Саналар
21.11.2017
Баннер
Фарғона водийсидаги этнолингивистик жараёнларда уйғурлар
PDF Босма E-mail

Фарғона водийсининг ўзига хос қулай минтақа эканлиги барчага маълум. Минтақага тарихнинг турли даврларида кўплаб этник гуруҳлар, этнослар вакиллари келиб ўрнашган. Шубҳасиз ўзаро иқтисодий- сиёсий, маданий алоқалар фаол этногенез алоқаларни юзага келтирди. Натижада тиллараро яқинлашишга эҳтиёж пайдо бўлди. Умуман олганда Фарғона водийсидаги этнослараро тил муносабатлари қадим даврдан бошланиб, асосан бу жараён икки йўналишда ривожланиб борди. Биринчи, тиллараро метизация(қоришув) ва иккинчиси, тилларнинг гибридлашуви ҳолатидир. Фаол кечган этнолингивистик жараёнларда
тараққиёти уйғурлар билан боғланувчи туркий хунн ва усун қабилалари таъсири яққол кўринади. Академик К.Шониёзов қайд этганидек, Фарғона водийсида туркийлашиш жараёни милоддан аввалги I асрда бошланган бўлса керак1. Фарғона водийси аҳолиси тилининг шаклланиб боришида қарлуқ-чигил лаҳжаси устуворлик қиган.
Тарихдан маълумки, VIIIаср ўрталарида Уйғур ҳоқонлиги ташкил топгач, уйғурлар сиёсий етакчига айланади. Ушбу даврдан бошлаб туркий тилли элатлар орасида уйғурларнинг нуфузи анчагина юксалганлигига гувоҳ бўламиз. Уйғурларнинг асл ватани бўлган Шарқий Туркистон худуди Фарғона водийси билан яқин жойлашган. Бу икки географик худудда яшовчи халқлар
қадим даврлардаёқ ўзаро сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларда бўлганлар.
Айниқса, ушбу худуд халқларининг урф-одат ва анъаналарининг, дини, тили, турмуш тарзининг ўхшашлиги ўзаро яқинлашувга ҳам сабаб бўлган. Иқтисодий ва сиёсий омиллар сабабли уйғурлар(қашқарликлар) Фарғона водийси минтақасига кўчиб ўтадилар.
Шарқий Туркистон уйғурлари ва Фарғона водийси аҳолиси туркий тилнинг чиғатой гуруҳига мансуб ҳисобланади. Чиғатой гуруҳи тилларига ўз навбатида уйғур тилининг салмоқли таъсири бўлганлиги сир эмас. Уйғур тили қадимдан ривожланган тил сифатида V-IX асрларда бадиий адабиёт, ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда кўплаб туркий қабилаларнинг мулоқот тили бўлиб ҳизмат қилган.

XIX асрнинг ўрталаридан то XX аср ўрталарига қадар давом этган уйғурларнинг Фарғона водийсига миграцияси натижасида кўплаб уйғур қишлоқлари пайдо бўлди. Ушбу жараён водийда ўзбек-уйғур этнослараро муносабатларини қизғин кечишини таъминлади. Айрим тадқиқотчилар ўзбек ва уйғур тиллараро яқинлигига ишора қилиб, ўзбек тилининг шаклланишига уйғур тили асос бўлган деб айтадилар. Шундай бўлсада, этнограф олим У.Абдуллаев, Фарғона водийсида яшовчи этнослари ўртасидаги лингвистик жараёнларни ўрганиб, ўзбек элати тилининг шаклланишида уйғур тили хусусиятларига ҳаддан ташқари катта ўрин
ажратиш ҳам тарихий ҳақиқатга тўғри келмас, деб таъкидлайди. Кўчиб ўтиш жараёнида уйғур аҳоли компакт жойлашган қишлоқларда уйғур тили(миллий тил) хусусиятлари устунлик қилди. Шунингдек, водийнинг баъзи худудлари тилларида уйғурлашиш ёки “умлаут” ҳодисаси юз берди.
Чунончи, тилшунос олим А.К.Боровков ўзбек тилининг Наманган шевасини “уйғурлашган” деб ҳисоблайди. Наманган, Уйчи, Чортоқ шеваларида уйғур тили элементлари, айрим фонетик ва морфологик хусусиятлари яққол сезилиб туради. Шарқий Туркистон уйғурлари билан Фарғона водийсида яшаб турган уйғур этник гуруҳининг тилларини бир хил дейиш ҳам тўғри бўлмайди.
Ўтган йиллар мобайнида водийдаги уйғурлар тили(шеваси)да трансформацион жараёнлар тезлашган бўлсада, айрим худуддаги аҳоли ўз она тилларини тўлиқ сақлаб қолаолди. Маҳаллий ўзбек аҳоли ҳамда ўзбек тилининг кучли таъсирида бўлган уйғурлар иккала тилни паралел билганлар.
Бундай аҳоли тилшунослар томонидан “икки тилли” ёки “аралаш тиллилар” деб аталади. Мазкур аҳоли микромуҳитда ўз она(уйғур)тилларида, ташқи яъни, ўзга этнослар билан мулоқотда эса асосан ўзбек тилида сўзлашадилар.
Уйғур тилининг сақланганлик даражасига қараб водийдаги уйғурлар зич яшовчи қишлоқ ва маҳаллаларни ўзбеклашган, аралашган, уйғур тилини яхши сақлаган гуруҳларга тавсифлаш мумкин. Масалан, Фарғона водийсининг Ўш, Жалолобод, Марғилон, Қўқон шаҳарларида яшовчи уйғур аҳоли ўзбеклашган ҳамда аралашган гуруҳга, Андижон шаҳри ва туманларидаги уйғурлар эса уйғурчани яхши сақлаганлиги билан аҳамиятлидир.
Дала тадқиқотларида респондентларнинг шевадаги сўзларига эътибор қаратилганда “ўо”, “нғ”, “эе” товушлари талаффузи локал хусусиятларни, “вэт”, “қан”, “ут”, “ли” кабилар умлаут қўшимчаларини акс эттириши маълум бўлди.
Фарғона водийси уйғурлари тили Шарқий Туркистон шеваларидан фарқланувчи ҳамда маҳаллий тиллар уйғунлиги остида ўзига хос тарзда шаклланиб борди. Натижада, мустақил диалектик бирлик сифатида уйғур тилининг “Фарғона шеваси” шаклланди.
Мазкур шева кўчувчи тил белгиларига кўра бир типли бўлмаган, она-тилидаги шевалар билан эса специфик жиҳатдан ўхшаш, шу билан бирга ўзбек тилига ҳам яқиндир. Шу боис ҳам уйғур тили хусусида тадқиқотлар олиб борган олим Г.С.Садвакасов, уйғур тилининг “Фарғона шеваси”ни ўзбек ва уйғур тиллари оралиғидаги шева деб ҳисоблайди.
Ўтган асрнинг 30-йилларида Фарғона водийсидаги уйғурлар истиқомат қилувчи қишлоқларда бир нечта уйғур тилига ихтисослашган мактаблар очилади. Уйғур ёзуви араб графикасига асосланган бўлиб кейинроқ, лотин ва кирил алифбосига ўтилган. 1980 йилларга келиб уйғур аҳоли фарзандлари ўзбек тилига ихтисослашган мактабларга қатнай бошлаганлар.
Уйғур аҳоли йилдан-йилга кўпайиб борсада, бу ҳудудларда ўзбеклашиш ёҳуд трансформация жараёни жадаллашди. Бироқ, бу ҳолат уйғурларнинг этник идентиклик даражасини йўқолишига олиб келмасада, уйғур қишлоқларида тил изоляцияси(чекланган худудда фойдаланиш) кечмоқда.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳозирга келиб бутун дунё миқёсида глобаллашув жараёни кучаймоқда. Шундай пайтда мамлакат ҳудудида яшаётган кам сонли миллат бўладими уларнинг анъаналарини, маънавий маданиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб этнология, этнолингивистика, этнопсихология ва этносоциологиянинг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Зеро ҳар бир этник бирлик сон жиҳатидан қанчалик кўп ёки кам бўлмасин ўз этник қиёфасига эгадир.

Г.Валихонова
Андижон қишлоқ хўжалик
институти катта ўқитувчиси

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин