Саналар
28.03.2024
Баннер
Тарих омонатдир
PDF Босма E-mail

Тарих илми улкан омонат ҳисобланади. Бўлиб ўтган ҳодисаларни омонат тутиб келажак авлодларга етказиш ҳар бир жамиятнинг бурчидир. Келажак авлод эса ўша тарихни ўрганиб, умри узаяди, тажрибаси ортади. Аввалгиларнинг фойдали ишларини ўзига ибрат қилиб олади ва хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилади. Инсоният тарихида бу ишга ҳамиша амал қилиб келинди. Тарихий ҳодисаларни бузмай кўрсатишга, қандай бўлса шундайлигича келажак авлод учун қолдиришга, иложи борича, ҳаракат қилинди. Фақат худосизлар тузуми-коммунистлар даврига келиб, бу одат қўпол равишда бузилди. Коммунистлар фақат ўзлари иштирок этган воқеаларни бузиб кўрсатибгина қолмай, балки, бутун бошли инсоният тарихини моддий (материалистик) тафсир қилиб чиқдилар. Тарих саҳифаларини ўзларининг қинғир тарозуларига солиб ўлчадилар ва одамларни шунга ишонишга мажбур қилдилар.
Шундай қилиб, қизил империя асорати остида қолган бизнинг юртимиз тарихи ҳам бутунлай бузилди. Тарихимиз саҳифалари қизил ёлғонга тўлиб кетди. Айниқса, коммунистлар олиб борган ваҳшиёна сиёсат ҳақида тузукроқ бир маълумот тўплаш имкони бўлмади.
Бу маънода коммунистик террордан қочиб, дину диёнатини, жонини сақлаш мақсадида чет элларга ҳижрат қилишга мажбур бўлган ватандошларимиз қолдирган асарлар алоҳида ўрин тутади. Менимча, муҳожирларимизнинг асарлари диёримиз тарихини яхшироқ ўрганишда, коммунистлар халқдан беркитган ҳақиқатни ошкор қилишда катта манба бўла олади.
Шундай асарлардан бири Муҳаммад Мусо Туркистонийнинг “Улуғ Туркистон фожиаси” тарихий асаридир. Асарнинг муҳимлиги шундаки, аввало ундаги маълумотлар эътиборли манбалардан олингандир. Янада эътиборга молик ери шундаки, воқеаларнинг кўпларини муаллиф ўз кўзи билан кўрган, бошидан кечирган ёки кўрган-билганлардан нақл қилган.
Муҳаммад Мусо Туркистоний 1904 йили Андижонда, диндор оилада таваллуд топиб, бошланғич таълимни ўша вақтдаги мактабларда олдилар. 1919 йили гимназияни битириб, Иттиҳоди Исломий жамиятига аъзо бўлдилар. 1928 йили Афғонистонда форс тилини ўргандилар. 1929 йили Макка ва Мадинада араб тилини мукаммаллаштирдилар. 1931 йили Кошғорда Шарқий Туркистон жумҳурияти қуришда иштирок этдилар. У ерда Қизил ярим ой жамияти ва шифохоналар очишда қатнашиб, масъул вазифаларда ишладилар.
Шарқий Туркистон жумҳурияти инқирозидан сўнг  1934 йили Кобулга, 1937 йили эса, Ҳижоз-Макка ва Мадинага келдилар. Яқинда вафот этдилар (Аллоҳ раҳматига олсин).
Муҳаммад Мусо Туркистоний бир неча китоблар талиф қилганлар. “Улуғ Туркистон фожиаси” у кишининг бош асари бўлиб, икки жилддан иборатдир. Биринчиси Ғарбий Туркистонга, иккинчи қисми эса, Шарқий Туркистонга бағишланган. Асарнинг биз учун алоҳида аҳамиятли биринчи жилди ўзбек тилида, Қуръон ҳарфларида чоп қилинган бўлиб, 400 саҳифадан кўпроқдир.
Она Ватан фироғида куйган, жонажон диёр муҳаббати ила ёнган муаллиф, китоб зарварақларига ажойиб бир дардли мисраларни жойлаштирган:

Ватан малуф ўланлар бесабаб тарки диёр этмас.
Заруратсиз жаҳонда кимса ғурбат ихтиёр этмас.

Иккинчи байт:

Чидолмай кўрдигим ҳақсизликка тарки ватан қилдим.
Ўрус зулмила жисмим порадир, қати чаман қилдим.

Китобга доғистонлик машҳур мужоҳид Имом Шомил ўғли, Саид Шомилбек муқаддима ёзган.
Китобнинг кириш қисмида муаллиф руслар томонидан тарих бузилганлиги ҳақида афсус ва надомат билан шундай дейди:
“Руслар Туркистон фожиасига оид тарихни таҳриф этдилар. Мужоҳидларимизни ва миллий қаҳрамонларимизни “босмачи” дедилар. Тарих ҳеч бир замонда ва ҳеч маконда мундоқ таҳриф қилинмади ва таҳқир қилинмоғондир. Рус воқеанавислари Туркистон фожиасида рол ўйнаган мужоҳидларимизни бир тўп қароқчи, босмачи шаклида кўрсатди. Зотан, руслар муғолата қилиш сиёсатида кўп моҳирдирлар”.
Сўнгра, Муҳаммад Мусо Туркистоний бу ноҳақликни муҳокама этиб, қуйидагиларни ёзади:
“Аммо эллик-олтмиш минг аскари ила мукаммал силоҳлик, қувватлик, мухторият ҳукуматини қура билган миллий мужодала қаҳрамонларини босмачи демак ҳақсизликдир. Ошкор душман сўзидир.
Бир замонлар осойишталикни ҳалолдор қилган ёмонларни ёмонликда давомлари учун руслар кўз юмдилар эди. Шу вақтда ўғриларни, ашқиёларни, қароқчиларни ҳаммаларини босмачи деб от қўйган, айни замонда мужоҳидларимизни ҳам босмачи (разбойник) деб пропоғонда қилдилар. Овропа ва бошқа давлатлар русларнинг матбуотидан олғон хабарларни айнан нашр этдилар. Туркистон мужоҳидлари деб ёздирулғон ерда, газетларда, мажмуаларда босмачи, деб ёзиб тарқатдилар. Ҳолбуки, Туркистонда саккиз сана давом этган миллий мужодала даврида миллионлаб шаҳидлар берғон мужоҳидларимизнинг мисоли, Анқарада чиққан миллий мужодала қаҳрамонлариға ўхшайдир. Яна бир мисоли Жазоирда Франса хукуматиға исён қилуб, саналарча муҳорабадан кейин истиқлолиға эга бўлган Жазоир мужоҳидлари кабидир”.
Бу мавзудаги фикрни ривожлантира бориб, муаллиф ушбуларни ёзади: “Мужоҳидларимизни гарчи руслар дунёга “босмачи” деб эълон қилса ҳам, Оврупонинг баъзи муҳаррирлари ҳақиқатни майдонга чиқариб, Туркистон миллий мужодала ҳаракатларини миллий қўзғолиш, деб ёзғон ёзувчилар бўлди. Жумладан, Михаил Ривкин “Осиёдаги Русия” исмли китобида руслар “босмачилик” деган миллий мужодала ҳаракати мусулмон миллатчиларининг Фарғона водийсиндан ёйилган ҳаракатидур, деб ҳақиқат ҳолни ёзиб нашр қилди”.
Муҳаммад Мусо Туркистоний “Хулосаи калом “босмачи” деган ифтиро ҳақсизликни мудофаа қилиш биз туркистонликларга тушади”, дейди.
Бу жуда тўғри ва ҳаммага тааллуқли гапдир. “Улуғ Туркистон фожиаси” китобини варақлар эканмиз, кўплаб керакли маълумотлар оламиз. Китобнинг аввалида русларнинг тарихи, урф одатлари, мўғуллар, Амир Темур ва бошқаларнинг руслар билан бўлган урушлари ва можаролари ҳақида баён қилинган.
Сўнгра руслар Туркистонни қай тарзда босиб олганлари, мустамлакачилик сиёсатлари, Ислом динига қарши олиб борган ишлари, бу ишларда рус шарқшунослари тутган ўрин баён қилинади.
Китобда, шунингдек, муаллифнинг русларнинг “муфтий” сайлашдаги аралашувлари, муфтий қилиб сайланиши лозим бўлган одамнинг ақлсиз, билимсиз бўлиши учун қаттиқ уринганликлари, ҳужжатлар асосида фош қилинади.
Муаллиф юрт бошига тушган мусибатларни бирма-бир васф қилиб чиқади. Айниқса, мустамлакачиларга қарши курашга катта ўрин берилади. Дукчи Эшон қўзғолонидан бошланиб, мужоҳид қўрбошилар ҳаракати батафсил баён қилинади.
Шунингдек, “Туркистон фожиаси” китобида жадидлар ҳаракатига ҳам алоҳида эътибор берилган.
Китоб сўнггида миллий озодлик ҳаракатлари алдов, хиёнат ва шафқатсизлик билан бостирилгандан сўнг, коммунистлар юрт бошига солган бало-офатлар ҳақида сўз юритилади.
Ўзимизни англаш жараёнида, тарихимизнинг аслини ўрганиб, омонатни халқимизга ўзлигича етказиш учун шубҳасиз кенг кўламда ишлар қилиш керак.
Бу борада муҳожирларимиз томонидан қилинган ишларни ҳам муносиб тақдирлашимиз лозим, деб ўйлайман.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин