Саналар
24.11.2017
Баннер
Армонда қолган Мадаминбек
PDF Босма E-mail

20-йиллардаги миллий-озодлик ҳаракатига доир ҳужжатларни ўрганаётганда, уларнинг баъзиларига танқидий ёндашсак, тарихий ҳақиқатларни тиклашда бир ёқламаликдан ҳоли бўлишймиз мумкин. Бу ўринда 1922 йил 6 мартдаги 2-Туркистон ҳарбий қўмондонлигининг ўқчи дивизияси ва Мадаминбек қўмондонлигидаги ислом қўшини ўртасидаги битим матнини назарда тутаётирман. Ўша протоколга асосланиб, «Босмачилик: ҳақиқат ва уйдирма» («Шарқ юлдузи», 1991 й. 3-сон) давра суҳбати иштирокчиларидан Қ. Маҳмудов Мадаминбек «Русиядан келган 150 минг кишилик қўшин билан курашиш қийинлигини инобатга олиб, музокара олиб боришга мажбур бўлган ва музокара давомида сиёсатда тажрибасизлик қилган», дейди. Бу фикрга қўшилиш шунинг учун қийинки, Мадаминбек қўрққанидан эмас, балки реал сиёсатчи эканидан Туркистон мустақиллигига йўл очиши мумкин бўлган ва ўша давр вазиятида бирдан-бир ақлга мувофиқ келадиган талабларни қўяди. Агар у талаблар ҳукумат билан тузиладиган битимда ўз ифодасини топса, Туркистон мухторият мақоми орқали мустақил ривожла-ниш йўлига кириб олиши мумкйн эди. Лоақал Туркистон парчаланиб кетмас, унинг миллий анъаналари ва турмуш тарзи оёқости қилинмасди.

Мадаминбек ва унинг йигитларини бутун водийда ҳурмат қилишар, чунки улар бошчилигида Қизил армия ҳамда арман Дашноқларининг хунрезликларини чеклаш имконияти вужудга келган эди. Мадаминбек Шўро ҳукуматига эмас, балки бу ҳукуматга жойлашиб олган мансабпараст, шахсиятлараст ғаламисларга қарши курашни ўз олдига мақсад қилиб олган эди. Аммо Шўро ҳукумати маҳкамаларида ўтириб олган ва тор шахсий манфаати йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган, имон-эътиқодининг тайини йўқ одамлардан қутилиш учун қуролланган кишилар, албатта, бўлиши кераклигини билар, шунинг учун ўз отрядини янги ҳокимиятда адолат тикланиши учун кафолат воситаси деб ҳисобларди. «Агар одамлар менга қарши чиқса, дарров Шўро ҳукуматига бўйин эгаман», дейди у. Бу билан Шўро ҳукумати номидан келган саккиз вакил ичида битта ўзбек — вилоят инқилобий қўмитасининг раиси Хўжаевга киноя қилиб, сенлар халқ номидан гапиришга ҳаққинг йўқ, сенга ўхшаган ландовурлар туфайли Туркистон халқла-ри ўз буюклиги, миллий мустақиллиги ва ғуруридан маҳрум бўлиб боряпти, демоқчи бўлади. Демак, Мадаминбек тушунчасида халқ оммаси қўллаб-қувватламайдиган ҳоки-мият вакилининг давлат ишларида иштирок этиши, маънавий-ахлоқий нопоклик алома-тидир. Унинг наздида, миллатга зулм ўтказиш, бир миллатнинг иккинчи миллат устидан зўравонлик ўрнатиши адолатсизликдир.
Мадаминбекнинг ўша протоколда ифодаланган қуйидаги сўзларига эътибор беринг: «Мен Марғилондан чиққанимда, талон-торож билан шуғулланиш ва қўмондон бўлишни мақсад қилган эмасман. Чиқишимга сабаб — Шўро ҳукумати вакилларининг аҳли исломга ўтказган муносабатларидаги адолатсизликларидан анчайин хўрланишим бўлди». Демак, Мадаминбекнинг энг биринчи талаби Шўро ҳукумати одамларини адолатли бўлишга ундаш, зўравонликка барҳам бериш, амалда халқ ҳокимиятини барпо этиш эди. «Шўро ҳукумати» тушунчаси Мадаминбек талқинида адолатни қарор топтириш воситаси, Қизил Армия қўмондони вакили Веревкин-Рахальский тушунчаси бўйича янги, янада макрлироқ рус империясини қарор топтириш воситаси эканини музокаралар мазмунидан сезиш қийин эмас.
Мадаминбекнинг сулҳга келишини қўрқоқлик аломати сифатида талқин этиш ўринсизлигининг яна бир жиҳати бор. Ўша давр ҳужжатларига асослансак, Мадаминбек ўша давр ижтимоий-сиёсий вазиятидан келиб чиқиб сулҳ тузишни мустақилликни сақлаб қолишнинг бирдан-бир тўғри йўли деб билади. Шўро раҳбарларининг иккиюзламачилик сиёсатига миллий қўшин ёрдамида аста-секин барҳам берилишига умид боғлайди. Мадаминбек ўзбек халқининг энг яхши анъаналарини музокаралар давомида ҳам намоён этди. «Биз,— дейди у,— талон-торож билан шуғулланмаганмиз, шу туфайли тавба қилишимизга ҳожат йўқ». Мадаминбек қўйган талаблар миллий-демократик (социалистик эмас) характерга эга. Агар совет ҳокимиятининг миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш тўғрисидаги Декларацияси иккиюзламачиликка асосланмаганда, «босмачилик» ҳаракати 20-йиллар бошидаёқ барҳам топар, Туркистон халқлари тинч меҳнатга ўтиб, бошқа халқлар билан дўстона ҳаёт кечиришга азми қарор қилган бўлур эдилар.
Давра суҳбатида «Яраш битими ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаганлиги учун бошқа беклар Мадаминбекни хоинликда қоралашди. Холхўжа қўрбоши Учқўрғон теграсида Мадаминбек билан жангга киришиб, уни қатл этди, дейилади. Бу фикрлар тарихий ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки Холхўжа отряди 50—60 кишидан иборат бўлиб, Мадаминбек қўшинларига бардош бера олмас эди. Сўнгра, у Шермуҳаммадбек (Кўршермат) қўшинига бевосита бўйинсунар, унинг ижозатисиз бу хунрезликка қўл ура олмас эди. Шуни эътиборга олиш керакки, 1920 йил 6 март битими лойиҳа бўлиб, у келаси музокаралар учун негиз бўлиб қолиши керак эди. Чунки Мадаминбек, Веревкин-Рахальский ҳукумат бошлиғи эмаслигини, бундай битимни имзолашга ваколати йўқлигини биларди.
Мадаминбекнинг рафиқаси Саодатхон ая Абдураззоқованинг айтишича, Мадаминбек «Марғилонга Фрунзе келади, эртага мен у билан учрашаман, деб гап топиб келди. Марғилон томонидан Фрунзе, Тошлоқдан эса Мадаминбек ўз қўшинлари билан келишиб, ҳозирги Тошлоқ ноҳиясидаги пахта тозалаш заводи ёнидаги кенгликда учрашадиган бўлишибди». Саодатхон ая ўзи ҳам бу тантанали учрашув гувоҳи бўлганини айтади: «Икки саркарда қучоқлашиб кўришишди. Суратга тушишди (ўша дақиқалар акс эттирилган суратлардан бири Шоҳимардонда, яна бири эса Андижондаги музейда сақланаётир). Бу чинакам тарихий воқеа эди».

...1964 йили Ўзбекистон ССРнинг 40 йиллигини нишонлаш учун ўлкамизда Совет ҳокимиятини ўрнатишда жонбозлик кўрсатганларни излаб топиш, уларнинг хизматларини муносиб ёритиш журналистлар олдига вазифа қилиб қўйилган эди. Шу аснода кўп одамлар билан гаплашиш, тарихий ҳужжатлар билан танишиш имконига эга бўлган эдим. Мадаминбек ва Кўршермат тўғрисида ҳам маълумотлар тўпланди. Давр талабига мувофиқ, Мадаминбекни қонхўр, босқинчи, каллакесар, ўзбек халқига кўп озор берган шахс сифатида ёритишим керак эди. Фуқаролар уруши иштирокчилари билан кечган суҳбатларда Мадаминбек шундай разил одам бўлмаганлигига ишонч ҳосил қилдим. Бироқ, тарихий ҳақиқат қандай бўлса, ўшандек ёзиш у пайтларда мумкин эмас эди. Шунинг учун Мадаминбек ҳақидаги маълумотлар эътиборсиз қолди. Аммо қачонлардир керак бўлиб қолар, деган ниятда Аҳрорхўжа Мақсудхўжаев (машҳур санъаткор Нурхоннинг поччаси, яъни аммасининг эри) билан қилган суҳбатимни сақлаб қўйган эдим.
Аҳрорхўжа эшон 1887 йили Марғилонда туғилган, 11 ёшида онаси, 25 ёшида отасидан жудо бўлган. Отаси ва саккиз амакиси милтиқсоз бўлиб, улар Худоёрхон қўшинларига айри (пилта) милтиқ ва қилич ясаб беришар экан. Бир урушдаги ғалабадан сўнг, Худоёрхон унинг милтиқсоз бобосига Марғилондан ер инъом этган. Улар ўша яйдоқ ерда деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланишган. Ана шу жрйлар ҳозиргача Милтиқсоз маҳалласи деб атаб келинади. Октябрь тўнтаришидан кейин алғов-далғов замонлар бошланиб, милтиққа эҳтиёж янада кучайиб кетди. «Босмачилар» уни ўзлари билан олиб юришар, бузилган милтиқларини тузаттиришарди. «У пайтлар жуда мураккаб эди,— деди Аҳрорхўжа ака,— ким ҳокимият тепасига қолишига оми халқнинг ақли етмасди, одамлар жон сақлаш ниятида гоҳ «тўртинчилар» (советлар тарафдорларини шундай дейишарди) томонига, гоҳ беклар томонига ўтиб турарди».
Муҳаммадаминбек Аҳмадбеков ҳақидаги қораламаларим асосан, фуқаролар урушининг бошидан-охиригача Мадаминбек ва Кўршермат отрядларида хизматда бўлган Аҳрорхўжа Мақсудхўжаев хотираларига асосланади. Албатта, унда кечмиш воқеаларнинг вақтлари, одамлар ва жойларнинг номларида тарихий ҳужжатларга тўғри келмайдиган жиҳатлар ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин бу хотираларни архивлардан топиш амри маҳолдир. Шу маънода тарихчиларимизнинг олиб борадиган тадқиқотларига асқотиб қолади, деган умиддаман.

Бир мудҳиш воқеа туфайли Мадаминбек отасининг ҳунарига қизиқмади. Бақувват, эпчил, иродали йигит бўлганидан у одамларнинг корига яраб, оғирини енгил қилиб, ўз тирикчилигини ўзи ўтказа бошлади. Ҳар пайшанба ва якшанба кунлари Марғилоннинг Ўрдатагисидан тортиб Гураввалгача чўзилган катта бозорига ишлайман деганга иш топилади. Бозорда нима кўп, гап кўп. Мадаминбек юмушларни бажариш асносида эшитган ҳар бир гап, янгиликни ўзича мулоҳаза қилиб  борарди.
Мадаминбек бу ерда кўпгина улфатлар орттирди. Улар орасида анчайин шўх, қувноқ йигитлар ҳам бор эди. Кунларнинг бирида улфатлари билан Скобелев (Фарғона)га боришганида, у қимор ўйнашди. Бешболалик Отабри ғиштчи деган бой бўлиб, унинг мулла Сулаймон деган маҳрами билан Мадаминбек гап талашиб, жанжаллашиб қолди. Бу воқеадан хабар топган Отабой ғиштчи «Ҳап сеними», деб қўйган экан. Шу воқеадан бир ҳафта ўтгач, Мадаминбеклар хонадонига миршаблар бостириб келиб, тинтув ўтказишди ва ҳовлида уюб қўйилган маккапоя орасидан бир милтиқ топишди, Мадаминбекни ҳибсга олишди. Судда Мадаминбек Умархез деган кишининг бозор растасидаги дўконидан нарсаларини ўғирлаганлиги, қонунсиз милтиқ сақлаганлиги гўё исбот бўлди. Шу туфайли чор суди уни Сибирга сургун қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Маълум бўлишича, ўғрилар Отабой ғиштчининг одамлари экан. У шаҳар ҳокими ва полисмейстрини бу иш Мадаминнинг қўлидан келади деб ишонтирган. Мадаминбек ҳовлисидан топилган милтиқни тинтув бўлишидан бир кун олдин унинг йигитлари яшириб қўйишган экан.
Сибирда Мадаминбек ит кўрмаган азобларни бошидан кечирди. ёмон нарсанинг яхши томони ҳам бўлар экан. Дунёдаги воқеалар, Россияда юз бераётган тала-тўполонлар, маҳбусларнинг унга бўлган муносабати Мадаминбекни анча ҳушёр қилиб қўйди. У рус тилида гапиришни ҳам ўрганиб олди, рус алифбосидаги газетларни таталаб ўқийдиган бўлди. 1917 йил февраль инқилобидан сўнг берилган умумий авф туфайли у она шаҳри Марғилонга қайтиб келди.

Оёғида Коратегиннинг мукка ковуши, калта пижама, бошида шапка билан Мадаминбек бир турфа ҳолатда тўғри Сапилтўдадаги Йўлбарсхон эшонникига келди. Илгари бу эшоннинг юмушларини қилиб, анча ҳожатини чиқарган эди. Эшон Мадаминбек туҳматдан кетганини биларди. Шунинг учун уни яхши қарши олди. Бир қатор уст-бош қилиб бериб, қўлига яна 25 сўм тутқазди ва: «Ўғлим, энди ота-онанг ҳузурига бор», деб оқ фотиҳа берди.
Мадаминбек Сибирдан бир тўппончани яшириб олиб қелган эди. Унинг фикри-зикри Отабой ғиштчининг маҳрами, қотил ва ўғри, Мулла Сулаймондан қасос олиш эди. Кунларнинг бирида Қиргули мозори ёнидаги қувур тагида пойлаб ётиб, уни кечаси отиб ташлади ва қуролларини эгаллаб олди.
У пайтлар давлат маҳкамалари жамиятда тартиб-интизомни сақлашда ожизлик қилиб қолганди. Шу туфайли ҳар жой-ҳар жойда босқинчи тўдалар пайдо бўлиб, одамларнинг уйига бостириб кириб, мол-мулкини талаб кетишарди. Мадаминбекка ўхшаган қўрқмас, эпчил йигитлар бой-бадавлат одамлар учун жуда керак бўлиб қолди. Солиҳ махсум деган давлатманд киши Мадаминбек ва унинг шериклари соясида босмачилардан ҳайиқмай, осойишта ҳаёт кечирарди. Яккатут мингбошиси Абдуқодирбой ҳам Мадаминбекка кўп мурувватлар кўрсатди, бунинг эвазига унинг тинчлигини босмачилар бузолмайдиган бўлиб қолди.
Мадаминбек йигитлари 26 нафарга етиб, анчайин обрў-эътибор қозонди. Марғилонда ҳокимлик қилаётган Худоёрхоннинг набираси Бегижон хавотирга тушиб, скобелевлик Миродилбойдан мадад сўради ва Мадаминбекни тартибга чақиришни илтимос этди. Миродилбойнинг йигитлари кўп ва бунинг устига яхши қуролланган эди. Мадаминбек улар билан тўқнашишни истамай, Хонобод ва Ҳамрак томонларга кетиб қолди.
У пайтлар шаҳарда ревком деган ташкилот тузилиб, унга Абдураззоқ закўнчи бошчилик қиларди. Унинг марғилонлик кўзга кўринган бой Саидаҳмадхўжа билан оралари бузилиб қолди. Саидаҳмадхўжа ўз мол-мулки мусодара бўлишини Абдураззоқ закўнчидан кўрди ва Миродилбойга ялиниб-ёлвориб уни ўлдириш пайига тушди. Мадазим бошлиқ бир тўда босқинчилар Марғилоннинг Чорчинор маҳалласидаги (ҳозирги товуқбозор ёнидаги) ҳовлида ревком раиси Абдураззоқ закўнчини сўйиб кетишгани ҳақидаги шумхабар шаҳарга яшин тезлигида тарқалди.

Абдураззоқ закўнчининг ваҳшийларча ўлдирилиши бутун шаҳар аҳлини даҳшатга солди. Чунки кўпчилик аҳоли назарида у ҳалол, пок, имонли, камбағалпарвар одам бўлиб, қонуншунослиги туфайли ревком раиси этиб сайланган эди. Абдураззоқ закўнчининг Саодат исмли гўзал қизи бўлиб, ҳали ёш бўлгани учун ва отасининг фожиали ҳалокати туфайли ҳеч кимга турмушга чиқишга розилик бермаётган эди. Унга Мадаминбекдан ҳам совчилар келди. (Мадаминбек илгариги хотинидан бола кўрмаганлиги учун ажрашган эди.) Саодат, Мадаминбекка, агар отамнинг қотилини топиб жазоласалар мен розиман, деб шарт қўйибди.
Абдураззоқ закўнчининг ўлдирилиши, маҳаллий ҳокимиятнинг қотилларни топиш ва жазолаш учун шошилмаётгани марғилонликлар ғазабини ошириб юбораётган эди. Шу жиҳатдан Мадаминбек Саодатнинг шартига рози бўлди. У Мадазимдан шубҳа қилди ва йигитлари билан жамланиши мумкин бўлган жойга тўсатдан ҳужум қилиб, жами йигитни қуролсизлантирди. Сўроқ-саволда Абдураззоқ закўнчини Исҳоқ қўйчи бўғизлагани ва Мадазим бу ишга бошчилик қилганлиги маълум бўлди. Мадаминбек Ўрдатагига одамларни тўплаб, шариат қозиларининг ҳукмига биноан халойиқ олдида Исҳоқ қўйчини отиб ташлади.

Қочиб қутулган Мадазим куч тўплаб, Миродилбой ва маҳаллий ҳокимият ёрдами билан биргаликда Мадаминбек отрядига ҳужум қилиш мақсадида Тошкентга бориб, қурол-яроғ топиб келгани, Мадаминбекни қўлга тушириб, ўлдирмоқчи экани ҳақида хабар тарқалди. Мадаминбек кундуз куниёқ Скобелевга бориб, ўз ҳужрасида маишат қилиб ўтирган Мадазимни қўлга туширди. Мадазим Абдураззоқ закўнчини ўлдирганига иқрор бўлди. Бу жинояти учун уни отиб ташлади.
Абдураззоқ закўнчининг қотиллари муносиб жазоланганлиги, бу ишни давлат маҳкамалари эмас, Мадаминбек бошлиқ фидойи ўзбек йигитлари бажаргани кўпчиликка маъқул тушди. Бу воқеалардан кейин Мадаминбек адолат ва ҳақиқат ҳимоячиси сифатида довруқ қозонди, одамлар ўз навбатида арз-додлари билан давлат маҳкамаларига эмас, балки Мадаминбек ҳузурига кела бошладилар. Шу тариқа унинг атрофига жасур ва адолатпарвар йигитлар тўплана борди. Саодатхонни эса Мадаминбек тўй қилиб, ўз никоҳига олди.

1918 йилдан аҳвол тобора ёмонлашиб борди: нарх-наво кун сайин ошарди, ўғрилар, босқинчилар кўпайиб, деҳқонлар, чорвадорлар, ҳунармандларга ҳам кун бермас, янги ҳукумат эса тизгинни қўлдан чиқариб юборган избошчига ўхшарди. Ҳар-ҳар жойда ўз-ўзини ҳимоя қилиш отрядлари тузила бошлади. Унга албатта ҳалол-пок одамлардан ташқари ашаддий ўғрилар, қароқчилар, чўнтаккесарлар, қиморбозлар ҳам кириб олишарди. Зеро, бу тоифа одамлар нисбатан дадил ва таваккалчи бўлади. Қўқон мухторияти ағдариб ташлангач, арман дашноқларининг таъсири кучайиб кетди, хунрезлик авжига минди. Ўша кезларда мухтор жумҳурият вакили Т. Рисқулов Туркистон марказий ижроия комитетининг раиси А. Казаковга бундай деб ёзган эди: «Фақатгина уездларда эмас, балки шаҳарларда ҳам ҳақиқий Совет ҳокимияти мавжуд эмас». Унинг таъкидлашича, икки қизил аскар (рус ва арман) сартларнинг уйига бостириб кириб, ота-оналари кўз олдида қизларнинг номусига тегишган, бироқ қўмондон Плотников уларга нисбатан айтарли чора кўрмаган. «Андижонда,— дейди Рисқулов,— арманлар қишлоқлардан жуда кўплаб сарт қизларини олиб келиб, уларни ўз хусусий буюмига айлантирганини аниқладик. Дашноқлар ўқни тежаб қолиш мақсадида гуноҳсиз мусулмонларни аёвсиз чопишган, аёлларнинг номусини топтаб, ғазаб билан: «Агар Оллоҳ қудратли бўлса, сенга нажот берсин», дейишган. Ана шу хунрезлик кетаётган пайтларда «Скобелевда бутун-бутун ташкилотлар ва ижроия комитетлари ичкиликббзлик билан шуғулланишган... Партия ташкилотлари кўплаб зиён келтирадиган турли-туман нолойиқ унсурлар билан ифлосланган, ичкиликбозлдик, порахўрлик оддий ҳолга айланган». Рисқулов ўз мактуби охирида бундай дейди: «Совет ҳокимияти, ўртоқ Казаков, бизга қимматга тушди. Ҳаддан ташқари тартибсизликларни кўриб, юрак сиқилади ва қалбда кучли оғриқ пайдо бўлади».
Мана шундай ёвузликлар авжига минган пайтда Мадаминбек сингари эл-юрт фарзандлари лоқайд қараб туролмасди. Аммо 40—50 кишилик бир нави қуролланган бтряд, Қизил армия қўмондонлигидан мадад олиб турган арман дашноқларига дош бера олмас, устига-устак Мадаминбекка қарши ички кучлар ҳам кўпайиб бораетган эди. Бирдан-бир чора сифатида Мадаминбек энг қўрқмас, ботир ва фидойи йигитларни атрофига йиғиб, ҳарбий машқларнинг мунтазам ўтказилишини йўлга қўйди. Бунда совет ҳокимиятидан норози бўлиб, Россиядан кўчиб келган рус зобитлари кўп ёрдам бердилар. Мадаминбек Марғилон, Наманган, Андижон, Ўш томонларга одам юбориб, умумий душманга қарши бирлашиб курашишга, халқнинг осойишта яшаши ва ишлашини таъминлашга даъват этди. Балиқчидан Мамажон бойвачча, Икки сув оралиғидан Бойтуман ҳожи, Ўшдан Холхўжа, Булоқбошидан Муллажуман, Валикдан Миркарим ўғри, Нурулла махсум, Абдуллажон, Учқўрғондан Назариддин мингбоши, дошмонлик Тўхтавой понсод, Қумариқдан Болта қўрбоши, ёзёвонлик Юсуф полвон, Қорасоқолдан Эргаш, Қоратепадан Қурбон, Варзакдан Абдуллажон ва бошқалар Мадаминбек атрофига уюшдилар. Улар Мадаминбек муҳрига биноан белгиланган ҳудудларда тартиб-интизомни йўлга қўйишни ўз гарданларига олдилар. Рус зобитлари ёрдамида ва афғон мужаҳҳидлари иштирокида уруш ҳаракатларининг замонавий усуллари ҳам ўзлаштириб борилди. Мадаминбек ўз муҳофазасига олган жойларда тартиб бузувчилар, босқинчилик, ўғриликлар жазосиз қолмас эди. Агар у қароргоҳи — Гарвадан Марғилонга тушмоқчи бўлса, Қизил армия командирларига телефон қилар, улар ўз қисмларини гарнизондан чиқармай туришарди. Айтишларича, Мадаминбек мактабларга кириб, болаларни яхши ўқишга даъват этар, сизларга Туркистон катта умид билан қараяпти, деган гапларни бот-бот такрорлар экан. Унинг ақидасича, агар Шўро идоралари ёмон ниятли, баднафс, имонсиз одамлардан тозаланса, ҳокимият маҳаллий халқ қўлига берилса (ҳокимият руслар қўлида эди) адолат тикланар эди. Давлат муассасалари қилиши мумқин бўлган ёвузликларни тийиб туриш учун қуролланган халқ кучи керак, деб ҳисобларди у.
Мадаминбек отряди Фарғона водийсида ҳаракат қилартган озодлик кучлари орасида энг таъсирлиси эди. Аслида 1919—1922 йилларда реал ҳокимият Мадаминбеқ қўлига ўтган эди. Аҳоли солиқни ҳам, асосан, Мадаминбек тайинлаган қўрбошиларга берар эди. Водийдаги уламолар, шариат пешволари тўпланиб, Мадаминбекни «амир-ал-муслимин», яъни ислом қўшинлари бош қўмондони этиб тасдиқлагани, Кизил армия қўмондонлигининг фақат у билан тенглик асосида сулҳ тузиш тўғрисида музокаралар. олиб боришга рози бўлгани ҳам тасодифий эмас эди.
Биринчи жаҳон уруши, Октябрь тўнтаришидан кейин нодон ва иккиюзламачи сиёсатчиларнинг айби билан авжига минган фуқаролар уруши халқнинг тинка-мадорини қуритиб юборди. Хўжалик издан чиқиб кетди. Очарчилик бошланди. Ҳунармандчилик, деҳқончилик ва чорвадорлик асосий касби бўлган Туркистон аҳолисининг тинч ва осойишта меҳнат қилишидан бошқа орзуси йўқ эди. Совет ҳукумати жойларда йўл қўйилган жиддий хатоларни инобатга олиб, «босмачилик» деб аталган ҳаракатга муносабатни ўзгартира бошлади. Жумладан, Туркистон Фавқулодда Комиссияси фаолиятига салбии баҳо берилди. Ҳарбий доираларда эса «босмачилик»ни зўрлик билан эмас, балки, сиёсий ёнберишлар орқали тугатиш мумки», деган фикр тобора мустаҳкамланиб бормоқда эди. 

...Ўзи халқ орасидан чиққан, кўп машаққатларни бошидан кечирган, босиқ, мулоҳаза билан фикр юритадиган, бошқаларнинг сўзига обдон қулоқ солиб, кейин хулоса чиқаришга одатланган, гап орасида «шунақами,, оғайни» дея маъноли қараб, бошини қимирлатиб турувчи, дангал гапни ёқтирувчи, дагар бир одам эди Мадаминбек. Одамлар унга ёлғон хабар беришга ботинолмасди. Совет ҳукуматининг ваъдалари ҳам қандайдир умид бағишлар, айниқса Лениннинг мусулмон халқларига, қарата йўллаган мактуби Мадаминбек талабларининг айни ўзидек янграрди. Лекин у бир нарсага тушунмасди: нега бу руслар Ленинни йўлбошчи, доҳий деган ҳолда Фарғонада унинг айтганларининг тескарисини қилишмоқда. Эҳтимол, қандайдир англашмовчилиқ бўлаётгандир?
Ана шу мулоҳазалар уни сулҳ ҳақида музокаралар, бошлашга мажбур этди. Дастлабки музокараларда унинг талаблари ҳисобга олинган бўлса-да, бироқ уни ҳукумат тасдиқламади. Шу тариқа уруш ҳаракатлари даврм этаверди. Озодлик қўшинлари муайян гарнизонда туришмаган. Уларнииг асосий қисми қурол-аслаҳаларини яшириб, ҳунармандчилик, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланаверишган. Лозим бўлган пайтда улар чақирилганда, зудлик билан белгиланган жойга етиб келган. Улар маҳаллий шарт-шароитни яхши билишгани ва қизил аскарлар ичида айғоқчилари етарли бўлгани, ҳатто ревкомнинг айрим аъзолари ҳам пинхона равишда озодлик кучлари томонида тургани туфайли қизил аскарларга жуда қаттиқ ва катта талофатяар етказганлар. Аксин-ча, совет давлати вакиллари улар билан сулҳ музокаралари олиб бормас эди.
Мадаминбекнинг асосий талаблари инобатга олинадиган бўлгач, 1922 йили сулҳга имзо чекиш учун Тошкентга келган. Шундан сўнг Мадаминбек ўз қўрбошиларига мактуб йўллаб маслаҳат қилиб олишни таъкидлаган. Йиғинга, ҳатто марҳаматлик мужиклар ҳам ўз вакилларини юборишган. Фақат Шермуҳаммадбек, Холхўжа ва бошқа айрим қўрбошилар келмагани Мадаминбекнинг юрагини ғаш қилди. У йиғилганларга қарата шундай деди: «Халққа раҳмимиз келиши керак, у ниҳоятда оч-яланғоч ҳолда яшаяпти, одамларни икки томонлама талаш инсофли, имонли одамларга хос иш эмас. Шунинг учун сулҳга рози бўлдим. Сулҳ шартларига биноан, Гарва (Тошлоқ)га крепост қурамиз. Унга Шермуҳаммадбекни бошлиқ этиб тайинлаймиз. Турк дивизияси ташкил этамиз. Қўрбоши ва беклар қуролланган ҳолда ўз йигитларига бош бўлиб қолаверадилар, улар ўз ҳудудларида тартиб-интизомга жавоб берадилар. Ана шу отрядлардан ташкил топган миллий армия яхши қуролланган ва ҳарбий санъатни эгаллаган бўлади. Мен эса ҳукумат ишларида иштирок этаман. Сулҳ шартларига кўра бошқа қўрбошиларни ҳам Шўролар билан яраштиришга сўз бердим. Шермуҳаммадбек ва бошқа беклар буни яхши тушунади, деб ишонаман».
4
Туркиялик ватандошимиз Шаҳобиддин Яссавийнинг «Туркистон аччиқ ҳақиқатлари» китобида бундай жумлалар бор: «Муҳаммадаминбек. Марғилон. Сувчи маҳалладан. Ниҳоят сиёсатдон, ботир, тадбирли, қаҳрамон. Озод Туркистон қурувчи, номдор бўлғон бахтсиз, бу буюк, тоймас қўмондонни танимоқ учун ҳар қанча сўзласак, арзишга эгадир. Ҳақиқатан, дин, ватан ва миллат фидоси бўлди. «Туркистон Туркистон халқининг юртидир. Душманни юртимиздан ҳайдаймиз!» дерди.
Мазкур китобда яна бундай сатрлар бор: «Холхўжа эшон. Ўш шаҳридан. Кўнгли қора, кийначи, Шермуҳаммадбек амрига биноан ҳамокат (аҳмоқлик) қилди. Ва кийна туғёнидан Муҳаммадаминбекни қатл қилди».
...Бек ва қўрбошиларнинг кўпчилиги сулҳ заруратини, урушни давом эттириш фойдасиз эканини тушунишди. Аммо улар ичидаги мутаассблар, узоқни кўра билмайдиган, маишатга берилганлари Мадаминбекни хоинликда, исломга хиёнат қилишда айблаб чиқишди. Шулардан бири Шермуҳаммадбек бўлиб, унинг ихтиёрида 2 минг нафар йигит бор эди. Шунинг учун Мадаминбек Шермуҳаммадбек ҳузурига бир неча бор одам жўнатиб, шу вазиятда сулҳ Туркистон озодлигини сақлаб қолишнинг бирдан-бир тўғри йўли эканини тушунтиришга уриниб кўрди. Саодатхон ая бундай-эслайди: «Бек билан ўзим гаплашишим керак», деб Кўршермат ҳар гал Мадаминбек одамларини қайтариб юборарди. Бир кун Мадаминбек Кўршермат билан учрашиш учун йўлга чиқмоқчи бўлганида, кўпчилик норозилик билдирди. Бироқ бир сўзли Мадаминбек ўз сўзидан қайтмади»
Бу қарорга келишдан олдин Мадаминбекнинг хаёлидан нималар кечмаган, дейсиз.
...Гарвада қиморбозлик авжига чиққан пайт. Қотмадан келган, буғдойранг, анча жасоратли кўринган бир йигит қимордан ютаверди. Буни кузатиб турган Мадаминбек унга шундай деди: «Ука, кўп мард йигит кўринасиз, халқимиз озодлиги учун менинг йигитларим сафига қўшилмайсизми?». Шермуҳаммадбек бу таклифга рози бўлди. У милтиқ отишни яхши билмаганидан, Шаҳрихон яқинида бўлган жангда милтиқнинг лўкидони (затвори) орқага қайтиб, ўнг кўзини қаттиқ шикастлантирди. Мадаминбек уни Гарвага олиб келди. Кейин Балиқчига юбориб, докторга даволаттирди. Бироқ Шермуҳаммадбек кўр бўлиб қолди. Бу тажанг, чўрткесар одамни орқаваротдан «Кўршермат» деб атай бошладилар. Мадаминбек унга кўп мурувватлар кўрсатди. Аввал ўнбоши, кейин ўзига ўринбосар этиб тайинлади. Кураш, жанг майдонидаги ғалаба қувончлари, омадсизлик ўкинчларини бирга татиш уларни мўстахкам дўст қилиб қўйган эди. Уламолар гувоҳлигида Мадаминбек билан Шермуҳаммадбек «Қуръон»ни ўртага қўйиб, бир-бирларига доим содиқ қолиш, қиёматли ака-ука бўлиш учун онт ичишди. Тарихдан маълумки, чин мусулмон одам ўлса ўладики, аммо «Қуръон» ўртага қўйиб ичилган онтни асло бузмайди. Мадаминбек эса Кўршерматни чин мусулмон, деб билар эди.
Мадаминбек ўз йигитлари ва рус отряди билан Қизилқияга йўл олди ва Кўршерматни Учқўрғонга музокара олиб бориш учун чақирди. «Ўзингиз келинг, бу ер тинчроқ гаплашгани», дейди Кўршермат. Бошқа чора қолмагач, Мадаминбек узунҳовузлик Абдували мингбоши, сўхлик Деҳқонбойвачча, шахсий мирзоси, битта қизил аскар — жами саккиз киши бўлиб, Кўршермат ҳузурига боришди. Кўршермат Дардоқ деган қўрбошини Майдон деган жойга, Тешавойни Учқўрғонга чиқаверишдаги даранинг олдига ўз йигитлари билан қўйган эди. Дардоқ қўрбоши Мадаминбек ҳузурига қучоқ очиб, пешвоз чиқди ва қучоқлашиб кўришаётиб, унинг қўлини боғлаб олди. Сулҳпарвар делегациянинг ҳаммасини ҳибсга олдилар. Мадаминбекни тегирмон устига қурилган болохонага чиқариб, боғлаб қўйишди. Сой пастида турган Аҳрорхўжа акани Мадаминбек имо билан чақириб, «Шермуҳаммадбекка айтинг, мени ўлдирмасин, «Қуръон» уриб, ўзи ҳам, йигитлари ҳам қирилиб кетмасин», дейди.
Кўршермат ялангликда, қора уйда Холхўжа билан нималарнидир гаплашиб ўтиришар экан.
— Шермуҳаммад, холис гапим бор, айт десангиз айтаман, бўлмаса йўқ,— дейди Аҳрорхўжа ака.
— Хўш, нима гап?— деб қарайди кўзларини чимириб Кўршермат.
— Мадаминбек қасамни эсга солиб, мени ўлдирмасин, яхши ният билан келганман деяпти. Сиз крепостга бошлиқ бўлар экансиз. Давлат Шўроларни тан олган мужоҳидларни қуролсизлантирмайдиган бўлибди.
Кўршерматнинг лаблари қимирлаб кўкариб кетгандай бўлди. Холхўжа Аҳрорхўжа эшонга хўмрайиб қаради.
— Эшон ака, бу имонсиз шўроларга ишониб бўлмайди, бизни тузоққа туширмоқчи. Мадаминбек буни тушунмай ўз динини русларга сотди. Ёнган чироқни ўчираман деманг. Арава аллақачон кетиб бўлди,— дейди-да, у ўрнидан шитоб билан туради.
Учқўрғон атрофидаги Тўйчи ва Қорабой қўрбошилар 200 йигити билан қизил аскарларга қўшилган эди. Кўршермат уларга мактуб йўллаб, унда Мадаминбекни ҳибсга олгани ва мужоҳидлар томонига ўтиб, қизиллар билан урушни давом эттиришни сўраган, Тўйчи ва Қоравой Қизил армиянинг махсус бўлими вакиллари билан маслаҳатлашиб, «Мадаминбекнинг калласини юборсангиз, кейин гапингизга ишонамиз», дейишибди.
Кўршермат ўз ихтиёридаги уламолар билан маслаҳатлашганида улар бу ишни сиз эмас, Холхўжа бажарса, шўнда қасамингизни бузмаган бўласиз, деб шариат номидан маслаҳат беришган.
Бу воқеадан олти ой муқаддам хотин устига хотин олиб (жами 19 хотини бор эди), маишатдан боши чиқмай қолган Холхўжага Мадаминбек шундай деган эди: «Биз ватанни озод этиб, динимизни сақлаб қолиш учун курашяпмизми ё маишатбозлик учунми?». Шунда кайфи бор Холхўжа Мадаминбекни ҳақорат қилиб: «Менинг шахсий ишимга нега тумшуғингни суқаверасан!» деган экан. Мадаминбек уни қуролсизлантириб, йигитларини олиб қолиб, ўзини ҳайдаб юборганда, Кўршермат ёнидан паноҳ топганди.
Холхўжа Мадаминбекни Сурматошга олиб чиқди ва Соқи деган жаллодга уни суйишни буюрди. Қўл-оёғи боғланган Мадаминбекни Соқи оёғи остига олиб, «бисмил-лоҳир раҳмонир раҳим, омин, оллоҳу акбар» дея, қиблага қараб фотиҳа қилгач, чап қўли билан ўлжасининг бошини қайирди ва бўйнига пичоқ тортиб юборди. Холхўжа Мадаминбекнинг калласини ҳуржунга солиб, Назар деган йигитдан Тўйчи ва Қоравой қўрбошиларга жўнатиб юборди. Улар Мадаминбек калласини Қизил армиянинг махсус бўлимига олиб боришгач, у жойда буни мамнуният билан қарши олишди.
— Катта бир душмандан қутилдик, хуржунга беш мингта ўқ солиб, каллани қайта-риб юборинглар. Биз фурсат билан чиқиб борамиз,— дейишади махсус бўлимдагилар.
Қирғизларнинг Мадаминбекка ихлоси баланд эди. Шунинг учун унинг калласи ва танасини Холхўжадан сотиб олишади-да, каллани танага тиқиб, Сурматошдаги Лангар деган жойга, дарёнинг бўйига Дафн этишади.
Холхўжа Хитойга аскар ва қурол-яроғ олиб келаман, деб кетаётганда Эргаштом деган жойда 60 йигити билан тоғдан кўчган қор остида қолиб, ҳалок бўлади. Кўршермат Қизил аскарларга яна бироз қаршилик кўрсатгач, Афғонистонга қочиб кетади. Шўролар қўлга тушган жуда кўп қўрбошиларни йигитлари билан бирга отиб ташлайди, сургун қилади. Қамайди.
Саодат ая айтади: «Мадамикбекнинг содда, бироқ ўткир нигоҳларида қандайдир сирли маъно ҳукмронлик қиларди. У меҳрибон, тўғрисўз, кўп оғир кунларни бошидан кечирган, оқ подшо турмасида жабр тортган дардли ва лекин ғоят мард инсон эди. Мана шу мардлик хислати Мадаминбекни нобуд қилди, десам сира муболаға бўлмай-ди. Унинг тегирмон қуриб, қарилик гаштини суриш ҳақидаги орзулари ушалмай қолди».

Мулкни тўласича давлат монополиясига айлантириш амалда бутун-бутун халқларни кўз илғамас қуллик кишанлари билан занжирбанд этиб ташлади, зўравонлик, ўзбошимчаликка асосланган сиёсий тартибот эса, халқлар бошига бениҳоя кулфатлар солди.
Мустақилликка тинч шароитларда, ҳуқуқий асослар билан эришиб бўлмагач, халқнинг мард, фидойи фарзандлари қўлларига қурол олдилар. Мадаминбекдек шунқорлар ҳар бир туман, шаҳар ва вилоятларда бор эди. Биз юқорида кўрганимиздек, аслида ички босмачилик, босқинчиликка қарши бошланган стихияли кураш ривожланиб бориб, ташқи босқинчилар, ҳақиқий босмачи кучларга қарши урушга айланиб кетди. Бу кучларни бирлаштирадиган сиёсий партия бўлмади, ислом шиорлари эса уларни жипслаштиришга ожизлик қилиб қолди. Совет ҳокимиятининг берган ҳавойи ваъдалари эса одамларни озодлик курашидан чалғитди.
Тумшуғидан наридаги нарсани кўррлмайдиган, мансабпараст, қасамхўр, кўрнамак, имонсиз, маишатпараст, гина-кудуратчи, хоин-сотқинлар душманлар тегирмонига сув қуйиб, тарихнинг энг қалтис, бурилиш нуқталарида халқнинг чинакам каҳрамонига айланган Мадаминбек сингари фидойиларини ўлдирганлар ёки уларни четга суриб қўйиб, ўз ватанларига, халқларига хиёнат қилганлар.
Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳар бир киши теран англаб етмоғи даркор. Аксинча, мустақилликни қўлга киритган жумҳуриятимиз йўли яна тўсилиб қолиши мумкин.

Иброҳим КАРИМОВ; фалсафа фанлари номзоди, доцент

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин