Саналар
20.11.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Янги асар (1914)
PDF Босма E-mail

«Ойна» журнали муҳаррири Маҳмудхўжа афанди «Падаркуш ёки ўқумағон боланинг ҳоли» исмли тиётруга қўймак учун махсус бир рисола таҳрир ва нашр этубдурларки, ўқуб чиқдук. Туркистон шевасиға ёзилғон ушбу рисолада Туркистон маишатидин бир фожеани ғоят муассир равишда тасвир этилмишдур. Бу рисоланинг хулоса мазмуни ушбудир: Туркистонлик бир бой ўз ўғилларини ўқутмагони учун суҳбат асносида бир мулло насиҳат берар ва илмнинг ҳар ким учун лозими тўғрисида сўйлар. Бой бунинг сўзиға қулоқ солмай, бечора муллоға қаттиқ сўзлар ила муқобала этар. Мулло ҳам томоғи куйуб, бой меҳмонхонасидин аразлаб чиқуб кетар. Мундин кейин бир зиёли мусулмон келуб, бул ҳам шул ўғилларини ўқитмагани учун хейли насиҳатлар берар. Мунга-да бой малолат ила қулоқ солуб, охири мудраб ухлаб қолур. Бечора зиёли бойнинг бу ҳоли асаф иштимолини кўруб, камоли таъсиридин йиғлаб, бойнинг хонасидин чиқиб кетар. Бойнинг ўғли ёмон одамлар ила пивахона ва фоҳишахоналарға юриб, андоғ фисқ ва фужурни қилур. Бир кеча пивахонада жўралари ила шароб ичишиб, маст бўлуб турганлари чоғда буларнинг кўнгли бир фоҳишаға кетар. Они суҳбатлариға чақирмоқчи бўлурлар. Фоҳиша эса ўн беш сўм олмасдин бурун буларнинг мажлисиға келолмасликини баён этар. Буларнинг киссаларидин беш сўмдин зиёда пул чиқмас. Мастлик устиға пулсизлиқ хижолати буларнинг бошларини зиёда қиздирар. Охири, бойнинг меҳмонхонасида сандуқдаги ақчасини ўғурламоққа қарор беруб, ўғурлик асбобларини бирга олуб, бой ётган меҳмонхонаға боруб кирарлар. Сандуқни очган вақтда бой уйғонуб буларни калтак ила урмоқчи бўлур, шу чоғда бойбачча келуб, отасини қўлтиқлаб ушлар. Жўраси бойни пичоқлаб ўлдурар, сўнгра пулни олуб пивахонаға келуб, фоҳишани чақируб олурлар. Шул кайфу сафо асносида пристуф хабардор бўлуб, полисалар ила келуб буларни босиб олур, ҳибс этар. Тафтишдин сўнг булар Сибирга ҳукм этилур. Мана бундин олинадургон ибратимиз шулки, бой фарзандларини ўқитмагони учун фарзандлари ўз бошиға бало бўлди ва ўзлари ҳам умрлик Сибирга кетуб, на дунёдин, на отаси давлатидан бахт ва роҳат кўрмадилар. Бу фойдали рисоланинг мутолаасини туркистонлик ёш биродарларимизга ҳам тавсия этармиз. Баҳоси 12 тийиндир.

«Туркистон вилоятининг газети»,

1914 йил, 2 январь

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин