Саналар
18.07.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Ёшларимиз ва қизлар тарбияси (1918)
PDF Босма E-mail

Бизнинг Туркистонда бошлаб татар муаллимлари ва сўнгра туркистонли ёшларимиз тарафиндан ёлғуз эр болаларға махсус янги мактаблар очила бошлағониға 15 йилдан ошди. Бу муддатда ҳозиргача бугун Туркистон ўлкасида 50 дан ортуқ мактаблар очилди, лекин камоли шармандалик ила иқрор бўлурға мажбурмизким, шул муддатда ва шунча мактаблар қаторинда болаларимизнинг ярмини ташкил этган қизларимиз учун намуна бўлурлик бир дона «Қизлар мактаби» очилмади, тўғриси, очарға ҳаракат қилинмади. Ҳолбуки, бизнинг Туркистон ёшлари орасида қизлар тарбиясининг аҳамиятини билатурғон зотлар йўқ эмас, оз бўлса ҳам бор эди. Бас, нима учун бу йўдда улар тарафиндан бирлар қадам босилмади?

Бу саволға жавоб ўрнинда баъзи кишилар айтатурғонлардирким: қиз болаларни ўқитмоқ учун Туркистонда иқгидорли муаллималаримиз йўқ эди. Татар қардошларимиздан муаллималар кетирарга замони мусоид йўқ эди. Яъни эски ҳукумат монеъ бўла эди. Шунинг учун бу тўғрида айб ёшларимизда эмас, замондадир.

Мен бўлсам мундай сатҳи юзаки жавобларға ҳеч вақт кўнмайман. Менимча, бу ҳаракатсизликларнинг сабаблари бошқа тарафдан келган. Мана шул очиқ ҳақиқатдир: бизнинг ислом дини хотунларға ўзга динлардан кўброқ ҳуқуқ берган ва ҳурмат кўрсатган, илм ўрганишнинг қарзлиғини эркаклар билан баробар хотун-занларға фарз этган бўлса ҳам, лекин биз мусулмонлар, бохусус, биз туркистонлилар неча замонлардан бери бу ҳақдаги ислом ҳукмларйндан ва ислом таълимотиндан кўз юмиб, хотинлар ҳуқуқини поймол этиб ва аларни ўзимизға асир ҳукминда юрутуб келмакдамиз. Қуръони карим адолат қилмоқ шартила тўртгача хотун олмоқни тажвиз этган экан, бизлар мундай шартларни ҳеч бир риоят этмай, кўп хотун олмоқ пайғамбаримизнинг суннати, савоб деб ўзлиғимизча уч-тўрт хотун оламиз ва аларға истагимизча, чарчаганимизча жавр ва зулм қилиб келамиз. Ислом шариати зарурат вақтиндағина талоқға рухсат берган экан. Биз мусулмонлар шахсий ғаразларимиз ва фосид муддаоларимиз билан гуноҳсиз хотунларимизни сабабсиз талоқ қилиб юборамиз ва аларни тириклай қабрға тиқамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом барча муслим ва муслималарға илм ўрганишнинг фарзлиғини очиқ суратда билдирган экан. Бизлар ўз қизларимизни мактабга юбормай, чор девор орасинда ҳайвон қаторинда қамаб қўямиз ва аларни илму тарбия шарафиндан, дунё саодатиндан маҳрум этамиз.

Нима учун бизлар ўз қизларимизни ўқутмаймиз? Чунки аларнинг вазифалари уй ишлари ва бола тарбиясидангина иборат эмиш. Аммо эр болалар эса, ўқиб чиқғондан сўнг қози, мударрис, имом, лоақал муаллим, мирзо ва савдогар бўлалар эмиш. Шунинг учун буларни ўқутмоқ керак эмиш.

Мана, биз мусулмонлар неча асрлардан бери шундай ёмон одатлар ва бузуқ эътиқодлар билан яшаб келган ва бу одат билан эътиқод бизларнинг тамоман руҳимизда ва қонимизда сингишиб қолған. Шунинг таъсири иладирки бизнинг Туркистон ёшлари нуфузимизнинг ярмини ташкил этган беш миллионлиқ маънавий ҳамшираларимиз учун 15 йил ичинда лоақал бир дона мунтазам мактаб очмадилар ёки хотунлар ҳуқуқини ҳимоя учун бирор турли ҳаракат қилмадилар.

Матбуотимизға келсак, 15 йил ичинда Туркистонда неча турли ғазета ва мажмуалар чиқоридди. Лекин аларнинг («Садои Туркистон»дан бошқа) ҳеч бирисинда бу тўғрида аҳамиятли бир мақола ёзилмади. «Садои Туркистон» ғазе-тасинда хотун-қизлар ҳақинда бир неча мақолалар ёзилди. Чунки ул ғазетанинг муҳаррири татар қардошларимиздан Абдурауф афанди Музаффар[1] эди. Агар ул ғазета бизнинг қўлимизда бўлса эди, унда хотунлар тўғрисинда бирор мақола ҳам ёзилмағон бўлур эди.

14-15нчи йилларда мазлума хотунларни ҳимоя этиб, ўз шевамизда икки дона тиётру рисоласи нашр этилди. Бу рисолалар татар ёшлари тарафиндан тақдир этилиб, Самарқандда такрор саҳнаға қўйилғон бўлса ҳам, лекин Туркистон ёшлари тарафиндан қуруқ ҳусни таважжуҳ кўрмак шарафиғада нойил бўлмади.

Русия инқилоби кабириндан сўнг татар қардошларимиз хотунлар ҳуқуқи тўғрисинда қўллариндан келганча тиришдилар. Қурултойларинда бу хусусда музокара ва мубоҳасалар этдилар.

Аммо бизнинг Туркистон ёш ва зиёлилари хотунларнинг ҳуқуқини талаб этарлик шундай мавқе ва мажлисларда ҳозир бўлғонларида бу ҳақда хидмат ўрнинда жиноят қилиб келдилар. Чунончи, Масковда бўлғон умуммусулмонлар қурултойиға борғон туркистонли бир вакилимиз хотунлар ҳуқуқинда сўз очилғоч, ҳеч бир уёлмайинча мажлисда чиқиб айтган эдики: «Биродарлар! Бизнинг Туркистон хотунлари татар хотунлари истаган ҳуқуқни истамаслар. Зинҳор бу тўғринда бизнинг хотунларни қотишдирмангиз!»

Бултур Хўқандда Туркистон Мухторияти эълон қилинғон қурултойда Самарқанддан борган муслима бир вакилага хотинлар ҳуқуқиндан сўйларға мажлис тўриндаги ўз зиёлиларимиз тарафиндан рухсат берилмаган эди.

Ушбу сўнг кунларда Туркистон маркази бўлғон Тошкандда «Халқ дорилфунуни»нинг ибтидоий қисми номи ила ўнлаб мактаблар билан «дорилмуаллимин» курси очилди. Аммо булар қаторинда кўпдан бери тўрт кўз ила кутиб турдикимиз бир дона «Қизлар мактаби» очилмади. Лоақал, «дорилфунун» шўросининг келар замонда шундай мактаблар очарға ташаббус этажаги ҳақинда бирор хабар эшитилмади.

Хулоса, ҳозиргача бизнинг Туркистон ёшлари, қизларни ўқутмоқ ва ҳуқуқи машруъисиндан маҳрум қилинғон миллиюнларча мазлума ҳамшираларимизни ҳимоя этмак йўлинда тилға олурлик бирор турли ҳаракатда бўлолмадилар. Ҳаракатсизликлари сабабли келар замондаки ўз болалари қошинда тарихий масъулиятда қолажақларини бир даража эслариға ҳам тушурмадилар...

Иншооллоҳ, биз мундан сўнг хотун-қизлар ҳақинда ёзилғон мақолаларға ғазетамизда мамнуният ила ўрун берармиз. Хотунларни ҳимоя ва қизларни тарбия этмак чоралари тўғрисиндаги хусусий фикримизни ҳам ғазетамизнинг келаси рақамлариндан бирисинда ёзармиз.


«Меҳнаткашлар товуши», 1918 йил, 28 июнь


[1] Муҳаррир Убайдулла Асадуллахўжаев бўлган. — Н. Н.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин