Саналар
21.02.2018
Баннер
Муҳитдинов Абдулқодир
PDF Босма E-mail

(1892-йил, Бухоро - 1934-йил 1-июн, Тошкент)

Бухородаги жадидчилик ҳаракати намояндаси, сиёсат арбоби. Бошланғич таълимни Бухорода олгач, Истанбул мадрасасида ўқиди. Отаси йирик савдогар Мирза Муҳитдин Мансуров илк жадид газетаси “Бухоройи шариф”ни моддий жиҳатдан таъминлаб турган, янги усул мактабларига ҳомийлик қилган. А. Муҳитдиновнинг илк мақолалари Оренбургдаги “Вақт” газетасида эълон қилинган (1910).
Бухорода 1917-йил апрел намойишидан кейин ёш бухороликлар партияси МКга аъзо бўлди. Колесов воқеасидан кейин Самарқанд, Тошкент, Москвада муҳожирликда яшашга мажбур бўлди (1918-19). У Туркистон мусулмонлари бюроси аъзоси (1919-20) ҳамда “Қутулиш” газетаси муҳаррири (1920) эди. Бухорода амирлик қизил аскарлар кучи билан ағдарилгач, А. Муҳитдинов Умумбухоро Инқилобий қўмитаси раиси (1920-йил сентабр - 1921-йил сентабр), БХСР деҳқончилик нозири (1920-21) каби масъул лавозимларда ишлади. БХСР нинг дастлабки Конститутсиясини ишлаб чиқишда қатнашган, Бухорода ер-сув ислоҳоти ўтказилиши ташкилотчиларидан бири. А. Муҳитдинов БХСР нинг хорижий мамлакатлар билан Россия воситачилигисиз мустақил алоқа ўрнатиш, босқинчи қизил армияни олиб чиқиб кетиш, халқ милитсияси сингари миллий армия тузишни қатъий талаб қилган.
Шунинг учун ҳам Марказнинг Туркистондаги таянчи бўлган Турккомиссия томонидан А. Муҳитдинов ва унинг тарафдорлари “ўнг оғмачилик”да айбланди ва лавозимидан бўшатилди. Лекин, шунга қарамасдан у 1921-24-йилларда БХСР савдо ва саноат вазири, Бухоро Халқ хўжалиги Олий кенгаши раиси, Бухоро Иқтисодий кенгаши раиси, БХСР нозирлар шўроси раисининг 2-муовини лавозимларида ишлади ва Бухоро Республикасининг мустақиллиги, эътиқод эркинлиги, демократик ислоҳатларни ёқлаб чиқди.
Ўрта Осиёда миллий ҳудудий чегараланиш ўтказилиб, Ўзбекистон ССР таркибида Тожикистон АССР ташкил қилингач, А. Муҳитдинов Тожикистон АССР Халқ Комиссарлари Совети раиси қилиб тайинланди (1925-29). Тожикистон ССР тузилгач, у Ўзбекистон ССР таъминот Халқ Комиссарлигида ишлади.
1933-йил 21-августда совет режими томонидан А. Муҳитдинов қамоққа олиниб, унга “буржуа миллатчиси” тамғаси ёпиштирилди ва 1934-йил 1-июнда отиб ташланди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин