Саналар
16.04.2024
Баннер
Навоий қандай касалликдан вафот этган
PDF Босма E-mail

Астрободадн келаётган подшоҳ ҳазратлари Хўжа Аббос мавзесига келганда тахтиравондан тушди. Негаки уни бир умрлик дўсти кутиб олаётганди. Аммо негадир дўсти подшо билан дийдорлашмоқ учун отдан тушиб келаётса-да, юришга қуввати қолмаётгандай кўринди. У бир қўлини Хўжа Абдуллонинг елкасига, иккинчи қўлини Хондамирнинг кифтига қўйиб тахтиравонга яқинлашди ва подшоҳ ҳазратларининг қўлини ўпдию, ҳолсизланиб ерга ўтириб қолди. Беҳуш бўлиб қолган киши Мир Алишер Навоий ҳазратлари эди.

Болаликдан бирга вояга етгани боис вақт ўтиб подшоҳ ва вазир даражасига чиққан Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий дўстлиги умрбод давом этди. Алишернинг оиласи ва қариндош-уруғлари темурийлар хонадонига яқин амалдорлардан бўлиб, отаси Ғиёсқадин Кичкина Абулқосим Бобурнинг сарой амалдорларидан, кейинроқ эса Сабзавор шаҳрига ҳоким ҳам бўлганди. Бу ҳолат ака-укалар Бахлулбек, Алишербек ва Дарвешалибекларнинг болаликдан темурий шаҳзодалар билан мактабда ўқишига сабаб бўлди.

Гарчи Хуросонда тожу тахт учун бўлган курашлар боис Ғиёсиддинлар оиласи Ироққа кўчса-да, Алишер ёшлигида Машҳад ва Самарқанддан Ҳиротга келиб, аввалига саройда муҳрдор, кейин вазир, Астробод ҳокими бўлиб ишлади. Навоийнинг акаси Шайх Бахлулбек ўша вақтда Хуросонга қарашли бўлган Хоразмнинг, укаси Дарвешали Балх вилоятининг ҳокими бўлиб фаолият кўрсатишганди. Ғиёсиддиннинг учала ўғли — Бахлулбек, Алишербек ва Дарвешалибекларнинг вилоятларга ҳоким бўлиши Ҳусайн Бойқаронинг уларга бўлган ишончу эътибори туфайли эди.

Аммо ҳамма даврларда бўлганидек, сарой ўйинлари туфайли баъзида ораларида келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик ҳолатлари ҳам бўлиб турарди. Гарчи Навоий бутун умрини ижодга бахшида қилиш ниятида эгаллаб турган мансабларидан бир неча бор истеъфога чиққан бўлса-да, Ҳусайн билан болаликдан дўстлиги сабаб, салтанат ишларидан узоқлашиб кетолмасди. Унга подшоҳ инъом қилган кўплаб ер-сув, мол-мулкни ҳам турли мавзеларда 52 работ, 16 кўприк, 20 хонақоҳ, 9 ҳаммом ва 20 та ҳовуз ташкил этишга сарфлоди. Ўн саккиз минг шохрухий динордан иборат бир кунлик даромадиниям хайр-саховатга бағишлади. Ҳатго салтанат юмушлари деб ҳаж зиёратига бориш ҳам йилдан-йилга ортга суриларди.

Вақт ўтиб, Ҳусайн Бойқаро салтанати ҳам шаҳзодалар ўртасидаги жангу жадаллар туфайли беқарор ҳолатга бориб қолганди. Хусусан, Навоий Машҳадда бўлган пайти-да келгусида адолатли ҳукмдор бўлади, дея орзу қилган шаҳзода Мўмин Мирзонинг 1497 йил ўлдирилиши, Бади-уззамон ва Ҳусайн Бойқаро ўртасидаги можароларни авжига чиқарди.

Шунингдек, Алишернинг фарзанди каби яқин бўлган жияни Ҳайдарбекнинг 1499 йилда давлатдан норози кайфиятдаги киши сифатида қатл этилиши, укаси Дарвешалининг Балх ҳокимлигидан бўшатилиши, малика Хадичабегимнинг турли фитна ва иғволари туфайли салтанатдаги ўзаро низоларнинг кучайиши 1500 йилга келиб Алишербекнинг соғлигига катта таъсир қилиб, декабр ойидан ўзини ёмон сезадиган, бош оғриши, қўл титроғи тез-тез безовта қиладиган бўлди. Бу пайтда даҳо шоир 59 ёшда бўлиб, касаллигига қарамай, ҳамиша мўйсафидлардек ҳушёр ва доно эди.

Шу боис Ҳусайн Бойқаронинг исён кўтарган ўғли Муҳаммад билан ярашганидан хурсанд бўлиб, 1500 йил жумодул-охир ойининг 6-санасида, хабар келган заҳоти бир гуруҳ амалдорлар билан йўлга чиқди. Жума кунида улар отда Хўжа Аббос мавзесида подшоҳни кутиб олдилар ва шу ерда Навоий ҳазратлари ҳушидан кетди.

Бундан ташвишланган Ҳусайн Бойқаро дўстини тахтга ётқизиб, Хўжа Абдуллога беморнинг ҳолидан хабардор бўлиб туришни топширди. Навоийнинг ташқи кўриниши ва томир уришида сакта аломатлари кўриниб қолганди. Сакта — инсульт ёки бошқача айтганда мияга қон қуйилиши эди. Бунинг давоси эса қон олиш бўлган.

Бир гуруҳ табиблар касалдан шу ернинг ўзида қон олишни таклиф қилишади. Аммо сарой табиби бўлган Низомаддин Абдулхай бирон хато бўлиши мумкинлигини, шоирни Ҳиротга олиб бориб, ўша ерда қон олишни афзал ҳисоблайди. Бу фикрни Ҳусайн Бойқаро бемор учун маъсул деб белгилаган Хўжа Абдулло ҳам маъқуллагач, беҳуш ҳолатдаги Навоий ҳазратларини Ҳирот томон олиб кетадилар.

Йўлда касаллик аломатлари кучайгач, Хондамир (1475-1535) Хўжа Абдуллога, агар қон олиш кечиктирилса, даво-лашдан фойда бўлмаслигини айтади. Шунда Хўжа Абдулло бемор ҳолини кўра туриб, Ҳусайн Бойқаро ҳузурига — Ҳиротга чопар йўллаб унинг фикрини сўрайди. Бойқаро кеч бўлсада қон олишни буюради. Аммо чопар келиб бу амрни етказгунича, қолаверса, қон олувчини йигирма чақирим олисдан олиб келгунча вақт ўтганди. Яъни қон олганларида 320 граммдан ортиқ қон чиқмайди. Шу тахлит касаллиги зўрайган Навоийни жума куни ярим кечада уй-ига олиб келишади. Эртасига шанба куни эса иккинчи бор табиблар қон олмоқчи бўладилар. Бироқ, фурсат бой берилганди. Бу пайтда дўстини кўргани етиб келган Бойқаро ҳам беморни беҳуш ҳолда кўриб, вақт ўтганини англайди. Эртасига якшанба куни тонгда эса буюк мутафаккир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий мияга қон қуйилиши касаллигидан вафот этди. Бу маъшум воқеа 1501 йил 3 январь куни Ҳиротда рўй беради.

Қўрқоқлик замиридаги хато

Сакта (мия инсульти) касаллигининг тўсатдан юз бериши натижасида Алишербек ҳушидан кетди. Ўша жойда бўлган Хуросон подшоҳи Ҳусайн Бойқаро, бир қанча амалдорлар, табиблар ва саройнинг бош табиби Абдулхай Зиёратгоҳий Навоий ҳаётини ажал домидан сақлаб қолишга киришдилар. Аммо нафақат табибларга, балки оддий кишиларга ҳам маълум бўлган ҳолат — сакта юз берганида биринчи навбатда бемордан қон олиш кераклигига бош табиб амал қилмади. Хўш, бундай кечирилмас хатога йўл қўйган сарой бош табиби Абдулхай ким ва у нега бу мудҳиш ишни қилган?

Маълумки, Навоийнинг ҳушидан кетиши 906 йилнинг жумодил-охир ойида—милодий 1500 йил декабрида, дўсти Ҳусайн Бойқаро Астробод юришидан Ҳиротга қайтаётганида юз берган. Яъни, Навоий ҳазратлари ҳукмдор Бойқаро жанобларини кутиб олишга пешвоз чиққан эди.

Ажабланарлиси шундаки, дўсти Алишербек тўсатдан беҳуш бўлиб қолганида, подшоҳ Бойқаро уни табибларга топшириб, ўзи Париён работига йўл олган.

Хондамирнинг «Макорим-ул-ахлоқ» асарида ёзилишича, подшоҳ кетаётганида амалдор Хўжа Абдуллога Навоийнинг ҳолидан хабар олиб туришни топшириб, ўз тахти равони — михаффани қолдиради. Михаффа — ётиб кетиш ҳам мумкин бўлган кажава бўлиб, унинг икки томонига от қўшиб юриларди. Хўжа Абдулло Навоийни ана шу михаффага ётқизиб, узоқдаги Ҳиротга йўл олди. Ваҳоланки, шу ерда ҳозир бўлган табиблар биринчи ёрдам сифатида касалдан қон олишни маслаҳат бердилар. Бироқ Хўжа Абдулло бош табиб Абдулхайнинг Навоийни Ҳиротга олиб бориб, бошқа табибларни ҳам йиғиб, уларнинг ҳам фикрини тинглаб, кейин бирор даво чорасини топармиз, деган таклифига кўнди.

Ўша жойда бўлган табиблар, амалдор ва тарихчи Хондамир эса Абдулхай ва Хўжа Абдуллога Ибн Синонинг сакта касали юз берганида, биринчи навбатда қон олиш кераклигини, кейин бемор аста-секин ўзига келиб, тузала бошлашини ёзганлигини айтишади. Аммо Абдулло бош табиб Абдулхайнинг фикрига таянади ва Навоийни олиб Ҳирот томон йўлга тушди.

Хондамир «Ҳабиб ус-сияр» асарида катта хатога йўл қўйган сарой табибини «табобатдан лоф уриб юрувчи» мавлоно Абдулхай Зиёратгоҳий», деб таърифлайди. Ҳақиқатдан ҳам, наҳотки Хуросоннинг бош давлат табиби бўлмиш ул зот сакта юз берганида қон олиш кераклигидан бехабар бўлган? Табиийки, табиблик фаолиятини қишлоқда бошлаб, Хуросондек катта давлатнинг бош табиби бўлиш даражасига борган Абдулхай ўз фаолияти давомида юзлаб беморларни, шунингдек, сакта касалига учраганларни ҳам даволаган, Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»ни ўқиган. Зеро, ўша вақтда табобат билан шуғулланувчи киши учун устозининг ўгитларига амал қилибгина қолмай, Ибн Сино асарларини ўқиш, ўрганиш ўзига хос қоидага айланганди. Шундай экан, Абдулхайдек сарой бош табиби сакта касали юз берганида, бемордан биринчи бўлиб қон олиш кераклигини билмасди, деб бўлмайди. Хўш, унда нега у беморни Ҳиротга олиб боргачгина даволаш керак, деб хатога йўл қўйди?!

Балки, подшоҳ дўстининг касали оғирлашса, жавобгарлик бўйнига юкланишидан чўчигандир?! Хўш, у нега иккиланиб, Ҳиротга боришни маъқул кўрди? Ваҳоланки, сактага қарши иккита чора бўлсагина бирини танлашга қийналиб, иккиланиши, масъулиятидан, подшоҳ қаҳридан қўрқиши мумкин эди. Бироқ ягона чора қон олиш шарт бўлган.

Шундай шароитда Навоий ҳазратлари михаффада Ҳирот томон олиб кетиларкан, аҳволи ғоят оғирлашди. Хондамир бемор учун подшоҳ маъсул қилган Хўжа Абдуллога агар ҳозир қон олинмаса, кейин даволашга чора қолмаслигини айтди. Хўжа Абдулло эса ўн саккиз километр узоқда бўлган Ҳусайн Бойқародан махсус буйруқ кутди. Чопар подшоҳ ҳузур бориб, қайтиб келгунича беморнинг аҳволи оғирлашиб, касаллик зўрайиб кетганди. Фурсат қўлдан кетгани ва подшоҳ розилик билдиргани боис, табиблар қон олганларида 300-350 грамдан зиёд қон чиқмади. Кечикиб қўлланилган чора ёрдам бермагач, Навоий Ҳиротга олиб келиниб, уйига ётқизилди. Ундан яна қон олишга ҳаракат қилишди. Аммо вақт ўтган эди. Шундан сўнг аҳволи оғирлашган дўстини кўргани келган Бойқаро бутунлай беҳуш ётган Навоийнинг олдида кўз ёши тўкди.

Шу ўринда саволлар туғилади. Наҳотки, Хуросон ҳукмдори учун ҳушидан кетган дўстини амалдор ва табибларга топшириб, Париён работига кетиш шунчалик зарур бўлса? Балки, ўша дамда подшоҳ Навоий ёнида бўлиб, табиблар қон олишни таклиф қилганида кўнар, эҳтимол Навоий ҳазратлари тузалиб кетармиди? Ахир Хондамир айтганидан сўнг Бойқарога чопар юборилганида, бемор дўсти билан подшоҳ турган макон орасидаги масофа атиги ўн саккиз километр экан-ку! Дўстининг ҳолидан хабар олиб, даво чоралари қўллангач, Ҳиротга бирга борсаям бўларди-ку! Умуман, фақат ўзининг айтганини афзал билиб, бошқалар фикрига таянмайдиган, қулоқ солмайдиган Абдулхайдек табиб давлатнинг бош табиби бўлиши, Навоий ўлимидан кейин ҳам «хато»си эътиборга олинмай, лавозимида қолдирилиши, файласуф шоир — Хуросон ҳукмдорининг сиёсатда мантиқсиз иш юритганини англатмайдими?

Хуллас, саволлар бисёр. Тарихга фақат бугунги кунда туғилган саволлар билан ёндашиб бўлмайди, албатта. Аммо, XVI асрдаёқ, Хондамирда шунга ўхшаш саволлар туғилган ва «Ҳабиб ус-сияр»да акс этган экан, бу «табобатдан лоф уриб юрувчи» Абдулхай Зиёратгоҳий катта хатога йўл қўйганини кўрсатади. Мудҳиш хато, қолаверса, тақдири азал сабабли, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Навоий ҳазратлари 1501 йил 3 январь куни вафот этди.

Навоий ўзига қабр тайёрлатганмиди

Дўстининг кутилмаганда вафот этиши Байқарога шунчалик оғир таъсир қилдики, у анча вақтгача ўзигь келолмай юрди. 1501 йил 3 январдан 6 январгача дўстининг уйида аза тутиб ўтирди. Барча маъракаларга ўзи бош бўлди. Унинг учун Ҳиротдаги энг табарррук зиёратгоҳ қадамжо ҳам Сари Пули Инжил жомеъ масжиди ҳовлисидаги қабр бўлиб қолди. Зеро, бу ерга буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратлари дафн этилган эди.

Қадим Ҳиротнинг хушманзара мухтор тоғ ён бағрида жойлашган Мусалло (Намозгоҳ)да Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро кўплаб меъморий обидалар бунёд қилдирганди. Уларнинг аксарияти эса Мир Алишербек ҳазратлари бошчилигида барпо этилган эди. Бу жойлар Алишербек учун қадрдон гўшалигининг сабаби, Мусаффо атрофидаги Балиқли булоғи ёнида амакиси Ҳайдарбек-нинг ҳовлиси бўлиб, у ёшлигидан маърифатли амакиси билан гурунглашгани бу ерга тез-тез келиб турарди. Вақт ўтиб, Хуросон давлатида муҳрдор, вазир ва ҳоким даражасига етишгач эса, бор бойлигига қатор иншоотлар барпо эттирди.

Айниқса, Мусаллодек сўлим жойда Навоий ҳазратлари масжиди жомеъ, «Шифоия» шифохонаси, «Дор ул-хуффоз» (қорилар) мадрасаси, «Сафоия» ҳаммоми, Инжил ариғи ёқасида эса «Халосия» хонақоҳи ҳамда «Ихлосия» мадрасасини бунёд эттирганди.

Қолаверса, умри ўтгани сайин Алишербек маҳзун хаёллар оғушида юрадиган бўлди. Ўзи «Маҳбуб ул-қулуб» асарида ёзганидек, «Бу хоксор ва паришон рўзғор камина болаликдан то қариликка қадар, кўҳна даврон воқеаларидан, айланувчи осмон ҳодисаларидан, фитна кўзғовчи бўқала-мунлигидан, товламачилигидан, замонанинг ранг сингари гуногунлигидан кўп вақт ва узок, муддат ҳар хаёл ва тараддудлар билан овора бўлиб юрдим... «

Ана шундай «тараддуд»лардан бири иссиқ жон эмасми, қолаверса, ўлимини бўйнига олмаган мусулмон эмас, деганларидек ўзига қабр тайёрлатиш бўлди. Алишер Навоийнинг ўзига тириклигида қабр тайёрлатиши замондошларини ҳайратлантирган, бу ҳолнинг сабабини тушуна олмаганлар ҳам бўлган.

Негаки, Алишербек ўзига Ҳиротнинг Ризавия боғи ҳовлисида, Абдулла Ансорий мозорида, Саъдиддин Кошғарий мозорида ва ўзи солдирган Сари Пули Инжил масжиди жомеъ ҳовлисидан қабр тайёрлатиб қўйганди. Навоийнинг тўртта жойдан ўзига қабр тайёрлатгани, ҳатто Абдураҳмон Жомийни ҳам таажжубга солди.

Ўша даврда яшаб ижод этган Фаҳриддин Али Сафийнинг «Латоиф ут-тавоиф» асарида ёзилишича, баъзилар Жомийга Алишербекнинг қабр тайёрлатиб қўйганини айтиб беришганида, у «Мир Алишер бу қабрларнинг қайси бирида ётмоқчи экан ўзи» дея мутойиба ҳам қилган эканлар.

Табиийки, Навоийнинг қабр тайёрлатган масканлари ҳиротликлар учун энг табаррук жойлар эди. Хожа Абдулла Ансорий «Пири Ҳирот» дея довруқ таратган пешво бўлиб, кўплаб ҳиротликлар ўша масканга дафн этилишини васият қилдилар. Ризавия боғи ҳам Ҳиротдаги энг муқаддас жой ҳисобланган. Ўз вақтида нақшбандия ҳожаларининг ҳалифаси бўлган Мавлоно Саъдиддин Кошғарий мозори ҳам "табаррук" маскан эди.

Тўртинчи қабр тайёрланган жой «Сари Пули Инжил» масжиди жомеъ ҳовлиси ҳам Навоийнинг тез-тез ташриф буюриб турадиган қадамжоларидан бўлган. Умуман олганда, Навоий ҳазратлари мўмин-мусулмон банда сифатида қаерга борса, олдинига табаррук қадамжоларни зиёрат қиларди. Ҳиротдаги ўзига қабр тайёрлатган жойлар ҳам Навоий ҳазратлари мунтазам зиёрат қилиб турадиган масканлардан бўлган. Ҳатто, Алишербек ҳажга боравериши ортга сурилавериб, исломнинг бешинчи фарзи армонга айланажагини англагач, дўсти Ҳусайн Бойқародан Хожа Абдулло Ансорий зиёратгоҳининг жорубкаш (супурувчи)лигини ҳам сўраб олганди. Навоий бу қадамжога келиб, Ансорий мақбараси атрофларини супуриб кетарди. Кейинчалик эса бу ерда хонақоҳ қурдириб, теварак-атрофни яна ҳам обод қилди.

1501 йил 3 январда Алишербек мияга қон қуйилиш касаллигидан вафот этгач, қариндош-уруғлари уни Сари Пули Инжил масжиди ҳовлисидаги олдиндан ўзи тайёрлатиб қўйган қабрга дафн этишади. Кейинчалик Навоий дафн қилинган масжиди жомени ҳиротликлар «Қудсия», яъни муқаддас жой дея атайдиган бўлдилар.

Умид Бекмуҳаммад

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин