Саналар
29.03.2024
Баннер
Вадуд Маҳмуд. Болалар тарбияси (1921)
PDF Босма E-mail

Болалар ҳафтаси муносабати билан болалар тарбияси тўғрисида бир оз ёзмоқ фойдадан холи бўлмаса керак.
Бизда болалар тарбияси қадар аҳамият берилмаган бир масала йўқдир. Шунинг учун кундан-кун ҳар жиҳатдан қарор чекмакдамиз десак хато қилмағон бўламиз. Болалар тарбияси тўғрисида бузуқликлар шунча кўбки, қай еридан бошламоқ кишини обдиратадир.
Хоҳ болаларнинг моддий тарбиясини олингиз, хоҳ маънавий тарбиясини олингиз — тарбия қонунлариға мухолиф бўлғон ўрунлари кўбдир. Биз тарбияга аҳамият бермаганмиз. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз бизга: «Ал-илму илмайни; илму абдан ва илму адян», деб илмнинг турларини айтмоқ билан бизга бадан илми, яъни моддий тарбияни маънавий тарбиядан, яъни дин тарбиясидан ажратиб кўрсатмишлар.
Бизим эски тириклилигимизда бадан илми биринчи даражани тутар эди. Биз аввалдан аскарликка аҳамият берган миллатларнинг биринчилариданмиз. Бу тарих китобларини мутолаа қилғон ҳар кишига маълумдир.
«Турклар от устида юрар, от узаринда ухлар ва ўлар эди», деган сўзлар тарих китобларининг ҳар қайсисида бор. Шу сўзлар бизда бадан тарбиясининг не даражадалигини, не даражага чиқғонини кўрсатадир.
Ҳозирда бўлса, аскарлик нари турсин, бадан тарбиясининг анчадан ва бошланғичларидан маҳрумдирмиз.
Болаларимиз бешик деган бир нарсага боғланадирким, бу боланинг ҳануз қотмағон миясини алжитмақдан бошқа иш қилмайдир. Болани ухлатмақ мақсади билан бешик тебратишлар қандай мудҳиш, қандай ёмон ҳоллардир!
Шу моддий тарбия баҳсинда овқат масаласида... Болаларимизнинг киссаларини ҳамиша майиз ва бошқа нарсалар билан тўлдириб юриш ва уларни қўлларига тушган нарсаларни егизиб туриш соғлиқни сақтамоқ тўғрисида ёмон эканлиги маълумдир.
Таомда вақт тайин қилмаслиқ ниҳоят ёмон бир қилиқдир. «Ҳазм» куч билан бўлар, меъдани кучсизлантирар. Кишининг соғлиғиға зарар берадир. Болаларни бир хўр қиладир.
Бу маънавий тарбияга ҳам халақ берадир. Болалар очкўз, эрка бўладирлар. Бу эса орамиздаги ёмон одатлардан эканлиги ҳар кимга маълумдир. Оёқ-қўллари эгри-букри, оғзи-бурни қийшиқ болалар шундақа тарбиянинг ҳосилидирлар. Болаларимизнинг маънавий тарбиясига келсак, мундан ҳам ёмон ҳолларга учраймиз. Болаларни қўрқутқанда «ана ола пўстак келди, ана ола бўжи товуши келаётибдир, (ўрусга берай олиб кетсун бўлмаса)» деган сўзларимиз болаларға ёмон таъсир қиладир.
Мунинг таъсири анча-мунча эмас, жуда катта ва кўбдир. Ҳатто шу ижтимоий инқилоб вақтида ўз ҳуқуқимизни ололмаслиғимизғада таъсири тамоман шуникидир. Шу тарбиянинг таъсиридирким, ҳали ҳам оврўпаликлардан, ўруслардан қўрқамиз. Ўрусларни риоя қиламиз, мусулмонларға қилмағон ҳурматларни ўрусға қиламиз. Бу кичкина бир воқеа ва кичкина бир зарар эмасдир. Бир маҳкамада бир ўрус бўлса, қўрқуб кирмаймиз. Олдимизга бир ўрус эмас, ўрус каби биров келса, ихтиёрсиз ўрнимиздан турамиз, қўл қовуштирамиз.
Кўчада болаларимиз бир ўрусни кўрса қочадир. Бир неча боламиз бир ўрус ва ё оврўпали боласи қўлида ўйинчоқ бўлиб юрадир. Бизнинг тарбиямизнинг шу ўрни инқилобнинг берган тенглигидан бизни маҳрум қилғондир. «Сут билан кирган мизож жон билан бирга чиқадир», деган мақол мазмунича бу таъсир биздан ўлмагунча кетмайдир. Демак, биз шу таъсир натижасинда ҳазирча тегизлик қонунидан зоҳиранда фойдаланмаймиз. Бу ҳол мунда турсин, бизнинг болаларимизда шундай тарбиядадирлар. Агар биз ҳозирда шу тарбияни ташлаб, янги бош-оёқ, соғ шижоатлик ёнур кишилар етиштиришка киришмасак, биздан сўнг келатурғон наслда шу аҳволда бўладир.
Мунинг иложини кўриш биринчи даражада ота-оналарға ва муаллимларға тушадир.
Мана ҳозир ясалиб турғон болалар ҳафтаси шундай камчиликларнинг иложини қилиш, ёмон-яхши томонларни халқға англатиш учун ясаладир.
Бу ҳафтага ҳар бир кишининг қўлидан келганича ёрдам кўрсатиши керакдирким, шу аҳволда бўлғон болаларимиз ўзларининг келажакдаги дунёларини, яъни адолат, мусоват ёхуд дунёсининг ҳақиқий ҳомийси ва эгаси бўлсунлар.

«Болалар тарбияси» мақоласи 1921 йил 21 февралда «Меҳнаткашлар табриги» газетасида босилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин