Саналар
27.05.2018
Баннер
Субҳонқулихон ибн Надрмуҳаммадхон
PDF Босма E-mail

(1625-йил, Бухоро - 1702-йил 14 -сентабр)
(1680-1702)

Аштархонийлардан бўлган Бухоро хони. 1651-80-йилларда Балх ҳокими.Надрмуҳаммадхон Бухоро хони бўлгач, ўгли Субҳонқулихонни Соли Сарой шаҳри, сўнгра Балх вилояти ҳокими қилиб тайинлайди (1642). Кўп ўтмай у бу лавозимдан олиниб, Кахмердга ҳоким бўлган. Субҳонқулихоннинг акаси Абдулазизхон отасини ҳокимиятдан четлаштириб, Бухоро хони бўлгач, Субҳонқулихон Балхга – отаси ҳузурига йўл олган. Субҳонқулихон Балх вилоятида мустаҳкам ўрнашиб олиб, 1651-йилда Балх ва Бадахшон ҳокимлигини қўлга киритган. Субҳонқулихон Бухородан мустақил сиёсат юритган. 1658-йилда Абдулазизхоннинг пири Абдулғаффорхўжа воситачилигида Бухоро ва Балх ўртасида тинчликка эришилиб, Субҳонқулихон акаси ҳокимиятини расмий тан олган. Муҳаммад Юсуф муншийнинг ёзишича, 1680-йил 2-февралда кексайиб қолган Абдулазизхон Субҳонқулихонга Бухоро хонлиги тахтини топшириб, ўзи ҳажга жўнайди. Субҳонқулихон марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун солиқлар миқдоруини ошириб, қўшинини кўпайтирган. Анушахоннинг вориси Аранг Муҳаммадхон 1687-йили Бухорога босқин қилганида Субҳонқулихон бу ҳужумни қайтариш билан чекланмай, 1688-йилда ўлдирилган хон ўрнига Хива тахтига ўз ноиби Амир Ниёз эшикўғабоши (Шоҳниёз)ни ўтқазган. Шу тариқа Абдуллахон II давридагидек Хива хонлиги яна Бухорога қўшиб олинади ва минтақада ягона ўзбек давлати қарор топган. Субҳонқулихон даврида Бухоро хонлигининг Шарқ давлатлари билан депломатик муносабатлари яхшиланган. Бобурийлардан Аврангзеб 1689-йилда Забардастхон, Усмонли Турк султони Аҳмад II 1691-йилда Мустафо човуш бошчилигидаги элчиларни Бухорога жўнатган. 1671-87-йилларда Субҳонқулихон билан Аврангзеб ўртасида бир неча марта ўзаро мактублар алмашилган.
Субҳонқулихон томонидан Балх ва Бухорода кўплаб меъморий обидалар, жумладан, Балхда мадраса, Бухорода До руш-шифо, Регистонда катта ҳовуз ; Аркда Салом хона ва жомеъ масжити, шунингдек, Аминободда чорбоғ қурилган. Субҳонқулихоннинг тиббиётга оид китоблар жамланган нодир кутубхонаси бўлган. У “Иҳё ат-тибби Субҳоний” (“Субҳоний тиббиёти бўйича даволаш”), “Лубб ул-лавоиҳ ул-қамар фил-ихтиёрот” (“Бахтли соатни аниқлашда ой манзилларининг моҳияти”) номли илмий нужумга оид рисола ёзган. Субҳонқулихон “Нишоний” тахаллуси билан шеърлар битиб, саройда ўтказилган мушоираларда ўзи ҳам шеърлар айтган. Субҳонқулихон Бухоро яқинидаги Баҳоуддин мажмуасидаги Дахмаи шоҳонда (Абдуллахон II қабри яқинида) дафн этилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин