбекистон ССРда мусиқа саънатининг ахволи ва уни янада ривожлантириш чоралари тўғрисида" қабул қилинган қарорда мусиқа санъати ҳаётдан йироқлашишда, ўзбек халқини янги жамият қуриш руҳида тарбиялашга хизмат қилмаётганликда айбланди. Классик ва миллий мусиқалар, макомлар, "Фарход ва Ширин", "Лайли ва Мажнун", " Тоҳир ва Зухра", "Алпомиш" каби асарларни тарғибот қилиш  тақиқланди. Қўштирноқ ичида Миллатчиларга космополитларга, пантуркчиларга  қарши матбуотда кенг компания бошланди. 1951 йилнинг 10 августида республика матбуотида Туроб Тўла, Камтар Отабоев, Миртемир, А.Бобожонов, С.Абдуллаев, Хабибийлар ижодини кескин  қоралаган "Айрим шоирлар ижодида мафкуравий бузилишлар" номли  мақола босилиб чиқди. 1951 йилнинг 24 августида  эълон  қилинган мақолада  Ойбек, Х.Зарипов, Х.Ёқубов, И.Султон каби илмий ходимлар "мафкўравий хато ва бузилишда" айбландилар.
М.Шайхзода, Шукурулло, Юсупов, Ғулом Алимов ва яна бир  қанча шоир,  ёзувчилар 1951 йилда  "совет тузимига қарши  миллатчиликда" айбланиб қамоққа олиндилар ва 1952 йилда 25 йиллик камоқ жазосига хукум  қилиндилар.
Республикада 50-йиллар  Қатағонлигини бошлаб беришда ҳукмрон  партия марказкуми  қарорларини  Ўзбекистон  ҳаётида тадбиқ этишда   ЎзКомпартия марказкумининг 1952 йил 21-22 февралида  бўлиб ўтган X пленуми ва унинг қабул  қилган  қарорлари катта роль  ўйнади. Пленумда тингланган ва мухокама этилган биринчи котиб А.Ниёзовнинг "Республикада идеология ишларининг ахволи ва уни яхшилаш чоралари ҳақида" ги докладида шундай деб таъкидланган эди: "Кейинги икки йилда республикада адабиёт ходимлари орасидан совет тузимига  қарши, миллатчилик кайфиятида  бўлган  гуруҳ очиб ташланди. Бу  гуруҳ Совет давлатига  қарши душманлик ишини олиб борди. Бу  гуруҳ аъзолари олдин айбланган миллатчилар билан яқин алоқада  бўлганлар, улар мафкуравий бузуқ мазмундаги шеърлар ёзиб, миллатчиларнинг Совет тузумига қарши  асарларини идеаллаштириб, оммага тарқатганлар".1
Пленумда жамиятшунос-олимларга ҳам ноҳақ айблар қўйилди. Жумладан файласуф В.Зоҳидов "буржуа миллатчиси", тарихчи А.Бобохўжаев "пантуркизмни тарғиб этувчи", иқтисодиётчи А.Аминов эса "буржуа миллатчилари билан алоқа килувчи"лар сифатида айибландилар.
50-йилларнинг бошларида яна 60 тача энг кўзга кўринган қобилиятли олимлар ва ёзувчилар, санъат арбобларининг рўйхати тузилиб, уларни ҳам миллатчи, асл инқилобчи ва ҳақозо ерликлар остида жиноий жаз оға тортишга уриндилар. Бу офатлардан қутилиш жуда қимматга тушди. Лекин адолат, гарчи тезда бўлмасада, ҳарқалай тикланган эди. Ўзбекистон илм-фани, маданиятининг асосиз  Қатағон қилинган кўпгина арбоблари 1956 йилда батамом оқландилар. 1940 йилларнинг охирларида сургунга юборилганларнинг ҳаммаси озод қилинди. Йўқотиш рўйхатига қўшилган, халқимизнинг фахри бўлган 60 та зиёлиларимиз устидан тайёрланган ҳукм бекор  қилинди. Зулмларга қарши адолат ўрнатилган бўлсада. Сталинизм вужудга келтирган таталитар тузум бедодлиги ва бешафқатлиги халқимизнинг орзу умидларини чил-парчин қилди, суверен ҳуқуқлари-миллий мустақиллигини завол топтирди. Ўзбекистон оёқ қўли кишанланиб, марказ деб аталмиш зўравон ҳокимият исканжасига тушиб қолди. Унинг тил забони кесилди, алифбеси ўзгартирилди, ўтмиши, тарихи кўздан йироқлаштирилди.
Сталин шахсига сиғиниш туфайли руй берган  Қатағонлик сиёсати собиқ мамлакат миқёсида 50 миллиондан ортиқ кишини ўз домига торди.
"Московские новости" газетасининг 1988 йил 27 ноябрь сонидаги Рой Медведевнинг "Сколько жертв в году култа личности Сталина?" номли  мақоласида  Қатағон  қилинганлар сони йилларгача тақсимланиб қуйидагича берилган:

1927-1928 йил- 10 минглаб "Троцкийчилар"
1930-1933 йил- 10 миллиондан ортиқ "Қулоқлар"
1933 йил 8 ойида  бўлиб    ўтган очлик натижасида-6 миллион киши
1937 йилгача- 17-18 миллион киши
1937-1938 йил- (Буюк терорлар йиллари)- 7 миллион киши
1938-1940 йил- Поляк оилалари, Болтиқ бўйи  аҳолисидан- 2 миллион атрофида
1942-1944 йил 3 миллиондан ортиқ  киши - чечен, қрим-татар, грек, турк, курд ва  ҳакозо  халқлар кўчирилди. Уларнинг 1 миллиондан ортиғи  кўчиш жараёнида кийинчиликлар натижасида вафот этдилар.
1945-1946 йил- 5 миллион атрофида
1947-1953 йил- "Ленинград иши", "Врачлар иши" ва "Космополитлар иши" бўйича 58 модда бўйича ("Социализмга  қарши пропаганда" айби билан)- 1 миллиондан  ортиқ киши.

Уруш даврида собиқ иттифоқ халқининг 30 миллионга яқини кирилиб кетди. Урушсиз, ноҳақ айблар билан 50 миллион кишини асоссиз Қатағон қилиниши таталитар тузумни, унинг раҳбари бўлган Сталинни умуман оқлаш мумкин эмаслигини исботлаб турибди.
Бунинг устига собиқ иттифоқ тарихчи олимлари ўртасида бўлиб ўтган воқеаларга, жараёнларга Сталинни тўлиқ алоқаси йўқдир, кўп қатломлар унинг хабарисиз  бўлгандир, кўп ҳукмлар усиз бўлганку" деган фикрлар узоқ давом этди.
Архив ҳужжатлари тоталитар тузумни қарор топишида, қатағонлик сиёсатининг бутун мамлакат бўйлаб ёйилишига унинг  ҳар бир ҳукмида шахсан Сталиннинг иштироки ва рахномолиги борлигини тасдиқлайди.
1934 йил 1 декабрда Сталиннинг кўрсатмаси билан Марказий Ижроя қўмитаси котиби Енукидзе имзо қўйган, "қўлга олинганларнинг иши тезлатилсин улар кечирилмасин, хукмлар тезда амалга оширилсин" деган мазмунда деректив ҳужжат эълон  қилинган эди.
1937-1938 йилларда минглаб совет, партия, комсомол ва хўжалик ходимлари ва ҳарбийлар исм-шарифлари келтирилган, тайёрланган ва ҳукм эълон қилинган 383 та рўйхат Сталин тасдигига берилди. У хеч иккиланмасдан бу рўйхат ва  ҳукмларни тасдиқлади.
1937 йилда ВКП марказкоми номидан ички ишлар халқ комиссарлиги органларига қамалганларга нисбатан жисмоний усуллар қўллаш тўғрисида кўрсатма ҳам берилди. РФ  собиқ фирқа ҳужжат асрови манбаларидан.
1939 йил 20 январида Сталин марказком томонидан Республикалар партия марказқумларига, вилоят, ўлка партия кўмиталарига, ички ишлар халқ комиссарлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқларига телеграмма юбориб, кулаг* олинганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш усулларидан фойдаланиш, бу усулни доимий қўллашни талаб қилди. Жумладан унда шундай дейилган эди: "ВКП марказқуми шуни билдирадики жисмоний куч ишлатиш усулини қўллаш 1937 йилдан буён НКВД иш тажрибасида қўлланилмоқда ва унга ВКП марказқуми рухсат этган. Нима учун социалистик давлат хавфсизлиги органлари буржуазия қутурган агентларгача ишчилар синфи ва колхозчиларнинг ашаддий душманларига нисбатан инсонпарвар бўлиши керак? ВКП марказқуми бундан буён ҳам  халқ душманларига қарши жисмоний куч ишлатиш усулидан фойдаланишни тавсия этади ва уни энг тўғри ва  мақсадга мувофиқ усул деб ҳисоблайди".
Шахсга сиғиниш йилларида шахсан Сталиннинг кўрсатмаси асосида жазолар  қаттиқлаштирилди ва жиноий суд ишида шахс ҳуқуқи гарантияси  йўқ  қилинди. Бу ўз навбатида ўзбошимчалик ва қонунсизликка йўл очиб берди. 1934 йил 10 июлда собиқ иттифоқ партия марказкомининг "Алоҳида кенгашлар ташкил этиш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Бу қарор асосида ОГПУ, НКВД ходимларидан иборат "учлик", "иккилик" кенгашлари тузилдики, улар судсиз  ҳоҳлаган кишини чиқариб,  йўқ  қилиш имкониятига эга эди.
Кўриниб турибди-ки, юқорида зикр этилган ҳужжатларнинг ҳаммаси 20-йиллардан то "доҳий" вафотигача бўлиб ўтган барча хунрезликлар шахсан Сталин қўл остида амалга оширилганлигини тасдиқлаб турибди. Ўша давр мамлакат бош прокурори Вишинский, НКВД, ОГПУ, ички ишлар комиссарлиги  раҳбарлари Ягода, Ежов ва Бериялар эса Сталин яратган қатл аппаратини юргизишга бутун кучи билан ёрдам бердилар. Улар "дохий"нинг мақсадларини амалга оширишда "содиқ қул" сифатида хизмат қилдилар.
Собиқ ҳукмрон фирқа ва шўро ҳукуматининг қатоғонлик сиёсати 80-йилларда яна ўз аппаратини юргиза бошлади. Бироқ, энди бу  сиёсат марказ танлаган айрим Республикаларда амалга оширила бошланди.
Шуни такидлаш жоизки, собиқ иттифоқ аввал бошданоқ сохта, кўрама эди. Унга республикалар мажбуран бирлашган эдилар. Шунинг учун ҳам улар ўз халқи, миллий давлатчилиги қадриятлари, ҳоҳиш-иродаси инобатга олинмаган бу иттифоқдан бутунлай норози эдилар. Аммо ундан чиқишнинг иложи йўқ эди. Гарчи собиқ иттифоқ Конституциясида бундай  қоида мавжуд бўлсада, кучли марказ, армия, давлат хавфсизлиги қўмитаси каби асосий кучлар бу  иттифоқнинг таянч нуқталари эди.
Шўролар тузумининг қарийиб 70-йиллик ҳукмронлик даврида тўпланиб қолган муоммалар 80-йиллар ўрталарига келиб юзага чиқа бошлади. Энди куч билан иттифоқни  сақлаб қолиш мумкин бўлмай қолганди. М.С.Горбачев собиқ иттифоқ ҳукмрон партияси раҳбари бўлгач янги ҳокимият шўро жамияти тўқнаш келган қийинчиликлар ва тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилмасдан туриб мавжуд давлат ва тизимни сақлаб қолиш мумкин эмаслигини англаб етди. Натижада жамиятни янгилаш, ижтимоий иқтисодий ва сиёсий хаётда жиддий ўзгаришлар қилиш йўллари излана бошлади.
Ҳукмрон Фирқа марказқумининг 1985 йил (апрел) пленуми мамлакатда вужудга келган вазиятни таҳлил қилиб, шўро жамиятини ва янгилаш зарурлиги борасида кўрсатмалар берди. Натижада Ўзбекистонга "кадрлар десанти" юборилди. СССР прокуратураси ходимлари, ашаддий шовинистлар Гдлян ва Ивановлар  раҳбарлигидаги терговчилар гуруҳи  Ўзбекистонга келиб "енг шимариб" ишга киришдилар. Гдлян ва Ивановлар бошчилигида марказдан юборилган терговчилар марказнинг қўллаб қувватлиши билан улар "ўзбеклар иши", "Пахта иши", "ўзбек мафияси" деган сохта уюдирмаларни тўқиб чиқардилар. Бундан мақсад ўзбек халқини, Ўзбекистонни  нафақат иттифоқда, қолаверса дунёда бадном қилиш, жазолаш ва шу йўл билан бошқа иттифоқчи республикаларни чўчитиб қўйиш эди. Афсуски,  Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги раҳбарлари буни кўра била туриб ломлим демадилар, аксинча десантчиларга кўмаклашдилар. Бунинг  оқибати эса уларнинг ўзлари учун ҳам ҳалокатли бўлди.
Десантчилар ўзбек халқини кўз бўямачиликда, порахўрликда, қўшиб ёзишларда, боқимандаликда ва ҳақозоларда айблаб, фирқа ва давлат раҳбарларидан тортиб оддий деҳқонларгача тақиб остига олдилар. Биргина сохта, уйлаб чиқилган "Пахта иши" натижасида 25 мингга  яқин республикамиз фуқаролари қийноқларга солинди, судсиз, терговсиз қамалди. Буларни орасида кексалар, хомиладор аёллар, ногиронлар ҳам бор эди.
Айбсиз кишиларга жисмоний куч ишлатиш, қўрқитиш йўли билан айблар қўйилди. Оддий меҳнаткашлардан катта миқдорларда пул, ўз раҳбарлари тўғрисида нотўғри кўрсатмалар бериш талаб қилинди. Республикада "адолатсизликлар", қўшиб ёзишлар ҳақида марказий газета-журналларда, радио ва телевиденияда мунтазам хабарлар босилиб, миллатимиз шаъни бадном, шарманда  қилинди.
Бундай ҳолат республикада амалга оширилиши лозим бўлган иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларга ҳам чуқур салбий таъсир кўрсатди. Мамлакатдаги мавжуд маъмурий ислоҳот тизими, "кадрлар десанти" сиёсати натижасида янада кўчайган "қўрқув" иқтисодий ва ижтимоий соҳада жиддий қайта қурилишларга олиб келмади. Хўжалик ҳисоби ёки бригада пудратига  ўтказилган бир қанча саноат соҳалари, қурилиш ва транспорт корхоналари, пахтачилик бригадалари, совхозлар булимлари деярли ислоҳ қилинмаган вазирликлар ва идораларнинг эскича тўраларча иш олиб боришлари натижасида ислоҳотлар йўлидан бора олмадилар. Бу ҳол меҳнат жамоалари ташаббуси ва фаоллигини бўғиб қўйди, фан-техника тараққиётига тўғаноқ бўлди. Натижада бутун собиқ иттифоқда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланишда туб ўзгаришлар яратишга қаратилган қайта қуриш муваффақиятсизликка учради.
Қайта қуришнинг иттифоқчи республикалар мақоми ва ҳуқуқни кенгайтириш ҳақидаги режалари ҳам амалга ошмади. Республиканинг олтин, тоғ-кон, газ, металлургия, машинасозлик, электротехника, кимё каби муҳим саноат тармоқлари хам марказ ихтиёрида қолаверди. Шуни айтиш керакки, бу даврда иттифоқ раҳбарияти Ўзбекистонда фақат пахтани қайта ишлашдан 75 млрд.рубл фойда олишни билгани ҳолда, республикамизни датациялар ва молиявий ёрдамга мухтож, деб уни боқимандаликда айблашда давом этдилар.
Собиқ иттифоқда ва республикада вужудга келган вазият, миллий урф-одатлар, анъаналар, қадриятларнинг топталиши, халқимиз орасида турли кўринишларда марказ сиёсатидан норозиликларнинг кўчайишига олиб келди. Тахқирлаш ва камситишлардан безиб қолган халқ ўз ҳақ ҳуқуқини талаб  қилишга киришди. Мачитларнинг ёпилиши, диний эътиқоднинг таъқиб  қилиниши, ҳатто энг яқин кишиси вафот этганда ҳам уни охирги манзилга кузатишдан чўчиб туриш, "Наврўз" байрамининг сохталаштирилиб "Навбаҳор" деб эълон қилиниши, ўз гўдагига алла айтиб овитишни ҳам унитиш, миллатлараро муносабатларнинг атайин кескинлаштирилиши (Фарғона, Уш, Қўқон, Паркент воқеалари) ва бошқа ҳолатлар халқимизнинг кўзини оча бошлади.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин