Саналар
20.11.2017
Баннер
1892 йил қўзғолони
PDF Босма E-mail

Пахтачилик ривожлантирилиб, ўлканинг хомашё манбаи ва тайёр маҳсулотлар бозорига айлантирилишининг салбий оқибатлари шаҳарлар аҳолисига ҳам таъсир этмасдан қолмасди, албатта. Мантиқан пахтачиликнинг ўсиши ҳунармандчилик, тўқимачиликнинг янада кенг қулоч ёйишини ва газламаларнинг кўплаб ташқи бозорга олиб чиқилишини тақозо қиларди. Ёки бўлмаса, ўлкада тўқимачилик саноати ривожлантирилиши лозим эди. Бироқ пахтанинг деярли ҳаммаси Россияга олиб кетилиши ва у ердан газламаларнинг тобора кўп миқдорда келтирилиши ҳунармандчиликка катта зарба берди. Чунки маҳаллий газлама корхоналарининг маҳсулоти фабрика газламалари билан рақобатга бардош бера олмади. Кўпсонли тўқувчилар ва бунга боғлиқ бўлган хилма-хил ҳунармандлар хонавайронликка учради. Шу тарзда шаҳар аҳолисининг талай қисми оғир аҳволга тушиб қолди. Бундан ташқари, қишлоқларда бир парча ерларидан ҳам маҳрум этилган деҳқонлар шаҳарларда тирикчилик дардида изгариб юрардилар. Бу ерда мардикорлар ва бошқа турли ишлар билан шуғулланадиган кишилар оз эмасди.

XIX асрнинг 80—90-йилларида оғир вазият генерал-губернаторликнинг пойтахти — Тошкентда ҳам юзага келди. Бу вақтда шаҳарнинг эски қисмида 100 минг киши яшамоқда эди. Мустамлакачилик сиёсати бу шаҳардан бутун ўлка бўйлаб тарқалгани учун айнан шу шаҳар мустамлакачиликнинг азоб-уқубатларини ҳам биринчи навбатда тортарди. Сирдарё вилоятининг ҳарбий губернатори Гродековнинг тан олишича, 1887 йилдан бошлаб шаҳар халқидан олинадиган солиқнинг миқдори купайган. Шунингдек, ҳукумат томонидан вақф ерларининг қисқартирилиши норозилик уйғотган.
1891 йили Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятининг аҳолиси маъмурият вакилларининг ер масаласида юритаётган нотўғри сиёсати ҳақида императорга шикоят хатини юбордилар: «Ер ўлчовчилар ва уезд бошлиқлари томонидан ҳар бир ер эгаси, агар сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, у вақтда жамоа аҳли билан бирга солиқ тўланиши ҳақида кўрсатма олинди. Бундай ерлар жамият ерларига айлантирилиб, солиқни якка ҳолда тўлаш тақиқланар эмиш. Яйловлар ва пичанзорлар орасидаги қаровсиз етган ерлар ҳамда тўқайзорлар давлатники бўлиши керак эмиш. Яна, тоғ бағридаги лалмикор ерлар ҳам давлат ихтиёрига ўтказилар эмиш. Ваҳоланки, улар қадимдан қишлоқларники эди. Бизнинг бошлиқларимиз масалани шундай ҳал қилади: бир киши бир десятина ерга эга бўлиб, экин етиштиради, агар шу ернинг ўртасида мабодо 100 кв. саж. чакалакзор майдон бўлса, уни девор билан ўрашга ва давлатта ўтказишга мажбур қилади. Булардан ташқари, қамишзорларни ҳам давлатники деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, бу ердага қамишлардан кўп одамлар фойдаланиб, бўйра ва бошқа нарсалар тўқиб, муайян даражада даромад оладилар». Шу равишда тошкентликлар ўз хатида ҳукуматнинг ер хусусидаги сиёсатига қарши норозилик билдирганлар. Аммо халқнинг бундай даъвоси маъмуриятни ғазаблантириб, ҳукуматга қарши қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланди. «Шунинг учун ҳам, — дейилади ўша хатда, — биз рус адвокатини тайинлаб, дардимизни баён этмоқчи бўлганимизда, бошлиқлар волост оқсоқолларини ишдан олдилар, бизга ишончли вакил танлаш ва шикоят қилишни тақиқлаб, Сибирга сургун этиш билан қўрқитдилар». Шуниси диққатга сазоворки, маҳаллий аҳолининг манфаатлари рус адвокати Никитин томонидан ҳимоя қилинган. Афтидан, хатни Никитин езган, шу боис у ўлкадан ҳайдаб чиқарилган. Аммо унинг фаолияти ва императорга ёзган хати фақат Тошкент вилоятидагана эмас, балки бутун ўлкада катта таассурот қолдирди. Бундан тинчсизланган генерал-губернатор Вревский ҳарбий вазирга ёзган хатида адвокат Никитиннинг фаолияти халқнинг қўзғалиши учун сабабчи бўлиши мумкинлиги ҳамда Никитинга берилган ишонч қоғози амалда рус маъмуриятининг ҳаракатларига қарши қаратилган варақа эканлиги баён этилган.
Ҳақиқатан ҳам, адвокат Никитиннинг бевосита ёрдамида тузилган ҳукуматнинг ер сиёсатини қораловчи хат жамоани қўзғатиб юборди. Кўп утмай Тошкентнинг 12 минг кишилик аҳолиси томонидан ҳукм сураётган тартибларни қораловчи хат генерал-губернаторга топширилди. Бу хатни тузишда қатнашган Муҳаммадхўжа Аҳмаджонов деган киши Оренбургга сургун қилинди. Чор ҳукумати халқнинг қаттиқ норозилигига қарамай, давлат ерини кенгайтиришга қаратилган сиёсатини юргизаверди. Бу ерларнинг муайян қисми Россиядан келган кишиларга берилди. Вревский юқорида тилга олинган хатида шундай деб езган: «Маҳаллий аҳолига тегишли ерлар русларни ўрнаштириш учун берилганлиги норозиликни кузғатаётганлиги кўзга ташланмоқда. Россиядан кишиларнинг келиши давом этаверса, келажакда ҳам норозилик бўлишига шубҳа йўқ». Вревский янги солиқларнинг жорий этилиши орқасида солиқлар миқдори олдингига нисбатан 100 фоизга ошиб, халқ ғазабини қузғатганлигини ҳам уқтириб ўтган. Оқибатда Тошкентда оғир шароит юзага келиб, халқнинг чидашга бошқа тоқати қолмади. Шундай мушкул вазиятда шаҳарда вабо касали тарқалганлиги маълум булди. Айрим маълумотларга кўра, 1892 йил 1 июнда Жиззах уездида вабо касали пайдо бўлгани қайд этилган. Шу муносабат билан вилоят ҳарбий губернаторининг фармонига биноан Сирдарёнинг чап қирғоғидаги Чинозда, Тошкентдан 65-70 км. узоқликдаги жойда медицина пункти очилди. Бу ерга вабо касалига чалинган бир неча киши ётқизилди. Уша йилнинг 7 июнида эса Тошкент шаҳрида вабо касали борлиги маълум бўлди. Рус маъмурияти вабога қарши чоралар ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиб борди. Унга кўра, вабодан ўлган кишиларнинг мурдаларини врачнинг рухсатисиз дафн қилмаслик лозим эди. Мурдаларни шаҳар ичидаги эски мозорларга қўймасдан, чеккароқ жойда очилган янги қабристонларга кўмиш тавсия этилди. Аммо врачлар ва ҳамширалар етишмаслиги орқасида мурдалар 3-4 кун мобайнида ҳавонинг иссиқлиги туфайли сасий бошлади. Аёлларнинг мурдаларини ҳам рус эркак врачлар кўздан кечирганлар, албатта. «Туб аҳолининг сўзларига қараганда, — деб ёзади муаллифлардан бири, — санитарлар орасида турли касбдаги офицерлар кийимини кийган ёшлар полициячилар билан биргаликда «пўшт-пўшт» дейишиб, маҳаллий аҳолининг уйларидаги аёллар яшайдиган хоналарга киришган. Улар тозаликни назорат этиш баҳонасида ота-оналарининг ҳузурида аёллар ва қизларга турли ўринсиз қилиқлар қилишган».
Мурдаларни ювиш ва кўпчилик бўлиб қабристонга олиб бориш тақиқланади. Гарчанд кўрилган маъмурий чоралар имкони борича вабони даф этишга қаратилган бўлса-да, лекин уларни амалга оширишда кўпгина қўполликлар ва зўравонликларга йўл қўйилди. Ҳаётда дин ҳукм суриб турган бир пайтда мурдаларни ювмаслик ва бир неча кун сақлаш ҳамда ота-боболар мозорини беркитиш ўша пайтда давр шароитига жуда зид ва гуноҳдай бўлиб кўринарди.

Ҳукуматнинг вабога қарши кўрган чоралари зулм ва адолатсизликдан сабр косаси тўлиб-тошган шаҳарликларнинг бош кўтаришига туртки бўлди. Айни бир пайтда гўё врачлар сувга оқ кукун ташлаб заҳарлаганлари, шу сувни касалларга ҳам бериб, уларни ўлдираётганлари ҳақидаги миш-мишлар аҳволни янада кескинлаштирди. Бу хусусда манбада шундай дейилади: «Доктор Чинозда касалини суриштирмай беморларга дори бермоқда ва бу уларни дарҳол ўлдирмоқда, деган сўзлар Тошкентда юрибди. Шаҳар миршаби савдогарларга мурдаларни кафанга ўрамаслик ва ҳеч қандай диний расм-русумларсиз кўмиш ҳақида кўрсатма берган».
Умуман айтганда, вабо касалининг ваҳимаси, турли миш-мишлар шаҳар ва атроф жойларни қуршаб олиб, кишилар ғазабини қўзғатди. Чунончи, 20 июнда шаҳарнинг Себзор даҳасидаги Хонақоҳ масжидида халойиқ тўпланиб, ораларидан 3 вакил сайлаб, норозиликларини шаҳар бошлиғига маълум қилишни буюрди. 22 июнда шаҳар оқсоқоли Муҳаммад Ёқуб ўша вакилларни чақириб, уларни миш-мишларга ишонмасликка ундади. Ўша куни Шайхонтаҳур даҳасидаги Таллак масжидида кишилар йиғилишиб, шаҳар бошлиғи номига хат ёздилар: «Биз мурдаларни янги мозорларга дафн этишга қарши эканлигимизни ва эски мозорлардан фойдаланишни давом эттиришимизни шаҳар бошлиғига маълум қилишликни мингбошидан ва катта оқсоқолдан сўраган эдик. Чунки мурдани янги қабристонларга олиб бориш қийинчиликлар туғдиради. Аммо шу пайтгача бунга жавоб берилмади».

Шаҳар аҳллари ҳам Туркистон генерал-губернаторига хат езишиб, ўз норозиликларини изҳор этган эдилар. Бутун воқеанинг жонли гувоҳи шаҳар бошлиғи С.В. Путинцевнинг тергов вақтида берган кўрсатмаси масалани янада ойдинлаштиради: «Июн ойининг бошларида, — деган у, — вабо касалининг тарқалишига қарши қаратилган чоралар турли мулоҳазаларни юзага келтириб, халқда уларга нисбатан ишонч қолмади. Ҳатто врачлар вабо касалига йўлиққанларни азоб-уқубатлардан тезроқ холи қилиш мақсадида махсус кукун бериб ўлдирмоқдалар, деган овозалар тарқалди. Шунингдек, руслар Анҳор ариғидаги сувни заҳарлаб, туб аҳолини қирмоқчи, деган сўзлар эшитилиб турди. Бундан ташқари, маҳаллий халқ вабо касали билан ўлганларни шаҳар ичидаги мозорларга кўмиш тақиқланганига қарши бўлдилар. Шаҳар чеккаларида очилган мозорларда мурдаларнинг махсус белгиланган киши томонидан ювилиши, жаноза ўқилиши ва дарҳол дафн этилиши кўрсатилган эди. Аммо мурдани кўпчилик билан мозорга олиб боришга рухсат берилмади».
Чор маъмуриятининг вабога қарши чоралари диний ақидалар ва умуман, маҳаллий шароитни ҳисобга олмай амалга оширилишининг фойдасидан кўра зиёни кўпроқ бўлди. Айрим маълумотларга кўра, ҳар куни вабодан 100 атрофида одам улган. Расмий маълумотда эса, 7-24 июн давомида 64 киши вабога чалиниб, 43 таси ўлгани қайд этилган. Афтидан, маъмурият вакиллари ўзларини масъулият ва жавобгарликдан холи этиш ниятида шундай маълумот берган. Вабо касалига қарши қаратилган чоралар халқнинг оғир сиесий, иқтисодий шароитини янада кескинлаштириб, бамисоли «оловга керосин» қуйгандай бўлди. Аммо ўлкадаги рус маъмурияти вакиллари диққатни қўзғолоннинг асосий сабабларидан чалғитиш учун уни маҳаллий юқори табақа вакиллари мансаб учун олиб борган курашларнинг маҳсули сифатида тушунтиришга ҳаракат қилдилар. Шу муносабат билан бу масалага тўхташ айни муддаодир.
Бу даврда Тошкент шаҳри Себзор, Шайхонтаҳур, Бешоғоч ва Кўкча каби тўрт даҳадан иборат бўлган. Ҳар бир даҳада биттадан оқсоқол, қози, мингбоши, юзбоши ва миршаблар хизмат қилган. Улар халқ томонидан «сайланган». Вилоят ҳарбий губернатори катта оқсоқолни тайинлаган ва унга барча даҳаларнинг оқсоқоллари буйсундирилган. Ўз навбатида, катта оқсоқол шаҳар бошлиғи бўлмиш Путинцевга бўйсунган. Куп йиллар мобайнида Эски шаҳарда катта оқсоқоллик лавозимини Иноғомхўжа Умарҳожиев эгаллаган. «Бу киши аввал Шайхонтаҳур даҳасида оқсоқол, сўнгра 20 йил мобайнида шаҳар бошлиғининг ўринбосари, яъни катта оқсоқол сифатида хизмат қилган. Иноғомхўжа Путинцевнинг ишончини қозониб, бир неча маротаба ўлка раҳбариятининг мукофотларига сазовор бўлган. Шубҳасиз, у туб аҳоли орасида катта обрў ва нуфузга эга бўлган кишидир. Бунинг исботи учун шуни далил тарзида келтириб ўтиш лозимки, одатда бошлиқлари устидан шикоят қилишга мойил халқдан унга қарши икки маротабагина ариза тушган, холос. Улардан бири Иноғомхўжанинг ўзи очган ва сургун қилинган жиноятчидан, иккинчиси эса, Чимкент уездидаги қозоқдан эди. Бу қозоқнинг ёзишича, 1891 йили Иноғомхўжа писта кўмири билан савдо қилувчилардан пора олган экан. Вилоят ҳарбий губернатори Гродеков бу шикоятни аниқламай, 1892 йил 21 майда Иноғомхужани мансабдан четлатиб, ўрнига Шайхонтаҳур оқсоқоли Муҳаммад Ёқубни тайинлаган».
Натижада Иноғомхўжа ва унинг тарафдорлари ўзларининг мавқеини йўқотганликлари учун халқни Муҳаммад Ёқубга қарши қўзғолон кўтаришга даъват этган эмиш. Шу равишда қўзғолон сабаблари икки гуруҳнинг мансаб учун курашига йўйиб юборилди. Бу ҳақда сўз яна кейинги саҳифаларда ўз ўрнида бўлишини таъкидлаб, айтиб ўтиш лозимки, қўзғолон юқорида қайд этилганидек, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий асосларга эга эди. Аммо бундан қатьи назар, маҳаллий юқори табақа вакиллари орасида ўз Ватанининг мустақиллиги ва озодлигининг тарафдорлари йўқ эмас эди. Улар қўзғолонда фаол қатнашган бўлмасалар-да, лекин унга хайрихоҳлик билан қараганлари бор эди.
Шаҳар катга оқсоқоли Муҳаммад Ёқуб вабога қарши қаратилган чораларни амалга ошириш ишига бошчилик қилиб, халқнинг ғазабига учраган. Чунки у қаттиққўллик билан иш юритган. Унинг сўзига қараганда, 23 июнда, ҳайитнинг биринчи кунида шаҳарнинг Жомеъ масжидида эрта билан соат 5 да ҳайит намози ўқилганидан кейин Путинцев келиб, халққа мурожаат қилган: «Халқнинг орасида, — деган у, — вабога қарши кўрилаётган чоралар хусусида нотуғри фикрлар юрибди. Ҳозирда бунга шаҳар катта маблағ сарфламоқда. Айтилган чоралар вабонинг тарқалиб кетмаслиги ва халқнинг фойдаси учун қилинаётир».

Бу сўзлар тобора кескинлашиб бораетган вазиятни юмшатиш мақсадида айтилган, албатта. Путинцевнинг ўзи Жомеъ масжидидаги учрашувни шундай тасвирлайди: «23 июнда эрталаб соат 5 да Жомеъ масжидига келдим. Бу ерда мен тупланган ниҳоятда куп одамларни кўрдим. Масжидда ва атрофдаги кўчаларда 10 минг киши тўпланган эди. Менинг ҳузуримда ҳайит намози ўқилди. Шундан кейин мен халққа қарата рус тилида сўзладим. Менинг гапларимни рус тилини яхши биладиган Кукча даҳасининг оқсоқоли Иброҳимбек таржима қилиб турди. Бу киши илгари менинг таржимоним эди. Менинг ўзим ўзбекчани билганлигим учун таржима аниқ қилинаётганлигини сезиб турдим. Аҳолини байрам билан табриклаб, турли миш-мишларнинг асоссизлигини ва барча ишлар халқнинг фойдаси учун қилинаётганлигини таъкидладим. Кўрилаетган чоралар туфайли касаллар камаяётганлиги, агар рус ҳукумати ёмон ниятда бўлса, 27 йил илгари ўлкани босиб олаётганда барча ерли халқни қириб ташлаши мумкинлигини айтдим».

Йиғинда Шайхонтаҳур қозиси Шарифхўжа халққа энди «кўриб турибсизларки, вабога қарши қандай чоралар кўрилмоқда, шунинг учун барча миш-мишлар нотўғридир» деган. Кейин Шарифхўжа Жомеъ масжидида Путинцев, Муҳаммад Ёқуб ва тўрт даҳанинг оқсоқолларини меҳмон қилади. Бу ерда Муҳаммад Ёқуб чақимчилик қилиб, маҳаллаларда, хусусан, Себзор даҳасида норозиликлар бўлаетганлигини Путинцевга билдиради. Шаҳар бошлиғи кетгач, Себзор даҳасининг оқ-соқоли Комилбек бошлиқ олдида айтган сўзлари учун ноқулай аҳволда қолганлигини хафа бўлиб Муҳаммад Ёқубга билдирган. Бунга жавобан Муҳаммад Ёқуб маҳаллаларда мурдалар текширилмасдан ва беркитилган ҳолда шаҳар ичидаги мозорларда кўмилаётганлигини билдириб, ҳужжатлар тузган ва бошлиқларга маълумот бериб турган. Унинг бу хатти-ҳаракатлари халқнинг нафрати ва ғазабини қўзғатиб, унинг обрўсини тўккан. Бундан ташқари, Муҳаммад Ёқуб шаҳар атрофидан, яъни қишлоқлардан келган мардикорлар ва «қора ишлар» билан шуғулланувчи кишиларни суриштириб ўтирмай касалхонага ётқизаверганидан ёки ушлаб тургани сабабли улар шаҳардан кетаверган. Бу ҳол ҳам мардикорларнинг Муҳаммад Ёқубга нисбатан нафратини уйғотган. Шу орада Иноғомхўжанинг ишдан олинишидан норози бўлган кишилар Муҳаммад Ёқубни қоралашга ўтганлар. Умуман айтганда, эзилган ва таланган халқ биринчи навбатда Муҳаммад Ёқубдан ўч олишга аҳд қилади ва бош кўтаради. Қўзғолон Себзор даҳасида бошланади. Муҳаммад Ёқубнинг сўзига қараганда, аввало 2000 кишилик оломон унинг уйига борган.
Оломон олдида Эшон Азизлар (Зайниддинхон), Одил Қосимхўжа ва бозор оқсоқоли Зиямуҳаммад Исамуҳамедов борганлар.
Қўзғолончилар Муҳаммад Ёқубни уйидан топа олмагач, Янги шаҳарга — маҳкама томонга йўл олганлар. Бу ерда Муҳаммад Ёқуб ва Путинцев калтакланадилар. Катта оломон бақириқ-чақириқ билан шаҳарнинг ана шу икки амалдорига ўз норозиликларини изҳор этиб, маҳкамани тошбўрон қиладилар. Муҳаммад Ёқубнинг таърифлашича, маҳкамага яқин кўчада оломон унга тош отганидан кейин боши, елкаси ва бели жароҳатланган ҳолда маҳкама ичига қочиб киришга муваффақ бўлган. Оломон маҳкама ҳовлисига бостириб кира бошлаганда Муҳамад Ёқуб шу ердаги маҳкама котибининг уйига кириб яширинади. Ташқаридан «Оқсоқолни бер! Уни ўлдирамиз!» — деган сўзлар тинмай эшитилиб турган. Котибнинг хотини Муҳаммад Ёқубни шкаф ичига, унинг соқчиси Сайфуллани эса стол тагига яширган. Шу вақтда қузғолончилардан бир гуруҳ кишилар котибнинг уйига кириб, оқсоқолни ўлдиришларини айтганлар. Аммо улар оқсоқолни топа олмаганлар.
Маҳкамада қўзғолончилар Путинцевга ҳам ҳужум қилганлар. Узининг кўрсатишича, воқеа шундай содир бўлган: «Собор кўчасида менга Муҳаммад Еқуб ва соқчилар қушилишди. Шунда миршаблар оломоннинг рус (янги) шаҳарига келаетганлиги ҳақида хабарни келтирдилар. Иқон кучаси бўйлаб Воронцов кўчасига чиққанимда оломоннинг Самарқанд кўчасига келаётганини кўрдим. Мен оломонга яқинлашдим, лекин улар Воронцов ва Самарқанд кўчалари кесишадиган жойда мени қўршаб, Муҳаммад Ёқуб устидан шикоят қилмоқчилигини гапирдилар. Муҳаммад Ёқуб оломонни тўхтатишга кўп ҳаракат қилди. Шунда унга оломон томонидан тошлар отилди ва у отга миниб қочди. Орқасидан бир гуруҳ қўзғолончилар қувиб кетдилар. Мени қўршаб олган бир гуруҳ қузғолончилар билан Ўрда бозори томонга юрдим, лекин оломоннинг шаҳар маҳкамаси ҳовлисига бостириб кирганлигини эшитиб, орқага қайтдим. Бу ерда Муҳаммад Ёқубнинг борлигини англаб оломонни тўсиш мақсадида дарвоза олдида туриб олдим. Сўнгра мен оломондан Муҳамад Ёқубнинг айби нимада, деб сўрадим. Улар қичқирган ҳолда оқсоқол мурдаларни дафн этишга рухсат бермаётир ва ариқлардаги сувларни заҳарлашда врачларга кўмаклашмоқ-да, деб жавоб бердилар. Айни бир пайтда «Бизга оқсоқолни беринг, уни урамиз!» — деб бақирдилар. Мен оломонни тинчлантиришга ҳаракат қилдим, лекин шовқин-сурон туфайли сўзларимни эшитишнинг иложи бўлмади. Шу орада маҳкама ҳовлисининг бошқа тарафидан одамлар киришиб орқамдан тортди, олди тарафдан оломон сиқиб келаверди. Шу равишда мени орқага, ҳовли томонга итариб киришди. Мен маҳкама хонасининг эшиги олдидаги майдонга чиқцим. Бу ердан оломонни тинчитишга уриндим, лекин «Оқсоқолни беринг, ўлдирамиз!» — деб бақиришди. Бу талабга «Оқсоқолни бера олмайман, чунки у ҳукумат фармонини ижро этган», деб жавоб бердим. Шунда оломон тарафидан «Агар у оқсоқолни бермаса, у вақтда унинг ўзини ўлдирамиз», деган овозлар эшитилиб турди. Шу пайтда оломон мени ҳовлининг ўртасига итариб борди ва дўппослади, сўнгра тошбўрон қилишди. Мен йиқилганимда қўзғолончилардан тўрт киши устимга ётишиб ҳимоя қилишди. Аммо танимнинг беркитилмаган жойларидан уравердилар. Натижада бошим, ўнг қўлим ва қовурғаларим жароҳатланди».
Шундан кейин бир муддат ҳушидан кетган Путинцев ўзига келганида тепасида оломон турарди. Улар ундан дарҳол врачларнинг шаҳардан олиб кетилиши ва сувларни заҳарламаслик ҳамда мурдаларни кўмишга рухсат этиш ҳақида тилхат беришини қатьий талаб қилдилар.
Путинцев бунга рад жавобини бергач, оломон уни исканжага олди. «Айниқса менга, — дейди Путинцев, — қаттиқ тиқилинч қилиб урмоқчи бўлган уч киши бўлди. Уларнинг бири лабида тиртиғи бор 20 ешли йигит эди, иккинчиси ўша ёшдаги ва энди соқоли ўсиб чиқаетган қотма ўспирин, учинчиси эса, қизғиш рангли кўйлакдаги бақувват одам эди. Бу ўспирин менга: «Агар бизнинг талабларимизни қабул қилмасанг, сени ўлдирамиз», — деб муштумини кўтарди. Бошқа бир новча одам «Ўртага чиқ, халқ талабларига розилигингни айт», — деб бақирди. Шундан кейин оломон яна шовқин-сурон кўтариб, Путинцевга ёпишади. Лекин уни қўзғолончилардан тўрт киши ҳимоя қилиб, маҳкамадаги хонасига киритиб қўйишади. Бу хонага ташқаридан тошлар отилди ва уларнинг бири Путинцевнинг биқинига тегди. У хонадан айвончага чиқиб, оломонни тинчитишга уриниб кўрди. Кўп ўтмай солдатлар ва маҳкама атрофида истиқомат қилувчи руслар сўйил ва бошқа нарсалар билан келишиб қўзғолончиларни калтакладилар. Уларнинг ҳужумига бар-дош бера олмаган қўзғолончилар турли тарафга қочди-лар. Оломон Урдадаги бозорчага етганида ҳарбий губернатор солдатлар билан етиб келди. Губернатор «воқеани назорат қилишни ўз зиммасига олганлиги ва Эски шаҳарга боражагини билдирди».
Бир гуруҳ қўзғолончилар Муҳаммад Ёқубнинг уйига боришиб, мол-мулкини таладилар. Улар унинг уйини ёндириш учун ҳаракат қилсалар-да, улгуролмадилар. Аммо унинг Қорасув ариғи ёнидаги боғини ёндириб ташладилар.
Шаҳар маҳкамасидаги оломоннинг хатти-ҳаракати хусусида унтер-офицер П.Е. Алексеевнинг маълумоти масалани янада ойдинлаштиради: «Мен Воронцов кўчасида шаҳар бошлиғи Путинцевнинг орқасидан Романов кўчасидан чиқаётган оломоннинг кузатиб кетаетганини кўрдим. Оломон орқасидан маҳкамага келганимизда Путинцев ва маҳкама аъзоси Новогородскийни оломон ўраб олганлигининг гувоҳи бўлдик. Улар оломон билан ўзбек тилида муомала қилмоқда эдилар. Оломоннинг олдинги сафида оқ соқолли ва салласиз бир кекса одам кўпроқ гапирмоқда эди. Бу кекса киши Путинцевнинг кўкрагидан итариб, маҳкама ҳовлисига киритишга ҳаракат қилмоқда эди. Оломоннинг бошқа қатнашчилари ҳам Путинцев ва Новогородскийни ҳовлига итардилар. Мен оломонга яқинлашаётганимда бир ўзбек таёқ билан оёғимга уриб ерга йиқитди ва ўзи кўздан ғойиб бўлди. Оломон Путинцевни ҳовли ичига киритган вақтда мен бошқа томондан у ерга кирганимда ўзбекларнинг маҳкама идорасига тош отиб, синдираётганликларини кўрдим. Менинг кўз ўнгимда улар Путинцевни урдилар ва ерга йиқитдилар. Аммо у маҳкама хонасига қочиб киришга муваффақ бўлди. Унинг боши қонга беланган бўлиб, шапкаси йўқ эди. Ўзбеклар очиқ ойнадан Путинцевга тош отардилар. Мен очиқ ойнадан Путинцевнинг қилич яланғочлаб, орқасидан кирган ўзбекларни қўрқитаёттанлигини кўрдим».
Кўриниб турибдики, қўзғолончилар ниҳоятда ғазабланган ҳолда шаҳар бошлиқлари ва бинони тошбўрон қилганлар. Агар қўзғолончиларнинг орасидаги айрим кишилар ўртага тушиб Путинцевни ҳимоя қилмаганида унинг ўлдирилиши турган гап эди. Бу кишилар унинг қатл этилишининг фожеали оқибатларини уйлаб шундай қилганлар. Ҳақиқатан ҳам, борди-ю, руслардан бирор киши ҳалокатга учраганда борми, у вақтда бунинг баҳонасида қўзғолончилардан юзлаб кишилар солдатлар томонидан қириб ташланиши турган гап эди. Путинцевни ҳимоя этганлардан бири янги шаҳар маҳалласида яшовчи, мардикорлик билан шуғулланувчи Исамуҳаммад Рустамбоев деган киши бўлган. У маҳкамадаги воқеани шундай таърифлайди: «Мен келган пайтда оломон Путинцевни шаҳар маҳкамасининг олдида тошбўрон қилмоқда эди. У ерга йиқилганида мен уни гавдам билан тўсиб: «Мусулмонлар, нима қилаяпсизлар, эҳтиёт бўлинглар, сизларни деб бутун Тошкент ҳалок бўлади», — деб бақирдим. Путинцев ўрнидан туриб, маҳкамага юраётганида оломон ва мен ҳам орқасидан юрдик. У хонага яқинлашганида эшикка суяниб ҳеч кимни ўтказмасликка ҳаракат қилди. У мени яхши одам экансан, исминг нима ва қайси маҳаллада турасан, деб сўради. Мен оломондан қўрқиб исмимни айтмадим. Шу вақтда хонада Холтой деган киши ҳам одамларни тўсиб турарди. Оломон мени ҳам ура бошлади, сиёҳдонни отдилар ва Путинцев хонасига қочдим. Бу ерда мени стол атрофида кишилар қувлаб юришди. Ниҳоят, уларнинг орасидан қочиб, кўчада турган руслар орасида яшириндим. Солдатлар келиб, оломонни ура бошладилар, мен қўрқиб уйга кетдим».
Рустамбоевнинг гувоҳлик беришича, Мусабойвачча (еки Исабойвачча), Калмуса, Муҳаммаджон, Юнусбойвачча ва Тошболта деган кишилар катта ғайрат кўрсатишиб, Путинцевни тошбўрон қилишда қатнашганлар.
Гувоҳ сифатида тергов берган Н. Галкиннинг сўзига қараганда, оломоннинг олдинги сафида от минган қора соқолли 22-23 ешли бир йигит юриб, қузғолоннинг бошлиғи сифатида гавдаланиб турган. Галкин ҳам оломоннинг руслар томонидан калтакланганини тасдиқлайди.
Солдатлар томонидан оломон маҳкама ҳовлисидан суриб чиқарилганидан кейин «руслар ўзбекларни калтаклашни давом эттирдилар, губернатор эса, уларга тегмасликни буюрди. Аммо ўзбеклар унинг ўзига ҳам тош отганларидан кейин у русларга: «Ўзбекларни уринглар», деб бақирди. Шундан кейин руслар ўзбекларга ташландилар ва уравердилар. Шу вақтда айрим ўзбеклар ушланиб, маҳкамага олиб борилди. Руслар ўзбекларни Ўрда бозоригача қувиб бордилар. Улар бу ердан тарқалиб кетдилар».
Бинобарин, қўзғолончилар вилоят ҳарбий губернаторининг кўрсатмасига биноан оддий рус кишилари томонидан калтакланади. Менинг раҳматли Шорасул (1840—1950) бувамнинг хотирасига кўра, руслар ва солдатлар оломоннинг орқасидан қувлаб келаёттани-да, одамлар шошиб қолганларидан ўзларини Ўрда сувига ташлашга мажбур бўлганлар. Оқибатда вилоят ҳарбий губернатори Гродековнинг кўз ўнгида кўп кишилар ҳалок бўлган. Қўзғолончиларнинг орасида калтак ва тошлар зарбидан жароҳатланганлар ҳам кўп бўлган. Оломоннинг ҳукм сураётган тартиблар ва зулмга қарши кураши шаҳар маҳкамасида ўз ифодасини топди. Бу ерда шаҳар бошлиқларига ҳужум қилдилар. Маҳкаманинг ва хизматчиларнинг хона эшиклари, деразалари ва жиҳозлари бузиб ташланди. Оломон турли ҳужжатлар, китоблар ва бошқа нарсаларни йуқ қилдилар.
Вилоят прокурорининг кўрсатишича, қўзғолоннинг олдинги сафларида борган кишилар «қашшоқлашган ёш йигитлар»дан иборат булган.

Қўзғолонга боғлиқ кейинги воқеалар ҳам фожеали.

«Ўрдадан, — дейди ўша Алексеев, — ҳарбий қисмлар губернатор бошчилигида Эски шаҳар томонга йўл олдилар. Шундан кейин Ўрдада яна ўша халқ оломонидан одамлар тўпланди ва бу ерда мен бошқа руслар билан кўча бўйлаб кетаётганимда бизга хонадонлардан тошлар отилди. Биз кўча атрофидаги хонадонларни текширдик. Биз ва полиция тамба билан беркитилган эшикни бузиб очганда уйнинг томида 4 киши турган экан. Улардан 3 таси томдан сакраб қочдилар, биттаси эса пичоқ билан полицияга ташланди. Бир солдат унинг қўлига уриб пичоқни туширди ва ўзини томдан пастга улоқтириб юборди».
Шу равишда солдатлар кўча ва хонадонларда қўзғолон қатнашчиларини ушлаб ва калтаклаб, ҳибсга олдилар. Бутун шаҳар йиғисиғи қилиб, мотам тутди. Миршаблар «жиноятчилар»ни излаб, изғиб юрдилар.
Айни бир пайтда губернатор Гродеков, Путинцев ва бошқа шаҳар катталари солдатлар билан Эски Жўва бозорига келадилар. «Бу ерда, — дейди Путинцев, — губернатор солдатларга Жомеъ масжиди билан Хўжа Аҳрор мадрасаси ўртасидаги кўчага жойлашишни буюрди. Чунки бу кўчага халқ оломони яқинлашганлиги ҳақида хабар олинган эди. Ҳақиқатан ҳам оломон масжидга ўша кўчалардан яқинлашиб келди. Мен бу ерда солдатлар борлигини билдириб, оломондан тарқалишларини сўраганимда, уларнинг орасидан кичкина соқолли ва мўйловли бир йигит чиқиб: «Бизни заҳарлаёттанларида, қандай қилиб тарқаламиз», — деб гапира бошлади. Мен бу йигитнинг маҳкамадаги ғалаённинг фаол ташкилотчилариданлигини танидим ва солдатга уни ушлашни буюрдим. Солдат бу йигитни ушлаб олганда, оломон чекина бошлади. Шу онда ўша йигит: «Мусулмонлар, мени ёлғиз ташлаб қаёққа қочаяпсизлар?» — деб бақирди. Шундан кейин оломоннинг кўпчилиги қайтиб, бизга тош отдилар. Сўнгра улар ушланган йигитни озод қилиш мақсадида солдатта ташландилар. Бу вақтда, губернатор ва командир Федоров солдатлар орасида турардилар. Шу онда солдатларга «Тайерланинг» деган буйруқ берилди, йигит эса рўпарадаги кўчага қочишга улгурди. Худди шу пайтда солдатлар оломонга қарши ўқ уздилар ва улар қоча бошладилар. Улардан 5 киши йиқилди, улар жароҳатланди ёки ўлдирилди. Иккинчи маротаба ҳам ўқлар отилди. Ҳаммаси бўлиб, 7 ёки 9 киши ерда ётарди».
Ўқ узилишидан олдин бир офицер оломонга «Тарқалмасанглар отиб ташлаймиз», — деганда қўзғолончилардан «Мана, отиб ташла», деб кўкрагини тутганлар бўлган. Қўзғолонда аёллардан бири: «Одамларни заҳарлаб ўлдирмоқдалар», — деган. Бу далил қўзғолон ўз бағрига аёлларни ҳам тортганлигидан далолат беради.
Шу тарзда ҳеч қандай бир арзигулик қуроли бўлмаган халқ ваҳишийларча ўққа тутилди. Иккинчи ёппа-сига ўқ узишдан кейин яна ўқлар отилди ва сўнгра губернаторнинг буйруғи билан тўхтатилди. Оломон қочди. Кейин қўзғолончилардан 10 киши ўлдирилганлиги маълум бўлди.
Губернатор Гродеков ва Путинцев бозорга киришиб, кўнчидик растасида тўхтадилар. Бу ерда ҳеч ким йўқ эди, лекин узоқроқда одамлар тўпланиб турарди. Бу ерга келган Путинцев оломонга «Тарқалинглар» деб буюрганида, бир одам, мулла бўлса керак, ўртага чиқиб: «Шаҳарда ҳар куни юзлаб одам ўлмоқда, маъмурият эса кимлар вабодан ўлганлигини аниқлашга улгурмаётир. Шу боис мурдаларни тўхтатмай кўмишга рухсат беринглар» деган.
Путинцев бунга жавобан ҳар ҳафтада бор-йўғи бир неча кишигина улаётганини айтган. Ўша сўзлаган одам ва яна бир неча киши ушланади. Пичоқчи маҳалласида яшовчи ва гувоҳ сифатида сўроқ қилинган ўнбоши Қосимхўжа Алибоев сўзича, шаҳар маҳкамасидан кейин оломон Ўрда кўпригидан ўтиб, кўчаларда турган. Унинг кўрсатишича, Ўрдани Эски Жўва бозори билан боғловчи катта кўчада жойлашган Саъидкарим Азимбоевнинг ҳовлисида касалхона бўлган. Унинг атрофида эрталаб соат 10 да оломон тўпланиб, Мирзабойвачча Мирсалимбоев, Усмон қассоб, Азиз Қассобов ва ямоқчи Искандар Чуқурбоев «Биз Муҳаммад Ёқубни ўлдирдик, уйини таладик, ўғлини қўлга олдик, агар сизлар чиндан ҳам мусулмон бўлсаларингиз дўконларни ёпинглар ва Шайхонтаҳурга боринглар», деб бақирганлар. Шу вақтда шаҳар бошлиғи Путинцев ва ҳарбий губернатор солдатлар билан бирга келишиб, касалхона атрофида турган оломонга қарата мурожаат қилиб, тарқалишни талаб этганлар. Губернатор агар аҳоли шаҳар бошлиғидан ёки оқсоқоллардан норози бўлсалар, у вақтда шикоят ёзсинлар, уларнинг ўринларига бошқасини тайинлаймиз, деган. Шундан кейин губернатор ва бошқалар йўлни давом эттирганлар. Аммо «оломон, — дей-ди Қосимхўжа Алибоев, — тарқалмай, аксинча, губернатор ва солдатларнинг орқасидан бордилар. Мен Жомеъ масжидининг яқинидаги болохонага ўрнашиб олганлигим учун ҳамма нарса кўриниб, сўзлар эшитилиб турди. Искандарбек ва Азимбойвачча яна пайдо бўлиб, губернаторнинг шаҳар бошлиғи ва оқсоқолларни алмаштириш ҳақидаги ваъдасига «қулоқ солманглар, ишонманглар, ахир, бундай ваъдалар кўп бўлган-ку», — деб бақирганлар. Калхўжа оломон орасидан отилиб чиқиб, шаҳар бошлиғининг отининг жиловидан тортди. Путинцев эса, уни қамчи билан урди. Ис-кандарбек ва Азимбойвачча «Шаҳар бошлиғини ушланглар» деб оломонга мурожаат қилганда, қўзғолончилардан бир нечаси унинг отига ёпишдилар ва тошлар отилди. Шунда «Ўқ узилсин» деган буйруқ эшитилганда, Азимбойвачча халққа: «Қўрқманглар, милтиқларга қуруқ порох ва пахта солинган», — деб бақирди. Ўқлар отилганидан кейин оломон тарқалди, Азимбойвачча ва Искандарбек отда қочиб кетдилар».
Демак, қўзғолончиларнинг бир қисми шаҳар маҳкамасидан чиқиб, Ўрда билан Эски Жўва уртасидаги кўчада (ҳозирги Навоий) вилоят ҳарбий губернатори ва солдатларга дуч келган. Афтидан, бу учрашув қўзғолончилар Муҳаммад Ёқубнинг ҳовлисини талагандан кейин қайтаётганида содир бўлган.
Эски шаҳар бозорида солдатлар томонидан бир неча кишининг ўлдирилиши ва жароҳатланиши билан қўзғолон ниҳоясига етди. Вилоят губернатори Гродеков солдатларни турли жойларга юбориб, қўзғолончилардан 60 кишини ҳибсга олдиртирди. Уларнинг орасида нуфузли кишилар ҳам бор эди. Рус маъмурияти қўзғолонни биринчи навбатда бир гуруҳ юқори табақа вакиллари бўйнига қўйишга ҳаракат қилиб, унинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий заминларини пардаламоқчи бўлди. Шу нақтаи назардан қораланганлар орасида Эски шаҳарнинг собиқ оқсоқоли Иноғомхўжа Умарҳожиев ва унинг ўғиллари Саъидаҳмадхўжа ва Турсунхўжа, Шайхонтаҳур даҳасининг қозиси Шарифхўжа Поччахўжаев ва унинг ўғиллари Орифхон, Ҳасанхон, Маъруфхон, Ашрафхон, оқсоқол Шермуҳаммад Қулмуҳамедов, Боқижон Дадажонбоев, Усмонхўжа Иноятхўжаев бор эди.
Ҳарбий губернатор Гродековнинг фикрича, ўша ҳибсга олинган бир гуруҳ нуфузли кишилар «яқинда ўз лавозимидан четлатилган Иноғомхўжа бошчилигида қўзғолоннинг айбдорлари ҳисобланган. Иноғомхўжа мансабини сақлаш мақсадида шаҳсан ўзи ва яқин одамлари орқали халқ орасида вабо касалига қарши қаратилган чоралар ҳақида турли миш-мишларни тарқатишга даъват этган».
Ҳарбий губернатор Эшон Азизлархўжани ўзининг 30 кишидан иборат отлиқ муридлари билан шахсан қўзғолонга бошчилик қилганини уқтириб ўтган. Айни бир пайтда Туркистон генерал-губернатори шаҳар бошлиғи, даҳаларнинг барча оқсоқолларини ҳамда қозиларнинг ҳаммасини лавозимидан четлатди. Миршаблар руслардан ёки бошқа шаҳарларда яшовчи туб аҳоли вакилларидан тайинланадиган бўлди.
Вилоят губернатори Гродеков ўзининг Туркистон генерал-губернаторига йўллаган хатида қўзғолон учун бутун шаҳар аҳолисини жазолаш мақсадида Ўрдадан Эски Жўва ва Жомеъ масжидигача уланадиган иккита катта кўчани улар ҳисобига қуришга дарҳол киришишни сўради. Уларнинг фикрича, бундай йўл русларни бўлажак хавфлардан сақлар эмиш. Афтидан, Гродеков тор ва қийшиқ кўчаларда ҳарбий ҳаракат қилиш ва воқеани кузатиш оғирлигини даф этмоқчи бўлган. Эски шаҳар оқсоқоли лавозимига одатдагидек ўзбеқ эмас, рус кишиси тайинланди.
Шу тарзда, қўзғолон баҳонасида Эски шаҳарни бошқариш бевосита рус амалдорининг қўлига ўтказилади. Гродеков имкони борича қўзғолон сабабларини маҳаллий юқори табақа вакилларидан қидириш ва бу билан унинг асл моҳиятини ниқоблаш учун уларни кўплаб қамаш ва жазолашга киришди. Шаҳар даҳаларининг оқсоқоллари, қозилару ва миршабларни ёппасига мансабдан бушатишнинг ташаббусчиси ҳам Гродековнинг ўзи эди. Аммо Сирдаре вилояти прокурори П. Е. Рейенбат Гродековни қонунни бузишда айблаб, бир неча маротаба унинг ўзига ва генерал-губернаторга тушунтириш хатлари езди. У қузғолонга дахлдор бўлмаган кишиларни ҳибсга ололмаслигини ёки ушлаб туролмаслигини баён этиб, ўз фикрида қаттиқ туриб олди. Аммо Гродеков буйруғи билан шаҳарнинг бир неча савдогарлари ва нуфузли кишилари, хусусан Бадалмуҳаммад ҳамда Боқижон деган кишилар қамалдилар. Прокурор тергов натижасида далиллар бўлмаганлиги учун уларни озод қилди. Гродеков эса, бунга қаршилик кўрсатиб, «агар исен бўйича бир неча ўн кишини, икки-уч эшон ва Иноғомхўжа жазолансалар, бутун жаҳон олдида шармандагарчилик бўлади», деган.
Бу сўзларнинг маъноси шундан иборат эдики, қанчалик кўп юқори табақа вакиллари жазоланса, шунчалик қўзғолоннинг сабабларини уларга йўйиш ва Россия «қудрати»ни намойиш этишга эришилади. Гродеков бу ишга шунчалик берилиб кетдики, генерал-губернатор Веревкинда ҳам норозилик уйғотди. Чунки қўзғолонга алоқаси бўлмаган кишиларни ҳибсга олиш ва тергаш қизиб турган вазиятни кескинлашишга олиб келиши аен бўлиб қолди. Шу боисдан Веревкин Гродековга йўллаган хатида ўз фикрини қуйидагича баен этади: «Рус маъмурияти томонидан йўл қўйилган хатолар ва меъеридан ортиқ қаттиққўллик ўлкада бизнинг мавқеимизни мустаҳкамламайди, аксинча келажақда русларнинг туб аҳоли билан алоқаларига зиен келтиради. Мен жазолашга қатьий адолат юзасидан қарашнинг тарафдориман. Фақат полиция ва прокурор аниқлаган, 24 июн воқеасига бевосита дахлдор ва айблари исботланган кишиларгина жазо олишлари лозим».
Шундан кейин Гродеков ва Рейенбат ўртасидаги тортишувга чек қўйилиб, айблари исботланмаган айрим юқори табақа вакиллари озод этилди. Аммо рус маъмурияти ва прокурор Иноғомхужа, Шарифхўжа ва бошқа нуфузли кишиларга айбдор сифатида қаттиқ ёпишиб олдилар. Ваҳоланки, улар қўзғолонда бевосита қатнашмаган эдилар. Улар вабога қарши чоралар ҳақидаги сўзларни тарқатишда ва халқни қўзғолонга даъват этишда айбландилар. Иноғомхўжа бу ишларга зимдан бош-қош бўлган ва вазиятдан фойдаланиб, Муҳаммад Еқубнинг ўрнига утиришга ҳаракат қилган киши сифатида қораланди. Прокурорнинг айбномасига кура, Иноғомхўжа бундай ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари орқасида қўзғолон кўтарилишига ва бунинг оқибатида шаҳар маҳкамаси ва маъмурият вакилларига ҳужум қилинишига сабабчи бўлган. Шу боис, у бутун воқеанинг асосий йўлбошчиси сифатида гавдалантирилди.
У Аҳмадхўжа Абдурашидҳожиев ва Ёқубхўжа Юсуфҳожиев сингари яқин кишилари орқали ташвиқот ишларини олиб борганликда ҳам қораланди. Бу икки киши ҳам қўзғолон кўтарилишига ҳисса қўшганлар қаторида ҳибсга олинган эди.
Қўзғолон қатнашчиларидан 93 киши айбдор сифатида тергов қилиниб, улардан 57 киши қамоқда ушланди.
1892 йилнинг 15 декабрида, соат 11 да суд ҳукми эълон қилинди. Иноғомхўжа 57 ёшда бўлиб, 1868 йилдан буён Сирдаре вилояти ҳарбий-граждан бошқармасида хизмат қилган, 1884 йили шаҳар бошлиғининг кичик ёрдамчиси ва 1887 йили Эски шаҳар катта оқсоқоллигига тайинланган. У яхши хизматлари учун Ста-нислав тасмали кумуш медал, икки олтин медал ва биринчи даражали «Фахрий тўн» билан мукофотланган. Суд ҳукми билан Иноғомхўжа барча мукофотларидан маҳрум бўлди, шу билан бирга, Иркутск губерниясига 4 йил шу ердан силжимаслик шарти билан сургун қилинди. У яна 12 йил давомида Сибирнинг бошқа вилоятлари ва губернияларида туриши керак эди. Умумлаштирилганда сургун муддати 16 йилга борган.
Шайхонтаҳур даҳасининг 75 ешли қозиси Шарифхўжа Поччаҳожиев ҳам кумуш ва олтин медаллардан маҳрум этилиб, 3 йил муддат билан Астрахан губерниясига сургун қилинди.
Суд Аҳмадхужа Абдурашидҳожиев, Зиямуҳаммад Исамуҳаммедов, Азимбойвачча Мирсалимбоев, Искандар Чуқурбеков, қассоб Азиз Қассобов, Муҳаммаджон Ғайниддинов, Мусақори Қассобов, Тошмуҳаммад Тўйчиевни осиб ўлдиришга ҳукм қилди. Булардан ташқари, 25 киши турли муддатлар билан қамоққа ҳукм этилди.

Суд ҳукми шаҳар ва ўлкада вазиятни янада кескинлаштириб, норозиликни кучайтириб, хавф туғдириши мумкин эди. Шу боис генерал-губернатор ўлим жазосини бир кишига умрбод сургун ва бошқаларни 15-20 йил муддат билан каторгага алмаштирди. Иноғомхўжанинг соғлиғи ёмонлиги туфайли сургун қамоқ билан алмаштирилди.
Суд ҳукми билан Муҳаммад Ёқубнинг таланган 1400 сўмлик мол-мулки ҳамда суд харажатлари — 216 сўм Иноғомхўжа, Шарифхўжа ва бошқа бир гуруҳ қаттиқ жазоланган кишилардан ундириладиган бўлди.
1893 йил 16 мартда шахсан императорнинг розилиги асосида қўзғолоннинг олдини ололмаганликлари учун Гродеков ва Путинцев лавозимларидан олинди. Путинцев ўрнига Тошкент уезди бошлиғи полковник Тверитинов тайинланди.

Чор маъмурияти гарчанд вабога қарши чоралар кўрган бўлса-да, лекин амалда уни даф этишга етарли эътибор бермади, оқибатда Тошкент шаҳрида юзлаб кишилар унинг қурбони бўлдилар. Чунончи, 1893 йил 7 июн — 9 август орасида ўзбеклардан 1438 киши касалланиб, 1389 киши ўлган, руслардан эса 407 киши оғриб, 213 киши вафот этган. Жами 1835 касалдан 1602 одам ўлган эди.
1891 йили шаҳарда 58 эски мозордан 33 таси ёпилиб, 25 таси қолдирилган.
Вабо касали Фарғона водийсида ҳам пайдо бўлиб, ундан 10.277 киши вафот этган. Ўлка бўйича ҳисобланганда, ўлганлар сони 11.879 кишига боради. Бу ўз даври учун катта фожеа эди. Агар чор ҳукумати етарли маблағ ажратиб, тегишли чораларни изчиллик билан кўрганда бунчалик катта йуқотиш бўлмас эди.
Қўзғолоннинг акс-садоси бутун ўлкага, хусусан, Фарғона водийсига ҳам тарқалиб, вазият кескинлашди. Шу боис фақат Тошкентда эмас, балки Фарғона вилоятида ҳам ҳарбий ҳолат жорий этилиб, назорат ва таъқиб авжига минди6.
Гарчанд қўзғолон бостирилган бўлсада, лекин у мазлум халқнинг рус ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмига қарши қаратилган кураши сифатида ўчмас из қолдирди. Шунинг учун ҳам рус маъмурияти мамлакатда ҳамда чет давлатларда унинг моҳияти ва йўналишини бошқачароқ тарзда тушунтиришга ҳаракат қилди. Масалан, ҳукуматнинг расмий газетаси бўлмиш «Туркистон ведомости»да шундай ёзилганди: «Ватандошларимиз ва хорижий мамлакатдаги дўстларимизга шуни маълум қилишимиз мумкинки, қўзғолон кўтарганликлари учун жазоланганлар том маънодаги сиёсий ва давлат жиноятчилари эмас, балки маъмуриятнинг айрим ҳолларда қўллаган тартибларига қарши бош кўтарган кишилардир. Бу оломон томонидан тасодифан содир этилган жиноят сиёсий тусга эга бўлмай, туб аҳолининг партиявий курашининг маҳсулидир. Унинг юзага келиши қисмангина вабога қарши қаратилган чораларга боғликдир.

Шуни такрор айтамизки, қўзғолонда Ўрта Осиёдан ташқарида ўйланганидек, ҳеч қандай сиёсий йўналиш йўқ».
Хўш, шундай экан, нима учун рус ҳукумати қўзғолончиларга қарши ўқ узди ёки бўлмаса кўп кишиларни ўлимга ва узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилди?

Жавоб шуки, бунга қўзғолоннинг айнан мустақилликни тиклашга қаратилган сиёсий йўналишга эгалиги сабаб бўлган. Шу боис у ўлкадаги кейинги миллий-озодлик ҳаракатларининг юзага келишига ҳам таъсир кўрсатган.

Ҳамид Зиёев

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин