Саналар
13.11.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Марҳум Шокир Мухторий (1922)
PDF Босма E-mail

Туркистонда тараққий ва тажаддуд йўлида кўп хидмат қилғонлардан бири марҳум Шокир афанди Мухторийдир.

Шокир афанди Туркистонда тахминан 15 йил таълим ва тарбия йўлида хидмат қилиб келган маъруф муаллим ва муҳаррирларимиздан эди. Марҳум 1920нчи йил 26нчи де-кабрда Жиззах касалхонасида чихутқа (сил) хасталиғи ила вафот этди.

Шокир афанди муқтадир бир муаллим, ўткур қаламли бир муҳаррир эди. Туркистонда қаҳат ур-рижоллик бир замонда энг керак бўлғон шундай зотдан айрилишимиз биз учун зўр мусибат ва улуғ зиёъдир.

Шокир афанди 1906нчи йилларда Фарғонаға келиб шунда 10 йилдан зиёда бир муддат муаллимлик этди. 1917нчи йил феврал инқилобидан сўнг оиласи билан Самарқандға кўчуб келиб, шунда тура бошлади. 1918нчи йил июн бошларида чиқа бошлағон «Меҳнаткашлар товуши» газетасиға кириб ўн ой чамаси қалами ила хидмат қидди. Ондан сўнг дорилмуаллиминда ва турли қурсларда муаллимлик қилиб турди. 1920нчи йил хасталанган бўлса-да, шул ҳол билан яна бир неча ой муаллимлигида давом этди. Охири хасталиғи зўрайиб хейли вақт ўз уйида ва сўнгра бир неча ой Самарқанд касалхонасида ётди.

Сўнгра 1920нчи йил ёз фаслида бир дўстининг далолат ва ёрдами билан қимиз ила даволанмак учун оиласини олиб Жиззахға кўчди ва шунда касалхонада вафот этди.

Шокир афанди, бир ёқдан, илми ила халқ болаларини тарбия этдигидек, иккинчи ёқдан, қалами ила матбуот ошиқларини истифодаландируб турар эди. Анинг шеърлари Ўринбурғда чиқатурғон «Шўро» мажалласида, истифодали мақолалари Туркистон ва Фарғонада чиқатурғон рўзномаларда босилиб турар эди.

Шокир афандининг осори қаламияси анчагинадир. Ул Фарғонада турғон вақтида «Ким қози бўлсун?» асарини ёзиб чиқарди. Самарқандда турдиғи вақтларида ўктабр инқилобидан сўнг «Сусиёлизм нимадир?», «Ер ҳақида икки турли фикр» ҳам «Турк тилининг усули таълими» ном рисолаларини ёзди. Бу рисолаларнинг барчаси матбуъадир.

Булардан бошқа Шокир афандининг ёзиб тамом қилғон улуғ бир асари бор эдиким, анинг исми эсимда қолмағон. Яна бир неча асарлари бўлса-да, нотамом ҳолида қолғон.

Шокир афанди тақрибан қирқ ёшида эди. Марҳумдан бир хотун, Мидҳат ва Талъат исмларида икки ўғул, Фоиза ва Ноила исмли икки қиз қолди. Булардан Мидҳат 16 ёшларида бўлуб, илгари Самарқанд дорилмуаллиминида ўқур эди, ҳозирда зироат мактабида ўқумоқдадир.

«Инқилоб» журнали, 1922 йил, 3-сон

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин