Саналар
24.11.2017
Баннер
Тошкент тарихидан лавҳалар (XIX-XX аср бошлари)
PDF Босма E-mail

Ўзбекистон ўзининг табиати, сўлим боғлари, бебаҳо гўзал диёри билан ажралиб туриб, қадимдан халқимиз ўз меҳнати билан катта боғлар яратишга ҳаракат қилишган. Жумладан, қадимий тарихга эга Тошкент ўз атрофидаги сўлим чорбоғлари билан ҳамиша машҳур бўлган. Шаҳарнинг ҳар бир даҳа аҳолиси чорбоғ яратиш учун деҳқончилик маданиятига катта эътибор бериб меҳнат қилганлар. Ана шундай чорбоғларга Себзор даҳасининг чорбоғлари Ҳасанбой, Кўктерак каби, Бешёғоч даҳасининг чорбоғлари эса Дўмбиробод каби манзилгоҳларда жойлашган.
Тошкент бозорлари географик жойлашувига кўра қадимдан йирик савдо маркази сифатида машҳур бўлгани учун унга бошқа мамлакатлардан кўпгина савдогарлар келиб турган. Масалан, 1813 йилги саёҳати вақтида Тошкентда бўлган рус сайёҳи Филипп Назаров уни “бозорларга турли мамлакатлардан карвонлар узлуксиз келиб-кетардиган йирик савдо маркази”, деб таърифлаган.
Х1Х асрда яшаган тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳ эса “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида шаҳарнинг асосий савдо маркази Регистонда жойлашганини кўрсатиб, қуйидаги фикрни баён этди: “Бозор расталари Чорсудаги қандолатпазлик дўконигача давом этади. Рамазон ойида бу ерда кечаси ҳам бозор бўлади, халқ савдо сотиқ, ҳар хил ўйин-кулги қилади”.
Чиндан ҳам, шаҳар бозори фақатгина савдо-сотиқ учун хизмат қилибгина қолмай, шаҳар халқи хордиқ чиқарадиган жой ҳам эди. Шаҳар ҳокимининг турли фармонлари масжидларда маълум қилинганидан ташқари, яна шу бозорда ҳам жарчилар томонидан эълон қилинарди. Бозор майдонида дорбозлик, кулги-ҳазил ва бошқа томошалар намойиш этиларди.
Рус тарихчиси В. Масальский Эски шаҳар бозорининг 1908-1910 йиллардаги кўринишини қуйидагича тасвирлайди. “Бир қисм типдан иборат бозорда 4500 та дўкон, чойхона, ошхона, устахона ва карвонсорой борки, улар бозор кунлари ниҳоятда тиқилинч бўлади. Бозорга туташган кўчалар ва бозорнинг ўзи шаҳарликлар, даладан келган деҳқонлар, туя карвонлар, отлиқлар, аравалар билан шу қадар тўлиб кетадики, юришга илож бўлмай қолади. Аллопу қанолатчи, баззозу сомсапаз, мисгару чилангар, новвою ҳалвофуруш, каллапазу кабобпазларнинг бақириқ-чақириғи, гадоларнинг хайру-садақа тилаши, қаландару маддоҳларнинг қироатли ўқишлари, туяларнинг бўкиришию, эшакларнинг ҳанграши аралаш-қуралаш бўлиб кетади-да, бу маҳобатли гулдирос бозордан олис-олисларга эшитилиб туради. Бошқа кунлари шаҳар кўчалари сокин бўлади. Айниқса дала кўчаларининг икки томондаги нураган пахса деворлар орқали шафтоли, ўрик, олма, гилос ва бошқа мевали дарахтларнинг анвойи ранг гуллари келинчаклардек мўралаб туради, офтобда қизиган, упадек майин, билқ-билқ тупроқли кўчалар ажабтовур бир сукунат оғушига чўмади. Аҳён-аҳёнда ғилдираклари осилиб турган ларзон шохларига тегай-тегай деб қўқон арава ё эшаги ҳам ўзи сингари оҳиста мудраб бораётган деҳқон, ёҳуд деворни паналаб келаётган паранжили аёл ўтиб қоладию, кейин кўча яна улуғвор ва шарқона сокинлик қўйнига чўмади...”
Ўрта Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида бўлгани каби Тошкентда ҳам ҳайит ва рўза кунлари бозоршаб (кечки бозор) ўтарди. Бозоршабда шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири ёки майдон безатилиб, кўчанинг икки четидаги чойхона ва дўконлар олдига чорпоялар қўйилиб, ҳар хил мева-чева, озиқ-овқат сотилган. Карнай, сурнай ва ноғоралар чалиниб, махсус жарчилар одамларни бзоршабга чорлаган. Бир томонда дорбозлик, масхарабозлик ва қўғирчоқбозлик, бир томонда кураш, бир ёнида ўргатилган ҳайвонлар томошаси... Чойхоналарда созанда, хонанда, аскиячи, қизиқчи, раққослар ўз санъатларини намойиш қилганлар. Бозоршаб турли шаҳарларда бўлгани каби Тошкентда ҳам маҳаллий урф-одат, расм-русмга қараб ўтказилган.
Эски шаҳар Янги шаҳардан қанчалик фарқ қилса, Туркистондаги бошқа шаҳарларнинг маҳаллий қисмига шунчалик ўхшаш эди. У 1908-1910 йилларда катта майдонни эгаллаган. 210000 дан зиёд ҳовли бўлган. Шаҳар марказида уйлар зич, кўчалар тор эди.
Деярли ҳамма маҳаллада бир нечтадан масжид бўлган, уларнинг минорасига ҳар йили лайлак уя қурарди.
Тошкент Ўрта Осиёдаги бошқа шаҳарлар ҳандақ ва девор билан ўраб олинган. Қўймас, Қўқон, Қашқар, Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешёғоч каби 12 та дарвозаси бўлган. Ҳар бир дарвозадан шаҳар марказига – бозорга элтувчи кўчалар жуда кўплаб жинкўчаларга тармоқланиб кетган.
Шаҳар Себзор, Кўкча, Бешёғоч ва Шайҳонтоҳур номли тўрт даҳага бўлинган. Шайҳонтоҳур даҳасида 48 та маҳалла, 60 та масжид, 3 та мадраса бўлиб, аҳолиси эгарчилик, дегрезчилик, тўқувчилик билан шуғулланган. Шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Себзор даҳаси 38 маҳалладан иборат бўлиб, афсонавий ҳукмрон Кайковус номи билан аталувчи ариқдан сув ичарди. Бу даҳада 3 та мадраса ва 78 та масжид бўлиб, аҳолиси асосан этикдўзлик, тўқувчилик ва бўёқчилик билан шуғулланган.
Шаҳарнинг ғарбий қисмида жойлашган Кўкча даҳасида 31 та маҳалла бўлиб, 3 та мадраса ва 51 та масжид бўлиб, аҳолиси кўпчилик ва этикдўзлик билан машғул эди. Шаҳар жанубини эгаллаган Бешёғоч даҳасида 32 маҳалла, 3 та мадраса ва 68 та масжид бўлиб, у гўзал боғлари ва ғиштчилиги билан машҳур бўлган.
... Шаҳар ўртача йиллик ҳарорат +13.7 даража бўлиб, ёз иссиқ (+42.6 даражагача) қиши эса ўзгарувчан бўлиб, узоқ давом этувчи ва баъзан кучли совуқлиги (-27 даражагача) туфайли яхшигина қаҳратон билан ўтган. Баҳор ва куз ойлари ёғингарчилик мўл бўлган. Шимол ва шимоли-шарқдан шамол эсган, лекин қилт этган шабада йўқ, жазирама ёз кунлар ҳаво ниҳоятда дим бўлиб кетган. Шаҳар Бўзсув канали ва унинг шахобчалари орқали Чирчиқ дарёсидан, шунингдек, 500 га яқин қудуқдан сув ичган, қудуқ ва булоқлар суви узоқлардан ташиб келтириларди.
Янги шаҳар ва Эски шаҳарнинг биргаликдаги майдони 60 квадрат верст (чақирим)га яқин бўлган. Тошкентнинг шаҳар чегарасида жойлашган боғ-роғлар, узумзорлар, экинзорлар билан қўшиб ҳисобланувчи бутун ҳудуди 176 квадрат верст (18.225 десятина) га тенг бўлиб, бу эса Москва билан Санкт-Петербургнинг бирга қўшиб ҳисобланган ҳудудидан ҳам каттадир. Шаҳар кўчаларининг узунлиги 250 верст яқин бўлган.
Тошкентда керосин лампалар билан ёритилган, 1909 йил бошида телефон абонентлари 476 тага етган. Узунлиги 9 чақиримга яқин иккита конка линияси мавжуд эди. Шаҳарда трамвайни электр токи ёрдамида юргизиб. йўл 30 чақиримга етказилган.
Тошкентда Туркистон ўлкасининг маъмурий, ҳарбий, молиявий, тиббий, назорат, қишлоқ хўжалик ва бўлак бошқармаларининг барча марказий муассасалари жойлашган эди. Сирдарё вилоятининг ҳарбий губернатори ҳам барча маҳкамаси билан Тошкентда эди. Шу сабабларга кўра, Тошкент бутун Туркистоннинг пойтахтига айланиб қолган, унга ижтимоий ҳаёт ўлканинг бошқа шаҳарларидагига нисбатан анча жонлироқ кечади.
Май ойидан сентябргача давом этувчи узоқ ёз кунларида эса бу ердаги ижтимоий ҳаёт сусайган. Жазирама иссиқ туфайли муассасалардаги машғулотлар эрталаб соат 8 да бошланиб, 1 гача давом этган. Имкони бор одамнинг ҳаммаси Чимён, Троицкое, Никольское ва Чимкентдаги чорбоғларига кетган. Ёзги сайр томоша ва эрмаклар шаҳар боғига ва маҳаллий аҳолининг шаҳар ташқарисидаги чорбоғларига чиқиш ҳамда ариқларда қармоқ билан балиқ овлашдан иборат бўлган.

Холмуродов Ж., ТерДУ талабаси

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин