Саналар
24.11.2017
Баннер
«Ўзбек» атамаси хусусида
PDF Босма E-mail

Ўзбек халқи шаклланишининг кейинги, яна бир муҳим даври IX-XII асрлар ҳисобланади. Х асрнинг охирларида туркий этник қатламнинг Мовароуннаҳрнинг барча ҳудудларида устунлигини таъминловчи тарихий воқеалар содир бўлди.

Арғу, тухси, қарлуқ, чиғил ва яғмо қабилалари иттифоқидаги қорахонийлар давлати юзага келиб, бу давлат 999 йили Мовароуннаҳрни ўз илкига киритди. Қорахонийлар давлатида қарлуқ-чиғил туркий тил лаҳжаси кенг тарқалди. Кейинчалик шу тил асосида адабий туркий тил юзага келиб, уни Маҳмуд Кошғарий «энг очиқ ва равон тил» деб атаган. Туркий тилда IX-XII асрлар мобайнида бир қатор асарлар ёзилган бўлиб, Аҳмад Югнакийнинг (775-869) «Ҳибатул-ҳақойиқ» (Ҳақиқатлар туҳфаси) достони, Юсуф Хос Ҳожибнинг (XI аср, «Қутадғу билик» (Саодатга йўлловчи билим) асари, Маҳмуд Қошғарийнинг машҳур «Девону луғатут-турк» асари, Аҳмад Яссавийнинг (1041-1167) «Ҳикматлар»и ҳамда «Ўғузнома», «Алпомиш», «Гўрўғли» каби достонлар шулар жумласидандир.

Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг форсий-дарий тилида сўзлашувчи аҳолиси Х асрдан бошлаб ўзини «тозик» — яъни «тожик» деб юрита бошлайди. Сомонийлар ва Қорахонийлар (IX аср ўрталаридан -1213 йилгача) дан ташқари ҳукмронлик қилган кейинги сулолалар, Ғазнавийлар (997-1187), Салжўқийлар (1040-1157), Хоразмшоҳ-ануштегинийлар (1097-1231) нинг барчаси туркий қавмга тегишли бўлиб, ўз вақтида нафақат Ўрта Осиё, балки Ўрта Шарқда ҳам ҳукмронлик мавқеига эга бўлганлар. Мўғуллар истилоси гарчи аҳоли бошига ниҳоятда оғир кулфатлар ва йўқотишлар олиб келган бўлса-да, тадқиқотчилар фикрича, ўзбек халқи этногенези ва ирқига деярли таъсири бўлмади.

Мовароуннаҳр ва Хоразмдан шимолда жойлашган вилоятларни, мусулмон муаллифлари Дашти Қипчоқ-Қипчоқ чўли деб аташган. Қадимданоқ бу ерларда асосан туркий халқлар ва турклашган мўғуллар истиқомат қилар эдилар. Чингизхон босқинидан сўнг бу ерлар катта ўғил Жўчининг илкига тушган эди. Кейинчалик бу ҳудуд икки қисмга бўлиниб кетди. Жўчининг ўғли бўлмиш Шайбоннинг авлодидан бўлган Султон Муҳаммад 13 ёшида (1312-1341) Оқ Ўрдага ҳукмдор бўлади. Султон Муҳаммадга Ўзбекхон деб тахаллус берилган.

Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда ўлкамиз ҳудудларида энг қадимги даврларда яшаган ўтроқ маҳаллий аҳоли – сўғдийлар, хоразимийлар, бақтрийлар, саклар, массагетлар, ҳозирги ўзбек халқининг асосини ташкил этади. Тарихнинг қадимги даврларида аҳоли кўп ҳолларда ўзлари яшаган жой номи билан аталган бўлиб, ўрта асрларга келиб бу номлар ўзгаради. Хусусан, Дашти Қипчоқ ҳудудларида яшаган туркий аҳоли Мовароуннаҳр ерларига келиб, бу ерда яшаётган ўтроқ аҳоли билан уйғунлашиб кетган ва аҳоли ўз номини ўзбек деб атаган. Ўрта асрлар тарихий адабиётларида ҳам бу ном «ўзбек», «ўзбеклар» сифатида тилга олинади. Аммо, шу нарса аниқки, Дашти Қипчоқ ҳудудларидан келган туркий қабилалар маҳаллий аҳоли этногенезига, урф-одат ва анъаналарига сезиларли даражада таъсир этмадилар, аксинча унинг орасига сингиб кетиб юқори даражадаги маданият таъсирида бўлдилар.

Тадқиқотчи Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг ёзишича, ўзбек халқи асосан икки этник қатламдан ташкил топган. Биринчи қатлам Турон-Туркистон ҳудудларида шаклланган. Иккинчи қатлам эса Волга (Итил) дарёси бўйларидан тортиб, то Хоразмнинг шимоли, Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларигача бўлган ҳудудларда шаклланган, бу макон ўтмишда турли номлар билан, чунончи £ипчоқ дашти, Олтин Ўрда, ўзбек вилояти, ўзбек мамлакатлари, ўзбек улуси деб аталган. Халқимизнинг бу қатламини жуғрофий ўрин жиҳатидан шартли равишда шимолий қатлам деб аташ хам мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўзбек халқининг этник шаклланиши узоқ давом этган мураккаб жараёндир. Ўзбек халқининг асосини ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида бир неча минг йиллар давомида яшаб келган маҳаллий сўғдийлар, қанғлар, бақтрийлар, хоразмийлар, довонликлар, саклар ва массагетлар ташкил этади. Турли даврларда бу ҳудудларга кириб келган қабилалар, элатлар ва халқлар давр ўтиши билан маҳаллий аҳолига ўз таъсирини қисман ўтказган. Ўзбек халқи шаклланиш жараёнининг барча босқичларида маҳаллий аҳоли четдан келган (келгинди) аҳолига нисбатан устун бўлган.

Бу фикримизни исботловчи далиллардан бири, кейинги уч-икки минг йил давомида Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда маҳаллий аҳолининг тили уч марта ўзгарди. Хусусан, шарқий эроний тиллар ўрнига ғарбий эроний тиллари (форс тили) ва эрамизнинг бошларидан бошлаб туркий тиллар кенг тарқала бошлади. Аммо маҳаллий халқнинг «қони», яъни генетикаси айтарли ўзгармади ва қадимий халқларга хос кўпгина антропологик хусусиятлар шу кунларга қадар сақланиб келмоқда.

Ўзбек халқи келиб чиқишининг асосини энг қадимги даврлардан бошлаб ўлкамиз ҳудудларида яшаб келган халқлар ва элатлар ташкил этган. Икки минг йил давомида маҳаллий аҳолига келиб қўшилган туркий тилли элат ва халқлар ўзбек халқининг шаклланишида асосий таркибий қисм сифатида қатнашган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин