Саналар
28.03.2024
Баннер
Султон Абу Саид
PDF Босма E-mail

Султон Абу Саид Мирзо ибн Султон Муҳаммад
(1424-1469)
(1451-69)

Темурийлардан бўлган Мовароуннаҳр (1451-69) ва Хуросон (1458-69) ҳукмдори. Мироншоҳнинг набираси. Шоҳруҳ ва Улуғбек вафотидан сўнг Темурийлар давлатида бошланган тахт учун кураш чоғида Улуғбекнинг ўғли Абдулатиф томонидан Бухоро зиндонига ташланган. Абдулатифнинг ўлимидан сўнг (1450) озод қилинган. Абу Саид Мовароуннаҳр тахтига ўтирган Мирзо Абдуллага қарши Абулхайрхон ёрдамида қўшин тортган ва 1451-йил Булунғур жангида уни тор-мор келтириб, Самарқанд тахтини эгаллаган. У миннатдорчилик сифатида Улуғбек мирзонинг қизи Робия Султонбегимни Абулхайрхонга хотинликка берган. Сўнг Абу Саид Тошкентдан ўз пири Хожа Аҳрорни чақиртириб олган. Хуросон ҳокими Абулқосим Бобур вафоти (1458)дан сўнг Ҳирот, Астробод, Мозандарон Абу Саид қўлига ўтиб, марказий ҳокимият тикланган. Бироқ мамлакатнинг ғарбий ҳудудлари нотинч эди, хусусан Ғарбий Эрон темурийлар тасарруфидан чиқиб, қора қўюнлилар сулоласи қўлига ўтиб қолганди. Абу Саид 1468-йил кузида уларга қарши қўшин тортади, лекин 1469-йил қишида Муғон даштида оқ қўюнлилардан Узун Ҳасан билан бўлган жангда енгилиб, ҳалок бўлади. Абу Саид даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланган, қўшни мамлакатлар билан элчилик муносабатлари яхши йўлга қўйилган. У Ҳиротда сарой, камончилар машқгоҳи, кўприклар, кўшклар, шаҳар дарвозалари қурдирган, ариқ ва ҳовузлар қазитиб, боғ-роғлар бунёд этган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин