Саналар
19.04.2024
Баннер
Cомон-худот аждодларининг диний эътиқоди хусусида
PDF Босма E-mail

IХ-Х асрлар, яъни Сомонийлар сулоласи ҳукмронлик қилган давр Ўрта Осиё тарихида алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бу даврда Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар ислом дунёсининг энг йирик маданий ва илмий марказларига айланди, маҳаллий халқларнинг ислом давридаги давлатчилиги асослари яратилди. Лекин Сомонийлар сулоласининг келиб чиқиши ҳақидаги мавжуд маълумотлар жуда ҳам кам ва бир-бирига зид. Шу сабаб, мазкур сулоланинг асл келиб чикиши ҳали ҳам аниқланмаган.

VIII асрнинг биринчи чорагида сиёсий майдонда пайдо бўлган сулола бобокалони Сомон-худот Балх шаҳридан Хуросон амири Асад ибн Абдуллоҳ ал-Қасрий (ёки ал-Қушайрий) ҳузурига келиб, Балҳдаги душманларига карши курашида ёрдам беришини сўрайди. Амирнинг ёрдами билан душманларини енгиб, мавқеини тиклаб олгач, Сомон-худот ислом динини қабул қилиб, ўғлининг исмини Хуросон амири шарафига Асад деб қўяди. Кейинроқ у ўғли Асад билан бирга Хуросондаги Абу Муслим бошчилигидаги қўзғолонда иштирок этади. Асад эса халифа ал-Ма'муннинг Марвдаги саройида хизмат килади. Сомон-худотнинг набиралари, Асаднинг ўғиллари Нуҳ, Аҳмад, Яҳё ва Илёс Ўрта Осиёда Рофиъ ибн ал-Лайс бошчилигида кўтарилган қўзғолон (190-195/806-810)ни бостиришда фаол қатнашиб, уларни таслим бўлишга кўндирадилар. Ал-Ма'мун уларнинг бу хизматларини тақдирлаб, 204/819 йилда Марвдан Бағдодга кетиш оддидан уларни Мовароуннаҳр шаҳарларига: Нуҳни Самарқандга, Аҳмаднй Фарғонага, Яҳёни Шош ва Уструшонага, Илёсни-эса Ҳиротга ҳоким этиб тайинлади.
Сомон-худот манбаларга кўра, Сомон номли қишлоқ асосчиси (бу қишлоқ Балх, Самарқанд ёки Термиз вилоятларидан би-рида жойлашган) бўлган. Сомон-худот туғилиб-ўсган кишлоқ тахминан Балх вилоятида бўлган. Ривоятта кўра, Сомон исми саман сўзи билан боғлиқ бўлиб, «фаровонлик» маъносини билдирган. Паҳлавий тилида saman сўзи «чегара», «минтақа», форс тилида эса «тартиб», «инnизом», «бойлик» маъноларига эга. Манбаларда Sam(аn) атокли оти ҳам қайд этилган. «Авесто» га кўра, Sam(аn) ёки Saman (Thamanaois) одамлари Harahvatice номли вилоятда истиқомат қилганлар.
Сомон исмининг келиб чиқишини шаман сўзи билан боғлашга ҳам уринишлар бўлган. Берунийга кўра, Ўрта Осиёда аш-шаманиййа номли дин вакиллари бўлиб, улар бутларга сиғинганлару, лекин брахманларга нафрат билан қараганлар. Хуросон аҳли буддавий динидагиларни шаманийин ёки шаманш (шаман сўзининг кўплик шакли) деб атаганлар. Ибн ан-Надим ҳам буддавий динидагиларни ас-саманиййа деб атаган. Ҳинд мифологиясида samana сўзи «ҳукмдор» ва Йима худосининг исми сифатида ишлатилади, буддизмда эса Saman ёки Samana сўзи эътиқодда «тиришқоқдик қилганлар»га нисбатан ишлатилган бўлиб, улар буддавийлар тизимида иккинчи боскичдаги даража соҳиблари ҳисобланган.
Паҳлавий саман исми санскригча «ғамҳўрлик кўрсатувчи» маъносини ҳам билдиради. Зардуштларнинг диний адабиётида Saman исми Акаташ  Акоман, Арастай, Варан, Нанхаис, Сабук, Тауреч, Хион ва Зареч сингари иблислар ва салбий шахслар қаторида кайд зтилган. Зардуштлар тушунчасида «иблис» сифатида буддавий худолар ва кохинлар бўлиши мумкин эди. Ушбу исмларнинг айримларида туркча сўзлар ва этнонимларни кўриш мумкин: таш, тай, куман, авар, тур, хион.

Балх, Бактриянинг барча вилояти каби зартуш динининг асосчиси Заратуштра таълимоти илк бор тан олинган жой ҳисобланган. Бактрия ҳудудларида топилган археологик материаллар ҳам буни тасдиқлаб турибди. Термиз шаҳридан 60 км шимолда жойлашган милоддан аввалги II минг йилликнинг ўрталарига мансуб Жарқўтон шаҳар харобаларида илк зартуш ибодатхонаси топилган бўлиб, унда одамлар қуёшга сиғинганлиги аниқпанган. Олов ёндириш учун ишлатилган оташдонлар қадимги Бактриянинг ўша даврга мансуб яна бир қатор шахарларида ҳам топилган. Ленин Аҳамонийлар давлати парчалангандан кейин Балх шаҳри кўпроқ Ҳиндистонга боғланиб қолган. Кушонлар даврида эса Балх буддизмнинг энг йирик марказларидан бирига айланиб, Сосонийлар им-периясининг шарқий ҳудудларига ҳам маданий таъсир ўтказа бошлаган.
Балх вилоятидаги Бағлон шаҳри яқинида кушонлар ҳукмдори Канишка (милодий I—II асрлар) асос солган Сурх Котал ибодатхонаси топилган. Маълумки, Канишка буддизмга эътиқод қилган ва бу динни Бактрия-Тоҳаристонда тарқатишга катта ҳисса қўшган. Канишка ибодатхонасида топилган оташдон одамлар бу ерда оловга сиғинганлигини билдиради. Бундай оташдонлар буддавий ибодатхоналарида ҳам топилганлиги шундан далолат берадики, кушонлар оловга сиғинишни буддавий маросимларига мослаштирганлар. Термизда-ги милодий I—II асрларга мансуб Қора-тепа ибодатхонасида «Олов — Будда» (Будда — Заратуштра), яъни оловга бур-канган Будда тасвирлари топилган, бу суратлар кейинчалик Тоҳаристон ва Мар-казий Осиёда кенг тарқалган. Кушон ҳукмдорлари Канишка ва Хувишка чи-қарган тангаларда Фарро исмли тўрт қўлли худонинг сурати туширилган бўлиб, унинг исми (фарро) — «олов» демақдир. Оташдонлар Шарқий Туркистоннинг буддавий ибодатхоналаридаги деворий суратларда ҳам тасвирланган. Айрим диний маросимларда олов ёқиш одати кўпчилик динларга хос бўлган, шунинг учун буддавий суратларда оташдон тасвирининг туширилганлиги ажабланарли ҳол эмас.
Фикримизча, Балх яқинидаги Навбаҳор ибодатхонаси тарихнинг турли даврларида ҳар хил диний жамоалар, жумладан, зартушлар, маздавийлар ва монийлар учун саждагоҳ бўлиб хизмат қилиб келган. Лекин Кушонлар давридан бошлаб Балҳда асосан буддавий дин ҳукмронлик килган. Хитой зиёратчиси Сюань Цзан (630 йил) Балхнинг энг катта ибодатхонасини «янги сангхарама», яъни буддавий ибодатхона деб қайд этади. Араб ва форс тилидаги манбалар ва археологик топилмалар хам буни тасдиқлайди.
Айрим маълумотлар шундан далолат берадики, Сомонийлар ўз аждодларининг ўтмишда буддавий динига эътиқод қилганларини доимо ёдда сақлаб юрганлар ва буддизмнинг айрим жиҳатларига мойиллик биддирганлар.
Сомонийлар 300-351/912-962 йилларда Кобул ва Ғазнада зарб этган кумуш дирҳамларда бука ва чавандоз (Ау), ва Sri khudavayaka (худоси) деб ўқилувчи ҳиндча ёзувлар (Ку) мавжуд. Шу тангаларнинг бошқа бир турларида бука, ўтирган ҳолдаги Sri Khudavayaka худоси (Аv) ва чавандоз суратлари (RV) бор. Сомоний ҳоким Билга-тегин 320-326/932-938 йилларда Тоҳаристоннинг шимоли-шарқидаги Бурж Кишм номли зарбхонада чиқарган дирҳамларда ўгирган ҳолдаги Билга-тегин, Сайф ад-Даула Маҳмуд Ғазнавий 385/995-96 йилда Андаробда зарб этган дирҳамларида эса ўгирган ҳолдаги Нуҳ ибн Мансурнинг суратлари тасвирланган. Буқанинг расми ва ўгирган ҳолда тасвирланган худо ёки ҳукмдорнинг сурати фақат буддавий анъанасига хос.
Самарқанддаги Ўзбекистон ФА Археология институтида Мансур ибн Нуҳ ва унинг ўғли Аҳмад ибн Мансурнинг исмлари зикр этилган 359/969-70 йидда Фарғонада Сомонийларнинг ноиби Қилич ал-Ҳожиб Аҳмад ибн 'Али томонидан зарб этилган мис танга (фалс ёки фулус) сақланади. Мазкур танганинг олд томонида қуёш рамзини белгиловчи анъанавий буддавий мандаланинг сурати туширилган бўлиб, у ўрта аерларда Хитой, Тибет, Марказий Осиё ва Шарқий Туркистонда кенг таркалган буддизмнинг Махаяна, Важраяна ва Тантризм каби шимолий мактабларининг таълимотларида қабул килинган. Таркибида 8 япроқли гул расми туширилган мандала Будданинг тимсоли хам бўлган ва VIII-IХ аcрларда кенг тарқалган Тантризм буддавий таълимотида муҳим роль ўйнаган.
Худди шундай мандалани Тошкентдаги Санъат Галереясидаги Ўзбекистон Миллий банкининг нумизматика коллекциясида сақланаетган Қорахонийларга мансуб айрим тангаларда ҳам кўриш мумкин.
Сомонийларнинг буддизм билан алоқаларига ишора қилувчи далиллардан яна бири, Бухородаги Сомонийлар мақбарасининг деворларига туширилган рамзлардир. Бу рамзлар мураккаб геометрик композициядан иборат бўлиб, бир-бирининг ичидаги квадрат шакллар ва уларнинг ўртасида дойра шаклдан ташкил топтан. Худди шундай рамзларни илк ўрта асрларда Шарқий Туркистоннинг энг йирик буддавий марказларидан бири бўлган Дунь Хуан юр мажмуасининг буддавий ривоятларнинг деворий суратлардаги тасвирларида хам кўриш мумкин.
Мансур ибн Нуҳнинг ўғли ва меросхўри бўлган охирги Сомоний амирларидан бири Нуҳ ибн Мансур ар-Рида (365-387/976-997 йилларда ҳукм сурган) даврида машҳур давлат арбоби 'Амид ад-Давла Фо'иқ ал-Хосса 368/ 978-79 йилда Балҳда зарб эттирган мис фулусларнинг олд томонида араб ёзувлари билан бирга иккита учбурчақдан ясалган 6 киррали юлдуз (гексаграмма) тасвирланган. Ўша йидда Балхда зарб этилган бошқа бир фулусда эса чизиқ-лардан ясалган 5 киррали юлдуз (пентаграмма) тасвирланган. Гексаграмма тасвири 393/1002-03 йилда Ироқда қорахоний ҳукмдор Абу Саъид Бакр ибн ал-Ҳасан (394-400/1004-1009 йиллирда ҳукм сурган) ва Кутб ал-Хон ал-'Одил номидан зарб этилган мис фулусларда ҳам мавжуд.
Сомонийларнинг тангаларида бундай буддавий рамзларнинг пайдо бўлиши уларнинг эроний Бувайҳийлар сулоласининг ҳаракатларига жавобан қилинган тадбир бўлиши мумкин. Чунки Бувайхийлар 334/945 йилда Бағдодни эгаллаб, ўзларини Сосоний шаҳаншоҳларнинг авлодлари деб эълон қиддилар ва исломгача бўлган айрим маданий ва диний қадриятларни тиклай бошладилар.
Оксфорд университетининг нумизматика коллекциясида 358/968-69 йилда Мансур I ибн Нуҳ (350-365/961-976 йилларда ҳукм сурган) зарб этган кумуш медальон сақланади. Унинг олд томонида ўнг тарафга қараган ҳукмдорнинг сурати, унинг икки томонида эса паҳлавий ёзувлар туширилган. Ўнг томондаги ёзув МLK"n МLK, яъни «подшоҳларнинг подшоҳи» (ёки шаҳаншоҳ), чап томондаги ёзув эса GDH 'pzwt, яъни «Ғалаба, ерлар қўшиб олинишида», деб ўқила-ди. Медальоннинг орқа томонида одатда-ги исломий калималар (La ilaha illa-Alloh wahdahu wa ka sharika lahu Muhammadun Rasul Alloh)дан кейин арабчада ал-Малик Мансур ибн Нуҳ сўзлари ёзилган. Теградаги арабча ёзувларда унинг қаерда ва қачон зарб этилганлиги қайд этилган («... бу дирҳам Бухорода 358 йилда зарб этилди...»). Медальонда тасвирланган ҳукмдорнинг сурати VII-VIII асрларда Тоҳаристон йабғулари томонидан зарб этилган тангалардаги ҳукмдорларнинг суратларига ўхшаб кетади.
Юқорида келтирилган маълумотлар шундан далолат берадики, «сомон» сўзи дастлаб «буддавий» маъносини билдирган ёки буддавий тизимида юқори даражага эга бўлган шахс (роҳиб)га нисбатан ишлатилган. Демак, Сомон-худотнинг исми «буддавий ҳукмдор» деган маънони билдирган. Шундай қилиб, Сомонийлар сулоласининг асосчиси Сомон-худот ислом динини қабул килгунига қадар, манбаларда кўрсатилганидек, зартуш динига эмас, буддавий динига эътиқод қилган. Бу эса унинг аждодлари яшаган Балх ва унинг атрофларида исломгача бўлган даврда айнан буддавий дани ҳукмрон бўлганлигига мос келади. Сомонийлар ўз аждодларининг буддавий динига эътиқод килганларини доим хотираларида сақлаб юрганлар ва зарб эттирган тангаларида буддавий худоларнинг суратлари ва айрим буддавий рамзларни тасвирлаганлар. Тохароистон йабғуларидан бирининг сурати туширилган медальондаги тўртбурчак шакл хам буни тасдиқлайди.

 

Шамсиддин КАМОЛИДДИН

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин