Саналар
21.11.2017
Баннер
Мунтахаб ат-таворих (1)
PDF Босма E-mail

«Мунтахаб ат-таворих» (Сайланган тарихлар китоби) асари муаллифи Муҳаммадҳакимхон ибн Маъсумхон тўра Қўқон тарихнавислик мактабининг йирик намояндаси хисобланиб,  муаллиф Хақидаги маълумотлар асосан шу ёзма ёдгорликнинг ўзида келтирилган, шунингдек, бу тарихий манба ва унинг яратувчиси борасида Абдулла Қодирий, Александр Александрович Семенов, Азиз Қаюмов, Ахрор Мухторов, Бўрибой Аҳмедов, Энвер Хуршут, Шодмон Воҳидов каби олимлар қимматли фикрлар билдиришган.
Академик  Азиз   Қаюмов   эса   ушбу   сатрлар   муаллифи   билан   бўлиб   ўтган   сухбатларда Мухаммадхакимхон қаламига мансуб «Мунтахаб ат-таворих»нинг кўп жиҳатлари билан Бобур подшоҳнинг машхур мемуар асари «Бобурнома»га ўхшашлиги хақидаги нуқтаи назарни ўртага ташлаган эдилар. Эслатиб ўтиш жоизки, ушбу қўлингиздаги ўзбекчага таржима хам ана шу қарашларга кўра айнан Азиз Қаюмовнинг маслахати ва қўллови билан амалга ошди. Ўзбекистонда манбашунос олим Энвер Хуршут тамонидан «Мунтахаб ат-таворих» махсус ўрганилган. Э.Хуршут ўз тадқиқотларида асарнинг нусхалари, унинг манбалари, тарихий ва адабий манба сифатидаги ахамияти, мемуар жанридаги Ушбу муқаддимани ёзишда Э.Хуршутнинг мазкур тадқиқотларидан хам кенг фойдаланилди. «Мунтахаб ат-таворих» асарини Мухаммадхакимхон форс-тожик тилида Китоб ва Шахрисабз шахрида 1259/1843 йилнинг ёзларида ёзиб тугатган. Мазкур асар Қўқон тарихнавислик мактабининг ғайрирасмий тарихий асарлари сирасига киради. Унинг илова қисми эса 1844 йилнинг охири ёки 1845 йилда ёзилгани борасида хам ишонч билан фикр билдиришимиз мумкин. Муаллиф нусхасидан шу 1843 йили яна ўнта нусха кўчирилгани хам маълум. Мухаммадҳакимхон асари хонлик худудларида кенг тарқалишидан ўзи хам манфаатдор бўлгани учун ундан нусхалар кўчиришга анча саъй-харакат қилган. Юқорида таъкидланганидек, «Мунтахаб ат-таворих»нинг ўзбек тилидаги қисқартирилган таржимаси хам мавжуд. Бироқ, мазкур нусхани Э.Хуршут П.П.Ивановга ўхшаб асарнинг ўзбек тилидаги талқини деб қабул қилишни тавсия қилади. Изланишлар натижасидан маълум бўлдики, ўзбек тилидаги «Мунтахаб ат-таворих»нинг нусхаси асл форс-тожик тилидаги матнидан анча йироқлашиб кетган. Унда кўплаб хатолар, воқеа ва саналарнинг чалкашлиги, таржимон(лар) томонидан муаллиф услубини соддалаштириш ёки матнга ўзгартишлар киритиш холлари кўзга ташланади.
Бугунги кунда «Мунтахаб ат-таворих»нинг Узбекистон, Тожикистон ва Россия қўлёзма хазиналарида 12 та нусхаси мавжуд. Улардан №С 470 (Россия), №63 (Тожикистон) ва  №592  (Узбекистон)даги нусхалар матнларнинг  тўлалиги ва яхши сақланганлиги билан ўз қийматига эга қўлёзмалар хисобланади. Асарнинг   Шахрисабзда   Мухаммадамин   котиб   томонидан   кўчирилган   бир   нусхасининг факсимилеси икки жилдда 1984 йили Душанбеда чоп этилди. 2006 йили Мухаммадхакимхон Асарнинг тузилиши: асарининг иккинчи жилди араб ёзувида Токиода хам босилиб чиқди.
I боб. Пайғамбарлар.
II боб. Қадимий Эрон сулолалари.
III боб. Чин ва Фаранг шоҳлари.
IV боб. Чахорёрлар, умавийлар ва аббосийлар халифалари хақида.
V боб. 1) Саффорийлар, 2) Сомонийлар сулоласи. 3) Ол Бўя хукмронлиги. 4) Ғазнавийлар. 5) Салжуқийлар. 6) Хоразмшохлар салтанати. 7) Чингиз ва чингизийлар хонадони. 8) Темурийлар. 9) Шайбонийлар. 10) Аштархонийлар. 11) Манғития салтанати. 12) Мингия тоифаси. «Мунтахаб ат-таворих» нусхаларидан Санкт-Петербург нусхасида (С 470) яна илова хам бор. Бу илова хам Мухаммадхакимхон қаламига мансуб бўлиб, унда Шералихон даври (1842-1845 й.) хамда Худоёрхоннинг тахт устига чиқиши баён этилгани (689-707 бетлар). «Мунтахаб ат-таворих»нинг манбалари жуда хам кўп бўлган. Қўқон тарихчиларининг асарлари форс-исломий тарихнавислиги асосида шаклланган бўлиб, уларда умумжахон ва локал (махаллий) тарихга бағишлаб ёзилган асарлар учрайди. «Мунтахаб ат-таворих» асари умумжахон тарихига бағишлангани боис муаллиф тарихни олам ва одам яратилишидан бошлаб, XIX асрнинг ўрталаригача баён қилган. Шунинг учун тақдим этилаётган маълумотларнинг дастлабки қисми бошқа кўплаб тарихий ва адабий манбалар асосида битилган. Шу сабабли улар оригиналлик касб этмай, асарнинг қолган қисми учта мавзуга, яъни Бухоро манғитлари тарихи, Қўқонда хукм сурган минглар сулоласи хамда муаллифнинг чет элларга саёхати баёни бўйича тақсимланар экан, бу маълумотларнинг барчаси Мухаммадхакимхоннинг ўз қаламига
мансуб қимматли манба хисобланади. Тўғри, муаллиф аниқ қилиб кўрсатгани каби, Мухаммадхакимхон ўз асарининг манғитлар қисмини ёзишда Мухаммадвафо Карминагий ва Олимбек ибн Ниёзқулибек қаламларига мансуб «Тухфат ал-хоний», Мухаммадшариф ибн Мухаммаднақийнинг «Тож ат-таворих» ва бошқа муаллифларнинг асарларидан фойдаланган. Бунга асарни тадқиқ қилган олим Э.Хуршут ўз вақтида аниқлик киритган эди. Шунингдек, Мухаммадхакимхон ўша давр воқеаларининг бевосита иштирокчиларидан хам талайгина маълумотларни эшитган ва муаллиф бу фактларни «Мунтахаб ат-
таворих»да махсус қайд этиб ўтади. Минглар ва манғитларнинг хукмронлиги, яъни Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги тарихига оид маълумотлар ўта мухим ва бирламчи манба сифатида биз учун қимматлидир. Шунинг учун хам мазкур манба Қўқон тарихнавислик мактабида (Бухоро тарихнавислигида хам) ўзининг оригиналлиги ва расмий тарихчи томонидан ёзилмагани билан ажралиб туради. Асар муаллифининг саёҳат ва эсдаликлари тафсилоти, шубҳа-сиз, яна хам қимматли манба бўлиши билан бирга уларнинг адиб Мухаммадхакимхон тилидан жонли ва таъсирчан услубда баён қилиниши асарга бадиийлик хам бағишлаган, яъни айтиш мумкинки, муаллиф қисматининг махорат билан бадиий   бўёқларда   ифода   этилиши   «Мунтахаб    ат-таворих»ни   қахрамон-ёзувчининг   ички кечинмаларига хам бой бир саргузашт-роман даражасига кўтарган. Китобда, шунингдек, инглизлардан енгилиб Бухорога амир Насруллох олдига келган афғонлар хукмдори Дўстмухаммадхон ва унинг ўғиллари Акбархон, Султонхон хамда акаси Мухаммадалихондан сўнг озгина вақт хонлик тахтига ўтирган, аммо унгача қувғинликда Шахрисабзда хаёт кечирган Султон Махмудхон ва бошқа айрим нуфузли рухоний, амалдор, шоирлар қисмати улар хикоялари ва муаллифнинг шахсий кузатишлари орқасида вужудга келган фикрлар асносида тилга олинади.
Мунтахаб     ат-таворих»да     муаллиф     учун     манба     вазифасини     бажарган     мактублар (Дўстмухаммадхоннинг Ҳиндистон генерал-губернатори В.Макнотеннинг котиби Лотга мактуби; Султон    Махмудхоннинг    амир    Насруллоҳга    хати;    амир    Насруллоҳнинг    Қўқон    хони Мухаммадалихонга хати ва бошқалар)нинг хужжат сифатида хавола этилиши эса асарнинг тарихий қийматини   яна   хам   оширишга  хизмат   қилган.   Ҳатто   улар   афғон,   хинд   тарихчиларининг маълумотларини тўлдиришга хам яроқлидир. Бундан ташқари асарда муаллиф шарқ шоир ва адибларидан Ибн Сино, Фирдавсий, Умар Хаём, Саъдий, Пахлавон Махмуд, Низомий, Алишер Навоий, Бедил, Хусрав Дехлавий, Иноятуллох Канбу, Ахмад ибн Юсуф, қўқонлик шоирлар Фазлий, Акмал Шер Хўқандий, Нусрат, Бехжат, Амирий (амир Умархон), Хоразм хони Мухаммадраҳимхон I шеърларидан намуналар келтиради. Асарнинг бадиий безаклари сифатида форс-тожик, ўзбек, араб халқларининг мақол ва масалларидан унумли фойдаланилган. Э.Хуршутнинг аниқлашича, муаллиф, хатто битта хитой халқи мақолини хам келтирган.
Ҳакимхон таниқли саййидлар ва хонлар авлодига мансуб оилада 1217/1802-03 таваллуд топган. У она томонидан Қўқон хокими Норбўтабийга (1770-1798) набира ва унинг вориси Олимхонга (1798-1810) жиян эди. У ёшлигида Қўқоннинг бўлғуси хокими Мухаммадалихон (тав.1806 й. Ҳукмронлиги 1822-1842) билан бирга тарбияланади. Мухаммадхакимхоннинг бобоси Ҳакимхонтўра ўша даврнинг таниқли шахсларидан хисобланарди. Унга энг обрўли одамлар, хатто давлат бошлиқлари хам маслахат ва ёрдам сўраб мурожаат этишарди. Ҳакимхонтўранинг аралашуви билан бир неча жанжаллар, айниқса Уратепа билан Бухоро амирлиги ўртасидаги қонли низоларнинг олди олинган. Ҳакимхоннинг отаси Маъсумхон тўра Олимхоннинг синглиси Офтобойимга уйланган эди. Олимхон уни Исфарага хоким этиб тайинлаганда у бу лавозимдан ўз ихтиёри билан воз кечган. Маъсумхон ўта юмшоқ кўнгилли бўлиб, унинг илтимоси билан бир неча минг киши ўлим жазосидан қутулиб қолганлар.

Ҳакимхон яшаётган оила саййид ва хўжалар авлодига мансуб бўлиши туфайли хонликда алохида хурмат ва мавқега эга бўлган. Умархон даврида оила бошлиғи Маъсумхон тўра давлат ишларига ҳам фаол аралашган.
Лекин бу оиланинг тинчлиги, орттирган мавқеи узоққа бормади. 1822 йил охирида Мухаммадалихоннинг хокимият тепасига келиши билан хаммаси остин-устун бўлиб кетди. Ҳакимхонлар оиласи хам бошқа кўплаб кишилар каби янги хокимнинг ғазабига учради. Бу даврларда Қўқон хонлиги энг кучли давлатлардан бирига айланганди. Унинг қўшнилари хам бу давлат билан хисоблашмасдан иложлари йўқ эди. Қўқон хонлигига асосан 1709 йилдан бошлаб асос солинган. Бу пайтда мазкур хонлик Бухоро амирлигидан алохида мустақил равишда шаклланиб, Норбўтабий хукмронлиги йилларида Фарғона водийси ва Хўжанд (хозир Тожикистондаги Сўғд вилояти) худудларини ўз ичига олган. Олимхон хукмронлиги йилларида бу хонлик чегаралари янада кенгайиб, Тошкент ва Чимкент шахарларини хам ўз ичига олди. Умархон хонлиги даврида эса Туркистон
шахри, Еттисувдан Или водийсигача Қўқон хонлиги таркибида эди. Мухаммадалихон хукмронлиги даврида Қўқон хонлигига қозоқ ва қирғизлар яшайдиган катта Худудлар хам бўйсундирилди. Унинг давлат чегаралари жанубдан Жиззахгача, ғарбдан Туркистон шахри атрофларигача, шимолдан қирғизларнинг бутун худуди бўйлаб, Балхаш кўли ва Или дарёсидан то Шарқдаги Қошғаргача чўзилган эди. Мухаммадалининг давлат тепасига келиши кучли тазйиқ ва қувғинлар билан ажралиб туради. У кўпгина кишилар, биринчи навбатда Маъсумхон ва Ҳакимхоннинг хам ўз юртидан бош олиб чиқиб кетишига сабабчи бўлди. Бунинг замирида аслида янги хоннинг яккахокимликка интилиши, илгари нуфузга эга бўлган хўжаларни хокимиятдан четлатиш мақсади турса-да, Мухаммадхакимхон тўра мазкур китобида кўпинча бунда адоватчи, хасадгўй амалдорларнинг ичи қоралигини сабабчи қилиб кўрсатишга майл билдириб, уларнинг қутқуси орқасида Маъсумхон ва унинг ўғли, яъни ўзи каби зиёли кишиларнинг бадарға этилганига урғу беради.
Рус олими В.Наливкиннинг таърифлашича, «ўз даврининг ёрқин фикр эгаси бўлган, ўша машъум тузумда инсонпарварлиги билан ажралиб турувчи», юксак билим эгаси, юқори табақага мансуб бўлишидан қатъи назар, ўз умрини қувғинлик ва дарбадарликда ўтказган Маъсумхон хаёти фожиали якунланади.
Хонликдан Маъсумхонни чиқариб юборишга эришган Мухаммадалихон кўп ўтмай Ҳакимхон тўранинг тадбирига тушганди. Бироқ, хон эл орасида Ҳакимхон тўра каби эътибор топиб улгурган хўжазода тўрани ўлдиришга ботина олмайди ва нихоят унинг ёлғиз ўзини, гўё хажга рухсат берган бўлиб, аммо, уйидан бир танга хам олишига йўл қўймаган холда ярим кечаси Қўқондан, ундан ўтиб эса хонлик сархадидан посбонлар хамрохлигида чиқариб юборади. Ҳакимхоннинг машаққатли саргузаштлари бошланади. У одам юрмас чўл-биёбонлардан ўтиб, Русияга қарашли Шамай шахрига етиб келади. Унинг чет эл давлат тузуми ва сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий хаёти билан танишиши ана шу Шамайдан бошланади. «Уткан кунлар» қахрамони Отабекка ўхшаб у хам рус давлат тизимидаги кўп тартиб-қоидаларни мақтаб тилга олади. Ҳакимхонтўра Сибирнинг бир неча губернияларида бўлади. Лекин зийрак Ҳакимхон қайси губернияга борса хам у ернинг губернатори ёки мансабдор шахслари билан учрашмасликка харакат қилади. Учрашувга рози бўлмаслигининг сабаби уларнинг Петербургга бориш хақидаги ёқимсиз сухбатини эшитмаслик эди. Бироқ, тақдирдан қочиб қутилиб бўлмайди. Ҳакимхоннинг Оренбургда туриши ўша вақтларда Сибир бўйлаб саё^ат қилиб юрган Александр I нинг бу шаҳарга ташрифи вақтига тўғри келган бўлиб, подшохнинг буйруғига мувофиқ, Ҳакимхонни унинг хузурига олиб борадилар. Рус хукмдори Ҳакимхонни катта иззат-икром билан қарши олади. Мазкур учрашувда подшох Ҳакимхондан Урта Осиёдаги сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий вазият хақида хам маълумот олади ва бу хақда муаллиф шундай ёзади: «...Мен билан подшох ўртамиздаги сухбат эса жуда хам қизиб, авжига минганидан ўша кечаси бошқа хеч кимсани хузурига таклиф қилмади. Мен билан хар тўғрида сўзлашди. Айниқса, Мовароуннахр ахволи борасида кўп сўраб-суриштирди. Сахарга яқингина каминага кетиш учун ижозат берди...»
Шу ерда бироз рус подшохнинг Ҳакимхон шахсига қизиқиши ва муаллифнинг нимадандир чўчиб, сухбатлар мазмунини бир сатр орқали бўлса хам ёритмагани, хатто, бошқа йўллар билан ишора қилмагани устида фикр юритсак. Албатта, муаллифнинг ўз сири сифатида буни айтмасликка хақ-хуқуқи бор. Аммо, бизни қизиқтиргани шуки, Ҳакимхон тўранинг ўқувчини бу мавзудан чалғитиш учун хадеб ўзини губернаторлар ва рус подшох билан учрашишга нолойиқ «бир сайёх» сифатида кўрсатиши ёки «Мовароуннахр аҳволи борасида кўп сўраб-суриштирган» Александр I билан амалга ошган сухбат мазмунини сира хам эслатмаслик йўлидан бориб, бу хас-пўшлаш орқали биздан нимани яширмоқда? Биринчидан, Ҳакимхон тўра айнан ана шундай учрашувларга ўта лойиқ киши бўлиб, у хам хон авлодидан экани, хам рухонийлар хонадонидан чиққани билан давлатга даъвогарлик хуқуқига эга шахс-ку! Шундан келиб чиқиб, айта оламизки, бу каби шахслар Ҳакимхондан илгари хам, кейин хам (масалан, акаси тазйиқидан қочган Бухоро шоҳзодаси Дин Носирнинг Петербургга бориши) Ўрта Осиё ерларига кўпдан бери кўз тиккан рус давлатини қизиқтириб келиб, улардан фойдаланишдан хеч қачон воз кечишмаган. Чунки, бунинг Урта Осиё давлатларини ўз таъсири доирасига олишда жуда хам қўл келиши аниқ эди. Кўрганимиздек, Александр I мазкур ўтиришга чингизий авлоддан қозоқ аслзодаларини хам таклиф этган. Рус хукмдори гарчи улардан ижирғанса, менсимай устларидан кулса хам улар билан учрашишдан тортинмаган. Ҳакимхондек ўқимишли ва зукко, доно аслзода билан учрашиш эса нур устига нур бўлиб, бунда у фақат Мовароуннахр хақида шунчаки маълумот олишнигина кўзда тутмаган. Тарихдан биламизки, Рус подшохи Павелга суиқасд уюштирилиб, ўлдирилиши оқибатида унинг Наполеон Бонапарт билан хамкорликда Англия вассали Ҳиндистон устига харбий юриши режаси амалга ошмай қолди. Бу юриш Эрон усти орқали уюштирилиши лозим эди. Айни пайтга келиб эса Александр I хам ана шундай юриш пайига тушиб, Ҳиндистонга Урта Осиё ва Афғонистон орқали ўтишни режалаштирган, афғонлар сарзамини эса инглизлар томонидан ишғол қилиниб, хар икки давлат Урта Осиёга хам кўз тикаётган эди. Қолаверса, иккала Рус-Эрон урушидан (1814, 1824) сўнг Қафқозни ўз таъсир доирасига олган Россия давлати Эроннинг шимоли-ғарбий худудларида хам назорат ўрнатишни кўзлаётганди. Шунинг учун руслар Урта Осиё давлатлари билан яхши иттифоқчи, ёки бўлмаса Хива, Бухоро ерларини босиб олишга қасд қилган эдилар. Албатта, бундай холда бирор сиёсий фитна уюштириб, бу сингари можародан хам фойдаланишлари хеч гап эмасди. Ана шу мақсадда эса уларга Ҳакимхон тўрага ўхшаш сиёсий сиймонинг асқотиши турган гап эди. Россия хукмдори шунинг учун хам Оренбургдаги учрашувга қарамай, Қўқон давлатининг норасмий вакилини Петербургга таклиф этиб, ўз режасини харбий бошлиқлар орқали унга етказиш, яъни ўз давлатидан норози ва аламзада Ҳакимхондан янги хукмдор «ясамоқчи» бўлган эсалар ажабмас. Балки, бошқа киши бўлганда бунга кўнар ёки бироз вақт бўлса-да, шу мақсадда харакат қилиши мумкин эди. Бироқ, юқорида кўрганимиз каби ватанпарвар ва динпарвар Ҳакимхон гарчи Мовароуннахрнинг сиёсий ва иқтисодий ахволи хақида гапириб берган бўлса-да, асл мақсад ва унинг оқибатларини яхши англагач, Петербургга бориш, аниқроғи, у ерда воқеалар гирдобига тушиб қолишдан ўзини қутқарганча, хажга бориш хақидаги қасамини яхшигина рўкач қилган кўйи тезроқ Россия худудидан чиқиб кетишга ошиқади. Шундан сўнг Россия давлати унинг кўзига ёмон кўринаверади, хатто, Астраханда тутқунликда турган черкас шохзодасини ноқонуний хужжат билан таъминлаб, асирликдан қутқаради ва асарининг айрим ўринларида рус давлати мансабдорларини ёмонлаб тилга олади. Оренбургда пайти Александр I Ҳакимхонни томоша қилдириш учун турмага олиб киради. Бу ердаги ўта оғир шароит ва махбусларга қилинаётган ғайриинсоний муносабат Ҳакимхонда ёмон таассурот қолдиради. У Россиядаги турма тизимини рус подшоҳи хузуридаёқ очиқдан-очиқ қоралайди. Шунингдек, бу мамлакатда ноқонуний туғиш холлари кўп эканини «харомзодахоналар» мисолида кўрсатиб, бундай болаларни давлат ўз химоясида тарбиялаб вояга етказгач, давлатнинг бунинг эвазига улардан эрксиз жамият аъзолари вужудга келтиришидан нафратланади. Яна айтиш лозимки, Ҳакимхоннинг ватанпарварлиги бошқа ўринда хам намоён бўлади. У турклар империясига қарашли ажойиб, сўлим ва фаровон шарқ ўлкаларига етгач, дастлаб ўзини қайтиб борса, тахдид-тазйиқлар билан қарши олувчи Ўрта Осиёга қайтмасликка ахд қилади. Аммо, бу ерларни хам обдон кўргач ва ота ватанида содир бўлаётган сиёсий можаролар кучаяётгани хақида хабар топгач, ватан ободлиги ва халқи тинчлигини ўйлаб, тезда Мовароуннахрга қайтиш кўйига тушади. Узга юртларда ўзи учун яратилган барча қулай шароитлардан (масалан, Миср генерал-губернатори Мухаммадали пошо уни ёнида қолишга чақиради ва барча шароитларни мухайё қилишини билдиради) ва хар қандай юқори мансаблардан, хатто, имкони туғилиб Европага бориб келишдан хам воз кечади. Диндор сифатида Каъба хаваси уни қанчалик ўзига тортган бўлса, ўз ватанининг чин фарзанди сифатида юрт-эл севгиси хам Ҳакимхонни шунчалик оханрабодек ўз бағри сари чорлайди. У бу йўлда ўлимига хам рози бўлиб, шиа мазхабли эронликлар хуружи ва қароқчи туркман сахройилари хужумига хам қарамай, минг азоб-уқубатда Мовароуннахрга етиб олади. Шу ўринда сал олдин ўтиб бўлса-да, Ҳакимхоннинг бошқа ана шу каби шарафли хислатларига тўхташга тўғри келади. Ҳакимхон халққа жабр-зулм етказувчи хар қандай тузумдан ўта нафратланар эди. У хаждан қайтгач, Бухорода тураркан, ноиложликдан амир Насруллохнинг қайта-қайта илтимос-ўтинчларига кўра давлат хизматига киради. Бироқ, унинг халққа зулми хаддан зиёд экани ва одамлар қонини бехуда тўкишини кўргач, кўп ўтмай мансабдан воз кечади. Буни сезган амир хам зиёли ва
халққа ичи ачинувчи ёш амалдор Ҳакимхонни ўз холига қўяди. Ҳакимхоннинг яна бир яхши хислати у қасоскор инсон эмас, юрагида кин ва кек сақламасди. Астраханда ўзининг юртдан чиқиб кетишига сабабчи бўлган кишилардан бирини учратади. У хам хон томонидан дарбадар қилинган экан. Кўнглида кек сақламайдиган Ҳакимхон унинг айбини юзига солмайди, аксинча ачиниш билдиради ва ғурбатдаги бу ватандошидан қўлидан келган яхшилигини
аямайди.
Ҳакимхон вафодор дўст хам бўлиб, Астраханда танишган Малик Қосим исмли черкас йигити ва Миср, Сурия, Эронда орттирган дўстлари ғамига шерик бўлади ва оғир кунларида қўлдан келганча уларга ёрдам беради. Ҳакимхон қарашича, дўстларга оғир кунда кўмаклашиш, дардига малхам бўлиш
хар бир кишининг инсонийлик бурчи хисобланади. Ҳакимхон чин севги эгаси, ор-номусли ва хаёли инсондир. У бир рус генерал-губернаторининг нихоятда гўзал, шу билан бирга ўта хаёсиз қизи қутқусига учмай, ўз нафсини тийганча турмага тушишга хам рози бўлади ва шунинг оқибатида анча азоб чекиб, зўрға ўлимдан қутулади. Унинг ўз нафсини тиймаган араб ва эронлик дўстлари эса аёллар хийласига учиб, жонларини барбод қилишига сал қолади. Ҳакимхонни эса бу аёллар ўз тузоқларига илинтира олмай доғда қолишади. Муаллиф отасининг беваси, яъни «ўгай онаси»га уйланган ва шу сабабли хонлик хаётида машъум ходисалар қўптирган Мухаммадалихон ва мазкур аёл, аниқроғи, Хонпошшони қаттиқ қоралайди. Ҳакимхон Хонпошшони Умархонга тегишидан олдин таниган ва тоғасининг саройида у билан кўп марта мулоқотда бўлган. Асар охирида, Хонпошшонинг Бухорода амир Насруллох томонидан ўлдиргани хикояси асносида билинадики, Ҳакимхон хам бу гўзал аёлга ошиқ бўлган, бироқ ор-номус, хаё унинг Хонпошшога нисбатан Мухаммадалихон қилган уятсиз муносабати даражасигача етишга йўл қўймаган.
Ҳакимхон хурофот ва илмсизлик душмани хамдир. У тоғаси амир Олимхоннинг кўплаб ишларини қоралаб ёзса-да, унинг хурофотга қарши тадбирларини мақтайди ва халқ онгини дин ва шариат хукмларидан чалғитувчи захарли хурофот мохиятини очиб беришга интилади. Амир Олимхон ясама хўжа ва саводсиз рухоний мансабдорлар сирини хам улардан хужжат-далил сўраб фош этган, мансабдор рухонийларни имтихон қилгач, нолойиқларини ишдан четлаштириб, ўринларига саводли кишиларни қўйган. Булар муаллиф тахсинига сазовор ишлар қаторида тилга олинади. У Мухаммадалихон даврида шу хон касофати сабабли рўй берган иллатли ишлар қаторида қалбаки қадамжоларнинг хам вужудга келиб қолгани, халқ яна хурофотга муккасидан кетаётганини бир неча мисолларда кўрсатиб ўтади. Кимлардир хонга бир неча ўт толаларини келтириб, буларни ислом пайғамбари сочлари ўрнида тақдим этгач, хукмдор уларнинг гапига лаққа ишониб, бу ўтларни катта пул эвазига сотиб олади ва амалдорларидан бирининг уйида бу «муқаддас» соч толаларини халқ намойиши учун қўйдиради. Натижада минглаб соддадил кишилар ўша муборак соч толаси (мўйи муборак)ни тавоф этиш учун шахару-қишлоқлардан оқиб кела бошлайдилар. Сўнг бу сочлар бошқа жойга кўчирилиб, ўша мавзе номи ўзгаришига сабаб бўлади ва у жой бир умрга «Муйи муборак» номини олади. Мухаммадхакимхон тўра ёзишича, у араб мамлакатларининг хаммасида бўлиб, хеч бир ўлкада бундай Холни кўрмаган, лекин хаждан қайтиб келгунча Фарғона водийсининг бир неча ерида «Мўйи муборак» номидаги қадамжо ва туманлар вужудга келган. Муаллиф ўзбек халқини хушёр бўлишга, хар қандай бидъат ва хурофий гапларга ишонавермасликка, чин ислом ахкомларига риоя қилишга чақиради.
Ҳакимхон орзу қилган айрим шарқ мамлакатларига етгач, бу ерларда исломга риоя қилмай, баччабозлик ва фохишабозлик каби иллатларнинг очиқдан-очиқ авж олгани, хатто Туркия султонлиги берган рухсатга кўра, Мисрдаги фохишаларнинг расмий равишда фаолият кўрсатаётгани гувоҳи бўлади ва хайратга тушганча бундай холдан ниҳоятда нафратланади. Миср, Сурия ва Эрондаги хукмдорлар саройларида рўй бераётган носоғлом, ахлоқсиз ҳаётни ўз кўзи билан кўриб, ўқувчига бу манзарани ёзиб кўрсатиш орқали, ўша ердаги хокимларнинг тубан хаёт сари юз тутганликларини қоралайди. Ҳакимхон ўз юртида ислом аҳкомидан ташқари адабиёт ва фалсафа, тарих, мантиқ каби илмларни хам яхши ўзлаштирган бўлиб, унинг билимдонлигини кўрган араб, эрон подшохлари ва маликалари хайратда қолишади. Чет тилларни ўрганишга қобилияти кучли Ҳакимхон тез фурсатда рус тилини ўрганиб олиб, рус подшоҳи тахсинига сазовор бўлади. У араб ўлкаларида дастлаб бу тилда гаплашишга анча қийналади. Чунки, Ўрта Осиё мадрасаларида араб тили грамматикаси қанчалик яхши ўргатилмасин, амалда сўзлашиш кам эди. Аммо, Ҳакимхон кўп ўтмай араб тилининг бир нечта лаҳжаларини ҳам ўзлаштириб, худди араблар каби сўзлашадиган, хатто, араб тили лаҳжалари хусусиятларига баҳо бера олиш билимдони даражасигача етиб, араб олимларини хайратда қолдиради. Форс адабиётидан яхши хабардорлиги учун юзлаб шеърларни ёддан айтиб, эронликлар тахсинига сазовор бўлади ва эронлик шоирлардан эшитган ғазалларни эслаб қолиб, сўнг «Мунтахаб ат-таворих»га киритади.
Мухаммадхакимхон ҳажга бориш ва қайтишда кўплаб муқаддас тарихий жойларда бўлади. Денгиз, ўрмон ва сахроларда неча бор ўлим билан юзлашади, кенг тарқалган вабо касалига хам йўлиқиб, омон қолади. Нихоят, Эрон орқали ватанига қайтишга жазм қилиб, Шомдан Бағдодга, у ердан эса Эроннинг Ҳамадон, Санандаж ва Рашт шахарларини орқада қолдириб, Техронга келади. Эрон шоҳи билан хам мулоқотда бўлиб, Машҳад сари йўл олади. Касалланган муаллиф бир ойдан сўнг Машҳадни тарк этиб, Сарахс, Тажан ва Маймана, Андхўйдан ўтиб, бир ойдан сўнг Амударё қирғоғига етиб ва бошидан яна қанча балоларни кечирганча нихоят Бухорога келади. Ҳаждан қайтган муаллифни яқин қариндош туққанлари ўз бағрига оладилар. Шу тариқа, Ҳакимхоннинг узоқ йил давом этган сайру саёхати, жаҳонгашталик саргузаштлари нихоясига етади. У Россия, Туркия, Сурия, Фаластин, Миср, Арабистон, Эрон, Афғонистон мамлакатларида бўлади. Ҳакимхоннинг қадами етган юртлар, шаҳарлар рўйхатида Қўқон, Тошкент, Туркистон, Шамай(Семипалатинск), Омск, Ирбит, Царицин, Астрахан, Мозандарон, Кавказорти, Синоп, Қайсария, Латакия, Дамашқ, Ғазо, Қоҳира, Сувайш, Янбо, Жидда, Макка, Мадина, Қусайр, Арабистон чўли, яна Қоҳира, Ғазо, Қуддус, Ҳаврон, Наблус, Дамашқ, Бағдод, Ҳамадон, Рашт, Нишопур, Машхад, Маймана, Андхўй, Бухоро, Самарқанд, Уратепа, Шахрисабз, Китоб ва бошқа жойларни кўриш мумкин. Ҳакимхон соғиниб ва ошиқиб, интилиб келган юртида яна талай қийинчиликларни бошидан кечиради. Чунки, чингизий хукмдорлар (Қўқон, Бухоро ва Хива хонликлари) орасидаги асрий ўзаро низо ва саройдаги тахт талашиш каби курашлар тўхтовсиз давом этаётган, бунинг натижасида эса Урта Осиё давлатлари тобора қолоқ ўлкага айланиб бораётган эди. Дунё кезган ўқимишли Ҳакимхон тўра бунинг оқибатларини яхши англарди ва шунинг учун хам у бу воқеаларнинг барчасини ўта ачиниш, ўкинч билан қаламга олади. У Мухаммадалихонни ўз шахсий душмани сифатида билишдан юқори даражадаги инсон эди. Буни у бир неча бор яқинлари билан сухбат асносида ва амир Насруллохнинг Хонпошшо бахонасида Қўқонга қонли юришини қаттиқ қоралаш билан маълум қилиб ўтади. Уни ташвишга солгани хонликлардаги нотўғри сиёсат, асрий қолоқлик оқибатларини ақл ва илм қуроли билан йўқотиш ўрнига, ўзаро урушлардан бирор лахза тинчимаслик, хукмдорларнинг халқ ахволини ўйламай, аксинча уларга зулм ўтказиш, мамлакат иқтисодини юксалтириш ўрнига, хазинадаги бор маблағни кайфу сафо, маишатбозлик учун сарфлаш каби
иллатлар бўлиб, илғор қарашли муаллиф буларни хонларнинг шахсий адоват ва хусумат орқасида хам қанчадан-қанчаларнинг қонини тўкишдан ўзларини тия олмаслик, бекорчи, аммо кўп харжли тўйлар ўтказиш, итлар ва ов қушлари бўйнига қимматбаҳо марварид тақиш, каптарларга тилло, кумуш уялар ясаш, инсон қадрини ерга урувчи одатлардан тийинмаслик сингари воқеа ва холлар баёни орқали ўқувчига етказиб беришга интилган. 1844 йили муаллифга энг яқин зиёли ва маърифатпарварлардан шоир Ҳозиқ, йирик рухоний эшон Шофии (Дарвеш эшон) амир Насруллох буйруғи билан Шахрисабзда хуфиёна равишда қатл этиладилар. Чунки улар зулми хаддан ошган амир Насруллох хузуридан қочган ва унинг қилмишларини очиқдан-очиқ қоралаган эдилар. Ҳукмрон жахолат эса бу зиёли кишилардан ана шу тариқа қасос олди. Ҳакимхон кишиларни ўша пайтдаёқ хокимликка эга хар қандай жахолатнинг хар бир даврда хам халқ бошига ана шундай кулфатлар солишидан огоҳ этган. Ахир 1919 йили Қаршида ўлдирилган Беҳбудий ёки Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийлар қисматида тарих шу нарсани қайтадан кўрмадими? Фақат бугина эмас, узоқни кўра билган Ҳакимхон юрт устига ташқаридан келиши мумкин бўлган хавф-хатардан хам халқни, жумладан, амалдорларни огоҳлантиришни хамда дунё мамлакатлари тараққиёт йўлига аллақачон тушиб олиб, фақат бир пайтлари харбий қудрат ва илм-фан, маданиятда юксаклик намунаси бўлган Мовароуннаҳргина барча сохаларда оқсаётганини кўрсатишни ният қилган. Шунинг учун хам Ҳакимхоннинг «Мунтахаб ат-таворих» асари тарихий воқеаларни қамраган манба ёки муаллиф саргузаштлари баёни бўлиб қолмай, ўша давр зиёлисининг аянчли нидоси, орзу-истаклари ва ватанпарварлик хис-туйғулари хамда огоҳликка йўғрилган турли эзгу фикрларини кейинги авлодга етказувчи уйғоқ дил изҳори, чақириқнома хамдир.
Ҳакимхоннинг   вафот   йили   ва   қабри   номаълум.   Бироқ,   Мухаммадхакимхоннинг   уруғ-қариндошларидан кўпчилиги эса бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистонда истиқомат қилишмоқда. «Мунтахаб ат-таворих»нинг тарихий манба сифатидаги ахамиятига тўхталиб яна шуларни айтиш мумкинки, асл касби тарихчи бўлмаган, бироқ замонасининг энг маълумотли ва зукко, зиёли шахс бўлган Мухаммадхакимхон ўз асарида «Мунтахаб ат-таворих» асари XVIII асрнинг иккинчи ярми XIX асрнинг 40- йилларигача Бухоро амирлиги (манғитлар даврига оид) ва Қўқон хонлиги тарихи (минг сулоласи даври)ни ёритишда бирламчи ва мухим манбадир. «Мунтахаб ат-таворих» тарихий-биографик ва мемуар асар сифатида хам Қўқон тарихнавислик
мактаби ва адабий мухитида алохида ўринга эгадир. Бундан ташқари Ҳакимхоннинг асари ўша даврдаги Туркия Миср, Эрон, Афғонистон ва Россия
тарихига доир мухим маълумотлар ва кузатувларни хам беради. «Мунтахаб ат-таворих» асаридаги ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг давлат ва ижтимоий тузумларига доир, Фарғонага келиб ўрнашган кўчманчи қабила ва элатларнинг тарихи, уларнинг янги иттифоқлар тузишдаги ўрни, исломийлашув масалалари, ўлкадаги этник ва этносиёсий жараёнлар, хонликнинг Бухоро билан алоқалари, юриш ва уришлари хақида аниқ маълумотлар; кўчманчилар ва ўтроқ ахоли анъанасига асосланган марказий давлат-маъмурий тизими ва бошқарувининг шаклланиши, унинг омухталик (синкретик) моҳияти; Қўқонда минг ва Бухорода манғит сулоласининг хокимиятни қўлга олиш жараёни, уларни босиб олинган янги худудларида хукмронликларини қонунийлаштириш ( легитимация) масалаларига доир кузатувлар, ўзаро урушларнинг ғайриинсоний кўриниши, тинч ахолининг азоб ва уқубутлари; бу сулолалар даврида жорий қилинган ва амалда бўлган унвон ва мансаблар, уларнинг даражалари хақидаги маълумотлар, улар давридаги харбий тарихи, аскария ва харбий иши тўғрисидаги ахборот; марказий хон маъмуриятининг махаллий хокимият (вилоятлар) билан алоқалари, вилоятларнинг даражаси, уларнинг хонлик сиёсий ва хўжалик хаётидаги ўрни, зодагонларнинг этик ва эстетик қадриятлари, ахлоқий вазият (баччабозлик каби қусурлар) ва бошқа мавзуларга доир маълумотлари жуда хам қимматлидир. «Мунтахаб ат-таворих» асарининг муаллиф даврига тегишли оригинал қисмининг хозирги ўзбек тилига таржимаси Токиода 2006 йили нашр этилган асарнинг иккинчи жилди матни асосида, унинг Бухоро амирлигига доир қисми эса асарнинг Душанбе факсимиле нашри (биринчи жилди) асосида илк дафъа тўлиқ холда амалга оширилди.
Мазкур сатрлар муаллифи таржимани асл матни билан солиштиришга, изоҳ ва кўрсатгичларни тузишга яқиндан ёрдам берган Исмоил Бекжонов хамда Абдулатиф Турдалиевга, иш жараёнида ўз маслахатлари ва маънавий ёрдамини аямаган, китоб мухаррири Хондамир Қодирийга, хамжихатлиги ва қўллаб-қуватлагани учун ўз оила аъзоларига, китоб тақризчиларига, «Янги аср авлоди» нашриёти раҳбарияти ва ходимларига ўз миннатдорлигини билдиради. Шу ерда бир лавхани эслаб ўтмоқчимиз. Таниқли олима Музайяна Алавия ўз хотираларида машхур адиб Абдулла Қодирийни эслаб, ёзадилар: 1935 ёки 1936 йил эди. Бир куни Абдулла акани қизиқ бир холатда кўрдим. Хонасида узоқ ўтириб, китоблар орасидан чиқиб келди. Кўзлари йиғлагансумон, аммо рухи баланд эди. Ҳайрон бўлиб қолганимни сезиб: «Ўйлаб юрган романимни ёзиб битирсам, китоб бўлиб чиқса, қўрқаманки «Ўткан кунлар», «Мехробдан чаён»ни хеч ким ўқимай қўядими дейман», — деди. Адибнинг режасига кўра бу романда Туркистон хонлари амир Умархон, ўғли Мухаммадалихон ва амир Насруллох ўрталарида бир гўзал каниз туфайли ўтган фожиали тарих баён қилиниши керак эди. Адибнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий хам «Отамдан хотира» китобида ушбу романнинг ёзилиши тарихидан хикоя қилиб шундай ёзади: «Дадамнинг шундай деганлари ёдимда: «Романга керакли материаллар етарли бўлиб қолди. Энди Тошкент шарқ кутубхонасида Умархоннинг жияни ёзган, ўша давр тарихига оид нодир бир қўлёзма бор экан, шу китобни хам ўтириб бир ўқиб чиқсам, бас. Уй-рўзғор ишларидан хотиржам бўлиб олиб, бир қиш ўтирсам, романни ёзиб битираман...»
Афсуски, дадам ниятларига ета олмадилар...».
Тарихимизнинг Худоёрхон (уч марта хонлик тахтига кўтарилди: 1844-1857; 1863; 1865-1876 йй.) хонлик давридан хам кирлироқ, қорароқ кунлари бўлган, юксак бадиий тусга беланган, ўзбек халқининг маданий мероси бўлгувчи гўзал ва машхур бу романни ўқиш китобхонларга насиб этмади.

Шодмон Воҳидов
тарих фанлар доктори, профессор

 

... Қуйида аштархонийлардан кейин улар ўрнига тахт тепасига келган иккита сулола хонадони ва насаби хақида сўз юритамиз. Улардан биринчиси ҳозир Бухорода ҳукм юргизиб ўтирган манкитлар сулоласи. Иккинчиси шу кунларда Хўқандда салтанат тепасида ўтирган минг лар хонадони. Юз ва кенагас ҳамда бошқа тоифалар давлати ҳақида эса мазкур икки салтанат баёни асносида қисқача
гапириб ўтамиз, иншоаллоҳи таоло.

ЎН БИРИНЧИ ТОИФА
Манқит хонадонининг давлати ва насаби

Уларнинг биринчиси Раҳимхон ибн Ҳаким оталиқ ибн Худоёр оталиқ ибн Худойқулибий ибн Човушбий эди. Раҳимхон амирлик мансабига ўтиргач, кўпларни инъом ва эҳсонлар билан ўзига ром қилди. У табиатида хасад ва ғайирлик хислати ўта кучли ва жабру ситамни ўзига касб қилган бир киши эди. Аммо, шу золимлигига қарамай, кўплаб шоир ва фозиллар суҳбатини ҳам топганди. Мовароуннаҳрнинг кўп ерларини шамшир зарби билан забт этди. Чунончи, ўша пайтда Хўқандда Эрдонабий валинаъмий хукмронлик қиларди. Ўратепада Фозилбий валинаъмий ибн Содиқбий ибн Саййидбий ибн Хушика оталиқ ибн Қулика бий хукм юргизарди. Шахрисабзда эса Олим бий ибн Иброхим оталиқ хукмронликни ўз қўлида тутиб турарди. Ҳисори Шодмонда бўлса Муҳаммадаминбий хоким эди. Ва улардан хеч бири Раҳимхонни тан олмасдилар. Раҳимхон ўзбек улуғларининг ахволини бу тариқа кўргач, кин ва адоват камарини белига боғлаб, улар душманлигини бартараф этиш сари юзланди. Олимбий ва Субхонқулибийни бошқа кенагас амирлари билан бирга неча бир хийлаву тадбир воситасида ва ёлғон ахду паймонларни ўртага қўйган холда Шахрисабз қалъасидан ташқарида ўз олдига чорлади. Ва бу соддадил амирлар душман сўзига ишониб, ўз оёқлари ила қассобхона сари келдилар. Байт:
Вафо мажуй зи кас, дарзи ман мешнав,
Ба ҳарза толиби Симурги кимиё мабош.
(Мазмуни:
Ҳеч кимдан вафо излама, эшит пандим.
Бекорга кимё Семургини қўлга киритаман деб юрма).
Раҳимхон хузурига келган бу амирларга зўр иззат-икромлар кўрсатди. Аммо, у қанчалик зўр бериб, бу каби хийлаларни ишлатмасин, ўша пайтда Шахрисабзнинг икки фарсахлик масофа юқорисидаги Увах (?) қалъасида хокимлик қилаётган Муҳаммадюсуфбекни қўлга тушира олмади. Ноилож, акаси Ёвқочтибекнинг қизини унга бериб, ўзига куёв қилди ва неча бир қасамнома билан уни Хам ниҳоят ўз олдига чақириб олишга эришди. Шундан сўнг кенагаснинг ўттиз икки мухрдорини бир ерга йиғиб, уларни қатл этишга хукм берди. Айримлар айтишича, Раҳимхон бу ўттиз икки кенагас мухрдорини бу воқеалар рўй бермасдан бурун ўлдиртирган экан. Аммо, гапнинг тўғрироғи ўша биринчисидир. Ул бегуноҳ мазлумлар неча бир хорлик билан шаҳидлик даражасига етиб, бу ўткинчи дунёдан этак силкишди. Байт:
Як кас ба зери гунбади нилуфари кай дид,
К-зи хуни дийда орази ў лолазор нест.
(Мазмуни:
Бу зангори осмон остида ким кўрибди ўзин,
Юзи қонли кўз ёшидан лолазор бўлмаганин).
Раҳимхон Шахрисабз мамлакатлари келинчаги Кешни рақиблардан холи кўргач, ўша томонга юзланиб, ул худуднинг барчасини ўз тасарруфи остига киритиб, оғуши сари тортди ва бир неча кундан сўнг ул мулк хукуматини ўз ғуломи Қутлуқбой девонбеги га топшириб, ўзи Бухоро томонга қайтиб кетди. Бухорога келиб, бир неча кун йўл хордиқларини чиқариб, дам олди.

Раҳимхоннинг Ўратепа томон лашкар тортгани зикри

Раҳимхон ўзининг Уратепага лашкар тортишидан бурунроқ Эрдонабий валинаъмини ўзининг қиёматлик фарзанди атаб, уни бу бўлажак юриш борасида огохлантирган эди. Шунга кўра харбий сафардан олдин Эрдонабий олдига бир чопар юбориб, юришда хамкорлик қилиш учун таклиф қилди. Эрдонабий Раҳимхоннинг сўзини қабул қилиб, бутун Фарғона лашкарини йиғқанча Раҳимхон сари ошиқди. Бу хабарни Фозилбий валинаъми эшитиб, чуқур ўй ва фикр денгизига чўмди. Анча ўйлангач, Муҳаммадаминбий хузурига тезликда бир чопар юборди ва ўз ору-номусини унинг зиммасига юклаб, ушбу мухим ишни Муҳаммад-аминбийга хавола қилди. Муҳаммадаминбий хам Ҳисорнинг барча қўшинини йиғиб, Фон ва Фалғар йўли орқали ўзини манзилу мақсад сари етказди. Раҳимхон ва Эрдонабий Зомин мавзесида учрашгач, тутинган «ота-бола» бир-бирини бағрига босиб, қучоқлашиб кўришдилар. Ҳар икки томондан дўстона хурмат ва мархаматлар юзага чиқди. Эртаси куни хар икки сохиби давлат биргаликда сон-саноқсиз лашкар билан қўзғалиб сал юргач, Уратепага бир фарсахлик Обижомак мавзесида қўш ташлашди. Тонг оқаргач эса у ердан хам кўчиб, Истравшан қалъасини узук қошидек ўртага олиб, уруш ва қамал ишларига машғул бўлдилар. Бироқ, қамал муддати анча чўзилиб кетди. Шахар халқи қийин ахволга тушиб, танг бир вазиятда қолдилар. Фозилбийнинг қай тадбир ва чора билан бу икки қўшин денгизи гирдобидан қутулишини билмай, боши қотди. Муҳаммадаминбий ўта тадбиркор ва иш билувчи, кўпни кўрган киши эди. Ана шу уддабуронлиги ва маккорлиги орқасида унга «Муҳаммадамини шайтон» лақабини беришганди. Бир куни бир хийла ва тадбир ўйлаб топди ва Раҳимхоннинг ёлғондакам мухри билан Эрдонабий номига ва яна бир хатни Эрдонабий номидан Раҳимхон номига битиб, хар иккала сохиби давлатнинг ўрдусига юборди. Бу икки қалбаки хат ул олий мартабали зотлар қўлига етгач, уларни ўқиб кўриб, мазмуни билан танишганларидан сўнг хар иккаласи қалбида бир-бирига нисбатан шубха ва гумону Хадиклар пайдо бўлди. Дархол ўринларидан қўзғалиб, хар қайси ўз лашкари билан хар томонга
кетишди. Шу тариқа тадбир тақдирга мувофиқ тушди. Шеър:
Аз он сард омад ин кохи диловез,
«Ки чун жо гарм карди» гўяд «хез» (Мазмуни:
Бу чиройли саройнинг совуқ эканига сабаб,
«Ўринни қизитдингми, тур жойни бўшат» қонунидир).
Ва ўша зим-зиё қоронғу кечаси шундай бир қаттиқ шамол қўзғалдики, гўё ул икки лашкар хазрат Нух алайҳиссалом тўфони ва Ҳуд алайҳиссаломнинг халокатли шамоли орасида қолган эдилар. Бухоро қўшини ва Хўқанд лашкари қаерга томон юришини ва ул даштда не янглиғ саргардону хайрон қадам босишини билмай қолдилар. Фозилбий ва Муҳаммадаминбий маслахатлашиб, Бухоро лашкарини ўз холига қўйиб, Хўқанд қўшини кетидан тушдилар. Қаерга етишса, урушмасдан туриб хўқандликларни асир олишар, ғаним аскарларининг эса орқасига қайрилиб қарашларига сира хол ва тоқатлари қолмаган эди. Шу сабабли ўша куни юз мингни ўлдириб, каллаларидан миноралар ясашди. Ва Эрдонабий неча бир машаққат билан зўрға Хўқандга етиб олди. Аммо, Фозилбий ва Муҳаммадаминбий Бухоро лашкари хамласига дош бера олмай, ноилож неча бир дарду хасрат билан
қочиш водийси сари юз тутиб, орқага қарамай қочиб кетдилар.


[Раҳимхоннинг Ҳисор вилояти устига юриб, Муҳаммадаминбийни асир олгани ва уни қатлга етказгани зикри]

Шундан сўнг Раҳимхон қасос илинжида Ҳисор томон бостириб борди ва урушда Муҳаммадаминбийни енгди ва Бухоро сарбозлари Муҳаммадаминбий хазинасининг барини талон-тарож қилишди. Ва Раҳимхон барча Ҳисор вилоятини эгаллади. Икки-уч кундан сўнг ул бахти қайтган мирни беоқибат ўзбеклар ушлаб, Раҳимхон хузурига олиб бордилар. Раҳимхон ва Муҳаммадамин ва ўзбекларнинг бошқа улуғлари сохибқирон Нодир подшох томонидан оқ уйлик бўлганларига қарамай, барибир, Муҳаммадаминбий юзнинг йўли хар жихатдан Раҳимхон манқитдан илдамроқ эди. Шунга кўра у сира бошини эгмас ва хеч кимни тан олмасди. Унинг бу ишидан Раҳимхон жуда хайратда юрарди. Фалак бу қисмат ўйинини кўрсатганда, Раҳимхон учун айни муддао бўлиб, шу туфайли бундан кейин бий иззат ва икромимни албатта ўз ўрнига қўяди, деган умидда эди. Бинобарин, дархол ўз хузурига чорлади. Айтишларича, ўша сухбатда жуда кўп саййид, уламо ва амирлар тўпланишган экан. Муҳаммадаминбийни бу кўрунуш йиғинига боши очиқ, оёқ яланг холда киритишган. Шунда хам Муҳаммадаминбий Раҳимхонни назар-писандига илмай, уламо томонга қараганча «ассалому алайкум, эй уламо» дебди ва бу туркий байтни ўқибди, байт эса ушбудир:
Чу билдим ризқ эрур мақсадим, чекмам дўстдин миннат,
Қазодин хориж эрмас иш, адувга инқиёд этмам.
Раҳимхон бу каби муомала сўзларини Муҳаммадаминбийдан эшитгач: — Тилингга ахлат, бу сўзларни деганинг билан барибир сен хеч қачон мусулмон бўлиб қолмайсан, — дебди ва қатлга хукм қилибди. Шунда бийни судраб-судраб, қалъа бозори бошига олиб чиқишибди. У анча йиллар шу вилоятда эркин хукм юргизган ва хеч бир сохиби давлатга бош эндирмаган эди. Мана энди неча бир хорлик билан ўша бошини танидан жудо қилиб, дорга осишди. Раҳимхон кўнглини Муҳаммадаминбий ишидан тинчитгач, Ҳисор вилоятини ўзининг амирларидан бирига бериб, Бухорога қайтди. Бир неча вақтдан сўнг Хоразм томонга лашкар тортди. У ердан хам музаффар ва мансур холда катта ғалаба билан юртига келди ва бир неча кун давомида йўл чарчоқларини ёзиб, тин олди. Ва тағин бир неча муддат ўтиб, бехуда гапларга уста ва хушомадгўй уламодин бир нечтаси «шариатда ўн икки минг кишига улуфа (нафақа) берадиган хар бир хокимнинг «подшох»лик номи билан аталишга хукм бор» деган фатвони беришди. Буни уламолардан эшитган Раҳимхон дархол шохлик тожини бошига кийди ва салтанат тахтига ўтирди. Унинг номига хутба ўқиб, Раҳимхон кўрсатиб берган тарзда танга ўйдилар. Хотини Жонакпошшони хам малика сифатида сарой харамида подшохлик тахтига чиқарди. Айтишларича, хоннинг Мирзо Боқир исмли бир ўта хозиржавоб ва латифгўй надими бор экан. Бир куни хоннинг нима учундир Мирзо Боқирдан кўнгли қолиб, ўлимга хукм қилибди. Бечорани судраб-тортқилаб, хон олдидан олиб чиқиб кетишаётганда ушбу байтни бир зумда назм ипига териб, қуйидагиларни ўқибди, шеър:
Сарам буриду ба хокам нишонду хунам рехт,
Надонам ин чаманоро чи муддао дорад?
(Мазмуни:
Бошим кесди-ю, тупроққа ёнбошлатди, қоним тўкди,
Билмам, бу чаман безовчининг муддаоси недур?)
Унинг жавобида хон хам шу захоти бадеха тарзида ушбу шеърни ўқибди:
Сарат буриду ба хокат нишонду хунат рехт,
Ҳануз ҳаққи намак бо ту корҳо дорад.
(Мазмуни:
Бошинг кесди-ю, тупроқ узра ўтқизди ва тўкди қонинг,
Чунки, тузим ҳаққининг ҳали сенда яна иши кўпдир).
Мирзо Боқир яна бир бошқа байт айтмоқчи бўлган экан, хон дархол шундай дебди, мисраъ:
Инжо мақоми дам задани Жабрайил нест!
(Мазмуни:
Бу ер Жабраилнинг сўз айтадиган жойи эмас!)
Мирзо Боқир қараса, иш қўлдан чиққан. Шунда у «энди барибир бўладигани бўлди, ўлишим аниқ, ётиб қолгунча отиб қолиш зарур» қабилида иш тутиб, жавобида ушбу мисрани айтибди:
Фиръавн, куштаи ту магар руди Нил нест?
(Мазмуни:
Фиръавн, сени ўлдирган Нил дарёси эмасми?)
Мирзонинг жавобидан хоннинг кулгиси қистаб, ғазаб олови сўнибди. Иттифоқо, ўша чоғда хон зумрад дастали пичоқда ўз тирноғини олаётган бўлиб, пичоқ эгри кетиб, хоннинг бармоғини кесиб юборибди ва қон оқа бошлабди. Хон пичоқни четга итқитиб, надимларига қараганча «бундай пичоқни синдириб ташлаш керак» дебди. Бунга жавобан надимларнинг хеч бири бирон нарса дея олишмабди. Мирзо Боқир эса: — Агар хон эгаи ин корд-ро ба ин ғулом мехрубони мекарданд, қин қилиб осар эдим [аския қилиб тожикча ва туркий аралаш «агарда хон бу пичоқ эгасини менга мехрубонлик қилиб берсалар, қин қилиб осар эдим»], — дебди. Хон Мирзонинг бу нозиктаъблик билан айтган сўзларини эшитиб, роса кулибди ва пичоқ ёнига подшохона тўн хам қўшиб, Мирзога инъом қилибди ва бир қошиқ қонидан кечибди. Хон билан Мирзо ўртасида бўлиб ўтган бундай воқеалар хақида кўплаб хикоялар айтилади. Аммо бу ерда шу айтганимиз билан кифояландик. Айтишларича, Раҳимхон бир куни Хожаи жаҳон номи билан танилган қутб ал-авлиё, ғавс ал-атқиё, Хазрат хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёратига борибди. У ерда бир беадабсизлик қилиб қўйибди ва шу захоти ранги-рўйи қорайиб, Бухорога қайтибди. Ўша кечаси бу ғурурга тўла саройдан борлиқ этагини йиғиштириб, охират уйи томон юзланибди. Чунончи, шоир айтмиш, байт:
Агар умр дори ҳазору дувист,
Ба жуз хоки тира туро жой нест.
(Мазмуни: Бир минг икки юз ёшга кирган эсанг ҳам,
Сен учун қора тупроқдан ўзга жой йўқ).
Умри муддати ўттиз олти йил, амирлиги даври эса ўн йил бўлиб, икки йил подшоҳ номи остида ҳукм сурди. Яъни Бухородаги хукмронлиги жами ўн икки йил бўлди. 1177 хижрий/1763-64 йили Раҳимхоннинг мирохур и Бекназар Баҳодир жилов бу воқеадан сўнг қочиб, Шахрисабзга борди ва Кеш вилоятини ўз тасарруфи доирасига киритди. Кенагаснинг Очамайли (уруғи) амирлари сулоласи хонадони давлати шу зайл узилиб, Қайрасолди томон юзланди. Раҳимхондан бирор фарзанд қолмади. Ўрнига амакиси Дониёл оталиқ ибн Ҳаким оталиқ амирлик тахтига ўтирди. У жуда юмшоқ табиат, тўғри сўз киши бўлиб, подшохлик унвонини ўзига эп кўрмади ва Чингизхон авлодидан саналмиш Абулғозихон исмли бир шахсни қайсидир бир бурчакдан топиб келиб, подшоҳлик лақаби билан қўғирчоқ хукмдор қилиб тахтга ўтқазди. Мамлакатнинг ишларини эса ўз қўлига олди. Ҳар жумъа куни одатлари шундан иборат эдики, Кўрунуш маросими пайти ул бечорага подшохлик либосини кийгизиб, салтанат тахти устига ўтқазишар ва Кўрунуш тугагач, қимматбахо кийимларни эгнидан ечиб олишарди. Сўнг бу қўғирчоқ подшох ёнида бир жиловдор билан Бухоро кўчаларини айланиб чиқарди. Дониёл оталиқ Бухоро мамлакатини қўлга киритиш ишларидан тинчигач, кўнглини Раҳимхоннинг беваси Жонакпошшога уйланиш ва уни ўз никохига киритиш тараддуди сари қаратди. Чунки, анча йиллардан бери бу аёл ишқи ўқи унинг юрагини тешиб ўтган ва унинг хажрида оловга тушган соч толасидек жизғанак бўлиб куярди. Шоир демиш, маснавий:
Ишқ аст ҳазор шуъла дар тоб,
Ақл аст ҳазор реша дар об.
Шоҳаншаҳ бе сарири ишқ аст,
Султон хароб карди ишқ аст.
Чун оташи ишқ бифурўзад,
Фарзонаву ақли ҳар ду сўзад.
Чун ишқ расад бо оҳанин тоб,
Сад шуълаи оҳанин кунад об.
Бар куҳаи гам кунад амори,
Бар маркаб чу кунад савори.
Аз хуни жигари нигор пайванд,
Аз силсилаи жунун кунад банд.
(Мазмуни: Ишқ ёнаётган минг бир шуъла,
Ақл сувда ёйилган минг томир.
Шоҳаншоҳ ишқ ила тахтсиздир,
Султон ишқ сабаб бахтсиздир.
Ишқ оташи олса аланга агар,
Оқилу девона бирга тенг куяр.
Келса темирни эритгувчи ишқ,
Темирни сувдек қилиб эритар.
Ғам эгарин урса улов сагрисига,
Сўнг ўтирса унга миниб шу отга.
Ошиқ жигарин янчиб қон этар,
Жунун занжирига боглар ўзин).
Нихоят, ана шу айрилиқ тунлари тугаб, умид тонги отди. Дониёл оталиқ Мовароуннахр мамлакатлари келинчаги Бухорони қўлга киритгач, ул гўзал парипайкарни хам ўз никоҳига олиб, хар иккаласини хам бирданига оғушига тортди. Шоир бу байтни шу тўғрида айтмиш:
Биҳамдуллоҳ ки ҳажр охир шуду гам рафту ёр омад,
Зи жонсахти намурдан оқибат моро ба кор омад.
(Мазмуни:
Шукрки, айрилиқ тугаб, гам кетиб, ёр келди,
Қаттиқ жонликдан ўлмаганимиз охир фойда берди).
Айтишларича, ўшанда ул гўзал ёр учун ниҳоятда ажойиб ва чиройли, ғоятда дилтортар ва назокатли бир либосни қадду қоматига мослаб тикишган эканки, ўз даврида бундайини хали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган экан. Назм:
Бале, ки зи дидани он шаклу рафтор,
Бубандад зоҳиди сад сола зуннор.
(Мазмуни: Ҳа, ул шаклу қоматни кўриб,
Юз йиллик тоатли зоҳид диндан чиқади).
Айтишларича, бир куни маликанинг доя-энагаси ундан: «Эй жаҳон маликаси, учта соҳиби давлат подшоҳ қўйнида бўлдингиз. Айтингчи, улардан қай бирининг хислати кўнглингизга мос тушиб, юрагингизни завқ-шавққа тўлдирди?» деб сўрабди. Малика бу саволга қуйидаги жавобни берибди: «Эй энажон, хусну жамолни Элбарсхонда кўрдим, яхши хулқ-атворни Раҳимхонда кўрдим, жимо лаззатини эса Дониёл оталиқдан топдим». Азиз ўқувчи наздида яширин қолмасинким, бизнинг асримизда хам бу янглиғ иш юзага чиқиб турибди. Лекин бирон кимса бу каби ишлар борасида ақалли бирон сўз сўраб, қандай бўлмасин бирон жавоб эшитишни ўзига раво кўрмаяпти. Кўрганингиздек, хар қалай илгари замонда эса бунақа гаплар халқ орасида оғиздан-оғизга ўтиб, нақл қилиниб юрган экан. Мен эсам бир оғиз гап сўраб «хечқиси йўқ, густоҳликнинг кечирилиш умиди бор» дегандан бошқа жавоб эшитмадим. Байт:
Чи гўям ки ногуфтанам беҳтар аст,
Забон дар даҳан посбони сар аст.
(Мазмуни: Нима дейин, айтмаганим яхшироқ,
Оғиз ичидаги тил бошга посбондир).
Уша пайтларда Фозилбий валинаъмий фонийлик саройидан дору-л-бақога кўчиб ўтди. Умри муддати эллик саккиз йил бўлди. Унинг ўрнига ўғли Худоёрбий валинаъмий тахт тепасида қарор  топди. Уратепанинг барча вилоятларини ўз тасарруфига киритиб, тўла эгалик билан хукмронлик
ишларига киришди.
Дониёл оталиқ бир неча йил хукм юргизиб, нихоят, оғир бир касалликка йўлиқди ва шунинг орқасида ўткинчи оламни тарк этди. Умри муддати етмиш беш ёш ва хукумат даври ўн етти йил бўлди. Ундан беш фарзанд ёдгор қолди. Биринчиси Шоҳмуродбий, иккинчиси Султонмурод қўшбеги, учинчиси Тўхтамишбий, тўртинчиси Умар қўшбеги, бешинчиси Махмудбий. Булар орасида жаҳондорлик аломатлари фақат Шохмуродбий пешонасида ярқираб турар, аммо у ўша кезларда фақру фано тариқати йўлига кириб, Бухоро кўчаларида пири топшириғига кўра хаммоллик қилиб юрарди. Амирлар бир оғиздан маъқуллаб, 1198/1883-84 йили Шоҳмуродбийни хукумат тепасига кўтардилар. Шохмуродбий амирлик ишлари саройи асосини адолат курсиси устига ўрнатиб, адолатининг чамансаройи ситам шохини фано шамшири билан кесиб, сипоҳ ва раиятни ўз қаноти остига олди ва ўша кунисиёқ порахўрликда ном чиқарган Бухоро қози калонини сўроқ қилиб, гуноҳини бўйнига қўйгач, бошини кестирди. Ҳукумати давомида бирор соат давлат ишидан бехабар бўлмади. Узбек хонлари ва амирлари орасида, балки, дунёнинг хеч ерида диндорлик ва инсофлиликда унга ўхшагани хеч бир замонда бўлмаган. Кўп вақтини шиа ахлига қарши урушларда ўтказди. Бу йўлда отининг туёғи Машҳаддан ўтиб, то Қадамжо ноҳиясигача етган эди. Ўша пайтда Марви Шохижаҳонда Эрон хокими Бобохон ахта томонидан ноибликка қўйилган Байрамалихон хокимлик қиларди. Шохмуродбий бу мамлакат устига бостириб боргач, бир хамла билан Марви Шохижаҳонни эгаллади. Жуда кўп шиаларни ўлдириб, Байрамалихоннинг ўғли ва келину набираларини асир қилиб Бухорога олиб келди. Байрамалихоннинг эса бошини кестирди. Фазилатлар эгаси Мирзо Содиқ Жондор бу воқеанинг таърихини яхши айтган ва таърих ушбудир:
«Сари гулом буриду ба пойи дор андохт,
Писари ў Ҳожихонро ба Бухоро овард»28.
(Мазмуни:
Қулнинг бошини кесиб, дор остига ташлади,
Унинг ўҳли Ҳожихонни Бухорога келтирди).
Аммо, Байрамалихоннинг ўғли Ҳожихон бир неча кундан сўнг тутқунликдан қочиб, Шахрисабздаги Ниёзали девонбеги олдига борди. Девонбеги уни иззат билан қаршилаб, бир йилга яқин ўша шахарда бўлди. Шохмуродбий валинаъмий Ҳожихонни топширишларини талаб қилди ва уни ушлашга жуда кўп харакатлар кўргузди. Ҳатто, тутиб беришса, эвазига тўрт минг ашрафий тилло бераман, дея ваъда берди. Ниёзали девонбеги жавобида эса «агар Бухоронинг етти йиллик солиқдан тушган йиғим пулини беришса хам биз хеч қачон ўз меҳмонимизни ушлаб бермаймиз. Биз ўзбак халқимиз, кенагаснинг ялписини қириб, хатто биттаси тирик қолганда хам бу мақсадингизга етиша олмайсиз. Шунинг учун яхшиси бошингиздан бу хом хаёлни чиқариб ташланг», деди. Қандай ажойиб соҳиби давлатлар бўлган эканки, Ҳожихон шиа мазхабида бўлишига қарамай, бунчалик иззат кўрсатишган. Бизнинг замонадаги эллик минг мусулмонни бир сариқ чақага сотадиганларга эса лаънатлар бўлсин. Алқисса, Ҳожихон Шахрисабздан Худоёрбий девонбеги хузурига кетди ва у ердан Ҳўқандга Норбўтабий валинаъмий хузурига етишди. Икки йил фақирнинг бобоси уйида бўлиб, шундан сўнг у ердан Кошғар ва Тибет йўли орқали ўз ватани сари юзланди. Анча йўлларни босиб ўтиб, Эронга етиб олди ва Бобошох ахта хузурига борди. Шох илтифоти билан ўз юртида вазирлик мансабида қарор топди. Айтишларича, хеч ким бу каби доно кишини кўрмаган ва эшитмаган экан.
Ҳар илмда мохир бўлиб, хеч бир илм сохаси унинг билим чангалидан қочиб қутулган эмас экан. Айтишларича, Бобошох ахта замонида Гуржистондан минг бажоқий олтинга бир канизакни сотиб олишибди. Бу канизакнинг исми Саврисултон бўлиб, жаҳонни ёритувчи офтоб шунчалик оламни ёқувчи бўлишига қарамай, унинг ёлқинли юзига ниқоб воситасисиз ва ҳижоб ҳимоятисиз дош бериб қарай олмас, гул унинг жамоли шавқида ёқасини йиртган ва наргис унинг хуснини томоша қилиш иштиёқида барча вужудини кўзга айлантирган экан. Ул раъно юзли жонон Бобошохни зулфи арқони билан овлаган экан. Қиз бу гўзаллиги устига ажойиб шеърлар хам битувчи шоира хам бўлиб, ушбу ғазал ул зебонинг латиф таъби махсулидир. Назм:
Шаҳсувори ман агар тарфи калла бар шиканад,
Жунбиши фарри кулоҳаш сари Қайсар шиканад.
Офтобест агар барфиканад тарфи ниқоб,
Оразаш равнақи бутхонаи Озар шиканад.
Баски аз тири нигоҳаш ба дилам пайконҳост,
Гар ба ханжар занадам сари ин ханжар шиканад.
Тойири руҳи Сабури ба тавофи ҳарамаш,
Чун ба парвоз дарояд зи шаъаф пар шиканад.
(Мазмуни:
Шоҳсуворим бошига дубулгани эгри қўндирса,
Унинг укпари қимирлаб, Рум шоҳи бошин ёрар.
Ниқоби четини очса бир офтобдир ҳусни жамоли,
Юзин нури ила оташпарст Озар саждагоҳин ёқар.
Нигоҳи ўқларидан юрагимда неча пайконлардир,
Ханжар урса менга ул ханжар боши бешак синар.
Сабурийнинг руҳ қушлари ҳарами тавофи учун
Этса парвоз, қувончдан қоқиб қанотидан айрилар).
Бу байт хам уникидир:
Боданўш риндам кард хуш хиром май нўши,
Каъбаро зи ёдам бурд кофари сияҳпўше.
(Мазмуни: Бода ичувчи ринд май ич деб туриб олди,
Каъбани унуттирди ул қора кийган кофир).
Шохмуродбий замонасида Темуршох ибн Ахмадшох афғон Кобулдан Мовароуннахр қасдида бир неча масофаларни босиб ўтиб, Ақчага келиб тушди. Бу шохнинг келганидан Шохмуродбий валинаъми хабар топиб, Бухоро қўшини билан ул тарафга юрди ва Жайхун дарёсидан хеч нарсани ўйлаб-қўрқиб ўтирмасдан кечиб ўтганча ша^арлар онаси (умм ал-билод) Балх яқинига бориб, қўш ташлади. Шохмуродбий валинаъмининг бу довюраклиги ва журъатидан Темуршох хайратга тушди ва ярашиш сўзини ўртага солди. Орада элчи ва хат юборишлар амалга ошгач, сулх масаласи амалга
ошиб, хар икки сохиби давлат ўз давлати пойтахтига қараб кетдилар. Шахрисабз хокими Бекназарбий валинаъмийнинг вафоти хам ўша пайтга тўғри келади. Ундан уч ўғил қолди. Ниёзалибий ва Ҳакимбий ва Абдуллох додхоҳ. Шахрисабз амирлари бир ёқадан бош чиқариб, катта ўғли Ниёзалибий валинаъмни амирлик тахтига ўтқазишди. Ниёзалибий сохиби тадбир ва доно киши бўлиб, Кеш мулкининг барча вилоятларини қўлга киритди. Бирор соат давлат ишларидан бехабар бўлмасди. Ҳаким додхоҳ эса айни ёшлик ва хукмронлик чоғи жазом (?) касалига йўлиқди. Шеър машқида яхши эди. Бу туркий мухаммас унинг таъби маҳсулидир. Мухаммас:
Менга ҳам бор эди ҳар кун сипоҳу жоҳ ила ҳашмат,
Эшигимдин насим ўтмас эди беизну берухсат.
Кўнгул масрур, кўз пурнуру тан ҳам бор эди сиҳҳат,
Фалакни жабридин етти бу янглиг меҳнату лат.
Ситамгар, зулмпарвар, шўх маккоримдин айрилдим,
Парилар сарвари ёри вафодоримдин айрилдим.
Шижоату химмат ва фазлу илм либоси Абдуллох додхоҳ қоматини хам безаб турарди. У хам яхши шеърлар машқ қиларди. Настаълиқ хатини жуда яхши битарди. Бу икки қитъа ул амирлик панохи таъбининг махсулидир. Қитъа:
Баҳор рафту гулафшоне ба димог намонд,
Шароб дар қадаҳу нур дар чарог намонд.
Муоширони хуш илҳон аз ин чаман рафтанд,
Ба гайри оби равон ҳеч кас ба бог намонд.
(Мазмуни:
Баҳор кетди-ю, гуллари иси димогда қолмади, Қадаҳда шароб қолмади, чироқда эса ҳеч нур. Хушовоз суҳбатдошлар бу чаманни этишди тарк, Оқар сувдан бошқа ҳеч ким қолмади боғда).
Яна уники:
Ҳусн мулкинда шоҳдур кокул,
Турфа рифъатпаноҳдур кокул.
То ҳаводин топиб паришонлиқ,
Мен каби додхохдур кокул.
Шохмуродбий валинаъми қайта-қайта Шахрисабз устига бостириб бориб, улар орасида қаттиқ урушлар рўй берди. Лекин ҳеч бир йўл билан бу ўлкани фатх этишга муяссар бўлмади. Шахрисабз атрофида ўн саккизта қалъа бино қилинган эди. Нихоят, Шохмуродбий бу вилоятни олишдан қўл
тортиб, ўз давлати томон қайтди.

давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин