Саналар
21.11.2017
Баннер
Мустабид совет тузумининг ўзбекистондаги қатағонлик сиёсати
PDF Босма E-mail



Совет тузумининг миллий раҳбар ходимларга
нисбатан қатағонлик сиёсати (20-30 йй.)

1918 йил апрел ойида РСФСР таркибида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси тузилди. Большевикларнинг мажбуран ён бериши билан ҳокимият органларида маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок қила бошладилар. 1919 йил сентябр ойида маҳаллий аҳолининг Советларга жалб қилинишига халақит берувчи, совет ҳокимиятининг ўлкадаги таянчи фақат рус ишчилари деб ҳисоблайдиган, маҳаллий аҳолига ишончсизлик билан қаровчи Туркистоннинг бир қатор раҳбарларига нисбатан чоралар кўрилди. Шу ўринда қайд қилиш лозимки, ўлкада мустамлакачилик сиёсатини олиб боришда Марказ ташкил қилган Турккомиссия ва РКП (б) МК Туркбюроси, кейинроқ унинг ўрнига ВКП (б) МК нинг Ўрта Осиё бюроси каби ташкилотлар катта хизмат кўрсатдилар.
Туркистондаги раҳбар ходимлар, хусусан Турор Рисқулов (Туркистон МИК раиси) бошчилигидаги миллий коммунистлар, Туркистон мустақиллиги ва унинг ўз тақдирини ўзи белгилашдек демократик тамойиллар учун кураш бошладилар. 1920 йилда ТКП Мусулмон бюросининг III-конференцияси ва ТКП нинг V-ўлка конференциясида Т. Рисқуловнинг турк халқлари коммунистик партияси тузиш ва Туркистон Республикасини Турк республикаси деб аташ ҳақидаги ғоялари кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бироқ бу ғояларнинг асл мақсади Туркистон мустақиллиги бўлганлиги боис, Марказ Т. Рисқулов ва унинг тарафдорларининг фикрларига қарши чиқди. Ўз навбатида Марказнинг Туркистондаги ҳукмронлигининг таянчи Турккомиссия бу ҳаракатни рад этди ва миллат фидойиларини қувғинга учратди.
Т. Рисқулов ўлкада улуғ давлатчилик шовинизми, буржуа миллатчилиги юзага келаётганлиги тўғрисидаги масалаларни кўтариб чиқдилар. Ф. Хўжаев партия ичидаги тоқат қилиб бўлмас ҳолатларни кўрсатиб ўтди. Ушбу ватанпарварларнинг чиқишлари, кейинчалик уларни жисмоний йўқ қилишда айблов учун асос бўлди.
Туркистоннинг социал — иқтисодий ривожланиши борасида билдирилган муқобил фикр муаллифлари миллатчиликда айбландилар. Айни шу дамларда Ўзбекистоннинг илғор, ҳурфикрли фарзандлари «иноғомовчилик», «18 лар гуруҳи», «қосимов-чилик» каби гуруҳбозликда ва давлатга қарши — миллатчиликда айланиб қатағон қилиндилар. 20-йилларнинг охирига келиб республикада мустабид тузум ўзини тўлиқ намоён этди. Сиёсий қатағонликлар авж олди.
1929 йилда машҳур жадидчи, маърифатпарвар Мунавварқори Абрурашидхонов бошлиқ «Миллий истиқлол» ташкилоти аъзоларини қамоққа олиш бошланди. Бу ташкилотнинг қамоққа олинган 85 аъзосидан 15 таси отилди, қолганлари ахлоқ тузатиш лагерларига жўнатилди. «Миллий иттиҳод» ташкилотининг аъзолари ҳам қатағон қилиндилар. Машҳур жамоат арбоблари Маннон Абдуллаев (Рамзи), Носир Саидов, Маҳмуд Мирходиев, Хосел Василов, Собир Қодиров ва бошқалар ўлим жазосига ҳукм қилиндилар, сўнгра бу ҳукм узоқ муддатли қамоқ жазосига алмаштирилди.
1930 йилда Давлат Банки маъмуриятида ўтказилган тозалаш вақтида қатор раҳбар ходимлар қамоққа олиндилар. Ўзбекистон ССР Суди раиси Саъдулла Қосимовнинг «қосимовчилик» деб номланган ишини кўриб чиқиш бошланди. Бу жараёнларнинг моҳияти кўзга кўринган сиёсий арбобларни тугатишга қаратилган эди.
30-йилларнинг боши диндор ва эътиқодли кишиларга нисбатан зўравонлик сиёсий қатағонликнинг чўққиси бўлди. Жуда катта миқдордаги ислом, христиан, будда динига тааллуқли асарлар йўқ қилинди. Бу даврда Ўзбекистондаги диндорлар, уламоларнинг асосий қисми қамоқ лагерларига жўнатилди. Ўтмишда нафақат диний русумлар адо этадиган, балки маданият, фан, тарбия, санъат марказлари, халқнинг кўп асрлик меросини сақловчиси бўлган мачит ва мадрасаларнинг деярли барчаси ёпиб қўйилди, айримлари бузиб ташланди.
Бутун республиканинг ҳаёти Марказнинг қаттиқ назорати остига ўтди. Партия директиваларидан ҳар қандай чекиниш аксилинқилобий, сиёсий мухолифат деб баҳоланди.
1937 йилдан «антисовет», «халқ душманлари»ни қидириб топиш ва жазолаш кенг тус олди. Хусусан, сиёсий бошқарув органларининг (ОГПУ) фаолияти асосан ана шундай «тамға» олган шахсларни қидириш ва текшириш билан боғлиқ бўлди. Масалан, Ф. Хўжаев, А. Икромов, Д. Манжара, А. Каримов каби партия ва давлат раҳбарлари ҳибсга олиндилар ва отиб ташландилар.
Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ Комиссарлигининг «учликлари» олиб борган фаолияти оқибатида 1939-1953 йиллар мобайнида 61799 киши қамоққа олинган, улардан 56112 нафари турли йилларга қамоқ жазосига, қолганлари отишга ҳукм қилинган. Кейинроқ уларнинг кўпчилиги оқланди, минг афсуслар бўлсинки, уларнинг аксарияти бу адолатга ўлимидан сўнг сазовор бўлдилар.

1930-50-йилларда зиёлиларнинг таъқиб қилиниши

Миллий адабиёт ва санъатнинг аҳволи қийин ва номутаносиб ҳолатда эди. Шахсга сиғинишнинг рутубатли иқлимига қарамай ижодий ҳаёт сўнмади, ёзувчилар ва адабиётшунослар қатори кенгайди. 1934 йил мартда Тошкентда Ўзбекистон ёзувчиларининг съезди бўлди ва унда Республика Ёзувчилар уюшмаси ташкил қилинди.
Ўзбек ёзувчиларининг номлари жаҳонга кенг ёйила бошлади. ўафур ўулом, Ойбек, ўайратий, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Ойдин Собирова, Усмон Носир, Комил Яшин ва бошқаларнинг асарларида халқнинг ижтимоий ҳаёти ва анъаналари, меҳнат қаҳрамонлари, шижоати каби хусусиятлар ўз бадиий ифодасини топган.
Лекин 30-йилларда кучайган маъмурий буйруқбозлик тизими ва шахсга сиғиниш мафкураси ижод аҳлини, қолаверса республиканинг маданий ҳаётини бўға бошлади. Ижодни партиявийлик ва ягона мафкурага бўйсундирилиши ҳаётни бадиий тасвирида вулгар-социал кўринишларга кенг йўл очди. Партия томонидан янги ҳаётни куйлашга бўлган чақириқ ва мажбурий чеклашлар ижодий жараёнда тарихий ўтмишни бир томонлама тасвирлашга олиб келди.
Адабиётда борлиқни, мураккаб ижтимоий муаммоларни бўяб кўрсатиш, хато ва камчиликлар ҳақида сукут сақлаш зарурий шарт бўлиб қолди.
Миллий маданият 30-йилларда қаттиқ фожиага учради. Инсон ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилиниши кучайди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Шокир Сулаймон, Зиё Саид, Элбек, Боту, Аъзам Аюб, Усмон Носир, Қосим Сорокин каби миллатнинг етук зиёлилари қатағон қилинди ва халқимиз уларнинг асарларини ўқишдан узоқ вақт маҳрум бўлди.
40-йиллар охирларида фан ва маданият ходимларини қатағон қилишлар давом этди. ВКП (б) МКнинг 1946 йил «Звезда» ва «Ленинград» журналлари ҳақидаги қарорлари қатағонлар янги тўлқинининг ғоявий асоси бўлиб хизмат қилди. Шу пайтдан бошлаб адабиёт ва санъатда ижодий демократик ривожланиш узоқ йиллар давомида сунъий таъқиб қилинди, жойларда ҳурфикрлилик сиқувга олинди.
Марказнинг кўрсатмаларига асосланиб, республиканинг партия органлари ижодий зиёлиларга қарши кураш олиб бордилар. Уларнинг асарларидаги миллий ғоялар уларни айблаш учун фойдаланилди. Ёзувчи ва шоирларнинг асарларида ўрта аср ва инқилобгача бўлган даврдаги халқ тарихини, маданиятини бадиий тасвирлаш-ўтмишни қўмсаш, идеаллаштириш деб айбланди ва уларга «миллатчи» деган тамғалар ёпиштирилди. Шу қабилда Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзода ва бошқа ўзбек ёзувчилари қораланди.
1951 йил августда республика матбуотида «қатор шоир ва ёзувчиларнинг ижодида мафкуравий оғишлар» мавзусида мақола чоп этилди. Унда Туроб Тўла, Камтар Отабоев, Миртемир, Собир Абдулла, Ҳабибий каби ижодкорлар миллатчиликда ва пантуркчиликда айбланиб, танқид қилиндилар. Шунингдек, Ойбек, Х. Зарифов, Х. Ёқубов, Саид Аҳмад, И. Султонов ва бошқалар «ўзбек совет адабиёти вазифаларидан четда туриш»да ва «жиддий ғоявий хатоликлар»га йўл қўйганликда айбландилар.
1951 йилда Мақсуд Шайхзода, Шукрулло Юсупов, ўулом Алимов ва бошқа бир қатор ижодкорлар «антисовет миллатчилик фаолияти» да айбланиб қамоққа олиндилар ва 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Шу йиллари жамиятшунос олимлардан бир гуруҳи, чунончи, файласуф В. Зоҳидов, иқтисодчи А. Аминовлар пантуркизмни ташвиқот қилишда ва буржуа-миллатчиликда айбланиб, таъқиб қилинди.
Қатағон қилинган санъат, фан ва маданият арбоблари мустабид тузум даврида ҳақ-ҳуқуқсизлик қурбони бўлдилар.
Адолат бир қадар қарор топиб, шахсга сиғиниш ва унинг оқибатларини тузатиш учун олиб борилган курашлардан кейин асоссиз қатағон қилинган маданият ва фан арбоблари оқландилар.

Қатағонликнинг янги тўлқинлари

80-йилларнинг ўрталарига келиб қатағонлик ва қонундан чекинишлар яна бўй кўрсата бошлади. Галдаги қатағонлик тўлқинига нафақат ижод аҳли, балки хўжалик ходимлари ва давлат арбоблари ҳам тортилди.
Ўзбекистоннинг миллий зиёлилари ҳеч қачон, ҳаттоки мустабид тузумнинг «гуллаб-яшнаган» даврида ҳам ўзбек халқининг миллий мустақиллиги ғояларидан воз кечмадилар. Очиқ кураш имкони бўлмаганда ҳам миллий мустақилликни қўлга киритиш учун зимдан кураш олиб бордилар.
Ўзбекистонда қонунчилик ва ҳуқуқий тартибларни тиклаш, партия давлат органларини кадрлар билан мустаҳкамлаш деган ниқоблар билан Марказдан катта ваколатга эга бўлган масъул ходимларнинг «десант» гуруҳлари кела бошлади. Уларга партия, совет ва суд органларидан муҳим аҳамиятга эга бўлган лавозимлар берилди. Уйдирма, тўқиб чиқарилган «пахта иши» ва «ўзбеклар иши» деб ишларга сиёсий тус берилди. Оқибатда гўёки бутун Ўзбекистон жиноятчилар маконига айланиб қолгандек тасаввур уйғотишга ҳаракат қилинди. Иттифоқнинг Гдлян ва Иванов бошлиқ эмиссарлар гуруҳи республикадаги турли соҳаларда ишлаётган бир неча минглаб раҳбар ходимларни тергов жараёнига тортдилар.
Уларга порахўрлик, кўзбўямачилик ва жиноятчиликнинг бошқа кўринишларидаги айбномалар қўйилди. Маҳбусларни «ўз айбига иқрор қилиш» учун жисмоний зўравонликлар, руҳий азоблар қўлланилди. Ўзбекистон Компартияси МК нинг собиқ биринчи котиби Ш.Р. Рашидов номига ҳам ноҳақ туҳматлар қилинди, ўзбек халқининг миллий ғурури топталди. Бунда Ўзбекистон ССРнинг ўша даврдаги қўғирчоқ раҳбарларининг машъум ҳиссаси бўлди.
Оммавий қамоққа олишлар авж олди, қийноқларга кўплаб ҳалол, соф виждонли кишилар ҳам тортилди. Қўшиб ёзишлар, кўзбўямачилик ва порахўрлик каби иллатлар социалистик жамиятда табиий ҳолат бўлиб, ўша пайтдаги барча республикаларда мавжуд ҳодиса эди. Ўзбекистонга нисбатан «пахта иши» олдиндан, махсус тайёрланган узоқни мўлжаллаб ташкил қилинган сиёсий фитнадан бошқа ҳеч нарса эмасди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг «пахта иши» қайта кўриб чиқилди ва минглаб бегуноҳ кишилар оқландилар. Ўз навбатида Ўзбекистоннинг моҳир, таниқли давлат ва жамоат арбоби Ш.Р. Рашидовнинг пок номи тикланди. Шунингдек, меҳнаткаш ўзбек халқининг юзи ёруғ эканлиги асосланди.
Ўзбекистон Президенти И.А. Каримовнинг ташаббуси билан 2000 йил 12 майда Тошкент шаҳрида Юнусобод мавзесида мустабид совет режими даврида қатағон қилинган шаҳидлар хотирасига бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик мажмуининг очилиши бугунги миннатдор авлоднинг аждодларимиз олдидаги чуқур эҳтироми рамзидир.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин