Саналар
21.11.2017
Баннер
Темур тузуклари (2)
PDF Босма E-mail

ТУҒЛУҚ-ТЕМУРХОН БИЛАН УЧРАШГАНИМДАН СЎНГ КЎНГЛИМГА КЕЛГАН БИРИНЧИ КЕНГАШ

Туғлуқ-Темурхон, [саркардалари] Бекчик, Ҳожибек эркинит, Улуғ Туқтемур керайит ва Жетенинг бошқа амирларидан уч фавж тузиб, уларни Мовароуннаҳр мамлакатини талон-торож қилиш учун юборганлиги, ўша уч фавж қўшин Ҳузор деган жойга келиб тушганлиги хабари менинг қулоғимга етди. Шунда Туғлуқ-Темурхонни бориб кўришдан илгари бу очкўз амирларни мол-дунё билан алдаб, Мовароуннаҳр вилоятини қатлу ғоратдан қутқариб қолишга қарор қилдим. Тилга олинган амирларни кўрганимда уларни ҳайбатим босди шекилли, кўп ҳурмат кўрсатиб, мени ортиқча сийладилар. Уларнинг кўзларига ўхшаш кўнгиллари ҳам тор бўлганлигидан, совға-соврун6 йўсинида уларга берилган ҳар турлик тансиқ моллар кўзларига кўп кўринди ва Мовароуннаҳрни босиб олиш ва талон-торож қилиш ниятидан қайтдилар. [Шундан сўнг] тўғри бориб Туғлуқ-Темурхон билан кўришдим. Хон келишимни яхшиликка йўйиб, [салтанат ишларида] мендан кенгаш сўради. Кўрсатган кенгашларимни тўғри деб топиб, ҳаммасини кабул килди.
Шу аснода Туғлуқ-Темурхонга хабар келтирдиларким, [юқори-лйтилган]  уч фавж амирлари, ерлик халқдан нақд пул ва
соврунлар олиб, улар билан келишмишлар. Хон шу ондаёқ мол-мулк ва  иақд пулларни қайтариб олиш учун одам тайин қилди ва амирларни бундан буён Мовароуннаҳрга боришларини манъ этди. Мансабларидан бўшатди. Ўринларига Ҳожи Маҳмудшоҳ Ясовурийни тайин қилди.
Бу ҳақда амирлар хабар топгач, душманлик байроғини кўтариб юртларига қайтиб кетдилар.
Йўлда хоннинг девонбегиси ва бош маслаҳатчиси бўлмиш Ўғлонхўжани учратдилар. Уни ҳам ўзларига оғдириб олиб, Жете Томон юзландилар.
Айнан шу вақтда Туғлуқ-Темурхоннинг Дашти Қипчоқдаги амирлари ҳам исён туғини кўтаргани ҳақида хабар олинди. Бундан хон ташвишга тушди. У мендан маслаҳат сўради ва Жете тарафга йўл олди. Мовароуннаҳрни эса менга қолдирди ва бу хусусда ёрлиғу аҳднома ёзиб берди. Амир Қорочор нўённинг Мовароуннаҳрдаги туманини ҳам менга топширди. Мен бутун Мовароуннаҳр вилоятига, то Жайҳун дарёсининг соҳилларигача ерларга ҳукмрон бўлдим. Давлат ва салтанатимнинг бошланишида энг аввал қилган кенгашим шул эди. Мен тажрибамдан шуни билдимки, юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин экан.

ДАВЛАТ ҚУРИШ ОЛДИДАН ҚИЛГАН ИККИНЧИ КЕНГАШИМ

У шундан иборат бўлдики, Туғлуқ-Темурхон мен билан тузган аҳду қарорини бузиб, иккинчи бор Мовароуннаҳр мамлакатига қўшин тортиб келди ва ҳукуматни мендан тортиб олиб, ўғли Илёсхожага топширди. Мени эса унга бош қўмондон (сипоҳсолор) ва маслаҳатчи қилиб тайинлади. Менга Қочувли-баҳодир ва Қобулхон томонидан битилган аҳдномани кўрсатди. Мен улуғ боболаримизнинг сўз ва номаларини қабул қилиб, сипоҳсолорлик қилишга рози бўлдим.
Ҳижрий 762 (милодий 1360—61) йили Туғлуқ-Темурхон иккинчи марта Мовароуннаҳрга қўшин тортиб келиб, мени ўз ҳузурига чорлаб нома жўнатди. Мен [рози бўлиб], унинг истиқболига чиқиб, у билан кўришдим. У орамиздаги аҳдни бузиб, Мовароуннаҳрни ўғли Илёсхожага топширди, мени эса сипоҳсолор қилиб белгилади. Бу ишга ортиқча рўйхушлик билдирмаётганимни кўриб, менинг бобом Қочувли-баҳодир ва ўзининг бобоси Қобулхон-ларнинг аҳдномасини кўрсатди. Пўлат тахтага имзоланган аҳдно-мада «хонлик Қобулҳон авлодининг қўлида, сипоҳсолорлик эса Қочувли-баҳодирхон болаларида бўлсин, улар бир-бири билан ёвлашмасин», деган сўзлар битилган экан. Буни ўқиб кўргач, улуғлар аҳдига вафолик қилиш юзасидан сипоҳсолорликни қабул қилдим.
Мовароуннаҳрда ўзбек'ларнинг жабру зулми ортиб кетди. Чунончи, саййид ва саййидзодалардан етмиш кишини асир олиб банд этдилар. Илёсхожа бўлса давлат ва сиёсат ишларида лаёқатсиз бўлгани туфайли уларнинг зулму ситамига барҳам беришга ожиз эди. Мен бўлсам ўз салобатим ва ҳайбатим билан ўзбеклар устидан ғалаба қилдим ва мазлумларни золимлар жабридан халос қилдим. Бу Илёсхожа амирлари ва ўзбекларнинг менга нисбатан душманлик қилишларига сабаб бўлди. Улар Туғлуқ-Темурхонга хат ёзиб, «Темур бизга қарши исён туғини кўтарди», дедилар. Хон бу ёлғон гапларни чин билиб, мени ўлдириб, йўқотиш ҳақида ёрлиғ юборди. Бу ёрлиғ менинг қўлимга тушиб қолди. Ундан ўлимга ҳукм қилинганлигимни билиб олдим. Бунинг иложини қилиб, қуйидаги тадбирни ишлатдим. Барлос улусининг баҳодир йигитларини ўз атрофимга тўплаб, уларни бирлаштирдим. Менга бўйсуниб кўмакдош бўлмоқлик учун розилик берган биринчи киши — Ики Темур бўлди, иккинчиси — амир Жоку барлос эди. Булардан бошқа улус баҳодирлари ҳам жону диллари билан менга бўйсунмоқчи [ва хизмат қилмоқчи] эканликларини билдирдилар.
Мовароуннаҳр аҳолиси менинг бу ишимдан хабар топиши биланоқ, тезда ўзбекларга ҳужум қилишим кераклиги ҳақида истак билдирдилар. Чунки уларнинг қалби золим ўзбеклар тоифасидан бутунлай безиган эди. Мовароуннаҳр аҳолисининг каттаю кичиги менга бирлашди. Мамлакатнинг уламо ва машойихлари эса ўзбекийа тоифасини йўқ қилиш ҳақида фатво ёзиб бердилар. Улус амирлари ва қўшун бошлиқларининг баъзилари ҳам бу ишга қўшилиб, бизга бирлашдилар. Бу тўғрида ёзилган аҳднома ва фатволарининг нусхаси бу эди: «Тўғри йўллик халифалар, Аллоҳ таоло уларнинг жамисидан мамнун бўлсин, тутган йўлларига ва қилган ишларига мувофиқ Мовароуннаҳрдаги бутун аҳли ислом, сипоҳу раият ёхуд уламою машойих бўлсин, Амир Темурга иззату икром кўрсатиб, уни Амир Темур Қутби салтанати Олий деб атасинлар ва уни Аллоҳнинг [ердаги] қудрати-салтанат тахтига лойиқ кўрсинлар. Мусулмонларнинг ери, номуси, мол-мулки ҳамда жонига зулм-ситам қўлини чўзган ўзбеклар тоифасини дафъ қилишда ва умуман йўқотишда Темурга [ёрдамлашиш учун] ўз мол ва жонларини [аямай], тиришиб харакат килсинлар. Биз ўз ахду байъатимизга содиқ қолурмиз. Агар берган аҳд-паймонимиздан қайтсак, Аллоҳнинг қудратию қуввати ва ёрдамидан чиқиб, шайтон қудрати ва ёрдами йўлига кирган бўлайлик».
Бу фатвони менга кўрсатганларидан кейин жангу жадал байроғини кўтариб, ўзбеклар устига лашкар тортишга қарор қилдим ва мазлумлар ҳақини золимлардан олмоқчи бўлдим. Лекин бир неча разил кишилар бу сирни фош қилиб қўйдилар. [Шундан кейин] ўйланиб қолдим, мабодо Самарқанд шаҳри ичида ўзбекларга қарши уруш бошласаму, бироқ Мовароуннаҳр аҳли [жанг қилишдан] қўл тортса-чи? [Унда нима бўлади?] Шундай бўлгач, яхшиси, шаҳардан чиқиб, Самарқанд тоғларида жойлашай, токи менга қўшилишни истаганлар ҳузуримга келсинлар. Шунда мен катта сипоҳ тўплаб, ўзбекларга қарши жангу жадални бошлагайман»,— деб қарор қилдим. Самарқанддан чиққанимда олтмиш отлиқдан бошқа бир киши ҳам менга эргашмади. Шундан билдимки, ўйлаган кенгашим хато бўлмаган экан.
Ўша тоғда бир ҳафтача кутиб ётдим, бир киши бўлса ҳам бизга келиб қўшилмади. Шунинг учун кенгаш тузиб Бадахшон тарафга ўтиб, у ернинг шоҳлари билан қўшилишга қарор қилдим. Отланиб, Амир Кулолнинг ҳузурларига бордим. Улар менга Хоразмга боришимни маслаҳат бердилар. Агар ўзбеклар устидан ғалаба қозонсам, Самарқанднинг бир йиллик хирожини уларга назр қилишга қарор қилдим. Улар менга зафар тилаб фотиҳа ўқигач, кетишимга рухсат бердилар. Саййид Амир Кулолнинг хизматларидан чиққанимда, ҳаммаси бўлиб олтмиш отлиқ менга ҳамроҳлик қиларди. Илёсхожа менинг Хоразмга юриш қилаётганимдан хабар топиб, Хива ҳокими Тўкал-баҳодирга хат ёзиб, менга қарши чиқишни ва мени ўлдиришни буюрган экан. Тўкал-баҳодир минг отлиқ аскар олиб, менинг устимга келди. Олтмиш отлиқ йигитим 1 йўлда менга қўшилган [қайноғам] Амир Ҳусайн билан бирга минг отлиқ кишилик ғаним лашкарига рўбарў бўлдим ва жанги киришдим. Бу жангда шундайин баҳодирлик қилиб, чидамлик кўрсатдимки, унинг минг кишисидан эллик киши қолди, менинг олтмиш отлиқ йигитимдан ўн кишигина қолди. Шундай бўлса-да зафар мен томонда бўлиб, [уларни қочирдим]. Менинг зафар қучганим хабари Илёсхожа ва Жете амирларига етгач, улар [ҳайрон қолишиб], «Темур ажаб эр киши экан, унга Тангрининг мадади етиб, бахту иқболи очилмиш»,— деб ўзаро сўзлашибдилар Мен бу урушдаги зафарни яхшилик аломати деб билдим. Ўзбеклар мендан чўчийдиган бўлдилар.

ЎЗ САЛТАНАТИМНИ ТУЗИШ ЙЎЛИДА ҚИЛГАН УЧИНЧИ КЕНГАШИМ

Ўша вақтда давлатимнинг кучи кетиб, салтанатимнинг асоси емирила бошлади.  Чунончи,  менга эргашган йўлдошларим ўн кишидан ортиқ эмас эди. Улардан еттитаси отлиқ, уч киши эса пиёда эдилар. Улардан бошқа мен билан ҳеч ким қолмаганди. Муҳтарама жуфти ҳалолим бўлмиш Амир Ҳусайннинг синглисини ўзимнинг отимга миндириб олган эдим.  Шу алфозда  Хоразм чўлларида бир неча кун саргардон бўлиб юрдим. Кунларнинг бирида кеч тушгач, қандайдир қудуқ бошига келиб тушдим. Ўша кечаси пиёда юрган уч нафар хуросонлик бевафолик қилиб, отларимизни миниб қочдилар. Етти киши тўрт от билан қолдик. Аҳволим жуда оғирлашди. Лекин кўнгил тўқ эди. Бу ишни чакки қилган эканман деб, ҳеч ўкинмас эдим. Сўнгра бу кудуқ бошидан ҳам кўчдим. Шу вақт Алибек Чун Ғурбоний   ёпирилиб тепамга кедди. Мени [ўз элига] элтиб, бургаси кўп бир қоронғу уйга қамаб қўйди. Бир неча кишини менга соқчи этиб тайинлади. Олтмиш икки кун мени тутқунликда ушлади. Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим ва тангрининг инояти етиб баҳодирлигим тутди. Кучли ва чаққон билакларим иш бериб, соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олдим-да, уларга ҳамла қилган эдим, бариси қочиб қолди.
[Қилич кўтарганимча], тўғри Алибекнинг устига бостириб кирдим. Мени кўргач, [ҳуши бошидан учди]. Қилган номуносиб ишидан пушаймон бўлиб, мендан узр сўради. Отларимни, яроқ-жабдуқларимни ҳозирлатиб, менга бир ориқ от ва бир қари туя тортиқ қилган бўлди. Оғаси Муҳаммадбек менга атаб юборган бир қанча совға-саломларини эса очкўзлик қилиб ўзига олиб қолди. Сўнг кетишимга рухсат берди. Хоразм чўлига томон равона бўлдим. Ўн икки отлиқ атрофимга тўпланди. Икки кундан сўнг бир манзилга етиб, қандайдир уйга тушдик. Шу орада бир гуруҳ ўша ерлик туркманлар пайдо бўлиб, мени кўргач, «Ўғри, ўғри!» — дейишиб ҳужум қилмоқчи бўлдилар. Амир Ҳусайннинг синглисини бир уйга яшириб қўйиб, ўша жамоага қарши отландим. Туркманлар ичида Ҳожи Муҳаммад деган одам мени таниб қолди, «Ҳой, тўхтанглар, бу Амир Темур-ку!»— деб уларни урушдан қайтарди. Ўзи эса тизза уриб олдимга келди. Мен ҳам унинг кўнглини овлаб, бошига мандилимни қўйдим. Сўнгра бу киши ўз оға-инилари билан менга мулозим бўлишди.

САЛТАНАТИМНИНГ ДАСТЛАБКИ ДАВРЛАРИДА ҚИЛГАН ТЎРТИНЧИ КЕНГАШИМ

Менга эргашганлар сони олтмиш отлиққа етиб қолгандан сўнг ўзимча ўйладим, агар келган манзилда тураверсам-у, мабодо ерлик аҳоли менга қарши қўзғалиб, ўзбекларга хабар бериб қўйсалар-чи, унда нима бўлади? Яхшиси, бу ердан кетиб, эл оёғи етмаган ерга бориб жойлашсам, тез фурсатда атрофимга салтанатимнинг куч-қудрати бўла оладиган қўшин тўпланар. Шу фикрда у ердан кўчиб, Хуросон томонга юзландим. Йўл устида Моҳон ҳокими Муборакшоҳ Санжарий юз отлиқ аскари билан келиб, менга қўшилди ва яхши отлар тортиқ қилди. У ернинг жами саййидлари ва аҳолиси ҳам менга қўшилди. Ўша саҳрода отлиқ, яёв бўлиб икки юзга яқин киши ёнимга кирди. Шу пайт Муборакшоҳ, саййид Ҳасан ва саййид Зиёуддин менга арз қилдиларким, бу саҳрода туравериш [қўшин] тарқаб кетишига боис бўлур, бирон томонга юриб, бирон вилоятни эгаллашимиз керак. Мен ўзимча кенгашиб, сўнг уларга айтдимки: «хотирамга бир фикр келди. Самарқандга борайлик. Сизларни [вақтинча] Бухоро томонларга тарқатиб турамен, ўзим эса Самарқанд теварагига бориб, эл-улус ичига кирамен ва уларни ўзимизга қўшиб олишга [интиламен]. Етарли лашкар йиғилиб [куч-қувват қўлга кирганидан сўнг], сизларни чақириб олурмен. Кейин Жете ва Илёсхожа қўшинига қарши жангга отланурмиз ва Мовароуннаҳр мамлакатини қўлга киритурмен». Уларнинг ҳаммаси менинг бу кенгаш ва тадбиримни тўғри деб топдилар. Юришга фотиҳа беришгач, мен йўлга тушдим. Икки юз одамимни Бухоро атрофлариға тарқатдим. Амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғани ҳам яширинча ўша ерда қолдирдим ва ўзим Самарқанд томон йўл олдим. Йўлда Тамуқа қавчин ўн беш отлиғи билан менга қўшилди. Сиримни унга айтиб, Муборакшоҳ олдига юбордим. Ўзини яширинча улус оралаб, икки мингга яқин кишини иттифоқдош қилдим. Самарқанд узра салтанат байроғини кўтаргудек бўлсам улар ёрдамга келадиган бўлдилар. Тунда пинҳона Самарқандга кирдим ва тўнғич опам Қутлуғ Туркон оғанинг уйига бориб жойлашдим. Кечаю кундуз фикр оғушида чора-тадбир изладим. Шу тариқа қирқ саккиз кун яшириниб ётдим. Охири шаҳарликларда биттаси менинг бу ерга келганимни пайқаб қолди. Сирим очилишига оз қолганда, ночор, кечаси ўзим билан келган эллик отлиқ билан Самарқанддан чиқиб, яна Хоразм томон йўл олдим. Мен билан бир тўп пиёда кишилар ҳам бор эди. Йўл давомида туркманларнинг бир пода йилқисидан бир нечтасини қўлга киритиб, пиёдаларимни уларга миндирдим.
[Кўп вақт] йўл юриб Амударё бўйидаги Ачиғи деган ўнқир-чўнқир ерга келиб тушдик. Шу ерга келганимда, Бухоро теварагида қолдирган ҳарам аҳли, Муборакшоҳ, саййид Ҳасан ва бошқа жамоа ҳам етишиб келдилар. [Булардан бошқа] Темурхожа ўғлон, Баҳром жалойир ўзларига қарашли қўшин билан келиб, менга мулозим бўлдилар. [Шу тариқа], мингга яқин отлиқ аскар атрофимга жамланди. Шу ерда кенгаш қилиб, Бохтарзамин ва Қандаҳор томонга равона бўлишга ва у ерларни тасарруфимга олишга қарор қилдим.

ХУРУЖ КУНЛАРИ ҚИЛГАН БЕШИНЧИ КЕНГАШИМ

Бохтарзамин ва Қандаҳор томон кетаётиб, Ҳирманд дарёсининг бўйига етганимда тўхтаб бир юрт ясаттирдим. Аскарларимни сийлаш учун бир неча кун ўша ерда турдим. Шу аснода Гармсир вилоятининг халқи ва сипоҳидан қарийб минг отлиқ турк ва тожик ҳам менга қўшилдилар. Шу тариқа Гармсир вилояти ҳам менинг тасарруфимга ўтди.
Шунда Сеистонга босқин қилишга қарор қилдим. Бу хабар Сеистон волийсига етгач, элчи орқали совға-саломлар юбориб, мендан ёрдам сўрамишдирким, душманларим менга зулм қилиб, қўлимдан етти қалъамни тортиб олдилар. Агар мендан душман қўлини қисқа қилсалар, аскарларига олти ойлик озиқ-овқат етказар эдим, деган эди. Ўзимча кенгашиб кўриб, сўнг Сеистон томонга қўшин тортдим. Душманлар эгаллаб олган етти қалъадан бештасини куч ва қаҳр билан қўлга киритдим. Буни кўриб, Сеистон волийсининг юрагига қўрқув тушди ва кечаги душманини энди ўзига дўст тутди. Агар Амир Темур бу ерларда туриб қолар экан, Сеистон мулки қўлимиздан кетиши аниқдир, дейишиб, сипоҳ ва раият барчаси бирлашиб, менинг устимга бостириб келдилар. Сеистон волийси ваъдасига вафо қилмаганлиги учун иложсиз, йўлларини тўсиб, жангу жадалга киришдим. Шу пайт бир ўқ келиб билагимга қадалди, яна бир ўқ оёғимга тегиб яралади. [Шундай бўлса ҳам] охири улар устидан ғалаба қозондим. [Лекин] ўша мамлакатнинг об-ҳавоси менинг мизожимга тўғри келмагани сабабли, у ердан кўчиб, яна Гармсирга бордим. Ўша вилоятда яраларим битгунча икки ойча туриб қолдим.

ХУРУЖ ВАҚТИДА ҚИЛГАН ОЛТИНЧИ КЕНГАШИМ

У шундан иборатки, Гармсир тасарруфимга ўтгач ва яраларим ҳам тузалгач, Балх сарҳадидаги тоғларда туриб, ўша ерда етарли қўшин тўплаб, Мовароуннаҳр мамлакатини бўйсундириш учун юриш қилмоқчи бўлдим. Кенгаш шунда тўхтагач, бу ердан отланиб чиқдим. Одамлар тарқалиб кетиб қирқ отлиқ кишигина қолган эканмиз. Лекин уларнинг бариси аслзода, амирзода ва насли пок йигитлар эди. Шундайин азаматлар бу оғир кунларда нимадандирки мен каби олтину молсиз, озиқ-овқатсиз бир кишига ҳамроҳлик қилиб, менинг изнимга кириб [тоғ-тошларда эргашиб юрганлари] учун тангри таолога шукрлар айтдим. Ўзимча: «Аллоҳ таолонинг мен билан қиларлик улуғ ишлари бўлғайким, ўзим каби йигитларни менга бўйсундирмишдир»,— деб ўйладим.
[Сўнг] Балх тоғларига қараб йўлга тушдим. Кетаётганимизда Йилдирин Қорачор нўён авлодидан бўлмиш Сиддиқ барлосга дуч келдим. Мени излаб саргардон бўлиб юрган экан, ўн беш отлиғи билан менга қўшилди. Унинг қелганини яхшиликка йўйдим. Ўша кунлари ов гўштлари билан кун кечирмокда эдик. Шу зайлда илгарилаб борарканмиз, йироқдан тепа устида бир тўп кишининг қораси кўринди. Олдинга юрганимиз сари соатма-соат уларнинг сони ҳам ортиб борди. Тўхтадим. «Булар ким бўлди экан?»— деб уларнинг олдига қоровуллар юбордим. Қоровуллар бориб, Амир (Темур)нинг собиқ навкари Қозончи-баҳодир экан ва Жете лашкаридан юз отлиқ билан ажралиб чиқиб, шундан бери амирни излаб, саргардон бўлиб юрган эмиш,— деб хабар олиб келдилар.
[Буни эшитиб]  ерга бош қўйиб тангри таолога шукр қилдим Дарҳол Қозончини ҳузуримга олиб келиш учун одам юбордим У келгач, тизза уриб оёқларимни ўпди. Мен ҳам унинг кўнглини олиб, ёғлиғимни бошига қўйдим. Сўнг бу ердан юриб Дарайа Арсиф деган жойга келиб тушдим. Эртасига отланиб, дарани айлана бошладим. Унинг ўртасида бағоят хушҳаю бир тепалик бор экан, мен ўша баландликка чиқдим. Лашкарлар ул тепаликни қуршаб жойлашдилар. Ўша кеча жума туни эди, тонг отгунча [худодан мадад сўраб]   ухламай  чиқдим.  Тонг отгач,  бомдод намозини  ўтадим,  сўнг қўлимни  дуога очган  эдим,  кўзларим ёшланди. Юрагим бўшашди. Тангри таолога ёлвориб, мени бу сарсонликдан қутқаришини тиладим. Дуо тамом бўлганича ҳам йўқ эдики, узоқдан бир тўп одам кўринди. Улар тепаликни ёнлаб ўтиб кетмоқда эдилар. Отланиб, уларнинг кимлигини билиш мақсадида ортларидан  бордим.   [Қарасам]   ҳаммаси   бўлиб  етмиш  отлиқ эканлар. Улардан сўрадим:
— Баҳодирлар, ким бўласизлар? Улар дедилар:
— Амир Темурнинг навкарларимиз. Уни излаб тополмай, кезиб юрибмиз.
Мен дедим: «Мен ҳам амирнинг навкарларидан биридурмен. Юрингиз, сизларни унинг олдига бошлаб борайин».
Улардан бири отини чоптирди ва бориб гапимни ўз сардорларига етказдики, «биз Амир Темурнинг ҳузурига олиб борадиган йўл-бошловчини топдик», деб.
Улар отларининг жиловини буриб, мени дарҳол ҳузурларига келтиришни буюрдилар. Улар уч фавж эканлар. Биринчи фавжнинг сардори — Туғлиқхожа барлос, иккинчисиники — амир Сайфуддин, учинчисиники — Тубак-баҳодир экан. Кўзлари менга тушгани ҳамоноқ, ўзларидан кетаёзиб, отдан тушдилар. Тизза уриб, узангимни ўпишди. Мен ҳам отдан тушиб, ҳар бири билан қучоқлашиб кўришдим. Мандилимни Туғлуқхожанинг бошига қўйдим. Жуда нозик ишланган, олтин билан зийнатланган камаримни эса амир Сайфуддиннинг белига боғладим. Чопонимни Тубак-баҳодирга кийдирдим. Уларнинг кўнгли юмшаб бағоят таъсирландилар. Мен ҳам қаттиқ таъсирландим. Намоз вақти етишгач, жамоат билан намозни адо этдик. Сўнгра отланиб қароргоҳга бориб тушдик, мажлис қуриб, тўй бердик. Эртаси куни Шер Баҳром ҳам келди. У илгари ёшлик қилиб, мендан ажраб, Ҳиндистон заминини ҳавас қилиб кетган эди. Қилган ишларидан пушаймон бўлиб, мендан кечирим сўради. Мен уни қучоғимга олдим ва узрини қабул қилдим. Шу қадар унга меҳрибонлик кўрсатдимки, у хижолатдан бутунлай фориғ бўлди.

давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин