
Масъул муҳаррир: филология фанлари доктори, профессор Ш.С.Сафаров. Тақризчилар: тарих фанлари номзоди, доцент Б.Тўрақулов, филология фанлари номзоди, доцент Н.Бегалиев.
Ушбу рисолада Самарқанд шаҳрининг тарихий минтақасида ХI асрлардан ташкил топган 75 маҳалланинг вужудга келиши, жуғрофий жойлашиши, қўшни маҳаллалар билан чегарадош эканлиги, тарихий шахслар, шоирлар, олимлар, косиб ва меъморлар тўғрисидаги қиска маълумотлар келтирилган.
Кириш
Инсоният тарихида жуда кўп ижтимоий қадриятлар тараққиётнинг асосий омили бўлиб хизмат қилган. Марказий Осиё халқлари тарихида салмоқли рол ўйнаган маҳалла типидаги жамоа ҳам ана шундай ижтимоий қадриятлардан бири саналади. Ушбу рисолада Самарқанд шаҳрида ХI асрлардан бошлаб ташкил топган маҳаллалар тарихий ва ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топди. XIV-XV асрларда маҳаллалар тизими шаҳар ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ривожланишида катта рол ўйнади. Кейинги даврларда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқаришининг бу шакли Самарқанд шахрининг маданий ва маънавий равнақини таъминлади. Мазкур китобда Самарқанд шаҳрида ХI - ХХI асрларда вужудга келган 75 маҳалла тўғрисидаги қисқача маьлумотлар келтирилди.
Шаҳримиз маҳаллалари тўғрисидаги маьлумотлар ўзбек, рус, инглиз, корейс ва турк тилларида берилмоқда. Тарихий маьлумотларни рус тилига М. Меликова ва А. Акобирова инглиз тилига филология фанлари номзоди Ғ.Рахимов иқтидорли талабалардан. А.Жураева, З. Шарипова, корейс тилига ўқитувчилар Ким Так Чёл, А. П. Эм. ва Н. А. Расулов, иқтидорли талабалар Д. Ҳамроқулова, Д. Шарипова, Д.Шокирова, турк тилига ўқитувчи Зейне Полат, талабалардан Э. Бекирова, А. Акбаров, Р.Кулиев ва Г.Фозиловалар таржима қилдилар. Фурсатдан фойдаланиб, хорижий мутахассислар, институт ходимлари ва ижодкор талаба-ёшларига миннатдорчилик билдираман. Рисола ёш илмий ходимлар, тадқиқотчилар, аспирантлар ва кенг китобхонларга мўлжалланган.'
Самарқанд маҳаллалари тўғрисида қисқача маълумотнома
ҒОТФАР (ҒОТИФАР) – Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида ёзилишича, Ғотфар Мовароуннаҳрнинг ислом истилосигача бўлган давридан ҳарбий бошлиғи эди. Бу тўғридаги маълумотларни XIX аср тарихий манбаларида ҳам учратиш мумкин. Ғотфар маҳалласи Шаҳристон (Ҳозирги Афросиёб) ҳудудидаги Исфизор маҳалласига чегарадош бўлиб, унинг ҳудудидаги Новадон ва Ғотфар ариқлари устида қурилган кўприк бор эди. XVI асрнинг ҳуқуқий хужжатларида Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида Ғотфар маҳалласи аркнинг ғарбий-шимолий қисмида жойлашганлиги ёзилади. Бу сарзаминда авлиёлар, диний уламоларнинг хоки-пойи мавжуд. Жумладан, Хожа Абулфаворис Бағдодий, имом Ломиший, Умар бин Аҳмад Марғилоний, Искандар Дермий, Хожа Зайниддин Димишқий, «Тали тўғон» тепалигида Ҳазрат Шамс улаиймойи Ҳалвоий, Хожа Дурюзагар, Хожа Мўйтоб каби ислом оламида таниқли шахслар кўмилган. «Тали муҳаррабон» тепалигида эса Хожа Ғотфарий дафн этилган. XI асрда Умар Хайём яшаган бу маҳаллада шоир ва олимлар Хожа Шамсиддин Ғотфари, Хожа Мавлоно Ғотфари, меъмор Рафиқ ибн Абдулло кабилар истиқомат қилишган. XII аср тарихшуноси Низоми Арўзи Самарқандий бу минтақада кипарис ўсимлиги кўплигини ёзган эди. Маҳалладошлар асосан ҳунармандчилик, деҳқончилик ва савдо билан шуғулланганлар. ФАҚИҲ АБУЛЛАЙС. Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий минтақасида Х асрда барпо бўлган бу маҳалла Жўгихона, Мирзо Пўлод, Ялангбек ва Дари Занжир маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла ҳудудида мадраса, масжид, ҳужралар, таҳоратхона, ҳовуз, мактаб бинолари, баққоллик, гўшт дўконлари, карвонсарой мавжуд бўлган. Чокардиза қабристонининг бир қисми шу маҳаллага туташ жойлашган. Маҳалла Х асрнинг алломаси «Бўстонгул Орифин» асарининг муаллифи Абдуллайс Наср ибн Муҳаммад Самарқанди номи билан юритилади. Алломанинг авлодлари XVIII асргача ушбу сарзаминда яшаганлар. Мутафаккирнинг авлодларидан бири Жалолиддин Фазлуллоҳ Абдуллайс (1406-1469 йй) буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийга устозлик қилган эди. Абу Тоҳир Хожа «Самария» асарида «Яъқуб Абдуллайс самарқандлик фақиҳ Ҳазрат Абдулайс наслидандир. Унинг қабри фақиҳ Абдуллайс маҳалласида», деб ёзилган. (41-бет). Бу минтақада таниқли олим Журжоний, шоир Умур Боқи, гилкор, меъмор ва ганчкор усталар Дадажон, Абдуқодир ва Абдурашидлар яшаб ижод қилганлар.
ДАРИ ЗАНЖИР. XVI- XVII асрларда маҳалла Ҳаёти Хон (Хоннинг ҳовлиси) номи билан юритилган. Маҳалла XIV асрнинг охирида вужудга келган бўлиб, ислом динига жиддий эътиқод қўйган фуқаролар хотин-қизларни маҳрам (яъни номаҳрам одамларнинг нигоҳидан сақлаш)она яшашлари учун эшикларни занжирлаб истиқомат қилганлиги учун XVIII асрдан бошлаб занжирланган эшик номи билан юритилган. Маҳалланинг аксарият аҳолиси Зомин туманининг Култепа қишлоғидан кўчиб келганлар. Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида, ёзишича «Дарвиш Холид мозори Дари Занжир маҳалласидадир. У Хусайн Хоразмийнинг халифаларидан бўлиб, сулуки жаҳрия экан. Дари Занжир Амир Темур Кўрагон хотинининг работи бўлиб, Чокардизанинг ғарб томонида ва мусулмонларнинг қабристонига туташган», деб қайд қилинган. Маҳаллада XVIII асрда қурилган мадраса, мактаб, ҳовуз (унинг зиналари 18 қатор бўлиб, арча ёғочидан қурилган), савдо дўконлари фаолият кўрсатган. Тарихнависларнинг ёзишича, маҳалла масжиди Самарқанднинг муқаддас жойлардан бири эди. Масжид шайх Абу Мансур Мотуридий масжидининг яқинида жойлашган. Бинони тошкентлик Орифжонбой мелодий 1834 йилда янгидан пишиқ ғишт ва ганч билан қурган экан. Маҳалла фуқаролари таниқли усталар ва меъморлар Амонулло, Абдуҳаким, Шамсиддин, Расул, Азим, Зайниддин, Юнус, Ҳаким ва Раҳматжон каби шахслар билан фахрланганлар.
КЎК МАСЖИД. Ушбу ном билан аталган маҳалла жуда кўп асарларда тилга олинади. Жумладан, Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида Қутби Чаҳордаҳўм мозори тўғрисида сўз юритилиб, унинг асл номи Шайх Нуриддин Басир эканлигини, онаси билан Нўшкент (Тошкент вилояти қишлоқларидан бири)дан Самарқандга кўчиб келиб, Новадон булоғининг ёқасида Кўйи чўпононда сабзаранг ёки «Масжиди кабуд» (турклар «Кўк масжид» деб атаганлар) масжидида қўниб (1242 й) шунда ўрнашганлигини» ёзади. Демак, «Кўк масжид» мусулмонларнинг диний эътиқод қиладиган маскани бўлибгина қолмасдан, у тарихан кўҳна маҳалла ҳамдир. Кўк масжид маҳалласи Самарқанднинг Арки қаршисида, шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисмида вужудга келган. Маҳалла XIX асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Новадон маҳалласи таркибида бўлиб, шимолдан Сўфи Розиқ ва Юсуфбой, шарқдан Қўшҳовуз, жанубдан Таги шўр ва Бўстонихон, ғарбдан Новадон ариғи билан чегарадош бўлган. Бу маҳаллада ҳунармандлар, усталар, савдогарлар, саройбонлар, олимлар истиқомат қилганлар. Жумладан, машҳур шашмақом устаси Хожи Абдуазиз Абдурасулов, академиклар Аловиддин Баҳовиддинов, Ислом Зоҳидовлар шу маҳалла фарзандларидирлар.
БОҒИ МАЙДОН. Маҳалла Регистон меъморий ансамблининг орқа томонида, косиблар жамоаси Заргарон, Кўк масжид, Таги Шўр билан чегарадош бўлиб, XVII-XVIII асрларда вужудга келган. Ушбу ном билан юритилган яна Боғи майдон-2 ва Боғи майдон-3 маҳаллалари ҳам Боғи майдонга қўшни ҳисобланади. Маҳалланинг фуқаролари XIX-ХХ асрнинг биринчи чорагида Самарқанд туманига қарашли Боғи майдон қишлоғидаги дала ҳовлиларида ёзда деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланишиб, қишда шаҳардаги ҳовлиларига келганлар. Шўролар даврида қишлоқлар колхозлар тасарруфига ўтиб, аҳолининг бир қисми шаҳарда яшашга мажбур бўлдилар. Маҳаллада иккита масжид қурилган эди. Улардан бирини «Масжиди муқатта» деб аташган. Муқатта атамасининг маъноси «Ислима» ва «Хитои» усулида кичик қилиб кесилган ёғочдан қурилган бино маъносини англатган. Бу масканда мадраса ҳам қурилган. Маҳалла аҳолиси бош кийим тикиш, савдо, ҳунармандчилик, меъморчилик билан шуғулланганлар.
ҚЎШ ҲОВУЗ. Маҳалла XV асрда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий минтақасида вужудга келган. Маҳалла шимол томондан Хўжажон Хўжа, шарқдан Сўфи Розиқ ва Маддоҳи, жануб томондан Таги Шўр ва ғарбдан Кўк масжид ва Юсуфбой маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла ҳудудида мадраса, иккита масжид, мактаб, ҳаммом, учта мозор, баққоллик дўконлари, карвонсарой, атторлик бозори, икки қаватли ҳовуз ва бошқа тарихий бинолар мавжуд бўлган. Ҳовузнинг бирида сув лойқадан тозаланиб, иккинчи ҳовузга қўйилгач, уни истеъмол қилиш мумкин эди. Маҳаллада машҳур таржимон Мирзо Қўқандбой, шоир Саидаҳмад Васли, наққош Маҳмуд, меъмор Абдуқодир Боқиев ва шоир Фикри яшаб ижод қилганлар. Маҳалла ҳудудида яҳудий миллатига мансуб маҳаллий бойлардан бирининг ҳомийлиги билан яҳудий хотин-қизларининг синагоги очилган эди. Ҳозирги вақтда синагога тугатилиб, унинг биносида кўзи кўрларнинг клуби фаолият кўрсатади. Маҳалла фуқаролари композитор Ўзбекистон халқ артисти, профессор Дони Зокиров, академиклар Минҳож Ғуломов ва Ислом Зоҳидов, профессорлар Бобоқул ва Мардонқул Рустамовлар билан фахрланадилар.
МАХДУМИ ХОРАЗМ. Маҳалла XV-XVI асрларда ташкил топди. Унинг номи шу минтақада яшаган тасаввуф тариқатининг буюк намояндаси, Аҳмад Яссавий таълимотининг давомчиси Махдуми Хоразм номи билан боғлиқ. Махдуми Хоразм ислом оламида салмоқли ўрин эгаллайди. Унинг қарашларига оид талайгина диний ва тарихий манбалар мавжуд. Абу Тоҳир Хожанинг «Самария» асарида бу улуғ зотнинг хизматлари Самарқандда Яссавия ва нақшбандия тариқатларини ривожлантиришдаги роли билан изоҳланади. Ушбу асарнинг 22-бетида «Ғори ошиқон»даги суфийлик хужралари, муқаддас жойлар ва чиллада ўтиришни ихтиёр этган диндорларга яратилган қулайликлар, 41-бетда Мавлоно Дарвишнинг Махдуми Хоразм билан ғоявий яқинлиги, машҳур «Ҳидоя» асарининг муаллифи Бурхониддин Марғилонийнинг издоши эканлиги тўғрисида далиллар келтирилган. Махдуми Хоразм маҳалласи шимол томондан Қози Калон, шарқий томондан Яҳудийлар маҳалласи билан, жанубдан Қози Ғафур ва ғарбдан Урмитан (шаҳар ариғи ёнида) маҳаллалари билан чегарадош. Маҳаллада, асосан, темирчилар ва мих ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар яшаганлар. Унинг ҳудудида Қози Ғафур мадрасаси, масжид, ҳовуз, хужралар, таҳоратхона, савдо дўконлари ва карвонсаройлар мавжуд эди. Маҳаллада Улуғбек мадрасасининг таниқли мударриси Миржалолиддин, шоирлар Сипанди, Н.Писанди, наққошлар А.Латипов ва Абду Зоҳид ва бошқа халқ усталари истиқомат қилганлар.
ТАГИ ШЎР. XV-XVI асрларда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий минтақасида ташкил топган. Таги шўр маҳалласи шимолдан Урмитан, шайбонийлар Қўш мадрасаси, шимолий-ғарбдан Кўк масжид, жанубдан Заргарон ҳамда Мағоқ (биноси ерга кўмилган маъносида) масжидига чегарадошдир. Маҳалла ҳудудида Бозори сандуқ ҳаммоми, баққоллик дўкони, почта, ҳарбий комиссариат, таъмирлаш устахонаси, тўрт бурчакли ва зинапоялари арча ёғочидан қурилган ҳовуз, 3 та карвонсарой мавжуд эди. ХХ асрнинг 60-йилларида маҳалланинг ҳудуди бузилиб, унинг ўрнида Юбилей ресторани (2005 йилда бузилиб, Регистон майдонига қўшилди), савдо дўконлари барпо қилинди.
МОТРУДИ. Маҳалла XVI-XVII асрда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий минтақасида барпо қилинди. Маҳалланинг жанубий-ғарбий ҳудудида Регистон майдони, шимолий-ғарбий қисмида Боғи майдон маҳалласи (Арк дарвозаси, Арк ҳаммоми ва Арк масжидигача) жойлашган. Бу минтақада Пои илм (Илм маркази) мадрасаси қурилган эди. Бундан ташқари мактаб, ҳовуз, таҳоратхона, баққоллик дўконлари, иккита карвонсарой фуқаролар манфаати учун фаолият кўрсатган. Ушбу маҳаллада машҳур шариатшунос, тариқат арбоби шайх Мансур Мотуриди яшаган. Аҳолиси Самарқанд туманининг Мотрид қишлоғидан бўлиб, улар деҳқончилик билан шуғулланганлар. ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб маҳалла минтақаси бузилиб, унинг ўрнида кўп қаватли турар жойлар, Кинап заводи ишчилари учун уйлар, шоирлар боғи, ётоқхоналар қурилди.
БОҒИ МАЙДОН-1, 2 ВА 3. Маҳалла XVII-XVIII асрларда ташкил топди. Жамоа чегарасининг шимолий-ғарбий қисмида Заргари, Новадон ва Кўк масжид, шарқий ҳудудида Таги шўр ва Регистон майдони жойлашган. Маҳаллада тўртта мадраса, бешта масжид, мактаб, учта ҳовуз, хонақо, карвонсарой, баққоллик дўконлари, устахоналар, кўплаб боғлар, заргарлик расталари мавжуд эди. Бу тарихий масканда талайгина таниқли шоирлар ва маданият арбоблари истиқомат қилганлар. Жумладан, Нақибхон Тўғрал, шоир ва маорифпарвар Абдуқаюми Қурби, ганчкор Юнус Азизов, халқ оғзаки ижоди дурдоналарини тўплаган М.Исомова, У.Орипов, М.Ортиқов, Ҳ.Жалолова, М.Жўраев, Т.Нарзиқулов, Ч.Орифжонова, А.Ортиқов, Х.Останова, Ч.Раҳмонов, С.Фозилова, Д.Жўраевалар ижод қилганлар.
КУЛОЛОН. Маҳалла XVII асрда майдонга келган бўлиб, Самарқанднинг жанубий минтақасида жойлашган. Шимолдан Дегчабирён, шарқдан Эски Қаландархона, ғарбдан Луччакон, жанубдан Дониёрбек маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла ҳудудида Ҳазорчашма булоғи, учта мозор мавжуд. XVIII асрдан бошлаб кулолчилик касби ривожланди. Наврўзи косагар, усталар Одина, Қўзи, Қобил, Умар Жўрақуловлар ота касбини ХХ асрнинг охиригача мунтазам ривожлантирдилар.
БУЛБУЛАК. Бу маҳалла жамоаси XVII асрда ташкил топди. Унинг жуғрофий жойлашиши Самарқанд шаҳрининг жанубий-ғарбий минтақасига тўғри келади. Шимолдан Қози Абдурасул, шарқдан Хонақо, ғарбдан Ҳовузи Сангин ва жанубдан Хон Саид Имом маҳалллари билан чегарадошдир. Маҳалланинг номидан маълумки, бу ерлик косиблар ва ҳунармандлар асосан болалар учун ҳуштак ва бошқа ўйинчоқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланганлар.
УРГУТИ. Маҳалла XVIII асрда Самарқанд шаҳрининг шарқий ва жанубий-шарқий минтақасида вужудга келган. Шимолдан Зомини, Ёмини, жанубдан Баланд кўпрук, ғарбдан Мирзо Пўлод ва шарқдан Регистон майдони билан чегарадошдир. Маҳалла XVIII асрда Самарқанд шаҳрида юз берган табиий офат, яъни қурғоқчилик туфайли бўшаб қолганда бошқа вилоят ва қишлоқлардан кўчиб келтирилган аҳоли ҳисобидан тўлдириш натижасида барпо бўлган. Бу минтақага асосан вилоятнинг Ургут туманидан фуқаролар кўчиб келишган. Аҳоли нон ва нон маҳсулотлари, тўқимачилик, пойафзал тўқиш ва савдо-тижорат билан шуғулланган. Мўкидўз Абдусалом бобо, Абдураҳмон бобо, заргар Шароф бобо, сандиқсоз Сайфиддин бобо, халқ термаси устаси К.Шарипов, С.Шарофиддинов авлод-аждоди билан ота касбини ардоқлаб келадилар. Маҳалла ҳудудида мадраса, иккита масжид, иккита ҳовуз, таҳоратхона, хужралар, карвонсарой ва баққоллик дўконлари фаолият кўрсатган.
ШАҲРИСАБЗИ. Самарқанд шаҳрининг шарқий ва жанубий минтақасида XVIII асрда маҳалла ташкил топди. Жамоанинг вужудга келишига Самарқанд шаҳрида бошланган қурғоқчилик ва маҳаллий аҳолининг очликдан қирилиши сабаб бўлган эди. Бухоро амири Шоҳмуроднинг буйруғи билан ўлканинг бошқа вилоят ва шаҳарларидан аҳоли кўчирилиб шаҳарни тўлдиришга тўғри келди. Бошқа вилоятлар каби Шаҳрисабздан ҳам кўплаб оилалар Самарқандга кўчиб келдилар ва янги маҳаллаларни ташкил қилдилар. Маҳалла шимолий-шарқий томондан Ургути, ғарбда Ҳавзи баланд, жанубда Қози Абдурасул маҳаллалари билан чегарадош. Аҳоли асосан косиб, тўқувчи, кулоллик, тандир ясаш билан шуғулланган. Усто Карим тандир ясаш касбини авлоддан авлодга етказишга эришган эди.
ЗАРГАРОН. Самарқанд шаҳрининг ғарбий минтақасида XVII-XVIII асрларда Заргарон маҳалласи ташкил топган. Маҳалла шимолий-ғарбдан Регистон майдони, жанубий-шарқдан Боғи майдон, шимолдан Таги Шўр ва ғарбдан Новадон маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла аҳолиси олтиндан хотин-қизлар тақинчоқлари, кумушдан рўзғор буюмлари, рангли металдан турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Маҳаллада масжид, таҳоратхона, хужралар, ҳовуз, карвонсарой, савдо расталари, қимматбаҳо буюмлар билан савдо қилувчи махсус дўконлар бор эди. Фуқаролардан О.Тошмуҳаммедова ва М.Қодирова халқ эртаклари айтиш билан шинавандаларга қувонч бағишлаган эди. Собиқ маҳалла ҳудудининг бир қисмида 2-сон ўрта мактаб биноси барпо қилинди.
ҚАШҚАРИ. XVIII асрда вужудга келган бу маҳалла Самарқанд шаҳрининг шимолий-шарқий минтақасида жойлашган. Шимолдан Шайхулислом, шарқдан Сўфи Розиқ ва Хожа Зудмурод, жанубдан Юсуфбой ва ғарбдан Новадон маҳалллари билан чегарадош. Маҳалланинг аҳолиси асосан Хитойнинг Қашқар вилоятидаги дунган қавмига мансуб бўлиб, турли сабаблар билан Самарқанд шаҳрига келиб яшаганлар. Ушбу ҳудудда масжид, мактаб, ҳовуз, булоқ, баққоллик дўконлари, мадраса мавжуд бўлиб, маҳаллий халқ уйғур таомлари тайёрлаш билан шуғулланган. Маҳалла кейинчалик Чапаев номли маҳаллага қўшилган.
ЗОМИНИ. Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий минтақасида XVIII асрда ташкил топди. Шаҳарда аҳоли юз берган қурғоқчилик ва очликдан бўшаб қолганлигидан ва уни мамлакатнинг бошқа вилоят ва қишлоқларидан кўчиб келган муҳожирлар билан тўлдириш натижасида Ёмини туманидан бир неча оила бу ерда доимий яшаб қолган. Маҳалланинг шимолий қисмида Каварзор, жанубида Ёмини ва Ургути, ғарбида Мирзо Пўлод, шимолида эса Чокардиза жойлашган. Унинг ҳудудида масжид, ҳовуз, таҳоратхона, мактаб, баққоллик дўконлари ва Қутби ёздаҳўмнинг мақбараси мавжуд.
ҚОЗИ ҒАФУР. Маҳалла XVIII асрда ташкил топди. Бу тарихий маскан Самарқанд шаҳрининг шарқий қисмида жойлашган. Шимолдан Дари занжир, ғарбдан Ҳовузи баланд, жанубдан Ялангбек, шимолдан Махдуми Хоразм маҳаллалари билдан чегарадош. Аҳоли асосан метални қайта ишлаш, чилангарлик, аравасозлик, миллий тўн тикиш, кўн маҳсулотларини ишлаб чиқариш, савдо ва тижорат билан шуғулланган. Маҳаллада иккита мадраса, иккита масжид, мактаб, ҳовуз, таҳоратхона бор эди. Раҳмати гилкор, шоир Рафиқ ва Хилъат, аравасоз Мирсоле, жомадўз Абдуқодир каби косиб ва ҳунармандлар ҳаёт кечирганлар.
УРМИТАНИ. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг шарқий минтақасида вужудга келган. Унинг шимолида Қози Калон, шарқида Шарбатдор, жанубида Махдуми Хоразм, ғарбида Қорабой оқсоқол маҳаллалари чегарадошдир. Маҳалланинг аҳолиси Зарафшон дарёсининг юқори оқими Урмитан (Панжакент тумани) қишлоғидан XVIII асрда кўчиб келганлар. Урмитанликларнинг Самарқанд шаҳрига муҳожир бўлишлари ҳам Бухоро амирининг шаҳарни аҳоли билан тўлдириш ҳақидаги буйруғи билан боғлиқ. Бу даврда 24 маҳалла ташкил топиб уларга турли шаҳар ва қишлоқларидан фуқаролар кўчиб келган эди. Аҳоли метални қайта ишлаш, кулоллик, савдо билан шуғулланган. Маҳалланинг иккита масжиди бўлиб, бири масжиди Чилангари деб аталган. Таниқли уста, меъмор Шамсиддин Ғафуров ва унинг авлодлари ота касбини узоқ йиллар давом эттирганлар. Маҳалланинг собиқ ҳудудида 1-сон шаҳар поликлиникаси ва А.Навоий кинотеатри бинолари барпо қилинди.
ЁМИНИ. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг шарқий ва жанубий қисмида вужудга келган бўлиб тарихий манбаларда Ёмини-1 ва Ёмини-2 маҳаллаларидан иборат эканлиги қайд қилинади. Маҳалланинг шимолий ва шимоли-ғарбида Тошканди, шимолий ва шимоли-шарқида Зомини ва Ялангбек, жанубида Мулиён (ҳозирги Қаландархона) жамоалари жойлашган. Маҳалланинг маҳаллий аҳолиси XVIII асрнинг биринчи ярмида Зомин туманининг Ём ва Панжакент (Тожикистон Республикаси)нинг Фон қишлоқларидан кўчиб келганлар. Аҳоли, асосан, тўқимачилик, ип йигириш, бинокорлик, новвойлик, нўхат пишириш, савдо билан шуғулланган. Ушбу минтақада масжид, таҳоратхона, хужралар, ҳовуз, 3 та мозор (бири Чилламазор), мактаб, карвонсарой, баққоллик дўконлари фуқароларга хизмат қилган. Маҳалланинг гилкори Қобил бобо, Самад бобо, новвой Қурбон бобо, халқ оғзаки ижодининг билимдони Раҳмон Эгамбердиев каби косиб ва маданият ходимларини ҳозир ҳам ҳурмат билан эслайдилар.
КАВАРЗОР. Маҳалла XVIII асрда Каварзор ариғи ёнбошида, Самарқанд шаҳрининг шарқий ҳудудида вужудга келди. Унинг жанубий-шарқий қисмида Ёмини, Зомини, Фақиҳ Абдуллайс, Чокардиза, Оби Машҳад, шимолий-ғарбида Кафтархона, Ражаб Амин, Даштак маҳаллалари чегарадош. Маҳалланинг минтақасида иккита масжид, иккита мактаб, учта карвонсарой, таҳоратхона, хужралар, тегирмон, баққоллик дўконлари мавжуд эди. Аҳоли, асосан, ҳунармандчилик, савдо, деҳқончилик ва боғбонлик билан шуғулланган. Бу сарзаминда кавар ўсимлиги сероблиги боис, халқ табиблари ундан турли дориворлар тайёрлаганлар, ёғчилар жувозда ушбу шифобахш ўсимликнинг уруғидан ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарганлар. Маҳаллий халқ бу ерда яшаб ижод этган шоир ва мураббий Мардонқул Муҳаммадқуловни эҳтиром қилганлар.
ҲАВОСИ. Маҳалла XVII асрда Самарқанд шаҳрининг шимолий минтақасида вужудга келди. Кейинчалик Ҳавоси маҳалласи Ҳавоси-1 ва Ҳавоси-2 маҳаллаларига бўлинди. Маҳалла шимол томон Юсуфбой, шарқдан Минори Каж, Бибихоним масжиди, жанубий-ғарбдан Пастқишлоқ (Моховхона) билан чегарадош. Бу маҳалла аҳолиси ХVIII асрнинг биринчи яримида Жиззах вилоятининг Урсатьевский станциясидаги Ҳавоси қишлоғидан кўчириб келган. Улар асосан ўзбек ва туркман миллатларига мансуб фуқаролар эди. Маҳалла фуқаролари узум ва бошқа мевалардан шинни ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. Ширинликнинг бу хилини ҳунармандлар Афросиёб тепалигида жойлашган шиннихонада тайёрлаб, махсус жойларда сақлаганлар. Бу тарихий масканда иккита масжид-масжиди Бологузар ва масжиди Пастгузар барпо қилинган. Мактаб, мадраса, карвонсарой аҳоли хизматида бўлиб, одамлар 5 та мозорга сиғинганлар. Бу ҳудудда ХХ асрнинг биринчи чорагида 1-клиника касалхонаси биноси қурилади ва Республика миқёсидаги касалхонага айлантирилади.
ШАРБАТДОР. Самарқанд шаҳрининг шарқий минтақасида XVIII-XIХ асрларда вужудга келган. Маҳалла шимолдан Қорабой оқсоқол, шарқдан Қози Калон, жанубдан Махдуми Хоразам, ғарбдан эса Урмитани ва Меҳр Султонхоним (ёки Шайбонийлар Қўш мадрасаси) билан чегарадошдир. Маҳаллий аҳоли асосан ширинлик шарбатлари, қанд маҳсулотлари, металл ва ёғочни қайта ишлаш, фонус ясаш каби ҳунармандчилик билан шуғулланган. Бу минтақада мадраса, масжид, мактаб, таҳоратхона, хужралар, ҳовуз, баққоллик дўконлари ва карвонсарой фаолият кўрсатган. Ҳасан халвогар, Барот шираворпаз, Абдуҳамид аттор, Мамадқул мисгар, Шариф харрот, Эгамберди сартарош, Нурмуҳаммад гилкор, Ҳақберди чилангар каби касб-ҳунар эгалари авлод-авлод бўлиб истиқомат қилганлар.
МУБОРАК. (Айрим манбаларда Нуқра андак, яъни кумушранг деб ҳам аталади). Маҳалла Самарқанд шаҳрининг шарқий ва шимолий-шарқий минтақасида XVIII асрда вужудга келган. Шимолий-шарқда Имом Восе, шарқдан Яҳудийлар, Шохкаш (маҳаллий лўлилар истиқомат қилган), жанубда Чангоули, ғарбда Қорабой оқсоқол билан чегарадош. Аҳолининг бир қисми Тожикистоннинг Ўратепа туманидан кўчиб келган. Маҳалланинг минтақасида шинам ҳовлилар ва қасрлар қурилиши ривожланганлиги боис муборак деб аталган. Маҳаллада ҳунармандлар ва косиблар яшаб меҳнат қилганлар. Жумладан, Шамси, Усмон, Исмат, Боқи гилкорлар, Ҳамроқул меъмор, Ҳайдари кавшдўз ва шоир ва ёзувчи Абдусалом Деҳоти, халқ бахшиси М.Ҳайдарова истиқомат қилганлар.
ДАҲБЕДИ. XVIII асрда Самарқанд шаҳрининг шимолий-ғарбий қисмида вужудга келди. Шарқдан Ҳавоси (Бибихоним), ғарбдан Маддоҳи, жанубдан Кўлобод (Фатҳобод) маҳаллалари билан чегарадош. Аҳоли Даҳбед қишлоғидан кўчириб келтирилган. Маҳалла аҳоли асосан савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Бу минтақада учта масжид, учта ҳовуз, мактаб, ўндан кўпроқ катта ва кичик мозорлар, иккита карвонсарой мавжуд эди. Абдуқодир, Мўминака, Бақо ака, Мўмин Кўса бинокорлик, Сирож налгар, халқ қўшиқларини тўплаган М.Султонова, Х.Худойбердиев, О.Шамсиева маҳалладошлар ўртасида эзгу ишлари билан яхши ном қолдирдилар.
ЯНГИ ХАЙРОБОД (ёки Науканда, Пойқабоқ). Ушбу маҳалла Самарқанд шаҳрининг шимолий-жанубий минтақасида XIX асрнинг охири ХХ асрнинг бошида ташкил топган. Маҳалланинг шимолида Хайробод-2, шарқида Кўлобод, ғарбида Новадон, жанубда Маддоҳи, Сўфи Розиқ билан чегарадош. Аҳоли асосан Ҳовос (Жиззах вилояти) туманининг Навканда ва Булунғур туманининг Боёвут қишлоғидан кўчиб келган. Маҳалла ҳудудида ҳаммом (Арк ҳаммоми), мактаб, ҳовуз, масжид, таҳоратхона, хужралар, карвонсарой, баққоллик, Хожа Абдул Файзи Бағдоди мозори мавжуд. Аҳоли тўқимачилик, кўн ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлаш, пойафзал тикиш, савдо билан шуғулланган. Фуқаролар ўртасида ҳуқуқшунос Ахрор Мухторов, адабиётшунос Ҳамдам Тўраев, кавшдўз Мухтор бобо, уста Истам Самадов, чўбкор Шоназар бобо, саллабоф Жўра бобо, нонвойлар Олим ака, Ҳалим акалар эҳтиромга муносиб инсонлар эди.
ТОШКАНДИ. XVIII асрда Самарқанд шаҳрининг жанубий минтақасида ташкил топган. Маҳалланинг ҳудудида Самарқанднинг Девори Қалъа иҳота девори мавжуд бўлиб шимолдан Фони ёки Халифа Лаълибек, шарқдан Қози Ғафур, ғарбдан Новадон, жанубдан Қози Абдурасул, Иброҳим Хожа билан чегарадош. Маҳаллада масжид қурилиши юз йил илгари амалга оширилган. Бу иш Абдул Қосим домланинг ташаббуси билан амалга оширилади. Ҳовуз, таҳоратхона, хужралар, айвон каби зарурий бинолар қурилди. Ана шу тадбирларга Раҳматуллахон, Мирзоҳид, Мирҳайдар, Мирқурбон, Улуғхўжа, Усмонхўжа, Ғани ганчкор, Нурмуҳаммад наққош фаол қатнашдилар. Тошканди маҳалласида профессор М.Бухоризода, академик М.Исмоилов, Н.Қудратов, Ҳ.Файзуллаев, Абдурашид, Абдураҳим, Жамол бобо, Латиф бобо, Мирзиё, Ҳалим бобо сингари ҳунармандлар ва усталар истиқомат қилганлар.
ЮСУФ ҲАРРОТ. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг жанубий-ғарбий ҳудудида вужудга келди. Шарқдан Руҳобод ва Гўри Амир, шимолдан Масжиди Нақшин, ғарбдан Мулло Қаландар маҳаллалари билан чегарадош. Масжид, ҳовуз, таҳоратхона, хужралар маҳалланинг кўрки эди. Баққоллик дўконлари, косиблар устахоналари ҳам маҳалла тарихини яратишга хизмат қилган эди. Маҳаллада «Ҳафт духтарон», «Чил духтарон» мозорлари бор. Вайсул Қаран (VIII аср) Ҳазратнинг мақбараси маҳалла чегарасида жойлашган. Удай, Жўрақул бобо эгарсозлик, Барот, Шариф, Амоншер, Абдулло бобо аравасозлик, Очил, Саттор бобо бешиксозлик, Қаҳҳор, Жунаид Мўминовлар мисгарлик, Исроил, Абдувоҳид бобо ганчкорлик, Жалил Раҳмонов йўлсозлик, Баҳром Махсум шоирлик, Даврон Сафоев рассомлик билан шуғулланадилар.
ЧАРМГАРИ. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг жанубий-ғарбий минтақасида вужудга келган. Унинг ҳудудида шимолий-шарқдан Чақар, Зингарон, жанубдан Намозгоҳ, Девори Кўндаланг, ғарбдан Нуробод маҳаллалари жойлашган. Маҳалланинг Савриддинбой боғидаги масжиди XIX асрнинг охирида барпо қилинган эди. 30-йилларда масжид бузилиб, унинг ўрнида фуқароларнинг шахсий ҳовлилари қурилди. XIX асрнинг 70-йилларида Тали Регак ва Чармгари маҳаллаларининг бир қисми университет хиёбони ҳудудига қўшилиб кетди. Маҳаллада тўрт мозор, карвонсарой, ҳовуз, таҳоратхона, хужралар, булоқ мавжуд эди. Фуқаролар ёзги мавсумда деҳқончилик билан шуғулланганлар. Аҳолининг асосий касби кўн маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлгани сабабли косибларнинг кичик устахоналари бор эди. Шўролар даврида кўнчилик касби тугатилиб, ҳунармандлар «Красный Восток» артелига ишлашга мажбур бўлдилар. Кўнчилик билан шуғулланган Мулло Барака, Баҳри, Эшонқул, Қўйбоқар, Латиф, Абдухолиқ, Қори Абдувоҳид, мулло Файзи, Зоид бобо, Олим бобо, Мансур боболарни барча эслайди.
ЛОЛАЗОР. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанл шаҳрининг жанубий-ғарбий минтақасида вужудга келган. Унинг ҳудудида Жарариқ ва милоддан аввалги III-IV асрларда қурилган Девори Қиёмат мавжуд эди. XV асрнинг тарихий хужжатлари гувоҳлик беришича, маҳаллага шаҳар девори ва от бозоридаги Боғи Нав чегарадош экан. Маҳалланинг чегарасида шимолдан Ғотфар, шарқдан Чармгари, ғарбда Нуробод, Панжоб (эронийлар қишлоғи), жанубдан Хўжа Аҳрор, Ҳиротийлар, Ҳафт Зоғора, Хўжа Ғулом қишлоқлари жойлашган эди. Ушбу минтақада маҳалла масжиди, ҳовузи, таҳоратхона, хужралар, карвонсарой, мактаб, савдо дўконлари, гул етиштириш майдонлари мавжуд бўлган. Аҳолининг асосий касби лола гулларини парваришлаш ва унинг савдоси билан боғлиқ эди. Маҳаллада косиб ва ҳунармандлар ҳам турмуш кечирганлар. Лолазор тўғрисидаги хотиралар Алишер Навоийнинг асарларида ҳам учрайди.
ҚЎРҒОНЧА. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг жанубий қисмида вужудга келган. Унинг чегарасида шимолий-шарқдан Регистон майдони, жанубдан Ҳовузи сангин, ғарбдан Гўри Амир ва Руҳобод маҳаллалари жойлашган. Маҳаллада Садриддин Айний, шоир Шокир Мухтор, наққош Абдуқодир Боқиев ва давлат арбоби Яҳё Афзали яшаб ижод қилганлар.
ЧАҚАР. Маҳалла XVIII-XIX асрларда Самарқанд шаҳрининг жанубий ҳудудида вужудга келган. Унинг чегарасида шимолдан Дониёрбек, шарқдан Мулло Қаландар, жанубдан Юсуф Ҳаррот, ғарбдан Тали Регак (ҳозирги Дарвозаи Хожа Аҳрор) маҳаллалари жойлашган. Маҳалланинг иккита масжиди, мактаб, булоқ, таҳоратхона, хужралар, карвонсарой, баққоллик дўконлари фуқароларнинг эҳтиёжини қондирган. Чақар XV асрда ҳарбий истеҳком вазифасини бажариб, Чоҳқар атамаси Қалъа маъносини билдиради.
ДОНИЁРБЕК. Маҳалла Самарқанд шаҳрининг жанубий-шарқий қисмида XVIII-XIX асрларда ташкил топди. Маҳалла ҳудудининг шимолида Қўлба, шарқида Дарвозаи Хожа Аҳрор, ғарбидан Масжиди Нақшин, жанубида Мулло Қаландар жамоалари жойлашган. Маҳалла чегараси |