Саналар
28.03.2024
Баннер
Эшонни тутиб берган Яъқубнинг нафақаси
PDF Босма E-mail

Муҳаммад Халфа, қўлга тушгач, Қодирқул мингбоши ва эшонни бевосита тутиб берган Яъқуб қўрбошига (аслида Мадёқуб) шундай деган: «Икковинг ўлар вақтда жинни бўлиб ўлгил. Бизни русга тутиб берган қўлларинг билан ўзингни уриб, сўккан оғзинг билан ўзингни тишлаб ўлгил!»

Эшонни тутиб берган Мадёқуб, шу воқеадан сўнг 5 ой ўтмасдан вафот этади. Бу ҳақда ҳужжатлар шундай ҳикоя қилади:

Рапорт

Андижон уездининг Қўқон қишлоғида яшовчи, ўтган йили мингтепалик Эшонни қўлга туширганлиги учун мазкур уезднинг Майгир бўлиси бошқарувчиси лавозимига тайинланган Мадёқуб Мадраҳимов, беш ой хизмат қилгандан кейин, 1898 йил, 14 ноябрда қазо қилди. Унинг хотини ва икки боласи яшаш учун ҳеч вақосиз қолди.
Мадраҳимовнинг мингтепалик эшонни тутишдаги хизматларини, оиласининг ўта камбағаллигини ҳисобга олиб, Сиз жаноби Олийларига илтимос қилиш шарафига муяссарманки, Сиз жаноби Олий ўз тасарруфингизда бўлган маблағ ҳисобидан бевага пул нафақаси тайинлаш мумкин деб ҳисоблай олмайсизми?
Бунга яна шуни қўшимча қилишга мушаррафманки, мен Болтабоевга фавқулодда ҳоллар учун маблағдан 25 сўм бердим.
Ҳарбий Губернатор, генерал-майор Цикловский. 1889 йил. 12 июнь»
( Марказий Давлат архиви, 1-фонд, 3-рўйхат, 488-иш, 1-бет.).

19 сентябрда Туркистон генерал-губернаторлигидан жавоб хати келади.
Фарғона вилояти ҳарбий губернатори Туркистон губернаторига 1899 йил 16 октябрдаги рапортида шундай деб ёзган эди: «Сиз Жаноби Олийлари Андижон уездидаги қўқонқишлоқлик, ўтган йили мингтепалик эшон Мадали халфани тутган марҳум Мадёқуб Мадраҳимовнинг хотини Турсунбиби Мадраҳимовага бир умрлик нафақа тайинлаш ҳақида илтимоснома ёзиш мумкин эмасми деб, менинг хулоса беришимга имкон яратибсиз.
Қуйидаги маълумотларни:
а) Мадраҳимовдан қолган болаларнинг сони ва уларнинг ёши;
б) мазкур ерликнинг беваси бирор бир мулкка эгами ва у нимадан иборат,
в) мазкур ерликнинг кун кўриши учун энг кам нафақа миқдори ҳақида маълумот беришни тавсия қилибсиз.

Андижон уезди бошлиғи менга қуйидагиларни билдирди:
а) 10 десятина ерга эгалик қилувчи ҳамда эридан уй жиҳозлари ва 500 пудча гуруч мерос қолган Мадраҳимовнинг беваси моддий жиҳатдан тўла таъминланган;
б) Мадраҳимованинг икки боласи бўлиб, улардан бири Қўқонқишлоқ бўлиси бошқармасида хизмат қилади ва Мадраҳимованинг моддий муҳтожлигидан эмас, балки унинг марҳум эрининг барча аҳолига маълум хизматлари учун, ушбу ерлик бевага озгина, ойига 10 сўм миқдорда бўлса ҳам, нафақа тўлаш маъқул бўларди.

Қуйидагиларни: биринчидан, марҳум Мадраҳимовнинг оиласига тўланадиган йилига 120 сўмлик нафақа «земство» кассасига оғир юк бўлиб тушмаслиги ва иккинчидан, мазкур нафақанинг тайинланиши Фарғона аҳолисининг кўз олдида руе маъмурияти ўзига содиқ одамларнинг хизматини муносиб тақдирлай билишидан гувоҳлик беришидан келиб чиқиб, ушбу оилага уезд бошлиғи таклиф этган миқдорда нафақа тайинланишига сўзсиз қўшиламан, мен томондан Сизнинг маҳкамангизга юборилган ва шу йилнинг 19 сентябрида 7992 рақами остида жавоб тариқасида олинган Мадраҳимованинг (Болтабоеванинг ҳам) аризасини қайтариб жўнатган ҳолда, сўралаётган нафақани беш йил мобайнида бериш керак деб ҳисоблайман ҳамда Сиз жаноби Олийларининг эътиборингизга ва ҳукмингизга ҳавола этаман, ушбу фикрни билдиришга мушаррафман. Ҳарбий губернатор, генерал-майор...

(имзо)

Шунга мувофиқ, Туркистон генерал-губернатори 1899 йил 30 октябрида империя ҳарбий министрига хат билан мурожаат этиб, масалани ижобий ҳал этишни илтимос қилади.
Натижада 1900 йил 18 январда, 2842 рақами остида Петербургдан Тошкентга, Туркистон генерал-губернаторига мана бу мазмунда хат келади:
«Ҳазрати Олийларининг амри билан шу йилнинг 13 январида Андижон уездининг собиқ бўлис бошқарувчиси Ёқуб Мадраҳимовнинг бевасига нафақа — беш йил мобайнида, йилига 50 сўмдан, сарф-харажатлар ўлка «земство» маблағларига киритилган ҳолда тайинланди, шу билан биргаликда, бу ҳақда молия министрига тегишли кўрсатма бериш учун хабар қилинди.

Бош штаб бошлиғи Генерал-лейтенант Сахаров». (Марказий Давлат архиви, 1-фонд, 3-рўйхат, 488-иш, 9-бет.)

Шундай қилиб, Туркистон миллий қаҳрамони, чоризм мустамлакачилик зулми кишанларини парчалаб ташлашга уринган Муҳаммад Халфани тутиб берган ва бунинг эвазига мустамлакачи маъмурият томонидан тақдирланган Мадёқуб Мадраҳимовнинг ўлимидан сўнг, чор ҳукумати томонидан унинг оиласига нафақа тайинланади...

Рустам Шамсутдинов тайёрлаган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин