Саналар
22.08.2018
Баннер
Алитегин ибн Ҳусайн
PDF Босма E-mail

(?–1035)
(1025-1034)

Мовароуннаҳр иликхони. Қорахонийлардан. Мовароуннаҳрни самонийлардан тортиб олишда иштирок этган (999-1012). Наср ибн Али вафоти (1013)дан сўнг тахт учун кураш чоғида арслонхонлардан Муҳаммад ибн Али томонидан асир олинган. Тахминан 1025-йилда асирликдан қочиб Бухорони эгаллаган ва салжуқийлардан Арслон ибн Салжуқ билан иттифоқ тузган. Алитегинга қарши иликхон Мансур ибн Али қўшин тортиб келган, бироқ мағлубиятга учраган. Шундан сўнг Алитегин Мавороуннаҳрни марказий қисми (Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё водийси) иликхони бўлган. Алитегинга қарши Маҳмуд Ғазнавий ва қорахонийларнинг Шарқий Туркистондаги хоқони Қодирхон Юсуф ҳарбий иттифоқ тузиб (1025) Самарқанд яқинида Алитегин қўшини билан тўқнашган. Алитегин Самарқанд ва Бухорони ташлаб чўлга чекинган, хотини ва қизи рақиблари қўлига асир тушган. Бироқ Маҳмуд Ғазнавийнинг асли мақсади Алитегинни заифлаштириш бўлгани сабабдан бироз вақтдан сўнг Мовароуннаҳрни ташлаб чиққан. Алитегин яна ўз мулкини қайтариб олган.
1032-йил хоразмшоҳ Олтунтош султон Масъуд Ғазнавийнинг топшириғига кўра, Алитегин ерларига ҳужум қилиб Бухорони эгаллаган, бироқ Дабусия яқинидаги жангда яродор бўлиб, вафот этган. Хоразм қўшини сулҳ тузиб юртига қайтиб кетган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин