Саналар
20.09.2018
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Тагўр ва тагўршунослик (1925)
PDF Босма E-mail

ТАГЎРНИ ҚАНДАЙ ТАНИЙЛАР?

Ҳиндистон ва балки бутун дунёнинг бу кунги улуғ адиб ва шоири бўлғон Рабиндранат Тагўрни маданий оламнинг ҳаммаси танийдир. Маданий оламга нисбатан анча кетда бўлғон бугунги турк-тотор шўро жумҳуриятлари халқлари ҳам уни анчадан бери танийдирлар.

Мундан роса 12 йил бурун (1913 йилда) чиққан «Шўро» мажмуаси дунёда энг ўткур адибга берилатурғон Нўбил мукофотининг ҳиндистонли Тагўр деган кишига берилганини ёзиб чиқади. Мундан 6—7 йил бурун Қозон шаҳрида Шарқнинг улуғ шоирлари тўғрисида бир рисола чиқди, ўша рисолачада — агар янглишмасам — Умар Хайём билан бирга Тагўрдан ҳам гапирилган ва унинг баъзи бир парчалари таржима қилинғон эди. Бокуда чиқатурғон «Маориф ва маданият» мажмуасининг мундан 2 йил бурунги нусхаларида дўқтур Саъдитдин томонидан Тагўрнинг баъзи бир нарсалари сочма йўли билан таржума қилинди ва ўзи тўғрисида бироз маълумот берилди.

Бизнинг ўзбек ўқиғучилари эса мундан бир йилча бурун «Инқилоб» мажмуасининг бир сонида маоли Тагўрдан олинғон «Чироғлар» деган шеърни ўқудилар. Ундан кейин мана бу мажмуанинг ўтган сонида каминани Тагўр тўғрисидаги мулоҳазаси билан бирга унинг болаларга атаб ёзғон шеърларининг сочма таржимасини кўрдилар. Лекин, бизнинг ўзбек ўқиғучилари Тагўрнинг кимлигини, зотини ва аслини ҳали била олғонлари йўқ; газета ва мажмуаларнинг ўз сўзи билан айтсак, ўзбек тилида Тагўрнинг «таржумаи ҳоли» чиққани йўқ. Бу сафарги мусоҳабамиз ўша камчиликни тўлдирмоқ ниятида ёзиладир.

Тагўрнинг «таржумаи ҳоли»ни топиш кўп қийин бир иш бўлди. Нимага десангиз, унинг ҳамма асарлари дегундай англизча орқали таржума қилиниб неча маротабадан босилиб турғон ўрус тилида тузук қуруқ бир «таржумаи ҳоли» йўқ.

Ўрусча китобларнинг бозори ҳам жуда қизиқ: бир Тагўрнинг бир асари неча мутаржим томонидан неча хил таржума қилиниб, ҳар ном билан босдирилиб чиқариларди. Чунончи, унинг кичкина адабий ҳикоялари энг аввал ўша ҳикоялардан биттасининг номи билан — «Бахтли кеча» бўлиб чиқди, ундан кейин ҳикоялардан битта-яримтаси туширилиб ўрнига битта-яримта янгиси қўшулди-да, «Янги ҳикоялар» исми билан чиқди, энг охирида яна ўша ҳикояларнинг ўзлари ораларидан биттасиниг бўлакча номи билан — «Ташна тошлар» бўлуб чиқди... Унинг баъзи бир пьесалари ҳам ўрусча китоблар бозорига неча хил кийим кийиб чиқдилар.

Тагўрнинг асарлари устида бўлғон бу ҳангама унинг ўз тўғрисида ёзилғон мулоҳазалар устида ҳам бўлуб келадилар. Чунончи: Францияда Тагўр билан Гандҳини (Ҳинд миллатчиларининг бошлиғи эди, вафот этди) севган бир адиб бор, исми Роман Роллан! Бу киши Тагўр билан Гандҳини парастиш қилар даражада яхши кўрадир. Унинг «Маҳатма Ганди» деган китоби Гандҳи билан бирга Тагўрни ҳам осмонларга кутариб ёзилғон нарсадир. Ана шу одам Тагўрнинг франсузча босдирилғон асарлари учун узунгина бир муқаддима ёзиб берганким, у ҳам бошдан-оёқ мақташ билан тўладир. Ана ўша муқаддимани Тагўрнинг ўрусча ноширлари «афандининг қуши»дай қиладилар. Яъни: биттаси у муқаддимани бутун ҳолида босдирадир, бошқа биттаси унинг бош томонидан бирмунча жойини олиб қўйуб яширадир, яна битта чиқиб ундан ҳам кўпроқ тушуриб қолдирадир-да, бир «чимдим» қилиб босдирадир ва ҳоказо!..

Бу тўғрида яна битта асл (оригинални) мисол келтирай: 92-нчи йилда Московда босилғон қимматбаҳо ва жуда яхши бир китоб бор, исми: «Ҳиндистон истиқлол учун кураш йўлида». У китоб мақолалар мажмуасидай бир нарса булуб Палўвич, Гўрку-Крашин ва Вельтман каби шарқиёт олимлари оралашқонлар. Ўшанда Вельтманнинг «Тагўр ва Ҳиндистон» деган 26 саҳифалик катта бир мақоласи бор. Худди ўша мақоланинг ўзи бош-оёғи бироз қирқилгани ҳолда мундан бир ярим-икки ойлар бурун «Ўттуз кун» (30 дней) деган ойлик бир мажмуада ҳам ўртоғимиз Вельтманнинг имзоси билан «Ҳинд тасвирлари» (Индийские силуэти) сарлавҳаси остида босилиб чиқди. Агар янглишмасам, ўша мазмун ва ўша мавҳум мундан бир йилча бурун «Янги Шарқ» (Новый Восток) мамжуасида ҳам яна ўша имзо билан ўтуб эди.

Узун сўзнинг қисқаси шуким, Тагўрнинг асарлари ва ўзи устида бўлғон шунча ҳангамалар орасида унинг «Таржумаи ҳоли»ни топиш жуда мушкул бўлда Ҳатто Тагўрнинг ўзи ҳам ўз ҳаётига оид ёзғон «Хотиралар»ида бир адабий ҳикоя бошлағондай силлиқ ва текис бир шеър бошлаб кетадир-да, бизга лозим булғон «таржумаи ҳол» қолаверадир. У «Хотиралар»ни бошдан-оёқ ўқусак, Тагўрнинг болалигидан тортиб сунгги вақтиғача ўтказган ҳамма саргузаштини биламиз, лекин қайси йил туғулғонини яна билмай қоламиз.

Тагўрнинг «Таржумаи ҳоли»ини тузук-куруқ топиб ёзғон киши ўрусларнинг тил-адабиёт олимларидан Грузинскийдир. Унинг 1918 нчи йилда босилғон асари бор. Тагўрнииг 3—4 асаридан териб олинғоч шеърлар ўша Грузинский томонидан ўрусчага тизма (назм) билан таржума қилиниб босдирилғонлар. Таржума текис англарлик, равон, лекин оҳанги ва қофия-вазн зътибори билан, албатта, аслига тўғри келмайдир; буни мутаржимнинг ўзи ҳам айтиб ўтадир.

Ана ўша асарни, сўнгра Тагўрга оид ўрусчада босилғон бошқа баъзи бир асарларни дастак қилиб туриб бу сафар мен мажмуа ўқиғувчиларига Тагўрнинг «таржимаи ҳол»ини тақдим қилмоқчи бўлдим.

ТАГЎР КИМДИР

1913 нчи йилгача на Оврўпо ва на Русия, дарҳақиқат, Тагўр тўғрисида ҳеч нарса билмайдир, уни тақир ганимайдир. Ҳиндистонни ҳокима ва у ерга «маданият киргизувчи» бўлғон англизлар унинг тўғрисида ҳаммадан кўб ва ҳаммадан бурун, ҳаттоки Ҳиндистон билан баб-баробар билишлари лозим эди. Ҳоланки англизларча «Муҳит ул маориф» (энциклопедия)нинг 1911 нчи йилги босмахонасида ҳам Тагўр тўғрисида ҳеч нарса йўқ. Ўша «зўр» асарнинг «т» бобини бошдан-оёқ қараб чиқинг, Ҳиндистоннинг тил ва адабиёти тўғрисида ёзилғон жуда кўб мақолаларни ўқуб чиқинг яна Тагўр тўғрисида ҳеч нарса топа олмайсиз. Ҳолбуки, Тагўрнинг шеър майдонида ишлай бошлоғонига ўша вақтда 30 йил бўлғон ва у ўз ватанида улуғ шуҳратга эга эди.

Оврупо уни биринчи маротаба 1913 нчи йилда танийдир. У йилда унинг «Гитанжоли» деган муножотлар мажмуасининг англизча таржумаси босилиб чиқадир. У таржимани Яитс номли бир англизнинг ёрдами билан шоирнинг ўзи қилғон. Асарга ҳалиги аиглиз бир муқаддима ёзиб, шоирни асарини осмонларга кўтарадир ва ҳинд шоири тўғрисида кўпгина маълумот берадир.

Англизча таржумаи ҳол мажмуаларидан биттасининг 1915 нчи йилда берган маълумотиға қарағонда, «Рабиндранат Тагўр» Калкутта дорилфунунининг адабиёт дўқтиридир. 1861 нчи йилнинг 6 майида магариш (аллома) Дибиндранат Тагўрнинг сулбидан дунёға келган Дорканат Тагўр деган шаҳзоданинг набирасидир. 1885 нчи йилда (24 ёшида) уйланган. Бир ўғли ва икки қиз бор. Бангала вилоятида Болпур шаҳрининг яқинида Шанти Некитон деган жойда турадир.

Болалик ва ёшлиги Калкуттада ўтган. 1901 нчи йилда «Шанти некитон»да бир мактаб таъсис қилди, у мактаб ҳозирга қадар унинг ҳаётида катта бир иш бўлуб келадир. 1912 нчи йилда Англияни зиёрат қилди ва «Гитонжоли» китобчаси англиз тилида босилиб чиқди. 1913 нчи йилда Нўбилнинг адабиёт мукофотини олди. Бангала тилида 30 қадар тизма (шеърли) асарлар, 28 та сочма асарлар (ҳикоя, мақола, нутқ ва драмалар) бостириб чиқарди. («Тагўр» — англизча айтилишидир. Асл бангалча ҳиндчаси «к» билан «Такўр»дир. Ч.)

1913 нчи йилда ҳам англизча таржумаи ҳол мажмуаси мундан ортиқ маълумот бермайдир.

Тагўр қадим наслли бир брахман оиласига мансубдир. Уоила Калкуттада «Тагўр» номли кўчада 150 йилдан кўпроқ бир замондан бери истиқомат қиладир. Тагўрлар оиласи қадим замонлардан бери Оврупо билан муносабат қилиб, унинг урфонини ўрганиб келган, Рабиндранатнинг катта бобоси Дорканат Англия ва Франсияга бориб, ўша вақтнинг қироллари (Виктория ва Луи Филипплар) билан кўришган. Ўз отаси «аллома» маъносида бўлғон «магариш» лақаби билан лақабланган. Ўзининг таржумаи ҳолини ёзғон ва у асар англизчага таржума қилиниб босдирилғон. Унинг бир биродари шуҳратли рассом бўлиб, ҳунарлари Англиянинг расм кўргазмаларита чиқадир. Яна бир биродари Суриндрама Гун 1875 йилда Калкуттада ҳинд мусиқаси тўғрисида англизча бир китоб босдиртқон.

Тагўрнинг энг катта ва Шарқ руҳи билан Ғарб асосини бирлаштирган асари «Шанти некитон»да очқон мактабидир. У мактаб 1901 нчи йилдан бери давом қиладир ва ўзи ўрмонлар орасида, отасининг ёлғиз қолиб ўйлашни севган жойида очилғондир. Дарахтлар орасига томи майса кўкатлардан ёпилғон олачиқлар (капалар) тикилган, улар — шогирдларнинг ётоқхоналаридир; муаллимларнинг уйлари ҳам ўшанда, шогирдларнинг адади 200 га етадир. Мактаб тамоман ҳинд тарзидадир, ўқитғучи ва ўқиғувчилар — кийим, яшаш, урф-одат ва англаш жиҳатидан асл ҳиндилардир. Дарслар очиқ ҳавода бўладир. У мактабга Англия ҳукумати моддий ёрдам бермакчи бўлғонда Тагўр рад қилғон ва мунинг сабабини шоирнинг ўзи бир зиёратчига тинч бир жилмайиш билан жилмайиб туруб, мана мундай кўрсатган: «Улар менинг болаларимни искамия (курси) ларда ўлтуришқа мажбур қилар эдилар, менинг фикримча улар дарахтлар остида ва бўйралар устида ўлтуруб ўқусалар яна, яхшироқдир». Мактабда шу миллий хусусиятлардан бошқа бу кунги Ғарб мактабларининг меҳнат ва мухторият асоси ҳам татбиқ қилинадир. Чунончи уй ишларининг ҳаммасини — то кир ювишгача болаларнинг ўзлари қиладилар, рўзғор, хўжалик ишларини болалар орасидан сайланғон қўмита бажарадир, мактаб мудирини ҳам муаллимлар ўз ораларидан сайлайлар. Тартиб ва интизомни катталар суди билан кичиклар суди амалга қўядир ва иккаласи ҳам сайланиб қўйиладир.

Тагўрга «ўлим»нинг зарбаси ҳам жуда қаттиғ бўлғон. Шунинг учун унинг асарларида «ўлим» тўғрисиға кўб учратиладир. 1885 нчи йилда биродарининг хотини ўладир; 1902 нчи йилда хотини, ўғли ва қизи ўладир; 1905 йилда кичик ўғли ва отаси ўладир. 1918 да яиа бир қизи ўладир.

Тагўрнинг шеърлари ҳаммаси дегундай куйли, куйлари — халқ куйи. Унинг ҳар бир шеъри ўз куйи билан халқ орасида ўқуладир, у ўз шеърларига куйлар ҳам топадир, нўта ҳам ёзадир. Бу улуғ киши тўғрисида узунроқ ёзишни бирорта жиддий асари ўзбекча чиқар вақтқа қолдириб, бу сафар унинг бир ашуласини тизма йўли билан таржума қилиб берамиз (адабиёт бўлумида).


________________

Тагўр ва тагўршунослик. — «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 11—12 қўшма сонида эълон қилингаи.

Гандҳи — Маҳандас Карамчанд (1869—1948) — Ҳиндистонда миллий озодлик курашининг раҳнамоларидан бири, таниқли мутафаккир. Ҳинд халқи уни «Маҳатма» (буюк қалб) деб атаган.

«Яитс» — инглиз исмининг араб алифбосидаги ёзилишини шартли равишда қолдирилди. Чўлпон назарда тутган кишининг номини топишга муваффақ бўлолмадик.

«Қадим наслли браҳма оиласи» — Ҳиндистондаги табақаланишга кўра браҳманлар олий табақа кишилари саналган бўлиб, улар катта имтиёзларга эга бўлганлар.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин