Саналар
13.11.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Хидматга туҳмат (1922)
PDF Босма E-mail

Ҳар бир яхши хидматга қарши унга яраша мукофот тайинламак, ҳеч бўлмағонда қуруқ ташаккур ва раҳмат ўқумоқ табиий бўлса-да, баъзан шундай хидматларга қарши туҳмат эшитмак ва тақдир ўрнида такдир кўрмак ҳам мумкиндур.

Шундай такдир ва тавбиҳ, ҳам ҳаддан ошуқ танқидни «Зарафшон» газетаси ҳам кўруб турадур. «Зарафшон»нинг чиқа бошлағониға саккиз ой бўлди. Бу муддатнинг аввалги икки ярим ойида газетани ўртоқ Ғози Юнус чиқарди. 5-6 ойдан бери ўртоқ Исмоилзода ишлаб турадур. Газета чиқа бошлағондан бери бу кунгача керак оғзаки ва керак мактуб орқали ҳар ёқдан таҳсин ва офаринлар эшитиб келдик. Ҳеч кимнинг танқидини ва ё норозилиғини кўрмадик. Ҳатто газетамизнинг Кафказ ва Қримғача суйилуб ўқулғонини эшитдик.

Фақат бу орада (апрел бошларида) марказий фирқа қўмитасидан бир мартаба танбеҳ ва таълим қоғози олдиқ. Бу мактубда газетамизнинг баъзи камчиликлари ёзилғон ва кераклик таълимот берилган эди. Биз у мактубга жавоб ўрнида хусусий суратда изоҳ ёздиқ ва шунинг билан баробар, газетамизнинг камчиликларини тўлдиришга қўлимиздан келганча тиришиб келдик. Ҳануз тиришмакда бўлсақ ҳам, лекин, маалтаассуф, бу ишга муваффақ бўлолмай турамиз. Газетани кўнглимиз қаноатланурлик даражада чиқара олмай турамиз. Бунинг сабабларини ҳам қуйида сўз мавқеи келганда ёзиб ўтамиз.

Биз ўз нуқсонларимизни эътироф қилиб, шунинг икмолига тиришиб келаётқанимиз бир вақтда букун қизиқ бир танқид ва ҳужумга учрадиқ. Ул танқид ва ҳужум эса бу кунларда марказ (Тошканд)да босилиб чиққан «Коммунист йўлдоши» мажмуасининг 2-3 нчи сонида Қосим ўртоқ томонидан ёзилғон бир мақоладур. Мақола эгаси «Зарафшон» газетасининг баъзи камчиликларини тўғри танқид қиладур. Аммо 1-2 нуқсонидан ўзича аллақандай маънолар чиқариб газета муҳаррирлариға ҳужум қиладур. Кичкина бир камчиликдан каттагина бир «гуноҳ» топиб, шул баҳона билан газетани айбламакчи ва унинг ёзишғувчиларини ким қандай «синф»лар қаториға элтиб қўймоқчи бўладур. Газетамизнинг бурунғи 1-2 камчилигини «дастмоя» қилиб олиб, «Бу фирқа газетасига ўхшамайдур. Бу қандай газета, ким газетаси, кимлар учун чиқариладур?», деб савол берадур-да, яна ўзи «бу саволға газетанинг бошидағилар ҳам жавоб бера олмаслар», деб «даъво» ҳам қилиб қўядур.

Бошлаб унинг ҳақсиз танқид ва тавбиҳларини кўздан кечирайлик. Мақолада ёзиладур: «Газета» «олий сиёсат» билан овора, Фаронсия босқунчилиғи, рус масаласи, Туркия ва бошқаларға газета жиддий аҳамият берадур. Самарқандликларни «олий сиёсат» жуда қизиқдурса керак. Газетага қарағонда шундай фикрга келасан...

Мақолалар кўбисинча яхши ўйланиб ёзилмағон, сиёсий саводга хилоф йўсинда бўлуб, шўролар ҳукумати учун ташвиқот ўрнига, ўқуғувчини «ҳукумат шунақа эканда» дейишга мажбур қиладур. Газетанинг ҳар нумерида байналмиллий масалалар текшириладур. Байналмиллий сиёсат ўнгдан-да, сўлдан-да «таҳлил» қилинадур...

Мана катта камчилик ва «гуноҳ»имизнинг бири шу экан! Сиёсат билан овора бўлиш дуруст эмас экан. Биз айтамизки, сиёсий аҳволдан ёзиш ва хабардор бўлишнинг нима зарари бор экан? Газетачиликнинг бир вазифаси дунёда бўлиб турғон муҳим воқеалардан ўз ўқуғувчиларини хабардор қилиб туриш эмасми? Бу кунларда жаҳонгир ҳукуматлар шўро ҳукуматини йўқотиш ва бутун Шарқни ютиш учун қандай плонлар чизиб турубдурлар. Мана уларнинг мақсад ва йўлларидан Туркистон халқини огохдантириш гуноҳми?... «Газетанинг ҳар нумерида байналмиллий масалалар текшириладур» демак катта ёлғон ва бўҳтондур. Биз фақат январ, феврал ва март ойларидагина сиёсий аҳволдан кўбрак ёзиб турар эдик. Апрел бошларида марказий фирқа қўмитасидан бу тўғрида танбеҳ ва таълимот олғондан сўнг озроқ ёзатурғон бўлдиқ.

Сиёсий мақолаларимиз кўбисинча сиёсий саводга хилоф экан ёки ташвиқотнинг тескариси экан, буни очиқдан-очиқ исбот ва танқид қилинса, биз камчилигимизнинг қайси нуқтада эканлигини билиб, қаламимизни ислоҳ қилар эдик. Инсон хатосиз бўлмас. Балки бизнинг хатоларимиз ҳам анчагина бордур. Фақат бу янглиш ва хатоларимизни тўғри танбеҳ ва танқид воситаси билан тузатишга ҳозирмиз. Лекин бундай туҳмат ёғдуриш йўли билан қилинғон «танқид»ларни биз чин танқидлардан санолмаймиз. Ёлғиз 1-2 гина хатомизни кўзда тутуб мақолаларимизнинг кўбисини «сиёсий саводга хилоф» демак тўғридан-тўғри ҳақсизлиқ ва ҳақиқатдан кўз юмишдан бошқа нарса эмасдур. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимдурким, сиёсатдан гапурма демак, Туркистон халқиға сиёсий аҳволни билиб туриш керак эмас, ёки булар сиёсатни билмай «ҳайвон» каби юрсунлар, демак каби хато бир фикрдур. Тўғриси, бундай сўзлардан мустамлакачилик иси келадур, десак ҳам мумкиндур. Хайр, Туркистон халқининг 90 фоизи илмсиз авом, булар сиёсатга ҳали тушунмайлар, дедик. Қолғон 10 фоизи ҳам сиёсатдан хабардор бўлмасунми? Ёки буларнинг коммунизм сиёсатидан бошқа байналмиллий сиёсатдан хабар-дор бўлишға ҳақлари йўқми?...

Мақола эгаси 2нчи катта «гуноҳ»имизни шул равишда тасвир ва баён қиладур.

Юқорида «Зарафшон» кимнинг газетаси, кимлар учун чиқариладур, деган саволларни берган эдик. Бу сабабсиз эмас эди. Ҳангома ва бир хил «шиор»ларни олайлиқ. Ҳангомаларда «муҳаррир»лар шўролар ҳукуматини «чимчилаш» ва шу маҳалларда тузалишда бўлғон камчиликлардан масхара килиб «кулиш»ни зарур кўрадурлар... Бунда самимий танқид йўқ, фақат кулиш, халққа шўролар ҳукуматини оёғи билан юқори қилиб тасвир килиш бор...» Бундан сўнг ёзадур: «Энди шиорлардан бир мисол:

«Олим бузулса, олам бузулур». Мана бундай шиор (ҳақиқатан, «ақллик» шиор)ларни коммунистлар газетасида кўришга мушарраф бўласиз. Бу, коммунистлар газетасида босилатурғон шиорми?...Бунинг жавобини муҳаррир ўртоқнинг инсофиға топшурамиз».

Мана шул бир неча камчилигимиз учун газетамиз «аллакимлар» газетаси бўлғон экан. Газетамизнинг бундан бир неча ой бурун чиққан сонларидан бир-иккисида (ҳажв ва кулгу бўлумида) аччиғ ҳақиқатдан бир неча фиқра ёзилғон ва шунда бир оз қатиғроқ иборатлар билан баъзи камчиликлар танқид қилинғон эди. Унда Қосим ўртоқ айтганча, ҳукуматни халқ кўзига ёмон қилиб кўрсатиш йўқ эди. Агар биз ул чоғда кучлик шўро ҳукуматининг содиқ ходимлари ичида кичкина бир «таёқ»қа чидалмайтурғон ва унинг «ҳубба»сини «қубба» қилиб кўрсататурғон «хайрихоҳ»ларнинг борлиғини билган бўлсақ эди, таёғимизни бир оз ингичка ва юмшоқ қилиб чиқарғон бўлур эдик. Хайр, балки Қосим ўртоқ истаганча баъзи бир камчилигимизни лозиминча «тасвир» қилишға муваффақ бўла олмағондурмиз. Бунинг учун айб бизнинг қаламимиздадур.

Ҳукуматимиз янги ва ёш бир ҳукуматдур. Бунинг тузулишида камчилик ва хатолар бўлиши табиийдур. Буни Қосим ўртоқ ҳам иқрор қиладур. Биз ҳам биламиз. Лекин шундай камчиликларни жиддий ва тўғри танқид қилишға «мусоада» борми? Танқид қилишқон тақдирда, бошқа бир «хайрихоҳ» афанди майдонға чиқиб тўғри бир сўзи-миздан эгри бир маъно чиқармасми? Сиёсий идораларда бизнинг отимиз аксилҳаракатчилар қаторида ёзилмас-ми?...Бу сўзларнинг ҳар ерда тўғри жавоб шул: «ҳақни айтсак урарлар»...

Мақола эгаси, газетамизда бир муносабат билан бир мақоланинг охирида «олим бузулса, олам бузулур» деган арабларнинг ҳикматлик бир сўзини коммунизм маслакига хилоф деб ёзадур. Шунинг билан баробар киноялик сўзлар билан бизни истеҳзо этиб ўтадур. Қосим ўртоқнинг бу жумлаларини ўқуғон киши гумон қиладурким, бизнинг газе-тамизда шундай «маъносиз» шиорлар кўб ёзилғон ва бу ундан биргина намуна мисол бўлса. Ҳолбуки, бундан бошқа бундай ҳикматлик сўзлар ҳеч вақт ёзилғон эмасдур. Бу ҳам фақат уламомизнинг фитна ва фасодкорлиғи хусусида ёзилғон бир мақоланинг остида ёзилгондур. Бу шиор коммунизм маслакига мувофиқ бўлмаса ҳам, бизнинг шарқ халқиға таъсир этарлик маънидор бир сўздур. Мавқеи келганда шундай ҳикматлик сўзлар ёзиб ўтишдан коммунистлар ҳам зарар кўрмаслар, деб ўйлаймиз. Бу ер Туркистондур. Ёврупо эмасдур. Бунда коммунизмнинг ҳар бир қоида ва қонунини бирдан ҳаётга татбиқ қилиб бўлмайдур. Шунинг учун бундаги газеталарда ёзилатурғон сўзларнинг ҳар бирини коммунизм маслакига татбиқ қилиб ёзиш ҳам мумкин эмасдур. Буни эса олти йиллик тажрибамиз очиқ суратда исбот этиб турубдур.

Ҳол шундай экан, биргина сўз устида мунча дод-фарёд қилиб қиёмат қўптуриш Қосим ўртоқ каби коммунистларнинг шаъниға ярашмайтурғон бир сифатдур.

Энди Қосим ўртоқнинг тўғри танқидлариға ҳам бир кўз солиб ўтайлук. Ул камчиликларимиз қаторида газетамизда маҳаллий хабарлардан, босмачиликдан оз ёзилишини, деҳқонлар ҳаётидан ва деҳқончиликдан тўла маълумот йўқлиғини, фирқа турмушидан озроқ ёзилиб турғонини ёзиб, мақоласининг охирида газетамизнинг деҳқонлар газетаси бўлишини, сиёсат билан унча бош қотирмаслиқни, маҳаллий ҳаётдан кўпрак ёзишни тилаб қоладур.

Биз ҳам шул йўл билан боришни биринчи мақсадимиз деб билганимиз учун бу тўғрида қўлимиздан келганча ҳаракат қилиб турубмиз. Лекин эсизким, газетамизни му-каммаллаштуриш учун моддий ва маънавий кучимиз етишмайдур. Газета молия жиҳатидан ғоят торлиқда қолғон. Шунинг учун маънавий кучимизни ҳам ортдуролмай турамиз. Ҳозиргача газетамизда биргина вазифалик мухбиримиз йўқ эди. Шаҳар ва музофотимиздаги баъзи хабарларни ўзимиз топиб ёзар эдик. Фақат бу кунлардагина бир мухбир оларға муваффақ бўлдиқ. Бу кунгача газетамизда ёлғиз бир муҳаррир, бир мусаҳҳиҳ ва бир таржимон бор эди. Бир муҳаррир қайси бир ишни бажарсун! Газетанинг ҳар сонида мақола ёзсунми, оқча учун кунда ҳукумат идораларида югурсунми, хабарлар ёзсунми ёки ўзи мутахассис бўлмай туриб юз мавзуда мақолалар ёзсунми?

Инсоф қилинсун!.. Йигирма ёшар ёш бир муҳаррир қайси бир ишни қилсун? Шунча оғур шароит ичида ишлаган газета ҳайъати таҳририяси газетани ҳар жиҳатдан қандай мукаммал қила олур? Бу иш мумкинми? Юқорида туриб «газета ундай бўлсун, бундай бўлсун!» деган қуруқ «амр-фармон»лар ёки «тилак»лар билан иш битмас. Оргиқ сўз ва қарор замони ўтуб, иш даври келган. Энди ишлаш керак. Ишламаганларни иш бошидан ҳайдаш керак, «қуруқ сўз қулоққа ёқмас»...

Қуруқ «таълимот» бериш ва «тўртаси чор як» фалсафалар сотиб ўлтуриш афв қилинмаслиқ жиноятдур.

Ўртоқ Қосим айтганча, ҳозирда газетани деҳқон газетаси қилиш мумкин эмас, қилинғонда ҳам фойдасиздур. Биз газетани деҳқон газетаси қилиб сўзимизни қайси саводлик деҳқонға эшитдурамиз? Бу ишдан бурун бошлаб деҳқонлар ичида мактаб очиш, маориф тарқатиш лозим ва шунинг билан баробар секин-секин газетани ҳам деҳқонларға фойдалик бир йўсинда олиб бориш керакдур.

Сўзнинг охирида шуни ҳам ёзиб ўтамизким, бизнинг катта айбимиз бўлса, ул ҳам косалесликни, маддоҳона ва хушомадгўйликни билмаслигимиздур. Шунинг учун тўғрилиқ билан ҳеч кимдан қўрқмасдан ёзатурғон сўзларимиз ўзгаларга қаттиғ тегадур.

«Зарафшон» газетаси, 1922 йил, 21 июнь

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин