Саналар
19.07.2018
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Маскавдаги драмстудиямиз (1926)
PDF Босма E-mail

«Ер юзи» журналининг ўқувчиларига нафис санъат муассасаларимиздан студияни танитиш зарур; чунки, биз ўртоқ Мўмин Хўжа айтгандай, ингичка санъатимизга бино қуриш кунларидамиз. Ҳозир бу йўлда нечта қадам қўйсак, ҳар бир қадамимиз келгуси замонда минг маротабалар текширилиб, сараланадир. Ундан кейин: менинг бу кичкина мусобаҳам билангина элни бу муассасага тегишинча ошно қилолмаймиз. Чунки, яна ўртоқ Мўмин Ҳўжа айтгандай «Ўзбек театрининг асосидир». Маскавдаги театр жараёнлари билан чала-чулпа танишиб чиқмоқ учун студия талабалари 7—8 ой лекция эшитдилар. Яқин келгусида бизнинг театримиз ҳам ўша даражаларга қараб анча йўл босиб қолар. Ўша вақтда бу кунги ёзилғон ҳар бир хат (сатр) ёзув, кўп чигалларни ечишга ёрдам қилар.

Студия бундан икки йил бурун Маскавдаги «Сталин номига очилғон ўзбек билим юрти» қошида алоҳида студия бўлиб ташкил қилинғон. Бошда унга Маскав давлат театр мактабида ўқувчи йигитларимиз кирганлар; ундан кейин ўшал вақтгача саҳналаримизда ўйнаб келган атоқли санъаткорларимиз кирганлар. Уларнинг орасида Тошкент билан Бухоро ва Фарғонадан элга машҳур ва мақбул бўлғон йигитларимиз бўлғонлар. Хотин-қизлар ҳайъати эса бизнинг тарихимизда биринчи дафъа ўлароқ, ўзбек қизлари билан Ўзбекистонда туғулиб ўсган тотор қизларидан иборат бўладир (кейингилардан фақат биргина киши).

Биринчи йилда студияда ингичка санъатга оид бирмунча дарслардан бошқа рус тили, она тили ва баъзи бир умумий фанлар ҳам бўладир. Саҳна ҳунари (сценическое м:астерство) фанининг мударрислари у йил ўша фан устида франсузларнинг классик (қадим) адибларидан Мольернинг машҳури жаҳон бўлғон «Хасис» пьесасини тайёрлайдилар. Бу пьеса узоқ йил Самарқандда бир, Тошкентда бир қўйиладир-да, шу билан студиянинг ёзлиқ иши тамом бўладир..

Бу йил (1925—1926 йилларда) эса студиядан умумий фанлар билан она тили фани муаллимсизликдан чиқориладир, бошқа ингичка санъат фанлари бояғидай давом этдириладир. Айниқса, ўткан йил қадим замон театр тарихини ўқутган муаллим ва мунаққид Филиппов бу йил студия талабаларини Маскавдаги театрларнинг тарихлари ва масалалари билан таништирадир. «Саҳна ҳунари»нинг муаллимлари эса бу йил «Хасис»ни бир оз тузатмак билан бирга машҳур рус адиби Гоголнинг ўлмас кулгуси бўлғон «Терговчи»ни инқилобий фожеалардан «Лаббай» (Эхо) ни сўнгра Холхўжа қўрбоши турмушидан сўзсиз ўйин—«Қоровул уйқуси»ни тайёрлайдилар. Бундан бошқа ўз муаллимларимиз ўртоқ Уйғур томонидан каминанинг «Ёрқиной» («Саркаш қиё») пьесаси тайёрланди. Булардан «Ёрқиной», «Терговчи» пьесалари Фарғонанинг Намангандан бошқа ҳамма шаҳарларида «Лаббай» билан «Қоровул уйқуси» Тошкентда, Самарқандларда қўйилди.

Олдимиздаги бир қиш таҳсил билан студия тамом бўладир. Ундан сўнг Маориф комиссарлигимизнинг фикрига қараганда, ўша студия талабалари асос қилингани ҳолда марказий ва доимий жумҳурият театримиз ташкил қилинса керак. Шу йил театрнинг қошида ўзига махсус студияси (мактаби) бўладир. У ҳолда, Маскав студияси, эҳтимол, тамом беркитилса.

Бу йил ингичка санъат фанларидан баъзилари чиқарилиб, ўринлариға бошқалари киргизиладир. Чунончи: юз ясаш (грим), саҳна ясаш (декорациячилик) ва бошқалар.

Бу йилги репертуарда миллий нарсалар кўпроқ бўлса керак: «Ёрқиной» хомроқ бўлгани учун яна ишланмакчи; каминанинг 4 пардалик «Узун қулоқ бобо» деган пьесаси ҳам репертуарға кирса керак. Яна бошқа миллий пьесалар топиш ҳаракати бор.

Студиянинг ўзи билан қисқача таништирғондан кейин энди унинг саёҳатидан ҳам озроқ гапириб ўтайлик. Тошкентда (театр санъатининг бу марказида) —студиянинг моддий муваффақияти мазасиз бўлди. Ўзбек базм тўдаси моддий жиҳатдан ақллар ишонмаслиқ муваффақият қозонғон ҳолда студиянинг муваффақиятсизлиги албатта сабабсиз эмас. У сабаб ҳаттоки кўпимизга маълум. Бизнинг миллий чолғувларимиз асрлардан бери базмларимизда тайёрланиб, халқнинг руҳига сингиб кетган енгил бир шабада ҳам уни қўзғай берадир. Театр эса биз учун янги нарса, сўнгра мингларча тўдаларимизнинг бемаъни ва санъатсиз театрлари халқни бездирган. Шуларни англағон учун студиянинг ўзи ҳам моддий муваффақиятга аҳамият бермади; бу ҳолатни ҳаммадан кўра кўпроқ тушунган Маориф комиссарлигимиз шу моддий тежаш даврида студиянинг моддий камчилигини ёпди.

Моддий жиҳат шундай заиф бўлса ҳам маънавий жиҳати анча яхши бўлди. Санъатни тушунган кишилар келдилар, кўрдилар, ҳарорат билан олқишладилар. Ана шу олқишлар, ана ўша самимий алоқа студияга руҳ берди; бу олқишлар бу кун бир ҳовуч бўлсалар ҳам, самимий бўлғонлари учун келгусида у ҳовучларнинг ҳеч қаерга сиғмай кетишига қатъий имон келтирадилар.

Сўз охирида студия талабалари тўғрисида икки оғиз гапириб ўтайлик: мен, студия билан бирга бир ярим ойча юриб чинакам санъат фидокорларини кўрганимга ишониб суюндим. Моддий муваффақиятсизлик ҳали бизнинг кўп «фидокорларимизни» ярим йўлда йўлдан урадир. Булар ўз ҳаётларидаги моддий муваффақиятсизликларга ҳам эътиборсиз қарадилар ва кўзларини қизил Маскавнинг тоглар қадар театрлариға тикиб туриб: «— Бизнинг тилагимиз шундай!» дейдилар...




__________________

Маскавдаги драмстудиямиз — «Ер юзи» журналининг 1926 йил 12-сонида босилган.

«Давлат базм-чолғи тўдаси» — Ўзбекистонда илк ашула ва рақс ансамбли, .1926 йилда Самарқандда М. Қориёқубов раҳбарлигида ташкил қилган.

Муҳитдин қори Яъкубий — Муҳитдин Қориёқубов (1896—1957), ўзбек санъатининг таниқли арбоби, ЎзССР халқ артисти.

Булбул ўртоқ — Булбул Мамедов (1897 — 1961), озарбайжон артисти, опера солисти, СССР халқ артисти (1938), профессионал вокал мактаби ва музика театри асосчиларидан бири.

«Мана, қаршингизда...» — мақоланинг бу тарзда ёзилишига сабаб шундаки, «Маориф ва ўқитғувчи» да фотосурат эълон қилинган (айни шу сонда), Чўлпон эса унда акс этдирилганларни таништиради гўё. Бу суратдагилардан энг машҳурлари: Юсуфжон қизиқ, Тўхтасин ғижжакчи (Т.Жалилов), Уста Олим, Ориф гармон (О. Тошматов), Жўрахон яллачи (Ж. Султонов), Муҳитдин Қориёқубов ва Тамарахонимлардир.

Йўлдошбой акам — Й. Охунбобоев (1885—1943), таниқли давлат арбоби, 1925 йилдан ЎзССР Марказий Ижроя Комитетинипг раиси.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин