Саналар
21.11.2017
Баннер
Қимматга тушган тўлов...
PDF Босма E-mail

1917 йилнинг 27 февралида Петроградда рўй берган инқилобий воқеалар натижасида чор ҳокимияти ағдарилиб ташланди. Тарихга Февраль инқилоби сифатида кирган бу воқеалар ҳақидаги хабарни 3 мартга қадар Туркистон генерал-губернаторлиги эълон қилмай турди. Мутлақ истибдодга асосланган давлатнинг қайта тикланишига умид боғлаган Куропаткин Февраль инқилоби ҳақидаги хабарни маълум вақтгача сир тутди. Ниҳоят, Петрограддаги каби, Тошкентда ҳам Ишчи ва солдат депутатлари шўролари тузилгач, у ўзини Муваққат ҳукуматнинг Туркистондаги мухтор вакили деб эълон қилди.

Лекин "оқ подшо"нинг ағдариб ташлангани хабари маҳаллий аҳолини аллақачон жунбушга келтирган, зулм кишанларининг парчаланишини кутган зиёлилар инқилобий кайфият билан йўғрилган ва Туркистон бўйлаб ҳуррият шабадаси эса бошлаган эди.
Ана шу шабаданинг кучайиши оқибатида ва собиқ чор ҳукумати тасарруфида кечган демократик ўзгаришлар тақозоси билан 1917 йил 27 ноябрда Қўқонда тўпланган 1У Умуммусулмонлар қурултойи Туркистонда мухтор ҳукумат тузилганини эълон қилди. Большевиклар "Қўқон мухторияти" деб атаган ва яқин-яқингача туҳмат ва бўҳтон тошларига гирифтор бўлган XX асрдаги дастлабки мустақил Туркистон давлати шу тарзда юзага келди.
"Ўзбекистон ССР тарихи"нинг 1967 йилда чоп этилган 1У жилдида: "Қўқон мухторияти" пролетариат диктатурасини ағдариб ташлаш, зулмга асосланган феодал тузумни тиклаш ва Туркистонни Англия мустамлакасига айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У амеrикалик-англиялик империалистлар ёрдамида "мухторият" байроғи остида меҳнаткашларни Совет ҳокимиятига қарши курашга рағбатлантириб, ғаламислик қилди", деб ёзилган. Бошқа илмий адабиётлардаги Туркистон мухтор давлатининг баҳоси ҳам шундан асло фарқ қилмайди. Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Чўлпон сингари ўзбек халқининг ор-номуси бўлмиш зотлар Туркистон мухториятининг ташкилотчилари бўлгани учун ҳам узоқ йиллар мобайнида бадном этиб келинди.


Февраль инқилобидан кейинги вазият

Февраль инқилоби ғалаба қозониши билан муваққат ҳукумат номидан эълон қилинган мурожаатномада, жумладан, Туркистон халқларига ҳам манзур ва маъқул бўлган бундай сўзлар бор эди:
"Русия давлати фуқаролари. Буюк воқеа рўй берди. Рус халқининг қудратли ҳаракати билан эски тартиб ағдариб ташланди. Янги озод Русия вужудга келди. Буюк тўнтариш узоқ давом этган кураш йилларига якун ясади. 1905 йил 17 октябрь фармони билан Русиядаги уйғонган кучларнинг тазйиқи остида конституцион озодлик ваъда этилган эди. Аммо бу ваъдалар бажарилмади. Халқ орзу-умидларининг ифодаси бўлган биринчи Давлат Думаси тарқатиб юборилди. Иккинчи Думанинг ҳам қисмати шундай бўлди ва халқ хоҳиш-иродасини енгишга қодир бўлмаган ҳукумат 1907 йил 3 июнь фармони билан қонунчилик фаолиятида иштирок этиш учун берилган ҳуқуқларнинг бир қисмини аҳолидан тортиб олди.
Ўн йиллик узоқ давр давомида эришилган барча ҳуқуқлар халқдан бирма-бир тортиб олинди, мамлакат яна ўзбошимчалик ва мутлақ ҳокимлик ботқоғига ботди. Хокимиятнинг оқил бўлиши йўлида қилинган ҳар қандай уринишлар зое кетди, душман Ватанимизни буюк жаҳон курашига жалб этган бир пайтда халқ билан бир тан ва бир жон бўлмаган, Ватан такдирига лоқайд қараган ва гуноҳи азим остида қолган ҳокимият маънавий тушкунлик ҳолатида эди. Даҳшатли ички вайронагарчиликдан силласи қуриган армиянинг қаҳрамонона хатти-ҳаракатлари ҳам, миллий хавф-хатар олдида бирлашган халқ вакилларининг даъватлари ҳам собиқ император ва унинг ҳукуматини халқ билан бирлашиш йўлига бошлай олмади..."
Муваққат ҳукумат 1917 йил арафасида вазиятга бундай одилона баҳо берибгина қолмай, Таъсис мажлис чақирилгунга қадар фуқаролар озодлиги ва тенглигини кафолатловчи мезонларни зудлик билан ишлаб чиқиш, фуқароларга руҳий кучларини Ватан манфаати йўлида сарфлаши учун шарт-шароитлар яратиш ваъдасини ҳам берган эди.
Феодал турмуш тарзи ва ярим асрдан бери давом этаётган мустамлакачилик туфайли Туркистон аҳолиси оғир иқтисодий ва ижтимоий аҳволни бошдан кечираётган эди. 1905-08 йиллардаги рус, турк ва Эрон инқилоблари бонги билан уйғонган ўзбек зиёлилари жадидчилик ҳаракатини ташкил этиб, мудроқ халқни уйғотиш, мамлакатни қолоқлик ботқоғидан олиб чиқиш мақсадида янги усулдаги мактабларни, тараққийпарвар ғояларни олға сурган газета ва журналларни, театр труппаларини вужудга келтирган эдилар. Келажак ҳуррият иштиёқида фидойиларча меҳнат қилаётган жадидларга чор ҳокимиятининг ағдарилиб, Муваққат ҳукуматнинг давлат тепасига келиши ва демократиявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши айни муддао бўлди.
Лекин бу даврда жадидлар халқни уйғотиш ва унинг ижтимоий фаоллигини оширишга қанчалик жиддий киришган ва муайян самараларга эришган бўлмасин, на халқ, на уларнинг ўзи етарли даражада уюшган эди. Шунинг учун ҳам Туркистонда Февраль инқилобидан кейин вужудга келган тарихий шароитдан тўлиқ фойдаланиши мумкин бўлган ягона уюшган куч — Ишчи ва солдат ноиблари шўроси, ўша давр ифодаси билан айтганда, Ишчи ва солдат шўролари, яъни рус большевиклари эди. Ишчи ва солдат шўролари эса нафақат Тошкент, балки Туркистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам кун сайин урчиб, катта сиёсий кучга айланиб бормокда эди. Кейинчалик Туркистонда Совет ҳокимиятининг ўрнатилишида ҳал қилувчи ўрин тутган бу куч дастлабки қадамидан бошлабоқ маҳаллий халқ вакилларидан холи давлат идораларини барпо этишга ҳаракат қилди.
Февраль инқилобига қадар Петроградда Давлат Думаси қошидаги мусулмон фирқасининг Туркистон масалалари бўйича котиб бўлиб ишлаган муҳтарам бир зотнинг ўша кезларга оид қуйидаги эсдаликлари тарихни бир қадар ойдинлаштиради. Ул зот 1917 йилнинг 10 апрелида Тошкентга етиб келиб, шу куни очилган Туркистон вилоят Ишчи ва солдат шўроларининг қурултойида иштирок этади ва ажабтовур манзаранинг гувоҳи бўлади:
"Залга кирган чоғимда,— деб ёзган эди у,— мен танимайдиган бир рус минбарда эди. У кишининг қайраб-қайраб, такрорлаб сўзлаган сўзларидан қуйидагилар хотирамда: "Инқилобни рус инқилобчилари, рус ишчилари, рус солдатлари амалга оширди. Шунинг учун ҳам Туркистонда ҳам идора, ҳокимият биз — русларникидир. Ерлилар биз нима берсак, шу билан қаноатланиши керак..."
Бу сўзларни Қўқондан келган муаллим, халқчи социалчилар гуруҳига мансуб Некора исмли кимса айтган эди. Февраль инқилобидан кейинги Туркистондаги сиёсий вазиятни Некорага ўхшаш кимсалардан иборат Ишчи ва солдат шўролари, яъни ўлкадаги бир сиқим рус муҳожирлари идора қилиб турар, қуролли кучлар, почта ва телеграф, бошқа давлат тузилмалари ҳам фақат улар ихтиёрида эди. Туркистондаги барча ҳуқуқ ва имтиёзларига ворисликни даъво қилган бу кучлар, гарчанд ўзларини большевиклар, халқнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилувчи кишилар деб атасалар-да, ҳали Октябрь тўнтарилишини ясамай туриб, маҳаллий халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этаётган эди.
Ана шундай сиёсий-ижтимоий шароитда маҳаллий зиёлилар ўртасида туғилиб бораётган миллий марказни ташкил этиш ғояси тарих ва ҳаёт тақозоси билан кун тартибига чикди.


"Шўрои ислом"нинг вужудга келиши

Февраль инқилобининг акс садоси Тошкентда март ойида айниқса авж олди. Турли-туман жамиятларнинг вакиллари шаҳар Думаси жойлашган бино олдига йиғилиб, янгидан-янги сиёсий тузилмаларга аъзо сайлай бошлади. Вақтнинг ғанимат эканини сезган жадидлар ҳам жонланиб, Янги шаҳарда ташкил этилган ижроқўмга ўз вакилларини киритиш пайига тушдилар. 6 март куни бўлган вакиллар сайловида Эски шаҳарда ташкил этилган тўрт жамиятдан ижроқўмга саккиз нафар вакил киритишга эришилди. Жадидлар шу билан кифояланиб қолмай, 9 март куни Чорсудаги Жоме масжидида кўп минг кишилик йиғин ўтказдилар. Баъзи маълумотларга қараганда, шу куни масжид ва унинг атрофига йигирма мингдан зиёд киши тўпланган. Мажлис қатнашчилари таниқли адвокат Убайдулла Хўжаевни раис, Мунавварқорини раис ўринбосари, Исломбеқ Худоёрхоновни эса котиб этиб сайлаганлар. Ҳуррият қурбонлари руҳига ўқилган тиловатдан кейин полицмейстер Колесников ўрнига Исломбек Худоёрхонов Эски шаҳар ҳокимиятига бошлиқ этиб сайланди. Шундан кейин йиғилиш қатнашчилари Ишчи ва солдат шўроларига ўхшаш маҳаллий халқ вакилларидан иборат жамиятни таъсис этишга киришдилар. Жамиятни қандай номлаш хусусида бўлиб ўтган баҳслардан сўнг Мунавварқорининг "Бу ерда тўпланган кишилар мусулмон аҳолининг вакилларидир. Шунинг учун ҳам жамиятимизни "Шўрои ислом" деб номлаш ўринли бўлади", деган сўзлари ҳаммага манзур бўлди. Шу тарзда Туркистоннинг 1917-18 йиллардаги сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган "Шўрои ислом" жамияти юзага келди.
Дарвоқе, 10-11 март кунларида жадидларнинг сиёсий-маърифий дастурларига қарши бўлган уламо, амалдор ва бойларнинг хатти-ҳаракатлари билан "Шўрои ислом" ҳайъатига сайланган кишилар ҳақида турли-туман миш-мишлар тарқатила бошлади. Натижада йигирма минг кишилик йиғин томонидан сайланган вакиллар номзодларини қайтариб олди. Эндигина тузилган жамият такдири, демакки, маҳаллий халқнинг ҳам тақдири хавф остида қолди. Ана шундай қалтис бир пайтда илғор қарашли ёшлар ташаббусни қўлларига олиб, 13 март куни яна умумхалқ йиғини ташкил этдилар.
"Тахминан қирқ минг халқнинг бир ерга йиғилмоғи,— деб ёзган эди шу йиғин ҳақида "Нажот" газетаси,— ва бир оғиз гапга қулоқ срлиб, камоли тинчлик ила машварат ва қарорлар беришмоғи, эҳтимол, Туркистонда биринчи мартабадур".
Чиндан ҳам Тошкентда, эҳтимол, бутун Туркис гонда бундай кўп минг кишилик йиғин биринчи бор ўтказилиши эди. Шу нарса қувонарлики, олдинги йиғинда сайланган қирқ киши, айрим ўзгаришлар билан ўринларида қолди. Халқуларга қайта ишонч билдирди. Тошкент шаҳри ижроқўми аъзолигига Убайдулла Хўжаев (Шайхонтоҳур даҳасидан), Тошпўлатбек Норбўтабеков (Кўкчадан), Зайниддинхўжа Саримсоқхўжаев (Себзордан) ва Абдусафийхон Ғанихон ўғли (Бешёғочдан) сайландилар.
Орадан уч-тўрт кун ўтгач, ички Русиядан Шоҳиаҳмедов, Мустафо Чўқай ўғли, Навширвон Яушев ва бошқалар келиб, "Шўрои ислом"нинг сиёсий жамият сифатида мустаҳкамланишига ҳисса қўшдилар. Апрель ойининг бошларида бошқа шаҳарларда ҳам "Шўрои ислом"нинг маҳаллий ташкилотлари очила бошлади. Янги ташкил этилган жамият зудлик билан ўзининг "Нажот", "Шўрои ислом", "Кенгаш", "Ҳуррият", "Эл байроғи" сингари газета ва журналларини чоп эта бошлади.
"Шўрои ислом" фаолиятига асос қилиб қуйидаги тадбирларни белгилаган эди:
— Туркистонда мусулмонлар ораси-да сиёсий, илмий ва ижтимоий жиҳат-дан замонага мувофиқ ислоҳот ғояларини тарқатиш;
— Туркистон мусулмонларини ягона фикр ва маслак атрофида бирлаштиришга қаратилган ишларни амалга ошириш;
— Бошқа мамлакатларнинг идора усулларини ўрганиб, Таъсис мажлисини ўтказишга тайёрланиш;
— Туркистоннинг ҳамма шаҳар, қишлоқ ва овулларида сиёсий, илмий ва ижтимоий хутбалар ўқитиш;
— Эски маъмурларни янгилари билан алмаштириш йўлларини халққа кўрсатиш;
— Туркистондаги турли миллат ва-киллари орасида бўлган ихтилофларни бартараф этиш ва бўлажак ихтилофларнинг олдини олиш ҳамда уларни бирлаштириш;
— Турли миллат ва фирқалар билан алоқада бўлиб, мусулмон халқининг талаб ва эҳтиёжларини ўз вакиллари орқали уларга билдириш ва лозим бўлганда, улардан ёрдам сўраш.
"Шўрои ислом" раҳбарлари, юқорида баён этилган дастуруламалдан кўринганидек, Туркистон халқларининг миллий манфаатларини кўзлабгина қолмай, келажакда демократик ислоҳотлар йўли билан кўп миллатли Туркистон мухтор давлатини барпо этиш ниятида ҳам бўлганлар.
Аммо, афсуски, жамият раҳбарлари "оламшумул" тадбирларга берилиб кетиб, "ички ишлар"га кам эътибор қаратдилар. Натижада "Шўрои ислом" тез орада "жадидлар" ва "қадимлар"га бўлиниб кетди. 1917 йилнинг ёз ойларида "қадимлар" "Уламо" жамиятини туздилар.

Петрограддан тажрибали мусулмон сиёсатчилари келгани ва Ўлка марказий мусулмон шўроси тузилганидан сўнг бояги ҳар икки ташкилот мазкур шўро қошидаги бўлимлар сифатида фаолиятини давом эттирди. Бу икки ташкилот ўртасидаги, шунингдек, шўронинг бошқа вилоят бўлимлари орасидаги ички кураш ва зиддиятлар эса кундан-кунга авж олиб, Ишчи ва солдат шўроларига қўл келадиган ва ҳаракат майдонини уларга топширадиган вазият вужудга келди. Туркистондаги барча шаҳар ва вилоятларни назоратига олган Ишчи ва сол-дат шўролари эса маҳаллий халқнинг ризқ-насибасини қирқиш, талаш ва ҳақ-ҳуқуқини топташ билан машғул бўлди.
Кези келганда айтиш жоизки, Петроград Ишчи ва солдат шўросининг бошлиғи Н.С.Чхеидзе ҳам туркистонлик ҳамкасбларидан асло фарқ қилмаган. Мустафо Чўқайнинг ёзишига кўра, у Петрограддан Дошкентга қайтиши арафасида Чхеидзе билан учрашиб, унга Туркистон учун мухторият исташи тўғрисида сўзлаганида шўро бошлиғи бундай деган: "Оллоҳ ишқига, ўртоқ Чўқай ўғли, мамлакатда — юртдошпарингиз орасида мухторият ҳақида сўзламанг. Биринчидан, ҳозир бу тўғрида сўзлаш эрта. Иккинчидан, сизнинг Туркистон каби бир мамлакатда мухторият дарҳол истиқлол ва айрилиш томон қўйилган одим бўла-ди".
Туркистондаги Ишчи ва солдат шўролари ҳам маҳаллий халқ мунавварлари ўлка учун мухторият исташи ва шу йўлда ҳаракат қилиши эҳтимолини сезиб, Февраль инқилобидан кейин ўтган вақт ичида "соцалистик инқилоб"га тайёргарлик кўра бошлади. Муваққат ҳукумат ҳали нафас олаётган пайтнинг ўзидаёқ Туркистон халқлари эркига чанг урган, "инқилоб қурбонлари фойдасига", деб ҳаддан зиёд оғир солиқлар солган, темирйўл орқали келтирилган ғаллани фақат русларга бериб, шаҳар ва қишлоқларда очлик таҳликасини вужудга келтирган шўрочиларнинг мутлақ ҳокимларга айланиши ўта хавфли эди. Шунинг учун ҳам Ўлка марказий мусулмон шўроси Туркистон халқлари такдири "большевиклар қамчиси"га дучор бўлиб қолишидан хавотирланиб, терс чоралар кўришга жиддий равишда киришди.
Сўнгги йўлларда ошкор бўлган маълумотларга кўра, Октябрь тўнтариши арафасида Кавказдан Сибирга Тошкент орқали ўн минг нафар чор армияси ўтган. Большевиклар таъсиридан холи бўлган ана шу катта ҳарбий куч уч-тўрт кун мобайнида Тошкентда тўхтаб турганида Мунавварқори ва Убайдулла Хўжаев қўшин қўмондони билан мулоқот қилган. Икки ўртадаги келишувга кўра, Ўлка марказий мусулмонлар шўроси, аниқроғи, "Шўрои ислом" шу қўшин ёрдамида ҳокимият тепасига келиши лозим эди. Сўнг қўшин Марказий Туркистон давлати расман шаклланиб кучга киргунга қадар шу ерда туриши, Ишчи ва солдат шўроларини қуролсизлантириши, кейин эса ўз қурол-яроғларини ҳам Туркистон ҳукумати ихтиёрига топшириб, тарқалиши зарур эди. Қўшин қўмондони билан келишувга кўра, туркистонликлар гарданига фақат молиявий харажатларни олганлар. Бунинг учун, эса икки миллион сўм даркор бўлган. Мунавварқори билан Убайдулла Хўжаев дарҳол тошкентлик бойларни йиғиб, кенгаш ўтказган. Бойларнинг аҳвол-руҳиясидан яхши хабардор бўлган Мунавварқори шу йиғинда уларга қарата бундай деган:
«Агар сиз, муҳтарам аъёнларга мурожаат этиб, дини ислом фойдасига маълум бир маблағни ажратишни сўрасалар, сизлардан шу маблағни олиш ит азоби билан тенг бўлади. Миллат фойдасига деб сўралганда ҳам шундай аҳволни кўрамиз. Сизларга фақат ўз манфаатингиз бўлса бўлгани. Ҳозирги вақтда хусусий мулкни асло тан олмайдиган большевойлар фирқаси инқилоб қилишга шай бўлиб турибди. Агар шу фирқа ҳокимият тепасига келса, сизларнинг ҳамма молу мулкингиз — уйингиз ҳам, боғ-роғларингиз ҳам, олтин-кумуш-ларингиз ҳам беистисно улар қўлига ўтади.
Тошкент бойлари Мунавварқори ва Убайдулла Хўжаевнинг сўзларига ишонмадилар. Икки миллион сўм тўпланмагани боис миллий Туркистон давлати тузилмай қолди. Миллат озодлиги учун тўланиши керак бўлган арзон товон шу тариқа тўланмай қолди ва бу тўлов етмиш тўрт йилга чўзилди — ғоят қимматга тушди. 1917 йилнинг ноябрида большевиклар қуролли қўзғолон йўли билан Ички Русиядан кейин Туркистондаги ҳокимиятни ҳам эгаллади.
Совет ҳокимиятининг дастлабки кунларидаёқ маҳаллий бойлар қўлида бўлган барча мол-мулк тортиб олинди. Орадан маълум вақт ўтгач, улар муш-тумзўр деб эълон қилиниб, Сибирь ва Украинага сургун қилинди.


Октябрдан кейинги вазият

Туркистонда яшаган барча рус муҳожирларини большевиклар сирасига киритиш инсофдан эмас. Улар орасида турли фирқаларга мансуб, демак, большевикларнинг дастуруламалларига қарши бўлган кишилар ҳам оз эмас эди. Шулардан бири, Фарғонада нашр этилган "Знамя свободи" газетасининг муҳаррири, меньшевик Г.Павлюченко Октябрь тўнтаришининг дастлабки кезларида бундай деб ёзган:
"Кўплаб қурбонлар ва диққатбозликлар натижасида қўлга киритилган ҳуррият барча халқларга бирдай мансуб бўлиши ва уларга ўз такдирини ўзи белгилаш, ўз турмушини ўзи қуриш имкониятини бериши зарур. Биз, Осиё халқларининг кўплаб оммалари истиқомат қилаётган Туркистонга келиб қолган овруполиклар, демократиянинг асосий ўлчови — халқларнинг ўз такдирини ўзлари белгилаши ҳақидаги мезонни эътиборга олишимиз лозим".
1917 йил 15 ноябрда қабул қилинган "Русия халқлари ҳуқуқлари баёнотномаси"да ҳам бош урғу шу "мезон"га қаратилган эди: "Халқ Комиссарлари Кенгаши Русия халқлари ва элатлари масаласи бўйича ўз фаолияти асосида қуйидаги ибтидоларни қўяди: Русия халқларнинг ўз такдирини ўзи белгилашидан то ажралиб чиқиш ва мустақил давлатни барпо этишга қадар бўлган ҳуқуқни, барча ва ҳар қандай миллий ҳамда миллий-диний имтиёзлар ва чекланишларни бекор қилишни..."
3 декабрда қабул қилинган "Русия ва Шаркдаги барча мусулмон меҳнаткашларга" деган мурожаатда эса мана бундай сўзлар ҳам бор: "Ўз миллий турмушингизни эркин ва қийинчиликсиз қуринг. Шуни билингки, сизнинг ҳуқуқларингиз, Русиядаги барча халқларнинг ҳуқуқлари сингари, инқилоб ва унинг идоралари, Ишчи, солдат ва деҳқон ноиблари шўроларининг барча куч-қуввати билан муҳофаза этилади".
Туркистондаги шўро ҳукумати бу баёнотнома ва мурожаатномадан хабардор бўлибгина қолмай, балки Владимир Ленин номига йўлланган телеграммада "Хўп бўлади, бажарамиз!" қабилидаги сўзларни ҳам ёзган. Аммо 15-22 ноябрда бўлган Шўроларнинг 111 ўлка курултойи баёнотномасига: "Ҳозирги вактда мусулмонларни ўлка олий инқилобий идораларига киритиш мумкин эмас, зероки, маҳаллий аҳолининг Ишчи, солдат ва деҳқон ноиблари шўроси ҳокимиятига муносабати ноаниқ: маҳаллий аҳоли ўртасида пролетар синфий ташкилотлари йўқки, уларнинг ўлка олий ҳокимияти идораларидаги вакилларини фракция табриклаган бўлсин", деган сўзларни уялмай-нетмай қўшиб қўйганлар.
Бир томондан, Русиянинг собиқ мустамлакаларига ўз такдирини ўзи ҳал этиши ҳуқуқи берилган, иккинчи томондан, Туркистонда Октябрь тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига чиқиб олган Ишчи ва солдат шўроларининг маҳаллий халқни ҳамон эзаётгани ва шовинистик сиёсат юритаётганини кўрган Миллий марказ қатъий ҳаракат пайти келганини тушунди. Марказ турли вилоятлардаги бўлимларига ўлка тақдири масаласида мурожаат этди ва Сирдарё, Фарғона, Самарқанд вилоятлари бўлимларидан Ўлка мусулмонлар қурултойини зудлик билан чақириш тўғрисидаги талабларни олди. Еттисув ва Туркистоннинг айрим туман бўлимларидан ҳам шундай талаблар тушди.
22 ноябрда тугаган Ишчи, солдат ва деҳқонлар шўросининг III қурултойида 26 ёшли Ф.Колесов бошчилигида Халқ Комиссарлар Кенгашининг таъсис этилиши ва бу кенгашга, одатдагидек, бирорта ҳам маҳаллий халқ вакилининг киритилмагани воқеаларнинг кейинги оқимини тезлаштириб юборди. Ушбу сиёсий воқеага жавобан 26 нобрь куни Қўқонда Ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи чақирилди.


Туркистон мухтор давлатининг тузилиши

Қурултойнинг биринчи куни ташкилотчилардан бири Русия ва Туркистоннинг сиёсий ҳамда иқтисодий аҳволи тўғрисида маъруза қилиб, сиёсий танглик билан бирга озиқ-овқат танқислигидан чиқиш йўлларига ҳам тўхталди. Ушбу масала бўйича бошқа нотиқлар ҳам кенг муҳокама юритдилар. Қурултойнинг иккинчи куни, яъни 27 ноябрь кеч соат олтида эса "Туркистон ўлкасида бўлғон халқларнинг хоҳишлари бўйича, Буюк Русия инқилоби тарафидан берилган асосларга биноан федерация асосига бино қилинган ҳолда Туркистонни ерлик мухториятли (яъни территориалний автономиялик) эълон қиладур", деб ёзилган тарихий баёнотнома қабул қилинди. Бу баёнотномага кўра, Туркистон ўлкасида яшовчи барча миллатларнинг ҳуқуқлари ҳар жиҳатдан таъминланиши ваъда этилган эди. 26 ноябрда Туркистон Миллат Мажлисининг очилиши тўғрисидаги қарор тасдиқланди. Шу куни Миллат Мажлиси аъзолари билан биргаликда Муҳаммаджон Тинишбой ўғли раислигида Туркистон Мухторияти ҳукуматининг қуйидаги аъзолари ҳам тасдиқдан ўтдилар:

Муҳаммаджон Тинишбой ўғли — ҳукумат раиси ва Дохилия нозири.
Абдураҳмон Ўразай ўғли — Дохилия нозири муовини.
Убайдулла Хўжаев — Ҳарбий ва милиция нозири.
Мустафо Чўқай ўғли — Хорижия нозири.
Ислом Шоҳиаҳмад ўғли — Молия нозири.
Обиджон Маҳмуд ўғли — Озиқ-овқат ишлари нозири.
Миродил — Нофия нозири.
Ҳидоятбек Юргили ота ўғли — Зироат нозири.
Носирхон — Маориф нозири.

29 ноябрь куни қурултой Миллат Мажлиси ва ҳукумат аъзоларининг дахлсизлиги ҳамда муҳофазаси ҳақида қарор қабул қилиб, уларнинг бирортасига нисбатан зўровонлик ўн миллионлик Туркистон халқларига нисбатан ҳақорат эканини эълон қилди. 30 ноябрь куни соат учда эса Қўқонда мусулмонларнинг улуғ намойиши ўтказилиб, инқилоб самараларини сақлаш ҳақида қасамёд қилинди.
Шу тарзда ўзбек халқининг илғор қатламларида катта умид уйғотган Туркистон Мухтор давлати барпо этилди. Ўзбек миллий уйғониш ҳаракатининг фаолларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий "Ҳуррият" газетасининг 1917 йил 19 декабрь сонида бу тарихий воқеани халққа бундай сўзлар билан етказди:
"27 ноябрда Ҳўқандда Туркистон Мухторияти умумий мусулмон съезди эълон қилинди. Муборак ва хабарли бўлсин! Камина ҳам мажлисда бўлиши учун ифтихор этаман. Яшасун Туркистон Мухторияти!
... Бул бобдаги ўз билишимдан бир оз маълумот бериб ва ҳам мухторияти-мизнинг мухтасар тарихидан ёзмоқчиман. Чунки мухториятдан қўрқувға (уруш бўлур деб) тушган баъзилар кўринадур. Ай азиз мусулмон биродарлар! Ай Оврупо, ай ҳам ватандошлар! Билингки, ушбу сана апрель ойинда Тошкентда, бутун Туркистоннинг Рус ва мусулмон ижроияси комитети аъзолари йиғилиб, иттифоқ ила ушбу қарорни бериб эдилар..."
Беҳбудийнинг бу сўзларидан кўринадики, Туркистон Мухторияти ғояси 1917 йилнинг Февраль инқилобидан кейиноқ «Шўрои ислом"чилар даврасида туғилган.
Беҳбудий ўша йилнинг 22 декабрь куни "Ҳуррият" газетасида яна "Туркистон Мухторияти" номли давомли мақоласини эълон қилиб, унда бундай сўзларни ёзди:
"Туркистоннинг ҳар тарафиндан 300 қадар киши мунда бор эди. Яъни ваколат ила юбориб эдиларким, бунинг катта бир қисми уламо ва машойих эдилар. Рус, яҳудий ва арманлардан ҳам вакиллар бор эди. Биргина киши бўлсин, бу Мухториятга ҳеч бир фирқадан мухолифат этмади...
Хулоса, барча матфу эди. Бутун вакиллар ижмоҳ этган эдилар ҳамда беш-ўн минг жамоат ила бирга Туркистон Мухторият исломиясининг, қон ила бўлса ҳам, бутун мол ва жонларини фидо этиб, маҳкам тутмоқға, "ло илоҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ" ёзилган қизил ва яшил, ой ва юлдузли илму саодат остинда йиғилиб, ахд этдилар ва  такбирини ўн минглар ила умут маҳмудия(с) арши аълоға етқуруб, бутун уфқға ғулғула солганларидек, олам болони ҳам ва лулазор этдилар. Оқшомғача бутун Ҳўқанд кўчаларидан, мактаб ва мадрасаларидан такбир овозлари чиқур эди. Захи саодат!"
Беҳбудийнинг бу сўзларидан Туркистон Мухториятининг эълон қилиниши маҳаллий халқ ва турли вилоятлардан келган вакиллар учун катта миллий байрам бўлгани маълум бўлади. Чўлпон ҳам ана шу умумхалқ байрами таъсирида "Оллоҳу Акбар" шеърини ёзган. Атоқли шоир бу шеъри билангина кифояланиб қолмай, яна " Озод турк байрами" шеърини ҳам яратди. Ўша йиллари Ўзбекистонда машҳур бўлган турк шарқиялари оҳангида ёзилган бу шеър юзлаб варақалар шаклида тарқатилиб, Мухториятнинг мадҳияси сифатида куйланди:
Кўз очинг, боқинг ҳар ён,
Қардошлар, қандай замон!
Шодликка тўлди жаҳон,
Фидо бу кунларга жон.
Чўлпоннинг шундай жўшқин сатрлар билан бошланувчи мадҳияси турли йиғин ва намойишларда янграб, янги давлатга халқ ишончи ва меҳр-муҳаббатини уйғотди. Ўзбек халқининг тарихий тақдирида катта ўзгариш содир бўлганини сезган шоирлар Туркистон мухториятини олқишлаб талай шеърлар яратдилар. Чунончи, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг "Туркистон мухториятина", Ҳайбатулла Алиевнинг "Туркистонга", "Мухторият шодлиги" сингари шеърларида ана шу мавзу теран ёритилди.
Туркистон Мухториятининг раҳбарларидан бири ўз хотираларида бундай деб ёзган:
"Биз у замондаги Мухториятни бундай тушунардик: Туркистоннинг ўзига махсус идора ва ижроия масалалари, яъни қонун ишлаб чиқарадиган парламенти ва ишни юритадиган ҳукумати бўлиши эди. Ташқи сиёсат, молия, йўллар, ҳарбий ишлар Умумрусия федерацияси ҳукуматининг иши деб таниларди. Маориф ишлари, маҳаллий йўллар масаласи, маҳаллий идоралар, адлия ҳамда ер масалаларининг ҳаммаси мухторият ҳукумат ишлари деб қараларди. Биз, хусусан, тупроқ-ер масаласига аҳамият берардик. Ўрду қурилиши масаласига ҳам бир қанча асос ўзгартмалар киритмоқчи эдик. Масалан, Умумрусия учун қурилган қўмондонлик назоратида бўлиш билан туркистонликларнинг аскарий хизматларини Туркистонда кўриб, Туркистонда қолмоқлари биз учун муҳим бир масала эди.
Бизнинг у замонги асосий режамиз ана шундан иборат эди. Тафсилотга киришмадик. Бизнинг энг муҳим уринишларимиздан бири миллий кадрлар масаласи эди. Исталган принципларни эълон этиш мумкин. Ҳар нарсани, кўкдаги ойни исташ мумкин. Фақат керакли кадр бўлмаганда, керакли инсон кучи ва бошқа воситалар топилмаганда, бутун бу гўзал тилаклар қуруқ сўздан иборат бўлиб қолади..."
Маълум бўлганидек, мухториятчилар Русиядан мутлақо ажралиб чиқиш ва фақат Туркистон мусулмонларининг манфаатларини кўзлайдиган давлатни барпо этиш вазифасини зиммаларига олмаганлар. Улар мавжуд ижтимоий ша-роит ва тарихий имкониятга асосланган ҳолда мустақил ўзбек давлатини барпо этиш йўлида дадил бир қадам ташлаганлар, холос. Лекин ана шу камтарона ҳаракат дастури ҳам юрагида мустамлакачилик қони гупуриб турган большевикларнинг Туркистондаги "ҳаётий манфаатлари"га тамомила зид эди.


Қонга ботирилган мухторият

13 декабрь Муҳаммад салоллоҳи алайҳи вассаламнинг мавлуд куни эди. Эрта тонгдан Шайхонтоҳур масжиди сари турли тарафдан одамлар оқиб кела бошлади. Соат ўн иккида бу ерда кўп минг кишилик йиғин бўлди. Унга ҳатто Янги шаҳардан ҳам "Туркистон ўлкасига — мухторият!" сўзлари ёзилган байроқлар кўтарган вакиллар келди. Соат тўққиз яримда эса Ўрда кўприги ёнида икки-уч минг кишилик бошқа оломон пайдо бўлди ва бу оломон ҳам Шайхонтоҳур масжидига бориб, митингчилар сафига қўшилди. Афтидан, бу оломон орасида иғвогарлар ҳам оз эмас эди. Улар саъй-ҳаракати билан митинг қатнашчиларининг бир қисми Янги шаҳарга йўл олиб, Москва кўчасида жойлашган қамоқхонадан Муваққат ҳукумат Туркистон қўмитасининг ҳарбий комиссари Дорерни озод қилди. Ана шундай иғвогарлик ҳаракати натижасида отишма бўлиб, Эски шаҳардан келган 16 киши ҳалок бўлди. Бу тасодифий воқеа бўлмай, Тошкентда ҳам мухториятни эълон қилишга уринган кучларга қарши берилган онгли зарба эди.
Аммо мухториятчилар ўзлари сари келаётган хавф-хатар олдида пусиб қолмай, Қўқонда 26 декабрь куни чақирилган Ишчи ва солдат мусулмон ноибларининг Фавқулодда I қурултойида халқдан шаҳодат олишга эришдилар. Қурултой Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилгач, Владимир Ленин номига телеграмма билан мурожаат этиб, ундан ўлкага ҳокимлик даъвосидан воз кечиш ва бу ҳокимиятни Туркистон Мухториятининг муваққат ҳукуматига топшириш ҳақида Туркистон Халқ Комиссарлари Кенгашига кўрсатма беришни сўради. Мухториятчиларнинг эътироф ҳақидаги талабларини Умумрусия мусулмонлари миллий шўроси қўллаб-қувватлади.
Вазият мухториятчилар фойдасига ўзгараётганини сезган большевиклар мухториятнинг, шунингдек, уни қўллаб-қувватлаган кишиларнинг шахсий ҳисобларидаги барча маблағни мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарди. 29 декабрда эса бутун ўлка бўйлаб қамал ҳолати эълон қилинди. Тошкент шўроси ва бошқа жойлардан Қўқон шўросига тинимсиз равишда ҳарбий мадад юборила бошлади. Мухториятчилар билан большевиклар ўртасидаги кураш тобора кескин ва муросасиз тус ола бошлади.
Мухториятчилар 11 февралдан 12 февралга ўтар кечаси оқ гвардиячилар ёрдамида Қўқон қўрғонига ҳужум уюштирди. Уларнинг бошқа бир қуролланган қисми телефон станциясини эгаллаб олди. Аммо Қўқон ҳарбий инқилобий қўмитаси телеграф ва телефон алоқаси узилгунга қадар содир бўлаётган воқеа тўғрисида Тошкентга хабар бериш ва ҳарбий ёрдам сўрашга улгурган эди. 13 февраль кечаси соат учда Фарғонадан тўртта замбарак ва тўртта пулемёт билан қуролланган 120 (айрим маъпумотларга қараганда 146) кишилик ҳарбий қисм етиб келди. Шу туннинг ўзидаёқ инқилобий қўмита Мухторият ҳукуматига талабнома йўллаб, кундузги соат учга қадар қурол-яроғни топшириш, ваколатларидан воз кечиб, шўро ҳукуматини тан олиш шартини қўйди. Мухторият аъзолари большевиклар талабини жавобсиз қолдирдилар. Шундан кейин инқилобий қўмита Мухторият ҳукумати аъзоларини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.
"1917 йил. Хотира парчалари" китобида муаллиф ўша воқеани бундай эслайди: "Қўқон шаҳри ўққа тутила бошланди. Ҳар томонда ўқ отишлари, қўл бомбаси эшитиларди, узоқдан тўп гурилтуси келарди. Большевиклар бизга ўз вакилларини юборди ва менинг Қўқон ҳарбий инқилобий қўмитасига топширилишимни талаб этди... Қўқон ҳар тарафдан ўраб олинган эди. Самарқанд, Тошкент ва Фарғонадан большевик аскарлари келди... Шунингдек, ҳар томондан бизнинг одамлар ҳам келди. Бироқ уларнинг кўпчилиги узун таёқ, болта, буюк пичоқ каби нарсалар билан қуролланган эди..."
18 февралда "Уламо" жамияти ташаббуси билан Мухториятда тўнтариш юз берди. Мустафо Чўқай ўғли бошчилигидаги ҳукумат маҳкамаси ағдарилиб, Эргаш қўрбоши Қўқон хони деб эълон қилинди.
18 февралдан 19 февралга ўтар ке-часи Тошкентдан ўлка ҳарбий комиссари Е.Л.Перфильев бошчилигидаги замбараклар билан қуролланган қўшин етиб келди. Парфильев шаҳарни уч тарафдан ўраб олиб, 19 февраль куни эрталаб соат ўндан ўн беш дақиқа ўтганда Эргашга талабнома йўллади. Эргаш унинг талабларини бажаришдан бош тортгач, Перфильев Қўқонни 12 замба-ракдан ўққа тутди. Кундуз соат бирда бошланган ўқ ёмғири шомгача шаҳарни вайрон этиб ташлади. Аммо шунга қа-рамай, мухториятчилар таслим бўлмай, ҳар бир бинони, ҳар бир дўконни, ҳар бир карвонсаройни мардларча ҳимоя қиладилар.
Азиз Ниалло — Станишевский "Қирғизистон ва Ўрта Осиёда инқилоб ҳамда фуқаролар уруши тарихи очерклари" китобида бундай маълумотни қайд этган: "Қўқон Мухторияти"ни тугатишда қўшин-ларга қўмондонлик қилган "сўл" эсер Профильев мухториятчиларга қарши курашга дашноқ дружиначиларни жалб этди, улар эса Эски шаҳарга бостириб кириб, ўғрилик ва мусулмон аҳлига зўравонлик қилиш билан шуғулланди. Биринчи навбатда, маълумки, шаҳарлик бева-бечораларга, шунингдек, Қўқондаги беҳисоб ҳунарманд ва майда савдогарларга шикаст етказилди. Эски шаҳардан қишлоқлар сари талпинган қочоқлар оломони Фарғона вилоятининг қўшни уездларидаги ғулғулани кучайтириб юборди".
Қўқон уч кун машъала бўлиб ёнди. Уйлар, газлама омборлари, нон дўконлари куйиб кул бўлди. Инглиз разведкаси маълумотига кўра, шу фожиали воқеалар оқибатида уч минг киши ҳалок бўлган. Лекин маҳаллий манбалар бу ҳакда бошқача маълумот беради. Мухторият тор-мор этилгандан кейин дашноқлар гуруҳи шўро дружинаси байроғи остида шаҳарни тўққиз кун давомида талаган ва ўн минг қўқонликнинг ёстиғини қуритган. Қўқон касалхонасида даволанаётган бемор ва ярадорлар бинога қўшиб ёқиб юборилган. Қўқон пахта тозалаш заводи ишчиларидан 50 нафари оиласи билан пичоқлаб ўлдирилган. Дашноқлар қўқонликларнинг қўл-оёқларини чопган, аёлларнинг кўкракларини кесган, болаларни эса беда қирқадиган жодидан ўтказган. Бундай ваҳшийликлар инсоният тарихида шу пайтгача бўлмаган эди.
Турор Рисқулов "Дашноқлар Фарғонада нималар қилди?" деган мақоласида бундай сўзларни ёзган: "Қўқонда отишма тўққиз кунча давом этди ва ҳар хил босқинчиликлар содир бўлди. Бойликка ўч бўлган дашноқлар дарҳол ўлжа излашга тушди. Шу мақсадда бутун шаҳар бошдан-оёқ тинтиб чиқилди. Бизнинг замонда мўъжиза юз бериши қийин, бироқ инқилоб бу ҳақиқатни ҳар қадамда инкор қилмокда. Хусусан, дашноқлар Қўқонга кирганидан кейин баққоллар, сартарошлар, вино сотувчилардан иборат бўлган армани аҳоли шу заҳотиёқ жанговар инқилобчига айланди ва отрядга қўшилиб, шаҳарни вайрон қилишда қатнашди. Дўконлар, расталар, умуман, нимаики вайрон қилиш мумкин бўлса, ҳаммаси вайрон қилинди... Оммавий қирғин бошланди. Бу воқеадан сўнг халқ большевиклар, мухториятчилар айтганларидек, босқинчи, худосиз, мусулмонларнинг душмани эканига шубҳа қилмай қўйди".
Туркистондаги большевик раҳбарлардан бири Дмитрий Манжара хотираларида Қўқон воқеаларига тўхталиб: "Биз мухториятчилар ўрнашиб олган Эски шаҳарни ўраб олиб, уларни таслим бўлишга мажбур қилиш ўрнига Эски шаҳарга қарата замбаракдан ўт очдик, кейин қуролланган дашноқлар ва бошқа отрядларни юбордик", деб большевиклар йўл қўйган хатони эътироф этган. Аммо бу хатогина эмас, балки мухториятчилар ва уларга хайрихоҳ бўлган шаҳар аҳолисига нисбатан ҳам "большевикларча ғазаб ва нафрат"нинг (Ленин ибораси) амалий ифодаси эди.
Шўро даври тарихининг бу даҳшатли саҳифасини ўз кўзи билан кўрган кишилардан бири мана бу сўзларни ёзган: "Кенг юртимиз қурбон бўлган ўз болаларининг қони билан сувланиб, уларнинг тани билан қопланди. Мингларча Туркистон йигитлари янги ниқоб кийиб чиққан эски мустамлакачиларга қарши курашда ўлдилар. Шу тариқа севинч, умидлар билан қарши олинган инқилоб умумий миллий фожиамиз шаклини олди".
Убайдулла Хўжаев орадан бир қанча вақт ўтиб — Туркистон Мухторияти кишилар хотирасидан ўча бошлаган пайтда, бундай ёзган экан: "Туркистон Мухторияти "қалби"ни биз уч киши — мен, Мустафо Чўқай ва Ислом Шоҳиаҳмад ўғли билар эдик. Агар бизнинг режамиздаги ишлар амалга ошса эди, Туркистон тез орада улуғ бир давлат сифатида қайта тирилган бўларди".


Сўнгсўз ўрнида

Перфильев бошчилигида юритилган ҳарбий тадбирнинг ваҳшиёна натижалари Тошкент шўросининг 1918 йил 23 февралида бўлган йиғилишида муҳокама этилди. Байналмилалчи меньшевик Х.Л.Вайнштейн бу хунрезликни текшириш ва оддий аскардан то отряд командиригача — айбдорларнинг барчасини жазолаш учун зудлик билан махсус комиссия тузишни талаб қилди. Аммо ўзини Туркистоннинг Ленини деб атаган ўлкадаги большевик раҳбарлардан бири И.О.Тоболин бу талабни эътиборсиз қолдирди.
Лекин Туркистонда мухторият масаласи кун тартибидан тушмади.
1918 йил апрелида Туркистон ўлкаси шўроларининг V қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой қатнашчиларининг инқилобий ҳисоботига жавобан Ленин ва Сталин Тошкентга телеграмма йўллаб, унда "Халқ Комиссарлари Кенгаши ўлкангиз мухторияти шўролар асосида бўлишини қўллаб-қувватлайди", деган гапларни рақам этди.
30 апрель куни эса Туркистон ўлкаси шўроларининг курултойи "меҳнаткашлар оммасининг хоҳиш ва иродаси"ни эътиборга олиб, РСФСР таркибида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикасини тузиш тўғрисида баёнотнома қабул қилди. Шу тарзда шўролар андозаси асосида тузилган ўлка етмиш йилдан зиёд вакт давомида СССРнинг хомашё базаси — соғин сигири бўлиб келди.
Туркистон Мухториятини эълон қилиб, мустақил ўзбек давлатига XX аср бошларида тамал тошини қўйган аждодларимизнинг эзгу орзу-умидлари, ниҳоят, бизнинг давримизга келиб амалга ошди.

Наим Каримов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин