Саналар
19.07.2018
Баннер
Исҳоқхон Ибрат. Миллатни ким ислоҳ этар? (1914)
PDF Босма E-mail

МИЛЛАТНИ КИМ ИСЛОҲ ЭТАР?[1]

Биз Туркистон мусулмонлари орасинда хилофи шариат одатларини кўплиги ҳар кимға маълумдир. Мунинг дафъи ва ислоҳини ким этар? Бизни фикримизча, мунинг дафъу ислоҳиға уламо ҳазароти камари ҳиммат боғлаб, муқаддас меҳробу минбардан ваъз сўйлаб, аҳолиға аҳкоми шариатни билдуруб, байтуллоҳ ҳукминдаги масжид ва жомеъларида эрта-ю кеч амри ба маъруф ва наҳй аз мункар этиб, халойиқ англайтургон бир тил илан панду насиҳат этсалар ҳам мунинг ҳеч қўймасдан ҳар кун баъд аз намози фажр ва баъд аз хуфтон доим мухталиф мавзуълардан баҳс этсалар, албатта, таъсирсиз қолмас. Хусусан, муқаддас масжидға сўйлаган ваъз ҳар бир мўъмин қалбина ду боло таъсир этар.

Қуръони карим амри маъруф ва наҳйи мункар этмоқ учун мавъизан панду насиҳат учун кўп оятлар борлиги уламо ҳазаротлариға маълумдир.

Олами исломни ҳар тарафидаги масжидларда халқ тили илан ваъзу панд этмоқ жорийдир. Ёлғиз Туркистон ва Бухороға, билмайман, на сабабдан жорий эмас. Онингчун халқни ахлоқу одоби исломияси кундан-кун бузилмоқда. Ори, бизни масжидда «салоти Масъудий»ни бечора авом англамайдур. Зотан, оти имомларни ўзлари ўқимоқлари лозим. Лоақал, мазмунини авомға тушундурмоқ керак. Ҳолбуки, халойиқға зарурроқ, керакдур. Бугун кўпайган бузуклик ва фасодларни ислоҳи учун ваъз қилмоқ керак. Заруриёти диния ва ахлоқи исломияни аларға таълим ва танбеҳ қилмоқ керакдур. Баъзан намози фажрдан сўнгра масжидға оми гадойлар ғазал ўқиб, хурофот сўйлаб, ваъз айтган бўлуб садақа жамлар. Бесавод бир гадой оғзиға келганини имом афанди ҳузуринда бемуҳобо сўйлар. Ҳеч ким анга бир нима демас. Ҳолбуки, масжид ичинда гадойлик ва садақа дуруст йўқ эди. Имом афандилар масжидда ваъз айтсалар, халойиқни билмаганини билдурсалар, албатта, иззату ҳурматларида зиёда бўлур. Халойиқда ислоҳ топилур, дунёву охиратда ажрлари ҳам зиёда бўлур. Зотан, уламо ҳазротики, варасат ул-анбиёдурлар, вазифалари таълиму ҳидояти халқуллоҳдур. Кунтум хайра умматин ухрижат лин-наси таъмуруна бил-маъруфи ва танҳавна анил-мункар, ъуламау умматий каанбийаи бани Исроил оят ва ҳадисларининг шаъни шудур.

Собиқ «Самарқанд» жаридаси ва «Ойна»да ҳам бир неча дафъа мундан баҳс бўлуб эди. Алҳамдулиллаҳки, идораға яқинда хабар олиндики, Самарқандни Хожажон Хожа маҳалласининг имоми муҳтарам домла Ҳожи Абдуғаффор жаноблари бир неча кундан бери халқ тили илан баъд аз намоз ваъзи панду насиҳатға бошлабдурлар. Намозгузорлар ниҳоят рози эмишлар ва ададлари ҳам кўпайибдур. Ваъзларида таъсирини оз бир муддатда кўрсатибдур. Аллоҳ таоло бу имом амсолини кўпайтирсун. Домла Абдулғаффор жаноблари бир неча саналар Ҳарами муҳтарами Набавий ҳазратларининг Самарқандда бу амри лозимни бошлаганлари учун табрик этармиз. Ори, уламо қавмидиндурлар. Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур.


«Ойна», 1914, 12-сон, 274 — 275-бетлар



[1] Мақолада пайғамбарларнинг вориси бўлган олимларнинг бурчлари ва вазифалари хусусида сўз юритилади. Жумладан, уларнинг омма тарбиясига масъул эканликлари, маърифат тарғибига эътибор кўрсатишлари зарурлиги таъкидланади.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин