Тарих ва Аёл Миллат, Ватан тарихи https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix.html Sat, 27 Apr 2024 19:56:29 +0000 Joomla! 1.5 - Open Source Content Management uz-uz Ҳуррам Ҳасаки Султон https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/985-maqola.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/985-maqola.html

Ҳуррам Ҳасаки Султон (усмонийча خرم سلطان‎, туркча. Hürrem Haseki Sultan), Европада Роксола́на исми билан машҳур отинча, Roxolana; ҳақиқий исми маълум эмас, адабий анъаналара кўра, туғилгандаги исми Анастаси́я ёки Александра Гаври́ловна Лисо́вская; таҳминан. 1502[1] ёки 1505[2] — 15 ёки 18 апрел 1558[3]) – Сулаймон Қонунийнинг жорияси, сўнг аёли, ҳасаки, султон Салим II онаси.

Насл-насаби

Ҳуррамнинг келиб чиқиши ҳақида маълумотлар жуда кам. Ҳарамга келиб тушишига қадар бўлган ҳаёти ҳақида ҳеч қандай ҳужжатли, ёзма ишончли манба йўқ. Унинг келиб чиқишига оид маълумотлар асосан бадий тўқима асарларда ҳамда ғарб манбаларига асосланади[4]. Замонавий тадқиқотларда ҳам унинг ёшлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, фақат унинг келиб чиқиши руслардан экани айтилади.[5] XVI асрда Буюк Литва князлигининг Қрим хонлигидаги элчиси Михалон Литвин, ўзининг 1548-1551 йил ёзган “Татарлар, литваликлар ва москваликлар ахлоқи”[6], деб номаланган асарида қуллар савдоси ҳақида зикр қилиб, “ҳозирги турк султонининг севимли хотини ҳамда валиҳад шаҳзоданинг онаси бизнинг ерлардан ўғирлаб кетилган” деб ёзган.[7]

1621—1622 йилларда усмоний султон ҳузурига ташриф қилган Речи Посполита элчилигини аъзоси, шоир Самуил Твардовскийнинг ёзишича, унга турклар Роксалана Рогатиналик[8] православ рухонийнинг қизи эканини айтишган экан.[9] Галина Ермоленконинг таъкидлашича, Твардовский хабари татарлар тарафидан ўғирлаб кетилган ва султон ҳарамига сотилиб юборилган Рогатиналик Настусенька исмлик соҳибжамол қиз ҳақидаги буковинанинг қадимий халқ қўшиқлари билан ҳам тасдиқланади.[10]

Султон ҳаромига тушишдан олдинги ҳаёти ҳақида тафсилотлар XIX аср адабиётларида ҳам пайдо бўлди. Полша адабиётида, унинг ҳақиқий исми Александра бўлгани ва у Рогатиклик руҳоний Гаврила Лисовского[11]нинг қизи бўлганлиги айтилади. XIX аср Украина адабиётида унинг исми Анастасия[12] экани айтилади. Бу талқинни совет тарихчилари ҳам қабул қилган.[13]

Михаил Орловскийнинг «Роксоланами ё Анастасия Лисовская»[14], деган тарихий асаридаги талқинига кўра, Роксолананинг Рагатинадан эмас, балки Чемеровец[15]дан экани айтилади.[16]

Ҳуррам Европада Роксолана исми билан машҳур бўлган. Бу исм 1589 йили Парижда нашр қилинган лотин тилидаги “Туркия қайдномаси”[17]да Муқаддас Рим империясининг Усмоний султонлигидаги элчиси Огер Гизелин де Бусбек тарафидан ўйлаб топилган.

Бу асарда у Ҳуррамнинг ҳозирги ғарбий Украинаданлиги, исми эса Роксолана бўлганини XVI асрда Реч Посполитадаги бу ҳудудлар Роксолания[18] деб номлангани билан асослаган.[19]

Султон рафиқаси

Қрим татарларининг босқинларининг бирида асирга олинган қиз Сулаймонга ҳадя қилинади. Ҳарамга тушган Роксолана Исломга қиради ва Ҳуррам деб янги исм олади. Жуда оз муддат ичида Ҳуррам султоннинг диққатини ўзига жалб қила олди. Сулаймоннинг бошқа маъшуқаси шаҳзода Мустофанинг онаси, Моҳидаврон султонни Хуррамдан рашк қила бошлади.[20] 1533 йили Венециянинг элчиси Бернардо Навагеро ҳам ўз ҳисобатида Моҳидаврон ва Ҳуррам ўртасидаги жанжални ёзиб қолдирган.[21]

1521 йили Сулаймоннинг уч фарзандидан иккитаси вафот қилди. Ягона валиаҳд шаҳзода бўлиб Мустофо қолади. Ўлим хавфи юқори бўлиб турган шароитларда бу холат сулола учун хавфли, хатарли эди. Шунинг учун ҳам Ҳуррамнинг шаҳзодаларни дунёга келтириши, унга саройда керакли қўллаб-қувватлашга эга бўлишига имкон берди. Султоннинг янги маъшуқаси билан Моҳидаврон ўртасидаги низони Сулаймоннинг онаси Ҳафса султон босди-босди қилиб турар эди. 1521 йили Ҳуррам Меҳмед, деб исм олган ўғлонни дунёга келтирди. Бир йилдан сўнг эса, Миҳримаҳ исмлик қизни дунёга келтирди. Ундан кейин туғилган Абдуллоҳ уч ёшида вафот қилган. 1524 Салим туғилди. Кейинги йил эса, Боязид дунёга келди. 1531 йили энг оҳирги ўғли бўлган Жаҳонгирни туғди.[22]

1534 йили волида султон вафот қилди. Бундан бир йил олдин, 1533 йили Ҳуррамнинг азалий рақибаси Моҳидаврон балоғатга етган ўғли Мустафо билан Манисга жўнаб кетди. 1536 йили вазири аъзам Иброҳим пошо султон Сулаймон буйруғига кўра қатл қилиниб, мулки мусодара этилди. Волида султоннинг ўлими ва вазири аъзамнинг қатл этилиши Ҳуррамнинг ўз иқтидорини кучайтириш учун йўл очди.

Хафса ўлимидан сўнг, Ҳуррам ҳали унгача ҳеч ким эришмаган нарсаларга эришишига муваффақ бўлди. У расман Сулаймон рафиқаси бўлиб олди. Султоннинг жорияга уйланишини ман қиладиган ҳеч қандай қонун бўлмаса ҳам усмонийлар сароий бунга қарши бўлди. Ўшанда ўсмоний султонлигида “қонун” ва “анъана” бир сўз – “қонун” деб аталар эди.[23] Никоҳ валиймаси, дабдабали бўлган бўлиши мумкин, бироқ бу ҳақида манбаларда ҳеч қандай маъумот учрамайди. Эҳтимол тўй 1534 йили бўлиб ўтган, бироқ аниқ сана маълум эмас.[24] Хуррамнинг ўзига хос ҳолатга эга бўлиши, султон Сулаймон тарафидан у учун махсус берилган хасаки унвонидан ҳам билинади.[25]

Жуда кўп вақтини сафарда ўтказадиган султон Сулаймон, саройда бўлаётган нарсаларни фақат Ҳуррам макублари орқали воқиф бўлар эди. Султоннинг Ҳуррамга бўлган муҳаббати ва соғинчи ифода қилинган мактублари сақланиб қолган.[26] Ҳуррам сиёсий масалаларда ҳам маслаҳатчи бўлган. Лесли Пирснинг айтишича Сулаймон аввалги босқичда онаси билан ёзишма хатларидан маълумот олиб турган, чунки Ҳуррам султон у вақтларда тилни яхши билмаган. Ҳуррамнинг аввалги мактублари расмий идора услубида ёзилгани ҳам саройдаги котибларнинг бири ёрдамида ёзилганидан дарак беради.[27]

Ўз даврининг илмли аёлларидан бўлган Ҳуррам Ҳасаки Султон ҳорижий мамлакат элчиларини ҳам қабул қилган, чет эл ҳукмдорларининг ва бошқа давлат арбоблари, рассомлари мактубларига ҳам жавоб берган. Унинг ташаббуслари билан Истанбулда бир нечта масжид, ҳаммом ва мадрасалар қурилган.

Эдирнадан қайтгач, бироз муддат ўтиб, 1558 йили 15 ёки 18 апрел куни узоқ давом этган касаллик ёки заҳарланиши оқибатида Ҳуррам Султон вафот қилади. Бир йил ўтиб унинг жасади Меъмор Синон тарафидан қурилган саккиз бурчакли муҳташам мақбара ичига олиб ўтилади. Ҳуррам қабри Сулаймон қабри яқинида Сулаймания масжидининг чап тарафида жойлашган. Ҳуррам мақабараси ичида, султон Сулаймон синглиси Ҳадича султон қизи Ханим Султон қабри ҳам бор.

Фарзандлари

Ҳуррам султонга 6 та фарзанд туғиб берган[28]:

Ўғиллари:

Меҳмед (1521—1543)

Абдулла (1523—1526)

Салим (28 май 1524 — 13 декабр 1574)

Боязид (1525 — 25 сентябр 1561)[26]

Жаҳонгир (1531—27 ноябр 1553)

Қизи:

Миҳримах (21 март 1522— 25 январ 1578)

Сулаймон Қонуний ўғилларидан фақат Салимгина отасининг ўлимини кўрди. Қолганлари, ҳусусан Мустафо ҳам, тахт учун курашда ўлиб кетди. (Меҳмеддан ташқари, у 1543 йили вафот қилган). Баъзи тадқиқотчиларга кўра, у қора чечакдан[29] ўлган, бошқа талқинга кўра, у ўз ўлими[30] билан вафот қилган.[31] Ривоятларга кўра, Мустофанинг ўлимига айнан Ҳуррам султон фитналари сабаб бўлган: тахтга ўзининг ўғлини чиариш учун, отасини унга қарши қайраган. Сулаймон Қонунийнинг буйруғига[32] кўра, Мустафо бўғиб ўлдирилган. Укаси Жоҳонгир акасининг ўлмидан қаттиқ изтироб, қайғу-ҳасрат сабабли дунёдан кўз юмагани ҳақида ривоятлар бор.

Боязид акаси Салимни ўлдириш режаси мувоффақиятсизлигидан сўнг, ўзига тегишли 12 минг одам билан Эронга қочади. У усмонийлар султонлиги билан уруш ҳолатида бўлган Эрон тарафига ўтиб кетиши сотқинлик деб эълон қилинади. Кейинроқ, султон Сулаймон Қонуний Форслар билан тинчлик сулҳини тузади ва Эрон шоҳи Тахмас I билан 4 000 олтин танга эвазига Боязид тарафдорларини ўлдиришга, ўзини эса фарзандлари билан (кичик ўғли уч ёшда бўлган) султон элчиларига топшириш бўйича келишади. Сулаймон ўз ўғлини ўлимга ҳукм этади. 25 сентябр 1561 йили ҳукм ижро қилинади.

Тарихдаги ўрни

Тарих фани профессори, султон ҳарами бўйича асарлар муаллифи Лесли Пирс, Ҳуррамгача султонларнинг маъшуқалари маъшуқа-маҳбуба ва тахт учун валийаҳд шаҳзода онаси бўлиш каби иккиата вазифани адо қилиши керак эди, деб таъкидлайди. Ўғил туққач, аёлнинг маъшуқалиги қолмас эди. У ўғли билан маълум бир вилоятга бориб, шаҳзода отасининг ўрнини эгаллаганича, шу ерда қолиб тарбияланиши лозим эди.[33] Ҳуррам эса, ҳар иккала вазифанинг уддасидан чиққан биринчи аёл эди. Бу эса ўз-ўзнида анъалар таъсирида бўлган сарой аҳлининг қаттиқ ғазабини келтирар эди. Унинг ўғиллари балоғатга етгач, у фарзандлари билан маълум вилоятга бирга бормади, балки пойтахтда қолди.[34] Айнан шу билан Ҳуррам атрофида пайдо бўлган салбий тасаввурларни изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари у яна бир усмоний султон саройининг битта маъшуқа битта фарзанд кўриши мумкин, деган одатини бузди. Замондошлари Ҳуррамнинг бу нарсаларга қандай эришганига изоҳ топа олмай, Сулаймонни сеҳрлаб олган дейишар эди.[35] Маккор ва риё параст образи баъзи ўзгаришлар билан ғарб тарихчиларининг китобларига ҳам кўчиб ўтган.

Маданиятдаги ўрни

Ўз фарзандлари билан бирга яшайдиган, ўз вилоятларида қурилиш ишларини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган, ўзидан олдингилар ҳамда бошқа шаҳзодаларнинг онаридан фарқли равишда Хуррам Усмоний султонлигининг йирик шаҳарлари ҳамда Истанбулда диний ва ҳайрия ишлари учун иншоатларни қуриш ҳуқуқига эга бўлди. У ўз номи билан аталган жамғармани ташкил қилди.[36] Мазкур жамғармага тушган маблағлар ҳисобидан Оқ Сарой ҳудудида аёллар (хасаки) бозори қурилди.[37] Булар ичида масжид, мадраса, бошланғич мактаб, шифохона ва фонтан бор. Бу Истамбулда бош меъмор ловозимини эгаллаган меъмор Синон тарафидан қурилган, катталиги жиҳатидан, Меҳмат II (тур. Fatih Camii) ва Сулеймание (тур. Süleymanie) комплексларидан кейин учинчи ўринда турган. Яна бошқа кўп ҳайрия ва диний иморатларни ҳам қурилишига сабабчи бўлган.

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади



[1] Смирнов Н. А. Россия и Турция в XVI—XVII вв. (в двух томах). — Т. 1. — М.: МГУ, 1946. — С. 60.

[2] Гавришков Б. М. Славянская тематика в произведениях Лессинга // Советское славяноведение. — 1982. — № 6, ноябрь-декабрь. — С. 93. — ISSN 0132-1366

[3] Bonnie G. Smith The Oxford Encyclopedia of Women in World History: 4 Volume Set. — Oxford University Press, 2008. — Т. 4. — P. 517. — 2752 p. — ISBN 0195148908, 9780195148909

[4] Roxolana in European Literature… — P. 1.

[5] Yermolenko G. Roxolana: «The Greatest Empresse of the East». — P. 234.

[6] (лотинча, De moribus tartarorum, lituanorum et moscorum)

[7] Михалон Литвин. О нравах татар, литовцев и москвитян / Пер. А. Л. Хорошевич. — М., 1994. — С. 72.

[8] Ҳозир Ивано-Франковской вилоятида)

[9] Yermolenko G. Roxolana: «The Greatest Empresse of the East». — P. 234.

[10] Yermolenko G. Roxolana: «The Greatest Empresse of the East». — P. 234.

[11] Abbott E. A history of mistresses. — HarperFlamingoCanada, 2003. — 510 p. — P. 53.

[12] Roxolana in European Literature… — P. 49.

[13] Український радянський енциклопедичний словник: В 3-х т. Т. III. / За ред. М. Бажана. — 1-е вид. — К.: Головна редакція Української радянської енциклопедії. — 1968. — С. 162.

[14] Орловский М. Я. Роксолана или Анастасия Лисовская: Ист. повесть. — Каменец-Подольский: Тип. Подол. губерн. правления, 1883.

[15] Хмельницкий вилоти

[16] Василевский М. Где родилась Роксолана? // День: Ежедневная всеукраинская газета. — № 124, четверг, 14 июля 2005.

[17] лот. Legationis Turcicae epistolae quatuor IV

[18] Страбон зикр қилиб ўтган Қора денгиз шимолидадиги роксолан қабилари истиқомат қиладиган ҳудудлар

[19] Roxolana in European Literature… — P. 272.

[20] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 55.

[21] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 59—60.

[22] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 60.

[23] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 61.

[24] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 62

[25] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 58.

[26] Будучи поэтом, султан посвящал Роксолане любовные стихи на персидском и арабском языках. Некоторые из них сохранились. См. Roxolana in European Literature… — P. 5.

[27] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 63—64.

[28] Yermolenko G. Roxolana: «The Greatest Empresse of the East». — P. 233.

[29] Öztuna, Yılmaz. Kanuni Sultan Süleyman. Babıali Kültür Yayınları, 2006. s. 174—189

[30] Uzunçarşılı, İsmail Hakkı (1951, yeni ed. 1998), Osmanlı Tarihi: İstanbul’un Fethinden Kanunî Sultan Süleyman'ın Ölümüne Kadar , Ankara:Türk Tarih Kurumu Yayınları

[31] Бироқ баъзи манбаларга кўра у ҳам тахт қурбони бўлган.

[32] Терещенко А. В. Быть русскаго народа. — Ч. II. — СПб.: Тип. Министерства внутренних дѣл, 1848. — с.5.

[33] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 88—89.

[34] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 61.

[35] Peirce L. P. The Imperial Harem… — P. 63.

[36] Külliye Hasseki Hurrem

[37] Avret Pazari

 

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Tue, 15 Apr 2014 07:27:24 +0000
Зебуннисо бегим https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/569-momo.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/569-momo.html

Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳнинг панневараси Абу Зафар Муҳийиддин Муҳаммад Аврангзеб (тахтбезаги) Оламгирнинг қизи. Унинг онаси Дилрасбону Шоҳнавозхоннинг қизи бўлиб, Бобурнинг Гулбадан бегим исмли қизига бориб туташади. Зебуннисо бегим (1048 ҳижрий йил шаввол ойи) 1639 йил милодий, феврал ойида Деҳлида туғилган. Унинг отаси Аврангзеб (1618—1707) ёшлигиданоқ диндорлиги билан ном чиқарган эди. У риёкорлик билан «умримни ибодатда ўтказмоқ учун Маккага бориб, бу дунё ишларидан қўл юваман», деб юрар ва оддий халққа ўзини авлиё қилиб кўрсатарди. У отаси Шоҳ Жаҳон (шаҳзода Хуррам) қўл остидаги Декан вилоятининг ҳокими эди. Аммо Шоҳ Жаҳонга қарши бир неча марта исёнлар кўтаради. Ниҳоят, 1657 йилда, отаси Шоҳ Жаҳоннинг касаллигидан фойдаланиб, катта акаси Доро Шукуҳни ҳокимиятдан азл қилмоқ учун кичик акаси Шоҳ Шужў ва укаси Мурод Бахшлар билан иттифоқ тузади. 1658 йилда акаси Доро Шукуҳни асирга олгач, отаси Шоҳ Жаҳонни ҳам тахтдан тушириб, қасрда маҳбусликда сақлайди. Кўп ўтмай укаси Мурод Бахшни ҳам ушлаб зиндонга ташлайди ва ўша ерда бўғиб ўлдиртиради. Кичик акаси Шоҳ Шужў дарбадарликда Бирма тупроғига ўтиб, ўша ерда бутун оила аъзолари билан бирга қароқчилар қўлида ўлиб кетади. Катта акаси Доро Шукуҳни динсизликда айблаб, зиндондан олиб чиқади ва шаҳар майдонида бошини кестиради. Ўша куниёқ Доро Шукуҳнинг кесилган бошини лаганга солиб маҳбусликда ётган касал отаси Шоҳ Жахон олдига киритади. Шоҳ Жаҳон эса маҳбусликда саккиз йил йиғлаб-йиғлаб кўзи кўр бўлиб, оламдан ўтади.

]]> adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Sun, 04 Mar 2012 09:44:59 +0000 Жаҳолат қурбонига айланган шоира https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/507-maqola.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/507-maqola.html

1842 йили маърифатпарвар шоира Нодирабегим Бухоро амири Насруллохон томонидан икки фарзанди ва 14 ёшли набираси билан бирга қатл этилади. Айтиш керакки, Нодирабегим ва Насрулло қиёфасида жаҳолат ва маърифат тўқнаш келди. Ўз замонасининг илғор фикрли зиёлиси бўлган Нодирабегим миллат ҳаловати ва адолатни пеша қилган амирдан, табиийки, нафратланар эди. Шу боис амир Нодирабегимни Қўқон хонлигида энг хавфли душманларидан бири, деб билганди. Аммо Насруллохон шоирани тўғридан-тўғри қатл этолмасди. Шунинг учун, қатл воқеаси учун йўлдан адашган Муҳаммадалихоннинг хатоларини асос қилиб олишга уринди. Баъзи кимсалар эса бунинг учун унга ёрдам бердилар. Уйлаб топилган баҳоналар ўз навбатида амирнинг Хонпошшаойим учун келганига ҳам асос бўла олади.

 

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Sat, 17 Sep 2011 15:47:50 +0000
Нуржаҳон бегим https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/434-nurjahonbegim.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/434-nurjahonbegim.html

Нуржаҳон бегим Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Бобурий шаҳзодалардан учинчиси — Жаҳонгиршоҳ (Салим, 1569—1627)нинг иккинчи хотинидир.
Тарихий манбаларнипг берган маълумотига кўра, Нуржаҳон бегимнинг ҳақиқий исми Меҳринисо бўлиб, асли келиб чиқиши Эрондан эди. Унинг ота-онаси йўқчилик оқибатида ўз ватанидан Ҳнндистонга кўчиб келиб, Акбар подшоҳ саройида хизматга ёлланади.
Кунлардан бир кун шаҳзода Салим (кейинчалик Жаҳонгир подшоҳ) Меҳринисони бозорда кўриб қолади ва унга ошуфта бўлиб, фироқида ўртанади. Бу даврда Меҳринисо балоғат ёшига етган, сарв қомат, ўн тўрт кунлик ойдек қиз эди. Шаҳзода Салим Меҳринисо ишқида куйиб, ҳаловатини йўқотади. Ниҳоят, унга уйланишга қарор қилади. У ўз қарорини отаси Акбаршоҳга (1542—1605) айтиб, ундан ижозат сўрайди. Акбаршоҳ эса ўз ўғлининг бу қизга уйланишига қатъиян қаршилик кўрсатади. Акбаршоҳ ўғлининг кўнглини совутмоқ учун Меҳринисони сарой аъёнларидан бири — Али Қули Истажлий (Шерафкан)га турмушга чиқишга мажбур қилади. Шерафкан Меҳринисога уйлангач, уни қўшинларга сардор этиб Бенгалияга кўчириб юборади.
1605 йилда Акбаршоҳ вафот этади. Тахтга унинг валиаҳд ўғли шаҳзода Салим ўтиради ва ўзини Жаҳонгиршоҳ деб атайди. Тақдир тақозосини қарангки, 1611 йилда Шерафканхон Бенгалия ҳокими Қутбиддиннинг қабулига кирганида муҳим масала устида ҳоким билан жанжаллашиб қолади ва уни пичоқлаб ўлдиради. Фожиа устига етиб келган соқчилар Шерафканхонни ҳам ўлдирадилар. Шундан сўнг бева қолган Меҳринисони Аграга — Жаҳонгиршоҳ саройига жўнатадилар. Шу воқеадан бир неча муддат ўтгач, Жаҳонгиршоҳ Меҳринисони ўз никоҳига олади.
«Мунтаҳаб ут-таворих» асарининг муаллифи Ҳакимхон тўра Меҳринисонинг Жаҳонгиршоҳ никоҳига кириши ҳақида олдиндан башорат қилинган бир қизиқ туш тафсилотини келтиради. Гўё Меҳринисо тунларнинг бирида туш кўради. Тушида осмондан қуёш тушиб келиб, кўрпаси ичига киради. Шунда уйғониб кетади ва кўрган тушини эри Шерафканхонга сўзлаб, ундан таъбиринн сўрайди. Шерафканхон туш таъбири бўйича билимдон бўлгани туфайли, дарҳол хотинининг тушига қуйидагича таъбир айтади: «Сенинг тўшагингга подшоҳ кирар экан».
Меҳринисо ўз гўзаллиги, зийраклиги, фаросатли ва тадбиркорлиги туфайли фақат Жаҳонгиршоҳнигина эмас, балки сарой аҳлини ҳам ўзига ром қилади. Эндиликда уни Меҳринисо эмас, Нурмаҳал (саройнинг нури) деб атайдилар. Кейинчалик эса жаҳоннинг нури, яъни Нуржаҳон деб атайдилар. Нуржаҳон бегим нозик таъб шоира ҳам эди. У Махфий тахаллуси билан ғазаллар битган. Жаҳонгиршоҳ салтанатида Нуржаҳоннинг отаси Эътимод-уд Давла номи билан бош вазирлик лавозимигача кўтарилган. Унинг ўғли, яъни Нуржаҳон бегимнинг акаси Осафхон эса сарой бошқарувчиси мансабида қойим бўлган.
Нуржаҳон бегим Жаҳонгиршоҳ салтанатида доно маслаҳатчи эди. Нуржаҳон бегим мамлакатнинг ижтимоий, маданий ҳаётига доир кўпгина эзгу тадбирларни бажарган. У ихтирочи ҳам эди, чунончи, гулоб ва «атри Жаҳонгирий»ни кашф этган. Шу билан бирга, бир неча хил хуш таъм, лазиз таомлару хона безакларини яратди. Сарой аъёнлари орасида унинг ҳурмат эътибори кун сайин ошиб борарди. Тарихий манбаларнинг берган хабарига кўра, Жаҳонгиршоҳ суюкли хотини Нуржаҳон бегим шарафига «Нури Жаҳонин» деб аталган 12 граммли олтин танга зарб эттирган.
«Мунтахаб ут-таворих» муаллифи Нуржаҳон бегимнинг шоҳ билан қилган мушоираларидан (Жаҳонгиршоҳ ҳам ғазаллар битган) бир нечасини кўрсатиб ўтган. Бу шеърларни ўқиган кишн Нуржаҳон бегим замонасининг истеъдодли шоираси бўлганлигига шубҳа қилмайди. Ғазаллардан бири қуйидагидир:
Ҳадиси ҳоли гу дар нома сабт мекардам,
Сикандвор куқат бар сари сухан месўхт.
Шаҳиди ишқи туро шаб ба хоб медидам,
Ки ҳамчу шуълайи фонус дар кафан месўхт.
Зи сўзи синайи Махфий шуд он қадар маълум,
Ки ҳамчу хас, мижааш дар гиристон месўхт.
Мазмуни: Сенинг номайи аъмолингни ёзарканман, сўз устидаги нуқталар исириқ доналаридек ёнарди. Ишқингда шаҳид бўлганларни кечалари тушимда кўрардим. Улар худди фонус шуьласидек, ўз кафанлари ичида ёнардилар. Махфий қалбининг ёниши шу қадар эдики, йиғлаганда киприклари худди хасдек ёнарди.
Сўнгги вақтларда Жаҳонгиршоҳ бот-бот касал бўлиб, давлат ишларига қарамай қўяди. Ана шундай пайтларда Нуржаҳон бегим салтанат ишларини бошқариб туради. Нуржаҳон бегимнинг салтанат ишларидаги фаолияти ва унинг тутган мавқеи Жаҳонгиршоҳнинг ўғилларига, айниқса шаҳзода Хуррам (Шаҳобиддин Шоҳ Жаҳон)га ёқмасди.
Жаҳонгиршоҳ саломатлиги ёмонлаша бошлагач, 1616 йилда шаҳзода Парвез (Жаҳонгиршоҳнинг иккинчи ўғли)ни тахтга валиаҳд этиб тайинлайди. Жаҳонгиршоҳнинг тўртинчи ўғли шаҳзода Шаҳриёр иродасиз ва қатиятсиз киши эди. Нуржаҳон бегим қўғирчоқ сифат шаҳзода Шаҳриёрни тахтга валиаҳд этиш мақсадида ўзининг авалги эри Шерафкандан бўлган қизи — Лодила бегимни шаҳзода Шаҳриёрга никоҳлаб беради. Жаҳонгиршоҳнинг учинчи ўғли шаҳзода Хуррам (Шоҳ Жаҳон) 1612 йилда 21 ёшида Нуржаҳон бегимнинг акаси Осафхоннинг 19 ёшли қизи Аржуманд бонуга уйланган эди. Бинобарин, Осафхоннинг мақсади, ўз куёвини шаҳзода Ҳуррамни валиаҳдликка тайинлатиш эди.
Шаҳзода Хуррам ўз отаси Жаҳонгиршоҳдан ҳам, валиаҳд акаси шаҳзода Парвездан ҳам, укаси шаҳзода Шаҳриёр ва унинг ҳомийси малика Нуржаҳон бегимдан ҳам хафа эди. Отасидан сўнг тахтга ўтиришга ҳаракат қиларкан, бу йўлда асосий ғов деб Нуржаҳон бегимни биларди. 1622 йилда Нуржаҳон бегимнинг отаси вазир Эътимод-уд Давлат вафот этгач, Нуржаҳон бегим билан шаҳзода Хуррам орасида аёвсиз зиддият кучайди. Бу даврда касалманд Жаҳонгиршоҳ салтанат ишларига қарамай қўйган, бинобарин, давлатни бошқариш асосан Нуржаҳон бегим қўлида қолган эди.
Шаҳзода Хуррам ўз келажаги ҳақида тараддудланиб, 1622 йилда отаси Жаҳонгиршоҳ томонидан ўз қарамоғига топширилган ногирон (кўр қилинган) акаси — шаҳзода Хусравни пинҳона бўғиб ўлдиртиради, отаси Жаҳонгиршоҳга эса «санчиқ азобидан вафот этди», деб хабар юборади. Шу зайлда сарой ичида гуруҳбозлик авж олиб, кундан-кун салтанатдан путур кета бошлайди. Ана шундай қулай вазиятни кўпдан бери кутиб турган Эрон ҳукмдори Шоҳ Аббос тўсатдан Қандаҳорни қамал қилади ва қирқ кунлик қамалдан сўнг шаҳарни қўлга киритади. Жаҳонгиршоҳ шаҳарни қайтариб олиш мақсадида шаҳзода Хуррам бошчилигида катта қўшин тўплаб, Қандаҳорга юбормоқчи бўлади. Лекин шаҳзода Хуррам саройдаги нотинч вазиятда тахтдан узоқлашишии истамай, Қандаҳорга боришдан воз кечади ва тез кунда отаси Жаҳонгиршоҳга қарши қўзғолон кўтаради. Қўзғолон бостирилади. Аммо саройдаги гуруҳбозлик, махфий фитналар мамлакатнинг ички ва ташқи мавқеига салбий таъсир кўрсатади.
Салтанатни вақтинча Нуржаҳон бегим бошқарарди. У ўз ниятларини амалга ошириш мақсадида Жаҳонгиршоҳга содиқ лашкарбоши Маҳобатхонни саройдан четлатиб, Бенгалияга жўнатади ва мол-мулкини рўйхатга олдиради. Бундан норози бўлган Маҳобатхон салтанатга қарши бош кўтаради. Шу воқеадан сал вақт ўтгач, Жаҳонгиршоҳ Нуржаҳон бегим билан бирга пойтахтдан Қобулга қараб сафарга чиқади. Маҳобатхов ражпутли қўшини билан йўлга чиқиб, Шоҳ қофиласини (карвон) ўраб олади. Маҳобатхоннинг барча шартлари Жаҳонгиршоҳ тарафидан ночор қабул қилинади. Нуржаҳон бегим Маҳобатхонга қаршилик кўрсатмоқчи бўлади, лекин кучлар тенг эмаслигига кўзи етгач, макр-хийла йўлини қидиради. Шоҳ карвони Маҳобатхон назорати остида Қобулга қараб йўл олади. Қобулга кирилгач, Нуржаҳон бегим Жаҳонгиршоҳни Маҳобатхон соқчилари қўлидан қутқариб олади ва Кобул қўшинини Маҳобатхонга қарши қўяди. Энди Маҳобатхон учун кочишдан бошқа чора қолмайди. У Қобулдан қочиб Деканга боради ва шаҳзода Хуррамга қўшилади.
Аммо бу вақтда шаҳзода Хуррамнинг аҳволи оғирлашиб, Эронга қочиб ўтиш фикрида юрарди. Бироқ, 1626 йил октябр ойида акаси валиаҳд шаҳзода Парвезнинг тўсатдан вафот этиши унинг сўнган умидларини яна жонлантириб юборади. 1627 йили Жаҳонгиршоҳ Кашмир бўйлаб саёҳатга чиқади. Саёҳатдан қайтаётиб, хасталаниб йўлда вафот этади ва Лоҳурда дафн этилади. Бу хабарни эшитган шаҳзода Хуррам тахтни эгаллаш учун Декандан Аграга йўл олади.
Шаҳзода Хуррам Аграга етиб келгунга қадар унинг қайнотаси Осафхон муваққат равишда марҳум шаҳзода Ҳусравнинг ўғли Довар Бахшни тахтга ўтқазади. Шаҳзода Шаҳриёрни ушлатиб, кўзига мил торттириб, кўр қилади. Куёви шаҳзода Хуррамнинг Аграга яқинлашгани хабарини эшитган Осафхон тахт соҳиби қўғирчоқ Довар Бахшни турли-туман васвасалар билан қўрқитиб, тахтдан воз кечиши ва ўзини панага олишини маслаҳат беради. Довар Бахш тахтни ташлаб қочади ва Эрон шоҳи ҳузурига паноҳ истаб боради.
Шаҳзода Хуррам 1628 йил феврал ойида Аграга кириб, айтарлик қаршиликсиз тахтга ўтиради. У салтанатни ўз тасарруфига киритгач, ўзини «Шоҳ Жаҳон» номи билан аташнн буюради. Ниятларига ета олмаган малика Нуржаҳон бегим 1645 йилда вафот этади ва қабри Лоҳурнинг Шоҳ Дара қабристонига қўйилади. «Тазкират ул-ҳавотин»да ёзилишича, Нуржаҳон бегимнинг қабр тошига ўзи битган қуйидаги байт ёзилган экан:
Бар мазори мо ғарибон на чароги, на гули,
на пар парвона ёби, на садойи булбули.
Мазмуни: Биз ғарибларнинг мозоримизда, на чироқ, на гул, на булбул садосию, на бирор парвонани топмайсан.

Турғун Файзиев

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Thu, 03 Mar 2011 21:13:54 +0000
Гулбадан бегим https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/433-gulbadanbegim.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/433-gulbadanbegim.html

Гулбадан бегим Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳнинг Дилдор бегим номли хотинидан туғилган учинчи қизидир. Гулбадан бегим 1523 йили Кобулда туғилган. Унинг онаси Дилдор бегимнинг ҳақиқий исми — Солиҳа Султон бегим бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзонинг амакиси Султон Маҳмуд Мирзонинг қизи эди. Гулбадан бегим отаси Бобур подшоҳнинг фармонига кўра катта онаси, яъни Ҳумоюн Мирзонинг онаси — Моҳим бегим қўлида тарбияланади. Моҳим бегим Бобур подшоҳнинг энг севикли катта хотини, ҳукмдорнинг хотинлари орасида энг оқила ва билимдони эди. Бинобарин, 1525 йили Гулбадан бегимни Моҳим бегим ўз тарбиясига олади. Гулбадан бегим ҳар иккала онасини ҳам самимий эъзозлаган. У ўз асарида онасини «Дилдор бегим» деб, Моҳим бегимни эса «онам ҳазратлари» деб тилга олади.
Гулбадан бегим 1529 йилгача Кобулда яшайди. Бобур Ҳиндистонни қўлга киритгач, Моҳим бегим билан бирга подшоҳ отасининг ҳузурига—Аграга боради. Отаси Бобур вафотидан сўнг, акаси Ҳумоюн подшоҳ саройида яшайди. 1539 йилда Гулбадан бегимни Хизр Хўжахонга турмушга чиқарадилар. У бир ўғил кўради, исмини Саодатёр деб атайдилар. 1556 йили Ҳумоюн подшоҳ вафотидан сўнг салтанат тахтига унинг ўғли Жалолиддин Акбаршоҳ (1542—1605) ўтиргач, шоҳнинг онаси Ҳамида бону билан Гулбадан бегим саройга — Деҳлига қайтиб келадилар. Ана шундан сўнг, Гулбадан бегим то умрининг охиригача жияни Акбар подшоҳ саройида яшайди.
Гулбадан бегим ўз замонасининг оқила, донишманд аёлларидан эди. У жияни Жалолиддин Акбар подшоҳнинг «Фирдавс макон ва жаннат ошён Ҳазрат ҳақидаги воқеалардан нимаики билсангиз, ёзингиз»,— деган ишорасига мувофиқ, «Ҳумоюннома» номли ажойиб ва муҳим тарихий асарини ёзишга киришади. «Ҳумоюннома» Бобур подшоҳ билан Ҳумоюн подшоҳнинг ҳаёт тарзи ва саргузаштларининг мухтасар тарихи бўлиб, мантиқан «Бобурнома»нинг давомидир. Бу асарнинг муҳимлиги яна шундаки, «Бобурнома» асаридаги айрим воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари мукаммал очиб берилади.
Гулбадан бегим ўз асарида сарой аҳлининг ҳаёт тарзи, шунингдек, тарихий асарларда учрамайдиган Бобур подшоҳ хонадонининг нозик хусусиятлари, оилавий шароитлари, тўй ва аза билан боғлиқ удумлар, уй-рўзғор асбоблари, кийим-кечак турлари каби жиҳозлар ҳақида муфассал ҳикоя қилади. Аммо, афсуски, асарнинг охирги қисми ўша замоннинг суронли йилларида йўқолиб кетган.
Мир Маҳди Мирзонинг «Тазкират ул-ҳавотин» асарида келтирилган «Севгисиз ҳаётда маъно йўқ» мазмунидаги икки байтига қараганда, Гулбадан бегимнинг ғазалиётдан ҳам хабари бўлган.
«Акбарнома» асарининг муаллифи Абул Фазлнинг берган маълумотига қараганда, 1575 йилда Гулбадан бегим Каъбатулло зиёратига жўнаб кетади ва 1582 йилда кўп қийинчиликлар билан зиёратгоҳдан қайтиб келади. Абул Фазлнинг ёзишича, Гулбадан бегим 1603 йилда 80 ёшида вафот этади. Акбар подшоҳ уни катта ҳурмат ва эҳтиром билан дафн этдиради. Акбар подшоҳнинг ўзи Гулбадан бегим тобутини ўғил сифатида кўтариб, дафн маросимида ўғиллик бурчини эътимомига етказади.

Турғун Файзиев

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Thu, 03 Mar 2011 21:10:16 +0000
Хонзода бегим https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/432-xonzodabegim.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/432-xonzodabegim.html

Умар Шайх Мирзонинг (1456—1494) қизи, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзонинг опаси. У 1478 йилда Андижонда туғилган. Унинг онаси—Қутлуғ Нигор хоним Тошкент хони Юнусхоннинг қизи эди.
Тарихий манбаларнинг шоҳидлик беришича, Хонзода бегим дид-фаросатли, ўткир зеҳнли ва ақл-заковат соҳибаси бўлган. Хонзода бегим айни балоғат ёшига етганда отаси Умар Шайх Мирзо тасодифан жардан йиқилиб, оламдан ўтади. Ота тахтига ўтирган 12 ёшли Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзонинг қисматида дарбадарлик даври бошланади. Ёш Бобур Мирзода бобокалони Амир Темур тахтини эгаллаш ҳаваси уйғониб, Самарқандга бир неча ҳарбий юришлар қилади. Ниҳоят, 1501 йили Самарқандни қўлга киритишга муваффақ бўлади. Аммо кўп ўтмай Шайбонийхон қўшин тортиб келиб, Самарқандни қамал қилади. Қамал кўпга чўзилиб, шаҳарда даҳшатли очарчилик ва ўлим авжига чиқади. Бобур Мирзонинг кўпгина одамлари шаҳарни ташлаб қочадилар. Бобур Мирзо ниҳоят даражада кучсизланиб, ҳатто қамални ёриб чиқиб кетиш имкониятига қодир бўлмай қолади. Ана шундай оғир вазиятда Шайбонийхон Бобур Мирзога сулҳ таклиф қилади. Кейинчалик ана шу воқеани Бобур Мирзо ўзининг машҳур «Воқеанома» («Бобурнома») асарида қуйидагича тасвирлайди: «Бу маҳалда Шайбонийхон сулҳ сўзини арога солди. Агар бир тарафдин умидворлик бўлса эди, ё заҳира бўлса, сулҳ сўзига ким қулоқ солар эди. Зарурат бўлди, сулҳгина қилиб, кечадин икки паҳр бўла ёвушиб эдиким, Шайхзода дарвозасидан чиқилди. Волидам хонимни олиб чиқдим. Яна икки хотин киши чиқди: бири Бичка халифа эди, бири Минглик кўгалтош эди. Менинг эгачим Хонзода бегим ушбу чиққанда Шайбонийхоннинг илкига тушди».
Аммо бу воқеа аслида бошқачароқ бўлган. Шайбонийхон Бобур Мирзога сулҳ таклиф қилиши билан бирга, Хонзода бегимни ўзига хотинликка сўраган. Агар Бобур Мирзо шунга розилик берса, у ҳолда ўз ҳарамини Самарқанддан саломат олиб чиқиб кетишига имконият яратиб беражагини айттан.
Бу воқеани Бобур Мирзонинг қизи — Гулбадан бегим, ўзининг «Ҳумоюннома» номли асарида қуйидагича тасзирлайди: «Ана шундай вақтда Шоҳибек (Шайбонийхон)хон «агар ўз эгачингиз Хонзода бегимни менга хотинликка берсангиз, орамизда сулҳ тузилади ва ҳамжиҳатлик алоқалари ўрнатилади»,— деб айтгизиб юборди. Охир Хонзода бегимни ўша хонга бериб, ўзларининг қайтишлари зарур бўлди». Гулбадан бегимнинг бу фикрини «Тарихи Рашидий» асарининг муаллифи— Ҳайдар Мирзо ҳам тасдиқлаб, «унинг қаршилик кўрсатишга ҳеч чораси қолмай, Шайбонийхон билан сулҳ тузиб, ўз эгачиси Хонзода бегимни унга хотинликка берди»,— деб ёзади.
Шундай қилиб, Хонзода бегим Шайбонийхон никоҳига киради ва ундан бир ўғил кўради. Исмини Хуррамбек деб атайдилар,
Шайбонийхон қатлидан сўнг Хонзода бегим укаси Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳнинг саройи — Кобулга қайтиб келади. Кўп ўтмай ўғли Хуррамбек ҳам вафот этади. Хонзода бегим ўзининг ақл-идроклиги ва тадбиркорлиги натижаси ўлароқ, сарой маликалари орасида юксак эътиборга эга бўлади. Хонзода бегим Бобуршоҳ ва унинг тахт вориси Ҳумоюн шоҳ саройида маслаҳатчи вазифасини бажарган.
1544 йили Хонзода бегим Кобулҳақ деган жойда оламдан ўтади. Орадан уч ой ўтгач, унинг хокини Кобулга келтириб, Бобуршоҳ мақбарасига дафн қиладилар.

Турғун Файзиев

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Thu, 03 Mar 2011 21:08:46 +0000
Хадича бегим https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/431-xadichabegim.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/431-xadichabegim.html

Хадича бегим Султон Ҳусайн Мирзо Бойқаронинг суюкли хотини эди.
Хадича бегим 1451 йилда Ҳиротда туғилиб, 1457 йилда Султон Абусайид Мирзо Ҳиротни олгач, унга ҳадя этилган хос канизаклардан бири эди. Султон Абусайид Мирзо Хадича бегимни 1465 йилда ўз никоҳига киритади. Султон Абусайид Мирзодан Оқбегим исмли бир қиз ҳам бўлган. 1469 йилда Султон Абусайид Мирзо Ироқда ҳалокатга учрагач, Ҳирот тахтига ўтирган Султон Ҳусайн Мирзо Бойқаро марҳум Султон Абусайид Мирзо ҳарамида Хадича бегимни кўриб, уни севиб қолади ва шаръий иддаси (уч ой) тугагач, ўз никоҳига киритади.
Хадича бегим ёш, гўзал, димоғдор, енгил табиат аёл бўлиб, айни вақтда табиатан ичи қоралик ва макр-ҳийлага мойил эди. Заҳиридин Муҳаммад Бобур Мирзо (1483—1530) Хадича бегим ҳақида: «Ўзини оқила тутар эди, вале беақл ва пургўй (кўп гапирувчи, эзма) хотун эди, рофизия (шиийлик мазҳабининг бир оқими) ҳам экандур»,— деб ёзади. Дарҳақиқат, Хадича бегим тез фурсатда ўзининг жозибали ҳусн-латофати-ю маккорона илтифотлари билан Султон Ҳусайн Бойқарони ўзига ром қилиб, ҳарамда улуғ бекалик ўрнини эгаллайди.
Султон Ҳусайн Бойқаронинг хотинлари ва хос канизакларидан 14 ўғил ва 11 қизи бор эди. Шоҳғариб Мирзо (1471 — 1489), Музаффар Ҳусайн Мирзолар (1473— 1509) Хадича бегимдан туғилган эдилар. Хадича бегим ўз фарзанди — тантиқ ва шуҳратпараст Музаффар Ҳусайн Мирзони Султоннинг барча ўғилларидан устун қўйишга жон-жаҳди ила ҳаракат қиларди. Бинобарин, турли макр-ҳийлалар ишлатиб, ота билан ўғиллар ўртасида низо чиқаришга муваффақ бўлади. Бу низолар кўпинча қонли жангу жадаллар билан тугарди. Султон Ҳусайн Бойқаро тобора Хадича бегимнинг макрига учиб, Музаффар Ҳусайн Мирзодан бўлак ўғилларига унчалик илтифот кўрсатмас ва хавф-хатарда юрарди. Хадича бегим ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзони ота тахтига валиаҳд қилиб тайинлатиш масаласида хуфиёна ҳаракатни бошлаб юборади. Аммо валиаҳдлик ҳаққи таомилга кўра, Султоннинг катта ўғли Бадиуз-Замон Мирзоники (1458—1511) эди. Гарчи Султон Ҳусайн Бойқаро Бадиуз-Замон Мирзони унчалик суймаса-да, ҳар ҳолда уни рози қилиши лозим эди. Айни вақтда, Алишер Навоий бошлиқ сарой аҳлининг кўпчилиги валиаҳдликка Бадиуз-Замон Мирзонинг 11 яшар ўғли — Мўмин Мирзони (1486—1497) муносиб ҳисоблар ва бу ҳақда мулоҳазаларини Султонга очиқ билдирган эдилар. Табиийки, аркони давлат орасида бўлаётган бундай мулоҳазалар Хадича бегимнинг ҳасад оловини алангалатмасдан қўймасди.
1497 йил баҳорида Султон Ҳисорга қарши юриш бошлайди. Султоннинг фармонига кўра, Астрободда ҳукмрон бўлиб турган Бадиуз-Замон ўз ўрнига ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзони қўйиб, ўзи отасининг қўшинига келиб қўшилади. Жанг тугагач, Султон Ҳусайн Бойқаро ўғли Бадиуз-Замон Мирзони Балх вилоятига, суюкли ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзони эса Астрободга ҳоким қилиб тайинлайди. Султоннинг бу фармони Бадиуз-Замон Мирзонинг ҳамиятига тегади. Чунки Астрободни ўғли Мўмин Мирзога инъом қилиш тараддудида эди. Бинобарин, Бадиуз-Замон ўз ўғлига Астрободни қўлдан бой бермаслик ҳақида хабар юборади. Бу можаро Султон билан Бадиуз-Замон Мирзо орасида қонли тўқнашувга сабаб бўлади. 1497 йил 2 майда Бадиуз-Замон қўшини тор-мор келтирилади. Айни вақтда Музаффар Ҳусайн Мирзонинг қўшини Астрободни забт этиб, Муҳаммад Мўмин Мирзони асирга олади ва Ҳиротга келтириб, Ихтиёриддин қалъасига қамайдилар. Кўпдан бери қулай вазиятни кутиб ётган Хадича бегим Мурғоб ҳарбий ўрдагоҳида вазир Низом ул-Мулк иштирокида Султоннинг мастлигидан фойдаланиб, Муҳаммад Мўмин Мирзони зудлик билан қатл этиш ҳақидаги фармонга муҳр бостириб олади ва ўша кечасиёқ ҳукм ижро этилади.
1506 йил апрелда Султон Ҳусайн Бойқаро вафот этади. Хадича бегимнинг калтабинлик ила салтанат ишларига аралашуви натижаси ўлароқ, тахтга икки шаҳзода — Бадиуз-Замон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзо ўтирадилар. Шайбонийхон Хуросонга ҳужум бошлаганда, икки шаҳзода икки мавзеда — Бадиуз-Замон Қораработда, Музаффар Ҳусайн Мирзо Тарнобда турардилар. Биринчи зарбадаёқ икки шаҳзода икки тарафга — Бадиуз-Замон Қандаҳор орқали Туркияга, Музаффар Ҳусайн Мирзо Астрободга қочадилар. Ҳирот мудофаси эса Хадича бегим бошлиқ уч-тўртта истеъдодсиз аъёнлару хотин-қизларга қолган эди. Шайбонийхон Ҳиротни осонгина қўлга киритади. Хадича бегим Ҳиротдан ташқарига чиқмай, уй маҳбуслигида яшайди. 1509 йили ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзонинг Астрободда эканлигнни эшитгач, Шайбонийхон тарафидан Ҳирот доруғаси (ҳокими) қилиб тайинланган Жон Вафо Мирзодан рухсат олиб, ўғлини кўргани Астрободга боради. Хадича бегим Астрободга етиб борганда, ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзо тузалмайдиган касалга мубтало бўлиб, ўлим тўшагида ётарди. Қўп ўтмай — вафот этади. Хадича бегим ўғлининг таъзиясини ўтказгач, яна Хиротга қайтиб келади...

Турғун Файзиев

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Thu, 03 Mar 2011 14:50:23 +0000
Шодмулк хотун https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/430--shodmulkxotun.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/430--shodmulkxotun.html

Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Шодмулк Хотун Самарқанд шаҳрининг қуйи табақасига мансуб ҳунарманд оиласида дунёга келади. Амир Темурнинг суюкли набираси Халил Султон Мирзо (Мироншоҳ Мирзонинг ўғли, 1366—1408) кунлардан бир кун шаҳар четидаги боғ кўчадан отда ўтиб кетаётиб, Шодмулкка кўзи тушади ва уни севиб қолади. Халил Султон Мирзо (1384—1411) жасоратли, ҳарбий салоҳиятли ва истеъдодли йигит бўлган. Балоғатга етгач, уни аслзода хонадон қизига уйлантиришган. Ундан бир ўғли ҳам бор эди. Аммо Шодмулкни севиб қолгач, ўз замонасининг таомилига қарши ўлароқ, шу қизга уйланади. Табиийки, бундай «тенгсиз» никоҳга Темур бошлиқ бутун авлод қарши туришган. Бироқ Халил Султон Мирзонинг қатъий қарори ғолиб чиқади. Амир Темур аввалида қаттиқ ғазабланган бўлса-да, кейинчалик набирасига бўлган юксак эътиқоди туфайли унинг гуноҳини кечиради.
Амир Темур вафотидан сўнг, 1405 йил март ойида Халил Султон Мирзо Самарқанд тахтига ўтиради. У салтанатни бошқаришда адолатни бош мезон қилиб, мамлакат ички ва ташқи аҳволини яхшилаш чораларини излайди. Лекин хотини Шодмулк бегимнинг салтанат ишларига фаол аралашуви натижаси ўлароқ, аркони давлат орасида айрим норозиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шодмулк бегим Темурнинг барча бева хотинлари-ю хос канизакларини ҳарбий бошлиқлар ва амалдорларга инъом қилиш ҳақида Халил Султон Мирзога маслаҳат бериб, уни кўндиради. Жумладан, 1406 йилда Темурнинг бева хотини Туман Оғо бегимни амир Шайх Нуриддинга хотинликка беради. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Сарой Мулк хоним билан Тукал хонимларни Шодмулк бегимнинг махфий буйруғига биноан заҳарлаб ўлдирганлар. Темур давридаги бек ва амалдорларга етарли илтифот ҳам кўрсатилмайди. Хазина ва салтанат ишларида Шодмулк бегимнинг фаолияти баттар кучаяди. Шодмулк бегимнинг хоҳиш-иродаси ила қуйи табақага мансуб кишилар юқори лавозимларга кўтарилади. Темур сафдошларига қарама-қарши ўлароқ, Шодмулк бегимнинг хоҳишига мувофиқ, қандайдир Бобо Турмуш деган кимса тўла ҳуқуқли вазирлик мансабини эгаллайди. Аввалги амалдорлардан Оллоҳдод ва Арғуншоҳларга ҳам ҳеч қандай рағбат бўлмайди.
Аркони давлат ўртасида вужудга келган бундай нобаробарлик салтанат пойдеворига раҳна солиши муқаррар эди. Зотан, ана шундай қулай вазият Шоҳруҳ Мирзо учун асқотди. 1409 йил баҳорида Шоҳруҳ Мирзо қўшини Бодхез мавзеига келиб тўхтайди. Халил Султон Мирзонинг қўшини эса Шаҳрисабзда жангга тайёр ҳолда турарди. Шу аснода шимолда амир Худайдод бошчилигида қўзғолон кўтарилгани хақида хабар қелади. Халил Султон Мирзо асосий қўшинни Шаҳрисабзда қолдириб, 4000 аскар билан амир Худайдодга қарши боришга мажбур бўлади. 1409 йил 30 март куни Халил Султон Мирзо амир Худайдод томонидан асирга олиниб, Самарқандга келтирилади ва кейинчалик Фарғонага олиб кетилади. Унинг хотини Шодмулк бегимни эса Шоҳрух Мирзога топширадилар. Айрим маълумотларга қараганда, Шоҳруҳ Мирзо Шодмулк бегимни таҳқирлаб, кўп азоб-уқубатларга дучор қилади. Ниҳоят, Халил Султон Мирзони Фарғонадан Ўтрорга келтириб, амир Шайх Нуриддин воситачилигида Шоҳруҳ Мирзо билан Халил Султон Мирзо ўртасида битим тузилади. Битимга мувофиқ, Халил Султон Мирзо Мовароуннаҳр ҳукмронлигидан воз кечади. Бунинг эвазига Рай вилоятининг ҳокими этиб тайинланади. Хотини Шодмулк бегим қайтариб берилади. Кўп ўтмай, 1411 йил 4 ноябр чоршанба куни Халил Султон Мирзо Рай шаҳрида бетоб бўлиб, вафот этади. Айрим маълумотларга қараганда, у заҳарланиб ўлади. Шундан сўнг 1411 йилнинг охирида эридан кейин яшашни истамаган Шодмулк бегим заҳар ичиб оламдан ўтади.

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Thu, 03 Mar 2011 14:38:25 +0000
Гавҳар Шод бегим https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/429-gavharshodbegim.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/429-gavharshodbegim.html

Гавҳар Шод бегим Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзонинг суюкли катта хотини эди. У Чиғатой зодагонларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи эди. Ривоят қилишларича, Ғиёсиддин Тархоннинг бобокалони — Қушлик бир вақтлар Чингизхон мулозиматида бўлиб, бир жанг асносида уни ўлимдан сақлаб қолган экан. Шундан буён Чиғатой улусида бу авлод юксак эътибор ва ҳурматга сазовар бўлган.
Гавҳар Шод бегим 1379 йилда туғилиб, 1393 йилда Шоҳруҳ Мирзо никоҳига кирган. Ундан уч ўғилу икки қиз кўрган. Тўнғич ўғли —Улуғбек Мирзо кўрагон (Муҳаммад Тарағай, 1394— 1449), ўртанча ўғли — Бойсунғур Мирзо (1397—1433) ва кичик ўғли — Муҳаммад Жўки Мирзо (1401 —1445) лардир.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Гавҳар Шод бегим юксак дид-фаросатли, оқила, тадбиркор, сухандон, бир сўзли — қатъиятли, ҳусн бобида ҳам беназир аёл бўлган. Табиатан диндор Шоҳруҳ Мирзо кўп вақтини тоат-ибодат ва китоб мутолаасига сарфларди. Салтанат, девон ишларини ўктам ва тадбиркор хотини Гавҳар Шод бегим бошқарарди. Бу зийрак аёл қайнотаси Амир Темур вафотидан сўнг, секин-аста салтанат ишларини ўз қўлига олди. Зотан, Шоҳруҳ Мирзонинг ўзи ҳам хотини Гавҳар Шод бегимнинг донолигига тан берар, салтанатни бошқаришда оқилона ва тадбирли маслаҳатларига эҳтиёж сезиб турарди. Шу боис, салтанатга доир кўпгина ишлар маликанинг назар-эътиборига ҳавола қилинган. Вилоятларга ҳоким тайинлаш, қўшинга саркарда белгилаш, ҳатто кимга қандай инъом ва кимга қандай жазо бериш масалалари ҳам маликанинг инон-ихтиёрида эди. Масалан, 1440 йил 6 майда машҳур Ҳирот тарихчиси (кейннчалик сарой тарихчиси) Фасиҳ Аҳмад ибн Жалолиддин Муҳаммад Хавофий (1375—1442) малика Гавҳар Шод бегимнинг ғазабига учраб, икки маротаба қисқа муддатли қамоққа ҳукм қилинади.
Гавҳар Шод бегпм Шоҳруҳ Мирзонинг ҳарбий юришларида иштирок қиларкан, шаҳзодаларнинг феъл-атвори ва ҳарбий бошлиқларнинг хатти-ҳаракатидан воқиф бўлиб турарди. Тахтга валиаҳд тайинлаш масаласида ҳам Гавҳар Шод бегим ўз иродасипи ўтказишга уринади. Чунончи Шоҳруҳ Мирзо ўзининг кенжа ўғли Муҳаммад Жўки Мирзони валиаҳд этиб тайинлашга ҳаракат қилади. Бироқ, Шоҳруҳ Мирзонинг бу режаси маликага ёқмайди. Малика ўз ўғли Муҳаммад Жўки Мирзога нисбатан набираси Алоуд Давла Мирзо (1417 — 1461) ни валиаҳдликка муносиб, деб биларди. Аммо ўртанча ўғли марҳум Бойсунғур Мирзонинг ўғли Алоуд Давла Мирзони ошкора валиаҳд этиб тайинлашга тўнғич ўғли Улуғбек Мирзо кўрагондан ҳайиқар, бу масалани Шоҳруҳ Мирзо қўли билан ҳал қилишга уринарди.
1444 йилда Шоҳруҳ Мирзо оғир хасталаниб, ўлим тўшагида ётганида, аркони давлат ҳукмдорнинг тез фурсатда оламдан кўз юмушига ишончлари комил бўлгач, Балх вилояти ҳокими бўлиб турган Муҳаммад Жўки Мирзога шошилинч хабар юборадилар. Шаҳзода зудлик билан Ҳиротга етиб келади. Бироқ шаҳзода етиб келгунча, онаси малика Гавҳар Шод бегимнинг фармонига мувофиқ, ҳарбий қўшинлар сардори Жалолиддин Ферузшоҳнинг валиаҳдликка тайинланган Алоуд Давла Мирзога байъат (ишонч ёрлиғи) бериб, қасамёд қилгани ҳақидаги хабарни эшитади. Муҳаммад Жўки Мирзо онаси Гавҳар Шод бегимнинг бундай «марҳамат»идан қаттиқ ранжийди ва отасини зиёрат қилгач, Балхга қайтиб кетади. Шу воқеадан сўнг тез кунда Шоҳруҳ Мирзо касалдан фориғ бўлиб, ўрнидан туради. Бўлиб ўтган воқеа учун малика Гавҳар Шод бегим эмас, Жалолиддин Ферузшоҳ жазоланади. Маликанинг режаси тақдир тақозоси билан бир неча йилга орқага сурилади. 1445 йилда шаҳзода Муҳаммад Жўки Мирзо касалланнб вафот этади. Шундан сўнг Шоҳруҳ Мирзо ўзига валиаҳд тайинлаш масаласида умрининг охиригача бир қарорга келолмайди.
Шоҳруҳ Мирзо даврида Хуросон сиёсий-ижтнмоий ва маданий жиҳатдан анча гуркираб ўсди. Мамлакат пойтахти Ҳирот иқтисодий ва маданий юксалишда Шарқнинг эпг нуфузли шаҳарларидан бирига айланди. Табийки, мамлакатнинг бундай юксалишида «амалий ҳукмдор» малика Гавҳар Шод бегимнинг ҳиссаси беқиёс. Бу даврда Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа вилоятларида қурилиш ишлари авж олган эди. Масжид-мадрасалар, хонақоҳ, мақбара, даҳма, мусофирхона, шифохона, равот, кўнрик ва сардобалар қуриб битказилди.
Шоҳруҳ Мирзонинг Хуросонда ҳукмронлик қила бошлаган илк йилларидаёқ, у Ҳирот қалъасининг жанубий томонидан мадраса ва хонақоҳ (1410—1411) бино қилдиради. Ана шундан сўнг Шоҳруҳ Мирзо авлодига мансуб шаҳзодалар ва маликалар ҳам мадраса, масжид, хонақоҳ, шифохона ва шунга ўхшаш иморатлар бунёд этиш билан шаҳар ободончилигига ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Табиатан ватанпарвар, билимдон ва зукко Гавҳар Шод бегим мамлакат равнақи йўлида тинмай ғамхўрлик қилади. Унинг дастурида маданий ва маърифий ҳаёт биринчи ўринда бўлган. Шу боисданми, фарзандлари ҳамда барча набиралари илм-фан мухлислари бўлиб, ҳатто ғазал ҳам битганлар.
Гавҳар Шод бегим Ҳиротдаги жуда кўп қурилиш ишларига раҳномалик қилди. Унинг ўзи ҳам Ҳиротда иккита катта мадраса қурдирган. Гавҳар Шод бегимнинг кундоши малика Милкат Оғо (бу маликанинг асли номи Мулк Оғо бўлиб, Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умар Шайх Мирзонинг хотини эди. 1394 йилда Умар Шайх Мирзо вафотидан сўнг, қайинотаси Амир Темурнинг иродасига бўйсуниб, Шоҳруҳ Мирзо никоҳига кирган) Ҳирот шаҳарида бир мадраса, «Дорушшифо» номли касалхона, «Дорулҳадис» номли хонақоҳ, иккита ҳаммом ва шаҳардан саккиз фарсах (тош) четроқда битта мадраса, кутубхона ва мақбара, шаҳзода Алоуд Давла Мирзо эса битта касалхона қурдирган. Айни вақтда, хусусий мулкдор, давлатманд кишиларга хайрия тариқасида қурилишлар бунёд этвгига ижозат берилган ва рағбатлантириб турилган.
1446 йилда қариб қолган Шоҳруҳ Мирзо ўз набираси — Қазвин, Рай ва Қум вилоятларининг ҳукмдори Султон Муҳаммад Мирзога (Бойсунқир мирзонинг ўғли) қарши ғарбга юриш бошлайди. Бу юришдан мақсад ўзбошимча ёш шаҳзоданинг адабий бериб қўйиш эди. Ўз бобосига қарши бош кўтарган шаҳзода Ҳамадон билан Исфахонни босиб олиб, Шерозни қамал қилган эди. Қўшинда малика Гавҳар Шод бегим ва Абдул Латиф Мирзо (Улуғбек Мирзо Кўрагоннинг ўғли) Шоҳруҳ Мирзо билан бирга эдилар. Шоҳруҳ Мирзо Ғарбий Эронда ҳеч қандай қаршиликка учрамади. Чунки шаҳзода Султон Муҳаммад Мирзо бобосининг келаётганини эшитгач, Шерозни қамалдан бўшатиб, ўзи тоққа қочиб кетган эди. Шоҳруҳ Мирзо Шерозга киргач, шаҳзоданинг барча яқин кишиларини жазога ҳукм қилади. Гавҳар Шод бегимнинг қатъий талаби билан бир неча саййидлар ҳам қатл этиладилар. Ажабланарли жойи шундаки, ўта тақводор, художўй салтанат соҳиби Шоҳруҳ Мирзо ҳам хотини Гавҳар Шод бегимнинг иродасига бўйсуниб, саййидларни қатлга ҳукм қилади. Саййидлар устидан бундай жазо ҳукмини чиқаришга на Амир Темур ва на Улуғбек Мирзо ботина олмас эдилар.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, саййидлар Шоҳруҳ Мирзодан «адолат юзасидан тафтиш ўтказиш» ни ёлбориб сўрайдилар. Аммо Шоҳруҳ Мирзо малика Гавҳар Шод бегимнинг хоҳишини қайтаролмайди ва ҳукм ижро этилади. Ниҳоят, саййидлар дор остида туриб, Шоҳруҳ Мирзони «дуойи бад» қиладилар. Бинобарин, кўп ўтмай Шоҳруҳ Мирзо авлоди қирилиб кетиш сабабини мазкур саййидлар қарғишига учраганлигининг оқибатидир, деб ёзади Давлатшоҳ Самарқандий.
Шоҳруҳ Мирзо Шероздан Ҳиротга қайтаётганда йўл асносида бетобланиб, 1447 йил 12 мартда вафот этади. Гавҳар Шод бегим қўшин қўмондонлигини Абдул Латиф Мирзога топширади. Аммо Ҳиротга — Алоуд-Давла Мирзога «пойтахтни мустаҳкамлаш» ҳақида махфий мактуб ёзиб, уни махсус чопар орқали жўнатади. Бундан огоҳ бўлган Абдул Латиф Мирзо бувиси Гавҳар Шод бегимни маҳбусликда сақлаб, Амударё томон йўл олади ҳамда бобоси Шоҳруҳ Мирзонинг ўлими ҳақида ўз отаси Улуғбек Мирзога хабар юборади.
Амакиси Улуғбек Мирзодан ҳайиққан Алоуд-Давла Мирзо ўзини подшоҳ деб эълон қилишга журъат этмайди ва аввалгидек жума кунлари масжидларда бобоси Шоҳруҳ Мирзо номини хутбага қўшиб ўқитади. Бироқ, Абдул-Латиф Мирзонинг кирдикорлари, айниқса бувиси Гавҳар Шод бегимга нисбатан қўллаган жазосини эшитгач, тахтни ўз тасарруфига киритади ва хазинадан қўшинга, қўшин бошлиқларига инъомлар улашиб, Абдул-Латиф Мирзога қарши қўшин йўллайди. 1447 йил 29 апрел шанба куни Абдул-Латиф Мирзо Нишопур яқинида тўсатдан Алоуд-Давла Мирзо қўшинига дуч келиб, мағлубиятга учрайди ва ўзи асир олинади. Маҳбусликдан озод қилинган малика Гавҳар Шод бегим махбус Абдул-Латиф Мирзони ўзи билан бирга олиб, Ҳирот томон йўлга тушади. Маликани Жом шаҳрининг яқинидаги Саъдобод мавзеида Алоуд-Давла Мирзо кутиб олади. Абдул-Латиф Мирзони Ҳиротга келтириб, Ихтиёриддин қалъасига қамаб қўйишади. Шоҳруҳ Мирзонинг жасадини эса Гавҳар Шод бегим мадрасасидаги Бойсунғур мақбарасига дафн қиладилар. 1447 йилда Улуғбек Мирзо Ҳиротни вақтинча қўлга киритганда, отасининг жасадини Самарқандга келтириб, Гўри Амирга дафн этдиради.
Шоҳруҳ Мирзо вафотидан кейин тахт учун бошланиб кетган қонли можаролар тепасида Гавҳар Шод бегим турарди. У невараси Алоуд-Давла Мирзони тахт соҳиби қилиш учун макр-ҳийлалар ишлатса-да, бироқ ўз мақсадига эришолмайди, қайтангга ака-ука шаҳзодалар орасида қонли тўқнашувларни вужудга келтиради. 1450 йилда эса тахтни Алоуд-Давланинг укаси Абулқосим Бобур Мирзо (1422—1457) қўлга киритади, 1457 йилда Абулқосим Бобур Мирзо Машҳадга келади. Саройда катта шоҳона зиёфат берилади. Базм асносида шароб ичиб ўтирган ҳукмдорнинг аҳволи ўзгариб, беҳол йиқилади. Табиблар муолажаси фойда бермайди ва у 36 ёшида тўсатдан вафот этади. Шундан сўнг тахт учун яна ўзаро кураш бошланади. Шаҳзодаларнинг ноиттифоқлигидан фойдаланган Самарқанд ҳукмдори Султон Абусайид Мирзо (1424—1469) Хуросонни босиб олади. Султон Абусайид Мирзо Самарқанд тахтини ўзининг катта ўғли Султон Аҳмад Мирзога (1451 — 1493) бериб, Ҳиротни ўзининг пойтахти деб эълон қилади. Бу вақтда малика Гавҳар Шод бегим 80 ёшга яқинлашиб, анча қариб қолган эди. Бироқ қариб қолган малика Хуросон тахтидан ҳали ҳам воз кечмаган эди. Бинобарин, чевараси Султон Иброҳим Мирзони (1440—1460) ҳукмдор Султон Абусайид Мирзога қарши исён кўтаришга ундайди. Маликанинг бу ҳаракатидан хабар топган Султон Абусайид Мирзо маликани чопиб ташлашга фармон беради. Фармонга мувофиқ 1457 йилда Гавҳар Шод бегим чопиб ўлдирилади ва ўзи қурдирган мадраса ёнидаги Бойсунғур даҳмасига дафн этилади.

Турғун Файзиев

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Thu, 03 Mar 2011 14:25:59 +0000
Сарой Мулк хоним https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/428-saroymulkxonim.html https://e-tarix.uz/maqolalar/ayollar-tarix/428-saroymulkxonim.html

Сарой Мулк хоним чиғатой улусига мансуб мўғул хонларидан Қозонхоннинг қизи бўлиб, 1341 йилда туғилган. Қозонхон тахтдан азл этилиб, қатл қилинган чоғда Сарой Мулк хоним ҳали беш ёшда эди. Сарой Мулк хоним балоғатга етгач, 1355 йилда Мовароуннаҳр ҳукмдори амир Қозоғоннинг набираси амир Ҳусайн уни никоҳига киритди.

1370 йилда соҳибқирон Амир Темур жангда амир Ҳусайнни енгиб, уни қатл қилдиргач, Мовароуннаҳр ҳукмронлигини ўз қўлига олади. Табиийки, амир Ҳусайннинг бир неча хотинлари бўлиб, ҳарамнинг улуғ бекаси — Тармаширинхоннинг қизи Суюнч Қутлуғ Оғо эди. Соҳибқирон Амир Темур мақтулнинг ҳарамидаги маликалар орасидан Қозонхоннинг қизи— Сарой Мулк хонимни, Баён Сулдузнинг қизи — Улус Оғони, Хизр Ясурийнинг қизи—Ислом Оғони ҳамда Тағой Туркон Хотунни танлаб олиб, идда муддати уч ой ўтгач, ўз никоҳига киритади.
Соҳибқирон Амир Темур Сарой Мулк хонимни ўз никоҳига киритгач, «кўрагон» унвонига мушарраф бўлди. Кўрагон ибораси мўғулча сўз бўлиб, «куёв» деган маънони ифодалайди. Зеро, Сарой Мулк хоним мўғул хонларидан бирининг қизи бўлгани туфайли соҳибқирон Амир Темур мўғул хонининг куёви, яъни «Амир Темур Кўрагон» номини олган эди.
Соҳибқирон Амир Темур малика Сарой Мулк хонимни ўз никоҳига киритгунга қадар, ҳарамида бошқа хотинлари ҳам бор эди. Лекин хон авлодига мансуб Сарой Мулк хоним ҳарамдаги барча маликалардан улуғроғи ҳисобланиб, «катта хоним» ёхуд «Бибихоним» деган унвонга ноил бўлади. Албатта, бундай эъзозга мушарраф бўлиш учун ақл-заковат, дид-фаросат, фикрлаш доирасининг улканлиги бош омил бўлган. Зотан, тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Сарой Мулк хоним замонасининг юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор ва ақл-заковат соҳибаси, ҳусн-латофат бобида ҳам беназири эди. Сарой Мулк хоним инсонпарвар, ватанни севгувчи, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхшигина хабардор бўлган, салтанат ишларида доно маслаҳатлари билан қатнашиб турган аёл эди. Айниқса, илм-маърифатга алоҳида эътибор ила қарар, толиби илмларга ҳомийлик қиларди.
Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларида Сарой Мулк хоним кўпинча бирга юрган. Тарихий манбаларнинг якдиллик билан берган маълумотларига кўра, ўта зийрак, тадбиркор Сарой Мулкхоним салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда ўзининг оқилона маслаҳатлари билан фаол қатнашган. Амир Темур Сарой Мулк хонимга ошкора бўйсунмаса-да, бироқ унинг оқилона маслаҳатларига ўзида қандайдир эҳтиёж сезиб турган. Нақл қилишларича, Амир Темур Эронга қарши юриш бошлаганда, Исфахоннинг қамали кўпга чўзилиб, қўшинни озуқа билан таъминлашга маблағ етишмай қолади. Ниҳоят, Амир Темур Самарқандга чопар йўллаб, Сарой Мулк хонимга мактуб жўнатади. Мактуб қисқа 6ўлиб, «Қўшиннинг заҳираси тугади, хазинадан зар юборинг», дейилганди. Сарой Мулк хоним мактуб мазмунидан огоҳ бўлгач, мактубнинг орқа томонига «Улуғ амир, зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадиму?»—деб ёзади ва уни чопарга тутқазади.
Амир Темур мактубни олгач, Сарой Мулк хонимнинг кинояли замзамасини ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят бир қарорга келади: лашкаргоҳда сўйиб ейилган қўй, қорамол, от ва туя суякларини ўша куниёқ йиғдириб, турли ҳажмларда қирқтириб, катта ҳажмдагисига катта қиймат, кичигига кичик қиймат белгилаб, унга пўлат муҳрни қиздириб тамға бостиради ҳамда муваққат пул ўрнида муомалага киритишга фармон беради. Натижада, қўшни шаҳар ва қишлоқларда суяк пулга қўшин учун озиқ-овқат сотиб олинади. Тез кунда Исфахон шаҳари таслим бўлгач, суяк пуллар зар билан алмаштирилади.
Амир Темур саройида жорий қилинган тартибга кўра, чет эллик элчиларни қабул қилиш маросимларида ҳукмдор ёнида хотиилари ҳам иштирок этишган. Испания қироли Генрих III нинг Самарқанд ҳукмдори Амир Темур ҳузурига юборган элчиси Рюи Гонзалес де Қлавихонинг ёзишича, 1404 йил 8-сентябр душанба куни Амир Темур Самарқанд четидаги «Дилкушо» боғида элчиларни қабул қилади. Қабул маросими катта зиёфат ва тантана билан бошланган. Клавихонинг ҳикоя қилишича, қабул маросимида ҳукмдор Темурнинг ёнида Сарой Мулк хоким бошлиқ бошқа хотинлари ҳам юзларига парда ташлаб ўтирганлар. Испан қироли юборган ҳадялар орасида ҳукмдорга кўпроқ қизил мовут маъқул бўлган. Бу ҳақда у ўз хотинлари, аввало Сарой Мулк хоним билан фикрлашади. 1404 йил 17-октябр жума куни Сарой Мулк хоним ҳам катта зиёфат беради. Зиёфатда бошқа элчилар қаторида испан элчиси Рюи Гонзалес де Қлавихо ҳам қатнашади. Клавихо Темур боғларида берилган зиёфатларнинг тўкин-сочинлиги, боғлардаги ранг-баранг ипак чодирлар, ундаги олтин-кумуш жиҳозлару боғларнинг ўта дид ва фаросат билан жиҳозлангани ҳақида мароқ ила ҳикоя қилади.
Нақл қилишларича, Сарой Мулк хоним кунлардан бир кун ўз жамғармаси ҳисобига, савоблик учун худо йўлида бир мадраса бино қилдиришга эри Амир Темурдан ижозат сўрайди. Ҳукмдордан рухсат бўлгач, отаси Қозонхон томонидап совға қилинган бир жуфт олмос балдоғини сотувга қўйиб, бу маблағни мадраса қурилишига сарфлайди. Сарой Мулк хоним мадраса қурилиши жараённда қурилиш майдонига тез-тез келиб иш бошқарувчиларга фикрини айтади. Мадраса қурилиши ниҳоясига етаётганда ҳам Сарой Мулк хоним одати бўйича ўз канизлари билан қурилиш майдонига келиб, устабошига бинонинг кам-кўстлари ҳақида кўрсатмалар беради. Устабоши Сарой Мулк хонимнинг юзини кўрмаган бўлса-да, унинг жозибали сўз оҳангларидан оқила ва ўткир зеҳнли аёл эканлигига имони комил бўлади. Малика кетгач, устабоши хоним билан бўлган бир нафаслик мулоқотдан олган таассуротини ичига сиғдиролмай, ҳиссиёти ғалаба қилиб, атрофидаги усталарга:
— Ёпирай, аёл зоти ҳам шунчалик доно ва оқила бўладиму?.. Хоним ҳақида шу кунгача эшитган барча таъриф-тавсифларнинг ҳаммаси тўғри экан. Қани энди ҳамма аёллар ҳам шундай нафосатга эга бўлсайди, — деб чуқур уф тортади.
Устабошининг беғубор сўзлари тез орада қурилишдаги барча корфармон, уста ва мардикорлар орасида тарқалади. Бир-икки кун ўтгач, миш-мишлар зўрайиб, «нима дейсан, устабоши хонимга ғойибона ошиқ бўлиб қолган эмиш», деган сўзлар тарқаб кетади. Табийки, бу миш-мишлар Сарой Мулк хоним қулоғига етиб боради. Устабоши ўзининг бемулоҳазалигидан ўкиниб, суяксиз тилнинг жароҳатидан нолиб турган бир вақтда, Сарой Мулк хонимнинг хос канизларидан бири қўлидаги рўмолга ўралган лаганчани устабошига узатаркан:
— Хоним ушбу тухумларни сизга юбормишлар. Токи мазкур етти хил рангга бўялган етти дона тухумни тановул айлаб, аларнинг мазаси бир хилму ёхуд ҳар бирининг мазаси алоҳидаму, ушбуни фарқлаб бергайсиз. Жавобини эртага қиём пайтида эшитурмиз,— деб қайтиб кетади.
Устабоши рўмолни очиб, етти хил рангдаги тухумни ўз кўзи билан кўргач, хоним нимага шама қилаётганини тушуниб, чуқур изтиробга тушади.
Шу кунларда соҳибқирон Амир Темур навбатдаги юришдан қайтиб келяётгани, бугун-эрта Самарқандга етиб келиши ҳақида овозалар тарқалади. Устабошининг кўз-ўнги қоронғулашиб, қўли ишга бормайди.
«Миш-мишлар бошимга бало бўлди, ҳадемай соҳибқирон етиб келса, мени соғ қўймайди, жазога мустаҳиқ қилмоғи муқаррардур. Начора, тақдири азалда битилғон эрканда. Аммо чиқмаган жондин умид, деганлар машойихлар, бу ердин қочмоқ чорасини изламоқ даркор. Дарвоқе, қочиб ҳам қаерга бораман. Пастга ҳам тушиб бўлмайдур, дарҳол тутуб зиндонга солурлар. Не қилмоқ керак?» деб оғир ўйга толади.
Устабоши ўйлаб-ўйлаб охири бир қарорга келгач, шогирдини ёнига чақириб, уни ўз режасидан воқиф қилади. У ўзига иккита қанот боғлаб, гумбаз устидан сакрайди. Қанот ёрдамида шаҳар четидаги бир яйловга шўнғийди. Аммо қўнишга улгурмаёқ боши ерга қадалиб, оламдан ўтади. Бу манзарани кузатиб турган шогирд «Эҳ, аттанг, устоз андак хатога йўл қўйибдурлар. Қанот билан бирга, дум ҳам боғламоқ лозим эрди»,— деб ўзига қанот ва дум боғлайди-да, гумбаздан ялангликка парвоз қилади. Воқеан шогирд дум ёрдамида сиҳат-саломат ялангликка қўниб, кўздан ғойиб бўлган. Шундан буён халқ орасида «устасидан шогирди ўзган» деган мақол қолган дейишади.
Сарой Мулк хоним қурдирган мадраса XIV аср охири ва XV аср бошларида Самарқанддаги мадрасалар орасида улкан ва маҳобатлилиги жиҳатидан ажралиб турган. Мадрасага замонасининг етук мударрислари тайинланнб, улар толиби илмларга диний ва дунёвий илмлардан дарс берганлар. Сарой Мулк хоним мадраса толиби илмларининг аҳволидан тез-тез хабар олиб, уларга ҳомийлик қилиб туради. Ривоятларга кўра, Сарой Мулк хоним ўз одатича, қош қорайгач, ўзининг яқин канизлари билан кийимларинн ўзгартириб, мадраса томон йўл олади. Негаки, Сарой Мулк хоним мадраса толиби илмларининг аҳволи руҳияси, ким қандай тирикчилик ўтказаётганию тунда қандай иш билан машғул эканликларини зимдан текшириб турар эди. Бир кеча хоним мадрасага етиб келганда ҳужраларнинг деярлик барчасида чироқ ўчган, толиби илмлар тун оғушида уйқуга чўмган эдилар. Фақат биргина ҳужрада шам ёниб, ичкаридан товуш эшитиларди. Сарой Мулк хоним канизларини мадраса ҳовлисида қолдириб, ўзи оҳиста юриб, ҳужра эшиги ёнида ичкарига қулоқ солади. Толиби илмлардан бири иккинчисига дейди:
— Қани, айтингчи биродари азиз, ҳозир кўнглингиз нима истаябди?
— Э, биродар нима бўларди, қўй гўшти, қўй ёғида дамланган бир лаган серёғ палов бўлса, билакка пахта боғлаб, бир тўйиб ер эдик-да,— дея жавоб бергач, шеригидан сўради:—Хўш жўражон, ўзингизни кўнглингиз нима истаябди?
— Э, биродар, кўнглимда тамоман бошқача орзу. Ушбу мадраса соҳибаси Сарой Мулк хоним дунёда тенгги йўқ гўзал, деб эшитганмен. Қанийди иложи бўлса, шу хоним билан бир кеча суҳбатлашсам,— жавоб берди биринчи толиби илм.
Шеригидан бундай қалтис сўзни эшитган жўраси: — Э, овозингизни ўчиринг, биродар, нима деяётганингизни биласизми, тағин бир фалокатни бошламанг,— деб унга дашном берди.
Сўз шу ерга етганда Сарой Мулк хоним ҳужра эшигидан узоқлашиб, канизлари билан саройга қайтади.
Эртаси кун пешиндан оғгач, надимлардан уч-тўрттасига мадрасага бориб, барча толиби илмларни саройга олиб келишларини буюрди. Толиби илмлар бу ногаҳоний таклифдан ҳаяжонда, надимлар қуршовида саройга келадилар. Фақат икки толиби илм бу таклифдан шубҳаланар ва тундаги қалтис орзунинг қурбони бўлиш даҳшатидан қалтирарди. Барча толиби илмларни катта меҳмонхонага киритиб, зиёфат берадилар. Зиёфат охирида қўй гўшти, қўй ёғида тайёрланган серёғ палов тортилади. Шундан сўнг, меҳмонхонага канизлар қуршовида, юзига парда тортган ҳолда Сарой Мулк хоним кириб келади ва махсус ўриндиққа ўтиргач, толиби илмлар орасидан тунги суҳбатдошларни таниб ўз ҳузурига чорлайди:
— Хўш, мулла йигитлар, билакка пахта боғлаб ейдиган палов бўлибдими?— дейди. Ҳалигача қўрқувдан қалтираб турган икки толиби илм дарҳол тиз чўкиб:
— Қуллуқ хонойим, таърифдин зиёда палов бўлибдур, мадҳига тил ожизлик қиладур,— дея таъзим қилибдилар.
Сарой Мулк хоним биринчи толиби илмга юзланаркан:
— Энди сизнинг орзуингизга келсак. Қўриб турганингиздек, мен соҳибқироннинг никоҳларидамен, бинобарин сиз бирлан суҳбат қурмоғим мумкин эмас. Биноан алайҳи ўзимнинг гўзал канизларимдан бирини сизга никоҳлаб берурмен? Розимудурсиз?—дейди.
Ҳалигача тили калимага келмай, эс-ҳушини йўқотаёзган толиби илм, дарҳол ўзини хоним оёғига ташлаб:
— Узр, афв этсунлар хонойим, бу беадаб қулларининг гуноҳидан ўтсунлар,— деб илтижо қилади.
Шу аснода Сарой Мулк хонимнинг ишораси билан меҳмонхонага қози ва имом кириб келади ва барча толиби илмлар гувоҳлигида канизларидан бирини толиби илмга никоҳлаб қўядилар...
Афсуски, Сарой Мулк хоним мадрасаси узоқ турмади. Ривоятларга кўра XVI аср охирида Бухоро амири Абдуллахоннинг темурийларга хусумати туфайли, махсус фармон билан мадрасани буздириб ташлади. Фақат мадраса ёнига қурилган мақбарагина сақланиб қолган. Мақбаранинг олд томони ранг-баранг кошинлар билан безатилди. Мақбаранинг ички қисмидаги безакларга яшил, қизил ва қора бўёқлар билан жило берилди. Изораларга юлдуз шаклида кўк нақшлар ишланиб, кошинли ҳошиялар билан ўралди. Мақбара даҳмасига ташқаридан махсус эшик орқали кирилади. Даҳма деворлари хилма-хил кошинлар билан безатилган бўлиб, даҳма ичига тош тобут қўйилган.
Самарқандда машҳур Бибихоним масжиди жомеъси ҳам бор. Бу масжидни амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтиб келгач, 1399—1404 йиллар мобайнида ўзининг улуғ бекаси Сарой Мулк хонимга атаб қурдирган. Бинобарин, бу «Бибихоним» масжиди жомеъйи номи билан машҳур бўлган. Масжиди жомеъ Ўрта Осиёдаги обидаларнинг энг йириги саналади. Унинг ҳовлисининг саҳни 63,8X76,0 метр бўлиб, атрофи равоқ ва пештоқлар билан ўралган. Масжиднинг умумий саҳни эса 167x109 метрдир.
Давр ўтиши мобайнпда Бибихоним масжиди зилзилалар таъсирида анча футурдан кетиб, вайронага айланди. Ҳозирги кунда Бибихоним масжиди бир-бири билан боғланмаган олти бўлакдан иборат бўлиб, ҳовлининг юқори қисмида меҳробли баланд пештоқли бино, пойгакда масжиднинг иккига ажралган пештоқи ҳамда шимоли-ғарб қисмида якка ҳолда сақланиб қолган минора. Ўз даврида мазкур бўлаклар уч қатор оқ мармар устунли, енгил равоқли пешайвонлар билан бир-бирига бирлаштирилиб, уларнинг устида 400 та гумбазчалар бўлган. Устунларнинг жами 480 та бўлиб, оралиғи — 3,5 метр, остки қисми махсус тагкурсили, ўрта қисми ўйма нақшкор, юқори қисми рангли кошинлар билан қубба шаклида ишланган. Ҳовли ўртасига мармар тошдан улкан лавҳ — Қуръон қўйиб ўқиладиган махсус курси қўйилган. У авваллари асосий бино ичида бўлиб, 1875 йилда гумбазнинг қулаш хавфи туғилганда ҳовли ўртасига чиқариб қўйилди. Мазкур лавҳ Улуғбек Мирзо кўрагоннинг фармони билан ясалган. Лавҳга «Султони аъзам, олий ҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ҳанафия мазҳабининг посбони, аслзода султон ибн Султон амир ал-мўминин Улуғбек кўрагон» деб ёзилган.
Бибихоним масжидига кираверишдаги катта пештоқнинг устки қисми 1897 йилги зилзилада қулаб тушган. Пештоқнинг ички қисмида кичикроқ иккинчи равоқ ва унинг ўйма мармар ҳошияли дарвозаси ҳам бўлган. Дарвоза устига ўрнатилган лавҳада масжиднинг қурилган йили ва амир Темурнинг шажараси битилган. Масжиднинг «ҳафт жўш»—етти хил металл қотишмасидан ясалган қўш табақали дарвозаси бўлган. Бу дарвоза кейинчалик йўқолиб кетган.
Бибихоним масжиди айни даврда вайрона ҳолда бўлса-да, серҳашам безакларнинг ўта нафислиги киши диққатини ўзига жалб этади. Ранг-баранг шакл ва нақшлар ўша давр усталарининг нозик дид ва юксак маҳоратидан далолат бериб туради.
1405 йил 18 февралда соҳибқирон амир Темур Ўтрорда вафот қилгач, Самарқанд тахтига унинг набираси Халил Султон Мирзо (1384—1411) ўтирди. Ибн Арабшоҳнинг берган маълумотига кўра, Халил Султон Мирзонинг хотини Шод Мулк бегим 1408 йилда Сарой Мулк хонимни заҳарлаб ўлдирган. Сарой Мулк хонимнинг жасадини ўзи қурдирган мадрасаси ёнидаги мақбарага «тош тобут»га солиб, мўмиёланиб дафн қилинган. 1941 йил июн ойида Гўри Амир мақбарасида абадий уйқуга кетган амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Муҳаммад Султон Мирзо ва Улуғбек Мирзоларнинг қабрлари очиб текширилади. Сарой Мулк хоним қабри ҳам очилиб, жасадни текшириш мақсадида Тошкентга олиб келишган. Кейинчалик яна Самарқандга олиб бориб қўйилган.
Соҳибқирон Амир Темур Сарой Мулк хонимдан фарзанд кўрмаган. Аммо соҳибқирон ўз ўғли Шоҳруҳ Мирзони, суюкли иабиралари Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо,
Шу аснода Сарой Мулк хонимнинг ишораси билан меҳмонхонага қози ва имом кириб келади ва барча толиби илмлар гувоҳлигида канизларидан бирини толиби илмга никоҳлаб қўядилар...
Афсуски, Сарой Мулк хоним мадрасаси узоқ турмади. Ривоятларга кўра XVI аср охирида Бухоро амири Абдуллахоннинг темурийларга хусумати туфайли, махсус фармон билан мадрасани буздириб ташлади. Фақат мадраса ёнига қурилган мақбарагина сақланиб қолган. Мақбаранинг олд томони ранг-баранг кошинлар билан безатилди. Мақбаранинг ички қисмидаги безакларга яшил, қизил ва қора бўёқлар билан жило берилди. Изораларга юлдуз шаклида кўк нақшлар ишланиб, кошинли ҳошиялар билан ўралди. Мақбара даҳмасига ташқаридан махсус эшик орқали кирилади. Даҳма деворлари хилма-хил кошинлар билан безатилган бўлиб, даҳма ичига тош тобут қўйилган.
Самарқандда машҳур Бибихоним масжиди жомеъси ҳам бор. Бу масжидни амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтиб келгач, 1399—1404 йиллар мобайнида ўзининг улуғ бекаси Сарой Мулк хонимга атаб қурдирган. Бинобарин, бу «Бибихоним» масжиди жомеъйи номи билан машҳур бўлган. Масжиди жомеъ Ўрта Осиёдаги обидаларнинг энг йириги саналади. Унинг ҳовлисининг саҳни 63,8X76,0 метр бўлиб, атрофи равоқ ва пештоқлар билан ўралган. Масжиднинг умумий саҳни эса 167x109 метрдир.
Давр ўтиши мобайнпда Бибихоним масжиди зилзилалар таъсирида анча футурдан кетиб, вайронага айланди. Ҳозирги кунда Бибихоним масжиди бир-бири билан боғланмаган олти бўлакдан иборат бўлиб, ҳовлининг юқори қисмида меҳробли баланд пештоқли бино, пойгакда масжиднинг иккига ажралган пештоқи ҳамда шимоли-ғарб қисмида якка ҳолда сақланиб қолган минора. Ўз даврида мазкур бўлаклар уч қатор оқ мармар устунли, енгил равоқли пешайвонлар билан бир-бирига бирлаштирилиб, уларнинг устида 400 та гумбазчалар бўлган. Устунларнинг жами 480 та бўлиб, оралиғи — 3,5 метр, остки қисми махсус тагкурсили, ўрта қисми ўйма нақшкор, юқори қисми рангли кошинлар билан қубба шаклида ишланган. Ҳовли ўртасига мармар тошдан улкан лавҳ — Қуръон қўйиб ўқиладиган махсус курси қўйилган. У авваллари асосий бино ичида бўлиб, 1875 йилда гумбазнинг қулаш хавфи туғилганда ҳовли ўртасига чиқариб қўйилди. Мазкур лавҳ Улуғбек Мирзо кўрагоннинг фармони билан ясалган. Лавҳга «Султони аъзам, олий ҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ҳанафия мазҳабининг посбони, аслзода султон ибн Султон амир ал-мўминин Улуғбек кўрагон» деб ёзилган.
Бибихоним масжидига кираверишдаги катта пештоқнинг устки қисми 1897 йилги зилзилада қулаб тушган. Пештоқнинг ички қисмида кичикроқ иккинчи равоқ ва унинг ўйма мармар ҳошияли дарвозаси ҳам бўлган. Дарвоза устига ўрнатилган лавҳада масжиднинг қурилган йили ва амир Темурнинг шажараси битилган. Масжиднинг «ҳафт жўш»—етти хил металл қотишмасидан ясалган қўш табақали дарвозаси бўлган. Бу дарвоза кейинчалик йўқолиб кетган.
Бибихоним масжиди айни даврда вайрона ҳолда бўлса-да, серҳашам безакларнинг ўта нафислиги киши диққатини ўзига жалб этади. Ранг-баранг шакл ва нақшлар ўша давр усталарининг нозик дид ва юксак маҳоратидан далолат бериб туради.
1405 йил !8 февралда соҳибқирон амир Темур Ўтрорда вафот қилгач, Самарқанд тахтига унинг набираси Халил Султон Мирзо (1384—1411) ўтирди. Ибн Арабшоҳнинг берган маълумотига кўра, Халил Султон Мирзонинг хотини Шод Мулк бегим 1408 йилда Сарой Мулк хонимни заҳарлаб ўлдирган. Сарой Мулк хонимнинг жасадини ўзи қурдирган мадрасаси ёнидаги мақбарага «тош тобут»га солиб, мўмиёланиб дафн қилинган. 1941 йил июн ойида Гўри Амир мақбарасида абадий уйқуга кетган амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Муҳаммад Султон Мирзо ва Улуғбек Мирзоларнинг қабрлари очиб текширилади. Сарой Мулк хоним қабри ҳам очилиб, жасадни текшириш мақсадида Тошкентга олиб келишган. Кейинчалик яна Самарқандга олиб бориб қўйилган.
Соҳибқирон Амир Темур Сарой Мулк хонимдан фарзанд кўрмаган. Аммо соҳибқирон ўз ўғли Шоҳруҳ Мирзони, суюкли набиралари Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзо ва бошқа мирзоларии бевосита зукко Сарой Мулк хоним тарбиясига топширган эди.

Турғун Файзиев

]]>
adhamiy@yahoo.com (Абу Муслим) Тарих саҳнасидаги аёллар Thu, 03 Mar 2011 14:11:02 +0000