Саналар
24.11.2017
Баннер
Туркистон 1917 йилда
PDF Босма E-mail

Келди муборак бизга янги бир замон,
Янги давр кечурмак энди филамон,
Ёд этмакка исмимиз тарихи жаҳон,
Қутлуғ бўлсун Туркистон мухторияти!
Яшасун энди бирлашиб Ислом миллати!

ҲАМЗА

Румий ҳикоятларидан бирида эр ярим ман гўшт келтириб, хотинига овқат тайёрлашни буюради-да, ўзи меҳмон айтгани кўчага чиқиб кетади. Хотин лаҳм гўштни қовуриб, паққос уриб олади. Эри қайтгач: «Гўштни мушугингиз қурғур еб қўйди», дейди. Содда эр мушукни тарозига солиб: «Ие, мушук еган гўшти билан атиги ярим ман-ку! Хўш, палладаги ярим ман мушук бўлса, гўшт қани? Агарда тарозини босган ярим ман гўшт бўлса, унда мушук қаёққа ғойиб бўлди?», деган экан.

Шўрoвий шоиримиз Ҳамзанинг юқорида парча келтирилган «Туркистон мухториятина» шеърини ўқиб, шу каби таноқиз андишага борасан киши.

Зотан, сўнгги, 70 йилдан ортиқроқ тарихимизда Ҳамза ва мухторият орасида ғойиб бўлган Ҳақиқатни қидирган одам, Шарқнинг яна бир буюк мутафаккири Кунфутзининг таъбирича, қоронғу хонада қора — бунинг устига хонада йўқ — мушукни тутмоқчи бўлган кишидек мушкул ҳолда қолади.

Тарихчиларимизнинг заҳматли ҳаракатларини кўриб, ачинмасдан бўлмайди. Улар тубандаги каби «мўътабар таҳқиқларни» жилдма-жилд сақлашга озмунча куч-қувват сарфлашдими! Мана, бир мисол:

«1917 йил ноябрининг сўнгида ўзбек, қозоқ, қирғиз ва тожик буржуа миллатчилари Қўқон шаҳрида «умум-ислом» ўлка қурултойини чақирдилар. Унда, асосан, савдогар, заводчик, помешчик, бой, руҳонийлар, оқ гвардиячи офицерлар иштирок этишди. Буржуа миллатчилари Туркистонни мухторият эълон қилиб, «Қўқон мухторияти» деб танилган миллатчи Муваққат ҳукуматни туздилар…» («История СССР». «Наука», М., 1967, т. 7, стр. 227).

Бу «ҳақиқат» қайд этилган китоблар саҳифаларини жамласак, қалин жилдли алоҳида бир асар бўлиши мумкин. Ваҳоланки, бу «ҳақиқат»нинг турган-битгани мантиққа зид. Авваламбор, ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик халқларининг ҳамда рус зобитларининг вакиллари муштарак маслак йўлида бир жойга йиғилишса-ю, улар миллатчига чиқарилсалар, «интернационал» сўзининг туб моҳияти қаерда қолади? Иккинчидан, уларни буржуа (яъни, шаҳар) миллатчилари деб аташ, 1917 йил нари турсин, 1990 йилда ҳам ўлканинг аксарияти қишлоқ-овулларда яшаётган бир маконда, бир пайтда нимани англатади? Учинчидан, «асосан» сўзининг мағзи — маъноси нимада? Нима учун бу ўринда у салбий маънода — «оми халқ бир ёқда қолиб», деган мазмунда қўлланиляпти? Тўртинчидан, қандай қилиб «Туркистон мухторияти» деб эълон этилган ҳокимият бора-бора бир шаҳар миқёсига қадар кичрайиб, «Қўқон мухторияти»га айланиб қолди? Бешинчидан, маълумки, «миллатчи Муваққат ҳукуматнинг 54 аъзосидан 32 нафари маҳаллий мусулмон халқларига мансуб бўлиб, қолган ўринлар ўлкадаги Оврупа фирқа ва ҳаракатларига берилган. Ҳолбуки, ўша пайтда умумий аҳолига нисбатан, маҳаллий халқлар нуфузи 95 фоизни ташкил этган. Бундан ортиқ байналмилал илтифотни қаерда кўргансиз?!

Хуллас, бу кўчманчи «мўътабар «ёзуқ»нинг мантиқи ва тарихи хусусида кўп ёзиш мумкин. Биз эса яхшиси, ўзимизни қийнаб, тарихчиларимиз сингари заҳматлар чекмайлик-да, энг осони—1917 йил рўзномаларини назардан кечирайлик. Янада холис бўлиш учун, масалага, асосан, ўша даврнинг «миллий руҳи — ҳарорати элитмаган» рус рўзномалари нигоҳи билан боқайлик.

Февраль инқилоби ўлка тарихида янги бир саҳифа очдики, унинг илк шиорлари Озодлик, Тенглик, Биродарлик эди. Зеро, Чўлпон Феврални Буюк француз инқилобига қиёслаб тараннум этгани бежиз эмас. Муваққат ҳукумат дастуриламалидаги қуйидаги икки банд бу борада муҳим аҳамият касб этган: 1). Табақа — тоифавий, диний ва миллий маҳдудликни бекор қилиш; 2) Маҳаллий идораларни сайлашда умумий, бевосита, тенг ва махфий овоз бериш ҳуқуқини таъсислаш. («Туркестанские ведомости», 21 март 1917 йил). Бундан ташқари, муваққат ҳукумат маҳаллий халқ вакилларини мардикор сифатида фронторти ишларига олишни ҳам бекор қилиб, 1916 йил қўзғолонларининг асосий омилларидан бирини йўқотишга эришди.

Лўнда қилиб айтганда, Февраль инқилоби уйқу босган ўлкани уйғотди. Чоризмнинг мустамлакаси бўлган Туркистонга озодлик ва ҳуррият шамоли етиб келди. Авваллари мусулмонлар ҳаётини деярли ёритмаган рўзномалар энди маҳаллий халқнинг сиёсий онги мислсиз суръатлар билан ўсишини эътироф этиб, қарийб ҳар бир сонида янги ташкилот, ҳаракат ёки жамият тузилаётгани ҳақида хабар беришар эди. Айниқса, маҳаллий идоралар бўлмиш шаҳар ва ерли Думаларга сайловлар арафасида бундай хабарлар сон-саноқсиз бўлди: «30 март куни Скобелев шаҳри фуқаросининг Жомеъ масжид олдидаги йиғилиши «Шўрои ислом» қўмитасининг сайланиши ҳақида қарор қабул қилди. Қўмитанинг дастлабки вазифаси — Муваққат ҳукуматни, Русияда янги озод тузум жорий этишида, қўллаб-қувватлашдир» («Туркестанский голос», 18 апрель 1917 йил). «Маҳаллий йўқсиллар синфи Ҳўқанд шаҳри «Ислом меҳнаткашлари» жамиятига бирлашмоқда». («Туркестанский курьер», 21 июль 1917 йил). «Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида ёш сортлар ташаббуси билан «Жумҳурият» матлуб жамияти очилди». («Ферганские областнне ведомости», 1917 йит, 10 май) ва ҳоказо.

Бундай ҳаракат, фирқа ва жамиятларнинг пайдо бўлиш жараёнига апрелнинг ўрталарида Тошкентда бўлиб ўтган I Умумислом ўлка қурултойида мантиқан муайян якун ясалди. Юртимизда Февраль инқилоби туфайли юзага келган маҳаллий мусулмон умумдемократик ҳаракати шаклланган бир сиёсий куч сифатида гавдаланди. Мана, қурултой ҳақидаги хабардан бир парча:

«Умум Туркистон мусулмонларининг қурултойига 150 нафар киши йиғилди. Съездни 13 кишилик президиум идора қилди. Президиумга ушбу зотлар сайландилар: Мунавварқори (раис), Убайдулла Хўжаев, Собирали Лапин (иккисида раис муовинлари), Мустафо Чўқаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков (русий секретарлар), Аҳмад Заки Валидий, Содиқ Сатторов (мусулмонча секретарлар), Шоаҳмадов, Абдураҳмон Уразаев, Мулла Абдулмажид Маҳмудов, Серикбой Ақаев, Аҳмадбек Қўйбоқаров, Собиржон Юнусов…

… Съездда ушбу масалалалар қаралди.
1), Янги жамиятга назар.
2) Русияда усули идора ненди бўлур.
3) Туркистонда маҳаллий гражданский идоралар.
4) Учредительний Собрание ва анга ҳозирлик.
5) Туркистонда руҳоний — диний идоралар.
6) Мактаб, мадраса ва вақуф ишлари.
7) Молия ишлари.
8) Эскидан қолған муассасаларни янгартув.
9) Бутун Туркистон мусулмонларининг устидан қарайтурғон бирорта адлия исломия ва мулкия маҳкамаси таъсис этув.
10) Озиқ масалалари.
11) Сўғишка қараш.
12) Сўғишга олинган мардикорлар масаласи.
13) Бутун тузув.
14) Шўрои исломларнинг Испулнителний комитетларга муносабати.
15) Умуммусулмон съездина вакиллар юборув.
16) Ер ҳам сув ишлари». («Улуғ Туркистон», 1917 йил 25 апрель).

Табиийки, мазкур қурултой мужассамлаштирган умумий ҳаракатнинг таркибида синфи, маслаги жиҳатидан хилма-хил оқимлар бор эди. Аммо юрт озодлиги ва халқчиллик истиқболи томон йўналтирувчи ҳоким ғоя ушбу қурултой ва, айниқса, маҳаллий идораларга сайлов кунлари яққол намоён бўлди:

«Рус аҳолиси сайловга лоқайд муносабатда бўлган бир пайтда, сортлар, аксинча, уюшиб, ўз ҳуқуқларини сайлов бўлмаларида истифода этишмакчи», («Свободный Самарканд», 30 июль, 1917 йил). «Сортлар минглаб тўпланган йиғин ва сайловолди мажлисларида ўнлаб нотиқлар сўзга чиқаётурлар» («Свободный Самарканд», 2 август, 1917 йил).

Бу айёмларда ўлкадаги барча фирқа ва ҳаракатларнинг номзодлари рўйхатлари, сайловолди дастуриламаллари эълон этилади. Аксинча, рус ёхуд бошқа оврупавий фирқаларнинг ҳеч бири на маҳаллий халқ муаммолари, на миллий масала хусусида ўз ҳужжатларида гап юритмайди. Бу жиҳатдан Туркистон ўлкасининг ижроқўмлари қурултойида воқеъ бўлган бир мубоҳаса диққатга моликдир. Унда Геодаков исмли киши, «Туркестанский курьер»нинг (14 апрель, 1917 йил) хабар беришича, «халқчил Русия жумҳуриятини қўллаб, маданий халқларга мухторият, қолганларга эса (самоед, қирғиз, сортларга) «маданиятга эга бўлишлари сайин мухторият берилишини» таклиф қилади. Бунга жавобан ўлканинг буюк сиёсий ва маданий арбоби муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий «қизғин норозилик билдириб, сортлар минг йиллик маданиятга эга (инглиз, француз тилларига таржима қилинган «Ҳидоя» китоби, Улуғбек расадхонаси ва ҳоказо), шундай экан, сортларни тўнғузлар билан чоғиштирмоқ, инсофданми? Ерлик деҳқонлар рус деҳқонларидан қолишмайди, ғарбий вилоятлардан қочган келгиндилардан эса устун. Туркистон фуқаросининг маданий қолоқлигида фуқаро эмас, ўлкани тиш-тирноқ билан жаҳолатда ушлаган эски мустамлака тузуми айбдордир!», дейди…

1917 йилнинг ёзида бўлиб ўтган сайловлар кутилмаган натижалар билан якунланди. Масалан, Тошкент шаҳар Думасининг 112 аъзосидан 76 нафари маҳаллий мусулмон халқи вакилларидан сайланди. Самарқанд Думасига овоз бериш натижалари эса қуйидагича: 55 ўрин мусулмонлар ва фирқасизлар бирлигига, 4 ўрин мусулмон меҳнаткашлари фирқасига, 10 ўрин социал-инқилобчилар (эсерлар)га, 2 ўрин РСДРПга, 4 ўрин яҳудийларга тегади. («Свободннй Самарканд», 12 сен-тябрь 1917 йил). Андижон думасига ҳам аксарият мусулмон вакиллари сайланиб, жумладан, Шўрои ислом 77, Ҳуррият ва Маърифат 3, Иттифоқ 4, яҳудийлар 2, сооциалистлар 11 ўринга эга бўладилар.

Шундай қилиб, Русия томонидан Туркистон забт этилгандан бери, шаҳар ва ерли идораларга бўлган сайловларда маҳаллий мусулмон халқи илк бор ғалабага эришади. Бу ғалаба, сентябрга келиб, ўлкада бирваракийига уч сиёсий кучнинг ҳукмронликка даъвогарлигини юзага чиқаради. Булардан бири Муваққат ҳукуматнинг ўлкадаги маъмурияти, иккинчиси қуролли кучга эга бўлган ишчи ва аскарлар Шўроси, учинчиси маҳаллий идораларда ҳокимиятни қўлга олган умуммусулмон халқчил ҳаракати.

Тарихимизнинг «мўътабар академик ёзуқларида», кейинги кучга мансуб бўлган «Шўрои ислом» ва ёки «Уламо» фирқаларидан «ёвуз»роқ куч топиш қийиндир, дейилади. Аммо машҳур ўлкашунос ва арбоб Нил Ликошин, «Туркестанское слово» рўзномасиниг ўша йилги 2 сентябрь сонида, эски шаҳарнинг «Уламо» мажлисларида қатнашганини таърифлаб, шундай ёзади« «Мусулмонларнинг айтишича: «Биз ўлкада кўпчиликмиз, шу боисдан Думада аксарият биз томонда бўлганлиги табиий бир ҳол. Демак, ақаллият ҳуқуқларини таъминласак кифоя. Шу сабаб, шаҳар бошлиғи лавозимига «Уламо» ўз номзодларини кўрсатмакни ўзига муносиб топмади, унга ноиб танлаш билан чекланди». Бу қарор, Ликошиннинг таъбирича, аксариятни ташкил этган мусулмонлар учун нафақат адолатли, балки илтифотли ҳам бўлиб кўринган.

Афсуски, бу янглиғ илтифот ва мурувват барча сиёсий кучларга хос бўлган, дейиш қийин. Мисол учун, «Туркестанский курьер» рўзномаси сентябрь ойи бошида ҳарбий йўл билан ҳокимиятни ўз қўлига олган Туркистон ишчи ва аскарлар Шўроси ҳақида гап юритар экан: «Бу шўро кенг халқ оммаларига таянган асл халқчил кучмои?», деган саволга: «Йўқ, зинҳор!», деб жавоб беради. Чунки, унинг таркибида маҳаллий халқ вакиллари йўқ. «Шундай экан, Оврупавий Русиядан фарқли ўлароқ, бу ерда шуни қатъиян эътироф этиш мумкинки, рус инқилобий демократиясининг Шўролари Туркистонда қуролли куч ёрдамида ўрнашган келгинди рус ақаллияти озчилиги иродасининг ифодасидир. Аввал рус тўплари ижро этган рул энди зикр этилмиш Шўролар зиммасига юкланди. Аммо янги рус империализми йўлбошчиларининг ихтиёридаги куч ва маданий имкониятлар аввалгидан беҳад зиёддир». («Туркестанский куръер», 1917 йил, 5 сентябрь).

1917 йил сентябрининг охирида, ҳокимият шўроларга ўтиши муносабати билан, Туркистон мусулмонларининг III ўлка қурултойи йиғилади. Унинг қарорларида, жумладан, шундай дейилади: «Туркистон ўлкасининг 98 фоиз нуфусини ташкил этгувчи 10 миллион мусулмон Рус инқилоби эълон қилган Ҳуррият, Тенглик, Биродарлик асосларида миллий маданий мухторият ҳуқуқига мутлақ равишда эга; Маҳаллий ҳокимият биринчи навбатда, мусулмон вакилларидан ҳамда маълум миқдорда ўзга сиёсий ташкилотлар вакилларидан ташкил топиб, таъсис этилуви лозим. Ҳокимиятнинг тасодифий ва ерли аҳоли манфаатларига ёт бўлган кичик гуруҳлардан тузилган ишчи, аскар ва деҳқон ташкилотларининг қўлида жамлануви халқчиллик асосларига зиддир ва маҳаллий мусулмон халқига одил ҳаёт тузумини таъминлаб беруви амри маҳолдир».

Қурултой, хулоса сифатида, қуйидаги қарорларни қабул килади:

1) Тошкент шаҳрида ўлка фуқаросини бошқарувчи 12 кишидан иборат Туркистон ўлка қўмитасини таъсис этув; булардан 3 нафари ишчи, аскар ва деҳқон шўролари қурултойидан, 3 нафари шаҳар ва ижроқўм идораларидан, 6 нафари мусулмон қурултойидан. Мазкур қўмита зиммасига, то таъсис мажлиси (Учр. Собрание) Туркистонда Махсус идора йўлини ўрнатгунча, Русия жумхуриятининг Муваққат Ҳукуматига кенг ваколатга эга Қўмита рўйхатини тасдиқ учун йўллаш ва ҳокимиятни қўлга олиш юкланади.
2). Тошкентда 24 кишидан иборат Туркистон ўлка кенгашини таъсис этув; бунга 5 аъзо ишчи, аскар ва деҳқонлар қурултойидан, 5 аъзо ўлка мусулмон қурултойидан киритилсин. («Туркестанский вестник», 25 ноябрь, 1917 йил). Ликошин айтмиш илтифот бу қарорда ҳам заҳирдир. Аммо ҳокимият бу орада қўлдан қўлга ўтиб, навбат Муваққат ҳукумат юборган генерал Коровиченкога тегади. Ўзаро муросани аниқлаш билан овора оврупавий кучларнинг қулоғига маҳаллий халқларнинг овозию талаблари чалинмайди. Шунга қарамай, маҳаллий халқ Таъсис мажлисига тайёргарликни кучайтириб, унга юбориладиган номзодларни кўрсата бошлайди. Номзодлар рўйхатига самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий, хўжандлик Камол Ҳусайн, тошкентлик Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев ҳам киритилади.

25 октябрь куни Петроградда большевиклар ҳокимиятни қўлга оладилар. Бу воқеа ўлканинг рус рўзномаларида алланечук тасодиф, нохуш ҳодиса, ҳаттоки, Ватан ва жамият рлдидаги жиноят қабилида таҳлил этилади. Мана шу муносабат билан ўша давр рўзномаларида эълон қилинган мақола-хабарлардан айримларининг сарлавҳалари: «Большевиклар фақат Смольнийда қолдилар». «Хотиржам бўлингиз!». «Ватан олдида жиноят» ва ҳоказо. «Свободный Самарканд» рўзномаси эса РСДРПнинг Самарқанд ташкилоти «25 октябрда Петроградда воқеъ ўлғон фитнани қоралаб чиқди», деган хабар босади.

Кўриниб турибдики, рус рўзномалари Октябрь инқилобига бўлган салбий муносабатларини ошкора намойиш этишади. Максим Горькийнинг «Новая жизнь»да эълон қилинган, «Мамлакат Таъсис мажлиси сари кетаётган бир пайтда, рўй берган исёнга» шафқатсиз баҳо берувчи «Демократияга» деб аталган мурожаатини аксар рўзномалар қайта босиб чиқариши бунга яққол далил бўла олади. Мана, ўша мурожаат: «Ленин, Троцкий ва уларнинг йўлдошлари ҳокимиятнинг чурук заққуми ила заҳарланиб бўлдилар. Уларнинг сўз эркинлиги, демократия эришган шахс ҳуқуқларига бўлган шармисор муносабати бунга шаҳодатдир.

Сўқир мутаассиб ва васвасага учраган жаҳонгашталар олди-кетини билмай, гўёки, «социал инқилоб» томон елмоқдалар, аслида эса бу йўл — ўзбошимчалик йўли, инқилобнинг ва йўқсилларнинг ўлим йўлидир.

Мазкур йўлда Ленин ва сафдошлари Петербург атрофидаги хунрезлик, Москвани емириш, сўз эркинлитини пучга чиқариш, бемаъни ҳибсга олувлар сингари, ўз вақтида Плеве ва Столипин қўллаган қабиҳлик ҳам жиноятларга қодирлигини намоён қилдилар… («Туркестанские ведомости», 16 ноябрь, 1917 йил).

1917 йил ноябрининг бошида Тошкентда ҳам, бир неча кунлик жанглардан сўнг, ҳокимият ишчи, аскар ва деҳқон Шўролари қўлига ўтади. Подпалов раислигида тузилган янги Туркистон ўлка ижроқўми таркибида бирорта ерли халқ вакили бўлмайди. Ноябрнинг ўртасида йиғилган шаҳар идораларининг қурултойида мусулмон депутатларнинг шуни назарда тутиб айтган сўзлари диққатга сазовордир:

«Миразимов (Тошкент): Мен Тошкент воқеалари хусусида сўз юритмайман. Ишчи ва аскарлар Шўроси ўз доирасидан ерли халқнинг аксарияти— мусулмонларни чиқариб ташлади. Эндиликда ақаллий бир гуруҳ ҳаммамизга ўз шартларини қўймоқчи. Аслида, аҳолининг таркибига мутаносиб бўлган марказий ҳокимият тузиш лозим. Ҳозирги ҳокимият эса фуқаронинг манфаатларига зид.

Маҳмудов (Ҳўқанд): Гарчи большевиклар мамлакат манфаатини кўзлар экан, нечун улар Таъсис мажлисининг чақирилишига тўсқинлик қилишаётир! Биз, мусулмонлар, Рус инқилоби бизларга ҳуррият ва тинч ҳаёт келтирадур, деб қувонган эдик. Фирқавий баҳслар кетида, сизлар Ватанни ва ўлкамизни баробар нобуд қилаётирсизлар!» («Туркестанские ведомости», 16 ноябрь, 1917 йил.)

22 ноябрда ўз ишини тугатган аскар ва деҳқонлар Шўросининг III қурултойи ўлкада янги ҳокимият — Туркистон ўлкасининг Халқ Комиссарлари Советини-Туркистон комиссари, деб танилган бу ҳукумат таркибида ҳам маҳаллий халқ вакилари бўлмайди. Шу ўринда, мазкур ҳодисага жавобан, 26 ноябрь куни Ҳўқанд шаҳрида чақирилган ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойига эътиборимизни қаратайлик. «Туркестанский вестник»нинг 9 декабрь сонида Қурултойнинг сонияномасида келтирилган: «26 ноябрь соат 12 да ташкилий ҳайъат аъзоси Мустафо Чўқаев қурултойни очиқ деб эълон қилади. Сўнг шаҳодат ҳайъатининг аъзоси Норбўтабеков қурултойга йиғилганлар таркиби билан таништиради. (Фарғонадан—150 киши, Сирдарёдан — 22, Самарқанддан —21, Бухородан — 4, Закаспийдан — 1 киши). Бундан ташқари, мусулмонлардан тоғ ишчилари, аскарлар, касаба уюшмаси аъзоларининг вакиллари иштирок этмакдалар. Сўзни Чанишев олиб, мазкур йиғин мавқеи ҳақида гап юритади. «Қурултойми, ё кенгашми?», деб сўрайди у. Ваҳоланки, қурултойда Еттисув вакиллари йўқдур. Убайдулла Хўжаев қурултой мавқеи берилувининг тарафдори эканлигини билдиради. М. Беҳбудий уни қувватлаб, ўлканинг Оврупа аҳолиси ҳам қурултойда қатнашаётурғонини уқтиради. У раёсат ҳайъатини оврупавий вакилларни кўзда тутғон ҳолда тузувни таклиф этади. Маҳмудов (Ҳўқанд) қурултой раёсатини сайлаш таклифини киритади. Чўқаев қурултой ёхуд қангаш масаласини овозга қўяди. Қурултой деб билув қабул қилинади. Сўнг раёсат ҳайъатига 13 нафар қуйидаги зотлар сайланади: М. Чўқаев, У. Хўжаев, Юрғулиоғаев, Герцфельд, О. Маҳмудов ва бошқалар. Мустафо Чўқаев раёсат ҳайъатига таниқли мусулмон арбоби Чўқаев раёсат ҳайъатига таниқли мусулмон арбоби Беҳбудийни киритишни таклиф қилади. Йиғилганлар ушбу таклифни олқишлар билан қаршилайди.

М. Чўқаев Русия ва Туркистоннинг сиёсий ҳам иқтисодий аҳволи хусусида қисқача маълумот беради. Марказда юз бераётурғон воқеалар, чекка ўлкалар ўзларини ва шу билан бирга, Буюк миллий инқилобни қутқарув йўлларини мустақил муҳокама этувини тақозо қилув. Уктабр хунрезлигини бошидан кечирғон Русия ва Туркистон ўз тақдирлари ҳақида мулоҳаза юритмаклари лозим. Эндиги оғир аҳвол озуқ-овқат танглиги туфайли янада мушкуллашиб, очарчиликка ўтай деб тураётир. Бу чигалликдан чиқув йўллари борми? Нотиқ ўлкада ҳукм сураётурғон Шўролар ҳукуматининг йўли бегуноҳ қурбонларнинг қониға буланган, деб таъкидлайди. Чунки, мазкур ҳокимият хунрезликнинг олдини ола биладиган мусулмонларсиз ўрнатилган. Ҳамкорлик ҳақидаги таклифларимиз исёндан сўнг ҳам улар томонидан рад этилди.

Бинобарин, Туркистон нонсиз ва асл халқчил ҳокимиятсиз қолди. Бунда мусулмонлар ҳуқуқини комиссарлар мутлақ инкор этмакдалар. Нотиқ Жанубий — Шарқий Иттифоқнинг (Мазкур иттифоқ 1917 йил 20 октябрь битимига биноан, казак аскарлари, Кавказнинг тоғли халқлари ва чўлларнинг эркин миллатларидан ташкил топиб, Русияни халқчил, федератив жумҳуриятга айлантирмак мақсадида тузилади («Свободный Самарканд», 6 декабрь 1917 йил) Туркистон ушбу иттифоққа қотишуви ҳақидаги таклифини ўқиб эшиттиради. Сўнг ўлка халқига мурожаатини келтириб, Ўринбурқ Туркистоннинг пахтасига айирбош нон берувини эътироф этади. Иттифоқ битими билан қурултой қатнашчиларини таништиради. М. Беҳбудий комиссияда сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан муҳокама қилинув даркорлигини таъкидлаб, 12 киши 2 кундан сўнг ўз хулосаларини қурултой эътиборига чиқарувларини таклиф қилади. Герцфельд: Масала равшан. Зудлик билан ҳал этмак лозим. Чўқаев мунозарасиз комиссияга узатувни овозга қўяди». («Туркестанский вестник» 9 декабрь 1917 йил).

Сонияномани шу ерда тўхтатайлик-да, 1917 йил 27 ноябрь куни кеч соат 18 да қурултой қабул қилган асосий ҳужжатни келтирайлик:

«Туркистон мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи.

Туркистон ўлкасида бўлғон халқларнинг хоҳишлари бўйича, Буюк Русия инқилоби тарафидан берилган асосларга биноан, федерация асосига бино қилинғон Русия жумҳурияти ила бирликда қолган ҳолда, Туркистонни ерлик мухториятли (яъни территориални автономиялик) эълон қиладур.

Мухториятнинг тез суръатда вужудга қуйилуши яқин орада очиладурғон Умум Туркистон халқининг Учр. Собраниесина (Мажлиси Муассанига) топширадур. Шунинг ила баробар Туркистон ўлкасида ақаллият ташкил қилғон миллатларнинг ҳуқуқларининг ҳар жиҳатда сақланажагини ҳам тантанали суратда билдирадир» («Ҳуррият», 5 декабрь, 1917 йил).

27 ноябрь куни қурултой Жанубий — Шарқий Иттифоқ ила қотишув ҳақида қарор қабул қилади. 28 ноябрда эса Туркистон миллат мажлиси очилиши тўғрисидаги қарор тасдиқланади. Туркистон миллат мажлиси 54 нафар аъзодан иборат бўлиб, қурултой қарорига биноан, «36 нафари мусулмонлар ва 18 нафари ғайримусулмонлардан сайланадур. 36 мусулмон вакиллари Туркистоннинг 5 вилоятидан бўлиб: Фарғона — 10 нафар, Самарқанд — 5 нафар, Сирдарё — 9 нафар, Еттисув — 6 нафар, Закаспий — 2 нафар, 4 нафар эса бутун Туркистон шаҳар думалари тарафидан тайин бўлурлар». 18 ўрин ўлканинг оврупавий ташкилот ва фирқалари, жумладан, темирйўлчилар иттифоқи, жумладан, ишчи, аскар ва деҳқонлар Шўроси, социал-демократлар, дашнакцутюн, ерли яҳудийлар ва бошқаларга берилиши кўзда тутилган.

Ўша давр рўзномаларида Туркистон тарихида илк бор ташкил топган халқчил ҳокимият — миллат мажлисига аъзоликка сайланган зотларнинг исм-шарифлари сақланиб қолган. Биз бу рўйхатни келтирмоққа бурчлимиз. Фарғона вилоятидан: И. Шоаҳмедов, 0. Қўшбегиев, Камолхонтўра, Ҳ. Юрғулиоғаев, О. Маҳмудов, Ашурхўжа, Д. Қорабеков, А. Уразаев, М. Мирзааҳмедов. Сирдарёдан: М. Чўқаев, С. Лапин, С. Бойсаидов, Т. Норбўтабеков, С. Миржалилов, И. Губайдуллин, С. Шарифхўжаев, К. Ҳожинов. Самарқанддан: А. Абдусалимов, С. Герцфельд, А. Дербисолин, М Оқчурин, Мансуров. Еттисувдан: М. Тишинбоев, И. Давлетшин. Каспийбўйидан: Л. Ширинский, Г. Мусабоев, О. Шокирхонтўраев, К. Шамонбердиев, А. Умаров, С. Юсупов. Шаҳар думаларидан: М. Беҳбудий ва бошқалар.

Муваққат миллат мажлиси 12 аъзодан иборат Туркистон Муваққат ҳукуматини тайинлайди:

Раис-нозир ва ички ишлар нозири — Муҳаммаджон Тинишбоев (2 Давлат Думасининг аъзоси, Туркистон темирйўл инженерлари қўмитасининг аъзоси).
Раис муовини — Ислом Султон Шоаҳмедов (присяжний поверенний, Умумрусия мусулмон кенгашининг аъзоси).
Ташқи ишлар вазири — Мустафо Чўқаев (адвокат), Муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси аъзоси, ўлка мусулмон кенгашининг раиси).
Халқ милицияси ва хавфсизлик вазири — Убайдулла Хўжаев (адвокат, Умумрусия мусулмон кенгаши МКнинг аъзоси)..
Ер ва сув ишлари вазири — Ҳидоятбек Юрғули-оғаев (агроном, олим).
Озиқ-овқат ишлари вазири — Обиджон Маҳмудов (Ҳўқанд шаҳар думасининг раис муовини).
Ички ишлар вазирининг муовини—Абдураҳмонбек Уразаев (прсяжный поверенннй ёрдамчиси).
Молия вазири — Соломон Герцфельд (присяжный поверенный) ва бошқалар.
(«Туркестанский вестник», 5 декабрь 1917 йил).

29 ноябрь куни қурултой Муваққат миллат мажлиси ва Муваққат ҳукумат аъзоларининг дахлсизлиги ва муҳофазаси ҳақида қарор қабул қилади. Унда, жумладан: «Булардан ҳар бирига қарши зўравонлик — бутун 10 миллионлик Туркистон халқига қарши тахқир, деб билинадир», дейилган. Сўнг қурултой болшевиклар томонидан уюштирилган Тошкент воқеалари (ҳибсга олувлар, тинтувлар ва бошқалар)ии қоралаб, зудлик билан маҳбусларга озодлик беришни талаб қилди.
Қурултой сўнггида қатнашчилар бутун Туркистон фуқароси бўлмиш мусулмон, рус, яҳудий, ишчи, аскар, деҳқон, барча уруғу элат, ташкилоту муассаса, ҳаракату фирқаларга мурожаат этиб, якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъват этдилар. «Занжирлардан бўшалғон Туркистон ўз ерининг ҳокими ва ўз тарихининг яратувчисига айланатурғон пайт келди!», деб хитоб этади қурултой («Свободный Самарканд», 6 декабрь, 1917 йил).
Мислсиз севинч ва кўтаринкилик руҳи ўлкани қамрайди. 30 ноябрь соат учда Ҳўқанд шаҳрида мусулмонларнинг улуғ намойиши бошланди. Унда инқилоб сақланажаги ҳақида қасам ичилади. Тошкент шаҳрининг Жомеъ масжидида кўпминг кишилик намойиш бўлиб ўтди. «Нотиқлар ҳаяжон ва кўзларида ёш ила мазлум ҳаёт битиб, янги, ҳурриятга тўла ҳаёт бошланиши ҳақида сўзлайдилар» («Туркестанский вестник» 8 декабрь, 1917 йил).
Туркистон мухториятини Бунд, Гуржилар жамияти, Савдо-саноат уюшмаси, яҳудийларнинг Тошкент жамияти, Савдо-саноат уюшмаси, яҳудийларнинг Тошкент жамияти ва бошқалар қизғин қутлайдилар. Рус рўзномалари ҳам қурултой қарорларини самимий баҳолаб, вазиятни ҳаққоний таҳлил қилишади. Мана, С. Никифоровнинг «Свободный Самарканд»нинг 7 декабрь сонида эълон қилинган мақоласидан бир парча: «Давримиз учун муҳим бўлган қурултой қарорлари ушбу миллий чекка ўлканинг ҳаётида янги саҳифа очилишини англатадир. Биз — ўлка истилочилари, фақат истилочилик ҳуқуқига биноан ягона маданият тарғиботчилари эканлигимиз, халқ оммалари эса — мағлублар сифатида, биз ғолиблар учун тажрибадан ўзга нарса эмас эканлиги ҳақидаги шовинистик ва том маънода ғайритараққий мулоҳазани улоқтириб ташлашимиз вақти келди!».
Давр тақозосига кўра, айни шу кунларда рўзномалар Халқ Комиссарлари Кенгашининг «Русия ва шарқнинг барча меҳнаткаш мусулмонларига» Хитобномасини чоп этадилар. Хитобноманинг айрим лавҳалари қуйидагича:
«… Бундан буён сизларнинг урф-одатларингиз, сизларнинг миллий ва маданий муассасаларингиз озод ва даҳлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий ҳаётларингизни эркин ва бемалол уюштираберингиз. Сизларнинг бунга ҳақингиз бор.
… Сизлар ўзларингиз ўз ватанингизнинг ҳокимлари бўлишингиз лозим. Ўз расм-русумингизга биноан ҳаётингизни уюштиришингиз лозим. Сизнинг бунга ҳақингиз бор, чунки сизларнинг тақдирингиз — ўзингизнинг қўлларингизда…
Миллий ишлар бўйича халқ комиссари
И. Жугашвили — Сталин.
СНК раиси
В. Ульянов — Ленин».
(«Туркестанские ведомости», 1917 йил 1 декабрь).

Бироқ худди шу кезларда Тошкентда, Комиссарлар раиси Ф. Колесов буйруғига биноан, шаҳар Думаси тарқатиб юборилади, тинтув ва талон-торожлар бошланади («Туркестанский вестник», 6, 8 декабрь 1917 йил). 6 декабрь куни Тошкентда бўлган кўпминг кишилик йиғилишда Туркистон мухториятининг Муваққат ҳукуматни қўллаш ҳақида қарор ҳамда тубандаги арзнома қабул қилинади: «Комиссар Колесовнинг шаҳар Думасининг тарқатув ҳақида буйруғини тинглаб, йиғилиш бир овоздан мазкур ғайриқонуний буйруққа қарши қизғин эътироз билдирадур. Модомики, шаҳар Думаси умумий, тенг, бевосита ва махфий овоз бериш йўли билан сайланғон бўлуб, Тошкент шаҳринда яккаю-ягона халқчил, демократик ташкилот ҳамда 300 мингли шаҳар нуфусининг хоҳиш-иродасини асл ифода эта билувчи; муассасадур. Дума аъзоларига ўз ишларини давом этиб, уларни сайлаган халқ ҳимояси ва муҳофазаси остига ўзларини топширув белгиланадур». («Туркестанский вестник» 8 декабрь 1917 йил).
Тошкент шаҳар Думасининг сўнгги йиғилишида мусулмон депутати Ибн Ямин Ёнбоев шундай дейди: «Ҳозирги ҳокимият (Ф. Колесов ва бошқалар) тан олинган демократиялиги даргумон. Ушбу ҳокимият мусулмонлар номидан гапириши эса — қип-қизил ёлғон… Мазкур ҳокимиятнинг асл кучи — тўп ва пулемётлардир, лекин биз, мусулмонлар бу кучдан қўрқмаймиз. Бизда ўзга куч мавжудким — ул куч руҳимиздир, Тарих ушбу сохта Ҳокимиятнинг амалини қоралайдиган вақт албатта келажак! (Олқишлар!) («Туркестанский вестник» 9 декабрь, 1917 йил).
Эҳтимол, Ибн Ямин Ёнбоев бу сўзларни айтаётиб, сизу биз яшашга муяссар бўлган ҳозирги дориломон кунларни олдиндан кўра билгандир. Эҳтимол, худди шу боис ҳақиқат бир кунмас-бир барибир юзага чиқишини башорат қилгандир. Лекин бу кунларга етишиш биз учун осон бўлмади. Ўтган етмиш йилдан ортиқроқ вақт ичида биз ниҳоятда машаққатли йўлни босиб ўтдик. Қатағонлар ва нотўғри мафкуравий сиёсат туфайли ўзимизни, ўзлигимизни унутдик. Тарихимиз ва маданиятимизни сохталаштирдик. Қанчадан-қанча инсонларни бадном этиб, қурбон бердик. Бундай хатоларга коллективлаштириш даврида ҳам, «босмачилик йиллари» деб аталмиш замонда ҳам, қатағонлар даврида в ундан кейин ҳам бот-бот йўл қўйдик. Охир-оқибат, ўлкамиз тарихи, миллатимиз ўтмиши чигал муаммолар билан тўлиб-тошди. Турган гапки, ўлкамиз тарихининг А. И. Солженицин таъбири билан айтганда, асосий «тугун»ларидан бири айнан 1917 йил воқеаларига бориб боғланади. Афсуски, биз ҳалигача ушбу тугунни ечишнинг уддасидан чиқа олганимиз йўқ. Лекин, ишончимиз комилки, ҳали вақти-соати келиб, Туркистон мухториятининг мухтасар фаолияти ҳамда тарихимизда дастлабки халқчил, коалицион ҳокимиятнинг емирилиши хусусида жиддий тадқиқотлар олиб борилади, бу хусусда мақолалар ёзилади, асарлар яратилади. Эҳтимолки, вақти келиб, бу ҳокимият эълон қилинган кун ўлкамиз тарихига мўътабар сана сифатида киритилар ва уни тантанали нишонлайдиган бўлармиз. Ана шунда Ҳамзанинг бояги шеъри ҳам ғализ, мужмал ва уятчан изоҳлар пардасига бурканмайди, аксинча, қадим ўлканинг навқирон шоири битган мадҳия сифатида баралла янграйди.
Чоризм зулмини ағдарган Русиянинг буюк Февраль инқилобини Сталин — Брежнев тоталитаризмини қулатиш нияти билан бошланган қайта қуришга қиёслаш мумкин. Чунки халқчиликка интилиш, умумбашарий қадрдиятларнинг тор синфий қадриятлар олдидаги устунлигини тиклаш, миллий уйғониш, фирқа ва ҳаракатларнинг гуркираб ўсиши, том маънода ҳаққоний сайловларга ўтиш — буларнинг бари иккала даврга хос.
Мақоламизни Шарқ ривоятларидан бошлаган эдик. Энди Ғарбга боқиб, К. Маркснинг машҳур мулоҳазасини келтирайлик: «Гегель қаердадир таъкидлайдики, барча буюк умумжаҳон — тарихий воқеалар ва шахслар, дейлик, икки карра намоён бўлурлар. У: Биринчи бор фожиа сифатида, иккинчи бор масхарабозлик суратида, деб қўшишни унутибди». (Қ. Маркс… «Луи Бонапартнинг ўн саккизинчи брюмери», 3-бет). Шундай экан, ишонч ва умидимиз борки, биз яшаётган ҳаёт фожиалар ва масхарабозликлардан қутулиб, Ҳақиқат, Ҳуррият, Ҳалқчиллик том маънода барқарор бўлажак!

Ҳaмид ИСМОИЛ
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетacи, 1991 йил.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин