Саналар
02.04.2026
Баннер
Ўзбекистоннинг уруш гирдобига тортилиши
PDF Босма E-mail

Иккинчи жаҳон уруши жаҳон тарихида мисли кўрилмаган даражада катта ва даҳшатли, бутун инсоният бошига оғир кулфатларни солган уруш бўлди. 1939-йил 1-сентябр куни фашистлар Германияси қўшинларининг Полшага бостириб кириши билан бошланган бу уруш жаҳоннинг 61 мамлакатини, ер шари аҳолисининг 80 фоизини яъни 1,7 млрд. кишини ўз гирдобига тортди. Иккинчи жаҳон урушини йирик давлатлар ўртасидаги ихтилофлар, агрессив кучларнинг дунёга ҳукмрон бўлиш учун интилишлари келтириб чиқарди. Урушни асосий агрессив давлатлар – фашистлар Германияси ва Италияси ҳамда милитаристик Япония бошлади. Улар орасида Германия уюштирувчи, етакчи рўл ўйнади.

Фашизм ўта агрессив, ўта уюшқоқ сиёсий куч, сиёсий партия сифатида Биринчи жаҳон уруши тугаши биланоқ Италия ва Германияда вужудга келади. Фашистик кучларни Биринчи жаҳон урушидан норози бўлган, дунёни қайтадан бўлишга ва дунёда ҳукмрон бўлишга интилувчи йирик молия-саноат корхоналари эгалари, ҳарбийлар ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар. Фашистлар икки жаҳон уруши ўртасида ўтган 20 йил давомида илдиз отиб, кучайиб боради ва ниҳоят Германия, Италия ва бошқа мамлакатларда сиёсий ҳокимиятни эгаллайдилар. Германия ва Италия фашистлари ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралаша бошладилар. Шу тариқа Ғарбда, Шарқда, Ўрта ер денгизида хавфли уруш ўчоқлари вужудга келади.
Фашистлар блоки мамлакатларининг ҳукмрон доиралари ўзларини “насибасиз” қолдирилган деб ҳисоблардилар. Улар Биринчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан, унинг натижаларидан норози эдилар. Улар мавжуд халқаро муносабатларни ўзгартириш, дунёни қуролли куч билан қайтадан бўлиш мақсадида урушга тайёрландилар. Уларга Англия, Франсия ва АҚШдан иборат иккинчи гуруҳ қарама-қарши турарди. Биринчи жаҳон урушида ютиб чиққан бу мамлакатлар эгаллаган ерларини сақлаб қолишга, ҳукмрон мавқеини мустаҳкамлашга ва ўз рақобатчиларини янгидан заифлаштиришга интилардилар.
Иккинчи жаҳон урушининг И-даврида – 1939-йил 1-сентябрдан 1941-йил 22-июнгача бўлган даврда фашистлар Германияси Ғарбий ва Марказий Европада ҳукмронликни қўлга киритди. Германия ва Италия Европадаги 10 та давлатни – Полша, Чехословакия, Югославия, Белгия, Голландия, Люксембург, Дания, Норвегия, Австрия, Франсияни босиб олди. Миллатлар лигаси ҳаракатдан тўхтади. Германия Гарбий Европанинг ҳарбий, иқтисодий ресурсларини қўлга киритгач, 1941-йил 22-июн куни ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартномани бузиб, уруш эълон қилмасдан СССРга хоинона ҳужум бошлади. Фашистларнинг мақсади СССРни босиб олиш, бойлигини талаш, миллионлаб кишиларни қириш ва қолганларини қул қилиш эди. Германиянинг СССРга қарши олиб борган уруши характер жиҳатидан босқинчилик, адолатсиз уруш эди. Германия билан ҳамкорликда унинг иттифоқчилари – Италия, Финландия, Венгрия, Руминия, Болгария ҳам СССРга қарши урушга кирдилар.
Совет ҳукумати 22-июн куни урушнинг бошланиши муносабати билан мамлакат халқига мурожаатнома ишлаб чиқди ва у ўша куни радио орқали эълон қилинди. Бу мурожаатнома халқни ғалабага эришиш учун мустаҳкам жипслашишга, уюшқоқлик ва фидокорлик кўрсатишга чақирди. “Бизнинг ишимиз ҳақ иш! Душман тор-мор келтирилажак! Биз ғалаба қиламиз!” дейилган эди мурожаатномада.

СССР таркибига кирган барча республикалар, мухтор округлар, шу жумладан, Ўзбекистон халқлари ҳам уруш гирдобига тортилди. Ўзбекистон халқларнинг бошига оғир синовлар тушди. Урушнинг бошланганлиги тўғрисидаги шум хабар етиб келган куниёқ Ўзбекистоннинг барча шаҳарлари ва туманларида, корхона ва муассасаларида митинглар ва йиғилишлар бўлиб ўтди. Ишчилар, хизматчилар, деҳқонлар, зиёлилар, талаба ёшлар ўз Ватанларини ҳимоя қилишга, юзма-юз жангларда босқинчиларни тор-мор этиш учун урушга боришга, ғалабани таъминлаш учун фронт орқасида фидокорона меҳнат қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
1941-йил 23-июн куни ВКП(б) МҚ Сиёсий бюроси партия ва совет органларини уруш шароитига мослаб қайта қуриш тўғрисида қарор қабул қилди. Партия ва совет ҳукуматининг ҳарбий ҳолат тўғрисида, ҳарбий хизматга мажбур бўлган кишиларни қизил армияга сафарбар этиш тўғрисида, қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш бўйича сафарбарлик режасини жорий этиш тўғрисида қарорлари қабул қилинди. СССР Халқ Комиссарлари Совети ва ВКП(б) МҚ 29-июнда мамлакат ҳаётини уруш талабларига мослаб қайта қуриш дастурини – фронт ёни вилоятларининг партия ва совет ташкилотларига ёъл-ёъриқларини тасдиқлади ва тегишли ташкилотларга юборди. Ёъл-ёъриқларда жангчилардан ҳар бир қарич ер учун қаттиқ жанг қилишни, мардлик ва жасорат кўрсатишни, партия ва совет ташкилотларидан ҳаракатдаги армияга ҳар томонлама ёрдам беришни уюштириш, қурол-яроғ, ўқ-дори, танклар ва самолётлар ишлаб чиқаришни бутун чоралар билан кўпайтириш талаб қилинган эди. Фронт орқасини мустаҳкамлаш, корхоналарнинг янада кучлироқ ишлашларини таъминлаш вазифалари қўйилди. “Ҳамма нарса фронт учун! Ҳамма нарса ғалаба учун!” – ёъл-ёъриқнинг асосий талаби, кўрсатмаси ана шундай эди.
Мамлакатда ҳокимият, иқтисодиёт, сиёсий ва ҳарбий ҳаётга раҳбарлик қилиш 1941-йил 30-июнда Сталин бошчилигида тузилган Давлат Мудофаа Қўмитаси (ДМҚ) қўлида тўлиқ равишда тўпланди. Унинг қарорларини, кўрсатмаларини бажариш ҳамма ташкилотлар учун мажбурий эди. Ҳарбий ҳаракатларни бошқарувчи Олий Бош Қўмондонлик қароргоҳи тузилди ва Сталин СССР Қуролли кучларининг Олий Бош қўмондони ҳамда Мудофаа Халқ комиссари қилиб тайинланди. Совет раҳбарияти томонидан кўрилган бу тадбирларнинг ижроси ҳаётнинг барча соҳаларини ҳарбий изга туширди, мамлакатни ягона ҳарбий лагерга айлантирди.

Ўзбекистонликлар фронтга отландилар. Урушнинг биринчи ойидаёқ ҳарбий комиссарликларга 32 мингдан кўп ишчилар, хизматчилар, колхозчилар, ёшлар ўзларини фронтга жўнатишни сўраб ариза бердилар. Барча вилоят, шаҳар ва туман ҳарбий комиссарликлари ҳарбий хизмат мажбуриятида бўлганларни сафарбар этиш билан шуғулландилар. Урушнинг дастлабки ойидаёқ юз минглаб ватандошларимиз қўлга қурол олиб фронтга жўнаб кетдилар.
Ўрта Осиё ҳарбий округи фронт учун жангчилар ва зобитлар тайёрлайдиган ўчоққа айлантирилди. Бу округ 1941-йил июнидан 1942-йил охиригача бўлган муддатда ҳарбий сафарбарлик асосида 109 та ҳарбий қўшилма тузди, ҳаракатдаги армияга ва Олий Бош Қўмондонлик қароргоҳи захирасига 86 дивизия ва бригада жўнатди. Ўзбекистон ҳукумати ва ватанпарвар кучлар миллий ҳарбий қўшилмалар тузиш ташаббуси билан чиқдилар. 1941-йил ноябридан 1942-йил мартигача бўлган даврда 14 та миллий ҳарбий қўшилмалар, жумладан, 9 та ўқчи бригада, 5 та отлиқ аскарлар дивизияси тузилиб фронтга жонатилди. Миллий қошилма аскарлари ва зобитларига яхши ҳарбий таълим беришда, улар билан фронтни мустаҳкамлашда Ўзбекистонда тузилган заҳирадаги 24-ўқчи дивизия катта рўл ўйнади. Дивизиянинг бошлиқлари ва зобитлари таркибида 178 ўзбек ўғлони фаол хизмат қилди. Бу дивизия уруш йилларида 390 минг кишидан зиёд жанговар кучлар тайёрлади ва фронтга жўнатди. Умуман олганда 1941–1945-йиллар давомида Ўзбекистондан аниқроғи 1.433.230 киши урушга сафарбар бўлган. Ўзбек халқи, кексалар, ота-оналар даҳшатли синов пайтида ўз фарзандларини фронтга жўнатар экан, уларга мард ва ботир аскар бўл, ҳамиша биринчи сафда юр, қаҳрамонларча жанг қил, ғалаба билан қайт, деб насиҳат қилиб қолардилар.
Ўзбекистон партия ва совет ташкилотлари фронт орқасини мустахкамлаш, хўжаликни ҳарбий изга тушириш, барча одамларни меҳнатга сафарбар этиш, кўплаб жанговар техника, қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар ишлаб чиқишни ёълга қўйиш бўйича шошилинч тадбирларни амалга оширдилар. Бу соҳадаги ишларга ВКП(б) МҚ ва Давлат Мудофаа Қўмитаси топшириғига биноан ишлаб чиқилган ва 16-августда тасдиқланган 1941-йил иккинчи ярми ва 1942-йил учун ҳарбий хўжалик ишлар режаси асос бўлиб хизмат қилди. Бу режада мамлакатнинг шарқий минтақаларида, жумладан, Ўзбекистонда янги заводлар, шахталар, конлар қуриш ҳамда қурол-аслаҳа, ўқ-дори, айниқса кўплаб танк, самолёт, тўп ва замбараклар ишлаб чиқаришнинг кенг дастури белгилаб берилган эди. Дастурда транспорт ишини қайта қуриш, душман ишғол қилиши хавфи остида қолган жойлардаги саноат корхоналарини колхоз ва совхозларнинг мол-мулкларини, илмий муассасаларни шарққа кўчириш ва уларни жойлаштириш, янгидан ишга тушириш тартиблари ҳам белгиланган эди. Бу тадбирларни амалга оширишга 1941-йил 25-августда ташкил этилган Усмон Юсупов бошлиқ махсус республика ҳукумат комиссияси раҳбарлик қилди. Ўзбекистоннинг иқтисодий ва меҳнат ресурслари фронтга сафарбар этилди. Бутун СССР ҳудудида, жумладан, Ўзбекистонда янги меҳнат режими жорий қилинди, яъни иш куни узайтирилди, дам олиш кунлари ва меҳнат таътиллари бекор қилинди.
Ўзбекистон саноатчилари 1941-йил охиригача 300 га яқин корхонани жанговар техника, қуроллар, ўқ-дори ишлаб чиқаришга мослаштириб қайта қурдилар. Бу корхоналарда фронтга сафарбар этилган эркаклар ўрнини кексалар, хотин-қизлар эгалладилар. Урушнинг дастлабки пайтларидаёқ 20 мингга яқин тошентлик хотин-қизлар саноат корхоналари ва қурилишларда, 1700 га яқин республика хотин-қизлари кўмир кони шаҳталарида ишлашга ёъл олдилар. Ишлаб чиқаришни ишчи ва мутахассислар билан таъминлаш чоралари кўрилди. Республика олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари, фабрика-завод таълими мактабларининг фаолияти уруш даври талабларига мос кадрлар тайёрлашга ёъналтирилди. Якка тартибда ва бригада тариқасида ҳунар ўргатиш ишлари ёълга қўйилди. Республикамиз қишлоқларининг аҳолиси фронтни ва фронт орқасини озиқ-овқат, саноатни хом ашё билан таъминлаш учун оёққа турди. Ҳар бир колхозчи ва совхоз ишчиси икки-уч иш нормасини бажариш учун фидокорона меҳнат қилди.
Уруш бўлаётган ва душман яқинлашиб келаётган ҳудудлардан муҳим са-ноат корхоналарини, колхоз, совхоз ва МТСларнинг мулкларини, маданий бойликлар ва ўқув масканларини Шарққа, жумладан, Ўзбекистонга зудлик билан кўчириб келтириш, жойлаштириш ишлари бошланиб кетди. 100 га яқин саноат корхонаси, жумладан, 48 та машинасозлик, металл ишлаш, кимё ва бошқа ҳарбий техника ва маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик заводларнинг асбоб-ускуналари кўчириб келтирилди. Ўзбекистон шаҳарларида шошилинч бўшатиб берилган ёки янгидан қурилган биноларга кўчириб келтирилган асбоб-ускуналар зудлик билан жойлаштирилди ва монтаж қилинди. Улар ишчи кучи, хом ашё, инструментлар билан таъминланди ва фронт учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёълга қўйилди.

Ўзбек халқининг инсонийлик, олижаноблик, болажонлик фазилатлари уруш йилларида мамлакатнинг ғарбий вилоятларидан кўчириб келтирилган аҳолига, болаларга кўрсатган очиқкўнгиллиги, ҳамдардлиги ва ғамхўрлигида ўз ифодасини топди. Ўзбек халқи урушнинг дастлабки йилларида Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия, Болтиқбўйи республикаларидан кўчириб келтирилган бир миллиондан кўпроқ кишиларни, шу жумладан, 200 мингдан кўпроқ етим болаларни ўз бағрига олди. Кўчириб келтирилган аҳолини қабул қилиш, жойлаштириш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш масалаларини меҳнат жамоаларининг йиғилишларида муҳокама қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кенг қулоч ёзди. 1941-йил 3-декабрда Ўзбекистон Компартияси МҚнинг кўчириб келтирилган фуқароларни қабул қилиш ва жойлаштириш юзасидан махсус қарори чиқди. Халқ Комиссарлари Совети ҳузурида 1941-йил 10-июлда тузилган махсус республика комиссияси ва маҳаллий советларнинг ижроия қўмиталари қошида тузилган алоҳида бўлимлар кишиларни ҳисобга олиш ва жойлаштириш билан шуғулландилар. Кўчириб келтирилганлар шаҳар ва қишлоқ туманларига жойлаштирилди. Қисқа муддат ичида Андижон вилоятига 100 минг, Самарқанд вилоятига 165 минг, Наманган вилоятига 53600 киши жойлаштирилди. Кўчиб келганлар Ўзбекистонда бошпана топдилар, иш билан таъминландилар. Ўзбек халқи ўз нони, кийим-кечаги, турар жойини кўчиб келганлар билан баҳам кўрди.
Ўзбеклар кўчириб келтирилган ота-онасиз ёш болаларга алоҳида ғамхўрлик қилдилар, 200 минг дан кўпроқ етим болаларни ўз бағрига олдилар. Халқ Комиссарлари Совети қошида болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус комиссия тузилди, унинг ишида 30 та хотин-қизлар фаолият кўрсатди. Ўзбекистон Халқ маорифи комиссарлиги ташаббуси билан болаларни қабул қилиш-тақсимлаш маркази тузилди. Республикамизнинг барча вилоятлари, шаҳар ва туманларида болаларни қабул қилиш пунктлари очилди, уларда ўқитувчилар кечаю-кундуз навбатчилик қилдилар. Милитсия бўлимлари қошида 30 дан ортиқ болалар хоналари ташкил этилди. Кўчириб келтирилган болалар турлича ёшда эдилар. 15 ёшгача бўлган болалар – болалар уйлари, мактаб-интернатларга жойлаштирилиб, уларда ўқув-тарбия ишлари ёълга қўйилди. Фабрика-завод таълими мактаблари, ҳунар ва темир ёъл билим юртларининг собиқ талабалари ўқишни давом эттириши учун республика завод-фабрика мактабларида ўқишга жалб этилди. 15 ёшдан катта бўлган болалар эса ишлаб чиқаришга ишга жойлаштирилди.
1942-йил 2-январда Тошкент шаҳрида хотин-қизларнинг йиғилиши бўлиб, унда республикамиздаги барча аёлларга қарата мурожаат қилинди. Мурожаатда етим болаларни ўз тарбиясига олишга даъват этилади. Кўплаб оилалар боқимсиз қолган болаларни ўзларига фарзандликка олдилар, топган-тутганларини улар билан баҳам кўрдилар. Турли миллатларга мансуб бўлган 14 болани фарзандликка олган тошкентлик темирчи уста Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри Акрамовалар оиласи юксак инсонийлик фазилатларини кўрсатиб кўпчиликка ибрат бўлдилар. Урушдан ногирон бўлиб қайтиб келган каттақўрғонлик Ҳамид Саматовлар оиласи 13 болани, самарқандлик колхозчи аёл Фотима Қосимовалар оиласи 10 болани ўз қучоғига олиб, меҳр қўри билан уларнинг қалбини иситди, дилини ёритди. Ўзбекистон раҳбарларидан Усмон Юсупов ва Ёълдош Оҳунбобоевлар оиласи ҳам етим болаларни ўз тарбиясига олдилар. Ўнлаб болаларни фарзандликка олиб тарбиялаб вояга етказган оилалар республикамизда анчагина. Уларнинг буюк инсонпарварлик, ватанпарварлик жасорати Тошкент шаҳрининг Халқлар дўстлиги майдонида яратилган ёдгорликда абадийлаштирилди.
Ўзбекистонга жангларда ярадор бўлган ёки бемор бўлиб қолган минглаб жангчилар – аскар ва зобитлар ҳам жўнатиларди. Уларни қабул қилиб олиш, госпиталга жойлаштириш, саломатлигини тиклаш ишларига алоҳида меҳрибонлик қилинди, республикамиз соғломлаштириш марказларидан бирига айланди. 1941-йил 1-октабргача Ўзбекистон соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги тизимида 14950 ўринга эга бўлган 47 госпитал барпо этилди ва зарур ускуналар билан жиҳозланди. Айни пайтда Москвадан, Калинин, Ростов ва бошқа вилоятлардан 15900 ўринга эга бўлган 48 госпитал кўчириб келтирилиб, жойлаштирилди ва ишга туширилди. Ҳарбий касалхоналар қуриш кейинги йилларда ҳам давом этди. Ўзбекистонда 39140 ўринга эга бўлган 113 та госпиталда ярадор ва бемор жангчиларга тиббий хизмат кўрсатилди.
Вилоят, шаҳар, туман идора органлари госпиталдагилар ҳолидан хабар олиб турдилар, госпиталларга хўжаликлар ташкил этиш ва иш юритиш учун ер майдонлари ажратиб бердилар. 1942-йилда 1513 меҳнат жамоалари, жумладан, 750 корхона, колхоз ва совхозлар госпиталларни оталиққа олиб, уларни ёқилғи, озиқ-овқат ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаб турдилар. Ўзбекистонлик 18482 нафар донорлар ярадорларни оёққа турғизиш учун қон бериб турдилар. Уруш йилларида Ўзбекистондаги госпиталларга 164382 ярадор ва беморлар жойлаштирилди, уларнинг 87 фоизи, яъни 143101 киши даволаниб чиқдилар.
Ўзбекистонлклар орасида мудофаа фондини ташкил этиш, фронт учун иссиқ кийимлар тўплаш ҳаракати кенг ёйилди. Ишчилар, колхозчилар ва зиёлилар шахсий жамғармаларини, қимматбаҳо буюмларини мудофаа фондларига топширдилар. Фақат 1941-йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон колхоз ва совхозлари фронт учун 59 минг от ва уларга керакли ем-хашак тўплаб бердилар. Машҳур ўзбек раққосаси Тамарахоним мудофаа фондига 50 минг сўм топширди. Мудофаа фондига 650 млн. сўм пул, 22 млн. сўмлик қимматбаҳо буюмлар, 55 кг.га яқин олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо металлар тўпланди. Бу жамғарма ҳисобига республикамизда танк колонналари, авиатсия эскадрилиялари, бронепоездлар қурилиб фронтга жўнатилди. Ўзбекистонликлар жангчиларга эшелонлаб иссиқ кийимлар, мевалар жўнатиб турдилар. Давлат ҳарбий заёмларига ёзилиш ёъли билан анчагина маблағлар тўпланди. Аҳолидан иссиқ кийимлар тайёрлаш учун жун, қўй терилари йиғиб олинди. Аҳолига давлат заёми, пул-буюм лотереяси сотиш ҳисобига 4,2 млрд. сўм маблағ йиғилиб ғалаба манфаатлари ёълида фойдаланилди.
Хуллас, урушнинг дастлабки йилидаёқ Ўзбекистоннинг бутун моддий ва маънавий кучлари ғалаба учун сафарбар этилди, ҳаёт ҳарбий изга туширилди, ҳалқ Ватан ҳимоясига отланди.


Ўзбекистон саноати ва қишлоқ хўжалиги фронт хизматида

Уруш республика саноат тармоқларининг ёъналишини ҳам, саноат ходимларининг ишини ҳам тубдан ўзгартирди. Корхоналарда янги меҳнат режими жорий қилинди, иш куни узайтирилди, ишдан кейин қолиб ишлаш жорий этилди, меҳнат таътиллари, дам олиш кунлари бекор қилинди.
Саноат корхоналари қисқа вақт ичида ҳарбий изга солиниб, миномёт ва автоматлар, самолёт ва танклар учун эҳтиёт қисмлари ва бошқа ҳарбий қуроллар ишлаб чиқара бошладилар. Қишлоқ хўжалик машиналари ишлаб чиқараётган Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводи ҳарбий қуроллар ишлаб чиқара бошлади. Андижондаги “Коммунар”, “Строймашина” заводларида самолёт ва танкларга керакли жиҳозлар, Қўқон шаҳридаги Охунбобоев номли тикувчилик фабрикаси ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқаришни ёълга қўйишда фидокорона меҳнат қилдилар. Республика бўйича 1941-йил охирларига келиб 300 та саноат корхонаси фақат ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Ўзбекистон саноатчилари корхоналарни ҳарбий изга туширишдек ишларни кўчириб келтирилган корхоналарни жойлаштириш ва ишга туширишдек янада оғирроқ ишлар билан қўшиб олиб бордилар. Тошкентда зудлик билан жойлаштирилган “Ростселмаш” заводи “Катюша” ва миномёт снарядлари, авиатсия заводи жанговар самолётлар, Колчугинскдан келтирилган кабел заводи ҳарбий алоқа маҳсулотлари етказиб бера бошлади.
Одамлар иродасига боғлиқ бўлмаган етишмовчиликлар сезиларди. Юк кўтарувчи кранлар ёъқ эди, махсус асбоб-ускуналар, электр қувватлари, кўмир ва нефт каби ёқилғилар, хом ашё ва бошқа материаллар етишмас эди. 1941-йил 5-7 декабр кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг В пленумида республика саноатини ҳарбий изга солиш, кўчириб келтирилган асбоб-ускуналарни жойлаштириш соҳасидаги ишларга якун ясалиб, корхоналарда қурол-яроғларнинг муҳим турлари – самолётлар, танклар, бронепоездлар, авиабомбалар, тўп ва замбараклар, гранаталар, миналар, снарядлар ишлаб чиқаришни кенг ёълга қўйиш вазифаси илгари сурилди. Бунинг учун етарли даражада металл қирқувчи станоклар ва аниқ ўлчовчи инструментлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, нодир металлар қазиб олишни кучайтириш ҳамда қора ва рангли металлургия саноатини яратиш, электр энергетика базасини кенгайтириш, нефт қазиб олишни 2-3 баравар ошириш, кўмир қазиб олишни кучайтириш, йирик қурилиш материалларини ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, қисқа муддатда 30 минг малакали ишчилар тайёрлаш тадбирлари белгилаб берилди.
Кўчириб келтирилган корхоналар тарихда мисли кўрилмаган қисқа муддатларда 4-5 ойда, айримлари ҳатто 1-2 ой давомида қуриб битказилиб, фронт учун ҳарбий маҳсулотлар бера бошлади. Уларнинг энг йириги Чкалов номли авиатсия заводи, Москва кабел заводи, Харков электростанок заводи, кўтарма кранлар заводи, Ростовдан келтирилган “Красний Аксай”, Сулск насос заводи, вагон-ремонт заводи, “Красний пут” заводи, Киев “Транссигнал” заводи, “Кинап” заводи ва бошқалар эди. Бу корхоналарнинг ҳар бири ўрта ҳисобда 20 фоизгача ишчи ва инженер-тех ник ходимлар билангина келтирилган эди. Қолган 80 фоизи республикамизнинг фабрика-завод таълими мактабларида, турли курсларда тайёрланган ишчи ва техник ходимлар билан таъминланди. Хотин-қизлар, кексалар, ёшлар корхоналардаги турли хил ишларга жалб этилди. Урушнинг бир ярим йили мобайнида Ўзбекистон саноатида хотин-қизлар салмоғи 29 фоиздан ошди ва 1943-йилда 63,5 фоизни ташкил қилди.
Республика саноат корхоналари қувватларининг кенгайиши, кўчириб келтирилган корхоналарнинг ишга тушиши биринчи навбатда электр энергияси ва ёқилғи ишлаб чиқаришни кескин оширишни талаб қилди, мавжуд электр қувватлари бундай талабга жавоб беролмас эди. 1943-йилда Ўзбекистоннинг энг йирик гидроелектростансияси – Фарҳод ГЕСи қурилиши бошланди, қурилиш зарур материаллар ва ишчи кучи билан таъминланди. Фарҳод