Саналар
24.11.2017
Баннер
Туркистон генерал-губернаторлигининг сиёсий-маъмурий тизими
PDF Босма E-mail

Ўлкани бошқаришнинг мустамкачилик тизими

Россия империяси ҳукумати Тошкент шаҳрини эгаллаб олганидан кейин ўз мустамлакачилик ҳукмронлигини қарор топтиришга интилиб, зудлик билан тегишли маъмурий ҳокимиятни таъсис этишга киришиб кетди. 1865-йил 6-августда Александр II "Туркистон вилоятини идора қилиш тўғрисидаги Муваққат Низом"ни тасдиқлади. Ҳокимиятни ташкил этувчи тизим "ҳарбий-халқ бошқаруви" деб юритилган. Маҳаллий ҳокимият бошлиғи бўлмиш ҳарбий губернатор қўлида ҳарбий ва фуқаровий ҳокимият жамланган эди. Ҳарбий губернаторни "яримподшо" деб атаган маҳаллий аҳоли у ўрта Осиёда чинакам подшо эканлигига урғу берар эди Жойларда маъмуриятга раҳбарлик қилган бўлим бошлиқлари айни маҳалда ҳарбий комендантлар ҳам бўлишган. Россиялик амалдорлардан тайинланган маҳаллий аҳолини бошқарувчилар уларга бўйсунар эди. Бу шахслар маҳаллий аҳоли устидан умумий полиция назоратини амалга оширар эди. Маҳаллий халқ маъмурияти эса (улар тузем, яъни маҳаллий маъмурият дейиларди) ёрдамчи ролини ўйнарди. Маҳаллий аҳолига бошчилик қилган оқсоқолга эса хонадон соҳиблари томонидан сайланувчи шаҳар, туман оқсоқоллари бўйсунар эди. Полициячилик вазифаларини эса раислар бажарар эди. Раислар бозордаги савдо-сотиқ ва жамоат тартиби устидан назорат қилиб борарди. Солиқлар йиғимини амалга оширган закотчи лавозими ҳам алоҳида жорий этилган эди.

Маҳаллий халқ учун қозилар суди, кўчманчи аҳоли учун эса бийлар суди сақланиб қолди. Қозилар уч йил муддатга сайланарди. Россиядан келган аҳоли подшолик судларида суд қилинган.

Мустамлака тартиби урушиб босиб олинган ҳудуд аҳолисининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий қарамга айлантиришга хизмат қилувчи бошқарув усули.

Россия империяси маъмуриятининг маҳаллий аҳолига таъсирини кучайтириш мақсадида 1866-йил Тошкентда ўзига хос муассаса — маҳкама жорий этилган. Маҳаллий аҳоли вакилларидан сайланган қози ва 7 нафар аълам унинг таркибига кирган. Ана шу мақсадда чор маъмуриятига таклиф этилган 200 дан зиёд бой-бадавлат ва нуфузли шаҳарликлар маҳкама аъзоларини сайлаб қўйишган. Маҳкама аъзолари подшо ҳокимиятининг ишончли ва садоқатли ёрдамчилари бўлишган. Маҳкама фаолиятини махсус подшо амалдори назорат қилар эди.

1867-йил июлда Россия империяси таркибида Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил этиш тўғрисида қонун қабул қилинди.

Туркистон генерал-губернаторлигининг марказий бошқаруви генерал-губернатор девонидан ташкил топган эди. У ҳарбий қўшинларга қўмондонлик вазифасини ҳам бажарар эди. Еттисув казаклари қўмондони ва бош судя ҳам эди. Девон асосий ижрочи орган эди. Россия империясидаги ҳеч бир давлат органи бу генерал-губернаторлик каби ваколатга эга эмас эди. Қўл остиларида фуқаролик ва ҳарбий ҳокимиятни жамлаган ҳарбий губернаторлар Туркистон вилоятларига раҳбарлик қилар эдилар. Вилоятлар уезд бошлиқлари бошчилик қиладиган уездларга бўлинар эди. Қишлоқ ва шаҳарлар ўзлари мансуб бўлган уезд бошлиқларига бўйсунар эдилар. ўз навбатида уездларприставлар раҳбарлик қилган участкаларга бўлинар эди.

Янги ҳудудлар босиб олингани сайин Сирдарё вилоятида янгидан-янги маъмурий-ҳудудий бирликлар, яъни 1868-йилда маркази Самарқанд шаҳрида бўлган Зарафшон округи, 1873-йилда маркази Петро-Александровск (ҳозирги Тўрткўл)да бўлган Амударё бўлими, 1876-йилда Қўқон хонлиги тугатилиши муносабати билан маркази Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона шаҳри)да бўлган Фарғона вилояти ташкил этилди.

Мустамлака бошқарув тизимининг мақсади ва ҳусусиятлари

Россия империяси ҳокимияти ўрта Осиёни ўз ички мустамлакасига айлантира оладиган маъмурий ва сиёсий тизимни яратишга замин ҳозирлаган эди. Бу тизим ўзининг тўлиқ ҳарбий ҳукмронлигини қарор топтиришни, ўлка иқтисодий ва сиёсий ҳаёти устидан ялпи назорат ўрнатишни англатар эди.

Бу тизимнинг бошқа бир жиҳати Туркистон ўлкаси — Хива, Бухоро ва Қўқонни ташқи дунёдан тамомила яккалаб қўйишда, Россия империяси ташқи давлат чегараларини барпо этиш йўли билан ҳар қандай иқтисодий, маданий ва сиёсий алоқаларни тўхтатишдан иборат эди.

Инглиз империалистлари билан имзоланган шартномага кўра 1869— 1872-йилларда Панж дарёси бўйлаб маҳаллий халқни иккига ажратиб ташлаб, сурфий чегара ўрнатилди. 1881-йилда Скобелев Туркманистонни босиб олиши натижасида Эрон билан ҳозирги чегаралар белгиланди. Худди шу йили Шарқий Туркистоннинг Или ўлкасидаги қўзғалон чор қўшинлари томонидан бостирилгандан сўнг Россия ва Хитой императори ҳозирги (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой ўртасидаги) чегараларни белгилаб, шартнома имзоладилар.

Россия мустамлакачилик сиёсати мақсади, бу — минтақада рус аҳолисининг маълум бир фоизини жойлаштириш эди. Марказий Россиядан очлик ва ерсизликдан қочган рус деҳқонларини кўчириб келтира бошладилар, аммо шаҳарларда рус аҳолисини шакллантириш сиёсати муҳим аҳамиятга эга эди.

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳри Россиядан кўчиб келган аҳоли ҳисобига зудлик билан кенгайиб борди. Бу аҳолининг катта қисми истеъфога чиққандан кейин шаҳарда яшаш учун қолган аскарлар, давлат амалдорлари, Россия армияси амалдорлари, Россия фирмалари хизматчилари, жазо манзилига жўнатилиб, жаримага тортилган хизматчилар, хизматдан бўшатиб юборилган ҳарбий хизматчилар эди.

Анҳор шаҳарни қоқ икки қисмга ажратган бўлиб, эски шаҳарда маҳаллий аҳоли, янги шаҳарда эса рус аҳолиси яшарди. Шаҳарнинг бу икки қисми бир-бири билан камдан-кам аралашган ҳолда ўз иқтисодий ва маънавий ҳаётини бошдан кечирар эди.

Мустамлакачиликнинг плантацион модели ишга оид барча ҳужжатларни рус тилида юритишни назарда тутарди, буйруқлар ва фармойишлар ҳам рус тилида бериларди, уларнинг моҳиятини маҳаллий аҳолига маҳаллий амалдорлар тушунтириб берар эди. Ишлаб чиқаришдаги ички қоидалар ҳам рус тилида ёзиб қўйилар ва ижро этилар эди. Бу нарса ўзига хос шаҳарлаштиришни рағбатлантирди, аҳоли саводхонлик даражасининг пастлиги сақланиб қолди. Маҳаллий аҳоли асосан ёрдамчи ишларда меҳнат қиларди, ишчилар, техник зиёлилар қатлами эса Россиядан ёллаш ҳисобига тўлдириб бориларди.

Бошқарув тизими ва маъмурий-ҳудудининг жойлашуви

Россия империяси олиб борган тинимсиз урушлар унинг чекланган молиявий захираларини касодга учратди. 1874-йилда Россия Шарқий Туркистондаги Ёқуббек қўзғалонини бостириш учун катта қўшин жўнатди. Айниқса, 1877— 1878-йилларда Туркия билан олиб борган уруш Сан-Стефан сулҳ шартномаси билан якунланиши империяга жуда қимматга тушди. 1878—1880-йилларда инглиз-афғон уруши туфайли Афғонистонга юриш қилишга мўлжалланган рус армияси аскарлари сони Туркистон ўлкасида қарийб 40 мингга етганди. Россиянинг ҳарбий харажатлари янги мустамлака мамлакатларни эзиш ҳисобига қопланди.

1877-йилдаТошкентда "Шаҳар низоми" жорий этилган бўлиб, унга мувофиқ шаҳар бошқаруви Думага ўтган эди. Дума аъзоларининг 1/3 қисми шаҳарнинг "Осиё" қисмидан, 2/3 қисми эса "янги Тошкент" қисмидан сайланган эди. Натижада шаҳарнинг 80 минг маҳаллий аҳолисидан 21 депутат, 3900 нафар европалик аҳолидан эса 48 депутат қатнашадиган бўлди. Шаҳар хўжалигини юритишга оид барча ишлар ана шу Дума қўлига ўтди. Дума устидан раҳбарлик қилувчи шаҳар бошлиғини генерал-губернатор тақдимига кўра Ҳарбий вазирнинг ўзи тасдиқлар эди.

Жойларда бошқарув аппарати вазифаларининг бир қисми маҳаллий рус маъмурияти назорати остида иш юритган маҳаллий оқсоқоллар ва волостнойларга ўтказилди. Улар аҳолидан "солиқларни қурутдай санаб олар эди".

1886-йил 12-июлда император Александр III тасдиқлаган "Туркистон ўлкасини идора қилиш тўғрисидаги янги Низом" арзимас ўзгаришлар билан 1917-йилга қадар амал қилди. Низом тўртта асосий бўлимдан иборат бўлган:

1) ўлканинг маъмурий тузилиши;

2) суд тузилиши;

3) ер тузилиши;

4) солиқлар ва йиғимлар.

Бу Низом генерал-губернаторлик ҳудудий бирликлари номларини ўзгартиришни ва уларни бундан кейин ҳам бир хиллаштириб боришни назарда тутар эди.

Зарафшон округи Самарқанд вилоятига айлантирилди. Хўжанд, Жиззах, Каттақўрғон, Самарқанд уездлари унинг таркибига киритилди. Амударё бўлимининг бир қисми Сирдарё вилоятига ўтказиб юборилди, Қурама уездининг номи Тошкент уезди деб қайта номланди. Фарғона вилояти ўзгармасдан қолди.

Туркистон генерал-губернаторлигининг умумий ер майдони 1,7 миллион кв. км бўлиб, бу Франция ва Германия ҳудудини бирга қўшиб ҳисоблаганда ҳам икки баравар кўп, айни маҳалда аҳолиси эса жами 5,2 миллион кишини ташкил этар эди. ўзбеклар ва бошқа туб миллатлар 1897-йилда 5 миллионни, 1911-йилда эса қарийб 6 миллионни ташкил этган.

Рус аҳолисининг умумий сони украинлар ва белорусларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 1897-йилда 197 минг кишини, 1911-йилда эса 400 минг кишини ташкил этган, яъни 14 йил давомида маҳаллий аҳоли сони 20 фоизга, рус аҳолиси сони 100 фоизга ортган. Бу Россия мустамлакачилиги "плантацион тизими"нинг аниқ натижаси эди. Рус аҳолиси мустамлакачилик бошқарувининг жонли кучини ташкил этган. Россия империяси армияси рус аҳолисининг ўлкада ҳукмрон мавқеи кафолати эди.

1886-йилги "Низом"га мувофиқ Туркистон генерал-губернаторлигининг маъмурий бошқаруви янги идора — Туркистон генерал-губернатори Кенгаши билан тўлдирилган эди. Вилоятлар ҳарбий губернаторлари, генерал-губернатор девони бошқарувчиси, Туркистон ҳарбий округи штаби бошлиғи бу Кенгашнинг доимий аъзолари бўлишган. Бу идорадан кўзланган мақсад ҳокимият қонунчилик асосларини яратиш бўлган. Кенгаш ўлкани идора қилишга тааллуқли масалаларда қонун чигариш ҳуқуқига эга эди.

1886-йилги "Низом" асосида Бухорода Россия сиёсий агентлиги таъсис этилди, унинг рухсати ва розилигисиз Бухоро амири на ташқи, на ички сиёсат масалаларида бирор ишни мустақил ҳал қила олар эди. Сиёсий агент шу ерда истиқомат қилувчи насронийлар манфаатларини ҳимоя қилар эди.

Хулоса

-1865-йил 6-август — "Туркистон вилоятини идора қилиш тўғрисидаги Муваққат Низом" қабул қилинди;

-1867-йил — Россия империяси таркибида Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди;

-1868-йил — Маркази Самарқанд шаҳри бўлган Зарафшон округи тузилди;

-1873-йил — Маркази Петро-Александровск (ҳозирги Тўрткўл) шаҳри бўлган Амударё округи тузилди;

-1876-йил — Маркази Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона шаҳри) бўлган Фарғона вилояти ташкил этилди;

-мустамлакачилик тизимининг мақсади — ўрта Осиёни Россиянинг ички мустамлакасига айлантириш эди;

-1886-йил — Зарафшон округи — Самарқанд вилояти деб, Қурама уезди – Тошкент вилояти деб қайта номланди;

-1886-йил — Бухорода Россия сиёсий агентлиги ташкил этилди;

-мустамлака тизимининг мақсади — ўлка устидан назоратни таъминлаш, ташқи дунёдан тамомила ажратиб қўйиш эди;

-Россиядан аҳолини кўчириб келтириш ҳисобига мавжуд тузум учун таянч яратилди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин