Саналар
28.03.2024
Баннер
Тошкентнинг босиб олиниши
PDF Босма E-mail

Генерал Черняев бу шаҳарни эгаллаш учун тайёргарлик ишларини кўриб озиқ-овқат, қурол-аслаҳа ва бошқа нарсаларни Тошкентта олиб боришни уюштириш вазифасини Алимқули томонидан ўлдирилган Бойқозоқбойнинг ўғли Оқмуллага топширди. Қўқон қўшинлари артиллерияси ҳам анча яхши уюштирилган булиб, унинг тўпларини узоққа отилиши ва нишонга тегиши мақтовга сазовор бўлган. Шунинг учун ҳам генерал Черняев қандай бўлмасин, тезроқ Қўқон хонлигига зарба берилмаса, кейин енгиш оғирлашишини рус ҳукуматининг тегишли вакилларига маълум қилди. Генерал Черняев Чимкентда тайёргарлик кўриб, 1864 йилнинг сентябрида Тошкентни эгаллаш мақсадида йўлга чиқди. Бу вақтда Тошкент мудофааси меҳнаткаш омманинг умумий ҳаракатига айланиб, шаҳар атрофидаги деворларда аскарлар ва халқ кўнгиллари жойлашган эди. Шаҳар аҳолиси она юртини ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи ҳисоблаб, мудофаачиларга тинмай ғамхўрлик қилганлар. «Шаҳар ғариблари, фуқаролари ва қариялари, — деб гувоҳлик беради Солиҳ Тошкандий — ибодату номоздан кўра қўлидан келганича ёрдам бериш афзалроқ ва савоб, деб аскарларга, ғозиларга сув, озиқ-овқат ташиб турдилар». Рус аскарлари 1865 йил 1 октябрида Юнус-Обод томонидан шаҳарга яқинлашиб уни тўплардан ўққа тутди. Рус аскарларидан бир гуруҳи шаҳар қалъасининг атрофида қазилган зовурлар ичига тушиб олдилар. Буларга қўшилиш учун бир гуруҳ рус аскарлари чопиб келаётганда уларга қарши тўп отилади. Натижада, душман отрядлари орқага чекинди. Шундан кейин шаҳар мудофаачиларидан бир қисми зовурга душман устига шиддатли ҳужум қилиб, рус аскарларидан 72 кишини ўлдирдилар. Шу равишда тошкентликлар ғалаба қозондилар. Генерал Черняев урушни тўхтатишга ва Чимкента қайтишга мажбур бўлган. Шундан кейин Алимқул қўшин билан Тошкентга келиб, бўлажак урушга тайергарлик ишларини амалга ошириб, сўнгра Қўқонга қайтади. Хон кўрсатмасига кўра, Тошкент хокими номидан Ҳофизкўҳаки маҳаллалик Муҳаммад Саид номли савдогарни тинчлик сулҳи тузиш мақсадида элчи сифатида генерал Черняев ҳузурига юборилди. Бироқ генерал Черняев сулҳ тузишдан бош тортади ва элчи Тошкентга қайтиб келади. Бу ерда элчи генерал Черняев Бухоро хони Музаффархон билан гуё иттифоқ тузилганлиги ҳақида гапириб шаҳардаги айрим кишиларни ваҳимага солиб қуйган. Тошкентда урушга тайёргарлик кундалик ҳаётнинг биринчи вазифаси ҳисобланган. Бу ерда лашкарбоши Алимқул бошчилигида Туркистонни рус қўшинларидан озод қилиш учун тайергарлик кўрилгандан сунг, аскарлар Шайхонтоҳурдан ўтиб Сағбон кўчаси орқали Сағбон дарвозасидан «Сароғоч» йулига чиқдилар. Бу юриш 1864 йил ноябрь ойи охирида юз бериб, ҳаво жуда совуқ ва қор еғиб турган пайт эди. Аскарлар Туркистонга яқин жойга ўрнашган ва Рос-сия тобелигига ўтган «Иқон» деган қишлоғида рус отрядини тор-мор этдилар. Бу ердаги халқнинг русларга бўйсунганлиги учун Алимқул буйруғига биноан мол-мулки билан Тошкент томонга ҳайдаб олиб кетилди. Алимқул гарчанд ғалаба қозонган бўлса ҳам, Туркистонга қараб юрмай, «Иқон»дан Тошкентга қайтишга мажбур бўлади. Бунга хонлиқдаги ички зиддият ва қўшимча ҳарбий кучларни тўплаш сабаб бўлган, албатта. Алимқул Тошкентга келган пайтда Черняев томонидан юборилган жосус ушланади. Бу жосус Тошкентнинг амалдорларидан бири Абдураҳмонбек Шодмонбековнинг (асли Шаҳрисабзлик) Черняев номига ё зилган хати билан қўлга тушган. Бинобарин, Черняев маълум кишилар орқали Тошкент ҳақида зарур маълумотларни олиб турган. Абдураҳмонбек Тошкентдан қочишга улгуриб, Чимкентга Черняев ҳузурига боради.
Бу вақтда генерал Черняев Тошкентга қайта ҳужум қилиш тадбирларини тамомлаб, 1865 йил 28 апрелда Чирчиқ ёнидаги «Ниёзбек» қалъасини жанг билан эгаллади. Юқорида қайд қилинган Абдураҳмонбекнинг маслаҳати бўйича, шаҳарни сув билан таъминлайдиган «Кайковус» ариғи тўғонини бузиб уни Чирчиқ дарёсига буриб юборилади. Бу билан шаҳарни сувдан маҳрум этиб, уни таслим этиш эди. Бироқ шаҳар халқи мудофаани мустаҳкамлаб жангга тайер турди. 1865 йилни май ойида Қўқон хони Султон Саид лашкарбоши Алимқул билан Тошкентга етиб келди. Бу ҳолат тошкентликларни руҳини кўтариб юборган. Бу тўғрида Солиҳ Тошкандий шундай ёзган: «Тошкент ҳокимлари, амалдор, сардор, уламо, фуқаро, шайхлар, ғариблар, гадолар, эркак-хотинлар аралаш шодликларидан истиқболларига чиқиб, кутиб олдилар».
Алимқул шаҳар саройида йиғин ўтказиб, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва қўшин бошлиқларига қарата нутқ сўзлади. Бу йиғинда қатнашган Алимқул «Катта-кичик, бой камбағал фуқародан ёрдам сўраб бу тўгрида Тошкент аҳлининг фуқароларини кўрсатган ғайрат, шижоат ва қаҳрамонликларини айтиб, уларга ўз миннатдорчилигини ва хурсандчилигини изҳор қилиб бир томчи қони қолгунча душманга қарши курашишга даъват этди». Алимқул Бухоро амир Музаффархонни қоралаб рус қўшинларига қарши кураш ишига катта путур етказаетганлигини ҳам гапирган.
Тошкентда хонликнинг Андижон, Қўқон, Наманган, Марғилон ва бошқа жойларидан келган қўшинлар Алимқул бошчилигида шаҳар мудофаа линиясини эгалладилар. Сиддиқ Тўра бошлиқ Қўқон қўшинининг разведка бўлими душманнинг отлиқ ва пиёда отряди бир тўп билан Шуратепадан чиқиб, «Олтин тепа» орқали Салор суви бўйлаб келаётганлиги ҳақида Алимқулга хабар келтирган. Шундан кейин Алимқул ўз қўшинларини маълум қисми билан кўрсатилган томонга жўнади. Душман қўшинлари Салор сувидан утиб Қўқон қўшинларига қарата тўплардан ўқ уздилар, натижада икки томон ўртасида қаттиқ жанг бошланиб қўқонликлар ҳужумга ўтдилар. Бунда Алимқулнинг шахсан ўзи қатнашиб жангга раҳбарлик қилган.
Рус отряди ҳужумга бардош бера олмай, Шўртепага чекинишган. Бу ғалаба шаҳарда катта шод-хуррамлик билан қарши олиниб карнай-сурнай садолари янграган. «Шаҳар халқи 7 ешдан 70 ёшгача эркак-хотин, ёш-қари хизмат камарини белларига боғлаб пишган таомларни бошларига кўтариб, қатиқ, сут, шарбат, иссиқ нонлар, ширин меваларни саватга солиб аскарлар турган жойларга олиб келиб илтижо, тавалло ва дил-дорлик қилишиб кўзларидан ҳасрат ешларини оқизиб, юқоридаги масала бўйича ўз фикрини билдирган. У Султон Саидхонни Бухорога кетишига қарши чиқиб, ҳар бир ҳукмдор уз бурчини бажармаса, у вақтда фуқаролар душман қулига асир булиб қолиши мумкинлигини бабн этган. Бу фикрга бошқа кишилар ҳам қушилиб, «биз ёрдам сўраб ҳар томонга мурожаат қилдик. Эндиликда ёрдамни хоҳ берсинлар, хоҳ бермасинлар бари бир урушни давом эттирамиз деб аҳд қилдилар. Тошкентликлар Султон Саидхонга шундай дедиларким шаҳар халқи бутун уруш ҳаракатларини уз зиммасига олиб нимайки зарур булса, ҳаммасини етказиб берадилар». Куриниб турибдики, тошкентликлар қандай булмасин, шаҳарни душмандан ҳимоя қилишга қаттиқ бел боғлаган эдилар.
Кунларнинг бирида рус қушинлари шаҳар қалъасини тупга тутиб ҳужум қила бошлаган вақтда уларга қарши усталик билан тўплардан шундай жавоб уқи отилдики, натижада душман орқага чекинишга мажбур булган. Шундан сўнг Султон Саидхонни Бухорога юриши ҳақидаги масала яна кутарилиб, пировардида уни жунатиш ва Бухородан ердам олишга қарор қилинди. Афтидан Султон Саидхонни узи ҳам Бухорога бориш истагида бўлган. Шунинг учун у 500 кишилик аскар ва бир тўп билан шаҳардан чиқиб кетди. Шундай қилиб, Қуқон амалдорлари ва аскарлари урушни охиригача етказмасдан шаҳар мудофаасини уз хоҳишларига ташлаб кетган эдилар. Шунга қарамай шаҳар аҳолиси душманга қарши курашни давом эттирди. 1865 йил 14 июнида рус аскарлари эрта саҳарда шаҳар қалъасини тўплардан ўққа тутди. Натижада улар Камалак дарвозаси орқали шаҳар ичига ёриб кириб, мудофаачиларнинг отрядлари билан тўқнашдилар. Бундай тўқнашувлар Шайхонтоҳур, Бешёғоч, Қашқар маҳаллаларида ва бошқа жойларда бўлган эди. Ҳатто, айрим жойларда душманга қарши баррикадалар ҳам қурилди. Масалан, Анҳор кўпригининг ғарб томони аравалар билан тўсилиб мустаҳкамланди. Айни бир вақтда Анҳор енидаги дўконлар ичига мудофаачилар кириб олиб деворлар тешигидан душманга ўқ уздилар. Бир ярим соатлик оғир жангдан сўнг рус аскарлари чекиниб, Шайх Шибли ариғи орқали қалъа деворининг шимол томонига ўрнашди. Улар чекинаётганида Урдадаги дўконларга ўт қўйиб қочганлар. «Чуқур кўприкда» ҳамма кўчаларни ҳам оғзи бекитилиб рус отрядига қарши кучлар қўйилган. Айрим рус отрядлари мачитлар ичига кириб олиб урушганлар. Бироқ улар ўраб олиниб тор-мор этилган. Шайх Шибли ариғи орқали чекинган рус отряди яна Урдага бостириб киришга ҳаракат қилди. Буларга қарши Қиёт маҳалласининг аҳолиси Абдураҳим ясовулбоши бошчилигида деворларнинг орқасига ва пастқам жойларга ўрнашиб мудофаа линиясини эгалладилар. Булар орасида Мирюсуп боғбон ўғли, Умархон Тўрахон ўғли, Мирсодиқ Миршоди ўғли, Нормуҳаммад ва Мулламир сингари мерганлар, Муллажон Мусомуҳаммад Али бобо подачининг ўғли ва бошқа мард йигитлар бор эди. Халқ кўнгиллилари шаҳар мудофаасининг асосий кучини ташкил этган эди. Абдураҳмон ясовулбоши бошчилигидаги кўнгиллилар отряди ёмғир ёғишига қарамай, кун бўйи душман ҳужумини қайтариб турдилар. Охири рус отряди шаҳар четига чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бундан кейин ҳам Қиёт маҳалласининг кўнгиллилари Анҳорга қайта келган рус отряди билан қаттиқ жанг қилган. Бу вақтларда шаҳар аҳолисининг аҳволи оғирлашиб сувсизлик ва ташналикдан азоб чекмоқда эди. Тошкентликлар аҳвол оғирлигига қарамай, шаҳарни қўлдан бермасликка қаттиқ ҳаракат қилдилар. Бироқ рус отряди айрим хоин кишилар орқали шаҳардаги ўқ-дори омборини топиб уни портлатишга муваффақ бўддилар. Бу шаҳар мудофаа тақдирини ҳал қилган омиллардан бири ҳисобланади. Сувсизлик, йўқчилик ва ўқ-дорилар етишмаслиги пировардида шаҳар халқининг тинкасини қуритди. Натижада 1865 йил 17 июнда тошкентликлар душман ҳужумига бардош бера олмай, таслим бўлишга мажбур бўлдилар. Генерал Черняев Шайҳон-тоҳур, Бешеғоч ва бошқа аҳоли гавжум яшайдиган жойларга тўпларни ўрнатиб дарҳол тинчлик сулҳи тузилмаса, шаҳарни ендириб ва бузиб ташлаш ҳақида эълон тарқатди. Шундан кейин генерал Черняев Ҳакимхўжа қозикалон, Абулқосимжон эшон, Домулла Солиҳбек, Охун дадҳо ва бошқа шаҳар катталари билан махсус мажлис ўтказди. Бунда савдогарлар ва сардорлар ҳам қатнашган эди. Музокара натижасида тинчлик сулҳи тузилиб ҳар икки томон аҳдномага имзо чекди. Аҳднома шаҳар халқининг ўз динида ва барча ишлар шариат асосида олиб борилиши кўрсатилган. Закот ва хирожлар ҳам шариат бўйича ҳар йилда эмас, балки ҳар ойда олиниши лозим эди. Шунингдек, ҳовли, боғ ва майдонлар аввалгидек ўз эгалари қўлида қолдирилди. Аҳолидан йиллик солиқ олиниши таъқиқланди. Чакалак, ўтлоқ ва қамишзорлардан солиқларни мутлақо олмаслик аҳдномада кўрсатилган эди. Шунингдек, ерли халқдан рус қушинига одамларни жалб қилмасликка келишилди. Аҳдномага ҳар бир тўрт даҳанинг муҳри босилди. Сўнгра генерал Черняев шаҳар катталарига духоба ва зар ёқали чакмонлар кийдирди. Шу равишда Тошкентнинг рус давлатига таслим бўлиши ҳақидаги ҳужжат расмий равишда қабул қилинди. Аҳднома тузилгандан кейин генерал Черняев шаҳар катталарини ўз томонига жалб этиш ва уларга таяниш мақсадида Ҳакимхўжа қозикалон уйига бориб унга қимматли совғалар ва олтин медаль берди. Сўнгра генерал Черняев Регистон растасига бориб камбағал ва гадолар орасига тангалар сочди. Урушда яраланган кишиларга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Генерал Черняев шаҳар мудофаасида қатнашган кишиларни жазоламай, уларни қўйиб юборди. У мадрасаларга бориб ўқишларни давом эттиришни таклиф этди. Уруш вақтида бузилган уй-ҳовлиларни ва дўконларни тиклаш учун генерал Черняев томонидан маблағ ажратилди.
Шубҳасиз, генерал Черняев ўз таъсирини ўрнатиш мақсадида кўрсатилган тадбирларни амалга оширган. Шуни айтиб ўтиш лозимки, генерал Черняев юқори раҳбар доиралари рухсатисиз, ўзбошимчалик билан Тошкешта юриш қилиб, уни эгаллади. Бу ғалаба Петербургда зўр мамнуниятлик билан қабул қилинган бўлса-да, лекин давлат ишларида қилинган ўзбошимчалик айрим йирик ҳукумат вакиллари норозилигининг келиб чиқишига сабаб бўлган. Бунинг устига Тошкентнинг босиб олиниши халқаро матбуотда катта шовқин-сурон кўтарилишига олиб келган. Шунинг учун ҳам генерал Черняев уз ҳаракатини оқлаш мақсадида гўё Тошкент ихтиёрий равишда рус қўшинларига бўйсунганлиги ҳақида ҳужжат уюштиришга киришди. У шаҳар катталарини тўплаб аҳоли номидан қуйидаги мазмунда хат тайёрлашни буюрди: «Неча замонлар ва йиллардан бери Туркистонда Фарғона хонлари ҳукмронлик қилиб фуқароларга кўп жабр-зулм ўтказган... Улар закот хирожларни шариат асосида олмасдан ортиқча олганлар ва ҳеч қачон марҳамат қилмаганлар.
Қадимги урф-одат, таомилдан воз кечиб, кўп йиллар мансаб учун катта кишиларни ўлдириб фитначи ва иғвогарлар сўзига амал қилганлар. Ўртада ноҳақ қонлар тўкилиб, улар шариатга ва уламолар сўзларига амал қилишдан бош тортдилар. Фарғона ва Туркистон заминида кўп вақтлар ва кўпинча қипчоқ, қозоқ ва қирғиз авбошлари ва бебошлари ҳукмронлик қилиб келдилар. Шунинг учун фуқаро ва мамлакат тинчлиги учун тамоми ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус аскарларини олиб келиб уларга шаҳарни топширдик». Кўриниб турибдики, тошкентликлар бўлиб ўтган ҳамма жанг ва воқеаларни инкор қилиб ихтиерий равишда рус аскарларига бўйсунганликларини тан олишлари лозим эди. Курсатилган хатнинг мазмуни баен этилгандан кейин шаҳар катталари ҳайрон бўлиб турган пайтда домла Солиҳбек охун додҳо шундай жавоб қилган: «Бизлар воқеа ва ҳодисаларни бекитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмачитгача ва бу ердан Ғулжагача булган шаҳар ва қалъалар Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан, муҳлатсиз ва сувсиз олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг 12 числосигача, яъни 42 кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдирилди. Мулла Алимқул лашкарбоши шаҳид бўлгандан кейин сардорсиз қолди. Бухоро, Хоразм ва фарғоналиклар ёрдам бермадилар. Тошкент фуқароси ватанлари ва дин учун қаттиқ туриб, уруш-талашни давом эттириб сешанба куни ярим кеча ўтгандан кеиин саҳарга яқин рус аскарлари хиёбон дарвозаси ва қалъанинт девори устидан фуқаро уйқудалиги чоқда кирди. Шундан кейин яна урушга киришиб пайшанба кунигача кечаю-кундуз урушиб турдилар. Бу ўртада кўп иморатлар, дўконлар ва уй-жойларга ўт тушиб оч, ташна, сувсиз яккама-якка урушиб бўлиб охирида ярашиш сулҳи тузилди». Бу ҳақиқий ахволни акс эттирувчи жавоб генерал Черняевни ғазабга келтирди. У домла мулла Солиҳ охун додҳо сўзига қўшилувчи кишиларни бир тарафга ўтишларини буюрди. Шундан кейин шаҳар катталаридан олти киши жумладан, Халим-бой, Бердибой, Азимбой, Фозилбачча, Мулла Мирзаъалам охун, Мулла Музаффархўжа ва Мулла Файзилар домла Солиҳбек охун додҳонинг сўзини қувватлаб кўрсатилган томонга ўтдилар. Бу кишилар ва Солиҳбек охун додҳо дарҳол рус аскарлари томонидан ўраб олиниб қамоққа жўнатидди. Бу ҳолат тўпланган шаҳар катталарига таъсир этган булса керак, улар генерал Черняевнинг айтган аҳдномасига у курсатган мазмунда тайёрлаб беришни зиммаларига олдилар. Чунончи, Ҳакимхужа қозикалон аҳдномани безаш ва тузишни Абдусаттор Қорабоши ўғлига топширди. Аҳднома тайёрланганидан сўнг унга шаҳар катталари ва савдогарлари қўл қўйиб ва муҳр босиб генерал Черняевга топширилди. Генерал Черняев Солиҳ охун додҳо ва унинг хамроҳларини Томскига сургун қилди.
Генерал Черняев аҳдномани Абдусаид ва Ҳодихужа номли савдогарларнинг қўлига бериб, Петербургга, подшоҳга олиб бориб беришни буюрган. Рус ҳукумати бу аҳдномани босқинчилик сиёсатини бўяш ва халқаро матбуотда шовқин-суровни бартараф қилиш мақсадида чет мамлакатларга тарқатади. Жумладан, Туркиядаги рус элчихонаси аҳднома нусхаларини кўпайтириб Истанбулдаги кўчаларга, бозорларга, дўконларга умуман кўзга ташланадиган жойларга етшштириб қўйилди. Шундай қилиб, генерал Черняев Тошкентга бостириб киргандан сўнг икки аҳдномани, яъни сулҳ шартлари ва ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатувчи ҳамда мустамлакачилик сиёсатига хос бўлган қалбаки ҳужжат тузишга эришди.
Генерал Черняев Тошкентда юқори табақа вакилларининг ихтиеридаги қулларни бўшатиш ҳақида фармон чиқарди. Натижада, бир вақтлар уруш пайтларида асирликка олинган ёки кўчманчилар томонидан келтириб сотилган турли миллатдаги унчалик кўп бўлмаган қуллар озод қилинди. Генерал Черняев маҳаллий яҳудийларни камситишга қаратилган айрим одатларни бекор қилди. Жумладан, яҳудийларнинг белларини ип билан боғлаб юриши ва белгиланган хилдаги телпакни кийишлари тўғрисидаги талаб бекор қилинди.
1866 йил август ойида Рус императорининг Тошкентни Рус давлати — тобелигига олганлиги ҳақидаги расмий фармонни эълон қилинди. 1867 йилда эса Сирдарё ва Семиреченск (Еттисув) областларини ўз ичига олган Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиб бу мансабга генерал К. П. Кауфман тайинланди. Тошкент Туркистон генерал-губернаторлигининг маркази бўлиб қолди.
Шу равишда Тошкент Рус давлати территориясини бир қисмига ва Чор ҳукуматининг Ўрта Осиёда тўлиқ ҳукмронлигини ўрнатилишида муҳим таянчга айлантирилди.

Ҳамид Зиёев


 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин