Саналар
21.11.2017
Баннер
Қатағонлик сиёсати: унинг моҳияти ва оқибатлари
PDF Босма E-mail

ХХ-асрнинг 20-йиллари иккинчи ярмига келиб советлар мамлакатининг ҳокимият бошқарув-идора тизимида ҳам кескин ўзгариш ҳоллари юз берди. Сталин аста-секинлик билан ўзининг якка ҳокимлигини бутун чоралар билан қарор топтириш ҳаракатида бўлди. 20-йиллар охирларида Сталин томонидан янги назарий қараш сифатида илгари сурилган “Сотсиализм мустаҳкамланиб борган сари синфий душман қаршилиги ҳам шунчалик кучайиб боради” деган ғоя ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг авж олишига олиб келди. Сталин ва унинг атрофидагилар мамлакат ва партия ҳаётига оид ҳар бир масалада ўз иродаси, ҳукмини бошқаларга мажбур этиб, ҳар қандай мухолифатчи қарашларни, уларнинг ташувчиларини маҳв этиб бордилар. Шу тариқа, мамлакатда Ленин томонидан асос солинган тоталитар бошқарув тизимини Сталин янада кучайтирди. Бу тизимнинг моҳияти шундаки, унда давлат бошқаруви марказлашган ва буйруқбозлик характерига эга бўлади. Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, маърифий соҳалар устидан тўлиқ давлат назорати ўрнатилади. Турли хил тарзда фикр, тафаккур юритиш, мухолифатчилик ҳаракатларида бўлиш қатъиян ман этилади, сиёсий эркинликлар тақиқланади. Айни чоғда демократия бузилади, илғор, тараққийпарвар кучлар қатағонликка маҳкум этилади. Ҳукмрон партиянинг ягона иродаси, ўзбошимчалиги, чегара билмас зўравонлиги авжига чиқади. Мамлакатда тоталитар тузумнинг қарор топиши миллий совет республикалари ҳаётига ҳам дахл қилиб, уларнинг бутун инон-ихтиёрини Иттифоқ давлати тасарруфига боғлаб қўйди. Бу Ўзбекистон тимсолида ҳам кўзга яққол ташланди. Аввало, республика ҳокимияти бошқарувининг ҳамма бўғинлари тўлиқ равишда СССР органларига бўйсундирилди. Шунингдек, бу ердаги ягона раҳбар ташкилот – Ўзбекистон Компартияси ҳам ВКП(б)нинг таркибий қисми сифатида вилоят бўлими мақомига туширилди. Бинобарин, ҳукмрон партия қабул қиладиган ҳар қандай қарору фармойишлар, раҳбарий кўрсатмалар республика партия ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий ва шарт эди.
Сталинча маъмурий-буйруқбозлик тизими кўзга кўринарли ва кўзга кўринмас минг хил қизил иплар билан Ўзбекистонни ўз домига киритиб, унинг амалдаги расмий мустақиллигини ҳам йўққа чиқарган эди. Унинг маҳаллий раҳбарияти республиканинг иқтисодий, хўжалик, маданий-маънавий ҳаётига оид бирор бир масала, муаммони мустақил тарзда ҳал этишга ҳақли, ҳуқуқли эмас эди.

Мустабид тузум Марказдан Ўзбекистонга ўзининг кўп сонли садоқатли ходимлари, вакилларини раҳбарий лавозимларда ишлашга узлуксиз юбориб турди. Улар ёрдамида ўлка ҳаётида кечаётган барча жараёнлар, ўзгаришлардан доимий хабардор бўлиб, маҳаллий кадрлар фаолиятини кузатиб, назорат қилиб борди.
Ўз халқи, юртининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиб, унинг истиқболини кўзлаб, ўзида куч-ирода топиб, бор ҳақиқатни айтишга журъат қилган миллат кишилари биринчи навбатда ҳукмрон Марказнинг қаҳру заҳрига дучор бўлди. Қатағонлик зулмкорлари, уларнинг гумашталари бир имо-ишора билан бундай юрт фидойиларини орадан олиб ташлаш, фаолиятини оғмачилик, бузғунчиликда айблаш, шаънига халқ душмани, миллатчи, аксилинқилобчи, буржуа малайлари сингари асоссиз бўҳтонлар билан лаънат тамғасини тиркашга доимо тайёр турардилар. Бунинг ёрқин ифодасини совет мафкурачилари томонидан тўқиб чиқарилган ва ўзбек миллий кадрлари шаънини булғашга қаратилган “ўн саккизлар гуруҳи”, “иноғомовчилик”, “қосимовчилик” деган сиёсий ишлар мисолида кўришимиз мумкин. Уларнинг ягона “гуноҳи” ўз миллати дарди, ташвиши ва манфаатини кўзлаб, айрим муҳим муаммоларни кўтарганлиги ва уларни ҳал этишга юқорининг эътиборини жалб этганлигидир.
Хўш, “ўн саккизлар гуруҳи” таркиби кимлардан иборат бўлган? Улар совет мутасаддилари олдида қандай гуноҳ қилган эдилар? Республиканинг таниқли арбобларидан ташкил топган бу гуруҳ (И.Хидиралиев, Н.Саиджонов, У.Ашуров, Р.Раҳимбобоев, Р.Рафиқов ва бошқалар)га тиркалган асоссиз айбга, уюштирилган туҳмату бўғтонга кўра, гўё унинг аъзолари кўп масалаларда нотўғри йўл тутганлар. Аслида эса улар ҳукмрон Марказнинг улуғ давлатчилик ва шовинистик сиёсатига, миллий кадрларга нисбатан беписандлик, лоқайдлик йўлига қарши чиқиб, адолат ва ҳаққонийлик тамойилларини ҳимоя қилиб чиққандилар. Шу боис расмий партия органлари томонидан мазкур гуруҳ аъзолари кескин қораландилар ва улар ўз лавозимларидан олиниб, турли партиявий жазоларга гирифтор этилдилар.
“Иноғомовчилик” гуруҳи тўғрисида гап борганда ҳам унга қўйилган барча айбларнинг тўлиқ тарзда тўқиб чиқарилганлиги аён бўлади. Маълумки, Раҳим Иноғомов ЎзКП(б) МҚ Матбуот бўлими мудири ва ЎзССР Маориф халқ комиссари вазифасида фаолият юритиб келган. У 1926-йилда “Ўзбекистон зиёлилари” деган рисоласини эълон қилган. Рисолада октабр ўзгариши ўзбек халқи учун кутилмаган воқеа бўлди ва унга ўзбек меҳнаткашлари тайёр эмас, деган фикрларни ёзган. Шунингдек Р.Иноғомов ўзининг бир қатор нутқларида Ўзбекистон Компартиясининг мустақил фаолият юрита олмаётганлигига, Марказнинг назоратчи органларининг ўлка ҳаётидаги зўравонлигига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Республиканинг бир қатор маҳаллий партия, совет органлари масъул ҳодимларидан Н.Мавлонбеков, И.Исамуҳаммедов, М.Алиев сингари ҳаммаслаклар Иноғомов қарашларини қўллаб-қувватлаб чиққандилар. Албатта, бундай мухолифатчи чиқишлар ҳукмрон партия мутасаддиларининг қаҳрига учрамасдан, жазоланмасдан қолмасди. Шу боис 1926-1927 йилларда бу гуруҳ фаолияти партия ташкилотларида бир неча бор муҳокама қилиниб, оғмачи гуруҳбозликда айбланди. Р.Иноғомов ва унинг тарафдорлари вазифаларидан олиниб, номлари қораланди. Ўзлари эса тавба-тазарру қилишга мажбур этилдилар.
“Қосимовчилик” гуруҳи ҳам 1929–1930-йилларда совет ҳукмрон режими томонидан миллий кадрларни, зиёлиларни қатағон қилиш, жазолаш мақсадуда атайин уюштирилган навбатдаги уйдирма бўлган. ЎзССР Олий Судининг раиси лавозимида ишлаб келган Саъдулла Қосимов ва унинг яқин маслакдошлари деб топилган Н. Алимов, Б.Шарипов каби 7 киши 1929-йилнинг иккинчи ярмида қамоққа олинадилар. Уларнинг атайин тўқиб чиқарилган “айблов иши”га сиёсий тус берилади. Бунга кўра, улар республикадаги миллатчи ташкилотлар билан алоқа боғлаганликда айбланадилар, “босмачилик” ҳаракатига ён босганликда қораландилар. Бу гуруҳнинг 4 та аъзоси мана шундай асоссиз айблар билан айбланиб, отиб ташландилар, қолган 3 киши эса кўп йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.
Ўзбекистон равнақи, истиқболи учун фидойилик кўрсатган Файзулла Хўжаев, Турар Рисқулов, Абдулла Раҳимбоев, Акмал Икромов, Исроил Ортиқов, Абдулла Каримов ва бошқа ўнлаб номдор маҳаллий раҳбар кадрларнинг ҳаёт қисмати ҳам пировардида мана шундай фожеа билан якун топди. Мустабид тузум ҳукмдорлари ва улар гумашталарининг енг шимариб қилган “саъй-ҳаракатлари” натижасида 1937–1938-йилларда гўё Ўзбекистонда бир қатор йирик “аксил-инқилобий тузилма”лар борлиги тўқиб чиқарилди. Булар республика раҳбарлари А.Икромов ва Ф.Хўжаев бошчилигидаги “Буржуа-миллатчилик аксилинқилобий маркази”, Абдурауф Қориев раҳбар бўлган “Мусулмон руҳонийларнинг миллатчи-исёнчилар ташкилоти”, “Аксилинқилобий ўнг тротскийчи жосуслар ташкилоти маркази”, “Бухоро ва Туркистон бахт-саодати” номли аксилинқилобий ташкилот, И.Ортиқов бошлиқ “Ёшларнинг аксилинқилобий буржуа-миллатчилик ташкилоти”, “Инглиз жосуслик резидентураси”, “Япон жосуслик-қўпорувчилик резидентураси” ва бошқалар бор эди. Энг сонгги маълумотлар, тарихий ҳужжатларни ҳар томонлама ўрганиш, таҳлил қилишлар, суриштиришлар бундай ташкилотларнинг республика ҳудудида бутунлай бўлмаганлигини тасдиқламоқда. Демак, бундай “аксилинқилобий тузилма”лар қатағонлик тузуми буюртмаси асосида Марказ жаллодлари ва жазо органлари томонидан атайин тўқиб чиқарилган. Бунинг орқасида минг-минглаб бегуноҳ, айбсиз инсонлар шафқатсиз жазоланган, азиз умрлари хазон бўлган.
Фақат 1937–1939-йилларда Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб 43 мингдан зиёд киши қамоққа олинган. Улардан 6 минг 920 нафари отиб ташланган, 37 минг нафари эса турли муддатли қамоқ ва сургунларга ҳукм этилган. Мустабид тузум жаллодларининг бу бедодликларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Яқин миллий тарихимизнинг бу қоронғу зулмати халқимиз дилида мангу ўчмас армон бўлиб қолди. У фақат миллий истиқлол туфайлигина тўла юзага чиқиб, бундан юртимиз фуқаролари чинакам рўшнолик кўрмоқдалар.

Совет режимининг қатағонларидан миллий зиёлилар энг кўп азият чекди, мислсиз қурбонлар берди. Негаки, бу режим мутасаддилари ўзлари жоҳил кимсалар бўлганлигидан илму маърифат, зиё аҳлини қадрлаш, эъзозлаш эмас, балки уларни хўрлаш, таҳқирлаш, керак бўлса йўқ қилишни ўзларига касб қилиб олгандилар. Шунинг учун Марказнинг ўткир шамшири ва пўлат қалқони ҳисобланган Давлат сиёсий бошқармаси (ГПУ), Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) каби жазо органлари ва уларнинг жаллодлари учун илғор, тараққийпарвар зиёлиларни ҳибсга олиш, уларнинг фаолияти учун йўқ айбларни тўқиб чиқариш, уйдирмаларни “ясаш” ҳеч гап эмас эди. Энг ачинарлиси шуки, ўз элини жондан севган, уни куйлаган, бой тарихи, бетакрор маданиятига мурожаат қилиб ундан асар битган, буюк аждодлар номини тилга олган ватанпарвар ижодкорлар, илм-фан аҳли биринчилар қаторида қатлиомга дучор бўлди.
1929-йилда Мунаввар Қори Абдурашидхонов раҳнамолигида миллат равнақи ва истиқлоли йўлида фаолият юритган, халққа зиё таратиб келган “Миллий Иттиҳод” ва “Миллий Истиқлол” ташкилотларининг 87 нафар аъзоси қамоққа олинди ва улар устидан суд уюштирилди. Уларнинг 15 нафари 1931-йилда Москвада отиб ташланди, қолганлари ҳам узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Ўзбек адабиётининг устунлари бўлган, ноёб ижодлари халқ меҳрини қозонган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Элбек (Машриқ Юнусов), Маҳмуд Боту, Ғози Юнус каби ажойиб истеъдодлар қуруқ бўҳтону туҳматлар асосида “халқ душманлари” сифатида жисмонан йўқ қилиниб, ёрқин фаолияти сўндирилди. Ахир уларнинг ҳар бири ўз миллатининг фахри, ифтихори даражасига кўтарилган, беқиёс ижоди, яратган бой мероси эътироф топган, ҳар қанча ҳавас қилса арзийдиган инсонлар эдиларку!
Мустабид тузум фармондорлари айниқса ўзбек халқининг миллий онги, тафаккурини ёритиш, унинг ўзлигини танитишга илк қалдирғочлар сифатида фидойилик қилган истиқлол дарғалари бўлган жадидчилик намоёндаларини йўқ қилишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Қатағонлик қурбонлари орасида жуда кўплаб илм-маърифат, маданият намоёндалари бўлган. Ажабланарли жиҳати шундаки, Бухоро ва Туркистон республикалари ҳукуматининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан 20-йилларда хорижга ўқишга юборилиб, яхши мутахассислар, фан арбоблари бўлиб етишган кишилар атайин қатлиом қурбонлари бўлдилар. Агар Германия ёки Туркияда таълим олган бўлсалар уларга ўша мамлакатнинг жосуслари деган айб қўйилди. Германия ва Туркияда ўқиб, у ерда олган билимларини ўз республикасининг халқ хўжалиги, иқтисодиётини юксалтириш учун бахшида қилишга бел боғлаган Саттор Жаббор, Солиҳ Муҳаммад, Марям Султонова сингари ўнлаб билимдон ёш мутахассис кадрларга “чет эл жосуси” “халқ душмани” қабилидаги тавқи лаънат босилиб, қатағон қилинган.
Инсон тақдири билан бу қадар ўйнашиш, уни чуқур суриштирмай энг оғир жазога маҳкум этиш – бу тоталитар тузум қонунбузарлиги ва қонхўрлигининг типик намунасидир. Биз миллий истиқлол даври кишилари жонажон юртимиз эрки, озодлиги ва мустақиллиги йўлида курашиб, сталинча қатағонлик қурбонлари бўлиб кетган азиз ва мукаррам инсонлар хотирасини доимо қалбимиз тўрида сақламоғимиз керак бўлади. Бу ҳар биримиз учун фарзу қарздир. Юртбошимизнинг ташаббуси билан Тошкентда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ушун 2000–2002-йилларда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи барпо этилди. Президентнинг 2001-йил 1-майдаги фармони билан 9-май кунининг “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” деб эълон қилинганлиги ғоятда қувонарлидир. Бу ҳозирги миннатдор авлод кишиларининг ўтганлар, шаҳид кетганлар хотираси олдидаги эҳтиромининг умумхалқ ва умумдавлат эътирофидир.

Тоталитар совет режими бедодлиги ва зулмининг ҳаддан зиёд кучайиб бориши нафақат юртпарвар миллий кадрлар, фидойи зиёлиларнинг ҳаёт тарзини, қисматини завол топтириб қолмасдан, шу билан бирга миллионлаб фуқароларнинг оддий инсоний қадр-қиммати, ор-номуси ҳаёсизларча таҳқирланди. Ғаддор тузум зулмкорлари ўз ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини авж олдириб борар эканлар, бунга ҳар бир инсоннинг юриш-туриши, кундалик машғулоти, муомаласидан тортиб то унинг қандай тафаккур юритишигача бўлган ҳамма жараёнларни ўз назоратига олишга интилганлар. Бундан кўзланган асосий мақсад эса инсонлар эрки, иродаси, майл-хоҳишини жиловлаш, уни муайян чегара доирасида ушлаб туриш ва шу йўл билан бадкирдор тузум шаънига доғ туширмаслик, унинг сохта обрў-нуфузини сақлаш, авайлаш эди.
СССРнинг “ғолиб сотсиализм” Конститутсияси ва унга мувофиқ тарзда Ўзбекистоннинг Асосий қонуни қабул қилиниб, уларда инсон ҳуқуқлари, совет демократияси афзалликлари тўғрисида лоф урилиб, оламга жар солинган бир пайтда республика фуқаролари мутлақ кўпчилигининг оддий инсоний ҳуқуқлари, ор-номуси, виждони оёқ ости қилинганлиги, уларнинг ҳаёти ночор, таҳликали кўчганлигини қандай изоҳласа бўлади. Бу инсонлар коммунистик сиёсат ва мафкура ёлғонларига ишониб, порлоқ келажакка умид боғлаб, жонларини жабборга бериб, тер тўкиб меҳнат қилсалар, ўзларини сотсиализм ишига бағишласаларда, бироқ бунинг эвазига ундан беадад зулм-ситам кўрсалар! Республикада саноатлаштириш, қишлоқда жамоалаштириш, қулоқлаштириш ёки маданий инқилобни амалга ошириш жараёнида юз берган жиддий хатолар, бузилиш ва чекланишлардан қаттиқ азият чеккан аҳоли табақаларини расмий ҳокимият органлари оммавий тарзда қувғин ва таъқиб қилишганлиги ва турли хил жазоларга тортганлиги ҳам бунинг асосли исботидир. Бунинг оқибатида ХХ-аср бошидан 40-йилларигача 450 минг ватандошимизга нисбатан “жиноий иш” очилганлиги, уларнинг ҳаёти остин-устун бўлиб кетганлиги ҳақиқатдир. Айниқса бунда кишилар дунёқараши, эътиқодини ўз измига бўйсундириш, уни янги коммунистик аҳлоқ, атеистик тамойиллар руҳида шакллантириш учун жон-жаҳди билан ҳужумкор кураш олиб борган совет мафкурасининг республика меҳнаткашларининг маънавий ҳаётига етказган зарари беҳисоб бўлди. Халқ маънавий-руҳий ҳаётига асрлар оша муҳим ҳисса қўшиб келган уламолар йўқ қилиб юборилди. Кўплари бегона юртларга бош олиб кетиб жон сақлашга мажбур бўлди. Бундай чидаб бўлмас қабоҳатликлар оқибатида халқимизнинг не-не барҳаёт удумлари, маросимлари, анъаналари завол топди, унутишга маҳкум этилди. Фақат миллий истиқлол даврига келибгина улар янгидан рўёбга чиқиб, бугунги демократик воқелигимиздан муносиб ўрин топиб бормоқда.
Яна 30-йиллар воқеаларига қайтар эканмиз, бунда шу нарса кишини бениҳоя ажаблантирадики, у даврда инсонни қоралаш, унинг пешонасига халқ душмани тамғасини босиш тузум золимлари учун худди хамирдан қил суғургандек гап бўлган. Ҳатто шундай ҳолларга дуч келиндики, республикадаги кўп хонадонларда вақти-вақти билан ўтказилган тинтув пайтида мабодо араб ёзувида босилган бирорта китоб топилгудек бўлса, унинг номи, мазмуни сўраб, суриштирилмасдан ўша хонадон соҳибига жамиятга ёт унсур деган лаънат тамғаси босилиб, у қамоқ ёки сургун жазосига ҳукм этилаверарди.
Шундай қилиб, мустабид совет режимининг қатағонлари республикамиз ҳаётининг барча соҳалари учун қонли фожеалар, беадад йўқотишлар, маҳрумликлар билан тўлиб-тошган давр бўлди. У миллионлаб одамларнинг тақдир-қисматида асоратли из қолдирди ва мислсиз хунук оқибатларни юзага келтирди. Шунга қарамай халқимиз ўз букилмас иродасини, матонатини намоён этиб, ёруғ кунлар келишига интиқиб, курашиб яшади, қатлиомнинг ҳар қандай шиддатига дош бериб, ўз асрий қадриятлари, удумлари, расм-русумлари, имон-эътиқодига содиқ қола билди ва ҳамиша миллий истиқлол сари дадил ҳаракатланишда давом этди.

(Mas’ul muharrir: Nasrullaev Maxmud Ubodullaevich – (SamDU) dotsent, t.f.n.)

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин