Ўлкамиз ҳудудларида дастлабки шаҳарсозлик маданияти
Босма

Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, илк шаҳарларнинг пайдо бўлиши дастлабки давлатчилик шаклланишида энг муҳим ва асосий омил бўлиб, бу иккала жараён узвий боғлиқ ҳолда кечган.
Маълумки, мил. авв. II минг йилликка келиб қадимги Ўзбекистоннинг деҳқончилик воҳаларида ўтроқ қабилалар ривожланиб, аҳолининг алоҳида жойлашув тизими шаклланади. Аҳолининг алоҳида жойлашув манзилгоҳларидаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар-ўтроқ деҳқончиликнинг ривожланиши, аҳоли зичлигининг юқори даражаси, ҳунармандчиликнинг тараққий этиши, ижтимоий табақаланиш ва бошқарув тизимининг мураккаблашиб бориши, ўзаро алмашинув, савдо-сотиқ ва маданий алоқаларининг кучайиши ҳамда ҳарбий-сиёсий вазият Ўзбекистон ҳудудларида даст-лабки шаҳарларнинг пайдо бўлишида асосий омиллардан ҳисобланади.
Жамият ҳаётида содир бўлган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар мил. авв. III минг йилликнинг охири-II минг йилликнинг бошларига келиб, Ўрта Осиё ҳудудларида дастлабки шаҳарларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Шаҳар маданиятининг шаклланиши ҳам худди жамият тараққиётида бўлгани каби узлуксиз тараққиёт йўли билан ривожланган. Бу қонуниятга кўра шаҳарсозлик маданиятининг шаклланиши, узоқ, босқичма-босқич даврларни босиб ўтган. Мил. авв. II минг йилликка оид Ўрта Осиё-даги Жарқўтон, Сополли, Дашли, Гонур, Намозгоҳ, Олтинтепа, Улуғтепа кабиларда илк шаҳарсозлик маданиятининг шаклланиши ва ривожланиши учун қуйидаги омиллар муҳим аҳамиятга эга бўлди:

•    аҳолининг ўтроқ деҳқончиликка ўтиши ва кенг воҳалар бўйлаб ёйилиши;
•    ҳунармандчиликнинг ривожланиши ва айрим соҳаларга ихтисослашиши;
•    қадимги савдо йўлларининг ривожланиши натижасида иқтисодий ва маданий алоқалар ҳамда савдо-сотиқнинг тараққий этиши;
•    табиий-географик ҳамда ҳарбий-стратегик шарт-шароитлар.

Шаҳар маданияти даставвал Ўзбекистоннинг жанубида, Сурхондарё ҳудудида шаклланди, сўнгра эса шимолга Сўғд (Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро), Хоразм, Шош ва Фарғона ҳудудларига тарқалди. Бу — айнан юртлар ва халқлар тараққиётидаги нотекислик каби тарихий қонуниятга зид эмас.
Кўп сонли археологик топилмаларнинг далолат беришича, Ўзбекистондаги айрим кўҳна шаҳарларнинг ёши 2700-3000 йилдан кам эмас. Уларга Афросиёб (Самарқанд), Қизилтепа (Сурхондарё), Узунқир, Ерқўрғон (Қашқадарё) кабилар киради. Қадимги шаҳарлар — тарихий ривожланишдаги урбанистик жараёнда муҳим аҳамиятга эга бўлган жамият тараққиётининг ижтимоий асоси ҳисобланади. Фикримизча, шаҳарлар тарихини ўрганиш жараёнида даставвал, энг қадимги шаҳарлар шаклланиши ва ривожланиши; аниқ ҳудудлар ва вилоятлардаги тарихий-маданий шарт-шароитнинг таъсири; экологик-географик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик муҳитларнинг даражаси ва таъсир доираси; шаҳарларнинг вазифаси; қадимги шаҳар марказларининг тарихий-маданий жараёнлардаги ўрни ва аҳамияти масалаларига кенг эътибор қаратиш лозим.