Саналар
29.03.2024
Баннер
Бешигида бўғилган мухторият (2)
PDF Босма E-mail

1917 йил декабрь ойида бутун Туркистон Ўлкаси бўйлаб сиёсий кампания авж олди. Ҳамма жойлардаги йиғилишларда Мухторият Муваққат ҳукуматини ҳимоя қилишга қаратилган қарорлар қабул қилинди. Чунончи, 1917 йил 6 декабрь куни Тошкентнинг Эски Шаҳар қисмидаги Бекларбеги мадрасасида митинг бўлди. Митингда сўзга чиққанлар – М. Абдурашидхонов, муфтий Мулла Одил, Шерали Лапин, Саид Ғанихон, Пирмуҳаммад Аълам ва бошқалар, ҳаммаси бўлиб ўн беш киши болшевиклар йўлини қораладилар ва Мухторият ҳукуматини ҳимоя қилишга чақирдилар. Митинг қатнашчилари 13 декабрь куни, яъни Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом туғилган кунлари намойиш қилишга қарор қилдилар. Намойиш арафасида Тошкентдаги Мухториятни қўллаб-қувватловчи оврўпалик кишилар группаси Қўқонга – Мухторият ҳукумати номига телеграмма юбориб, унда мухториятчиларни ҳимоя қилиш учун намойишда қатнашиш истакларини билдирганлар» («Улуғ Туркистон», 1917 йил 14 декабрь).
Бўлажак воқеалардан хабардор бўлган Шўролар ҳокимиятн намойишга йўл қўймаслик учун ҳаракат қилди. Шўроларнинг шаҳар кенгаши бу чиқишни “мусулмонлар оммасининг фитначи аксилинқилобий ҳаракати” деб ҳисоблаб, 13 декабрга белгиланган бу намойишнинг йўлини тўсиш учун ҳарбий қисмларни ишга солди. Тошкент Ўрдасидаги ҳарбий қисмлар Янги шаҳар билан Эски шаҳарга ўтадиган асосий йўлларни тўсиб қўйди. Шунга қарамасдан ҳаракат давом этди. Айниқса, Янги шаҳарда оломоннинг тўпланиши мутлақо тақиқланган эди. Турли кўчалардан бўлса-да, йўл топиб айланиб келган мусулмонлар Шайх Хованд Тоҳур масжиди томон юриб келиб йиғилди. Соат ўн иккиларга боргайда кўп минг кишилик намойишчилар тўпландилар. Йиғилганлар орасида Халқ Комиссарлари Советининг аъзолари, ҳукмрон партия (болшевиклар) раҳбарлари ва бошқа сиёсий ҳаракат ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам бор эди. Туркистонга Мухторият берилишини талаб қилиб қилувчи шиорлар ёзилган транспарантлар кўтарган гуруҳ, асосан оврупаликларни ташкил этган уч мингга яқин намойишчи Эски Шаҳарга қараб юрди. Шу вақтда ҳарбийлар билан тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув натижасида эски шаҳарлик 16 киши ҳалок бўлган. Бўлиб ўтган воқеа хусусида марказга – Петроградга хабар берилган. Тошкент Ишчи ва аскар депутатлар Совети 13 декабрда Тошкентда ҳарбий ҳолат эълон қилди («Туркестанские ведомости», 15 декабря 1917 г.). Шўролар ҳукумати раҳбари Ф. Колесов марказий ҳукуматга мурожаат қилиб, ундан йўл-йўриқ сўраганида И. Сталиндан шундай мазмунда жавоб олинган: «Сиз жойларда ўзингиз ҳукуматсиз, йўл-йўриқларни ўзингиз ишлаб чиқишингиз керак».    ,
1917 йил 26 декабрда Мусулмон Ишчи ва аскар депутатларининг фавқулодда 1-қурултойи чақирилди. Унда бир неча масалалар кўрилиб, улар орасида Мухторият масаласи алоҳида ўрин тутди. Курултойда Мухторият масаласида Ленин билан музокара юритиш учун делегация юбориш масаласида тортишувлар бўлди. Ва ниҳоят, қурултой Ленинга телеграмма юборишга қарор килди. Телеграммада шундай дейилган: «Туркистон 1-Фавқулодда Мусулмон Ишчи ва аскар депутатлари съездида қабул қилинган резолюцияни йўллаб, Сиздан Русия демократик жумҳурияти олий ҳокимияти сифатида Туркистон Халқ Комиссарлар Кенгашига ўлка ҳокимиятини Туркистон Вақтли Мухторият ҳукуматига топшириш учун фармойиш беришингизни сўраймиз. Бу, Туркистонни улкан ҳалокатга келтириши мумкин бўлган бебошлик, иккиҳокимиятчиликнинг олдини олиш учун зарур».
Курултойда миллионларнинг манфаатини ифода этувчи вакиллар мухторият масаласида якдил (эдилар). Бироқ Тошкент Қизил ҳукуматининг вакили, большевик П. Полторацкий нутқ сўзлаб, Мухториятга қарши бемаъни гапларни айтди. Ана шундан кейин курултой қуйидаги қарорни қабул қилди: «1. Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Кенгаши барча аҳоли, айниқса мусулмонлар хоҳиш-истакларининг ифодачиси эмас. 2. Туркистон ўлкаси халқларининг иродаси съездда Мухторият эълон килинганида ифодаланган. 3. Туркистонда ягона ҳукумат органи умумий мусулмонлар қурултойида ва уни тўлдирган Мусулмон Мухторияти ҳукумати ва Халқ Кенгашига (парламенти) топширсин деб истак билдирди. Чунки, ушбу қурултой Мухтор Туркистондаги барча демократик қатламлардан ташкил топиб, бутун пролетариат ўй-фикрларининг ифодачисидир». Шундан кейин П. Полторацкий бошчилигидаги болшевистик вакиллар ва унинг тарафдорлари қурултой залини ташлаб чиқиб кетдилар.
Туркистон Мухториятини Бутунроссия Мусулмонлари Кенгаши ва унинг Ижроия қўмитаси ҳам қўллаб-қувватлади. Туркистондаги тараққийпарвар зиёлилар, оддий меҳнат аҳли ва хориждаги барча мусулмонлар Туркистон Мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлашди ва ҳатто ўз сармоялари ҳисобидан ёрдам уюштиришди. Ўзбек халқининг содиқ фарзанди Фитрат шундай деб ёзган эди: «Туркликнинг қонини қайнатгувчи, имонини юксаклатгувчи бир суюнчи сўз туғилди. 27 ноябрнинг кечасинда миллий лайлатулқадримиз бўлган Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Эллик йилдан бери эзилдик. Таҳқир этилдик. Кўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурилди, ҳуқуқимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёғлар остига олинди. Тузумли турдук, сабр этдук – кучга таянган ҳар буйруққа бўйсиндук, бутун борлиғимизни қўлдан бердук. Ёлғиз бир фикрни бермадук, яшинтурдик, имонларимизни ўраб сақладук, бу фикр – Туркистон Мухторияти эди».
Узоқ асрлар мобайнида ўзаро феодал урушлар ва тарқоқлик, мустамлакачилик сиёсати ва зулми шароитида яшаган, ана шу зулмлар туфайли халқи хонавайрон бўлган ўлкада Мухторият давлатининг ташкил топиши бутун мусулмонлар оламида қизғии кутиб олинди. Бу ҳақда ўша вақтларда чоп этилган рўзномалар, ойномалар, тўплам ва рисолалар, архив ҳужжатлари, турли йиғилишларда қабул қилинган қарорлар ва бошқа маълумотлар гувоҳлик беради. Айниқса, ўзбек шоирлари бу тарихий вокеа муносабати билан кўплаб шеърлар ёздилар, Масалан, биринчи бўлиб Ҳидоятуллоҳ Алиев «Туркистонга» ва «Мухторият шодлиги» деган оташин шеърлари билан ўзбек халқи номидан Мухториятга муносабат билдирди. Ҳамза эса «Туркистон Мухториятини» деган шеър ёзиб, уни «Улуғ Туркистон» рўзномасида (1918 йил 11 январь) эълон қилди (Изоҳ: мазкур шеърнинг тўлиқ матни Ш. Турдиев томонидан «Фан ва турмуш» журналининг 1990 йилги 10-сонида эълон қилинган).
Яна ушбу журналнинг шу сонида Фитратнинг «Мухторият» деган публицистик мақоласи, М. Чўқаевнинг хати ва бошқа материаллар илк бор шўроларнинг рўзнома ва ойномаларининг саҳифаларида эълон қилинган. Чўлпон ўзининг «Аллоҳу акбар» ва «Озод турк байрами» шеърларини Мухторият ҳукуматининг ташкил топишига бағишлади.
Туркистон Мухториятининг мадҳиясини (гимнини) ёзиш учун шоирларга мурожаат қилинган. Эндигина йигирма ёшга тўлган Абдулҳамид Чўлпон томонидан ёзилган «Озод турк байрами» деган шеър мадҳия сифатида танлаб олинган (Изоҳ: ўша шеърнинг тўлиқ матни биринчи марта «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасининг 1991 йил 20 сентябрь сонида Ж. Каримов томонидан эълон қилинган. Шеърнинг асл нусхасини эса Қўқон ўлкашунослик музейи ходими А. Мадаминов топиб берган).
Ўз даврининг талантли шоири Ҳамид Олимжоннинг «Ҳарбий коммунизм даврида ўзбек буржуазия поэзияси» деган мақоласида ёзилишича, мазкур шеър «Эл байроғи» рўзномасининг 1917 йил 13-сонида босилган. Ўша вақтларда бу шеър кўп минг нусхада Қўқондаги И. И. Вайнер типолитографиясида варақа тарзида босиб чиқарилган ва деярли барча мактабларда, кўчаларда ва йиғинларда қЎшиқ қилиб айтилган. Ана шу мадҳия матнидан парчалар келтирамиз:
Кўз очинг, боқинг ҳар ён,
Қардошлар, қандай замон!
Шодликка тўлди жаҳон,
Фидо бу кунларга жон!

Нақорот:
Туркистонли – шонимиз, туронли – унвонимиз,
Ватан – бизим жонимиз, фидо ўлсин қонимиз!
Бизлар темир жонлимиз, шавкатлимиз, шонлимиз,
Номусли виждонлимиз, қайнаган турк қонлимиз!

Мухторият олинди,
Ишлар йўлга солинди.
Миллий маршлар чолинди,
Душман ўртансин энди!
Нақорот ва ҳоказо.

Мухторият ҳукуматининг эълон қилиниши халқ оммаси томонидан қизғин кутиб олингани ва қўллаб-қувватланиши Тошкент Шўролар ҳукуматига ёқмади. Болшевиклар партияси ва Шўролар ҳукумати Мухториятга қарши ташвиқот, туҳматдан иборат сиёсий кампанияни бошлаб юборди.
Чунончи, 1918 йил 18 январда Тошкентда Фарғона, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидаги ўзбек пролетар ташкилотларининг иккинчи қурултойи чақирилди. Қурултой қатнашчилари Мухторият ҳукуматига норозилик билдирдилар, Ишчи ва деҳқон депутатлари Советлари билан Мусулмон Советларини бирлаштириш керак, бунинг учун махсус Қурултой чақиришни зарур деб ҳисобладилар. Бундай мисоллар бир нечта.
Туркистон Мухторияти ҳукуматини М. Тинишбоев атиги бир ҳафтагина бошқарди, холос. Ҳозирча бизга маълум ва аниқ бўлмаган сабабларга кўра, у истеъфога чиққан. Унинг ўрнига ҳукумат раиси этиб Мустафо Чўқаев тайинланган.
Мухторият ҳукумати ўзининг эълон қилинган кунидан бошлаб актив сиёсий фаолият кўрсата бошлаган. Биринчи навбатда Мусулмон сиёсий ташкилотлари ва уларнинг органлари тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириб юбордилар. «Улуғ Туркистон», «Эл байроғи», «Свободный Туркестан» каби ўнлаб рўзномалар Туркистон Мухторияти томонида туриб иш кўрдилар. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, бу вақтларда Тошкент ва бошқа шаҳарларда маърифатпарвар ва тараққийпарвар миллий ёшларнинг бир неча гуруҳлари ва уюшмалари тузилган эди. Масалан, Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида тузилган ва маркази Хадрада жойлашган «Изчилар тўдаси» деб аталган гуруҳга машҳур жамоат ва партия арбоби Акмал Икромов ҳам аъзо бўлиб кирган эди. (Қаранг: Қ. Хасанов. Акмал Икромов. Тошкент, «Ўзбекистон», 1972, 7-бет). Мухториятнинг ўзи ҳам рўзномалар ташкил этди ва улар ўзбек, рус, қозоқ тилларида чиқиб турди.
Мухторият ҳукумати уезд комиссарлари ва бошқа мансабдор шахсларга фармойишлар, телеграммалар ва турли кўрсатмалар юбориб, уларни бажаришга мажбур этишга ҳаракат қилди. Масалан, 1918    йил 11 январда Каттақўрғон Ишчи, аскар ва деҳқон Советлари Мухториятни тан олмай, унинг ҳеч бир кўрсатмасини бажармаслигини эълон қилган эди.
Мухторият ҳукумати шошилинч суратда 30 миллион сўмлик заём чиқарди. Ундан кўзланган мақсад ҳукуматни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва миллий армия тузиш эди. Ҳукумат тадбирига кўра биринчи навбатда армия тузишга киришилди. “Қўқон мухторияти» китобининг муаллифи П. Алексеенковнинг ёзишича, дастлабки кунлардаёқ ҳукумат ихтиёрида 60 ёлланма аскар тўпланган (44-бет). «Ҳуррият» рўзномасининг ёзишича эса, Мухторият ихтиёрида қисқа вақт ичида икки минг кишидан ортиқ ҳам ихтиёрий, ҳам ёлланма аскар бўлган (1918 йил 8 март).
Четдан чақирилган ҳарбий кишилар асосан инструкторлик ишларини олиб борганлар. Мухторият ҳукумати ёрдам сўраб хорижий мамлакатларга мурожаат қилди ва улардан ҳам моддий, ҳам ҳарбий ёрдамлар оди. Шу боисдан бўлса керак, 1918 йил январида Тошкентдаги Жомеъ масжидида бўлган митингда Шукурхон ҳазратлари: «мухториятчилар ёлғиз эмаслар. Уларни Англия ҳимоя қилаётир», деб бежиз айтмаган  («Кокандское эхо». 18 января 1918 г.). Дарҳақиқат, Мухториятни унинг илтимосига биноан Англия, Россия, Франция, Германия, Туркия ва бошқалар қўллаб-қувватлаган эдилар.
Мухторият ҳукумати ўзининг қисқа умри давомида бир қатор иқтисодий тадбирларни амалга оширишга ҳаракат қилди. Халқ милицияси тузилди, армия ташкил этилди, заём чиқарилди, пул ислоҳоти ўтказишга киришилди. Мухторият ўз байроғи ва мадҳиясига эга бўлди.
Мустафо Чўқаев ўз эсдаликларида ёзганидек, “Биз Русиядан айрилишни талаб этмадик. Фақат Мухторият эълон қилдик... Натижа эса ҳаммага маълум...” Демак, мухториятчилар Русия таркибида Мухторият бўлиши учун курашган эканлар, деган хулоса келиб чиқади. Ёки Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаганидек: “Биз еримизни ва мол-мулкимизни бўлиб олмоқчи бўлганларга жон-жаҳдимиз билан қарши чиқамиз. Ҳақиқатда эса, ер, мол-мулк ва динни сақлаб қолиш учун Мухторият туздик” (А. Бабаходжаев. Провал английской агрессивной политики в Средней Азии (1917-1920 г.г.), Ташкент, 1955, стр. 42).
Тошкент ва Москва ҳукуматлари Туркистон Мухторияти ҳукуматига нисбатан мутлақо душманлик муносабатида бўлдилар. Унга қарши ўта шовинистик сиёсатни қўлладилар. Д. Манжара ёзганидек: «Кўпгина русларнинг, ҳатто раҳбар ўртоқларнинг калласидан улуғ давлат шовинизми руҳи мустаҳкам ўрин олган эди». Дарҳақиқат ҳам шундай бўлди. Туркистон Мухторияти ҳукуматини агдариб ташлаш учун ҳамма чоралар кўрилди.

Йўлчи ҚОСИМОВ,
тарих фанлари номзоди.

(Давоми бор)

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин