Саналар
24.07.2017
Баннер
Тарихнинг шонли саҳифалари
PDF Босма E-mail

571 йил 20 апрел – Маккада ҳошимийлар маҳалласида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилишлари (12-робиъул-аввал, душанба куни)
577 йил – Пайғамбаримизнинг оналари билан Мадинага бориб, ота қабрини ва тоғаларини зиёрат қилишлари ҳамда қайтишда Абво қишлоғида оналари вафоти.
579 йил – Пайғамбар алайҳиссаломни тарбиялаётган боболари Абдулмутталиб вафоти ва у зот амакилари Абу Толиб кафолатига ўтишлари.
583 йил – Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб билан Шомга тижорат карвонида кетишлари ва Бусро шаҳрида насроний руҳонийи Буҳайронинг кутилаётган пайғамбар шу бола эканини сезиши.
591 йил – Муҳаммад алайҳиссаломнинг Канона ва Қайс қабилалари ўртасида тўрт йил давом этган Фужжор ҳарбида бетараф қолишлари ва Ҳилфул-Фузул сулҳида иштирок этишлари.
595 йил – Пайғамбаримизнинг Ҳазрати Хадичанинг қули Майсара билан Шомга тижорат сафари қилишлари.
596 йил – Муҳаммад алайҳиссаломнинг Макканинг баобрў аёлларидан Хадича бинти Ҳувайлид билан оила қуришлари.
606 йил – Пайғамбаримизнинг Каъбани қайта қуришда қатнашишлари.

Биъса - пайғамбарлик даврининг асосий воқеалари:
610 йил (пайғамбарликнинг биринчи йили Рамазон ойида) – Пайғамбаримизнинг қирқ ёшларида Хиро (Нур) тоғида илк ваҳийнинг келиши ҳамда у зотнинг Маккадаги пайғамбарлик даврларининг бошланиши, энг яқинларини Исломга даъват қилишлари ва Ҳазрати Хадича, Али, Зайд ва Абу Бакрларнинг мусулмон бўлишлари. Византияда эса Ҳирақл сулоласининг бошланиши (717 йилда тугаган).
613 йил (пайғамбарликнинг тўртинчи йили) – уч йиллик яширинча даъватдан сўнг Сафо тепалигига чиқиб Исломга очиқ даъватнинг бошланиши.
614 йил (пайғамбарликнинг бешинчи йили) – Макка мушрикларининг тазйиқи туфайли бир гуруҳ мусулмонларнинг Ҳабашистонга биринчи ҳижрати.
615 йил (пайғамбарликнинг олтинчи йили) – Ҳазрати Ҳамза ва Ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлишлари. Мусулмонлар иккинчи гуруҳининг Ҳабашистонга ҳижрати.
616 йил (пайғамбарликнинг еттинчи йили) – Қурайшийларнинг Ҳошимийлар билан муносабатларни узиши ва уларга қарши қамал эълон қилиши
618 йил (пайғамбарликнинг тўққизинчи йили) – қурайшийлар томонидан уч йиллик қамалнинг бекор қилиниши.
619 йил (пайғамбарликнинг ўнинчи йили) – Ҳазрати Хадича ва Абу Толибнинг вафотлари, бу йилни Расулуллоҳ «омул ҳузн» (ғам-ғусса йили) деб аташлари. Муҳаммад алайҳиссаломнинг Савда бинти Замъага уйланишлари. Қурайшнинг Пайғамбаримизга озори кучайиши. Расули акрамнинг  тоифликларни Исломга даъват қилиш учун Тоифга боришлари.
620 йил (пайғамбарликнинг ўн биринчи йили) – Пайғамбаримизнинг одамлар кўп тўпланадиган Мино, Арафотда ва машҳур бозорларда қабилаларни ўзларига эргашишга даъват этишлари. Ҳазрати Оиша билан никоҳ ақди қилинишлари. Биринчи Ақоба байъати.
621 йил (пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили) – Расулуллоҳнинг Исро (кўчиш) ва Меърож (кўтарилиш) воқеалари, намознинг фарз қилиниши. Иккинчи Ақоба байъати. Мусъаб ибн Умайрнинг даъват учун Мадинага юборилиши.

Ҳижрий сана бошланганидан кейинги асосий воқеалар:
Ҳижрий 1 йил – милодий 622 йил (пайғамбарликнинг ўн учинчи йили) – Сафар ойида Пайғамбар алайҳиссаломнинг эллик уч ёшларида Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари (кўчишлари). Ҳижрий тақвимнинг бошланиши. Абу Айюб Ансорий ҳовлисида Қубо масжиди ва Расулуллоҳ масканлари барпо қилиниши. Қубодан Мадинага кетишдаги Бани Салим юртида илк бор жума намози ва хутба ўқилиши. Масжиди Набавий ва Хонаи саодатнинг қурилиши. Азоннинг жорий қилиниши. Мусулмонларни биродарлаштириш. Урушга изн берилиши. Пайғамбаримизнинг Ҳазрати Оишага уйланишлари. Расулуллоҳнинг эмикдош биродарлари Усмон ибн Маъзуннинг вафоти.
Ҳижрий 2 йил – милодий 623 йил. Вадон, Бувот, Ушайра ғазотлари. Қибланинг Қуддусдаги Ақсо масжидидан Маккадаги Масжидул-Ҳаромга ўзгартирилиши. Рамазон рўзаси ва закотнинг фарз қилиниши. Исломда илк уруш ҳисобланган Бадр ғазоти (12-Рамазон) нинг зафари. Рамазон ва қурбон Ийд (ҳайит)ларининг расман байрам қилиниши. Яҳудийлар билан сиёсий муносабатлар ўрнатилиши. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Маккада унаштирилган Ҳазрати Оиша билан оила қуришлари. Шаввол ойида Бани Қайнуқоъ ғазотининг бўлиши. Зул-ҳижжа ойида Сувайқ (Талқон) ғазоти. Ҳазрати Алининг Пайғамбаримиз қизлари Фотимаи Заҳро билан никоҳланишлари. Муҳожирлардан илк чақалоқ Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳамда ансорийлардан илк бола Нўъмон ибн Баширнинг туғилиши. Расулуллоҳ қизлари ва Ҳазрати Усмон завжалари Руқайянинг вафоти.
Ҳижрий 3 йил – милодий 624 йил. Рабиъул-аввал ойида Ғатафон ғазотининг бўлиши. Жумадул-аввалнинг 6-кунида Буҳрон ғазоти. Шаввол ойида (милодий 625 йил 27 март) Уҳуд ғазоти ва бу жангда Пайғамбаримиз амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг шаҳид бўлиши. Расулуллоҳнинг Ҳазрати Умар қизлари Ҳафса онамиз, Зайнаб бинти Хузайма ва Ҳазрати Усмоннинг қизлари Умму Кулсумга уйланишлари. Ҳазрати Али ва Фотиманинг тўнғич фарзанди, Пайғамбаримиз набиралари Ҳазрати Ҳасаннинг туғилиши. Яҳудийлар томонидан мусулмонларга қарши душманлик ҳаракатлари бошланиши ва мунофиқларнинг ўртага чиқиши. Ҳамроул-Асад ғазоти.
Ҳижрий 4 йил – милодий 625 йил. Рожиъ ва Биъри Мауна фожиаларининг содир бўлиши. Бани Назир ғазоти. Хамрнинг ҳаром қилиниши. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Умму Салама онамизга уйланишлари. Шаъбон ойида Ҳазрати Ҳусайннинг туғилишлари.
Ҳижрий 5 йил – милодий 626 йил. Давматул-Жандал ғазоти. Бани Мустаълиқ ғазоти. Ҳазрати Оишага нисбатан Ифк (туҳмат) ҳодисаси. Таяммумнинг машруъ бўлиши. Пайғамбаримизнинг Зайнаб бинти Жаҳш ҳамда Жувайрия бинти Хорисга уйланишлари. Шаввол ойида Ҳандақ ёки Аҳзоб жанги. Зул-қаъда ойида Бани Қурайза ғазоти.
Ҳижрий 6 йил – милодий 628 йил. Шартлари оғир кўринса-да Ислом учун зафар ҳозирлаган Ҳудайбия сулҳининг имзоланиши. Шаъбон ойида Мурайсий ғазотининг бўлиши.
Ҳижрий 7 йил – милодий 628 йил. Муҳаррам ойида Пайғамбар алайҳиссаломнинг Византия, Эрон, Миср, Ҳабашистон, Уммон, Яман, Баҳрайн, Ямома ҳукмдорларига расмий мактуб юборишлари. Ҳайбарнинг фатҳ этилиш жанги. Пайғамбаримизнинг София бинти Ҳуяй ҳамда Умму Ҳабиба бинти Абу Суфёнга уйланишлари. Зотур Риқоъ ғазоти. Зул-қаъда ойида қазо умрасининг адо этилиши. Шу ой охирида Пайғамбаримизнинг Маймуна бинти Ҳорисга уйланишлари.
Ҳижрий 8 йил – милодий 629-630 йиллар. Жумадул-ула ойида Мута ғазоти. Рамазон ойида Ҳунайн (Ҳавозин) ғазоти. Шу ойда хамр ва ўлимтик сотиш, мутъа (вақтинча) никоҳнинг ҳаром қилиниши. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Зайнаб вафоти. 10-Рамазон (10 январ) куни Макканинг фатҳ этилиши. Тоиф ғазоти. Жиърона умрасининг адо этилиши. Зулҳижжа ойида Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутоҳҳаралари Ҳазрати Зайнабнинг вафоти ва ўғиллари Иброҳимнинг туғилиши.
Ҳижрий 9 йил – милодий 630-631 йиллар. Ражаб ойида Табук ғазоти ва қайтишда фитна уяси бўлган Дирор масжидининг ёқиб юборилиши. Шу ойда Ҳабашистон нажошийининг вафоти ва унга ғойибона жаноза ўқилиши. Шаъбон ойида Умму Кулсум вафотлари. Бутун қабилалардан вакиллар келиб мусулмон бўлганларини билдириши ва Исломнинг Арабистон ярим оролига батамом ёйилиши. Рибонинг ҳаром қилиниши. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ амирликларида кишиларнинг ҳаж қилишлари.
Ҳижрий 10 йил – милодий 632 йил. 8 март куни (зулҳижжа ойининг 9-жумаси) вадо (хайрлашув) ҳажи ва Маккада тўпланган 124 минг кишилик жамоатга Расулуллоҳнинг машҳур Вадо хутбасини қилишлари. Ҳақнинг ғолиб, ботилнинг мағлуб бўлиши. Шу ойда Қуръони карим оятлари нозил бўлишининг тамомланиши. Пайғамбаримиз ўғиллари Иброҳимнинг вафоти. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Бақиъ қабристонида марҳум мўминларга салом йўллаб, шаҳидлар ҳаққига дуо қилишлари.
Ҳижрий 11 йил Робиъул-аввал ойининг 2-куни – милодий 632 йил майи (ёки 8 июн), Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотлари ва Ҳужраи Саодатга дафн этилишлари. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг халифаликка сайланишлари ва «Хулафои рошидин» дейилувчи беш халифа даврининг бошланиши.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин