Саналар
24.11.2017
Баннер
Бўлиниш нимадан бошланган?
PDF Босма E-mail

Ҳаёт ғайритабиий ходисаларга бой. В. Вернадский: «Чинакам илмий иш ҳар қалай умумий хулоса эмас, балки тажриба, таҳлил, мезон, янги фактдир», деб таъкидлаган бўлса, сталинча тарихшунослик эса масалани осонликча ҳал қилади. Яъни, фактларни улоқтириб, таҳлилни имкон борича соддалаштиради, аниқроғи, уни атайлаб «ўзгармас», сохта ақида билан алмаштиради. Кейинчалик «умумий хулосалаш» доираси кенгайиб боради, ақидалар бир оз «юмшайди». Ҳақиқий, ҳаётий тарихий материал тайёр қолипга солинаверади, қолипга сиғмаган нарса ҳақида лом-мим демай кетаверилади…

Маълумки, 1920 йил 12 январда Туркистон Компартиясининг V Ўлка қурултойи очилган. Қурултойда Рисқулов гуруҳи, ҳозирги кунда ишлатилаётган ибора билан айтганда, делегатларнинг «малакали» кўпчилиги ёрдамида Туркистон Коммунистик партияси номини Турк Коммунистик партияси деб, Туркистон мухтор жумҳуриятини эса «РСФСРнинг Турк жумҳурияти» деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинишига эришган. Кўриб турибмизки, бу ҳаракатда марказдан қочишга, яъни совет Россиясидан ажралиб чиқишга интилиш тўғрисида гап йўқ.

Расмий тарих фани ҳам «Турк шўро жумҳурияти ва Турк Компартияси ҳақидаги таклиф илк бор муҳокама қилинганда, ушбу масаланинг кун тартибига қўйилиши ижобий сиёсий далиллар келтирилиб асосланганлигини қайд қилмасликнинг иложи йўқ», деб тан олади. Аммо кейинчалик ақида фактлардан устун келиб, асосий сиёсий далил нимагадир мана бу тарзда шубҳа остига олинади, «…чунки у (Рисқулов) таъкидлаб ўтганидек, бу ердаги аҳолининг кўпчилиги турклар эмиш». Мана шу «эмиш» деган кинояда гап кўпга ўхшайди!..

Ҳолбуки, Рисқулов программасига дастлаб ҳатто РКП(б) Марказий қўмитасининг Турккомиссияси аъзолари ҳам рози бўлган эдилар. Ш. Элиава ва В. Куйбишев рози бўлишган, Ф. Голошченкин иккилаииб турган. Я. Рудзутак қарши чиққан. Аммо бундан хабар топган М. Фрунзе зудлик билан Тошкентга етиб келади ва Турккомиссиянинг махсус фавқулодда мажлисида Т. Рисқуловни қаттиқ танқид қилади, ҳатто уни «совет ҳокимиятининг душмани», деб атайди.

Қурултойга таклиф қилинган тезисларда бундай дейилган эди:

I. Бешта вилоятдан ташкил топган Туркистон туркий халқларнинг қирғиз, сарт, ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қипчоқларнинг ватани, деб ҳисоблансин, келиб чиқиши турклардан бўлмаган тожиклар ҳам шунга киради… Туркистон республикаси миллий совет жумҳурияти деб ҳисоблансин, бу ерда ўз тақдирини ўзи белгилайдиган туб халқ — турк халқи, деб тан олинсин…»

Мана шу «советларга қарши» программа, юқорида айтиб ўтганимиздек, қабул қилинган эди. Қурултой делегатлари ягона жумҳурият компартиясининг вакилларидан иборат эмасди. Шундай бўлса-да, программа қабул қилинди. Аксинча, мана шу қурултойда юқорида айтиб ўтилган қарор билан бир вақтда, ниҳоят, ягона компартия тузишга қарор қилинди. Бу таклиф ҳам Рисқулов гуруҳи ва унинг бошлиғидан чиқди. Учта ўлка ташкилоти бўлишига йўл қўйиб бўлмаслигини қайд қилиб, Т. Рисқулов бундай деган эди: «Шу билан бирга, мусулмонлар Мусбюрога, чет элликлар чет эллик коммунистлар қўмитасига бўйсунадилар ва шу вақтдан ўлка қўмитаси ўз аҳамиятини йўқотади».

Шу сабабдан Турк Коммунистик партиясини тузиш зарур эди, бу эса омма «мусулмон коммунистлар ташкилотларининг аҳамияти инкор этилмаслигини» тушуниб олишига қисман ёрдам берган бўлур эди.

Бу тезисларни ҳам қурултой, ҳам Турккомиссиянинг юқорида номлари санаб ўтилган аъзолари қўллаб-қувватладилар. Бироқ февраль ойининг охирига келиб, М. Фрунзе ва Я. Рудзутак федератив жумҳурият тузишни «ўлка аҳолисининг бирон-бир асосли талаб ва эҳтиёжи тақозо қилаётгани йўқ», деб даъво қилдилар.

Шу аснода вазият чигаллашди ва кескинлашди. Элиава ва Куйбишев қийин аҳволда қолдилар. Ўз-ўзидан, нима қилиш керак, қандай жавоб қайтариш керак, бу ҳақда В. И. Ленин нима дейди? — деган савол туғилади. Ш. Элиава «Туркреспублика» масаласидаги келишмовчилик тўғрисида РКП(б) МК га батафсил хабар берди. ВКП(б) МК Сиёсий бюроси Элиаванинг хатини зудлик билан кўриб чиқиб, 1920 йил 8 мартда «…мухтор жумҳуриятнинг коммунистик партияси турк компартияси деб эмас, балки Туркистон Компартияси деб аталсин», деган қарор чиқарди.

Айни замонда МК «Туркистон мухторияти тўғрисида низом» қабул қилди (шуни қайд қилиб ўтамизки, бу билан МК қонун чиқарувчи ташкилот ва ҳукуматнинг вазифасини бажарди). Мунозара давомида Н. Тўрақуловнинг Туркистонни зудлик билан миллий жумҳуриятларга бўлиш тўғрисидаги таклифи ўртага ташланди. Турккомиссия раҳбарияти бу таклифни, бир томондан «ошкора миллатчилик руҳидаги интилишларга қарши таклиф», деб баҳолади. Аммо бошқа томондан, «Турккомиссия аъзолари В. В. Куйбишев ва Ш. Элиава Туркистонни бир неча миллий жумҳуриятларга бўлиш мумкинлигини асосан рад этмасалар-да, фуқаролар уруши давом этаётган, малакали кадрлар етишмаётган бир вақтда,. ушбу масалани ҳал қилиш шу куннинг шиори бўлиши мумкин эмас, жумҳуриятлар тўғрисидаги қарорни зудлик билан ҳаётга татбиқ қилиш Туркистондаги жамики ишларда бошбошдоқлик туғдиради ҳамда шак-шубҳасиз барча жумҳуриятларимиздаги ашаддий миллатчилик руҳидаги юқори қатламларга қўл келади», деб билдилар.

Кўриб турганимиздек, ҳар икки ҳолда ҳам, марказ миллатчиликдан чўчиган, бу эса масала боши берк кўчага кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин эди? Ўтмишга айланган масалани ҳал қилишга киришмай (масала яхшими, ёмонми ҳал қилинганлигини — Туркистон жумҳуриятларга бўлиб юборилганлигини биламиз) бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчимиз: Бизнингча, асосий масала ўша вақтда ўртага ташланган таклиф эмас, балки масаланинг моҳиятидадир. Буни Рисқулов гуруҳи тезисларининг муаллифларидан бири бўлмиш Ю. Алиев аниқ ифода қилган: «Агар биз Туркистонни Турк жумҳурияти деб атасак, бу билан ўз тақдиримизни ўзимиз белгилашга бўлган ҳаракатимизни кўрсатган бўламиз ва сиёсатни енгиллаштирамиз». Ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлган масала шундай эмасми?

Масаланинг моҳияти мана шунда эди, шунинг учун ҳам Т. Рисқулов бошлиқ кўпчилик коммунистлар РКП (б) МК Сиёсий бюросининг қарорига қўшила олмаган эдилар. Т. Рисқулов гуруҳи бундай қарорга келишда нимага таянганлигини, нимадан умид килганлигини жиддий ўйлаб кўриш керак. Юқорида айтиб ўтилган «ижобий» далил, аниқроғи, уларнинг ҳақиқий далили нимадан иборат эди?

Бу саволга жавоб бериш учун В. И. Ленин ва сафдошларининг миллий масалага доир асосий фикрларига қайтишга тўғри келади. 1914 йилдаёқ В. И. Ленин миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи масаласини кўтариб чиққан эди. Маълумки, умуман, бу фикр Лениннинг Октябрдан олдинги кўпдан-кўп асар ва нутқларида асосий ўринни эгаллайди. В. И. Ленин РСДРП(б)нинг VII Бутунроссия конференциясида сўзлаган муҳим тарихий нутқида бундай деган эди: «Бизда Милюков ўтириб олиб, Родичевни Финляндияга юборар экан, ва бу Родичев фин халқи билан ҳаёсизларча савдолашар экан, биз бундай деб айтамиз: «Рус халқи, Финляндияга зўровонлик қилма; бошқа халқларга зулм қилувчи халқнинг ўзи озод бўлиши мумкин эмас».

Бу ғоя Ленин ҳокимият тепасига келгандан кейин, қабул қилинган бир қанча қонун кучига эга ҳужжатларда ўз аксини топди. «Россия халқлари ҳуқуқлари декларацияси»да Россия халқларининг ажралиб чиқиб, мустақил давлат тузишгача бўлган ўз тақдирларини ўзи белгилаш ҳуқуқи тан олинди, ҳар қандай миллий, диний имтиёз ва чеклашлар бекор қилинди. Россия ҳудудида майда миллатлар ва этник гуруҳлар эркин ривожланиши эълон қилинди.

Янги миллий сиёсатга ва миллий давлат тузумига худди мана шу ўз тақдирини ўзи белгилаш асос қилиб олинган, бу нарса машҳур «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» мурожаатда яна бир бор баралла янгради. Унда «сизнинг дин ва урф-одатларингиз, сизнинг миллий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз», деб эълон қилинади. Ўз миллий турмушингизни эркинлик билан ва баҳузур туза берингиз. Шундай қилишга ҳақлисиз», деб алоҳида таъкидланади.

Алқиса, инқилобга тайёргарлик даврида, инқилоб даврида миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш хуқуқи ҳақида, гарчанд умуман бўлса-да, гапирилган. Бироқ, 1918 йилдан бошлаб, В. И. Ленин ва сафдошлари ушбу ғояни бошқа томонга буриб юбордилар: Ҳар бир миллат фақат «совет тартиблари асосида» ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга.

Бу ибора ҳамма жойда, РҚП(б) қарорларида, партия раҳбарларининг нутқларида, маҳаллий ходимларга ва жойлардаги марказ вакилларига юбориладиган йўл-йўриқларда эслатиладиган бўлиб қолди.

Ҳа, В. И. Ленин ва И. Сталин 1918 йил 22 апрелда «Тошкентда бўлаётган Туркистон ўлкаси Советларй съездига, Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Советига мурожаат қилиб бундай деб ёзган эдилар: «Халқ Комиссарлари Совети ўлкангизнинг совет тартиблари асосида автономия бўлишини қўллаб-қувватлайди, бунга кўнглингиз тўқ бўлсин, сизларнинг ташаббусингизни табриклаймиз ва шунга қаттиқ ишонамизки, сизлар бутун ўлкада советларнинг кенг тармоғини вужудга келтирасиз, мавжуд Советлар билан тўла ҳамкорликда иш олиб борасиз».

Ўз-ўзидан маълумки, халқ ҳокимияти ўз тақидирини ўзи белгилашга асло монелик қилмайди, балки унинг қонуний натижасидир. Аммо ягона партиянинг якка, ялпи ҳокимлиги шароитира бу фақат бир нарсани, у ҳам бўлса ҳокимият, сиёсат бутунлай марказ қўлида бўлишини англатарди. Ҳаёт буни тасдиқлади. Марказнинг Туркистондаги вакиллари ваколатини тасдиқловчи сон-саноқсиз мандатларда улар Туркистон ўлкасида Халқ Комиссарлари Советининг декрет ва қарорлари ўз вақтида аниқ бажарилишини «назорат» қилиб туришлари зарурлиги алоҳида таъкидланади. Эливава, Кобозев ва Киселевлардан иборат биринчи муваққат комиссия Туркистонга жўнаб кетаётганда, унга дарҳол қуйидагича ваколат берилган эди: «Комиссия мансабдор шахсларни суд жавобгарлигига тортиш ва совет ишларига тўсиқ бўлаётган ташкилотларни тарқатиб юборишгача фавқулодда ҳуқуқлардан фойдаланади. Туркистондаги маҳаллий ва вилоят Совет муассасалари комиссия фармойишларини бажаришлари мажбурийдир».

Турккомиссия, Марказий Қўмитанинг Туркистон Бюроси ва ҳоказоларнинг ваколати янада кучли ва кенг эди. Партия сиёсатидаги мана шундай кўпдан-кўп қарама-қаршиликлар миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва мустақилликнинг асосий қонун-қоидалари қуруқ сафсатага айланиб қолишига олиб келган.

В. И. Лениннинг А. А. Иоффега ёзган машҳур хатини олайлик: «Маҳаллий халқларнинг ишончини қозониш, қозонганда ҳам уч ва тўрт кара қозониш, бизлар империалислар эмаслигимизни, буржуа имперализми томонига оғиб кетишга асло йўл қўймаслигимизни исботлаш бизнинг бутун жаҳоншумул сиёсатимиз учун ғоят муҳимдир.

Бу — жаҳоншумул масала, муболағасиз, жаҳоншумул масаладир.

Бу масалада жуда қатъий бўлиш керак.

Бунинг Ҳиндистонга, Шарққа таъсири бўлади, бу масала билан ҳазиллашиб бўлмайди, бу масалада минг ҳисса эҳтиёткор бўлиш лозим».

«Миллатлар тўғрисидаги «ёки «автономлаштириш» тўғрисидаги масалага доир» мақоласида эса В. И. Ленин бундай деб ёзади: «Мен миллий масала тўғрисидаги асарларимда: «умуман миллатчилик ҳақида масалани абстракт тарзда қўйиш мутлақо ярамайди», деб ёзган эдим. Эзувчи миллатнинг миллатчилиги билан эзилган миллатнинг миллатчилигини, катта миллатнинг миллатчилиги билан кичик миллатнинг миллатчилигини фарқ қилмоқ лозим». (В. И. Ленин, ТАТ, 45-том, 402-бет).

Аммо назарий сиёсат билан амалий сиёсат ўртасидаги чуқур зиддият қайта-қайта ўзини кўрсатаверади. Маҳаллий большевик раҳбарлар ҳар қадамда иккиланишга, ноаниқликка, дудмаликка, баъзида эълон қилинган қонун-қоидаларни очиқдан-очиқ бузиш ҳолларига дуч келавердилар. Чунончи, 1920 йил 8 июнда Амир Олимхон Бухоро амирлигининг Москвада элчихонасини очиш хусусида ташқи алоқалар халқ комиссари Г. Чичеринга хат юборди. Бироқ Бухоро Компартияси МКнипг аъзолари ва шахсан МК раиси Нажиб Ҳусайнов ушбу фойдали ташаббусни йўққа чиқариш мақсадида марказга телеграмма юбордилар.

Қўқон мухторйятини тарқатиб юбориш чоғида «ҳаддан ошилганлигини», яъни тинч аҳолига қарши тўплардан ўқ узилганлигини кўплаб раҳбарлар тан олган. Д. И. Манжара бу иш хатолик эди, деб ҳисоблаб, хотираларида шундай ёзади: «Мухториятчилар жойлашиб олган эски шаҳарни қуршал олиб… тўпга тутдик, кейин эса қуролланган дашноқларни ва бошқа отрядларни ишга солдик. Натижада, босқинчилик ва зўравонлик бошланди, бундан мухториятчиларга нафақат ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, балки ҳатто уларга қарши бўлган аҳоли азоб чекди».

Бунга яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, умуман, кўп ҳолларда қўшин декретга амал қилмасди. Масалан, М. Фрунзе бошчилигида Бухорога ҳужум қилинганда шундай бўлди. Бу ва шунга ўхшаш воқалар содир бўлишига сабаб қизил қўшин қисмлари аҳолининг шовинизм дардига дучор бўлган табақаларидан тузилганлигидир. М. Фрунзенинг ўзи қайд қилганидек, «деҳқончилик ўлкасида пролетариатнинг соф диктатураси амалда бир ҳовуч европаликларнинг мусулмонлар оммаси устидан диктатурасидир».

Масалани ҳал қилиш учун Туркистонда шовинизм дардига дучор бўлган айрим раҳбарларни чақириб олиш ва қизил қўшин сафларини «ёт унсурлардан тозалаш», давлат, совет ва ҳарбий қурилишда адолат ўрнатиш, мутаносибликка амал қилиш зарур эди.

Туркистон делегацияси деб ном олган Т. Рисқулов бошлиқ давлат арбоблари гуруҳи 1920 йил майида Москвага мана шу масала юзасидан борган эди. Делегациянинг мақсади марказ самарали ҳал қила олмаётган ўз муаммоларини фаоллик билан ҳал қила оладиган мустақил федератив Турк Шўро жумҳуриятини тузиш хусусида марказ билан музокара олиб бориш эди.

Делегация фаолияти ҳақида гап бошлашдан аввал ҳақиқий аҳволга берилган батафсил баҳога яна бир бор қайтиш фойдадан холи бўлмас. Бу баҳо ҳамма жиҳатдан бўлмаса-да, кўп жиҳатдан Сиёсий бюро ва Халқ Коомиссарлари Свети Туркистон Комиссиясидан олган маълумотларга ўхшаш эди. Фақат улардан турлича хулоса чиқарилди.

Т. Рисқулов Туркистон компартиясининг III ўлка съездида сўзлаган нутқида изтироб билан бундай деган: «Партиядош ўртоқларимиз бутун мусулмон пролетариатидан шубҳаланадилар. Ерли аҳолига нисбатан бўлган муносабат мана шундай нуқтаи назарга асосланади. Баъзи жойларда партия дружиналари тузила бошлаган эди, уларнинг қуролини олиб қўйдилар. Лекин айни замонда, айтишларича, билмадим, бу ҳақиқатми ёки иғвоми, ўлдирилган босқинчиларнинг бири партия гувоҳномаси бўлган ўртоғимиз экан.

Партиядош ўрис ўртоқларимиз ҳеч қандай чора кўрмаганлар…

Фарғонага борганимизда, партиядош ўртоқларимиз қўрқинчли ҳаёт ҳақида гапириб бердилар. Улар «биз уларни зориқиб кутдик», дедилар. Мусулмонлар ҳамма жойда қаршиликка учрамоқдалар ва тан олинмаяптилар.

Тўғри, Фарғонада мусулмон депутатлар бор, уларнинг ҳеч қандай нуфузи ёки таъсири йўқ. «Биз ҳеч нарса қила олмаяпмиз, бизларни мажлислардан ҳайдаб чиқариб юбормоқдалар», дейишди мусулмонлар бизга. Бундан ташқари, уларга қамаб қўямиз, деб дўқ қилмоқдалар. Мана шундай шароитда, мусулмонлар оммасининг партияга ва совет ҳокимиятига муносабати қандай бўлиши мумкин!

Боз устига талончиликни ҳам қўшиб қўйиш керак. Мусулмонларнинг бор-йўғини тортиб олмоқдалар, тортиб олибгина қолмай, ўлдирмоқдалар ҳам. Бизнинг аскарлар ҳимоя қилиш ўрнига таланмоқдалар ва ўлдирилмоқдалар, жиноятнинг изни йўқотмоқдалар. Қишлоқларда аҳоли даҳшатга тушиб қочиб кетяпти. Ва ўғрилар тўдаси кўпайиб боряпти, лекин кимдир партиямас, қизил қўшин зўравонлик қиляпти, деб эътироз билдириши мумкин. Аммо партия раҳнамо. Барча ҳокимият ташкилотларига партиявий ўртоқлар раҳбарлик қилишяпти, лекин улар аҳволни яхшилаш учун ҳеч қандай чора кўрмаяптилар. Уларнинг ҳомийлиги остида, ҳамма жойда ичкиликбозлик ва номаъқул ишлар авж оляпти, бинобарин, партия мана шулар учун айбдор, албатта. Мен бир мажлисда бўлдим, унда эҳтирослар авжига чиқди. «Агар улар шундай қиладиган бўлсалар, биз ниҳоят уларни бу ердан ҳайдаб юборамиз», дейишди партиядош ўртоқларимиз мусулмонлар ҳақида. Маълум бўлишича, сайлов вақтида мусулмонлар ўзлари ҳурмат қилган ва ўзларини ҳам ҳурмат қиладиган ўрисларга қисман овоз берганлар.

Мусулмон пролетариати ўрислардан ёрдам сўрайди,. аммо улар биз сизларга ишонмаймиз, деб жавоб бермоқдалар. Мусулмонларни қийнамоқдалар, уларни ҳатто отиб ташламоқдалар, бинобарин, мусулмон пролетариати икки ўт орасида қолди, яъни бир томондан ўрислар унга ишонмаяпти, иккинчи томондан эса ўғрилар тўдаси таҳдид соляпти. Бизда ҳали-ҳанузгача мусулмон ва мусулмон бўлмаганларга бўлиш сақланиб келяпти.

Мусулмонлар — миллатчилар, деган ҳақорат эшитсалар, қандай қилиб бизга нисбатан дўстона муносабатда бўлсинлар. Биз ўзимиз уларни миллатчи қиляпмиз».

Диққат қилинса, ҳокимиятнинг ўзи қандай қилиб ўзига душман орттирганининг моҳияти бу нутқда аниқ очиб берилган. Худди мана шу — Халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тан олмайдиган сирли қудрат аслида ўша йилларда казаклар, Антоновнинг қўзғолонларига, Кронштадт исёнига, кейинчалик эса янада даҳшатли воқеаларга олиб келди. Тўғри, у вақтда Сталин давригача, партия минбаридан ҳали воқеаларни ўз номи билан аташ мумкин эди. Бинобарин, Т. Рисқулов мана шу имкониятдан мардона фойдаланиб, халқ номидан ҳукумат билан халқ ўртасида пайдо бўлган чиндан ҳам фожиавий ихтилофни таърифлаб берди: «Ўртоқлар, биз камбағал мусулмонлар Николай замонида ваҳший ҳайвон аҳволида қандай бўлган бўлсак, ҳозир пролетар ҳукуматимиз даврида ҳам худди шундай, ҳатто ундан баттар аҳволдамиз, гарчи мана шундай аҳволда Совет ҳокимиятига қаршилик қилмай, имкони борича, унга ёрдам бераётган бўлсак-да, шундай аҳволдамиз. Биз зулматда оч-ялонғоч яшаб, итдек кафансиз ўлиб кетаётганимизга ким айбдор? Аммо мен айбдорни тўғридан-тўғри кўрсатиб бера олмайман, мен бундай дейман: Коммунистлар программаси жуда мақбул ва тўғри программа, бизнинг ҳокимият вакиллари нима сабабдан унга амал қилмайдилар, буни мен билмайман, чамаси, улар билмаганларидан ёки жўрттага кўзни чирт юмиб шундай қиладилар, устига-устак, улар программага қарши курашамиз, дейдилар, шу баҳона билан боримизни тортиб олиб, ўз ҳамёнларини қаппайтира бошладилар. Наҳотки, ҳокимият программаси шундай бўлса? Бундай эмас, албатта… мен зараркунанда бойлар ҳақида гапираётганим йўқ, аммо мисол учун, бир камбағал пролетарнинг битта оти ва араваси бор эди, юк ташиб оиласини боқарди. Қизил аскарлардан биттаси келиб, ҳеч қандай ҳақ тўламасдан, отини тортиб олади, бунинг касофатига унинг оиласи оч-яланғоч қолади. Наҳотки, шу ҳам программага мувофиқ бўлса? Бойларни шилиш баҳонасида шаҳардаги 84000 аҳолининг ҳаммасини шилишган. Шу тўғрими, ахир? Намангандан келтирилган молнинг ҳаммаси, ҳатто қулфгача мусодара қилинган: Наҳотки, шунча мол ениб кетган ёки бошиданоқ сотила бошлаганмиди?

Баъзи кишиларни қуролинг бор, деб айблаб ҳибсга олганлар. Қуролни топа олмаганларидан кейин ва маълумот йўқлиги сабабли озод қилганлар, 5—10 минг жарима солганлар. Бу пул қаёққа кетган, советларнинг хазинасигами ёки киссагами? Агарда киссага кирган бўлса, сизнингча бу тўғрими?

Ҳокимиятни ишончли ҳокимият деб биламан, аммо мана шу ҳокимият ҳокимлари бўлмиш ўртоқлар аслида нима қилдилар? Улар фақат ўзларининг ўринсларини ажратиб олиб, ҳимоя қилдилар, яхши едириб-чирдилар, яхши кийинтирдилар, ўз уйларини бегоналарнинг тортиб олинган шойи мато ва бошқа қимматбаҳо буюмлари билан безадилар, биз мусулмонларга нима каромат кўрсатдилар? Едириб-ичирдиларми? Йўқ. Кийинтирдиларми? Йўқ. Агар кийинтирганларида, камбағаллар ялангоёқ юрмасди, агар едириб-ичирганларида, минг-минглаб очлар ўлмасди. Бизникиларнинг нимаси қолди?

Йиртиқ-ямоқ кўрпа-тўшагидан бошқа ҳеч вақоси қолмади.

«Фарғона вилоят революцион комитетининг Фарғонанинг меҳнаткаш аҳолисига чақириғи»да бир ярим йилдан буён босмачиларнинг қароқчи тўдалари Фарғона вилоятини тилка-пора қиляпти, улар Фарғонанинг тинч фуқароларини хонавайрон қилмоқдалар, ўлдирмоқдалар, зўрламоқдалар. Бизнинг Қизил қўшин қисмлари, ўз навбатида, ҳар доим ҳам ўз нуфузини сақлай олмай, тинч аҳолига жабр қилмоқдалар», дейилган»…

Бундай ҳаддан ошиш ва суиистеъмолликларни Ю. Папоровнинг мақоласида келтирилган мисоллар ҳам тасдиқлаб турибди. Унда шундай дейилади: «Фарғона фронтининг қўмондони ўртоқ Коновалов босмачиларнинг қароргоҳи тўғрисида маълумот олгач, Бозорқўрғонга йўл олади ва йўл-йўлакай отряди ҳақида босмачиларга хабар бериб қўйишидан қўрқиб, йўлда дуч келган барча ўзбекларни отиб ташлайди. Отряд, чиндан ҳам, Бозорқўрғон атрофида босмачиларга дуч келади ва улар билан жанг қилади. Ўртоқ Коновалов кета туриб, Бозорқўрғон билан қўшни бўлмиш Никосльск қишлоғи аҳолисини, 23 кун давомида Никольск қишлоғи аҳолиси Бозорқўрғонни «тозалайди». «Тозалаш» шундан иборат бўладики, аввал фақат талашади, кейин эса аҳолини ота бошлашади, эркакларни босмачиларга хайрихохликлари учун, болаларни келгусида босмачи бўлиб етишишлари мумкин бўлганлиги учун отишади…»

Ҳақиқатан ҳам, ушбу фактлардан кўз юмиб бўлмайди, баъзи фактлар умумий хулосаларга зид келади, уларни рад этади. Аммо муҳим фактларнинг қанчадан қанчаси, ҳақиқат ярим асрдан кўпроқ вақт давомида яшириб келинган бир шаритда, тарихий ҳақиқатни тўла-тўкис тиклаш учун ошкор қилинишини кутиб ётибди.

1920 йил май-июнь ойларида Туркделегация В. И. Ленин ва бошқа раҳбарлар билан музокара олиб борди, ўз таклифларини баён қилди. Таклифларнинг моҳияти қуйидагича эди:

Бутун ҳокимиятни батамом, Конституцияга мувофиқ, туб аҳоли меҳнаткашларига бериб, Турккомиссияга, революцион ҳарбий кенгашга раҳбарликдаги ҳар қандай кўп босқичликка чек қўйиб, Туркфронт революцион ҳарбий кенгашининг ҳуқуқларини чеклаб, буларни амалда бажариш керак.

Делегация яна:

а) Туркистонда мусулмонларнинг кучли Қизил қўшинларини тузиш ҳамда қулоқлардан тузилган барча Қизил қўшин қисмларини зудлик билан қуролсизлантиришга киришиш ёки уларни бошқа фронтларга ўтказиш.
б) Турк республиканинг Ҳарбий комиссарлигини тиклаб, унга Қизил Қўшинни ҳисобга олиш, сафарбар қилиш, тузиш ва ўқитишни топшириш… Туркистон ҳудудида қисмларни фақат туб аҳолидан тузиш;
в) Туркреспубликада бутун ҳокимиятни Советлар съездига, Турк МИКга ва Халқ Комиссарлари Советига топшириш;
г) «Турккомиссияни» тугатиш;
д) Туркистонга мусулмонлардан ҳарбий ва сиёсий ходимлар юбориш; Марказдан Туркистонга юборилаётган ходимлар Туркистон ўлка партия комитети ва Туркистон Марказий ижроия комитети ихтиёрига ўтиши зарур деб билди.
Бу ерда гап асосан ҳокимият ваколатларини жумҳурият билан марказ ўртасида бўлиш ҳақида боради, ҳар ҳолда делегация Москвага иккала томон учун ҳам мақбул қарорга келиш учун борган.

Хўш, қандай қарорга келинди?

Авваламбор, иккинчи томоннинг ҳам фикрини эшитишди. 1920 йил 25 майда РКП(б) МКнинг Сиёсий бюроси Я. Э. Рудзутакнинг «Туркистондаги аҳвол тўғрисида»ги маърузасини эшитди. Н. П. Крестинский, Ш. Э. Элиава, Г. 3. Чичерин, Н. Наримоновлардан иборат комиссия тузилди. Орадан бир ой ўтгач, яъни 1920 йил 22 июнда РКП(б) МКнинг Сиёсий бюрооси ўзининг навбатдаги мажлисида Рисқулов гуруҳининг «Туркистон жумҳурияти тўғрисида»ги лойиҳасини кўриб чиқди, лойиҳа жиддий танқидга учради. Аслида, кўрсатиб ўтилган комиссия тузган сиёсий бюро қарори лойиҳаси устига 13 июндаёқ Ленин: «Менимча, Рисқулов лойиҳасини рад этиш ва комиссия лойиҳасини қабул қилиш лозим», деб ёзган. Ундан аввалроқ эса мана бу диққатга сазовор фикр-мулоҳаза ва таклифларни ҳам илгари сурган:

Туркистонда Бутунроссия Марқазий Ижроия Комитети, Халқ Комиссарлари Совети ва РКП(б) Марказий Комитетининг вакиллигидан иборат доимий орган бўлиши зарур, бу орган зиммасига қуйидаги вазифалар юк-ланиши лозим:

а) федерал ҳокимиятнинг тўла ҳуқуқ доирасига кирадиган соҳаларни бевосита бошқариш;
в) марказий ҳокимиятнинг директива ва декретларининг амалга оширилиши устидан назорат қилиш, шунингдек, маҳаллий иқтисодий ва маиший шаротларга мувофиқлаштириш мақсадида, бу директива ва декретларни тўхтатиб қўйиш ёки ўзгартириш».

Шунингдек, қуйидагилар таклиф қилинган: «Туркистон Комиссиясига Туркистон ХҚС ва Туркистон МИК билан келишиб мунтазам иш олиб бориш мажбурияти юклансин… Улар билан «келишилсин» ва барча (ёки асосий) жанжалли масалалар Марказий Комитет ва Бутунроссия МИҚга киритилсин: Ҳуқуқлар доирасининг кенгайишини (ишларда қатнашиш ва ҳоказоларни) таъминловчи бир қанча амалий чоралар кўрилсин». «Руҳонийларга, панисломизмга ва буржуа-миллатчилик ҳаракатига қарши кураш усулларини» алоҳида ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатиб ўтилади. Шундай қилиб, план ҳам, бюджет ҳам, озиқ-овқат масаласи ҳам марказ ихтиёрида. Марказнинг йўл-йўриқлари маълум шарт-шароитларда «мувофиқлаштирилади», холос, жанжалли масалалар эса яна «юқорида» ҳал қилинади…

Бўлиниш масаласига келсак, 1920 йил июнда ёзилган «РКП(б)нинг Туркистондаги вазифалари тўғрисидаги масала юзасидан РКП(б) МК Сиёсий бюроси қарорининг лойиҳаси»да Ленин «республикани уч қисмга бўлиш олдиндан ҳал этилмасин», деб маслаҳат беради.

Бироқ иттифоқнинг тузилиши масаласи ниҳоят етилганда, В. И. Ленин 1922 йил 31 декабрда бундай деб ёзган эди.

«Шу билан бирга, ана шу ишларнинг ҳаммаси натижасида, Советларнинг келгуси съездида, орқага қайтиш мумкин, яъни совет социалистик республикалари иттифоқини фақат ҳарбий ва дипломатик жиҳатдангина сақлаб қолиб, бошқа ҳамма жиҳатдан эса айрим халқ комиссарларининг тўла мустақиллиги тикланиши мумкин, шунинг учун бу тўғрида асло олдиндан, бундай бўлмайди, деб сўз бериб қўймаслик керак…» (В. И. Ленин. ТАТ, 45-том, 405-бет.)

Турар Рисқулов бошлиқ «Турк делегацияси»нинг марказ билан сиёсий ва иқтисодий муносабатларни узмаган ҳолда, миллий мустақилликни қўлга киритиш юзасидан олиб, борган ҳаракатлар, мулоқотлари шу йўсинда хотималанди. Унга сўнгги нуқтани эса Сталин қўйди…

Изоҳ: Туркистон Комиссияси бюджетини тасдиқлашдан олдин РСФСР Молия халқ комиссарлигининг розилигини олади. Қолган барча масалаларни ҳал этиш Туркистон Марказий ижроия комитетининг ва Халқ Қомиссарлари Советининг тўла ихтиёридадир.

Пирмaт ШЕРМУҲАМЕДОВ,
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетacи, 1991 йил.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин