Мунавварқори Абдурашидхонов. «Нашри маориф» уюшмасининг аҳамияти (1923) | ||
Маданий мамлакатларнинг ҳар бирида маориф-маданият ишларини одатдан халқ ўзи олиб борадур. Ҳукумат эса ёлғиз раҳбарлик ва ёрдамчилик вазифаларинигина адо этиб турадир. Шул сабаблик онгли миллатлар ўзаро илмий, фанний, адабий ва ижтимоий уюшмалар ва «Нашри маориф» жамиятлари тузуб, ҳукуматларининг раҳбарлик ва миллатларининг ёрдами орқасида халқни маориф ва маданият жиҳатлардан юқори кўтарилишига, оқартирилишига хизмат ва ҳаракат қилурлар. Дунёнинг энг маданий мамлакатларига назар солсак, унда маориф ва маданият ишларини ҳукумат усталларидан кўра кўпроқ жамоат усталларида, маориф назоратидан кўпроқ «Нашри маориф» уюшмаларида ишланганлигини кўрамиз. Ҳукумат арбобларининг ҳам кўброғи махсус соатларда ҳукумат кабинетларида расмий вазифаларини адо этганларидан сўнгра қолғон бўш вақтларида жамоат кабинетларида ўлтириб, халқнинг тараққий ва таолийси, маориф ва маданиятининг йўлида виждоний вазифаларини адо этадурлар. Буларнинг хизматлари, ҳаракатлари ўз халқ ва миллатларининг маданий даражасига, аҳволи руҳиясига мувофиқ бир суратда бўлғонлиғи учун, табиий, афкор омма, халқ ва миллат буларга ёрдам берар ва орқаларидан эргашар. Мана бу йўллар билан бугун Оврупо ва Амриқо халқлари ҳавода учар, денгиз остида сузар, дунёнинг энг нариги бўлаклари билан воситасиз хабарлашар бир ҳолға, бир маданиятга етишдилар. Энди ўз ҳолимиз ва ўз тарихимизга боқсак, бир вақтлар Оврупо ваҳший экан, биз маданий эдик, Оврупо попослари «Осиё осмониға жисман учдими, руҳан учдими?» каби диний низолар билан бир-бирларини бўғушар эканлар, усмонли турклари Истанбулни фатҳ этмоқ, Туркистон турклари мадраса ва расадхоналар бино қилмоқ каби маданий ишлар билан машғул эдилар. Сўнгралари Оврупо халқи маориф ва маданият йўлида ишлади, бу ҳолғо етишди; биз тушдик, ухладик, бу ҳолға етушдук. Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари... давом этади. XX аср бошларидан эътиборан бизда ҳам маориф ва маданият сўзларини оғизға олувчи, тараққиёт ва таолийнинг кераклигидан матбуотда ёзувчи, мажлисларда сўзлагувчилар чиқди, билфеъл, янги усул мактаблари очилди. Газеталар чиқорилди, «Жамияти хайрия» ва «Нашри маориф» уюшмалари ташкил этилди, фақат чор ҳукуматининг политсиялари, охранная отделениялари бундай маданий ишларда ерлик халққа очиқ йўл бермади. Бир томондан очилса, иккинчи томондан ёпа берди. Шундай бўлса ҳам, ул замоннинг ёшлари, тараққийпарварлари ўз мақсад ва маслакларида собит қадам бўлдилар, бир газетани ҳукумат ёпса, иккинчи исмда, буни ёпса, учинчи исмда газета чиқариб турдилар. Жамият ва мактабларнинг ҳам бирини ёпса, иккинчисини очиб, бирини қисса, иккинчисини кенгайтириб туришдан тўхтамадилар. Ҳукуматнинг қувиш ва сиқишлари уларни умидсизлантирмади, мақсад ва маслакларида давом этдилар. Ҳеч мумкин бўлмағон бир замонда четга ўқувчилар юбордилар. Мактабларни ўрта даражаларга қадар олиб бордилар. Жамиятлар четга кетувчи ўқувчиларга, мактабларга моддий ва маънавий ёрдам берарлик даражада кучга эга бўдди. Газеталари афкор оммани ҳийли қўлга олиб, 3—4 минг нусха сотилатурғон мартабага етди. Тўртинчи синфларга етарлик мактаб китобларимиз ҳозирланди. Ҳукумат ҳам махсус мақсад билан очқон русско-туземний мактабларини янги миллий мактабларга рақобат қила олмаслигини англаб, оз бўлса ҳам ислоҳ этмакка мажбур бўлди. Мана бу юқорида саналғон ва бу кунда тарих саҳифаларига топширилғон миллий-маданий хизмат ва ҳаракатларнинг ҳеч бири ҳукумат усталларида эмас, ёлғиз жамоат усталларида ишланган ишлардир. Ҳукумат усталлари эса ул замонда бундай харажатларга том маъноси билан хилоф ва қарши борар эди. Бу қаршилик, қувиш ва қисишлар жамоат хизматчиларининг кўнгилларига шул қадар теккан ва зериктирган эдики, инқилоб бўлиб, ерлик халқнинг маориф ва маданиятига таолий ва тараққийсига қарши усталлар йиғилғон кундан бошлаб, ҳар бирлари ҳар ерда отилиб, ҳукумат усталлариға миндилар-да, жамоат усталларини бутун тарк этдилар ҳам ўз мақсад ва маслакларини ёлғиз расмий кабинетларда ўлтириб, давлат пули, давлат қонуни ва ҳукумат кучи билан вужудга чиқармоқ фикрига тушдилар. Халқ фикри, халқ аҳвол руҳияси, халқ даражаи маданияси ва халқ ёрдами кўпинча эътиборга олинмади. Бизнинг энг буюк хато ва янглишимиз ҳам шунда эди. Ҳам бундай улуғ инқилоб вақтида бизга ўхшаш маданиятсиз миллатга мундан бошқа чора, эҳтимолки, йўқ ва топилмасда эди. Мана бу воситалар билан биз қора халқдан узоқлашдик, ўзимиз билан бирга мақсад ва маслагимиз ҳам узоқлашди. Бундан, табиий, маориф ва маданият душмани бўлган қоринпарастлар, мутаассиблар истаганларича истифода этдилар. 16-йилларда янги мактабларга рақобат қила олмоғон эски мактаблар букун даҳшатлик суръатда тараққий этдилар. Эски Тошкент маориф шўъбасининг сўнгги олғон ҳисоби бўйинча, бутун янги мактаб шогирдлари 4000 тўлмағон ҳолда эски мактаб ва қозихоналарда 7000 қадар миллат боласининг эзилиб ётқонлиғи кўринадир. Бу ҳоллар Туркистон маориф ва маданият маркази бўлғон Тошкентда, агарда биз Тошкентдан қанча четга чиқа берсак, маориф ва маданият ишларимиз шунча заифлана ва халқнинг маорифига ва маориф ходимларига назари шунча ёмонлана борадир. Бу кун янги мактабларни «куфр уяси» деб эътиқод қилғон ва янги мактаб муаллимлариндан шайтондан қочқон каби қочқон ва қўрққан кишиларни, ўринларни, қишлоқларни, ҳатто шаҳарларни топмоқ мумкин. Бунга сабаб, бир томондан, халқнинг нодонлиги ва мутаассиб уламонинг иғвоси бўлса, иккинчи томондан, бизнинг ёшлар ва маорифпарварларимизни халқфикри ва халқ ёрдамини бутунлай унутиб, ёлғиз ҳукумат кучи ва ҳукумат пули билан иш кўрмоқ хаёлиға тушганлари ва бу хаёл орқасида халқдан ҳийли узоқлашганлиқларидир.Агарда биз аввалда бир неча инқилобларни кўриб тажриба ҳосил қилғон бўлсак, табиий, бу беш йиллик инқилоб даврида маориф ва маданият йўлида ўйлаб ишлаган, қора халқни тамом қўлға олиб, тараққий ва таолий йўлиға ўзимиз билан бирга олиб кетган ва бу восита билан инқилоб давридан қора халқни фикр, маориф ва маданият жиҳатида жуда кўб фойдаландирғон бўлар эдик. Энди бўлар иш бўлди. Инқилоб денгизларининг тўлқинлари пасайди. Ҳар иш ўз йўлиға ва ўз тартибига кира бошлади. Бу кунгача давлат сармоясидан таъмин этилиб келган маориф ва маданият муассасаларининг кўпрак қисми маҳаллий сармояга ва халқ ёрдамига қолдирилди. Бу кунгача маориф ва маданият ишларини ҳукумат кучи ва ҳукумат йўли билан олиб бормоқ хаёлида бўлғон маорифпарвар ёшларимиз энди халқ кучи ва халқ ёрдами билан олиб бормоқ фикрига келдилар. Бунинг учун халқ фикри ва халқ руҳи билан ҳисоблашмоқ лозимлигини ҳам шояд англагандирлар. Ишлар бу фикр ва бу йўл билан юритилган тақдирда халқни ҳам маориф ва маданият ишлари атрофига тўпламоқ ва ородағи англашилмовчиликларни халққа тушунтириш ва амалда ишлаб кўрсатиш йўллари билан орадан кўтармак мумкинлиги тажриба билан маълумдир. Табиий, бундай ишларни энди ёлғиз ҳукумат кабинетларида ўлтириб эмас, балки жамоат усталларида ва қора халқ орасида ишламак лозимдир. Бунинг учун ҳар ерда «Нашри маориф» уюшмалари очмоқ ва бутун маорифпарварларни, ёшларни, чолларни шул уюшма атрофига тўпламоқ керакдир. Туркистоннинг ҳаёти, Туркистоннинг нажоти ёлғиз маорифга ва маданиятнинг тараққийси эса бутун халқнинг «Нашри маориф» уюшмалари атрофига тўпланмоғига боғлиқдир. Шундагина биз маданий миллатлар қаторига кира оламиз, шундагина маданият дунёсида ўз ҳуқуқимизни ола оламиз. «Туркистон» газетаси, 1923 йил, 4 март |