Саналар
15.05.2024
Баннер
Бобур оиласида фарзанд тарбияси
26.10.2013 14:34    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Илму адабиёт осмонида ҳар бир буюк шоир ва етук олим бир порлоқ юлдуз бўлса, шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг фарзандлари, яъни кўрагонийлар ё бобурийлар сулоласи бир каҳкашондир. Ҳиндистоннинг машҳур сиёсатчиси ва тарихчиси Жавоҳирлаъл Нерунинг айтишича: «Бобур санъат ва адабиётнинг улкан ҳомийси, бобурийлар саройи жуда шукуҳли, бой ва мисли кўрилмаган сарой эди».
Албатта, бундай сарой ва бундай маданият ўзидан-ўзи қурилмайди. Шоҳ ва шаҳзодалар олим, шоир ва маданиятли кишилар бўлмасалар, илму маданият ривожига у қадар парво қилмасликлари мумкин. Аммо Бобур, унинг тўрт ўғли ва бир қизи — Ҳумоюн, Комрон, Аскарий, Ҳиндол ва Гулбадан бегим ҳам тарихда чуқур из қолдирган шоир, тарихчи, илму санъатни яхши ўрганиб, ўзлаштирган кишилар эдилар. Улардан бўлган фарзандларнинг барчаси ҳам ота-боболарининг изидан бориб, атоқли шоир, адиб ва олимлар сифатида илму санъат ривожига катта ҳисса қўшиб келдилар.
«Бобурнома»да ёзилишича, Бобур ўз фарзандларининг таълим-тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлаб, уларни ўқиш ва ўрганишга тарғиб қилар экан. У «Мубаййин» рисоласини Ҳумоюн ва Комронга диний масалаларни ўргатиш учун назмда ёзади. Бобурнинг Ҳумоюн ва Комронга ёзган мактублари ҳам шу мавзуга қаратилган. Масалан, у Комронга ёзган мактубида бундай дейди: «Фарзанди аршад ва аржуманди саодатнишон Муҳаммад Комрон Мирзо баҳодирга саломи муҳаббат анжомидан сўнг улким, кўкалтош ва ичкиларинг била сабақ ўқурға ружуъ келтуруб эрмишсен. Бу жиҳаттин кўнгулга сурур ва хотирга ҳузур етиб на бисёр хушҳоллиқ юз берди. Тангри таоло даргоҳидин умидим борким, жамиъи қобилият ва салоҳият бобида комил ва мукаммал бўлуб камолға етгайсен».
Ҳумоюнга ёзган мактубидан: «Яна мен дегандек бу хатларингни битибсен ва ўқумайсен, не учунким, агар ўқур хаёл қилсанг эди, ўқий олмас эдинг. Ўқий олмагандин сўнг албатта тағир берур эдинг. Хатингни худ ташвиш била ўқиса бўладур, вале асру муғлақтур... Хатингни худ ҳар тавр қилиб ўқуса бўлодур, вале бу муғлақ алфозингдин мақсуд тамом мафҳум бўлмайдур. Ғолибан хат битурда коҳиллиғинг ҳам ушбу жиҳаттиндур. Такаллуф қилай дейсен, ул жиҳаттин муғлақ бўладур. Бундин нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била битий. Ҳам сенга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқувғучиға...».
Кўриниб турибдики, Бобур фарзандларининг диёнатли, илм-фазилатли бўлиб ўсиши учун уларга китоб танлаб юбориш, уларнинг ўрганиши учун китоблар ёзишни оталик ва подшоҳлик бурчи деб ҳисоблаган, уларни ўқиш-ўрганишга тарғиб қилиб, имло ва иншо хатоларини тўғрилаб бехато, содда, равон ва бетакаллуф ёзишга чорлаган.
Албатта, Бобурнинг бундай саъй-ҳаракатлари зое кетмади. Унинг тўртала ўғли, қизи, набиралари ва уларнинг фарзандлари илму санъат, шеъру адабиётда ном қозондилар. Кўрагонийлар ё бобурийлар сулоласидан кўп соҳибдевон шоирлар, тарихчилар, фақиҳлар, диний ва дунёвий олимларнинг исмини тазкиралардан келтириш мумкин. Уларнинг ҳаммасини тилга олиб ўтиш ё улар ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш анча вақт талаб қилади. Бу ҳақда ҳаттоки китоблар ёзиш ҳам мумкин. Биз бу ўринда Бобурнинг фақат шоир ва тарихчи фарзандлари ҳақида сўз юритиб, улар асарларидан бир-икки мисол келтириб ўтамиз.
Бобурнинг тўнғич ўғли Носируддин Муҳаммад Ҳумоюн 913 (1507) йили зулқаъда ойининг тўртинчи кечаси Кобулда туғилди. Онаси Моҳим бегим Султон Ҳусайн Бойқаро хонадонига яқин бир бекнинг қизи эди. Ҳумоюн Мирзо отаси вафот этгандан сўнг Деҳли тахтига эга бўлиб, 26 йил подшоҳлик даврини суриб, 963(1556) йили раби ул-аввал ойининг 14чисида Деҳлида оламдан кўз юмди.
Ҳумоюн Мирзо ҳам отасидек истеъдодли шоир эди. Подшоҳлик юмушлари, ички ва ташқи душманлар, яъни укалари ва лўдийлар билан тўхтовсиз олиб борган жанглари сабабли шеър ёзишга кўп вақт тополмаса ҳам, ундан бир қанча ғазаллар, рубоийлар, қитъалар ва бошқа шеърий парчалардан иборат (асосан форсийда) бўлган бир девон қолди. Бу девон доктор Ҳодий Ҳасаннинг тасҳиҳ ва иҳтимоми билан Ҳиндистонда босилиб чиқди. Бу девондан бир қанча шеърий намуналар тазкираларда ҳам келтирилган.
Ҳумоюн Мирзонинг каломидан намуналар:

Ҳардам зи фироқи ту малолест маро,
Ҳар рўз зи ҳижрони ту солест маро,
Ҳолест ба ғурбатамки натвон гуфтан,
Субҳоноллоҳ, ғариб ҳолест маро.

(Мазмуни: Ҳар дам фироқингдан қайғураман, ҳар кун ҳижронингда бир йилдек ўтади. Ғурбатдаги ҳол-аҳволимни айтолмайман, Субҳоноллоҳ, ғариб ҳолим бор.)

Эй, манзили моҳи аломат авжи Сурайё,
Рўйи зафар аз ойинаи тиғи ту пайдо.

(Мазмуни: Эй, байроғинг жойи Сурайё авжидадир, тиғинг кўзгусида зафар намоёндир.)

Менки булбулдек гулидин куймишам оҳанг ила,
Ўт солибтур жонима рухсораи гулранг ила.

Ҳумоюн Мирзонинг асарлари ҳали тўла топилган эмас. Масалан, яқинда биз унинг икки байт шеърини Содиқий Китобдорнинг «Мажма ул-хавос» тазкирасида учратдик. Мана, ўша байтлар:

Ғарийблиғ ғамидин меҳнату малолим бор,
Бу ғамдин ўлмака етдим, ғарийб ҳолим бор.

Висоли давлатидин айрилиб не-не маҳзун,
Тирикмену бу тирикликдин инфиолим бор.

Бобурнинг иккинчи ўғли Муҳаммад Комрон Мирзо 914(1508) йили туғилди. Унинг онаси Гулрух бегим туркман уруғига мансуб бўлган бекчик амирларидан бирининг қизи эди. Комрон Мирзо отаси ҳаётлигида Қандаҳор ва Кобулда ҳукмрон эди, Ҳумоюн Мирзо тахтга ўтиргач, Панжоб вилоятини ҳам унга инъом этди. Кўп вақт ўтмай оға-инилар орасида келишмовчиликлар ва низолар пайдо бўлиб, Ҳумоюн Мирзо Эронга қочишга мажбур бўлади ва Комрон Мирзо Афғонистон ҳудудида ўзини подшоҳ деб эълон қилади. Ҳумоюн тахтни қайтариб олгач, 960(1553) йили Комрон Мирзонинг кўзига мил торттиради. Сўнг у ҳаж зиёратини ният қилиб Ҳижозга равона бўлади. Уч маротаба ҳаж қилиб, тўртинчи йили ҳаж маросимини адо этаётганда Арофатда 964(1557) йили зулҳижжа ойининг 15инчисида вафот этиб, Муалло қабристонида Хадичаи Кубро мозори яқинида дафн этилади.
Комрон Мирзо ажойиб истеъдодли, ширинкалом, дарвешмаслак шоир эди. Ундан ўзбек ва дарий тилларида яратилган жозибали ғазал, рубоий, қитъа, маснавий ва фардлардан иборат тўлиқ девон қолган. Бу девоннинг форсча шеърларини Муҳаммад Маҳфузулҳақ Ҳиндистонда ва ўзбекча шеърларини Саидбек Ҳасан Ўзбекистонда эълон қилдилар. Комрон Мирзонинг тўлиқ илмий-танқидий девони ҳамда ҳаёти ва ижоди ҳақида муфассал тадқиқот ушбу мақола муаллифи томонидан 1999 йили амалга оширилган. Яна бир муҳим жиҳатни қайд этиш керакки, Бобур фарзандларидан Комрон Мирзогина отаси изидан бориб, асосан, ўзбек тилида шеърлар ёзди. Ҳолбуки, Бобурдан кейинги насллар кўпроқ форс тилида ёзиб форс тили ривожига хизмат қилдилар. Комрон Мирзонинг шеърларидан бир намуна келтирамиз (ҳафталигимизда Комрон Мирзонинг айрим асарларини эълон қилганмиз — ред.):

Аҳбобқа хуштурур рафиқ ўлса киши,
Имдод ила ҳомий тариқ ўлса киши,
Ислом элига жон била тарвиҳ қилиб,
Бир-бирга бу беш кун шафиқ ўлса киши.

Аскарий Мирзо Комрон Мирзонинг туғишган иниси бўлиб, 922(1517) йили Кобулда дунёга келган. Ҳумоюн Мирзо тахтга ўтиргач, Сунбул вилоятини унга инъом қилди, аммо Аскарий Мирзо акаси Комрон Мирзо билан қўшилиб, Ҳумоюнга қарши исён кўтарди. Қийинчиликларга дуч келиб, 961(1554) йили ҳаж нияти билан йўлга чиқди, лекин мақсадга етолмай, ҳаж йўлида — Шом ва Макка ўртасидаги бир жойда вафот этиб, ўша ерда дафн қилинди.
Аскарий Мирзо ҳам отаси Бобур ва ака-укаларидек истеъдодли эди. Ундан девон қолган-қолмагани ҳозиргача номаълум, аммо бир қанча тазкирачилар унинг маҳоратли шоир эканлигини тасдиқлаб, гўзал шеърларидан намуналар келтирганлар. Биз қуйида унинг каломидан бир неча мисол келтирамиз:

Эй Аскарий, ар масти мудоми хуш бош,
Вар муътақиди бодаву жоми хуш бош,
Гуфти: ба харобот набошам бе у,
Бо ёр агар дарин муқоми хуш бош.

(Мазмуни: Эй, Аскарий, агар мудом мастсан, хурсанд бўл; Агар бодаю жомга эътиқодинг бўлса, хурсанд бўл. Хароботда усиз бўлмайман, дединг; Агар ёр билан бу муқом (макон, жой)да бўлсанг, хурсанд бўл.)

Чунун ки хўй гирифтам ба ошнойи ту,
Ҳалок мекунадам меҳнати жудойи ту.

(Мазмуни: Мундоқки, ошнолиғингга ўрганганман, Ҳажринг қайғулари мени ўлдиради.)

Ҳиндол Мирзо 925(1520) йили Кобулда туғилди. Унинг Ҳиндол деб номланишига сабаб: Бобуршоҳ Ҳинд мулкини тасарруф қилиш нияти билан йўлга чиқиб, Ҳиндистоннинг бир неча вилоятларини қўлга киритган чоғда Ҳиндолнинг таваллудини эшитиб, ирим қилиб, унга Ҳиндол деб ном қўйди.
Ҳиндол Мирзонинг онаси Дилдор бегим бўлса-да, Моҳим бегим қўлида тарбия топгани сабабли, оға-инилар орасидаги низоларда ҳар доим Ҳумоюн томонида туриб, унга ёрдам берарди. Шу жангларнинг бирида 958(1551) йили Жалолобод шаҳри яқинида Комрон Мирзонинг аскарлари Ҳумоюннинг ўрдусига тунда ҳужум қиладилар ва аскарлардан бири Ҳиндол Мирзони танимай, ҳалок этади. Унинг жасади Кобулга келтирилиб, Боғи Бобурда отаси Бобуршоҳнинг оёғи остида дафн этилди.
Ҳиндол Мирзонинг ҳам забардаст, нозикхаёл шоир эканлигини бир қанча тазкирачилар тавсиф этиб, унинг шеърларидан гўзал намуналарни ўз тазкираларида нақл қилганлар. Қуйидаги намуналар ҳам Ҳиндол Мирзонинг етук истеъдоди ва маҳоратини исботлай олади:

З-он қатраи шабнам ки насими саҳари,
Аз абр жудо кунад ба сад жилвагари,
То бар рухи гул чаконад, эй, рашки пари,
Ҳаққо ки ҳазор бор покизатари.

(Мазмуни: Тонг ели булутдан юз жилва билан ажратиб, гул юзига томизган ўша шабнам томчисидан кўра, эй парилар рашки, ҳақ гап шуки, сен минг бор покизароқсан.)
Сарви қади ту моили аҳли, ниёз нест,
Нозест дар сари ту ки дар сарвиноз нест.

(Мазмуни: Сенинг сарв қаддинг ниёз аҳлига мойил эмас, сенда шундай ноз борки, ҳатто сарвинозда ҳам йўқ.)

Гулбадан бегим: Бобурнинг бу фазилатли, билимли қизи Кобулда 932/933(1526/1527) йил атрофида Дилдор бегимдан туғилди, аммо укаси Ҳиндол Мирзодек Моҳим бегим тарбияси остида бўлди. Шу сабабли Ҳумоюн Мирзога атаб «Ҳумоюннома»ни ёзди. У тўрт ёшида отасидан абадий айрилган бўлса-да, отасининг тарихчилик истеъдодини мерос олди.
«Ҳумоюннома» Ҳумоюннинг подшоҳлиги даврида юз берган воқеаларга бағишланади. Шунинг учун 937 — 963(1530 — 1556) йиллар воқеаларини акс эттириши керак эди, аммо асарнинг қўлёзмасидан охирги саҳифалари йўқолгани сабабли Комрон Мирзонинг нобино қилингани воқеасига келиб, тугамай қолган. «Ҳумоюннома»нинг форсча матни инглизча таржимаси билан А.Бевириж орқали Лондонда ва ўзбекча таржимаси форсча матни билан биргаликда Ўзбекистонда С.Азимжонова томонидан чоп этилган.
«Ҳумоюннома»нинг бирёқлама ёзилгани назарда тутилмаса(унда Ҳумоюн қанчалик мақталган бўлса, Комрон ўшанчалик қораланган), уни ўша даврни акс эттирувчи энг дақиқ ва мустанад асар деб, тан олиш мумкин. Бу асарнинг жуда ихчамлиги, равон услубда ёзилгани ҳамда фасоҳат ва балоғат авжида эканлигини кўплаб тазкирачилар, тарихчи олимлар таъкид этганлар.
Гулбадан бегим узоқ умр кўрди. 983(1576) йили ҳаж зиёратига мушарраф бўлди, Ҳумоюн ва Акбардан кўп ҳурматлар кўриб, вафот этганидан кейин жасади Кобулга олиб борилиб, дафн этилди.
Айтиб ўтганимиздек, Бобуршоҳнинг набиралари ва уларнинг фарзандлари ҳам шеърий истеъдодни Бобуршоҳдан мерос олиб, шеъру адабиёт анъаналарини кўрагонийлар оиласида давом эттирдилар. Мисол учун, Комроннинг қизи Гулрухбегим ва ўғли Абулқосим Шавкатий, Акбар, Шоҳ Жаҳон ва унинг завжалари, Аврангзебнинг қизи Зебуннисо бегим, Баҳодиршоҳ Зафар ва бошқаларнинг номи, асарлари айрим тазкираларда зикр этилган. Демак, Бобуршоҳ нафақат буюк бир империяни, энг шавкатли бир маданий даврни ўз фарзандларига мерос қилиб қолдирмади, балки шоирлик ва тарихчилик истеъдодини, илмпарварлик ва санъатга қизиқиш каби олий хислатларни ҳам қолдириб, тарихда бобурийлар(кўрагонийлар) номини мангуликка эриштирди.

Доктор Шафиқа Ёрқин

 
Жарроҳлик тарихидан
12.09.2013 22:54    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

«Жароҳат» арабча сўз бўлиб, урилгандан кейин қоладиган асоратга айтилади. Шунингдек жароҳат сўзи айблаш, камситиш маъносида ҳам келади, масалан: тили билан жароҳатлади дейилганда «айблади, нуқсонли санади» маъноси тушунилади. Жароҳат сўзининг мазкур маъноси мажоз туридан бўлиб, бу ўринда маънавий жароҳат назарда тутиляпти, яъни, у қурол билан жароҳатлаш каби моддий эмас.

Батафсил ...
 
Екатеринанинг кўз дўхтири
12.09.2013 21:03    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Сарой ўйинлари иғво ва фитналар натижасида тахт талашиш авжига чиқиб, Хива хони тожини кийишга ҳавасмандлар кўп эди. Ана шундай талатўплар замонида сарой амалдорлари ичида Муҳаммад Амин иноқнинг қўли узун бўлиб, у 1743 йилдан бошлаб иноқ лавозимини қўлга киритганданоқ, ҳукмдорларга ўз таъсирини ўтказиб юрди.

Натижада унинг бойлиги ошиб, амалда давлатни у бошқара бошладики, қолипига тушмаган хонни турли йўллар билан тахтдан тушириб қўядиган даражага етди.

Шу боисдан 1743-1792 йиллар орасида йигирма хон тахтга ўтирди. Улар орасида нафақат икки-уч йил, балки бир-икки ой, хафта, ҳатто ярим кун хон бўлганлар ҳам бор эди.

Орадан йиллар ўтиб, 1790 -1792 йиллар оралиғида кексайиб қолсада, ҳукмдорлар жиловини ўз қўлида тутиб турган Мухаммад Амин иноқнинг кўзи ожизланиб, ҳатто яқии атрофни ҳам яхшироқ кўролмайдиган бўлиб қолади. Қариб, гўр чақириб турган кекса иноқ шунда ҳам яна кўз нурини тиклаш умидида, 1792 йил Петербургта борган элчи ва савдогарлар орқали Россия императоридан иноқни даволаш учун кўз дўхтирини юборишни илтимос қилади. Негаки, хивалик сарой табиблари кекса иноқни даволай олишмаганди. Хоразмнинг бошқа ҳудудлари ёки шарқ давлатларидан табиб олдиришга иноқ чўчирди. Чунки, кўп йиллар тахт ҳавасмандларини жаҳаннамга юбориб, иғво пешвоси даражасига етган кекса чол, ўзиниям кимдир кўз даволашни барона қилиб, фитна уюштириши мумкин деб ўйлаганди.
Ана шу тариқа иноқ илтимосига кўра Петербургдан 1793 йил Хивага ҳарбий шифокор, кўз дўхтири майор Бланкенагель ташриф буюради. Бу вақтда Русия императори маълуму машҳур Екатерина иккинчи эди.

1762-1796 йилларда Россияга ҳукмдорлик қилган, асл исми София Фредерика Августа Цербетская бўлган, немис князлари авлодидан бўлмиш бу аёл 1744 йилдан Русия императори Елизаветта Петрова паноҳига келгач, православ динига ўтган ва Екатерина Алексеева номини қабул қилганди. Орадан бир йил ўтиб, у Пётр III га никоҳланади.

Бир мунча вақт ўтиб, 1762 йил 28 июн куни у эрини гвардиячи офицерлар ёрдамида қамоққа олиб, Сарой тўнтариши қилади. Шу тариқа у Екатерина иккинчи номи билан тахтга ўтиради.

У ҳам ҳукмдорлик пайтида мустамлакачиликни давом қилдириб, Украина ва Беларуссиянинг бир қисмини босиб олади, рус флоти Қора денгизгача чиқади. Доимо жазманларн билан банд подшо хоним дворянлари ҳуқуқларини кенгайтиргани ва уларга имтиёзлар беравериши натижасида оддий халқ аҳволи ёмонлашиб, 1773-75 йилларда Пугачёв бошчилигида қўзғолон бўлиб ўтганди. Емельян Пугачёв кўзғолони Оренбургдан қозоқ чўлларигача бўлган ҳудудни қамраб олиб, ушбу исёнда кўплаб Ўрта Осиёликлар ҳам иштирок қилишганди. Маълумки, ўша вақтларда Хива хонлигининг энг қизғин савдо йўли Оренбург орқали бўлган. Бу эса қўзғолон боис иккала давлат ўртасида савдо ва дипломатик алоқаларининг тўхтаб қолишига сабабчи ҳам бўлганди.

Кўз дўхтири майор Бланкенагельни Хива хонлигига юборишдан кўзланган мақсад ҳам аввало кекса иноқни муолажа қилиш билан бирга, савдо алоқаларини тиклашга дойр музокаралар олиб бориш ва энг асосийси хонлик ҳаётини Россия манфаати нуқтаи назаридан синчиклаб ўрганиш эди.

Екатерина II мўғул босқини, Бекович Черкаскийнинг фожиали ўлимини эслаб, «Шарқликлар... уф... улар билан эҳтиёткорона муносабатда бўлмоқ керак... яратганнинг ўзи асрасин» деб қўярди аҳён-аҳёнда.

Хуллас, подшо олияларининг элчиси, кўз дўхтири Бланкенагель Оренбург орқали Хивага ташриф буюради. Табиийки, элчини олийнасаб кишиларга хос тарзда кутиб олиб илтифот кўрсатишади ва унинг ўзи ҳамда ҳамроҳларига Хивадалик пайтида эҳтиёжи учун керакли даражадаги пул хазинадан ажратилади.

Кўзи ожизланиб қолган фитнакор Мухаммад Амин иноқ олдинига эҳтиёткорлик қилиб, майор Бланкенагельга ҳам шубҳа билан қарайди. Шу боис уни табиблар тилмоч орқали тиббиёт бўйича суҳбатлашиб синаб кўрадилар.

Ниҳоят Бланкенагель сўровларга тўғри жавоб бериб, кекса иноқнинг кўзини муолажа қилиб оз бўлсада тузатади. Бу вақтда Хива хони Абулғози I бўлиб, Аҳмаджон Табибийнинг «Тавроихи ул-хоний» асарида ёзилишича, ҳукмдор қорапаранг, кўса киши бўлган. Табиийки, майор Бланкенагель Абулғозихон билан хам мулоқатда бўлиб, иккала давлат ўртасидаги савдо алоқалари бўйича суҳбатлашади. Хива хони майорга кетиш пайтида Россияга ўз элчисини қўшиб юборажаклигини айтади. Бу хақда Бланкенагель шундай ёзади: «Тиббиёт бобидаги мулоҳазаларим тўғри чиққанидан кейин, элчи қилиб кимни мен билан юборишларини билишни талаб қилдим. Каминанинг бу талаби турли кенгашлар чақирилишига сабаб бўлди. Аммо жўнашимдан икки хафта олдин элчи қилиб Аваз Муҳаммадбий тайинланган экан».

Бу орада Бланкенагель Хивада бўлиб, қалъанинг заиф томонлари, халқ ҳаёти ва ҳукмдорларга муносабати, сув йўлларини чуқур ўрганиб чиқади. «Хива фуқароси турли-туман уруғларга бўлинади, улар бир-бирларига доим кушанда. Бу уруғлар орасида халқнинг кўпи қўнғирот уруғи бўлиб, ҳозир ҳокимият тепасида ўшалар ўтирибди. Кўнғирот иноқи Хива халқини идора қилади, унинг ҳузурида «девон» бор».

Хуллас, Екатерина II нинг элчиси, кўз дўхтири Бланкенагель Хивада ўз ишини бажариб, иноқни даволаб ундан беҳисоб совға саломлар олиб, ҳукмдор билан савдо алоқалари бўйича музокара ўрнатиб, хоразмлик элчи Аваз Муҳаммадбийни Екатерина II билан учраштирмоқ ниятида ҳазраги олиялари ҳузурига ошиқади.

Орадан кўп ўтмай кекса Мухаммад Амин иноқ вафот этади. 1796 йил бўлса Бланкенагельни Хива хонлигига юборган Екатерина II 67 ёшида ҳаётдан кўз юмади.

Кўз дўхтирининг Хоразмда кўрган-кечирганлари эса воҳа тарихини ўрганишда таққослаб ўрганадиган манба («Путевие заметки майора Бланкенагелья о Хиве, Поездки его из Оренбурга в Хиву 1793-94 г» СПБ, «Вестник» РГА, 22 том, 96-116 бетлар) сифатида тарихда қолди.

Умид Бекмуҳаммад

 
Тобутга яширинган жосус
12.09.2013 21:05    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

XIX аср охири ва XX асрнинг бошларида Ўрта Осиё тарихида муҳим урин тутган Қурбон Мамед Сардор — Жунаидхон (1860-1932) ўз курашларида жосуслик тармоғини йўлга қўйганлиги боис, олдинлари чоризм, кейин большевиклар устидан катта ғалабалар қозонди.

Жунаидхон шиддатли жанглар қилиб довруқ таратишига, душманга қаттиқ зарбалар бериб эсанкиратиб қўйишига унинг навкарларидаги жанговарлик ва ватан туйғуси сабаб эди. У ҳар бир навкарнн ўзи синаб қўшинига қабул қилар, каттами кичикми гуруҳга бош бўлишга арзирли йигитни эса янада қаттик «имтихон» дан ўтказарди.

Навкарбошлиққа номзод бўлган йигитни кенг омма олдидаги майдонга ўтиргизар, одамларидан бирига имо қилса, саксовулзорнинг муштдек чўғини олиб, ўша одамнинг тиззаси устига қўярди. Агар «номзод» чидамсиз бўлса додлаб юборар ва уни яна оддий навкарликка туширишаркан.

Гоҳида тиззага қўйилган чўғни сезмагандай оғрикқа чидаган номзод гарчи ҳаммаёқни куйган эт ҳиди тутиб кетсада бардош бериб навкарбоши бўларди.

Айнан навкарлардан ҳам зийрак ва чаққон жосусларни Жунаидхоннинг жосуслик маҳкамаси раҳбари вазифасидаги Матчон Тўра ёллаган. У тез-тез қишлоқларда бўлиб турар, олтин эвазига кўплаб хуфияларни ўзига оғдириб оларди. Ҳар бир жосус уч ёки тўртта алоқачи орқали Жунаидхонга маълумот етказиб турар эди. Кўпинча алоқачилар саводсиз бўлгани боис фақат белгиланган вазифани бажарар, нима қилаётгани хақида тасаввурга эга бўлмасди. Алоқачилар хабарларни қовуннинг ичига, чопон қатига, аравалар, тарвузнинг ичига яшириб етказарди. Улар гўё ўзларини тўй ёки маъракага, касал қариндошини кўргани боришаётган, ҳунармандга аравасини тузаттирмоқчи бўлган деҳқон, гоҳида дарвеш, дайди қиёфасида кўрсатиб, Жунаидхон олдига етиб борарди. Хон ҳам ўз мактубларини турли йўллар билан, ҳеч бўлмаса, биттаси етиб борар, деган ниятда бир неча нусхада жўнатарди.

Бир куни, 1924 йилнинг январида Хивадаги пишканик дарвозаси олдида дафн маросими бўлади. Қариялар, қариндошлару қўшнилар тобут кўтариб, марҳумни қалъа ташқарисидаги қабристонга қўйиш учун кетардилар. Шаҳардан ҳеч кимни ташқарига чиқармаслик тўғрисида буйруқ берилган, шунинг учун соқчилар дарвозани очишмайди. Шунда бир гуруҳ мулла ва оломон марҳумни ўз вақтида дафн этиш кераклиги ҳақида ваъз-насиҳат қилиб, дағдаға қилишади. Нимадандир шубҳаланган соқчилар—Отажонов ва Кариев бир гуруҳ миршабни чақириб, тобутдаги марҳумнинг кимлигини текширмоқчи бўлишади. Оломон ҳарчанд қаршилик кўрсатмасин, миршаблар тобутни очишади. Қарашса, тобутда тирик одам кўрқувдан дағ-дағ қалтираб ётибди. Тобут ва «марҳум» текширилганида, шаҳар мудофасининг заиф томонлари ҳақида Жунаидхонга етказиш лозим бўлган маълумот топилади. Орадан икки кун ўтиб, Хива қалъаси қамали давом этаётган пайтда Саиджон қори минорасидан намозга чақириқ эшитилади. Пекин муаззиннинг бу галги чақириғи, умуман, бошқача эди. «Аллоҳу Акбар» сўзларидан кейин муаззин араб тилида Жунаидхон учун керакли хабарни «қўша дарвоза томонга юр, Шоҳимардон томонга юр» деган сўзларни айтганди. Шаҳар ҳимоячилари муаззиннинг ғалати сўзарини эшитиб, уни қўлга олдилар. Айтилган томон Шоҳимардон ва Қўша дарвозага борган ҳимоячилар жосус муаззиннинг хабарини эшитиб, қўлида арқон билан юқорига тирмашаётган Жунаидхон навкарларига дуч келишади.

Булар Жунаидхоннинг жосуслик тармоғи нақадар а 191 бовар қилмас усулларга бойлигининг айрим тарихий далиллари. Шу туфайли ҳам Жунаидхон 1895-1932 йилларгача бўлган қарийб 40 йиллик курашда Чоризм ва большевиклар устидан кўплаб ғалабалар қозонганди.

Хуллас, жосуслик тарихи шу қадар қизиқарлики, бу борада тобут ичидаги жосуслик каби кўплаб воқеалар содир бўлган.

Умид Бекмуҳаммад

 
Уч марта ўлдирилган вазир
12.09.2013 21:02    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Занжирбанд ҳолда Жориберд қалъасида сақланаётган Шарафулмулк ҳузурига беш нафар жаллод келдию, унга шоҳнинг фармонини кўрсатди. Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ўз фармонида вазири Шарафулмулкни қатл этишга ҳукм қилганди.
—    Бўғиб ўлдирайликми ёки бошингни узиб ташлайликми, ўзинг танла,—деди бош жаллод вазирга.
—    Сизлар учун бўғиб ўлдириш осон бўлса керак, — жавоб берди Шарафулмулк.
—    Биз учун иккаласиям осон, асосийси, сени ўлдириб, шоҳ фармонини бажармоқ лозим, — сўйлади жаллодлардан бири.
Ўзи рози бўлгани учун бешта жаллод вазирни бўғиб ташлашди. Шарафулмулкни тинчитдик, деб жаллодлар бироз қалъни айланиб, марҳумни кафанлаб кўмайлик, деб келишса вазир ўлмаган экан. Шундан кейин улар вазирни ўлдириш учун бошини танасидан жудо қилиб, шоҳ олдига олиб кетдилар. 1230 йилда Аррон вилоятининг Жориберд қалъасида ўлдирилган вазир ҳақидаги хабар бутун салтанатга тарқалди. Халқ вазирни жиноятига яраша жазолашибди, дея эркин нафас олди.
Зеро, Шарафулмулк халқ назарида энг қари тулки, зулму ситамни авжига чиқарган, порахўрлик ботқоғига ботган вазир эди. У Хоразмшоҳ Аловуддин Мухаммад (1200-1220) даврида Жанд вилоятининг ҳокими бўлиб, халққа кўп зулм ўтказгани, устидан кўплаб шикоятлар келгани учун султон уни ищдан бўшатиб, ўтда куйдиришга буйруқ берганди. Ўлимга ҳукм қилинган ҳоким иложини топиб қочишга эришади.
Ғоят ҳийлакор, кўринишию, гап-сўзидан жуда мўминқобил Шарафулмулк Жалолиддин Мангубердининг шохлик давридан олдин хожиблик, сўнг вазирлик лавозимига эришади. Мўғулларга қарши тинимсиз жанглар билан машғул Мангуберди кекса вазирнинг гап сўзларига ишониб, уни махсус текшириб ўтирмаганди. Аммо вақт ўтиб, Хоразмшоҳ Жалолиддин уни вазирликка тайинлаб, хато қилганини тушуниб етади.

Тарихчи Насавийнинг ёзишига кўра, «Шарафулмулк учун пул ҳеч бир қийматга эга эмасди. Усулсиз бир шаклда пора олар ва лаёқатсиз кимсаларга тарқатиб, исроф қиларди. Унинг ёзув-чизувга хуши йўқ. Маълумоти етарли бўлмаган ва давлат арбоби билиши лозим бўлган илмлардан тамоман беҳабар эди. Форсчани бир сатр ҳам тўғри ёзаолмас, кўп хато қиларди».

Бироқ ғоятда айёр вазир олиму сайидларни ҳурмат қилган бўлиб, беҳисоб молу-мулкидан тиллалар бериб, улар ишончини қозонишга интиларди. Баъзида уламою, сайидлар олдида ваъз эшитган, Қуръон ўқилган кезлари кўзларидан ёш тўкиб, ўтирар, Жалолиддин туркий ҳукмдор бўлгани сабаб, олдига келган ҳар бир туркийга яхши муомила қиларди. Булар айёр вазирнинг юзаки иши бўлиб, асл башарасини ниқоблаб кўрсатиш учун эди. Уни яқиндан биладиганлар Шарафулмулкни саботу диёнатсиз киши деб билар, айтилган гап-сўзларига ишонмасдилар.

1221 -1231 йилларда Жалолиддин мўғуллар билан урушда гоҳ енгиб, гоҳ мағлубиятга учраб, ўзга элларда юрганида, Шарафулмулк «Мангуберди энди тамом бўлди, шу боис бирор жойга ҳукмдор бўлиб, унинг салтанатидан узоқлашмоқ лозим» деган мақсадни олдига қўйди.

Айниқса, Яссичамавдаги айюбийларга қарши ва Мукондаги мўғулларга қарши жангда Жалолиддин енгилганидан сўнг вазир Хоразмшоҳдан бутунлай узоқлашишга қарор қилди. У Онадўлидаги салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубодга ва Шомнинг айюбий ҳукмдори Малик Ашрафга мактуб йўллаб, агар Озарбайжонни беришса, уларга вассал бўлиб, Жалолиддиннинг муҳим давлат сирларини айтишини маълум қилади. Айни пайтда туркман бекларидан Хусомиддин Қилич Арслонга ҳам 1229 йили мактуб йўллаб, «Жалолиддиннинг куни битгани, ўзининг яқин кунларда Озарбайжонга ҳукмдор бўлишини, шу боис, Хоразмшоҳнинг хазинасию харамини ўзи учун сақлаб туриши»ни маслаҳат берганди.
Бу вақтга келиб Шарафулмулкнинг золимлигию, порахўрлиги тўғрисидаги халқнинг шикоятларию, жосуслар ахборотлари Жалолиддинга тинимсиз кела бошлаганди. Ҳатто, Хуй вилоятида салжуқий беклардан Тўғрул ибн Арслоннинг қизи ва саройдаги канизакларнинг номуси Шарафулмулк томонидан топталгани ҳақидаги хабар текширилганида, рост бўлиб чиққани Жалолиддиннинг ғазабини келтирди. Айни пайтда Хоразмшоҳнинг жосуслари Шарафулмулкнинг ҳиёнаткорона тарзда Кайкубод, Ашраф, Хусомиддинга йўллаган мактубларини қўлга киритадилар.

Буларнинг барчаси Жалолиддиннинг жаҳлини чиқариб, халқ олдида салтанат обрўсини тўкаётган вазирини жазолашни маъқул топди. Бу орада Табриз вилоятида очлик таҳликаси пайдо бўлиб, жосуслар айни маҳалда Шарафулмулк омборида моллар тиқилиб ётганини етказадилар. Хоразмшоҳ Жалолиддин фармонига кўра, вазирнинг омборлари очтирилиб, бор маҳсулотлари халққа тарқатилади. Очлик таҳликасидаги табризликларга вазирнинг омборларидаги маҳсулотларни тарқатишга бир хафта вақт кетди. Бу хол беҳисоб молу-дунё тўплаган ҳиёнаткор вазирни қатл этмоқ керак, деган Жалолиддин фикрини қатъийлаштирди. Натижада вазир Арон вилоятидаги Жориберд қалъаси қўмондони Самлон Силк томонидан 1230 йилнинг охирларида ҳибсга олинди. Халққа беҳисоб зулм ўтказган, мансабидан фойдаланиб, сон-саноксиз молу-мулк тўплаб, яқинлари орасида Хўжатош (қимматбаҳо тош) лақабига эга бўлган вазир Шарафулмулкнинг куни шу ерда тугади.

Ўтда куйдирилишдан, бўғиб ўлдирилишдан омон колган вазир учинчи марта калласи танасидан жудо қилиниб ўлдирилди.

Умид Бекмуҳаммад

 


59 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин